Шогирд орттириш мавзусидаги 80 кунлик қўлланма
(80 кунлик тўлиқ қўлланм)
Ушбу қўлланма сизга руҳий озуқа бериб, шогирд орттириш қобилиятингизни янада оширади.
Ушбу қўлланма муаллифлари — шогирд орттиришда катта тажрибага эга бўлган Голландиялик, Румыниялик, Россиялик, Буюк Британиялик, Америкалик ва Ўзбекистонлик биродарларимиз.
Шогирд орттириш борасида кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз интернетнинг қуйидаги саҳифасига мурожаат этинг:
Сўнг, керакли тилни танлаш учун, юқори ўнг бурчакдаги керакли байроқчани босинг.
Худо сизга барака берсин!
1–КУН – Бизни чиндан ҳам руҳлантирадиган омил
Муқаддас Китобдаги “Гуноҳкор аёл Исонинг оёқларига атир мой суртади” деган ҳикоя менинг энг яхши кўрган ҳикоямдир (Луқо 7:36–50).
Ўша аёл гуноҳкор бўлгани барчамизга аёндир. Бир куни у Исони учратиб қолади. Исонинг ҳузурида аёл ич–ичидан афсус ва надомат чекиб, қилган гуноҳларига иқрор бўлади. Исо унга раҳм қилиб, гуноҳларини кечиради.
Энди эса аёл Исонинг оёқларига қимматбаҳо атир мой суртиш учун келади. У йиғлай бошлайди, унинг кўз ёшлари Исонинг оёқларига дув–дув оқади, аёл сочлари билан Исонинг чанг оёқларини артади. Нима учун аёл бу ишни қилди? Негаки у ўз гуноҳларидан ич–ичидан афсус–надомат чеккан ва шу билан бирга Исонинг берган кечирими учун чуқур миннатдорчилигини ва севгисини изҳор этмоқчи бўлган. Биз ҳам ўз гуноҳкорлигимизни тан олганимизда ҳамда Худонинг бизга берган кечирими ва чуқур севгисини англаганимизда худди шундай йўл тутамиз. Чин шогирдликнинг асоси ҳам шундан ибодатдир.
Тўғри, шогирд орттиришда биз кўплаб бошқа нарсаларни қилишимиз керак, чунончи, шогирдимизни руҳан ўстиришимиз, унга Хушхабар айтишни ўргатишимиз, билимларимизни етказишимиз керак. Бироқ шогирдликда бизни руҳлантирадиган ва рағбатлантирадиган энг асосий омил бу — Исонинг ҳар биримиз учун чеккан азоблари ва Унинг ўлими туфайли қалбимизда ўз ифодасини топган илоҳий муҳаббатдир. Павлус Коринфликларга ёзган иккинчи мактубида бу муҳаббатни шундай таърифлайди: “Ахир, Масиҳнинг бизга бўлган муҳаббати бизни рағбатлантиради…токи яшаётганлар энди ўзлари учун эмас, балки улар учун ўлган ва тирилган Масиҳ учун яшасинлар.” (2Коринфликлар 5:14–15).
2–кун – Катта эшиклар кичкина ошиқ–мошиқлар туфайли очилиб–ёпилади
Бу кишининг вазифаси аниқ ва жуда оддий эди: у соҳилга бориб, денгизчилар орасидан шогирд орттириши керак эди.
У борди, кўп ҳаракат қилди, аммо иши юришмади…….у ичида: “Ҳеч нарсага эриша олмадим”, деб ўйларди. Бир неча ой давомида қилган тинимсиз ибодатлари ва зўр бериб қилган меҳнатларидан кейин у устозига қўнғироқ қилиб, шундай деди: “Фақатгина бир денгизчи Исо Масиҳни қабул қилди. Бор–йўғи битта. Айтганча, тўққизта ўсмир йигит ҳам Хушхабарга қизиқиб қолди. Лекин мен бу ерга ўсмирлар билан ишлаш учун келмаганман. Шундай экан, бунинг ҳеч аҳамияти йўқ.”
“Борган жойингда қол, қизиқиш билдирган одамлар билан ишла”, – деб жавоб берди устози.
Ҳикояни қисқа қилиб айтаман: қизиқиш билдирган ўша денгизчи кейинчалик ким бўлганини биласизми? У таниқли бир Хушхабарчини ўстириб, унга устозлик қилди. Тўққизта ўсмирчи? Улар Хушхабар элчилари бўлиб етишдилар ва ҳозирги кунда дунёимизнинг тўртта қитъасида хизмат қилиб келмоқдалар. Ҳикоямизнинг қаҳрамони бор–йўғи саноқли одам билан ишлади, бироқ Худо нима қилаётганини яхши биларди, шундай эмасми?! Албатта!
Закариё 4:10–оятда шундай деб ёзилган: “Қурилишнинг бошланиши арзимасдай кўринса ҳам, кўнглингиз чўкмасин!” Ҳаммамиз шундай вазиятга тушганмиз. Биз кўпинча равшан бўлган ҳақиқатни унутиб қўямиз: Бутун дунёда донг таратган, минглаб одамларга ваъз қилган энг улуғ Устоз асосий эътиборини фақат ўн икки шогирдига қаратган. Бор–йўғи ўн иккита! Бироқ унинг бу стратегияси жуда яхши иш берди!
Зеро, катта эшиклар кичкинагина ошиқ–мошиқлар ёрдамида очилиб–ёпилади. Шундай экан, биз ҳам бир–иккита одам билан ишлашимиз катта натижа олиб келиши мумкин, зотан Худо биз кутмаган ажойиб ишлар қилишга қодир. У доим ажойиб тарзда иш юритади.
3–кун – Инсоннинг қалби
Ҳар бир одам билан алоҳида ишлаш учун нима талаб этилади? Кўпчилик одамлар қўйиладиган муайян қадамларни, маълум бир формулаларни кашф этишга ҳаракат қиладилар, аммо мен эътиборингизни масаланинг мағзига қаратмоқчиман. Бу шунчаки баъзи ташкилотлар рўкач қилган яхши ғоя билан чекланиб қолмайди.
Бизга зарур бўлган бирламчи нарса бу – инсонларга нисбатан севгига эга бўлиш. Дарҳақиқат, биз ҳар бир инсонни қадрлашимиз керак.
Наҳотки, Худо фақат аслзодаларни севса? Фақат таниқлилардан мамнун бўлса? Фақат иқтидорлиларни хуш кўрса? Асло! Нега Исо қудуқ олдида Ўзининг бебаҳо вақтини ахлоқи бузуқ аёлга сарф қилди? Нима сабабдан Исо ватанпарвар (ҳозирги кунда давлат сиёсатига қарши чиққан террорист) деб аталган Шимўн Зилотдан ор қилмади, одамлар олдида у билан дўстлашди? Нима учун Исо Алфей ўғли Шимўнни Ўзига шогирд қилиб олди? Алфей ўғли Шимўн ниҳоятда тортинчоқ одам бўлиб, бирон сўз айтмаган, Исога биронта савол бермаган, наҳотки у 12 шогирддан биттаси бўлишган арзиган бўлса? (Агар Исонинг ўрнида сиз бўлганингизда эди, ишончим комилки, сиз икки дунёда ҳам Шимўнни ўзингизга шогирд қилиб олмаган бўлардингиз). Нақадар ғайриоддий танлов! Бироқ Исо шу орқали бутун дунёни севишини амалда кўрсатар эди.
Ҳар бир одам Худонинг назарида юксак қадриятга эгадир, бундан ташқари, ҳар бир одам илоҳий бараканинг воситачиси бўлиши мумкин.
Мен кўпинча инсоний дунёқарашим билан Худони чеклаб қўяман: “Худо бу одамни ишлата олади, унисини эса ишлата олмайди”, деган нотўғри фикрга бораман. Бироқ, Худога шукурки, мен ўз қарашларимни ўзгартириб бормоқдаман, Масиҳнинг илоҳий қудрати ҳар қандай одамни ўзгартира олишига ва ҳар ким Худо баракасининг воситачиси бўла олишига ишонаман.
Бугун ухлашдан олдин ибодат қилганингизда Худодан: “Барча одамларни севишни менга ўргат”, деб сўранг.
4–КУН – Эътиқодингиз асосини бошқаларга ўргатинг
Мен шогирд ўстиришни бошлаганимда қандай йўл тутишим кераклигини билмас эдим. Менда аниқ режа йўқ эди, шу сабаб мақсадим ҳам ноаниқ эди. Шогирдим билан учрашадиган вақтим яқинлашгани сари, мени саросима босарди. Ичимда, қанийди, у учрашувга келмаса, деб ўйлардим. Кейинчалик билсам, бошқа танишларим ҳам худди шундай вазиятга тушган экан. Шу сабабдан биз режа тузишга қарор қилдик.
Биз ҳар бир ёш масиҳий билиши керак бўлган мавзуларнинг рўйхатини туздик. Сўнг соддагина бир схемани чиздик: режамизнинг марказига биз Исони қўйдик, атрофига эса Муқаддас Китобни ўқиш, ибодат қилиш, жамоат йиғилишларига қатнашиш, Хушхабар айтиш каби амалларни ёзиб чиқдик. Мен бир неча соат давомида бу мавузларнинг ҳар бирини Муқаддас Китобдан излаб топдим, уларни ўрганиб чиқдим. Ўзимга ўзим шундай саволлар берардим: Нима сабабдан бу мавзу муҳим? Мавзунинг асл моҳияти нимадан иборат? Мен уни шахсан ўзим ҳаётимга қандай тадбиқ этмоқдаман? Бу мавзуни бошқаларга қандай етказишим керак?
Шунда билдимки, мен шогирдимга етказмоқчи бўлган ушбу мавзулар аслида эътиқодимнинг асосини ташкил қилувчи мавзулар экан. Булар кимнингдир ғоялари ёки шунчаки ўзимнинг фикрим эмасди. Буларнинг ҳаммаси Муқаддас Каломга асосланганди.
Агар сиз устозлик қилмоқчи бўлсангиз, мен сизга ҳам худди шундай йўл тутишни маслаҳат қилган бўлардим. Бир неча соат вақтингизни Муқаддас Каломни ўрганишга бағишланг, руҳий ўсиш учун нималар зарур эканини топинг, сўнг Каломга ва ўз тажрибангизга асосланган ҳолда хулоса чиқаринг. Бу вазифани бажарганингизда ва эътиқодингизнинг асосий омилларини аниқлаб олганингиздан кейин, шогирдларингизга нималарни ўргатишингиз кераклигини билиб оласиз.
5-КУН – Хизматга тайёр бўлмоқ
Менга шундай бир ибора жуда ёқади: “Худони қобилиятинг эмас, хизматга тайёрлигинг кўпроқ қизиқтиради”. Бир куни жамоат йиғилишидан кейин, уйга кетаётганимда чўпон мени чақириб қолди, у мени бир йигит билан таништириб, шундай деди: “Танишинглар, бу Анвар, у ҳозиргина Исо Масиҳни қабул қилди. Унга имонда ўсишига ёрдам беришингни истардим.” Мен мамнуният билан жилмайиб турардим. Ичимда эса юрагим қинидан чиқиб кетгудай бўларди. “Менми? Мен умримда ҳеч кимга устозлик қилган эмасман. Нимадан бошлашимни ҳам билмайман. Хатога йўл қўйсамчи? Бу йигитнинг ҳаётини барбод қилсамчи?” – деган саволлар мени қийнарди.
Мен Анвар билан учрашадиган кунимизни белгиладик, ичимда эса, қанийди у келмаса, деб умид қилардим. Аммо у келди. Биз Юҳанно 1–бобни ўқидик. Мен унга уйда бажариладиган вазифани бердим, қалбимда эса, қанийди унинг қизиқиши сўнса, деб ният қилардим. Унинг қизиқиши сўнмади. Аксинча, у уй вазифасини аъло даражада бажариб келди. Биз ҳар ҳафта учрашардик. Ҳар сафар у яхшилаб тайёрланиб келарди. Аста–секин Худо мени ишлатаётганига амин бўлдим, мен орқали Худо ўша йигитни руҳан ўстирарди. Мен учун оғир юк бўлган бу учрашувлар менга хурсандчилик келтирадиган бўлди.
Анвар семинарияга ўқишга кирди. Мана, бир неча йилдирки, у чўпон бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Нўноқлик билан бошланган ўша биринчи тажрибам менга ҳаётим мақсадини намоён қилди: “Энди бу таълимотни бошқаларга ҳам ўргатишга қобилияти бор, ишончли одамларга топширгин.” 2Тимўтий 2:2.
Дарвоқе, хизмат қилишга тайёрлигим табиий қобилиятимдан устун келди. Сиз–чи? Худо сизни ҳам ишлатишига ижозат берасизми ёки йўқми?
6–КУН – >Шогирддан устозга
Мен институтга киришимдан бир йил олдин Исони қабул қилдим. Оилам масиҳий эмасди, шу боис мен Худонинг Каломига ниҳоятда чанқоқ эдим. Мен институтга кирганимда имонда жуда ёш эдим, бироқ ўсишга иштиёқим баланд эди. Ўша пайтда Худо мени имонда етук бир инсон билан таништирди, у мен билан вақт ўтказарди. Дардимни эшитарди, Муқаддас Каломни ўқишни ўргатарди, унинг ҳаёти мен учун намуна эди. У соатлаб мен учун ибодат қиларди. Бебаҳо вақтини менга ажратарди, бошқаларга Хушхабар айтишни ўргатарди, Исо Масиҳ одамларни қай даражада севишни кўра олишим учун менга сабоқ берарди. Натижада юрагим ўзгара бошлади, мен ҳам одамларни Исодай севишни хоҳлардим.
Бир инсоннинг хайрхоҳлиги менинг ҳаётимни буткул ўзгартирди. Устозимнинг ёрдами билан Худо мени тўғри йўлга солди. Эзилган қалбимга У шифо берди. Ҳаётим учун тўғри асос яратди, шу боис мен институтдан кейин ҳам Унинг йўлидан озмадим.
Ўшандан буён мен бу аёл устозимнинг намунасига тақлид қилган ҳолда, бошқаларга устозлик қилиб келмоқдаман. Зеро, яхши томонга ўзгарган бир одамнинг ҳаёти бошқаларнинг ҳам ўзгаришига туртки бўлади. Айрим пайтларда бу бизга аҳамиятсиздай туюлади, аслида эса Исо айнан шу иш билан шуғулланган. 1Салониклаликларга 2:8да ёзилгандай, биз шогирдларимизга таълимот бериш билан чекланиб қолмайлик, балки Павлус сингари уларга юрагимиз тўридан жой берайлик: “Сизларга жуда қаттиқ кўнгил боғлаган эдик. Шунинг учун сизларга Худонинг Хушхабарини айтибгина қолмадик, балки юрагимиздан ҳам жой бердик. Чунки сизлар бизга жуда азиз бўлиб қолгандингиз.”
7–КУН – Бошданоқ тугал мақсадни кўзлаб иш бошланглар
Мен Валижонга устозлик қилишни бошлаганимда унга нималар ўргатмоқчи эканимни аниқ билардим. Лекин шогирдлик жараёни қачон ўз ниҳоясига етишини аниқ билмасдим.
Мен Валижон билан доимий тарзда уч йил мобайнида учрашдим. Охирги йили мен вақтни бой бериб қўйганимга амин бўлдим. Валижон имонда анча мустаҳкам бўлган эди, мен эса энди қандай йўл тутишим кераклигини билмасдим. Шу сабаб, мен нўноқ бир тарзда, энди биз устоз ва шогирд эмас, балки дўст эканимизни Валижонга айтдим ва у ўзига шогирд топиши кераклигини эслатдим. Валижон рози бўлди, лекин бу ишни вақтлироқ қилиш керак эди.
Агар биз шогирд ўстиришнинг бошиданоқ шогирдлик муносабатини қай тарзда тугатиш кераклиги ҳақида ўйламасак, шогирдимизга ёрдам беришнинг ўрнига муносабатимизга путур етказамиз. Зеро, бундай муносабат оқибатида инсон Худонинг чақириғини бажара олмайди. Шогирдимиз бир умр шогирд бўлиб қолмаслиги керак, чунки унинг бундай ҳолати шижоат ўрнига фаолсизликка сабаб бўлади.
Сиз бирор кишини шогирд қилиб олишга қарор қилганингизда, шогирдингиз билан биргаликда бу жараёнда нималар ўранишингизни ва унга қанча вақт бағишлашингизни олдиндан келишиб олинг. Бошиданоқ жараённинг тугашини инобатга олган ҳолда режа тузинг. Биз шогирдимизни келажак учун тайёрлар эканмиз, шогирдлик жараёнининг тугаши — бобнинг охиридай эмас, аксинча навбатдаги бобнинг бошланишидай бўлади.
8–КУН – Худо билан муносабат
Ўтказилган тадқиқотларга кўра, ўртаҳол масиҳий бир кунда тахминан уч ярим дақиқа ибодат қилар экан. Нима сабабдан биз ибодат шарафидан фойдаланмаймиз? Ўзимизни мажбур қила олмаганимиз учунми? Ёки ибодат қилишни ёқтирмаганимиз учунми?
Агар биз Худога мафтун бўлмасак, ибодат қилиш биз учун қийин бир вазифага айланади. Қачонлардир Худо ҳузуридаги ибодат мен учун чидаб бўлмас машаққатдай туюларди. Ўша вақтларда мен Қодир Худо билан суҳбат қурмасдим, йўқ, худди Худони бир нарсага мажбурлагандай бўлардим, менга ёрдам беришига Уни ишонтиришга тиришардим. Бундай ўлик, машаққатли ибодат мен учун аччиқ доридай бўларди: таъми ёмон, аммо ҳаётим учун фойдали.
Бироқ Худо менга эътиборимдан четда қолган ҳақиқатни эслатди: У мен билан муносабат қурмоқчи эди. Худо билан муносабат дегани ичимиздаги ўй–хаёлларимиз ва ҳис–туйғуларимизни У билан ўртоқлашиш деганидир. Ибодат пайтида Худо бизга айтган гапига биз жавоб қайтаришимиз керак бўлади. Мисол учун, Худо Ўз Каломи орқали бизга солиҳлик ҳақида гапириши мумкин, хаёлимизда эса биз, кейинги ой уйнинг аренда пулини қандай тўлайман, деб хавотир олишимиз мумкин. Шу сабаб, Китобни ёпганимиздан кейин биз Худо билан солиҳлик борасида суҳбат қурмай, аренда пулини менга етказиб бер, деб ибодат қиламиз.
Муҳтожликларимиз учун ибодат қилиш ёмон эмас, аммо Худо биринчи навбатда Унга эътиборли бўлишимизни хоҳлайди, биздан тўғри муносабат ва жавобни кутади. Бир тасаввур қилиб кўринг: бир одам бошқасига “Сени севаман”, деб айтса–ю бошқаси унга “Қанийди, ишхонамда лавозимимни кўтаришса”, деб жавоб берса. Бу каби суҳбат одамларни бир–бирига яқинлаштирмайди. Худо билан чин муносабат қуриш бу бурч эмас, бу қалб ҳолатидир.
9–КУН – Умр бўйи ўқиш даркор
Бир аёл менга йилига уч марта хат ёзарди. Хатларида нималар ёзишини мен олдиндан билардим. Ҳар бир хатида у Муқаддас Китобдан нималарни ўрганганини ўртоқлашарди, қайси гуноҳ билан кураш олиб бораётганини тилга оларди ва кимларга Хушхабар айтганини ёзарди. Ҳар йили мен бу мухлисамдан учта хат олардим. У ўзининг охирги хатини 103 ёшида ёзди.
Бу аёл 104 ёшини нишонлаган куни бир нечта дўсти уни табриклагани борди. У ҳар бир дўстига бир хил савол берди. Унинг саволи: “Яқинда қайси оятни ёд олдинг?” эмас, балки “Муқаддас Китобнинг қайси бобини ёд олдинг?” эди. Ўша зиёфатда муҳтараманинг барча дўстлари ғоят руҳланиб, ҳаммада унга тақлид қилиш иштиёқи пайдо бўлди.
“Руҳан пенсияга чиқиш”ни бу аёл хаёлига ҳам келтирмаган эди. Кариб–чуриб юриш ҳам унинг режасига кирмасди. У янги нарсаларни ўрганишни канда қилмасди. Агар Худода сенга ўргатадиган нарсаси бўлмаса, демак бу дунёни тарк этиш вақтинг келди.
Сулаймон пайғамбар Ҳикматлар китобида бизга доноликни қидиришда шундай насиҳат беради: “Уни кумуш излагандай изла, яширин хазина қидиргандай қидир”. Бу дегани биз бутун умримиз давомида Муқаддас Китобдан доноликни қидиришимиз керак ва бу ишимизни тўхтатишимиз керак эмас.
Бу муҳтарама аёл жамоати учун аъло бир намуна эди, у бутун умри давомида Нажоткорига хизмат қилиб, Унинг донолигидан баҳра оларди. Сизчи? Бошқалар учун намаунамисиз? Қани, Муқаддас Китобни ўрганишга киришинг! Бу йил давомида сиз Муқаддас Китобнинг қайси бобини ёд оласиз? Кимга Хушхабар етказасиз?
10–КУН – Новда чиқармоқ
Худо бизни муқаддас бўлишга чақирган, бу дегани Масиҳнинг издошлари атрофдагилардан ажралиб тўришлари керак. Бундай ғайриоддий табиат фақатгина имонлиларга, муқаддас наслга насиб этади, умиддан маҳрум бўлган бу дунё одамлари эса Масиҳдаги ғайриоддий ўзгаришдан йироқдирлар. Шу боис биз шижоат билан ўзимизга имонсиз дўстлар орттиришга ҳаракат қилишимиз даркор.
Эсингизда тутинг, Масиҳни ҳозирча танимаган одамлар орасига борганимизда қуйидаги иккита қоидага амал қилишимиз лозим:
- Имонсизлар орасида яшамоқ.
- Муқаддаслигимиз билан улардан ажралиб турмоқ.
Исо Масиҳ самовий Отамизга Ўз шогирдлари учун илтижо қилганида шундай деганди: “Энди уларни дунёдан олишингни эмас, балки ёвуз шайтондан сақлашингни сўраяпман. Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар. Сенинг Каломинг ҳақиқатдир. Ҳақиқат орқали уларни Ўзинг учун ажратиб олгин. Сен мени дунёга юборганингдай, Мен ҳам уларни дунёга юбордим.” (Юҳанно 17:15–18).
Биз Масиҳни танимаган одамлар билан дўст бўлишимиз керак, шундагина Хушхабар табиий тарзда дунёга ёйилади. Атрофингиздаги одамларга разм солинг, танишларингиз орасида Масиҳни билмаган одамлар борми? Уларнинг исмларини ёзиб, рўйхат тузинг. Сиз улар билан дўстлаша оласизми?
11–КУН – Табиий ҳолда суҳбат қуринг
Шогирдларга Хушхабар етказишни ўргатиш шогирдликнинг асосий омилларидан биридир. Мен кўплаб йиллар давомида Хушхабар мавзуси бўйича дарс ўтардим ва бир нарсани кузатдим. Имонлилар Хушхабар айтишни ўрганганларидан кейин Масиҳ ҳақида табиий тарзда гапира олмайдилар. Гўёки ўқиш уларни шахсиятдан маҳрум қилгандай туюлади. Улар Масиҳ ҳақида гапиришни бошлаганларида ҳатто овозининг оҳанги ҳам ўзгаради. Улар суҳбатни ваъзга айлантириб юборишади. Бундай ҳолат юз берганида одамлар буни дарров пайқашади ва ёпилиб қолишади. Биз шогирдларимизга Хушхабар айтишни ўргатганимизда, Масиҳ ҳақида оддий бир дўсти ҳақида гапиргандай гапиришни ўргатишимиз керак. Оддий суҳбат сокин дарёдай оқиб чиқади, бу жараёнда эъзоз ва ҳурматнинг ўз ўрни бўлади, ҳазил–ҳузулга ҳам албатта жой топилади.
Суҳбатда доимо иккала томон иштирок этади. Суҳбатдош савол беради ва ўз фикрини билдиради. Хушхабар ваъзга, яъни монологга айланиб кетиши жуда осон, бироқ сиз ваъз айтишингиз эмас, балки шеригингиз билан суҳбат қуришингиз даркор. Бутруснинг бу борада берган маслаҳатига риоя қилинг: “Қўрқувга тобе бўлманглар, балки бутун қалбингиз билан Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳокимиятига бўйсунинглар. Масиҳга бўлган умидингиз ҳақида сиздан сўраган ҳар бир кишига жавоб беришга доимо тайёр туринглар. Лекин буни мулойимлик ва ҳурмат билан бажо қилинглар. Виждонингиз тоза бўлсин, токи Масиҳ йўлидаги ибратли ҳаётингизни ёмонлаганлар ўз гапларидан уялиб қолсинлар.” (1Бутрус 3:15–16).
12–КУН – Диққат–эътиборли бўлмоқ
Хизматингиз учун зарур бўлган барча нарса сизда пинҳондир. Бу қуролингизни ишга солсангиз, масиҳий биродарларингизнинг юрагига қийналмай йўл очасиз, имонсизларни бемалол гапингизга ишонтира оласиз. Ушбу қурол туфайли кўп муаммоларингиз ечилади. Бу яширин қудратдан фойдалана олишингиз учун бирон семинарияга боришингиз ҳам шарт эмас. Зеро, у доим сизга мунтазирдир. Одамлар орасида бўлганингизда ундан ҳар сафар фойдаланишингиз мумкин. Бу қудрат диққат–эътиборингиздир.
Турли масиҳийча дастурлардан биз асло камчилик сезмаймиз. Жамоатларда ҳар ҳафта руҳий ўсиш, руҳан шаклланиш, етакчилик қобилиятларини ривожлантириш, руҳий инъомларни кашф этиш, пулни тўғри ишлатиш, оилаларни мустаҳкамлашга бағишланган йиғилишлар ўтказилади. Интернетда ҳам бу борада кўплаб мақолаларни топиш мумкин. Буларнинг ҳаммаси жуда фойдали. Бироқ, шуларга қарамай, афсуски, Хушхабар биз истаган миқёсда бу дунё маданиятига таъсир кўрсатмаяпти.
Худонинг Шоҳлигига шу қадар кўп дастурлар керак эмас. Шоҳликни кенгайитириш учун миллионлаб имонлиларнинг диққат–эътибори зарур. Бир одамнинг ҳаёти бошқасига қай даражада таъсир кўрсатишини биз тушунмаганга ўхшаймиз. Ҳикматлар китобининг 27:17–оятида бу борада шундай ёзилган: “Темир темирни ўткирлайди, инсон эса дўстини.” Одамлар ҳам бир–бирига жуда яқин бўлишсагина, ишқаланган темир каби бир–бирини ўткирлайдилар.
Сиз хизматингизни нимадан бошлайсиз? Танишларингиздан ким сизга муҳтож? Шундай одамни топиб, у билан ишлашни бошланг.
13–КУН – Таваккал иш
Баъзан биз таваккал қилиб, ҳосилни ўриб олиш имконсиз бўлган жойга уруғ сепамиз. Муносабатда таваккалчилик жуда кўп бўлади. Бой одамга Хушхабар айтиш осон эмас, чунки бундай одам масиҳийлик ва тақводорликни кераксиз буюмдай четга улоқтириб юборади. Бошқа дин фаолларига ҳам Хушхабар айтиш осон эмас, зеро улар бу хайирли ишингизни нотўғри тушуниб, сиздан хафа бўлишади. Иши юришмаган бечораларга Хушхабар айтиш ҳам таваккалчилик билан баробардир, чунки бу ҳаракатларингиз ҳам зое кетиши мумкин.
“Эътиборсиз” одамларга Хушхабар айтишга бизга нима халақит беради? Мағрурлигимиз. Ҳаммамиз масиҳийлик ривож топишини, чуқур илдиз отишини истаймиз. Бу жараён гўзал ўтишини истаймиз. “Имонга келмайдиган, эътиборга лойиқ бўлмаган одамларга бебаҳо вақтимизни сарфлаб нима қиламиз?” — деб ўйлаймиз.
Кўзингиз олдига Исони келтириб кўринг. Унинг мақсади энг бой, билимдон, маънавияти юксак одамларни шогирдликка жалб қилиш эмасди. У аксинча йўл тутган. У Маттони: “Менга эргаш”, деб чақирганида гўёки, араб террористни ўз гуруҳига қўшгандай бўлди (Матто 9 га қаранг). Шогирдлар норозилигини билдиришса ҳам, Исо Канъонлик аёл билан мулоқот қилди (Матто 15). Бундан ташқари Исо бой ва таниқли одамлар билан ҳам вақт ўтказарди. Вақти келиб, улар Исодан юз ўгиришини Исо билса ҳам уларнинг саволларига жавоб бериб, уларга умид бағишларди (Матто 19).
Исо ҳаммани – бўйининг баландлиги, терисининг ранги ёки лаёқатига қарамай Осмон Шоҳлигига чорларди. Биз–чи? Биз ҳам Исо каби таваккал қилишга тайёрмизми?
14–КУН – Павлусдан ўрнак олайлик
Бошқаларга устозлик қилар эканмиз шогирдларимизга нима мавзуда дарс беришимиз ва унинг мазмунини қай усулда етазишимизни билишимиз даркор. Мен одатда: “«Тоза жойга» асос соляпманми? Ёки бировнинг пойдевори устига қуряпманми?” деган саволни ўзимга бераман. Сўнг эса “Бу вазиятда ёш масиҳийга қайси мавзулардан дарс ўтишим муҳим?” деб сўрайман.
Римликлар 15:14–оят бу борада бизга ас қотади. Павлус Римликларга ёзган мактубининг дастлабки 14 та тўлиқ бобини чуқур илоҳиётшуносликка оид мавзуларни ёритишга бағишлади, сўнг эса шундай деб ёзди: “Эй биродарларим, мен аминманки, сизлар эзгуликка ва илм–маърифатга бойсизлар, бир–бирингизга панд–насиҳат қилишга қодирсизлар.”
Павлуснинг бу сўзлари киноя ёки кесатиқ гап эмас. Павлус Римдаги масиҳийлар билан шахсан таниш бўлмаган бўлса–да, уларнинг яхши руҳий ҳолатини тан олган. У Римликларга яна кўп нарсаларни ёзмоқчи ва юзма–юз уларга айтмоқчи бўлган, бироқ уларнинг анча етук эканини тан олиб, уларни мақтаган. Биз ҳам ёш шогирдларимизнинг Масиҳ йўлида эришган ютуқларини тан олиб, уларни мақтасак мақсадга мувофиқ бўлади, бундай қилишимиз уларнинг руҳиятини анча кўтаради.
Ушбу оят шогирдларимизга айнан қайси мавзуларни кўпроқ ўргатишимиз кераклигини ҳам кўрсатади: характер, илм–маърифат ва панд–насиҳат, яъни шахсий жавобгарлик. Демак, мавзуларимиз “қалб, онг ва амал” масалалари билан бевосита боғлиқ бўлиши керак. Биз авлодларимизга Масиҳни билиш ва Уни бошқаларга билдириш қадриятларини ўргатишимиз шарт!
15–КУН – Муҳим нарса
Жума кунларининг бирида эрталаб мен жамоатга етиб келдим. Қаттиқ шамол эсиб, қор учқунларди. Қўлимда конспектлар бор эди ва мен бир гуруҳ ёш оналарга “Худо қийинчиликлар орқали ҳам ишлайди” деган мавзуни ўтмоқчи эдим. Биз хонада қулай жойлашиб олганимиздан кейин мен: “Сингилжонларим, келганингиз учун катта раҳмат, — дедим. — Сизлар билан жуда фахрланаман, бундай совуқ кунда келгандан кўра, уйда қолиш осонроқ бўларди.” Эсимда, майда болаларни ичкарида ушлаб туриш жуда қийин эди, улар ташқарида қор ўйнашга интилишарди.
Биз мавзуни ўрганиб чиқдик, мен дарсни яхши ўтганимдан ўзимдан мамнун эдим. Дарс охирида бир ёш аёл мени четга тортди. “У менга Худонинг буюклиги ёки оғир дамларда қандай қилиб Худога таяниш кераклиги ҳақида савол бермоқчи бўлса керак”, деб ичимда ўйладим мен.
“Исмим Муҳаббат, — деб ўзини таништирди у, — сизга айтмоқчиманки, сизлардан фахрланаман, деб айтган сўзингиз менга қаттиқ таъсир қилди. Менинг онам ҳеч қачон менга бундай сўзни айтмаган.”
Бу аёлга яхши тайёрлаб келган дарсим эмас, Муқаддас Китоб борасида айтган шарҳларим ҳам эмас, балки оналик меҳри билан айтилган далда сўзим таъсир қилган эди. Дарҳақиқат, бу ёш онага Исо Масиҳнинг йўлида давом этиш учун далда сўзи зарур эди.
16–КУН – Худо “Салом”дан ҳам фойдаланади
Бир куни мен яқинда маҳалламизга кўчиб келган аёлни кўриб қолдим, у тўрт ёшли ўғли билан ташқарига чиқиб турган эди. Мен ҳам ўғлимни олиб, янги қўшним билан саломлашгани ташқарига чиқдик. Танишиб олганимиздан кейин қўшним шундай деди: “Хўжайиним ҳам, янги жойда яхши қўшнилар билан борди–келди қилсак яхши бўларди, деб айтгандилар”. Шу сабаб танишганимиздан у ўзида йўқ хурсанд эди. Бир–икки ҳафтадан кейин мен қўшним билан ўғлини биргаликда паркка боришга таклиф қилдим. Паркда қўшним менга ўз миннатдорчилигини билдириб, шундай деди: “Танишиш ташаббусини ўз қўлингизга олганингиз учун катта раҳмат, мен ўзим ҳам жуда танишгим келди, лекин тортинчоқлигим менга панд берди”.
Шунда мен тушундимки, ён–атрофимиздаги кўплаб одамлар дўстлашишни ва муносабат қуришни орзу қилишади, бироқ биринчи қадам ташлаш улар учун ниҳоятда мушкул. Янги қўшним билан мени ёш фарзандларимиз ва санъаткор эрларимиз бирлаштириб турарди. Бу оила маҳалламизга эндигина келганди, мен қўшнимга яқинлашганим боис у ҳам менга яқинлашди. У Худо билан қандай муносабатда эканини мен ҳозирча билмайман, бироқ энди биз дўстона ришталар қуриш имкониятига эгамиз. Мана шу танишув орқали Худо менга чуқур бир ҳақиқатни аён қилди: атрофимиздаги кўплаб одамлар яхши дўстларга муҳтож, бироқ янги одамлар билан танишиш учун уларга журъат етмайди. Бундай одамларга яқинлашиш учун ташаббускорлик ва меҳрни ўзимизга қурол қилиб олайлик.
17–КУН – Мақсадлар ёки одамлар?
Тан олишим керакки, мен кўпинча мақсадларимга эришиш йўлида одамлар ҳақида ўйламай қўяман. Буни тан олиш мен учун осон эмас, чунки мен асосан одамлар билан ишлайман. Бундан ташқари менда омдалардан қўрқув бор, мен доим ҳаммани мамнун этишга тиришаман. Мана шу қўрқув туфайли Худо олдимга қўйган мақсадни эътибордан четда қолдираман. Шундай экан мен кимдан намуна олишим керак? Бу вазиятда Исо мен учун яхши намуна бўла оладими? У Ўз ҳаётида мақсад сари интилармиди ёки одамлар сарими?
“Эшитиб ол, Мен бугун ҳам, эртага ҳам жинларни қувиб, хасталарга шифо бераман. Учинчи куни эса ишимни тугатаман.” (Луқо 13:32).
Исонинг мақсади бор эди: У Қуддусга бориб, инсонларнинг гуноҳларини ювиш учун хочда жон бериши керак эди. Ҳеч ким ва ҳеч нарса — шоҳ Ҳироднинг хоҳиши ҳам, дин пешволарининг дўқ–пўписалари ҳам Исони бу мақсадидан қайтара олмасди. У очиқдан–очиқ “ишимни тугатаман”, деб айтди.
Бироқ шулар билан бирга Исо ҳеч қачон одамзоднинг кундалик муҳтожликларига кўз юммади. У Қуддусга кетар экан, йўл–йўлакай хасталарга шифо берарди, жинларни қувиб чиқарарди, одамларга Осмон Шоҳлиги ҳақида сабоқ берарди. Исо одамларни чин қалбидан яхши кўрарди, мақсад сари интилар экан, уларга меҳрини улашарди. Исо биз учун аъло намунадир.
18–КУН – Энг катта фойда
Мен ҳафтасига бир марта эркаклар билан Муқаддас Китобни ўрганиш учун учрашиб турардим. Кузатишларимга кўра, гуруҳимиздаги барча эркаклар Худо билан мулоқотга жуда кам вақт ажратишарди.
Бу муаммони тан олганларга мен шундай ҳақиқатни аён қилдим: “Агар узоқ вақт давомида, доимий тарзда Худо билан вақт ўтказсангиз, катта фойда кўрасиз. Мен ёшлигимданоқ бир нарсани ўргандим, агар доимий тарзда пул йиғиб, уни банкка қўйсангиз пулингиздан келган фоиз ажойиб тарзда ошиб бораверади! Худо билан ҳар куни вақт ўтказиш ҳам худди шундай натижа олиб келади. Бундай муносабатдан келган фойда беқиёсдир!
Ҳозирги вақтда гуруҳимизда биз Наҳимиё китобини ўрганмоқдамиз. Наҳимиё даврида Қуддус деворлари бузилиб ётганди, дарвозалари ёниб кетганди. Наҳимиё халқни йиғиб, деворларни тикламоқчи эди. Қурилиш пайтида халқ кўп қийинчиликларга дуч келди. Деворларни чала ярим қилиб битирганларида иши тўхтаб қолди, душманларнинг таҳдидлари ва уюлиб ётган ахлатлар қурилиш ишларини давом эттиришга монелик қиларди. Кўплаб масиҳийларнинг руҳий ҳолати ҳам худди шундайдир. Шундай эмасми? Ҳаётимизда йиғилиб қолган ахлат ва супуриндилар қурилиш ишларини давом эттиришимизга монелик қилади.
Ярим йўлда тўхтаб қолманг! Доимий тарзда Худо билан мулоқот қилиб туринг. Худодан: “Йўлимдаги тўсиқларни олиб ташлашимга менга ёрдам бер”, деб сўранг.
19–Кун – Кечиримнинг баҳоси
Кечириш осон, деб ўйлаш нотўғри. Кечиримнинг баҳоси ниҳоятда баланд. Кечирим бериш учун Худо Ўз Ўғлини қурбон қилди. Кечирим бериш учун Исо Ўз жонини фидо қилди. Сизга ҳам кечирим арзонга тушмайди.
Менинг собиқ эрим саратон касаллигига чалингандан кейин, туҳмат сабабли ўз ишидан ҳайдалдилар. Ишидан ҳадалгани учун барча пенсия манфаатларидан маҳрум бўлдилар.
Ўша пайтда мен: “Борига шукур!” деб айтмадим. Мен ғазабда эдим! Хатни ёзган ўша ношуд одамдан қаттиқ нафратланардим, уни ҳатто ўлдиришга ҳам тайёр эдим, бундай ўй–хаёллар мени даҳшатга соларди.
Мен меҳмонхонага кириб, эшикни ёпдим, сўнг тиз чўкиб ибодат қила бошладим. Қалбимдаги нафратни чиқариб ташлагунимча тонгнинг балқиб чиққан қуёшини кўрдим. Кечирим бериш ҳис–туйғуларимни адойи–тамом қилди. Қалбим чил–чил синганди. Иродам поймол бўлди. Мен эримни оқлашга тиришардим, хат ёзган одамни эса жазолаш пайида эдим. Бу истак–хоҳишларимни мен Худога бўйсундиришим шарт эди.
Бироқ мен ибодат қилиб бўлганимдан кейин, озод инсон бўлиб оёққа турдим. Худонинг ёрдами туфайли мен ўша одамни кечирдим. Кечирим кимматга тушса ҳам, адоват ундан ҳам қимматроққа тушади.
20–КУН – Ҳужум остидамисиз?
Масиҳийлар қувғин қилинадиган мамлакатда шогирд орттириш хизматини Худо менга топширди. Бу ишни бажаришга менга нима ёрдам берди?
- Худонинг бизга бўлган севгиси. Ҳаммамиз биламизки баъзан Худо ҳаётимиздаги
қийинчиликларга йўл қўяди, бироқ буларнинг ҳаммаси яхшилик учун хизмат
қилади. Римликлар 8:28. - Худонинг садоқати. Ҳамма нарса Худонинг назорати остида эканини ва У бизни
ҳимоя қилаётганини биламиз. - Худога ишонч. Мен ҳар бир вазиятда Унга ишонишимни Худо хоҳлайди. Худо
Юсуфнинг ҳаётида қандай ишлагани менга жуда ёқади. Юсуф отасининг бағрида
ака–укалари билан бирга бўлганида Худо унга ғамхўрлик қиларди, у қамоққа
тушганида ҳам Худо унинг ғамини ерди. Юсуфнинг ҳаёти кескин ўзгарди, лекин
Худо ўзгармади, у доим Юсуфга мунтазир эди, унинг ҳаётини асрарди.
Ҳаётимизда нима юз бермасин Худо доимо биз билан бирга, У ҳеч қачон бизни
тарк этмайди. - Раббимиздаги хурсандчилик. Фарзандларимизнинг ҳаммаси Худонинг йўлидан
юраётгани бизга беҳад хурсандчилик бахш этади. Зеро, қийин пайтларда биз
улар билан бирга Муқаддас Китобни ўқиймиз, ибодат қилиб, рўза тутамиз. Кўп
масалаларда биз биринчи навбатда фарзандларимиз билан маслаҳатлашамиз. - Муқаддас Китоб қаҳрамонлари бизни руҳлантиради. Уларнинг бошига тушган
ҳаёт–мамот муаммолари уларни Худодан қайтара олмади. Уларнинг ҳаёти биз учун
аъло намунадир. - Тимўтийнинг Худоси бизни руҳан ўстириб, бошқаларга далда беришни ўргатди.
Бизнинг командамиз ҳақиқий бирликка эга, ҳаммамиз бир–биримиз билан
жипслашганмиз.
Юқорида ёзганларимнинг барчаси Филиппиликлар 4:13 нинг ҳақлигини исбот этади: “Менга куч–қувват берадиган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан.”
21–КУН – Порнография
Мен қайси давлатда бўлмайин ва қайси эркаклар гуруҳи билан учрашмайин порнография гуноҳини тилга олганимда, гуруҳдаги эркакларнинг хатти–ҳаракатидан бу муаммо ҳамма мамлакатларда борлигига амин бўламан. Бу сўзни эшитиши билан ўсмирлар ва ёши катта эркаклар бошиларини қуйи солиб оладилар. Тадқиқотлар натижаларига кўра бу муаммо жамоат ичида ҳам авж олган.
Мен хизматимни эндигина бошлаган пайтларимда бу муаммони ҳатто тилга олишга ҳам уялардим. Энди эса йўқ. Шайтон мендан уялсин. Биз ҳужумга ўтишимиз керак? Қандай қилиб ҳужум қила оламиз?
- Эркаклар гуруҳини олиб борганингизда бу мавзу ҳақида сўз очинг. Ишончим комилки, жамоатингиздаги баъзи эркаклар бу мавзу кўтарилганидан анча руҳланадилар, чунки бу муаммо билан бошқалар ҳам курашаётганини биладилар.
- Бундай муаммоси бор эркак ўзи ишонган одамга бу борада ҳисобот бериши керак бўлади. Мен бирорта гуноҳ устидан ғалаба қозона олишим учун, ўша гуноҳни биродарим олдида тан оламан, у мен учун ибодат қилганидан кейин гуноҳим устидан ғалаба қозонаман. Ёқуб 5:16 ни доим амалда қўллайман. Бу оят мен учун шунчаки назария эмас.
- Гуруҳингиздаги эркаклар ушбу мавзуга оид қуйидаги оятларни ёд олишсин: Аюб 31:1, Ибтидо 39:12, 2Тимўтий 2:22, 1Бутрус 1:16 ва ҳоказо.
- Ўзингиз порнография гуноҳини қандай енгганингизни гуруҳдагиларга айтиб беринг. Бу гувоҳлигингиз сизни гуруҳингиздаги эркаклар билан яқинлаштиради. Келажакда ҳам улар сиз билан юзма–юз учрашиб, ўз муаммолари билан ўртоқлашади.
22–КУН – Худога яқинлашинг
Бир куни етук бир масиҳий менга шундай савол берди: “Сизнинг ҳаётингиз нимани акс этади?” Ўша савол туфайли Худо менга ҳаётим мазмуни ҳақида мулоҳаза қилишимга ёрдам берди. Худонинг Ёқуб мактубида ёзилган сўзлари шиддат билан қалбимни тўлдирди: “Худога яқинлашинглар, шунда У сизга яқинлашади” (Ёқуб 4:8).
Худога яқинлашганимизда бизнинг қалбимиз Худонинг қалбига чамбарчас боғланади. Худога яқинлашиш учун биз ичкари хонага кириб, яширин жойда Унга ибодат қиламиз, фақат Унинг ҳузурини қидирамиз. Яширин қилган ибодатимизни Худо кўриб, бизни очиқчасига тақдирлайди (Матто 6:6).
Биз Худога яқинлашишимизни У истайди. Ўзингиз эъзозлаган бирон кино юлдузни кўз олдингизга келтиринг. Сиз ўша одам ҳақида кўп маълумотга эга бўлсангиз–да, у билан ҳеч қачон шахсан, юзма–юз гаплашмагандирсиз. Худо эса биздан айнан шахсий, юзма–юз муносабатни талаб қилади.
Забур китобининг 22–саносида Чўпонимиз Худо бизни сокин ирмоқлар олдига олиб бориши ва толиққан жонимизга ором бериши ҳақида ёзилган. Ҳаётнинг шавқатсиз гирдоби бизни ўз домига тортганда, биз биринчи навбатда Исонинг ҳузурига чопишимиз керак. Устозимиз билан сокин, хилват жойда юзма–юз қолишимиз даркор. Зотан, “Абадий ҳаёт — ягона ҳақ Худони ҳамда У юборган Исо Масиҳни таниб–билишдан иборатдир.” (Юҳанно 17:3).
23–КУН – Яхши даврда ўсиш
Кўп одамлар “Қийинчилик даври — баракат даври” деб айтишади. Бироқ яхши даврда ҳам одам ўсиши мумкинми? Ҳаётимизнинг барча даврларида биз улғайиб борамиз ва марҳаматга эга бўламиз. Яхши даврлар ҳам, ёмон даврлар каби ўсишимизга туртки бўлади. Яхши даврда ўсиш учун қуйидаги қоидаларга риоя қилинг.
- Хурсанд бўлиб куйланг.Агар яхши кунлардан баҳра олаётган бўлсангиз куйланг. Худони эзгулиги учун улуғланг, Ундан завқ олинг. Шунда эътиборингиз Худога қаратилган бўлади.
- Яхши кунларингизни Худодан совға деб билинг.Яхши кунларимиз Худодан иноят ва инъомдир. Биз яхшиликка сазовор эмасмиз, бахтни ҳам ўз қўлимиз билан ярата олмаймиз, шу боис Яратгувчимиз берган бу армуғонни қадрланг.
- Худога яқинлашинг.Яхши кунларни Худо бизга нафасимизни ростлаб олишимиз учун беради. Бундай пайтларда биз Унинг ҳузурида дам олиб, Унинг овозини эшитишимиз керак. Бундай кунларда келажак учун кучимизни ғамлаб олишимиз шарт.
- Руҳий интизомга риоя қилинг.Тўқликка шўхлик деган гап бежиз эмас, чунки фаровонлик даврида биз кўпинча Худони эсимиздан чиқариб қўямиз. Қайси кундалик интизомлар Масиҳда чуқур илдиз отишга бизга ёрдам беради? Ўшаларга риоя қилинг.
- Яхши вақтлардан унумли фойдаланинг. Яхши вақтларда биз Худонинг Шоҳлигини кенгайтиришимиз ва руҳан ўсишимиз зарур. Яхши вақт ажойиб манбадир, ундан завқ олинг ҳамда абадиятга ўз ҳиссангизни қўшиш учун бундай манбадан унумли фойдаланинг.
24–КУН – Тўғри вақт
“Сизларга яна айтадиган гапларим кўп, лекин энди ичингизга сиғдиролмайсизлар” (Юҳанно 16:12).
Биз нима айтишимиз жуда муҳим, бироқ ўша гапни қачон айтишимиз унданда муҳимроқдир.
Исонинг Ўз шогирдларига айтадиган гапи жуда кўп эди. Уларнинг ҳаммаси муҳим эди, бироқ У баъзи нарсаларни айтмади. Вақт тушунчаси Исода аъло даражада эди, шу боис У барча таълимотларини ўша тушунчага асослаган ҳолда берарди. Исо билардики, одамларни ҳақиқатнинг ўзи эмас, балки ўз вақтида айтилган ҳақиқат ўзгартиради. Қурғошиндан ясалган устунга керагидан ортиқ оғирлик юкланса у дош бермай, қулайди. Бевақт айтилган сўз инсон қалбини ҳам худди шундай барбод қилиши мумкин.
Ҳар бир инсон антиқа китоба ўхшайди, уни ўрганиш даркор. Бошқа одамнинг ҳолатини мен фақат савол–жавоб орқали билиб олишим мумкин. Мен унинг ўтмиши, Худо берган инъом–қобилиятлари ва ўзига хос томонлари билан танишиб чиқишим шарт. Унинг қалбини тушунишимга ҳаракат қилишим керак.
Шундан кейингина мен унга aчитадиган ҳақиқатни айтишим мумкин. Баъзан эса ўзимга ўзим: “Ҳозирча ҳақиқатни айтишга тайёр эмасман”, дейман.
Бу ҳам ёмон эмас.
25–КУН – Хизмат қилиш ва шогирдлантириш
Муқаддас Китобда Исо шогирдларига ўзгаларга хизмат қилишни ўргатади.
Биз бошқаларга хизмат қилганимизда одамлар буни кўради. Биз бир шаҳарга ваъз айтгани борганимизда, шогирдларимдан олтитаси уйим томига чиқиб, том новларини дарахт баргларидан тозалаб қўйшди. Қўшним: “Томингизни тозалаш учун бу одамларни қаердан ёлладингиз?” — деб сўради. Мен қўшнимга шундай жавоб бердим: “Мен уларни ёлламадим. Семинариямизда хизмат қилишга кўп урғу берилгани боис, улар келиб, томимни бепул тозалаб кетишди.” Бундай жавобни эшитган қўшним бошини чайқади–ю, кетди. Кеч тушганда шогирдларимдан бири ўша қўшнимнинг томига чиқиб, унинг ҳам томини тозалаб берди, шундай кейин қўшнимнинг юраги Хушхабар учун очилди. Мана буни ҳақиқий хизмат деса бўлади!
Хизмат амал билан бевосита боғлиқдир. Бу борада қуйида бир нечта маслаҳат берилган:
Ишга бел боғланг. Ғарб мамлакатларида буни ўргатиш ғоят мушкулдир. Ҳаттоки олий маълумотли ва муваффақият қозонган одамлар ҳам бошқаларга амалда ёрдам беришни ўрганишлари шарт.
Доим тайёр туринг. Хонадондаги хизматкор хўжайини чақирганида “Лаббай!” деб туриши керак. Худонинг хизматкори ҳам Худога ва инсонларга хизмат қилишга доимо тайёр туриши шарт.
Эътиборли бўлинг. Хизматкор ўзгаларнинг муҳтожликларига эътиборли бўлиши ва билиб ўз ишини бажариши лозим.
Айтилгандан кўпроғини бажаринг. Ҳар бир дақиқа юқори даражада қадрланадиган бизнинг давримизда одамлар фақатгина буюрилган ишнигина бажаришади, ундан кўпини қилишмайди. Ҳақиқий хизматкор эса ўзининг иши билан чекланибгина қолмай, ундан–да кўпроғини бажариши лозим.
26–КУН – Елкадош дўст
Сизнинг сирларингизни эшитадиган дилкаш дўстингиз борми? Сизнинг яхши томонларингизни юзага чиқара оладиган, масиҳийча ҳаётда сизга далда берадиган, сиздан ҳисобот талаб қиладиган елкадошингиз борми? Сиз–чи? Ҳеч бўлмаса бир одам сизни елкадош дўст деб биладими? Елкадош дўст бўлиш учун икки одам келишиб, доимий тарзда учрашиб туриши керак бўлади, бир–бирини имонда ўстириш учун, қўллаб–қувватлаш ва бир–биридан ҳисобот олиш учун бу жуда яхшидир. Елкадошингиз билан учрашар экансиз, Муқаддас Китобни ўрганиш билан чекланиб қолманг, бир–бирингизга далда беринг, дардларингиз билан бўлишинг. Елкадошингизга шундай деб айтинг: Келинг, “имонимизни ҳимоя қилайлик. Ахир, Худо бу ўзгармас имонни азиз халқига то абад топширган”. (Яҳудо 3).
Сиз елкадош дўстингиз учун ва у сиз учун ибодат қилганингизда Худо ҳаётингизда ажойиб ишлар қила бошлайди. Ёқуб 5:16да шундай деб ёзилган: “Шунинг учун қилган гуноҳларингизни бир–бирингиз олдида тан олинглар, бир–бирингиз учун ибодат қилинглар, шифо топасизлар.” Мен шахсан ўзим елкадош биродаримнинг алангали ибодатлари туфайлигина гуноҳларимни мағлуб қила олганман.
Елкадош дўстлар қуйидагича жавобгарликларни ўз бўйнига олишади:
- Улар доимий тарзда, мисол учун, ҳафтасига бир марта учрашиб туришади.
- Учрашувларидан олдин танлаб олган дастурнинг керакли дарсини тайёрлаб келишади.
- Бир–бирига нисбатан самимий тарзда ҳисобот беришади.
- Бир–бири учун ибодат қилиб, далда беришади.
- Жамоат йиғилишлари орасида ҳам учрашиб туришади.
- Худонинг бошқаруви остида бошқа биродарлар билан ҳам елкадош дўст бўлишади.
- Бир–бирининг сирини бошқаларга айтишмайди.
Сизлар биргаликда имонда ўсар экансиз, Исо Масиҳ сизга солиҳликни ўргатади. Бу жараёнда Исо доимо сизлар билан бирга бўлади ва икковингизга ҳам бир–бирингиздаги нодир гавҳарларни топишингизга ёрдам беради. Масиҳийча ҳаётда ҳеч ким ёлғиз бўлмайди. Зеро, ҳаммамиз бир–биримизга керакмиз.
27–КУН – Катта расм
Мен ҳаётимнинг кўп қисмини шогирдлар ўстиришга бағишлаганман, ўша йиллар ҳақида ўйласам қуйидаги оятлар эсимга тушади:
Учта оят мени доимо руҳлантирарди.
— Mатто 28:19 “Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар”. Бу оятда Исо менга бошқа халқлар олдига боришни буюради. Худо мени умуман бошқа маданиятга, “ғалати” жойларга юбориши мумкин.
— Mатто 28:20 “Зотан, Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан”. Демак, мен шогирд орттирганимда Худо доимо мен билан бирга бўлади. (Ҳақиқатдан ҳам, мен имонда энди ўсиб келаётган масиҳийга далда берганимда кўпинча Худодан ёрдам сўраб ёлворардим. У доим менга ёрдам берарди.)
— Ишаё 60:22 “Энг кичик одамингдан мингта одам чиқади, энг заиф одамингдан кучли халқ пайдо бўлади. Мен, Эганг, буни ўз вақтида тез бажо келтираман.” Ушбу мумтоз оят — энг заиф, энг кўримсиз одамда ҳам кучли потенциал борлигини менга эслатади.
Мен ўзим учун учта нарсани ўргандим:
— Мен одамларнинг олдига бораман. Уларга шогирдлик моҳиятини тушунтираман. Сўнг: “Менга шогирд тушасанми?” деб сўрайман.
— Уларни уйимга таклиф қиламан, уларга шунчаки сабоқ бермайман, балки ҳаётимнинг бир қисми бўлишларига йўл қўяман. Зеро, шогирдлик илмга чанқоқ одамларга билим бериш билан чекланиб қолмайди. 1Салоникаликлар 2:8да шундай ёзилган: “Сизларга жуда қаттиқ кўнгил боғлаган эдик. Шунинг учун сизларга Худонинг Хушхабарини айтибгина қолмадик, балки юрагимиздан ҳам жой бердик. Чунки сизлар бизга жуда азиз бўлиб қолгандингиз.”
— Ҳаммадан ҳам 100 фоизлик натижани кутмайман, чунки ҳар бир одам ўз хоҳиши бўйича иш тутади. Вақти келиб, бундай одамлар мен бўлмасам ҳам бошқа одам билан шогирдлик муносабатини қуради.
Мен йўл қўйган учта хато:
— Устозлик қилиш гўёки қийин ва мураккаб вазифа эканини шогирдларимга кўрсатиб, уларни саросимага солиб қўйган эдим.
— Шогирдларнинг муаммоларини тез ҳал қилишга тиришардим, ваҳоланки, баъзи яраларнинг тузалишига вақт керак бўлади.
— Кўп гапириб, кам тингладим. Ёқуб 1:19 мени тўғри йўлга солди: “Эй азиз биродарларим, шуни эсингизда тутинглар: ҳар бир одам эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб келганда босиқ бўлсин.”
28–КУН – Ўзгариш сари қадамлар
Имонга янги келган масиҳийга Муқаддас Китобни мустақил тарзда ўрганишига туртки бериш менга жуда ёқади. Бунинг учун мен шогирдимга уч қадамдан иборат содда бир усулни ўргатаман.
Биринчи қадам: оятдаги калит сўз, калит ибора ва калит ғояни топинг. Бу ишда глоссарий, луғат, комментарий ва энциклопедиялар каби манбалар катта ёрдам бериши мумкин. Оятнинг калит сўзи қандай маънони касб этади? Оятнинг қолган қисми билан ва умумий матн билан у қандай боғланган?
Иккинчи қадам: оятни ўз сўзларингиз билан ифода этиб ёзинг. Ҳар ким оятни кўчира олиши мумкин, аммо сиз оятни ўз сўзларингиз билан ифода эта олсангиз, оятнинг мазмунини тўлиқ тушунганингизни кўрсатасиз.
Учинчи қадам: ўзингизга шундай савол беринг: “Бу оят мени нима қилишга ундамоқда?” Матн мазмунидан фойдаланган ҳолда “Мен…қиламан” деган гапларни тузинг. Мисол учун: “Мен Худони улуғлайман”, “Мен гуноҳимдан тавба қиламан”, “Мен Худодан миннатдор бўламан”, “Мен ишга бел боғлайман”, “Мен Худога суянаман”, ва ҳоказо. Оятларга турлича ёндашиш мумкин ва уни ҳаётингиздаги ҳар бир вазиятга тадбиқ этиш мумкин. Ишончингиз комил бўлсин, Худо бизга Муқаддас Китобни шунчаки ўқиб, ўқиганимизни унутиб юбориш учун берган эмас. Учинчи қадам бизга ўқиган оятларимизни амалда қўллашга ёрдам беради. Агар Муқаддас Китобга шу йўл билан ёндашсак вақт ўтгани сари Масиҳга ўхшаб бораверамиз.
Имонга янги келган биродаримиз кейинчалик Муқаддас Китоб ўрганиш жараёнига янги қадамларни қўшиб бораверади. Бироқ бошланишига мана шу учта қадамнинг ўзи асқатади.
29–КУН – Сиз нималарни ўргатяпсиз?
Биз устозлар шогирдларимизга фақат кучли томонларимизни кўрсатиб, фақат яхши хислатларни ўргатишга тиришамиз. Аммо бизнинг камчиликларимиз ҳам шогирдларимизга ўтиши мумкин, зеро ҳеч ким бундан ҳимояланмаган. Қандай қилиб биз шогирдларимизга фақат фазилату хислатларни ўргата оламиз?
Биринчидан, тан олишимиз керакки, ўз гуноҳларимиз билан олиб борган курашувимиз шогирд билан бўлган муносабатларимизга таъсир қилади. Биз етук масиҳийлар билан маслаҳат қилишимиз ва ўзимиз кўрмаган камчиликларимизни аниқлашимиз шарт. Ўзимиз ишонган биродаримизга ўз камчиликларимиз ҳақида очиқчасига айтганимизда бошқаларга ўша камчиликларни юқтирмаймиз.
Иккинчидан, биз ўзимизнинг руҳий наслимизни текшириб чиқишимиз керак. Табиатда ҳайвонлар “ўз турига оид насл” келтириб чиқаргани каби, биз ҳам шогирдларимизни ўзимизга ўхшатиб тарбиялаймиз. Бизни қандай тарбиялашган бўлса, биз ҳам бошқаларни шундай тарбиялаймиз. Шу боис, эътиборли бўлайлик ўзимизга устозимиздан ўтган камчиликларни шогирдларимизга ўтказмайлик. Бизга ўргатилмаган фундаментал ҳақиқатни шогирдларимизга албатта ўргатайлик.
Ва ниҳоят, устозлик қилиш усулимиз ўз шахсиятимиз ва инъому қобилиятларимиз билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Биз табиатан шогирдликнинг қайсидир томонига кўпроқ урғу берамиз, мисол учун, оятларни ёд олиш, ибодат қилиш, фош этиш, далда бериш ва ҳоказо. Тўғри, биз инъомларимиздан унумли фойдаланишимиз керак, бироқ шогирдимиз олдида ўзимизни мукаммал деб кўрсатишимиз керак эмас. Ўзимиз шогирдимизга ўргата олмаган нарсани бошқалардан ёрдам сўраб ўргатишимиз керак.
30–КУН – Шогирдликнинг моҳияти
Мен ёш бола бўлган пайтимда ўлим ва дўзахдан қўрққаним учун масиҳий бўлдим. Мен Римликлар 6:23–оятга ўхшаган оятларни ўқирдим: “Гуноҳнинг эвази — ўлим, Худонинг инъоми эса Раббимиз Исо Масиҳ орқали бериладиган абадий ҳаётдир.” Мен дўзахдан қўрқардим. Ёш бўлсам ҳам гуноҳ нималигини тушунардим, шунинг учун кўп ўйланмай Исони Нажоткорим, деб қабул қилган эдим, чунки мен жаннатга боришни истардим.
Аммо катта бўлганимдан кейин, мен бошқа бир оятни ўқидим ва ўша оят Римликлар 6:23 борасида бўлган тушунчамни кескин ўзгартирди.
Юҳанно 17:3–оятда шундай ёзилган: “Абадий ҳаёт эса Сени — ягона ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб–билишдан иборатдир.”
Илгарилари мен абадий ҳаётни фақат Арши Аълодаги олтин кўчалар, гўзал саройлар, йиғи–сиғи йўқлиги, деб тасаввур қилардим. Бироқ Исонинг айтишича, абадий ҳаёт бу Худони билишдир, коинотни яратган Парвардигор билан ярашиш демакдир. Асл ҳаёт бу — мени мукаммал билган Зот билан яшаш, мени шартсиз севги билан севган инсон билан турмуш қуриш, фарзандларимга китоб ўқиш деганидир. Бу эзгу хабардир! Исо Масиҳнинг ҳаёти, ўлими ва тирилиши туфайли биз орзу қилган ҳаётга эриша оламиз, шоҳларнинг Шоҳи, эгаларнинг Эгаси билан муносабат қила оламиз.
Сиз шогирдингизни имонда ўстирар экансиз, унинг эътиборини Худога қаратинг, диққатининг марказида доимо Худо бўлсин. Абадий ҳаёт осмонда муаммолардан ҳоли бўлиб яшаш эмас, балки абадият давомида Худони таниб–билиш демакдир.
31–КУН – Суюкли бўлинг
“Отанинг суюкли фарзанди” бу тушунча шахсиятимнинг бирламчи асосидир. Бу гап тилимдан отилиб чиқиб кетаверади. Аммо уни тез унутиб қўяман.
Шундай пайтларда ўзимни тўхтатиб, унутувчанлигимни койиман, ҳақақатга қулоқ тутаман. (Мен ўзимга Юҳаннонинг биринчи мактубида ёзилган Худонинг ҳақиқатларини эслатиб тураман, айниқса 1Юҳанно 3:2–оятни яхши кўраман: “Ҳа, азизларим, ҳозир биз Худонинг фарзандларимиз. Аммо келажакда ким бўлишимиз бизга ҳануз очилмаган. Фақат шуни биламизки, ўша пайт келганда биз Худо сингари бўламиз, чунки Худонинг Ўзини кўрамиз”). Ўша оятни ўқиганимда Худонинг овози менга шундай сўзларни айтади: “Ўғлим, бу сўзларни шошилмай ўқи. Сенга айтаётган сўзларимни мушоҳада қил. Уларга шўмғигин, ҳис қилгин. Севгимдан баҳра олгин.”
Мен ўтириб, мулоҳаза қиламан, Худонинг сўзларини ичимга сингдираман. Ўзимга ўзим шундай савол бераман: “Қандай қилиб фарзанд ота–онасининг севгисига иқрор бўлади?” Мен набираларимнинг исмини айтиб чақирганимда улар хурсанд бўладилар. Уларни меҳмон қилганимда шодланадилар. Совғалар берганимда, улар учун сюрпризлар тайёрлаганимда қувонадилар.
Мен Худонинг суюкли фарзанди эканимни билганим учун:
- Ўзлигимни ва ўз шахсиятимни қадрлайман ва уни қабул қиламан.
- Ўзимни бошқалар билан солиштирмайман, уларга тақлид қилмасликка ҳаракат қиламан.
- Камчиликларимга қарамай ўзлигимдан мамнун бўламан.
- Ибодат қилганимда Худонинг диққат–эътибори, ғамхўрлиги ва менга бўлган чексиз меҳридан тўйиниб оламан.
- Худо мени нима мақсадда яратгани ҳақида мулоҳаза қиламан.
Бугун мен Худонинг фарзанди вазифасини қай даражада уддаламоқдаман?
- Одамларга баъзан “йўқ” деб айтиш ҳам кераклигини тушунаман.
- Мен ёш боладек ўзимни эркин тутишга ҳаракат қиламан.
- Турли вазиятларда боланинг самимиятини сақлашга уринаман.
“Аммо Уни қабул қилганларнинг ҳаммасига, Унга имон келтирганларга, У асл шахсиятни, Худо фарзандининг шахсиятини берди” (Юҳанно 1:12) (Замонавий инглиз тилидан таржима).
32–КУН – Бошқа маданият вакилини шогирд қилиш
Элчилик хизматига кетишимиздан олдин хўжайиним Равшан халқаро ташкилотнинг савдо бўлимида ишларди. Унинг назорати остидаги ҳудуд 11та вақт зонасини, Африкадан тортиб то Янги Зеландиягача бўлган барча мамлакатларни ўз ичига оларди. Биз Сингапурга кўчдик ва турли маданиятлар йиғиндисидан ташкил бўлган бу шаҳар–мамлакатда ўз хизматимизни бошладик. Биз тинмай ишлардик, одамлар билан очиқ ва самимий бўлардик, доим ёрдам беришга тайёр эдик, ўз хоҳиш–истакларимизни ва нотўғри фикрларимизни ортда қолдирдик.
Биз 1Салоникаликлар 4:11–12 га кўра, “Исога ишонмайдиганларнинг иззат–ҳурматини қозониш” учун Сингапурда “осойишта ҳаёт кечиришни” ўзимизга мақсад қилиб қўйдик. Биз кўп ишладик, жавобгарликдан бўйин товламадик, атрофдагиларни иззат–ҳурмат қилдик ва янги нарсаларни ўрганишга очиқ бўлдик. Xитойлик бир дўстимиз бизга каяк деб аталмиш қайиқда сузишни ўргатди, қошиқ ўрнига Хитойча таёқчалардан фойдаланишни кўрсатди. Малазиялик қўшнимиз менга чиройли шойи кийимларни сотиб олишга ёрдам берди, ўғлимга эса аччиқ ер ёнғоқ қайлали сатай таомини буюртма қилишни ўргатди. Ҳиндистонлик дугонам менга қўлбола карри қайласини тайёрлашни ва арзон нарҳда мато сотиб олишни ўргатди. Янги Зеландиялик дўстимиз бизга регби ва крикет ўйинларининг барча сир–синоатларини ошкор қилди, яхши чой дамлашни кўрсатди.
Чет элда яшар эканмиз, ҳамма нарсага ижобий ёндашишга ҳаракат қилардик, янги нарсаларни ўрганишга доимо очиқ эдик. Шу туфайли дўстларимиз бизга ҳаётимиз мазмуни ва Худойимиз ҳақида саволлар бера бошлашди. Биргаликда роти прата таомини еб, чой ичар эканмиз умидимиз асосчиси бўлмиш Исо Масиҳ ҳақида уларга гапириб берардик.
Дарҳақиқат, Худо ҳар биримиз учун кўплаб эшикларни очиб беради. Биз улардан кирар эканмиз, саргузашт ва имкониятларга бой янги дунёни ўзимиз учун кашф этамиз!
33–КУН – Ибодат
Ўсимлик учун сув қанчалик зарур бўлса, шогирд ўстиришда ибодат ҳам шу сингари зарурдир. Шогирдингизга Раббимизда ўсишга ёрдам берар экансиз ибодат алоҳида аҳамиятга эга, у ўта муҳимдир.
Бу гап учун бирон асос борми?
Римликлар 1:9, Эфесликлар 1:15–16, Филиппиликлар 1:3–4, Колосаликлар 1:3,9, 1Салоникаликлар 1:2–3, 1Салоникаликлар 3:10, 2Салоникаликлар 1:3, 2Тимўтий 1:3–оятларга қаранг. Павлус кўп марта шогирдлари учун ибодат қилганини айтади. Зеро, ибодатнинг аҳамияти ниҳоятда баладдир! Павлус шогирдларини узоқ вақт кўрмаса ҳам доимий равишда уларнинг ўсиши учун ибодат қиларди, буни эшитган шогирдлар руҳланарди.
Ўша оятларни яна бирма–бир кўриб чиқинг. Оятлардаги шижоатни сездингизми?! Павлус имонлиларга шунчаки “сизлар учун ибодат қиляпман”, деб айтаётгани йўқ. У “сизлар учун тинмай ибодат қиляпман, кечаю кундуз тиз чўкиб, Худога ёлворяпман” дейди. Унинг ибодатлари мужмал ёки доим бир хил эмасди. Павлус руҳий жанг майдонидаги шогирдлари учун берилиб ибодат қиларди, чунки алангали илтижолари шогирдларига ғалаба ато қилишини у биларди.
Юқоридаги оятларни яна бир бор кўриб чиқинг. Улар қачон ёзилганига эътибор беринг. Павлус Салоникаликларга биринчи мактубини тахминан милодий 51 йилда ёзган. Тимўтийга иккинчи мактубини эса милодий 67–йилда ёзганидан кейин Павлусни ўлдиришди. Тушунарлими? Павлус бутун хизмати давомида, бошидан охиргача тоат–ибодатни тўхтатмаган, ибодат барча ишининг асосни ташкил қиларди.
Ҳа, Павлус шогирдлари учун тинмай ибодат қиларди, Худога ёлворарди, ибодатни канда қилмасди. Биз–чи? Шогирдларимиз учун ҳар куни ибодат қиламизми?
Менимча, ибодат сокин вақтимизнинг биринчи ва иккинчи ўрнини эгаллаши керак!
34–КУН – Азобларга бардош бериш
Ҳаётимнинг эмоционал томони ҳам Исо Масиҳга тегишли эканини мен 50 ёшимдагина тушундим. Эр ва ота сифатида қилган хатоларим ҳамда уларнинг аччиқ оқибатлари дастидан мен тушкунликка тушдим, “Мен бўлмаганимда ҳаётимдаги ҳар бир одамга, ҳаттоки Бейрут ва Ливандаги ҳамкасбларимга анча яхши бўларди”, деган хаёл бошимга ўрнашиб қолди. Ўзимни ўлдириш фикри қанчалик жирканч бўлмасин, калламдан нари кетмасди.
Худо менга Марк 14:34–36–оятларини кўрсатиб, жонимга суюқасд қилиш фикридан мени қайтарди. Ўша оятларда Исонинг Гетсемания боғида чеккан жафолари ҳақида ёзилган. Оғир дамларда чекиниш Худонинг табиатига зид эканини ва бу иллат Худонинг фарзандларига ҳам тўғри келмаслигини Раббим менга аён қилди.
Бир неча йилдан кейин мен Ишаё 53:4–5–оятларини ўқидим. Ўшанда кўзим мошдай очилгандай бўлди, мен ажойиб ҳақиқатни англадим: Исо хочга нафақат бизнинг гуноҳларимизни, балки дард ва эмоционал азобларимизни ҳам олиб кетди. У бизга руҳий жафолардан озодлик берди. Энди биз қилган гуноҳларимиз ва хатоларимиздан Масиҳ туфайли озодмиз, дарду алам ва жафолардан қутулганмиз. Энди сиқилганимда ўзимга ўзим шундай дейман: “Раббим, Сен биласан ичимдан эзилиб кетдим, лекин сен бу азобимни 2000 йил аввал хочга олиб кетгансан, бу азоб энди менга тегишли эмас.” Худо берадиган озодлик ва тинчлик ажойибдир!
35–КУН – Ожизликда ҳам устозлик қилиш
Уч марта касалхонага тушиб қолганим боис, режаларим барбод бўлди, мен шогирдларим билан доимий равишда учраша олмай қолдим. Мен колледждаги талабалик йилларимдан буён доим шогирд ўстириш билан шуғулланиб келганман. Энди эса ҳозирги ҳолатимдаги янги тартибга ўзимни солмоқдаман, зеро шогирдлар билан юзма–юз ишлаш шахсиятимнинг ажралмас бир қисмидир.
Энди имконим борича кўпроқ ёш масиҳийлар билан хабарлашиб туришга ҳаракат қиляпман. Электрон хатлар орқали мен илгарилари шогирдлантирган аёллар билан ёзишиб тураман. Уларга қилаётган хизматлари учун далда бераман. Жамоат йиғилишларидан кейин аёллар билан гаплашганимда уларга ўқиган китобларимдан нималар ўрганиб олганимни айтаман. Режалаштирилган муносабат бўлмаган пайтда йўл–йўлакай кимни учратсам, ўшалар билан суҳбат қураман, шу орқали уларнинг ҳаётига ҳам уруғ сепаман.
Энди шогирдларим менга хизмат қилишни бошлаганларидан ғоят хурсандман. Ҳаттоки Исо ҳам бошқалар Унга хизмат қилишига йўл қўйган. Улар Гетсемания боғида бўлишганида Исо учта шогирдидан “Мен учун ибодат қилинглар”, деб сўраган. Хочда жон бераётганида эса Юҳаннодан: “Онамга ғамхўрлик қил”, деб илтимос қилган.
Мен ўзимнинг яққол кўзга ташланган чекланишларим билан шогирдларни ўстира оламан. Ушбу қийин даврдан олган сабоқларим шундан иборатки, мен шогирд орттириш учун ҳар бир вазият ва имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ожизликларим туфайли шогирдларим менга хизмат қилишади ва бу мени янада самарали устозга айлантиради.
36–КУН – Хабар олмоқ
Мен шогирдлантираётган ёшларнинг ҳаётига Худони олиб кирмайман. Зеро, Худо аллақачон улар билан бирга, лекин мен уларнинг олдига борганимда Худо уларга Ўзини зоҳир қилади. Бир куни эрталаб менинг қиз бола шогирдим, йиғлаб телефон қилди. Мен у қизни уч йилдан бери шогирдлантириб келаётган эдим, аммо бирон марта унинг кўз ёш тўкканини кўрмаганман. Ўша қизни чин дилдан яхши кўрардим. Унинг йиғисини эшитиб қўрқувдан титраб кетдим. У ҳўнграб йиғлар экан, менга: “Карима опа, илтимос, мактабимга кела оласизми?” деб айтди. Мен мактабга елдай учиб бордим.
Устозлик қилиш, бу дегани энг оғир пайтда шогирдлардан хабар олиш деганидир.
Бир куни кечаси мен дугонам билан паркда ўтирган эдик. Қаттиқ сиқилган эдим, ичимга чироқ ёқса ҳам ёришмасди. Мен кўп вақтим ва кучимни маҳалламдаги ёшларга сарф қилгандим. Аммо назаримда мен севган бу бечоралар Худонинг назаридан қолган эдилар. Мен Худога шундай деб илтижо қилдим: “ХУДО, ҚАЕРДАСАН?” Сўнг дугонамга юзланиб: “Мамлакатдан чиқариб юборилган дўстимнинг ночор аҳволини наҳотки Худо кўрмаса?! Отаси зўрлаган болага наҳот Худо раҳм қилмаса?! Онаси гиёҳвандликка ружу қўйган қизчага наҳот Худо ёрдам бермаса?!”
Ўшанда Худо дугонамнинг сўзи орқали менга гапирди: “Каримахон, Парвардигор Худо сизнинг ичингизда. Қалбингиздаги бу одамларга бўлган севги ва меҳр–шавқатни сизга Худо берган. Шунинг учун сиз улардан хабар олганингизда, Худо хабар олган бўлади.”
Ўша заҳоти мен ҳаммасини англадим. Энг оғир пайтларда мен одамлардан хабар олишим зарур, уларнинг вазияти қанчалик даҳшатли ёки жирканч бўлмасин, ҳечқиси йўқ, чунки мен улардан хабар олганимда, улар ичимдаги Худодан баҳра олишади.
37–КУН – Ўрганишга очиқ бўлган юрак
Кўпинча биз Муқаддас Китобни ўрганиш гуруҳларида ўтирганимизда ёки ваъзни эшитганимизда ўзимиз учун жуда кам янги нарсани оламиз, чунки эшитаётган хабарга биз онгли ёки онгсиз равишда бошиданоқ нотўғри ёндашамиз. Негаки биз, бу мавзуни мен биламан, деб ўйлаймиз, шунинг учун ҳам бизга айтилаётган ҳақиқатни ўз шахсиятимизга тадбиқ қилмаймиз, руҳий чанқоқликни сезмаймиз. Бундай ҳолатда қалбимиз ёпиқ, руҳимиз эса уйқуда бўлади.
Ёпиқ юрак эса ёмон оқибатларга олиб келади. Бундай ҳолатга тушиб қолган шоҳ Шоул ўз шоҳлигидан маҳрум бўлди. Шоҳ Осо тузалмас касаликка йўлиқди. Ҳозирги кунда ҳам ёпиқ юракнинг ҳалокатли оқибатлари яққол кўзга ташланади. Худонинг ҳақиқатидан юз ўгирган одамлар руҳан қашшоқ ва ҳосилсиздир. Мағрурлик одамнинг кўзини кўр қилади, бундай одам Худога бўйсунмайди, у Самовий Отамизнинг оромли ҳузуридан баҳра ололмайди. Ёқуб 4:6 да: “Худо мағрурларга қарши чиқади, камтарларга эса иноят кўрсатади”, деб ёзилган.
Агар биз воизлик ва насиҳатларни юмшоқ юрак билан қабул қилсак, Худо бизнинг ичимизда ишлайди ва биз орқали Ўзининг эзгу ишларини бажаради. “Панд–насиҳатлардан нафратланган ўзига ҳалокат келтиради, амрга қулоқ солган эса тақдирланади.” (Ҳикмлатлар 13:13).
Худо биз орқали самарали ишлаши учун қалбимиз юмшоқ, юрагимиз Худонинг амрларига очиқ бўлиши шарт. Биз ҳақиқатни эшитиб, қабул қилсак, Худонинг иши учун муносиб идиш бўла оламиз.
38–КУН – Мевали дарахтдан мисол
Бизнинг боғ–роғларимиз ва узумзорларимиз бўлгани боис, мен доим мевали дарахтларни масиҳийча ҳаётнинг мукаммал аналогияси деб билардим. Шоҳ Довуд, Еремиё пайғамбар, Ҳизқиёл пайғамбар, Исо Масиҳ ва ҳаворий Павлус ушбу аналогияни ўзларининг таълимоти ва мактубларида қўллаганлари ҳам бежиз эмас.
Чуқур ва мустаҳкам илдизлар масиҳий киши учун ҳам, мевали дарахт учун ҳам бирдай муҳимдир. Дарахт кўкариб кетиши учун унинг илдизлари ер қатламининг қаттиқ қисмларини ёриб ўтиб, ер ости сувларига етиб бориши ва уларга тўйиниши шарт. Масиҳий учун ҳаётбахш сув вазифасини Худонинг Каломи бажаради. Худонинг сўзи масиҳий учун ягона ва чексиз озуқа манбаидир. Илдизи соғлом бўлган дарахт ҳеч қандай кулфатдан қўрқмайди, у кучли шамолларга бардош беради, касалликларни енгади, зараркунандалардан ҳам омон қолади. Муқаддас Китоб туфайли илдизи мустаҳкам бўлган масиҳий ҳам гуноҳга қўл урмайди. Илдизи саёз бўлган масиҳий эса васвасадан қочиб қутулиши осон бўлмайди.
Мевали дарахт биринчи ўринда новда чиқаради, барг отади, гуллайди, шундан кейингина мева тугади. Чуқур илдизларга эга бўлмаган масиҳий яхши мева бера олмайди. Бундай дарахт мева тугса ҳам, мевалари ривожланмай бужмайиб қолади. Ҳудонинг Сўзига тўйинган масиҳий эса соғлом, кўзни қувонтирадиган мевалар беради. Бундай меваларни кўрганлар лол қолиб, Худони улуғлайди (1Бутрус 3:15).
39–КУН – Мулоҳаза
Ҳамма Ҳосил байрамини интизорлик билан кутади, айниқса байрам дастурхони учун маҳсус тайёрланган маззали гўштни ейишга шошилади! Ўз селида ҳил–ҳил пишган гўшт оғизда эриб кетгудай бўлади! Еган сари егинг келар! “Яна беринг”, деб сўрагинг келар!
Гўшт шу қадар маззали чиқишининг сири нимада? Гўштни бир неча соат давомида мариновка қилиб қўйишади, шунинг учун гўштнинг ҳар бир бўлаги юмшоқ, маззали бўлиб чиқади.
Муқаддас Китобдан ўқиган оятлар борасида фикр юритиш ва мулоҳаза қилиш ҳам худди шунга ўхшайди.
Ёшуа 1:8 “Таврот китобида ёзилганлар тилингдан тушмасин, уларни битта қолдирмай бажаришинг учун кечаю кундуз улар ҳақида фикр юритгин. Шунда ишларинг юришиб, ўнгидан келади” Мазкур оят охирида берилган ваъда кимга ёқмайди дейсиз?! Ким муваффақиятли бўлишни истамайди?! Бироқ бунинг учун нима қилиш керак? Биз Муқаддас Китоб борасида фикр юритишимиз даркор, бунинг натижасида ичимизда вужудга келган куч ҳар бир ишимиз ва ғоямиз учун туртки бўлади. Шундагина Худонинг тўлиқ баракати ҳаётимизда намоён бўлади.
Забур 1:3да имонли киши оқар сув бўйига ўтқазилган дарахтга қиёсланади. Буни истамайдиган одам борми?! Бироқ бунга эришмоқ учун Эгамизнинг таълимотидан завқ олмоқ, туну кун таълимотининг мағзини чақмоқ даркор. Худонинг Каломи ҳаётимиз учун пойдевор бўлмоғи шарт.
Худонинг Сўзи ҳақида мулоҳаза қилмоқ шу қадар муҳим экан, нима учун бугунги кунда биз кам мулоҳаза қиламиз? Сабаби шуки, биз тезкор, сабрсиз бир дунёда яшамоқдамиз, мулоҳаза қилиш учун эса вақт талаб этилади. Агар биз Муқаддас Китобни шошиб ўқисак, у ичимизга сингмайди, қалбимизда қолмайди.
Мулоҳазанинг ажойиб натижаларига эътибор қаратинг, аслида ҳаммамиз шундай меваларга эга бўлишни истаймиз! Бинобарин, Китобни шошилмай ўқинг, Муқаддас Китобдаги ҳақиқат қалбингизга кириб ўз ишини бажаришига вақт беринг.
40–КУН – Қимматга тушадиган содда ҳаракат
Шогирдга устозлик қилишни битта сўз билан ифодаласа бўлади: ўртоқлашмоқ. Устозлик қилиш қийин эмас. Шунчаки шогирдингиз билан ҳаётингизни ўртоқлашинг. Худо сизни қайси томондан баракалаган? Сиз учун У нималар қилган? Қандай қилиб сизга ёрдам берган? Қандай муваффақиятларга эришгансиз? Қайси хатоларга йўл қўйгансиз? Буларнинг барчаси ҳақида шогирдингиз билан ўртоқлашинг.
Шогирдингизга ўз гувоҳлигингизни айтинг. Қандай қилиб Худо сизга нажот бергани, сиз учун Ўз ваъдаларини бажаргани, ибодатларингизга жавоб бергани ҳақида сўзлаб беринг. Худонинг Каломи ҳақида сўз юритинг. Қуруқ далда одамни Худога яқинлаштирмайди, Худонинг Каломи эса яқинлаштиради. Худонинг ҳақиқатини шогирдингизга очинг, Калом унинг қалбига оловдай кириб борсин. Биргаликда ўтказадиган вақтингизни Каломга қаратинг. Бирга ибодат қилинг, агар бирга ибодат қилмасангиз қалбингизни ўша одамга оча олмайсиз.
Бу иш қийин эмас, бироқ сизга қимматга тушади. Шу боис биз шогирд орттиришни истамаймиз, кечалари телефонимиз жиринглашини хоҳламаймиз. Ҳеч ким тинчлигимизни бузмаслиги учун дарвозаларимизни тамбалаб ташлагудек бўламиз. Ҳа, борди–ю сиз ҳаётингизни бошқалар билан ўртоқлашсангиз, тинчликдан маҳрум бўласиз. Тўланадиган баҳо мана шудир. Шогирдингиз учун ич–ичингиздан сиқиласиз, бироқ шод бўладиган вақтингиз ҳам бўлади. Вақти келиб, суюкли шогирдингиз ҳам шогирд орттиради, шунда ўзингизда йўқ хурсанд бўласиз. Данагидан кўра, мағзи ширин, деб бежиз айтмайдилар–ку, ахир!
41–КУН – Ҳозирги кундаги долзарб эҳтиёж
Долзарб эҳтиёж дегани нима? Ҳар бир одамнинг ўзига яраша долзарб эҳтиёжи бор.
Гадой учун бу – қўлига бериладиган бир–икки минг сўм пул. Шифохонага олиб кетилаётган аёл учун – шифокор. Масиҳий хизматида эса долзарб эҳтиёжлар қандай?
Баъзи хизматчилар: “Менга кўпроқ ёрдамчилар керак”, деб айтишади, зеро, чўпонга ёрдамчи керак бўлади, элчилик ташкилоти учун эса кўпроқ элчилар талаб этилади. Баъзилар: “Бизга ишчилар эмас, яхши жой керак”, деб айтишади. Ишини давом эттирмоқ учун уларга офис ёки каттароқ бино зарур бўлади.
Дунёнинг айрим жойларида одамлар: “Бизга яхшироқ алоқа хизмати, яхшироқ транспорт воситаси ёки яхшироқ медицина хизмати зарур”, деб айтишади.
Зарурият ва муҳтожлик ёпиқ мамлакатларга йўл очиб беради, деб ишонади кўп одамлар.
Баъзилар эса шундай деб айтишади: “Қанийди, кўпроқ вақтим бўлганда. Қани эди, ёшроқ бўлганимда”.
Демак, долзарб эҳтиёж асли нимада? Менимча, юқорида айтиб ўтилганлардан биронтаси ҳам долзарб эҳтиёжга кирмайди. Зеро, коинотни яратган Худо барча нарсани назорати остида ушлаб турибди, У керакли ҳамма нарсани, ўз вақтида етказиб беради. Ҳозирги кундаги долзарб эҳтиёж бу — Исо Масиҳга бағишланган, Худонинг садоқатига чин дилдан ишонган аскарлар армиясидир. Зеро, Худо учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Фақатгина шу йўл билан биз Худонинг дил истагини рўёбга чиқара оламиз.
42–КУН – Руҳий устозликнинг сир–синоати
Устозлик санъатининг сирлари одатда шогирдларга бевосита устозлар томонидан ўргатиларди. Ўтмишда бу усул ҳар қандай ҳунар ва илмнинг давомийлигини таъмин этарди. Википедия луғатига кўра, шогирд ўқитиш усули илк бор ўрта асрларда ҳунармандлар орасида вужудга келган бўлиб, устозлар шогирдларини ўқитганлари эвазига овқат, турар жой ва ҳоказалар билан таъмин этилардилар.
Ўрта асрлардан анча олдин Исо ҳам кейинги авлодга устозлик қилган. У бир гуруҳ одам билан доимий равишда вақт ўтказарди, Ўз ҳаёти билан уларга намуна бўлиб, фаровон турмуш сабоқларини ўргатарди.
Бу гуруҳдаги одамларни биз Исонинг шогирдлари деб айтаймиз. Юнон матнда бу ўринда ишлатилган “mathetes” сўзи шогирд, ўқувчи, издош, деган маънони билдиради. Исо Ўз шогирдларига “Шогирд орттиринглар” деган амр беради (Матто 28:19). Бунинг маъноси: “Бориб, ҳаммани, узоқдагиларни ҳам, яқиндагиларни ҳам шогирдлантиринглар”.
Кўплаб жамоатлар ўзларининг шогирдлик дастурлари билан мақтанадилар. Бироқ ҳақиқий устоз–шогирд муносабати ва моҳиятини оддий қўлланма ёки дастур билан қамраб бўлмайди. Ҳақиқий устозлик дилкаш учрашувлар, ҳаётий вазиятлар ва Масиҳнинг ҳаёти ва таълимотини амалда қўллашдан иборат бўлади. Исонинг чин издоши Унинг таълимотидан доимо сабоқ олади, ўрганишдан тўхтамайди. Биз ўзимиз ўрганар эканмиз, билганларимизни бошқаларга ўргатишимиз керак. Бир яхши дўстим устозни шундай таърифлаган: “Устоз шогирдидан бир қадам олдинда юриб, уни тўғри йўлга бошлаб боради”.
Сиз таниш бўлган қайси одамни ўзингизга руҳий шогирд қилиб олган бўлардингиз?
43–КУН – Таълимот
Павлус Тимўтий билан бирга 15 йил давомида ишлаганидан кейин, Тимўтийга ўзининг биринчи мактубини ёзганди. Мактубнинг 1–боб, 2–оятида Павлус Тимўтийни, имондаги содиқ ўғлим, деб атайди. Дарҳақиқат, Тимўтий Павлуснинг ардоқлаган, чин шогирди эди.
Кўплаб йиллар давомида бирга сафарларга чиқиб, тинмай жамоатларга асос солганларидан кейин, сон–саноқсиз одамлар билан бирма–бир учрашганларидан кейин, қайси сабабни кўзлаб Павлус Тимўтийга мактуб ёзди? Бунга сабаб кўп эди, бироқ сабабларидан бири бу “таълимот”.
Ўзининг ушбу қисқа мактубида Павлус “таълимот” сўзини саккиз марта ишлатган. Ҳа, саккиз марта. Бу сўз Тимўтийнинг ҳам, бизнинг ҳам эътиборимизни тортиши керак.
Павлус Тимўтийни Эфес шаҳридаги жамоатда қолдирганди (1Тимўтий 1:3), Тимўтийнинг вазифаси жамоатга кириб қолган сохта таълимотга барҳам бериш эди.
Таълимотнинг аҳамияти катта! Тўғри таълимот гуноҳни фош этади, Қутқарувчи ҳақида ўргатади, нажот йўлини кўрсатади, кундалик ҳаётда Масиҳ каби бўлиш кераклигини ўргатади, ҳосилдорлик борасида таълим беради. Масиҳий етакчиларнинг бирламчи мақсади шогирдларга тўғри таълим бериб ўстиришдир. Муқаддас Китоб сохта устозларни аёвсиз фош этади, чунки улар ҳақ таълимотни одамларга бузиб ўргатадилар, уларни тўғри йўлдан оздирадилар.
Тимўтий тўғри таълимот бера олиши учун биринчи ўринда ўша тўғри таълимотни ўзи билиши керак эди. Биз–чи, тўғри таълимотни биламизми?
Биз ўз шогирдларимизга тўғри таълимот ўргатяпмизми? Бугунги кунда жамоатлар осонликча саёз, ҳис–туйғуларга асосланган, томоша ва шоу таълимотига эргашиб кетадилар. Кўпинча бундай ўзгариш аста–секин, билинмайдиган тарзда ўтади.
“Тимўтий, доим одамларга тўғри таълимотни ўргат!” – деб уқтиради Павлус.
Қулоқ солинг! Павлуснинг бу насиҳати бизга ҳам тааллуқли!
44–КУН – Устоз билиши керак бўлган бешта нарса
Имонга янги келган одамни Исонинг чин шогирди қилиб ўстириш учун устоз бешта фундаментал нарсадан воқиф бўлиши шарт. Ушбу рўйхат севги сўзи билан бошланади. 1Салоникаликлар 2:7–8 да Павлус ўз шогирдларига қаттиқ кўнгил боғлаганини ва ўз қалбидан уларга жой берганини ёзади. Ўша севги туфайли Павлус улар учун жонини фидо қилишга ҳам тайёр эди.
Иккинчи нарса бу шогирдга ғамхўрлик қилмоқ. Ҳаворий Павлус ўз сурувига турли йўллар билан ғамхўрлик қилган: улар учун ибодат қилган (Колосаликлар 1:9–10), улардан хабар олган (Ҳаворийлар 15:36), ҳол–аҳволини билиш учун одамларни юборган (1Коринфликлар 4:15–17), уларга мактублар ёзган (2Коринфликлар 2:9), Масиҳнинг ғалабасини уларга эслатган (1Коринфликлар 10:13, 1Солоникаликларга 3:1–5).
Учинчи нарса бу озуқа. Биз Муқаддас Китобни очиб, имонга янги келган одамни ўзимиз боқишимиз мумкин (1Бутрус 5:2) ёки уларга Муқаддас Китобни мустақил ўқишни ўргатишимиз мумкин (Яҳудо 20–21). Ҳар биримиз Муқаддас Китоб ақидаларига бўйсунишимиз ва уларни амалда қўллашимиз даркор, шундагина руҳан етук инсонлар бўламиз.
Тўртинчи нарса – шогирдимизга бошқа имонлилар билан алоқада бўлишни ўргатишимиз шарт. Бир неча йил муқаддам Лондонда бўлган кучли бўрон Лондон ташқарисидаги катта ўрмонзорнинг ҳамма дарахтларни қулатди. Нимага? Чунки дарахтлар бир–биридан узоқ экилган бўлиб, илдизлари ўзаро туташмаганди, шу сабаб бўронга бардош беролмаганди.
Бешинчи муҳим нарса бу кўникма. Шогирдингизга вазифа бериб, уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ярамайди. Уларга нимани ва қандай қилиш кераклигини ўзингиз кўрсатинг, улар билан йўл юринг, уларнинг ўсишидан завқ олинг. Имонга янги келган одамга устоз керак, шунчаки вазифа эмас. Ўша устоз эса сиз!
45–КУН – Жасорат
Баъзан узоқ муддатли муносабат ўрнатиш учун одамдан жасорат талаб этилади. Зеро, қўрқув тасаввуримизни ўзига тобе қилиб, ҳис–туйғуларимиз билан ўйнашади. Шу боис, муносабат хатар туйғуси билан боғлиқ бўлади. Бинобарин, муносабат ўрнатиш, уни тиклаш ёки чуқурлаштириш учун жасорат талаб этилади.
Биринчидан, самимий бўлиш учун бизга жасорат керак бўлади. Биз кўпинча танқиддан қўрқиб, йиллар давомида сукут сақлаймиз, ниқоб кийиб юрамиз ва асл ўзлигимизни кўрсатишдан ҳайиқамиз. Худодан самимий бўла олишингиз ва ҳақиқатни севги билан айта олишингиз учун жасорат сўранг.
Иккинчидан, бировнинг хатосини фош қилиш учун бизга жасорат керак бўлади. Соғлом шогирдлик муносабатлари ҳақиқатни яширмай, хатони фош этади. Бу борада Павлусдан ўрнак олишимиз даркор. Галатияликларга мактубининг 2–бобида Павлус Бутрусга танбеҳ беради, чунки Бутрус келган яҳудийларнинг раъйига қараб, ғайрияҳудийлар билан бир дастурхонда ўтирмайдиган бўлганди (11–12–оятлар). Бутруснинг ўзини бундай тутиши Хушхабар ҳақиқатига зид бўлгани ва бошқалар учун ёмон ўрнак бўлгани боис, у Бутрусни фош қилди.
Шундай экан, доимо ибодат қилиб Худодан жасорат сўранг, ким билан хафалашган бўлсангиз ярашинг. Агар кимдир сизни хафа қилган бўлса, у билан ярашиш учун ўзингиз биринчи қадамни босинг, Матто китобининг 18:15–оятида бу борада аниқ кўрсатмалар берилган. Ўзимиз бошқаларни хафа қилиб қўйсак ҳам, ўзимиз биринчи бўлиб ўша одам билан ярашиб олишимиз керак (Матто 5:23–24). Иккала вазиятда ҳам рад этишлиш қўрқувини енгишимиз ва жасорат билан иш тутишимиз керак бўлади.
“Эгам нурим ва нажотимдир, кимдан қўрқаман?! Эгам ҳаётимнинг қалъасидир, ким мени қўрқита олар?!” (Забур 26:1).
46–КУН – Шогирд кечирим сўрашдан қўрқмайди
Тажрибали бир хизматчи: “Жамоат йиғилишидан кейин Отабек Зиёдадан кечирим сўраганига лол қолдим, — деб айтди. — Чунки ҳозирги кунда етакчиларнинг кечирим сўраши ноодатий бир ҳолатга айланган.” Агар Отабек ҳақиқатдан ҳам Зиёдага қарши гуноҳ қилган бўлса, унинг кечирим сўраши нимага хизматчини лол қодирди?
Аслида Отабек кечирим сўраш билан чекланиб қолмай, Зиёдадан “Сизни кечирдим” деган гапларни эшитиши керак эди. Ёқуб 5:16 да Исонинг шогирдларига шундай кўрсатма берилган: “Шунинг учун қилган гуноҳларингизни бир–бирингиз олдида тан олинглар, бир–бирингиз учун ибодат қилинглар…” Бу бизга ярашиб олишимизга ёрдам беради.
Кечирим сўраган шогирднинг ичида қуйидаги жараён юз беради:
- У гуноҳ қилганини тан олади.Биз кўпинча ўз хатти–ҳаракатларимизни оқлашга тиришамиз, бировни айблаймиз, айбимизни бошқага тўнкаймиз. Сиз қандай гуноҳ қилганингиздан қатъий назар – жаҳлингиз чиқдими, бераҳмларча иш тутдингизми, мағрурлик ёки манманликка берилдингизми, ҳасад қилдингизми ёки сабр косангиз тўлдими фарқи йўқ, кечиримга биринчи қадам бу – гуноҳни тан олиш.
- У Муқаддас Руҳга тўлиб–тошади(Эфесликлар 5:18). Натижада Муқаддас Руҳнинг мевалари намоён бўлади: севги, хурсандчилик, тинчлик, сабр–тоқат, меҳрибонлик, эзгулик, садоқат, мулойимлик ва ўзини идора қилиш.
- Танбеҳни қабул қилади.Ўзингиз ишонган одам сизга танбеҳ берса, сиз уни қабул қиласизми?
- У Муқаддас Китобдан руҳий озуқа олади.Зеро, Худонинг Каломи бизни поклайди, янгилайди, фош этади, хатоларимизни кўрсатади, тўғри йўлга солади, мураббийлик қилади, бизни ўзгартиради, бошқаради ва шифо беради! Эфесликлар 6:17 да Худонинг Каломи қиличга қиёсланган.
Бизнинг барҳаёт ва муқаддас Худойимиз камтарларга иноят кўрсатади (1Бутрус 5:5–6). Сиз кимдан камтарлик билан “Мени кечир?” деб сўрашингиз керак? Ёки кимга кечирим сўрашга ёрдам бера оласиз?
47–КУН – Руҳонийлар
Худо биз ҳақимизда шундай сўзларни эълон қилди: “Аммо сизлар — танланган бир насл, руҳонийлар шоҳлиги, муқаддас қавм, Худонинг азиз халқисиз. Худо сизларни зулматдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, Унинг буюк ишларини эълон қилишингиз учун сизларни танлаган.” (1Бутрус 2:9). Биз руҳонийлармиз, бинобарин, Худо бизни ер юзига халқларни Худога тақдим этмоқ учун ва халқларга Худони танитмоқ учун жойлаштирди.
Сиз атрофингиздаги одамлар учун ибодат қиласизми? Мени ҳарбий кучларга жалб қилишганда, мен ўн иккита ҳарбий билан бирга тинмай ишлардим, хизматимиз машаққатли ва юксак жавобгарликни талаб этарди. Биз жонимизни жабборга бериб олдимизга қўйилган мақсадни тўлиқ бажаришга ҳаракат қилардик, иш жараёнида мен ҳамкасбларим билан Худо ҳақида кўп суҳбат қура олмаслигимни билардим. Бироқ Худо мени ўша жойга руҳоний қилиб жойлаштирганини мен тушунардим, шу боис ибодат қилиш жавобгарлиги тўлиқ менинг зиммамда эди. Мен 12 нафар ҳамкасабамнинг исмларини 3х5 сантиметрлик қоғозга ёзиб, машинамнинг олд ойнасига ёпиштириб қўйдим. Ҳар куни эрталаб машинани ишхонамга ҳайдаб кетаётганимда ҳар бири учун ибодат қилардим.
Иш тартибим ва ишхонамдаги вазият сабабли мен ҳамкасабаларим учун фақат ибодат қила олардим, бироқ Худони танимаган ўша ҳамкасабаларимдан учтаси бугунги кунда Исо Масиҳнинг издоши бўлди. Биз одамлар учун доим ибодат қилишимиз ва Худо уларга нажот беришига ишонишимиз керак.
48–КУН – Шогирд ўстиришда соғлом чегаралар
Эшигим тақиллаганида ичимдан зил кетгандай бўлди. Ким келганини мен билардим. Бир шогирд қизим бўш вақти бўлиши билан меникига келишга одатланган эди, у эринмай ҳафтасига бир неча марта келаверарди. Мен Худодан: “Бу шогирдим билан чуқурроқ муносабат ўрнатишимга имкон бер”, деб сўраган эдим, энди эса у мени ҳол–жонимга қўймайдиган бўлди.
Устозлик қилиш — одамларни шусиз ҳам банд бўлган ҳаётимизнинг бир қисми бўлишига ижозат бериш деганидир. Шогирдликни ҳафтанинг бир кунида қилинадиган 1–2 соатли иш билан чеклаб бўлмайди, у кўп вақтни талаб қилади. Бироқ шу билан бирга айтишим жоизки, бошқаларга эътибор бериб, ўз руҳий ҳаётимизга эътиборсиз қолиш ниҳоятда ёмон, зеро бундай ҳолат атрофдагиларнинг ҳаммасига салбий таъсир кўрсатади.
Шогирд орттирганингизда мувозанат сақлаш осон кечмайди, шундай экан, шогирдингизга етарлича вақт ажратар экансиз, руҳий ҳаётингизни ҳам эътибордан четда қолдирманг. Биз бу борада Исодан ўрнак олишимиз керак, Исо Кафарнаҳум шаҳридан ўзини қандай тутганига эътибор беринг (Луқо 4). У халққа тинимсиз хизмат қилганидан кейин, ёлғиз ўзи ибодат қилгани тоққа чиқиб кетди.
Ёлғиз қолиш учун вақт ажратиш осон эмас, бироқ зарурдир. Агар Исо Худонинг овозини эшитиш учун вақт ажратган бўлса, у ҳолда биз ҳам ибодатга вақт ажратишимиз шарт.
Баъзилар шундай деб эътироз билдиришлари мумкин: “Хизматни чегаралаш худбинликдир”. Аммо биз Исонинг ҳаётини таҳлил қилганимизда чегара қўйишнинг асл моҳиятини тушуниб оламиз. Зеро чегара қўйганимизда биз бошқаларга соғлом меҳр боғлаймиз ва уларга кўпроқ ёрдам бера оламиз.
49–КУН – Шогирднинг пойдевори
Шогирднинг Худо билан муносабатини уйнинг пойдеворига қиёсласа бўлади: у кўринмайди, бироқ уйнинг мустаҳкамлиги айнан пойдеворга боғлиқдир. Пойдевор заиф бўлса, деворларда ёриқлар пайдо бўлади, оқибатда уй қулаши мумкин.
Уйнинг пойдевори ер остида бўлиб, кўзга кўринмагани сингари, бизнинг Худо билан ўтказган вақтимиз ҳам ҳаммадан пинҳондир. Одамлар бизга қараганларида у кўзга ташланмайди, аммо бари бир ҳаётимизда ўз аксини топади. Ёлғиз ўзимиз қолганимизда нима билан банд бўламиз? Худо билан муносабатимиз узлуксиз бўлиши керак, бу муносабат кунига 24 соат давом этади, биз доим Худонинг ҳузурида бўлиб, Уни улуғлашимиз, ҳаётимиз орқали Унга шараф келтиришимиз даркор. Эрталаб кўзимизни очишимиз биланоқ Худо билан гаплашамиз, лекин У билан муносабат ўша суҳбат билан чекланиб қолмайди. Мен машина олдига бораётганимда ҳам Худо мен билан биргадир. Дўстим билан машинада дўконга кетаётганимизда ҳам Худо биз билан биргадир.
Ҳар куни биз ўзимизга шундай савол беришимиз керак: “Мен бугун Худо билан вақт ўтказдимми? Руҳий телефоним ўчиб қолмаганми?” Баъзан руҳий телефонимиз ўчиб қолади, биз эса ҳеч нарса бўлмагандай ҳаётимизни давом эттирамиз, кейин эса “Нега Худо менга гапирмаяпти?” деб ҳайрон қоламиз. Худо доимо гапиради! Унга қулоқ солинг, пойдеворингизни мустаҳкам қилинг!
50–КУН – Сокинлик
Будильникнинг жарангдор овози уйқумни бузиб юборди. Қаҳва тайёрлайдиган машина ичимликнинг тайёрлигидан дарак бериб, беш марта сигнал чалди–ю, ичимда ёқимли туйғуни уйғотди. Мусор олиб кетадиган машинанинг товуши тамом уйқумни қочирди. Ҳа, шовқин–сурон билан янги кун кириб келганди.
Римликлар 10:17да “Имон тинглашдан” деб ёзилган. Худонинг овозини эшита олишим учун қанчалик сокин бўлишим керак? Кўп ўтмай буни билиб оламан. Улкан қарағай дарахтлари айвонимизни ўраб турарди. Мен Муқаддас Китоб билан қаҳвани олдим–у сокин жаннатимга равона бўлдим.
Худо қалбимизга шивирлаб гапиради. Мен Унинг овозини эшитаманми? Ёки ён–атрофимдаги шовқин эътиборимни тортадими? Мен Худони эшитмоқчи бўламан.
Мен қуйидагиларни ўзим учун ўрганиб олдим:
- Биз сокинликка муҳтожмиз, зеро Худо бизни сокинлик учун яратган.
- Сокинлик санъатдир; сокинликдан баҳра олиб, бу санъатдан тажриба орттирсангиз гуллаб–яшнайсиз.
- Сокинлик кўникмадир, уни ривожлантирмоқ даркор.
- Сокинлик совғадир, ундан завқ олиш учун уни очиш керак.
Зафаниё 3:17 да “Эгангиз Худо Ўз севгиси ила қўрқувларингиздан сизни халос қилади” деб ёзилган. Воҳ, Худонинг севгисидан баҳра олишни чин дилдан истайман. Худонинг севгиси сокинликда намоён бўлади.
Шу боис, мен ўтириб, Унинг сўзлари ҳақида фикр юритаман, ибодат қиламан. Баъзан ўзимга ёққан муаллифнинг китобини ўқиб, Худонинг овозига қулоқ тутаман. Шунда ичимдаги хавотир кўтарилади, қалбим тинчликка тўлади, бу ажойиб сокинлик туфайли ич–ичимдан жўшиб кетаман, том устига чиқиб илоҳий севги ҳақида жар солгим келади, аммо бундай қилсам, қўшниларимнинг тинчини бузаман.
“Солиҳлик меваси тинчлик бўлади, солиҳлик самараси то абад хотиржамлик, ишонч бўлади.” (Ишаё 32:17).
51–КУН – Шогирдларни Хушхабар яратади
Биз шогирд орттиришга чақирилганмиз. Аммо шогирд ким? Шогирдни биз қаддай қилиб орттирамиз? Шогирд бу – ўз ҳаётидан воз кечган ва Исо Масиҳни “Раббий” деб тан олган кишидир (Луқо 14:33). Буни тушунганимдан кейин хизматимдаги мақсадим аниқ бўлди. Мен шогирдларимга нимани ўргатмоқчиман? Муқаддас Китобни ўқишними? Жамоатга бориш кераклигиними? Хушхабар айтишними? Тўғри, буларнинг ҳаммаси жуда яхши, бироқ ҳеч бири мақсад бўла олмайди. Менинг том маънодаги мақсадим — шогирдим “ўзи учун эмас, балки у учун ўлган ва тирилган Масиҳ учун яшасин” (2Коринфликлар 5:15).
Биз шогирдни қаердан оламиз? Бу саволимизга жавоб Исонинг буюк амрида пинҳон: “Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар…уларни сувга чўмдиринглар…” Хушхабарни эшитиб, уни қабул қилган одам сувга чўмдирилиш орқали ўз имонини намоён этади. Биз Хушхабар айтиш орқали шогирдларни орттирамиз. Хушхабар эса қуйидагидан иборат: Исо бизнинг гуноҳларимиз учун ўлди, сўнг тирилди, шу боис У бизнинг Раббимиз бўлди. Исонинг биз учун хочда чеккан азоблари туфайли биз Унинг олдида тиз чўкамиз. Зеро, бу азоблар Худонинг бизга бўлган чин севгисини кўрсатади. Бу чексиз, илоҳий севгига гувоҳ бўлганимиздан кейин, Унга имон билан итоат қилишимиздан бошқа иложимиз қолмайди.
52–КУН – Мағрурликдан воз кечиб, ҳақиқатни танлаш
Бир неча ҳафта давомида мен ички туйғуларим билан олишаётган эдим, ичимдаги зиддият қора булутдай мени қамраб олганди. “Нега мен бу ҳолатимдан чиқиб кета олмаяпман?” деб ўзимга савол берардим мен. Охири чидай олмай ички кечинмаларимни дугонамга айтдим. У менга шундай деди: “Сен бу масалада бир тўхтамга келишинг керак, ҳа деб иккиланиб юраверма, беқарорлигингни ташла!” Ана холос, дугонам мени беқарор деб атади!
Бу вазиятда мен икки хил йўл тутишим мумкин эди: мағрурликка берилиб, ўзимни ҳимоя қилишим, чунки имонда ўзимга яраша тажрибам бор эди. Ёки ўзимни босиб олиб, дугонамнинг сўзларини Исонинг ҳузурига олиб боришим мумкин эди, чунки бу сўзларнинг тўғри ёки нотўғрилигини Исонинг Ўзи менга айтиши керак эди.
Мен катта чойнакка чой дамлаб олдим, сўнг ўзимни босиб олиш учун ўтириб, шошилмай чойдан ичдим, ичимда эса Раббим билан суҳбат қурардим. У менга очиқ–ойдин гапирмоқчи эканига ишонч ҳосил қилиб, Муқаддас Китобни очдим. Худо мени Муқаддас Китоб саҳифалари бўйлаб қизиқарли сафарга бошлади, қалбимдаги қора булут аста–секин кўтарила бошлади. Мен қалбимнинг беқарор эканини англадим, чунки Худо ҳақидаги тушунчам икки хил экан. Яхши вақтларда ва ишим юришганда мен Худони меҳрибон, эзгу, севгига бой деб тасаввур қилардим, қийналган пайтларимда эса Худони бефарқ, олисдаги Худо деб тасаввур қилардим.
Агар мен мағрурликка берилиб, дугонамнинг гапидан хафа бўлганимда эди, Худонинг менга айтадиган гапидан қуруқ қолган бўлардим. Кейинги сафар кимдир сизнинг ҳаётингизга гапирса, албатта Раббимизнинг ҳузурига кириб: “Бу одамнинг гапида жон борми?” деб сўранг.
53–КУН – Ҳаётимиз йўли
Мен машинани катта трассада ҳайдаганимда, ўзимга қулай бир йўлакни танлайман. Шу сингари, Худо ҳам ҳаёт йўлимизни белгилаган, биз бу ҳаётни самарали тарзда яшаб ўтишимиз учун, У ҳар биримизга алоҳида қобилиятлар берган, ҳаётдаги мақсадимиз ва тажрибамиз ҳам шунга мутаносибдир. Агар инсон ўзининг тўғри йўналишига тушиб олган бўлса у максимал даражада ўсади, хизмат қилади ва баракат топади. Устозлар ўз шогирдларига тўғри йўналишни топишларига ёрдам бериш шарафига эгадирлар. Бунинг учун қуйидаги қоидаларни эсда тутинг:
- Шогирдингизга чақириғини кашф этишга ёрдам беринг.Шогирдингиз бошқаларга тақлид қилмасин, улардай бўлишга интилмасин, зеро, бу тузоқдир. Худо ҳар бир инсонни муайян мақсад учун яратган, шу боис, шогирдингиз ҳам Худо режасидаги ўз ўрнини топиши шарт.
- Зарур пайтда “йўқ” деб айта оладиган бўлсинлар. Бугунги кунда кўп одамлар ишга кўмилиб кетган, ҳаддан ташқари кўп жавобгарликни ўз бўйнига олишган. Аммо улар ўз йўналишини топганларидан кейин, бошқа ишларга рад жавобини беришлари керак бўлади. Ўзларига мос келмаган яхши имкониятлардан воз кечиш осон эмас, бунга фақат ибодат ёрдам бера олади.
- Шогирдингизга Худонинг иноятида яшашга ёрдам беринг.Устоз сифатида биз шогирдларимизга Худонинг иноятига таянишни ўргатишимиз керак. Худонинг инояти ва лутфу карамига таянган инсон ўз эътиборини қилган ишига эмас, ўзининг кимлигига, яъни Худонинг фарзанди эканига қаратади. Худонинг кимлигини билганимиздагина биз ўз йўналишимизда иккиланмай кетамиз ва кўплаб бошқа овозларга “йўқ” деб айта оламиз.
54–КУН – Исо сингари таълим бермоқ
Исо Ўз издошларига руҳий ҳақиқатни юксак маҳорат билан ўргатарди. У қуруқ сўзлар билан кифояланмасди. Шогирдлар учун Исонинг сўзлари амалда қандай ишлашини кўриш ғоят муҳим эди, улар кўрганлари ҳақида суҳбат қуришарди. Исо шогирдларни ўстиришда учта нарсага эътибор берарди: таълимотни амалда кўрсатиш, унинг моҳиятини тушунтириш ва аниқлаштириш. Бунга мисол Юҳанно 13–бобда берилган.
Бу жуда машҳур парча бўлиб, Исонинг шогирдларига берган охирги сабоқни — фидоийларча хизмат қилишнинг муҳимлигини кўрсатади. Исо шогирдларининг оёқларини ювиб, етакчиларнинг қўли остидаги одамларга қандай хизмат қилиш кераклигини ўргатади. Биз ҳам, Исодан ўрнак олиб, шогирдларимизга сабоқни амалда кўрсатишимиз керак. Агар сиз имонга янги келган одамга Хушхабар айтишни амалда ўзингиз кўрсатмасангиз ва ўргатмасангиз бу дарсни у ўзлаштира олмайди.
Исо шогирдларининг оёқларини ювиб бўлганидан кейин, қилган ишининг моҳиятини тушунтириб, шундай деди: “Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам ўшани қилишингиз керак. Мен сизларга ўрнак кўрсатдим” (15–оят). Сиз ҳам шогирдларингизга сабоқ берганингизда ҳар бир ишни амалда кўрсатиб, сўнг уни батафсил тушунтиринг.
Исо қилган ишини шарҳ билан боғлаш ниятида шогирдларига қуйидагича савол берди: “Ҳозир нима қилганимни тушундиларингми?” (12–оят). Кейин Исо бу саволига ўзи аниқ ва тиниқ жавоб берди.
Агар биз Исонинг ўқитиш усулини қўлласак, Худо шогирдларимизнинг юракларида амалга ошираётган ишни янада маромига етказамиз.
55–КУН – Мулойимлик орқали ишончли муносабатларни қурмоқ
Қалби яраланган ва чил–парчин бўлган бу дунёда шогирдлар устозига ишонишлари учун вақт талаб қилинади. Мен ёшлигимда жафо чеккан одамларга устозлик қилишдан бош тортганман ва бу менинг хатоим эди. Мен ўзим ҳаётимда кўп азоблар чекканимдан кейин, бир нарсани тушундим: қалби яраланган одамлар ўзларини ҳаммаси яхши бўлгандай тутадилар. Улар бир муддат тўғри ишлар қилишга тиришадилар, бироқ эртами–кечми яралари ва эзилган қалби бунга дош бера олмайди, уларга шифо керак бўлади.
Исо умидсизларга ва дилабгорларга ҳаёт бериш учун келган (Луқо 4:18–21). Исо одамларга қандай муносабатда бўлган бўлса, биз ҳам бошқаларга шундай муносабатда бўлишимиз даркор. Бу дегани, одамларнинг яраларига сезгир бўлишимиз керак. Биз одамларнинг яраларига қандай ёндашсак, одамларнинг муносабати бизга нисбатан шунга яраша бўлади.
Ўзаро ишонч ҳосил қилмоқ учун, биз одамларнинг яраларига мулойимлик ва меҳр билан шифо беришимиз керак. Одамлар имонда ўсиб, кучлироқ бўлганларидан кейин, чуқурроқ нарсаларни ўрганишади. Аммо бошланғич даврда, биз уларнинг даражасига тушиб, мулойимлик билан муносабат қилишимиз шарт.
Шу боис, ишонч орттиришга вақт сарф қилинг. Бу узоқ вақт олиши мумкин, аммо шундагина чин муносабат қурилади, чунки биз одамларнинг ташқи ҳаракатига боғланиб қолмаймиз. Биз шунчаки Худо билан бирга одамларнинг руҳий ҳаётини босқичма–босқиб бунёд қилаётган бўламиз.
56–КУН – Хато қилсанг тавба қил!
Бир куни мен катта синф ўқувчиларига Муқаддас Китобдан дарс ўтдим. Ўшанда “қилган хатоларимиз” ни қандай ҳал қилишимиз кераклигини ўргатдим. Мен одатда хатога йўл қўйганимда фарзандларимга “Илтимос, мени кечир, айб мендан ўтди”, деб айтаман, шу пайт бир ўқувчи ўз қулоғига ишонмай менга бақрайиб қараб қолди. Дарсдан кейин у менга шундай деди: “Менинг отам ҳеч қачон бундай сўзларни менга айтмаган!”
Афсуски, бу йигитнинг мисоли кўпларга тааллуқлидир. Бизнинг дунёимизда одамлар камолот ва мукамаллик олдида бош эгишади. Аслида эса, ҳаётнинг бу томонида ҳар бир тирик жонзотнинг камчилиги бор, ташқи гўзаллигимиз ва салобатимиз остига иллатларимиз яширинган. Аммо 1Юҳанно 3:2–3 да ёзилишича биз Исони кўрадиган вақтгача ўзимизни поклашимиз ва ўзгаришимиз даркор. Бинобарин, Худо бизда бошлаган эзгу ишини, то Масиҳ келгунга қадар давом эттиради.
Мен шундай бир очиқлик олдим: камчиликларимиз ва ожизликларимизни тан олишимиз аслида мумтоз бир қобилиятдир. Бу қобилият бизни — Масиҳнинг издошларини бошқалардан ажратиб туриши мумкин. Кўп имонсизлар ўзларининг иллатларини биладилар ва ич–ичидан Худонинг улар учун яратган режаси бўйича яшашни истайдилар. Агар биз — масиҳийлар уларни шартсиз севги билан севиб, борлигича, иллатларига қарамай қабул қилсак, улар Масиҳ пойига тиз чўкадилар.
Ишаё китобининг 66–боб, 2–оятида шундай ёзилган: “Ахир, ҳаммасини Ўз қўлларим билан яратганман, ҳа, бутун борлиқ Мен туфайли мавжуддир, — демоқда Эгамиз. — Камтар, мўмин бўлган одамга, Каломим олдида титрайдиганга Мен эътибор қиламан.” Бу дегани, биз иллатларимизга қарамай, Масиҳ каби бўлишга интилишимиз керак. Хатога йўл қўйганимизда ёки айб иш қилиб қўйганимизда кечирим сўрашимиз керак. Атрофимиздаги одамлар буни кўришади.
57–КУН – Зарар келтирадиган устозлик
Зарар келтирадиган устозлик қандай бўлади?
- Жаҳолат. Айрим чўпонларга ҳеч ким устозлик қилмаган, шу боис улар ҳам қандай устозлик қилишни билишмайди ва бунинг моҳиятини тушунишмайди.
- Қўрқув. Айрим чўпонлар шогирд орттиришни хоҳлашмайди, чунки кейин бориб шогирдлар унинг жойини олишдан қўрқишади. Шу боис улар ҳеч кимга устозлиқ қилишмайди. Қандай қўрқинчли сўзлар! Афсуски, бундай ҳолатга ўзим гувоҳ бўлганман. Умид қиламанки, сиз бундай вазиятда эмассиз.
- Сабрсизлик. Исонинг шогирд ўстириш усулини ҳеч қайси жамоат етакчиси самарасиз деб айта олмайди. Аммо биз етакчиларнинг қилган ишига эътибор берсак, уларнинг аксарият қисми Исонинг шогирд орттириш қоидаларига асло риоя қилмайди. Исо хизматининг биринчи кунида нима қилди? У катта бир тадбирни режа қилмади. Маъбадга бориб, Ўзини Худо деб эълон этмади. Юҳанно 1:35–42–оятларда Исо хизматининг биринчи кунида нима қилгани баён қилинган.
Исо Ўзига шогридлар танлашни бошлади. Бу Унинг биринчи куни эди! Сўнг уларга 3 йил вақтини сарф этди.
Maтто 28:20 “Мен сизларга буюрган ҲАММА нарсага амал қилишни уларга (шогирдларга) ўргатинглар” Исонинг бу амрини бажариш учун вақт талаб этилади!
2Тимўтий 2:2 “Энди бу таълимотни бошқаларга ҳам ўргатишга қобилияти бор, ишончли одамларга топширгин.” Буни қисқа вақтда қилиб бўлмайди!
Ҳаворийлар 20:27 “Ахир, мен Худонинг ҳамма мақсадини сизларга баён қилишдан бўйин товламадим.” Биз ҳам шу гапни айта оламизми?
Самимийлик вақти: Агар биз шогирд орттиришда Исодан ўрнак олмасак, Исога “Бу вазифани Сендан ҳам яхшироқ бажара оламан”, деб айтгандай бўламиз.
Тавба қилиш вақти: итоатсизлигимизни тан олайлик ва шогирд орртиришда Исога тақлид қилайлик.
58–КУН – >Мўл эккан, мўл ўриб олади
“Шуни унутмангки, оз эккан оз ўриб олади, мўл эккан эса мўл ўриб олади” (2Коринфликлар 9:6).
Ҳаворий Павлус даврида деҳқонлар ўта қашшоқ бўлганлари учун оз уруғ экардилар, чунки оиласини ҳам зўрға боқардилар. Улар бор донини йиғлагудек бўлиб экардилар ва Худодан яхши ҳосил сўраб илтижо қилардилар. Мўл ҳосил етилганда эса, қўрқув ўрнини шодлик эгалларди. Масиҳга хизмат қилишни ҳам деҳқончиликка ўхшатса бўлади.
Биз турли йўл билан уруғ экамиз: “Ҳаёт қиммат, келажагимиз ноаниқ, шу боис бу йили эҳсон беришни камайтираман”, деб ўйлаймиз. Ёки “Жуда бандман, тез чарчайман, озгинага жаҳлим чиқадиган бўлиб қолган, шу боис хизмат қилмай қўя қоламан”. Оз эккан одамнинг виждони қийналади, чунки у Худога тегишли қисмини бермаганини билади. Виждон қийноғи уни хурсандчиликдан маҳрум қилади.
Мўл эккан одамнинг виждони эса покдир. Бундай одам вазиятга эмас, Худога қарайди. У саҳийлик билан уруғ экади, ўрнига эса хурсандчилик ва мамнуниятни ўриб олади. Шундай йўл тутгани инсон худбин истакларига қул бўлмайди, аксинча бошқаларга хизмат қилганидан севинчга тўлиб юради.
Мўл экиш учун одам Худога таяниши лозим. Бундай одам пашша қуриб ўтирмайди, у Худо билан биргаликда аниқ режалар тузиб, ҳаётини мазмунли тарзда ўтказади. Худо биздан Ўз ёрдамини аямайди, У доим Ўз сўзига содиқдир. Худонинг Шоҳлиги учун мўл эккан инсон мўл ҳосил олади. Хурсандчиликнинг сири ҳам шундадир.
59–КУН – Менинг ҳаётим қандай?
Мен тоза ҳавода сайр қилиб юришни яхши кўраман. Ҳозирги тезкор дунёда сайр қилиб юриш учун одам атайин вақт ажратиши ва бу вақтни олдиндан режалаштириши керак. Шу боис, юрган йўлимизда тоза ҳаводан баҳра олиш учун ҳар бир имкониятдан самарали фойдаланишимиз даркор.
Исо юриш ва сайр қилиш ҳақида бир нечта муҳим гапни айтган: 2Коринфликлар 5:7нинг Юнон тилидан сўзма–сўз таржимасида шундай ёзилган “Имон билан юринглар”, 1Юҳанно 2:6 да “Исо Масиҳ юргандай юринглар”, Забур 25:1 да “тўғри юриш” ибораси тилга олинган, Матто 28:19 да эса “Шунинг учун бориб, шогирд орттиринглар”, деб ёзилган. “Бормоқ” деган феъл ҳам ҳаёт сари йўл босиб юрмоқни билдиради.
Мен кўпинча Исонинг ҳаётини кўзим олдига келтираман, Исо йўл юрганида одамлар билан суҳбатлашарди, уларга қўл теккизиб шифо берарди, турмуш сирларини ўргатарди, назаримда У ҳеч қачон шошилмасди. Унинг турмуш тарзи мени Ўзига ром қилади, мени юпатади, фикримни жамлаб олишимга ёрдам беради, тўғри йўлга мени бошлайди. Менинг ҳаётим–чи? Мен ҳаёт йўлимни босиб ўтарканман, менинг ҳаётим бирорта одамни ўзига ром қилармикан? Ёки улар менинг доимо шошилиб юрганимга, ишларим уюлиб ётганига, ўзим билан ўзим овора бўлиб юрганимга қараб, мендай яшашни асло истамасмикан? Ҳаёт йўлимда учрайдиган имкониятлардан мен самарали фойдаланяпманми? Исо билан яшаганимни кўрган одамлар менга ҳамроҳ бўлишни истайдиларми?
60–КУН – Оятларни ҳаётингизга тадбиқ қилинг
Муқаддас Китоб оятларига ҳаёт бахш этишнинг бир йўли бу — оятдаги мазмунни ўз сўзингиз билан ифода этишдир. Ўзингизга мос келадиган оятни танлаш учун қуйидаги маслаҳатларга риоя қилинг:
- Турли вазиятларда хаёлингизга кўп келадиган оят қайси? Ўша оятга эътибор беринг.
- Сиз учун чуқур мазмунга эга бўлган ва сизга таскин берадиган оят қайси? Уни ўзингиз учун белгилаб олинг.
- Бирор иллат — ғазаб, хавотир, мағрурлик ва ҳоказоларга қарши курашаётган бўлсангиз, мавзуга мос келадиган оятни танланг.
Ўзингизга мос келадиган оятни танлаб олганингиздан кейин, уни шошилмай, бир неча марта ўқинг. Пунктуация қоидаларига риоя қилган ҳолда оятни ифодали ўқинг. Дафтарга оятдаги ҳар бир сўз ёки иборани алоҳида–алоҳида қаторга ёзиб чиқинг. Ҳар бир сўз ёки ибодардан кейин бир–икки қатор бўш жой қолдиринг. Бу бўш жойларга сиз сўзнинг маъносини ёзиб, уни ўз сўзингиз билан ифодалайсиз.
Энди ҳар бир оятни ўз сўзингиз билан ифода қилган иборалар ёрдамида кўчиринг ва уни ўз вазиятингизга тадбиқ қилинг. Оятдаги “сиз” ва “биз” каби олмошларни ўз исмингизга ўзгартиринг. Агар оятдаги “синов” ёки “гуноҳ” каби сўзлар вазиятингизга тўғри келса, уларни таърифлаб ёзинг.
Агар сиз оятдаги сўзга маънодош сўзни топишга қийналсангиз, изоҳли луғатдан ёки синонимлар луғатидан фойдаланинг. Оят мазмунини, иложи борича, тўлиқ ифода этишга ҳаракат қилинг. Ўз сўзларингиз билан ифода этган оятингиз тугал маънога эга бўлсин.
Оятдан ўрганиб олган ҳақиқат ҳақида фикр юритинг. Худодан ёрдам сўранг, У сизга нима ўргатмоқчи эканини ва оятдаги ҳақиқатни амалда қандай ишлатиш кераклигини кўрсатсин.
61–КУН – Юз ўгириб кетган шогирдларга муносабат
Мен шогирд ўстирган йилларимга қараганимда кўпдан–кўп кувончли дамларни эслайман. 2Тимўтий 2:2 да ёзилгани каби, кўп шогирдларим бошқалар учун руҳий ота бўлдилар.
Аммо шу билан бирга тушкунликка тушган кунларим ҳам бўлган. Бунга сабаб — қилган кўплаб ибодатларимга, сарф этган вақтим ва кучимга қарамай, айрим шогирдларим Раббимизни тарк этиб, дунё эҳтиросларига боши билан ғарқ бўлганлар. Бундай оғир дамларда фақатгина Муқаддас Китоб мени юпатиб, далда берарди. Шундай онларда мен Яҳудо Ишқариётни эсга олардим, ахир, биринчи бўлиб ўша шогирд Исони тарк этганди. Кейинчалик Юҳанно, Марк ва Димас бу дунёга кўнгил боғлаб, Павлусга кўп қайғу келтиргандилар (2Тимўтий 4:10). Аммо менга кўп сабоқ берган оят бу Юҳанно 6:66 дир. У ерда ёзилишича, кўп шогирдлар Исодан юз ўгириб, Унга эргашмайдиган бўлдилар! Юнон тилида ушбу парча аниқ ва равшан ёзилган, ўша шогирдлар Исонинг олдига умуман қайтиб бормадилар! Қандай кулфат!
Раббимиз бизни хизматга чорлаганда, ҳеч қачон бизга булутсиз осмонни ёки осон йўлни ваъда қилмаган. Устознинг йўли машаққатли йўлдир, бу йўлни биздан олдин Етакчимиз ва Йўлбошчимиз Исо Масиҳ босиб ўтган. Шогирд орттиришга чақирилган ҳар бир инсон билиши керакки, бу хизмат биздан қурбонликни талаб этади. Дарҳақиқат, шогирд орттира олишимиз учун, биз авваламбор, ўзимиз ҳам шогирд бўлишимиз шарт. Зеро, биз ўзимизда йўқ нарсани бошқаларга бера олмаймиз. Агар буюк Мураббийимиз бўлмиш Исодан ва бошқа буюк устозлардан айрим шогирдлар юз ўгириб кетган бўлишса, ишончингиз комил бўлсинки, сизлардан ҳам юз ўгириб кетишади.
Бундай вазиятда биз Исога тақлид қилишимиз керак. Юҳанно 6:67 ва кейинги оятларда Исо ҳақида нима ёзилган? Бундай вазиятга дуч келган Исо Ўзини қандай тутди? У шогирд орттиришдан воз кечмади. Асло! Сиз–чи?
62–КУН – Доим тайёр бўлмоқ
Хушхабар айтиш учун туғилган ажойиб имкониятдан лол қолиб, мен шошилганимча сумкамдан Муқаддас Китобни ахтара бошладим. Мен Жамила билан шунчаки, овқатлангани чиққан эдик. Биз бир–биримиз билан яхшироқ танишиш мақсадида кафега бориб ўтирганимизда ажойиб бир имконият туғилди. Бу ёш талаба қиз Худони қидириб юргани яққол кўзга ташланарди. Мен Муқаддас Китобни топиб олишим биланоқ Жамилага: “Илтимос, Римликлар 6:23 ни ўқиб беринг”, деб таклиф бердим. Сўнг кўприк расмини чизиб, Жамилага оятнинг мазмунини содда тарзда тушунтирдим. Худо билан муносабат қуриш ҳақида бироз суҳбат қурганимиздан кейин, Жамила Исони Нажоткор ва Раббий сифатида қабул қилишга қарор қилди.
Кузнинг ўша ажойиб кунида Жамила билан рўй берган вазият 1Бутрус 3:15–оятнинг моҳиятини тушунишимга ёрдам берди: “Масиҳга бўлган умидингиз ҳақида сиздан сўраган ҳар бир кишига жавоб беришга доимо тайёр туринглар”. Мен кўп марта Хушхабар айтиш мақсадида кўчага чиқардим, аммо ўша пайтларда фақат уруғ экиш билан куним ўтарди. Бу сафар эса, мен Хушхабар айтишни асло режа қилмаган бўлсам ҳам, Худо бунинг учун ажойиб бир имкониятни берган эди. Уруғ экиш борасидаги олдинги тажрибам бу сафар менга ас қотди.
Жамиланинг ҳаётига кўплаб одамлар илгарилари уруғ сепган эдилар, аммо Худо Ўзининг чексиз инояти туфайли унинг ҳаётидан ҳосил ўриб олишимга менга ижозат берди. Бу вазият доим тайёр туришимиз учун ниҳоятда яхши эслатмадир. Ахир, шунчаки овқатлангани чиққанингизда ҳам бундай ажойиб имконият туғилиб қолиши мумкин!
63–КУН – Масиҳга тақлид қилмоқ
“Сизларга жуда қаттиқ кўнгил боғлаган эдик. Шунинг учун сизларга Худонинг Хушхабарини айтибгина қолмадик, балки юрагимиздан ҳам жой бердик” (1 Салоникаликлар 2:8).
Шогирдларга юракдан жой бермоқ: Павлус, Силас ва Тимўтий шогирдлик қилганларида айнан шундай йўл тутгандилар. Юқоридаги оятда Павлус Салоникадаги шогирдларга уларга бўлган дилкаш муносабатини билдирмоқда. Павлус уларга таълим бериш билан чекланиб қолмади, балки ҳар бирига ўз қалбидан жой берди. 1Салоникаликлар 5–бобда Павлус уларнинг манфаатини кўзлаб, Салоникада яшагани ҳақида ёзади. Салоникалик шогирдлар Павлусга тақлид қила олишлари ва Масиҳга ўхшаб боришлари учун Павлус шундай қилганди.
Павлус шогирдларга ўгит беришнинг уч йўлини тилга олади: далда бериш, юпатиш ва Худога муносиб ҳаёт кечиришга ундаш.
Павлус, Силас ва Тимўтий Исо Масиҳга тақлид қилардилар. Улар ўз ҳаётлари мисолида шогирдларига сабоқ берардилар, уларни чин дилдан яхши кўрардилар. Улар билан бирга кун кечириб, ичидаги дардлари ва армонларини билардилар. Шу боис уларга руҳан ўсиш учун қандай ёрдам ва қандай туртки бериш кераклигини тушунардилар.
Шогирдига ўз қалбидан жой берган устоз шогирдига кўп вақтини бағишлаши ва сабр–тоқатли бўлиши керак, аммо бунинг натижаси ажойибдир. Павлус шогирдларга устозлик қилишдан завқ оларди, улар Масиҳга тақлид қилганларидан боши осмонга етарди.
64–КУН – Шогирдлар ўзларини ёмон тутганларида
Имонли биродарларингиз ўзларини нотўғри тутганларида, уларни тўғрилаш сизга ёқадими? Менга ёқмайди, бироқ шогирдни тўғри йўлга солиш ва тўғрилаш устознинг вазифасидир. Муқаддас Китобда “бир–бирингизни севинглар”, деб ёзилган, биз бир–биримизни шу даражада севишимиз керакки, айб ва хатоларимизни кўрсатиб, танбеҳ бера оладиган бўлишимиз керак. 2Тимўтий 3:16 да ёзилган сўзлар айб иш қилиб қўйган инсоннинг қалбини тиклашга ёрдам беради.
Таълим бериш. Одамга танбеҳ беришдан олдин унга шундай савол беринг: Сен Худонинг амрларини биласанми? Агар суҳбатдошингиз ғийбатчи бўлса ёки бошқаларни аёвсиз танқид этса, ундан: “Муқаддас Китобда ғийбат ҳақида нима ёзилганини биласанми?” деб сўранг. Агар у бундан бехабар бўлса унга ушбу мавзуга оид оятларни ўқинг ва оятлар борасида биргаликда мулоҳаза қилинг.
Танбеҳ бериш. Бу дегани суҳбатдошингизнинг қилган айбли ишини юзига солиш, уни фош қилиш. Сиз суҳбатдошингизга шундай деб айтишингиз мумкин: “Мен сизда бир камчилик борлигини кузатдим, ўша ҳақида сизга айтсам майлими?” Агар у рози бўлса, сиз гапингизда давом этиб, айтинг: “Балки, мен гапингизни нотўғри тушунгандирман, аммо сиз синфингиздаги бир талаба ҳақида ёмон сўзларни айтдингиз. Бу айтган сўзларингиз Муқаддас Китобга зиддир. Нима айтмоқчи бўлганимни тушунгандирсиз?”
Хатоларни тузатиш. Суҳбатдошингизнинг айбини фош этганингиздан кейин, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб, шундай деб айтинг: “ Мен ҳам баъзан қўпол сўзлар айтиб юбораман, лекин бу камчилигим билан курашиб, уни йўқ қилишга ҳаракат қиляпман. Келинг, сиз ҳам ҳеч бир одам ҳақида бундай қўпол гапларни айтманг. Келишдикми?”
Тарбия бериш. Ниҳоят, суҳбатдошингизга далда бериш ва унинг кўнглини кўтариш учун Муқаддас Китоб оятларидан фойдаланинг. Шогирдингиз босқичма–босқич Масиҳга ўхшаб бораверади.
Бировнинг хатосини фош қилиш осон эмас, аммо шундай қилишга мажбурмиз. “Ҳақиқатни севги билан айтиб” бир–биримизга насиҳат қилсак ва бир–биримизни тўғри йўлга солсак Муқаддас Китоб амрини бажарган бўламиз.
65–КУН – Яширин хазинани излаб топиш
Бир куни кутилмаган бир тарзда дўстим менга пул совға қилди, мен ишларим билан банд бўлганим боис, пулни кейинроқ банкка олиб бориш ниятида, пул солинган конвертни стол устига қўйиб қўйдим. Кейин, пулни олмоқчи бўлиб борсам, конверт қўйган жойимда йўқ экан. Мен уйнинг ҳамма ёғини қараб чиқдим, лекин уни топа олмадим. Бундан анчагина асабийлашдим.
Биз ҳаммамиз нарса йўқотганмиз, айниқса қимматбаҳо нарсани йўқотганимизда барча имкониятларни ишга солиб, уни топишга ҳаракат қиламиз. Ҳикматлар китобида қимматбаҳо нарсани қидириб топиш ҳақида сўз юритилган.
“…уни кумуш излагандай изласанг, яширин хазина қидиргандай қидирсанг, Эгамиздан қўрқиш нима эканлигини тушунасан, Худо кимлигини биласан.” (Ҳикматлар 2:4–5).
Матндаги “у” олмоши доноликка ишора қилади. Биз доноликни қаердан топамиз? Худонинг Сўзидан. Биз йўқотган нарсамизни топиш учун, эринмай бутун уйни титиб чиқамиз, маънавий хазина бўлмиш доноликни топиш учун эса Муқаддас Китобга мурожаат этмаймиз. Энди, бир паст сукут сақлаб, қалбингизга боқинг, Муқаддас Китобда пинҳон бўлган хазиналарни топишга ичингизда қанчалик иштиёқ борлигига эътибор беринг.
Ўша куни кечқурун қарасам, мусор олиб кетадиган одам катта бир мусор челагимизни бўшатмабди. Мен челагимизни титкилаб чиқиб, дўстимнинг саҳий совғасини ўша ердан топдим. Мен хурсанд бўлиб, Худога шукурлар айтдим!
Келинглар хурсанд бўлайлик, ахир, Худонинг ҳаётбахш хазиналари бизни интизорлик билан кутмоқда. Бу ҳафта сиз Худонинг Каломидан қанчалик кўп хазина топишга ҳаракат қиласиз?
66–КУН – Итоат қилишга вақтингиз йўқми?
Барҳаёт Худо ҳар биримизга итоат қилишимиз зарур бўлган вазиятларни юборади. Бундай вақтларда биз ўз режаларимизни бир четга суриб қўйишимиз ва Худонинг овозига қулоқ сола олишимиз учун қуйидагиларга риоя қилишимиз даркор:
Худонинг овозини эшитишни машқ қилинг. Мен ётоқхонамда сокинликда Худонинг овозига қанча кўп қулоқ солсам, шовқин дунёда Унинг овозини шунча яхши таний оламан.
Самимий бўлинг. Айрим пайтларда худбинлигим тутиб қолиб, мен фақат ўзимни ўйлайман ва итоат қилишни асло истамайман. Бундай ҳис–туйғуларимни Худо билан ўртоқлашганимда, Унинг менга гапирган овозини эшита оламан.
Бошқалардан ажралиб туришдан қўрқманг. Айрим пайтларда итоаткорлик бошқаларга ғалати бўлиб кўриниши мумкин. Биз кўпинча Марта каби фикр юритиб, ўзимизни иш билан банд қилишга уринамиз. Ҳаддан ташқари кўп жавобгарликни ўз бўйнимизга оламиз. Агар биз бўш бўлиб қолсак, бошқалар бизни ишёқмас, нафсониятга берилган ёки керак бўлмай қолган, деб ўйлашларидан қўрқамиз. Аммо мен ҳар бир дақиқада Худога итоаткор бўлишни истасам, мен фақат Самовий Отам айтган ва буюрган нарсаларни қиламан. Худонинг бошқаруви ёки иродаси йўқлигини сезган пайтимда мен “йўқ” деб айтаманми? Ёки атрофимдаги одамларнинг раъйига қараб иш тутаманми? Лазарнинг бетоблиги ҳақидаги хабар Исога етиб борганда, У дарров йўлга тушмади, балки атайлаб икки кун кутди. Исо Ўзини бундай тутгани атрофдагиларга тушунарсиз эди. Марям билан Марта ҳам бошида буни тушунмадилар. Шу сингари, айрим вақтларда ҳаётимиздаги итоаткорлик атрофимиздаги одамларга ғалати бўлиб туюлиши мумкин.
Аммо Худога итоаткор бўлиш, зиммамиздаги мажбуриятимиздир, биз истаймизми ёки истамаймизми уни бажаришимиз шарт. Ҳаётий вазиятлардаги итоаткорлигимиз натижасида гўзал бир турмуш вужудга келиб, Худога улуғворлик келтиради.
67–КУН – Вазифалар
Команда самарали тарзда ишлаши учун ва яхши натижаларга эриша олиши учун команданинг ҳар бир аъзоси ўз вазифасини ва мажбуриятини аниқ–тиниқ билиши шарт.
Жамоат ҳам команда мисолидир. Шу боис Худо бизга Эфесликлар 4:11–12–оятларда вазифаларимизни бўлиб бериб, уларни аниқ таърифлайди: чўпонлару устозлар мураббий бўлишлари керак, жамоат аъзолари эса шогирдлар бўлиб, берилаётган сабоқни қунт билан ўрганишлари шарт. Токи чўпонлар ва устозлар ўз ишларини хурсанд бўлиб бажара олсинлар.
Бўлиб ўтган воқеа: бир одамни жамоатга чўпон бўлиш учун таклиф қилишди. У жамоатга мазмунли ва қизиқарли ваъз тайёрлаб келди, қилинадиган хизмат билан танишиб чиқди, сўнг эса чўпон бўлишдан бош тортди. Нимага? Бу саволга ўша одам шундай жавоб берибди: “Жамоат аъзолари худди томошабинларга ўхшайди. Уларга ҳамма нарсани ўзи бажарадиган чўпон керак, улар эса фақат ўтириб, чўпонни ғийбат қилишга одатланганлар.” Унинг бу гапи жамоат аъзоларига етказилганда, уларнинг айримлари ғазабдан тутақиб кетдилар: “Унинг бундай деб айтишига нима ҳаққи бор?!”– дея. Аммо бошқалари туриб, чўпоннинг гапида жон борлигини тан олишди. Жамоат аъзолари Худога ёлвориб, тавба қилишди, сўнг ўша одамга хат ёзиб: “Илтимос, бизга чўпонлик қилинг”, деб сўрашди. У келди. Жамоат аъзолари чўпоннинг аъло бошқарувига бўйсундилар, натижада жамоат катта баракат олди.
Эфесликлар 4:11–12–оятларни ўқинг. Бу оятлар шунчаки маслаҳат эмас. Жамоат Худонинг режасини амалга ошира олиши учун ушбу оятлардаги кўрсатмаларга бекаму кўст риоя қилиши шарт. Балки томошабин бўлиш вақтингиз ниҳоясига етгандир?! Қачон ўрганишни бошлайсиз? Қачонки жамоатдагилар ўз вазифасини тўлиқ бажарса, жамоат гуллаб яшнайди.
68–КУН – Ёнини олмоқ
Инсон қалбига энг кучли зарба ва азоб берадиган яра бу рад этилиш бўлса керак. Шунинг учун бўлса керакки, ажралиш одамни тубсиз жарликка улоқтиргандай бўлади. Доимо уруш–жанжал ва келишмовчилик бўладиган оилада ўсган ёки ота–онасининг ажралишига гувоҳ бўлган болалар одатда “Ҳеч кимга керак эмасман”, деган хулосага келадилар.
Рад этилмоқнинг қарама–қарши маъноси бу “ёнини олмоқ”. Агар сиз бирор кишининг ёнини олсангиз, унга нисбатан марҳамат ва ғамҳўрлик қилган бўласиз. Ишаё 62:2–5 да шундай ёзилган: “Халқлар ғалабангизни, шоҳлар шуҳратингизни кўради. Улар сизни янги ном билан атайди. Бу номни Эгамизнинг Ўзи сизларга беради. Сизлар Эгамизнинг қўлида гўзаллик таллақоши, Худойингиз қўлида шоҳлик тожи бўласиз. Энди сизни “Тарк этилган” деб айтмаслар…Зотан, Эгамиз сиздан мамнун бўлади…Куёв келин билан қандай шод бўлса, Худойингиз сиз билан шундай севинади.”
Худо инсоннинг ёнини олиши учун ва унга ғамхўрлик кўрсатиши учун, инсон Худонинг овозини эшитиши керак. Исо шундай деган: “Менинг қўйларим овозимга қулоқ солади. Мен уларни танийман, улар эса Менга эргашиб юришади.” (Юҳанно 10:27). Исо бугун ҳам бизга гапиради. Агар биз Унга қулоқ солсак, У бизга гапиради ва бизнинг ёнимизни олади. У Ўзининг тўкилган қони туфайли бизни сотиб олди, номимизни кафтига ёзиб олди (Ишаё 49:16).
Сиз Худонинг ҳузуридан баҳра оляпсизми? Унинг паноҳида бўлишдан завқланяпсизми?
69–КУН – Жажжи кўзлар ва қулоқлар
Катта ўғилчам бошини чайқатиб, укасига муҳим бир нарсани ўргатганини томоша қилишни жуда яхши кўраман. У овозини катталарникига ўхшатиб, мен унга ўргатган айрим гапларимни оқизмай–томизмай укасига айтади. Сўнг менга жилмайиб қараб: “Ана кўрдингизми, ўргатганларингизнинг ҳаммасини илиб олдим”, деб айтгандай бўлади.
Хўжайиним билан икковимиз ушбу икки жажжи ўғлимизга мураббийлик қилиш шарафига муяссармиз. Агар биз бу вазифамизни тўғри бажарсак, ўғилларимизнинг ҳаётида кўп самара кўрамиз. Ҳаётимнинг энг юксак ютуғи бу — икки ўғлимни Исони севадиган, Худонинг йўлида юрадиган, оқ кўнгил, доно ва инсонларга меҳр улашадиган инсонлар қилиб тарбиялашдир.
Мен ўз ўғилларимга Худо борасида таълим беришим учун, Худо уларни севишини ва ҳаётлари учун режаси борлигини ўргата олишим учун, авваламбор ўзим Худони таниб билишим, Унинг севгисини татиб кўришим ва ўз ҳаётим учун бўлган режасини билишим керак. Тўғрисини айтсам, фарзандларга доим хавотирда қўрқиб яшашни ўргатиш жуда осон. Аммо бу уларнинг руҳиятини синдиради.
Жажжи кўзлар сизни кузатиб, жажжи қулоқлар гапингизни интиқ билан эшитаёганини билиш катта маъсулиятдир, баъзан бундан мен саросимага тушиб қоламан: “Фарзандларим учун етарлича меҳнат қилмаяпман, жуда кўп вақтимни интернетга сарф этяпман, уйни тозаликда сақлай олмаяпман”, деб ўзимни айблай бошлайман. Аммо, Худога шукурки, Худо самимиятим туфайли менга ёрдам бериб, хатоларимни тузатишга имкон яратади. Кўпинча У мен орқали қилган буюк ишларни менга кўрсатади.
70–КУН – Руҳий батареянгизни ёқинг
Худо билан муносабатимни мазмунли ва тирик сақлашим учун нима қилишим даркор? Қуйида айрим маслаҳатлар берилган:
- Гуноҳ йўқлигига ишонч ҳосил қилинг. Биз банд бўлиб, айрим ҳолларда билиб–билмай қилган хатоларимиздан тавба қилишни унутиб қўйишимиз мумкин. Забур 138:23–24–оятларни айтиб, ибодат қилинг.
- Ишга бел боғланг! Балки Худо сизга маълум бир ишни қилишни буюргандир, сиз эса уни орқага сураётгандирсиз? Ишни орқага суришни бас қилинг, Худонинг айтганини бажаринг.
- Кундалик озуқа. Сиз ҳар куни Муқаддас Китобни ўқияпсизми? Худонинг айтган сўзларига қулоқ соляпсизми? Зеро, Худо ҳар куни сиз билан гаплашмоқчи! Балки сиз ташлаб қўйган Китобни ўқиш вақти келгандир?
- Мувозанатни текширинг. Баъзан ўзимиз билмаган ҳолда ҳаётимиздаги мувозанатни йўқотиб қўямиз. Кун тартибимизни кўздан кечириш вақти келгандир?! Ўзингизга шундай савол беринг: “Сажда, ибодат қилиш, рўза тутиш, биродарлар билан муносабат қуриш ва Хушхабар айтишга риоя қиляпманми ёки йўқми?” Балки кун тартибингизни буткул ўзгартириш вақти келгандир?
- Сукунат. Иложи борича атрофингиздаги шовқин–сўрондан ўзингизни олиб қочишга ҳаракат қилинг. Сукунатда қолинг, бутун диққат–эътиборингизни Худога қаратинг. Биз жамоат билан тоққа чиққанимизда, нонуштадан кейинги бир соат вақтни сукунатга бағишлардик. Бу мени ҳайратда қолдирди. Бир соат давомида умуман гапириш мумкин эмасди! Бу вақтда биз бутун эътиборимизни фақат Худога қаратар эдик.
- Масиҳийча ҳаётингиз ҳақида мулоҳаза қилинг. Худо ҳаётингизда қилган ажойиб ишларини эсланг…натижада сиз Худони улуғлаб, Унга сажда қиласиз!
71–КУН – Эркаклар эркакларни шогирд қилиши
Ҳаворий Павлус эркакларга устозлик қилиб, бу борада катта тажрибага эга эди. У Хушхабар айтгани қаерга бормасин, доимо ўзи билан Барнабо, Силас ёки Луқони ҳамроҳ қилиб олиб кетарди. Улар доимо Павлусга далда беришарди ва уни руҳлантиришарди. Павлус эса ўз навбатида уларга руҳан ўсишига ёрдам берарди.
Тимўтийнинг ҳаётидан бир мисол. Павлус Листра шаҳрига Хушхабар айтиш сафарига кетаётганида ёш ва қобилиятли йигит Тимўтийга ўзи билан бирга боришни таклиф қилди. Кейинчалик Павлус Тимўтийни “имондаги содиқ ўғлим”, деб атади, Тимўтий Павлуснинг ишончини оқлади ва Эфес шаҳридаги жамоатнинг чўпони бўлди (Ҳаворийлар 16:1–3; 1 Тимўтий 1:2–3).
Ҳаётининг сўнгги дамларида Павлус ёш ўринбосарига шундай насиҳат қилди: “Сен кўп шоҳидлар ҳузурида Хушхабар ҳақида таълим берганимни эшитгансан. Энди бу таълимотни бошқаларга ҳам ўргатишга қобилияти бор, ишончли одамларга топширгин” (2Тимўтий 2:2).
Яқинда мен шунга ўхшаш вазиятни кузатдим. Эркакларнинг гапида Арман жамоатидаги Воҳидга устозлик қилгани ҳақида гап очди. Воҳид эса ўз навбатида Илҳомни шогирд қилиб олганини айтди. Илҳом–чи? Илҳом ўсмирлар билан ишлашни бошлагани билан ўртоқлашди.
“Устозга ҳамроҳлик қилиш шартми?” — деб сўрадим мен. Арман, Воҳид ва Илҳом: “Албатта, — деб жавоб беришди. — Ахир, Худо бизга шогирд орттиришни буюрган!”
72–КУН – Омадсизликнинг бошқа томони
Биз ҳаммамиз хатога йўл қўямиз, аммо хатоларимиз ҳаётимизни барбод қилиши керак эмас. Бутрус Исодан тонганида катта хато қилганди. Бироқ кейин Бутрусни кучли, жасур, Муқаддас Руҳга тўлган, катта йиғинда минглаб одамларга кучли ваъз айтган ҳолатда кўрамиз (Ҳаворийлар 2:14–41). Исо Бутруснинг тонишига қандай муносабат билдирди? Ўликдан тирилган Исо Бутрусни хизматга юборди (Юҳанно 21).
Худо бизнинг хатоларимизга қандай муносабат билдиради? “Ҳатто қоқилса ҳам йиқилиб тушмайди, Эгамиз мадад бериб, қўлидан ушлайди” (Забур 36:24) Ушбу оятдаги ибронийча “қоқилса” сўзи “хато қилса” деган маънони беради. Биз хато қилганимизда Худо биздан воз кечиб юбормайди. Хато қилган тақдиримизда ҳам пешонаси шўр, омадсиз одамга айланишимиз керак эмас.
Исонинг овозини эшитяпсизми? У бизга шундай демоқда: “Биламан, сен қийин вазиятларга дуч келасан. Балки сен учун бу — боши берк кўчадай туюлар. Аммо Мен доим сен билан бирга бўламан, сени тўғри йўлга солиш учун хивич билан урмайман, камчиликларинг устидан кулмайман, гуноҳингни хаспўшламайман, сенга мадад бериш учун ёнингда бўламан. Сен қилган хато орқали Мен қудратимни кўрсатаман, камчиликларинг дастидан азоб чекканингда устингга иноятимни ёғдираман. Иноятим туфайли хатоларингга қарамай муваффақиятга эриша оласан. Қарор қилиш энди сендан.”
73–КУН – Биргаликда йўл босиб ўтмоқ
Бир нарсани билиш менга жуда қизиқ эди.
Худо менга марҳамат кўрсатиб, мени тажрибали, ўта муваффақиятли, бир умр шогирд ўстирган ажойиб бир инсон билан таништирди. “Қандай қилиб ўша одам бутун умри давомида Худога яқин бўлиб, собитлик билан Унинг йўлидан юрган экан?” деган савол менга тинчлик бермасди. Буни билишни жуда қизиққаним учун, охири ундан сўрадим.
У менга Ҳикматлар 28:13 ни иқтибос қилди: “Ўз гуноҳларини яширган ютуққа эришмайди, уларни тан олиб, воз кечган марҳамат топади”.
Сўнг гапида давом этиб, деди: “Бундан деярли ярим аср муқаддам мен жамоатдаги эркаклар йиғилишига бориб қолдим, у ерда биз Муқаддас Китобни биргаликда ўрганардик. Бир куни йиғилишдан уйга қайтиб келганимда хотинимга, бўлди энди бу йиғилишларга бормайман, деб айтдим. ≪Ундай қилманг, — деди хотиним, — сиз ҳар сафар йиғилишдан келганингизда кайфиятингиз яхши бўлади. Шунинг учун бу йиғилишларни ташламанг.≫
Шунинг учун йиғилишларга доим қатнашадиган бўлдим.
Аста–секин гуруҳимиздаги одамлар ўзгара бошлади. Эркаклар ниқобларини еча бошладилар, ўз яралари, ожизликлари, қийинчиликлари ҳақида ўртоқлашадиган бўлдилар. Бир йигит мағрурлигидан қийналарди. Бошқаси жаҳлини тия олмасди, яна бошқаси порнографияга ружу қўйганди, бошқаси эса ўзига паст назар билан қарарди.
Шунда биз Ҳикматлар 28:13 ни ўзимизга шиор қилиб олдик. Бир–биримиз билан доим учрашишга, муаммоларимиз ҳақида очиқ гапиришга, бир–биримизга далда беришга қарор қилдик. Орамиздаги гап сир бўлиб қолади, деб келишдик. Аммо доим бир–биримизга ҳисобот берадиган бўлдик.
Мана, 40 йилдирки, биз мутассил тарзда учрашиб турибмиз, ўла–ўлгунимизча шундай қилишга қарор қилдик. Дўстларимга ҳисобот беришим, уларнинг далда сўзлари ва кўллаб–қувватлаши туфайли мен қариган чоғимда ҳам Худонинг йўлида собит қадам ташламоқдаман.
Балки сиз ҳам Ҳикматлар 28:13 га асосланган гуруҳни бошлашингиз керакдир? Бундай гуруҳ ҳаётингизга барқарорлик беради.
74–КУН – Сиз Масиҳни янада яқинроқ таниб–биляпсизми?
2Бутрус 3:18 да бизга шундай амр берилган: “Ўз ҳаётингиз билан Худони мамнун этинглар, Раббимиз ва нажоткоримиз Исо Масиҳни янада яқинроқ таниб–билинглар.” Биз Масиҳни янада яқинроқ таниб–биляпмизми ёки йўқми? Буни нимадан билишимиз мумкин?
Руҳан улғайишимизни биз эман дарахтининг ўсишига қиёслашимиз мумкин, бу ўсишни кўз билан илғаб бўлмайди, лекин уни кўриш учун олдинги ҳолат билан солиштириш мумкин. Қуйида берилган 10 та савол руҳан ўсган ёки ўсмаганингизни аниқлашда сизга ёрдам беради. Бу саволлар ёрдамида ўтган 6 ёки 12 ойни баҳоланг.
- Сиз олдингидан кўра, ҳозир Худога кўпроқ чанқоқмисиз?
- Сиз бошқаларга кўпроқ меҳр бера оляпсизми? Ўз манфаатингизни кўзламай, бошқаларга олдингидан кўра кўпроқ ёрдам беряпсизми?
- Худога нисбатан сезгирроқ бўлдингизми?
- Худонинг Каломига олдингидан кўпроқ риоя қиляпсизми?
- Бошқаларнинг жисмоний ва руҳий муҳтожликлари сизни кўпроқ қизиқтирадиган бўлдими?
- Жамоатдаги хизматга ва Худонинг шоҳлигини кенгайтиришга кўпроқ қизиқиш билдиряпсизми?
- Руҳий тарбия сиз учун муҳимроқ аҳамият касб этадиган бўлдими?
- Гуноҳларингизни кўра оладиган бўлганмисиз?
- Бошқаларни кечириш сизга ҳозир осонроқми?
- Сиз жаннат ҳақида кўпроқ ўйлайдиган бўлгансизми? Исо билан бирга бўлишни хоҳлайсизми?
75–КУН – Жилға қуриб қолганида
“Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилди: «Бу ердан кет, шарқ томога бор. Иордан дарёси шарқидаги Харит жилғаси ёнида беркиниб ол. Сен ўша жилғанинг сувидан ичасан, қарғаларга амр бердим: улар сени боқишади.» Илёс Эгамизнинг амрига биоан, бу ердан кетди…орадан бир неча кун ўтгач, жилға ҳам қуриб қолди. (3Шоҳлар 17:2–7).
Айрим пайтларда Худо бизни бошқа томонга олиб кетиш учун жилғанинг қуришига йўл қўяди.
Беш йил муқаддам мен жилғам ёнида “гуллаб яшнардим”. Менинг қуролли кучлардаги ишим дунёдаги кўп халқлардан, чунончи ҳарбийлар ва чет эллик талабалардан шогирд орттиришимга имкон берарди. Мен бехатар хонамни тарк этмай бор кучимдан самарали фойдаланардим!
Аммо бир куни жилға қуриб қолди. Худо мени хонамдан чиқариб, дунёга юборди. Ҳозирги кунда мен шогирдларимга юзма–юз устозлик қиламан. Мен одамлар билан самимий бўлишим ва улар мени рад этганларида буни тўғри қабул қилишим керак. Мен хонада ўтириб ўргана олмаган сабоқларни, яъни сабр–тоқат қилиш ва ишимга содиқ қолиш каби хислатларни энди ўрганмоқдаман. Мен шогирд сифатида ҳам, устоз сифатида ҳам анчагина ўсдим.
Илёснинг жилғаси қуриб қолганда Худо уни бир бева аёлнинг олдига жўнатди. Бизнинг ҳам жилғамиз қуриб қолганда биз қоқилишимиз ва қайғуришимиз мумкин, аммо бундай пайтларда Худонинг садоқатига инонишимиз даркор. У бизга айни керакли нарсани етказиб беришга ишончимиз комил бўлиши шарт.
76–КУН – >Амалий дарслардан олинган сабоқлар
- Бир йил давомида ўнта биродар бирга ҳар ҳафта учрашиб туришга қарор қилди. Ҳар бир биродар ибодат қилиб, имонга янги келган одамни ўзига шогирд қилган. Йиғилиш бошида ҳар бир биродар ҳафта давомида шогирди билан нима қилгани ҳақида ҳисобот берарди. Бундай учрашувлар натижасида уларнинг дунёқараши анча ўзгарди, улар ўзлари учун кўп нарса ўрганиб, катта баракат олишди. Бир–бирига берган ҳисоботи натижасида шогирдликнинг сифати анча яхшиланди.
- Бир йил давомида жамоатимизда “Хушхабар айтиш” ва “Шогирд орттириш” мавзуси бўйича бир нечта семинар ўтказилди. Семинарлар давомида воизхонлар етук масиҳийларни имонга янги келган масиҳийларга устозлик қилишга чақиришди. Агар имонга янги келган одамларни имонда ўстирмасак, Хушхабар айтиш мазмунсиз бўлиб қолади. Жамоатимиздаги биродарлар имонга янги келган масиҳийлар билан ишлашни бошлаганларидан кейин Худо жамоатга янги одамларни олиб кела бошлади. Жамоатга келаётган одамларнинг аксарият қисми янги таълимотни эшитиш ёки илоҳиётшуносликдан сабоқ олиш учун эмас, балки самимий дўстларга эга бўлиш учун келишади. Натижада жамоатимиздаги муҳит ўзгарди, мен бундан жуда хурсанд бўлдим. Жамоат йиғилишларидан кейин одамлар қолиб, бир–бирлари билан суҳбатлашар, ибодат қилишар ва маслаҳатлашардилар. Одамлар бир–бирининг уйига борадиган бўлишди. Шогирд орттирган биродарлар ўзларида қандай инъом–қобилият борлигини билиб олишарди ва улардан самарали фойдаланишарди. Ҳа, шогирд орттириш одат тусига кирганда жамоатлар гуллаб–яшнашни бошлайди.
- Шогирд орттириш қимматга тушади. Уйни қуриш учун вақт талаб қилингани сингари, шогирд ўстириш учун ҳам вақт талаб этилади. Шогирдга вақт ажратиш, пул сарф қилиш, юракдан жой бериш керак. Шогирд билан еб–ичиш, унинг муаммоларини ҳал этиш қачон тугайди? Аммо шундай бир вақт келадики, у бошқа бировга устозлик қилади. Шунда сиз руҳий бобожонга айланасиз! Қилган барча меҳнатингизнинг самарасини кўрасиз!
77–КУН – Агар ҳаётимни бошқатдан яшай олганимда
Муқаддас Китобда нафақат одамлар ва халқларнинг муваффақияти, балки уларнинг муваффақиятсизлиги ҳақида ҳам ёзилган. Биз бу муваффақиятсизликлардан ўзимиз учун сабоқ олишимиз, ўтмишдан ўрганишимиз керак. Агар мен сизга қилган хатоларим ва нотўғри ишларим ҳақида айтиб, сиз ҳам бундай хатога йўл қўймаслигингизни уқтирсам, бундан катта фойда бўлиши мумкин. Агар мен аччиқ тажрибандан келиб чиққан ҳолда бошқа бировни бундай хатодан асрай олсам, жуда хурсанд бўламан.
Борди–ю, мен ҳаётимни бошқатдан яшай олганимда эди, қуйдагича ўзгартиришлар киритган бўлардим:
- Худо ҳаётим учун белгилаган мақсадда собит турган бўлардим, қўрқувга берилмасдим.
- Фарзандларим ёш бўлган пайтда улар билан бирга кўпроқ сажда қилган бўлардим, уларни руҳан тарбиялардим ва ҳаётдан улар билан бирга кўпроқ завқ олган бўлардим.
- Худодан кўпроқ баракатлар ва ғалабалар сўраган бўлардим, Унинг буюк ваъдаларини ҳаётимда кўпроқ эълон қилардим.
- Худонинг инояти билан гуноҳлар ва васвасаларга қатъийроқ қаршилик кўрсатган бўлардим, уларга осон ўлжа бўлмасдим.
- Ҳаётимдаги қийинчилигу азобларни характеримни шакллантирадиган омиллар деб билган бўлардим.
- Қўлим остидаги одамлар билан дўст тутинган бўлардим, улардан шубҳа қилмасдим.
- Умримнинг ҳар бир кунида Муқаддас Китобни ўқирдим ва оятларни ёд олардим, ўрганганимни эса ҳеч иккиланмай амалда қўллаган бўлардим.
- Ёшлигимданоқ бирон хоббини ўзимга танлаган бўлардим.
78–КУН – Зулм
Айрим устозлар қўли остидаги шогирдларига зулм ўтказадилар. Қандай қилиб?
- Бундай одамлар шогирдларини ўзига тегишли буюмдай ҳисоблайдилар. Қандай аҳмоқлик! Ҳар бир тирик жоннинг Соҳиби Худодир (1Бутрус 2:9). Худо шогирдларни сизга қисқа бир вақтга берди, сиз уларни бир муддат ўстириб, сўнг Худонинг хизматига уларни жойлаштиришингиз керак.
- Ўзингизни катта тутиб, ҳаммага иш буюрганингизда. Чўпон бир куни менга шундай деди: “Сен фалон вақтда, фалон колледжга ўқишга киришинг керак, бу Худонинг иродасидир.” Кичириб қўйибсиз! Ахир, чўпоним Муқаддас Руҳ эмас–ку! Шогирдингиз ҳаётида кузатган нарсаларни унга айтишингиз жуда керак ва фойдалидир. Аммо ўз фикрингизни Худонинг фикри, деб таъкидлаш ноўриндир, ахир, сиз Худо эмассиз–ку. Устозлик қилганда ҳаддингиздан ошиб кетманг.
Биз Масиҳга қай даражада тақлид қилсак, шогирдларимиз ҳам бизга фақат шу даражада тақлид қилишлари керак. 1Коринфликлар 11:1.
- Шогирдингиз чақaлоқ эмас, унга катта одамдай муомала қилинг. Бу борада Павлусдан ўрнак олайлик. Тимўтий Янги Аҳд саҳнасига чиққанида ёш йигит эди ва унга устоз керак эди. 1Коринфликлар 16:10–оятда нима деб ёзилган? Бу оятда Павлус Тимўтий ҳақида ўзининг фикрини билдириб, “Тимўтий мен каби хизмат билан машғул”, деб ёзади, демак, Тимўтий устозлик қилиш даражасига етган ва хизмат сафарига Павлуссиз кета оларди. Биз ҳам имонга янги келган масиҳийларни қанчонлардир устозлик қилишларига кўзимиз етиши керак, ахир улар бир умрга чақалоқ бўлиб қолишмайди–ку! Вақти келиб улар бизни ҳайрон қолдирадилар. Улар биздан–да кўра кўпроқ натижаларга эришишлари мумкин!
79–КУН – Руҳий таъсир
Руҳий етакчиликни соддагина қилиб, бир сўз билан ифодаласа бўлади, бу сўз “таъсир”дир, яъни етакчи бошқа одамларнинг Худога нисбатан бўлган муносабати ва ҳаракатларига бевосита таъсир кўрсатади. Сиз билан мен бутун дунёга Хушхабар айтиш учун чақирилганмиз. Аммо бутун дунёга хизмат қилишга қурбимиз етмайди. Шу боис, биз Худо берган бир гуруҳ одамга сидқидилдан хизмат қилишимиз даркор.
Сиз: “Мен кимга хизмат қилишим керак?” — деб сўрашингиз мумкин. Ўз турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингиздан бошланг. Ота–онангиз, қариндош–уруғларингиз ва бошқа таниш одамларингизга ким хизмат қилади? Атрофингизга бир қаранг. Хизмат қилишингиз учун Худо сизга кўпдан–кўп одамларни бериб бўлган. Энди бир саволимга жавоб беринг: “Сиз атрофингиздагиларга Худони намоён қиляпсизми? Ҳаворийлар сингари Исони уларга танитяпсизми?” Худони намоён қилмоқ, дегани нимани англатади?
Атрофимиздаги одамлар биздаги жўшиб бораётган севги ва солиҳликни кўра олишлари керак. Чин севги шартсиз бўлади ва доим бошқаларнинг манфаатини кўзлайди. Солиҳлик–чи? Менинг фикримча солиҳлик камтаринликдан бошланади. “Худо мағрурларга қарши чиқади, камтарларга эса иноят кўрсатади” деб ёзилган Ёқуб 4:6 да. Агар Худо сизга қарши бўлса, сиз ҳеч қачон одамларга ижобий тарзда таъсир кўрсата олмайсиз. Аммо камтарларга Худо иноят беради.
Руҳий етакчиликнинг моҳияти қуйидагидан иборат: “Биз ўзимиз ҳақимизда эмас, Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида ваъз қиламиз. Исонинг йўлида сизларнинг хизматкорларингизмиз.” (2 Коринфликлар 4:5).
80–КУН – Васият
Келинг, ҳаётингизнинг сўнгги кунини бир тасаввур қилайлик. Шундай бир вазиятни тасаввур қилинг: бу кун ер юзидаги охирги кунингиз, сиз буни биласиз ва ҳамма яқинларингиз сизнинг атрофингизга йиғилган. Яқинларингиз билан қисқа вақт қолишингизни ҳамма билади. Шундай бир пайтда сиз уларга нима деб айтган бўлардингиз?
Энди эса, келинг, Исонинг шогирдларига айтган сўнгги сўзларига эътибор берайлик. Исо деди: “Боринглар, шогирд орттиринглар (Матто 28:19). Исо бу сўзларни шогирдларига осмонга кўтарилиб кетишидан олдин айтди. Қандай қилиб шогирд орттириш кераклигини улар жуда яхши билишарди, чунки Исонинг Ўзи уч ярим йил давомида буни уларга амалда кўрсатиб ўргатган. Исо ҳаворийларга нима буюрган бўлса, ўшаларнинг ҳаммасини улар шогирдларига ўргатишлари керак эди. Доимо ёнма–ён, елкама–елка туришлари шарт эди. Исонинг бу васият сўзлари ҳозирги кун масиҳийлар учун қандай аҳамият касб этади? Биз бу сўзларни Исо каби қалбларимизда сақлашимиз даркор.
“Бориб шогирд орттиринглар” деган сўзлар сиз учун қанчалик муҳим? Бу амрга ҳаётингизда амал қиляпсизми? Бу сўзларни ҳисобга олган ҳолда қарорлар чиқаряпсизми? Ушбу сўзларга амал қилиш учун балки ҳаёт тарзингизни ўзгартиришга тўғри келар? Бир оз сукут сақлаб ўйлаб кўринг: агар сиз Исонинг бу сўзларига тўлиқлигича амал қилсангиз ва У истагандай шогирд орттирсангиз ҳаётингиз қандай кўринишга эга бўлади?