Мағрурлик
Хосе Куберо
Хосе Куберо Испаниянинг коррида, яъни буқа жангида қатнашган энг моҳир матадор эди.
У 21 ёшда эди.
Корридада у ниҳоятда юқори кўрсаткичларга эришиб, эътибор ва шуҳрат қозонганди.
Бир куни буқа билан бўлган узоқ жангдан кейин, Хосе сўнгги марта қонга беланган, қутурган буқага қиличини санчди, буқа ерга йиқилди.
Жанг тугагандан енгил тортган Хосе уни олқишлаётган томошабинларга юзланиб, таъзим қилди.
Бироқ бир муаммо бор эди – буқа ўлмаган эди.
Хосе томошабинларга қараб қўл силтаган пайтда буқа қалқиб, оёққа турди–да, Хосени орқадан сузди. Буқанинг шохи Хосенинг юрагини тешиб ўтди.
Ўша куни Хосенинг шуҳрати, муваффақияти ва ҳаёти ўз ниҳоясига етди.
Шуҳрат ҳақидаги ҳикоя тугади.
Нимага мен буни сизларга айтиб бердим?
Ўзингизни Хосенинг ўрнига қўйиб қўринг.
Нима айтмоқчи бўлганимни тушунгандирсиз?
Мағрурлик ҳаммамиз учун катта муаммодир, айниқса, масиҳий етакчилар учун.
Биз мағрурликка қарши курашишга қарор қилишимиз керак. Бу кураш бир умр давом этадиган курашдир, унга жиддий ёндашмоғимиз даркор.
Афсуски, биз мағрурликни бир неча марта енгганимиздан сўнг, жанг тугади, деб ўзимизни бўш қўямиз, ҳимояланмаймиз.
Сюрприз!
Айни ўшандай дамда қаттиқ зарба еймиз.
Нима сабабдан биз айнан мағрурлик ҳақида сўз очдик?
Чунки масиҳий бўлиб шаклланишимизда айнан мағрурлик бизга кўп панд беради.
Мағрурлик сизга: “Ҳамма нарсани шусиз ҳам биласан”, деб шивирлайди. — Ҳамма нарсани тушунасан. Сенга ваъзларнинг кераги йўқ. Муқаддас Китобни ўқишинг шарт эмас. Маслаҳатларга зор эмассан, керакли ҳамма нарсадан воқифсан”, — дейди.
Мағрур инсон ўрганишни истамайди, Муқаддас Руҳнинг гапларини эшитмайди. Ривожланишнинг йўлини тўсади.
Ҳақиқат шуки: умримиз давомида биз мағрурлик билан курашиб келамиз.
Мағрурлик – масиҳийча ҳаётни ямламай ютадиган махлуқ, деб тўғри айтишади.
Шу сабабдан ушбу мавзу ҳақида сўз юритишимиз ва дам–бадам Ҳикматлар китобига мурожаат этишимиз ниҳоятда ўринлидир.
Эски Аҳд даврида Сулаймоннинг ҳикматлари китоби содда йигитларга буюк ҳукмдорлар бўлиб етишишига ёрдам берарди. Ҳикматлар китобида ёзилишича, ҳар бир йигитнинг йўлида учрайдиган энг катта тўғоноқ бу мағрурликдир. Шундай экан, ушбу мавзуни чуқур ўрганишимиз лозим.
Сиз машинада қурилиш объекти олдидан ўтганингизда, ҳамма ёқда огоҳлантириш белгиларини кўрасиз, ўша белгилар ёрдамида борадиган жойингизга эсон–омон етиб оласиз.
Ҳикматлар китоби худди ўшандай қурилиш зонасига ўхшайди. Ўша мўътабар китобда берилган доно ҳикматлар ёрдамида сиз Худога шараф келтирадиган ҳаётни барпо қила оласиз. Шунинг учун китобда мағрурлик ҳақида кўпдан–кўп насиҳатлар берилганига ҳайрон қолманг. Биз уларнинг ҳар биттасига эътибор беришимиз шарт.
Ҳақиқат шундан иборатки, биз мағрурликни енга олишимиз учун бизга ёрдам керак. Шу боис, ёрдам сўрашдан қўрқмайлик.
Отажон,
Ҳар бир инсон мағрурлик нималигини билади. Ҳар ким мағрурликнинг ҳалокатли таъсиридан зарар кўрган.
Ҳар бир инсонга мағрурлик билан курашишда Сенинг ёрдаминг керак.
Ҳаммамиз Сенга муҳтожмиз.
Биз Сенинг ҳузурингга муҳтожлик билан келдик, мағрурлик махлуқини енгишимизга бизга ёрдам бергин.
Илтимос, диққатимизни чалғитадиган ҳар қандай нарсани ҳозир олиб ташлагин.
Ёрдам бергин, биз ташвишларимиз ва бажаришимиз керак бўлган юмушларимиз ҳақида ўйламайлик. Бутун эътиборимизни ўрганаётган ушбу мавзуга қаратайлик.
Сенинг номинг билан ибодат қиламиз.
Омин.
Мазкур мавзуга эътиборимизни қаратар эканмиз, доим эсингизда бўлсин, мағрурлик касофати ибтидоий замондан мавжуддир.
Ибтидо китобида дунёнинг яратилиши ва инсониятнинг вужудга келиши тарихи баён қилинади.
Илк одамларнинг гуноҳ қилиши ҳам мағрурликка бориб тақалади.
Ибтидо 11:1–4–оятларда мағрурликнинг оқибати ҳақида ёзилган:
Бутун ер юзида битта тил бўлиб, ҳамма одамлар бир хил сўзлашардилар.
2 Одамлар шарқдан кўчиб, Шинар еридаги бир текисликка келдилар ва ўша ерда жойлашдилар.
3 Одамлар бир–бирларига: “Келинглар, ғишт қуйиб, яхшилаб пиширайлик”, дедилар. Шундай қилиб, улар қурилиш учун ғиштдан, қоришма учун қора сақичдан фойдаланадиган бўлдилар.
4 Кейин одамлар айтдилар: “Келинглар, ўзимиз учун шаҳар қурайлик, шаҳар минорасининг чўққилари осмонга тегиб турсин. Шу тариқа ном таратайлик. Акс ҳолда, биз бутун ер юзига тарқалиб кетамиз.”
Биз буюкмиз, қўлимиздан кўп нарса келади.
Осмонга тегиб турадиган минора қурайлик, шу тариқа ўзимиз учун ном таратайлик.
Биз ҳаётдан устунмиз.
Бу билан одамлар: “Худодан мустақилмиз”, деб айтаётган эдилар.
Ўзларига бўлган ишончининг рамзидир бу.
Худо бу вазиятда нима қилди?
Ибтидо 11:5-9 да шундай ёзилган:
Одамлар қураётган шаҳарни ва минорани кўриш учун Эгамиз пастга тушди. 6Эгамиз деди: “Қаранглар, ҳаммаси битта халқ, ҳаммасининг тили бир! Бу ҳали улар қилмоқчи бўлган ишнинг бошланиши, холос. Ҳадемай, улар кўнглига келган ишни қилишга қодир бўладилар. 7 Қани, пастга тушайлик–да уларнинг тилини аралаштириб юборайлик, токи бирининг гапини иккинчиси тушунолмай қолсин.” 8 Шундай қилиб, Эгамиз уларни ўша ердан бутун ер юзи бўйлаб тарқатиб юборди. Одамлар шаҳар қурилишини тўхтатдилар.
9 Эгамиз ҳамма одамларнинг тилини ўша ерда чалкаштириб, уларнинг ўзларини бутун ер юзига тарқатиб юборгани учун шаҳарнинг номи Бобил бўлиб қолди.
Инсоннинг мағрурона ҳаракатларига Худо доимо бир хил жавоб беради.
Бундай ўтакетган манманликнинг оқибати ҳеч қачон яхши бўлмайди.
Ҳикматлар 29:23
Одамнинг мағрурлиги уни паст қилади,
камтарин эса иззат–ҳурмат топади.
Одамнинг мағрурлиги уни паст қилади деганда, мағрур инсон Худонинг олдида шармандаларча бўйин эгишга мажбур бўлиши назарда тутилган.
Юқоридаги ҳикматнинг замирида: “Мағрурлик инсонни шарманда қилади, камтаринлик эса уни юксалтиради” деган ғоя ётади.
Бобил минораси ҳақидаги воқеа Муқаддас Китобнинг бошида келгани бежиз эмас. Бу ҳикоя барча замонлардаги авлодларга сабоқ тариқасида берилган бўлиб, мағрурликнинг ҳалокатли оқибати ҳақида барчамизни огоҳлантиради.
Мағрурлик ўзига ром қиладиган васвасадир. Шу боис, тўғри йўлдан оғиб кетмаслигимиз учун бизга кўп огоҳлантирувчи белгилар керак.
1–огоҳлантириш: мағрурлик умиддан маҳрум қилади.
Ҳикматлар 26:12
Ўзини доно деб ўйлаганни кўрганмисан?
Ундан кўра, ақлсиздан умид кўпроқ.
Агар сиз мағрурланиб кетсангиз, умрингиздан хушнуд бўлмайсиз.
Бу ҳикматда ўзини доно деб билган одам ҳақида ёзилган. Бироқ ундан бошқа ҳеч ким уни доно деб ҳисобламайди. У бошқаларнинг назарида эмас, фақат ўзининг назарида доно.
Бу мағрурликдир.
Мағрурларнинг қисмати ёлғизликдир, чунки манманлик одамнинг кўзларини шу қадар кўр қиладики, у фақат ўзини ҳақ деб билади.
Мағрур одам гўёки: “Менга қаранг! Мен ҳаммадан устунман”, дегандай бўлади.
Ҳикмат эса бизга уқтиради: “Мағрурга яхшилаб қаранг, ўзингиз учун сабоқ олинг. Бу нодон одам ўзи яратган дунёда яшайди. Келажакдан умид қилади, ҳаловат кутади, аммо у адашади, чунки мағрурнинг косаси оқармайди. Мағрурлиги унга панд беради. Келажагидан у асло хушнуд бўлмайди. Зеро мағрурнинг қисмати аҳмоқникидан ҳам баттар бўлади.”
Мағрур одам ўзини буюк деб билгани учун кўрдир, у нотўғри тасаввуридан воз кечиб, Масиҳга юз буриши керак. Мағрур одамнинг иккита муаммоси бор: нодонлик ва ўзи ҳақида нотўғри тушунча.
Матто 21:28-31 да шундай ёзилган:
28 Сўнг Исо уларга деди: “Сизлар мана бунга нима дейсизлар? Бир одамнинг икки ўғли бор экан. У катта ўғлининг ёнига келиб:
— Ўғлим, бор, бугун узумзорда ишла, — дебди.
29 — Бормайман! — дебди ўғил. Аммо кейин айтган гапига пушаймон бўлиб, борибди.
30 Ота кенжа ўғлининг олдига бориб, ўша гапини айтибди. Бу ўғил:
— Бўпти, бораман, ота, — дебди, аммо бормабти. 31 Икковидан қайси бири отасининг хоҳишини бажарди?”
“Биринчиси”, — деб жавоб берди улар.
Исо уларга: “Сизларга чинини айтайин, — деди. —Солиқчилар билан фоҳишалар Худонинг Шоҳлигига сизлардан олдин кириб борадилар.”
Исо Масиҳ даврида олий руҳонийлар Исога душманлик қилганлар. Уларни маталдаги иккинчи ўғилга ўхшатсак бўлади. Улар: “Худонинг амрини бажарамиз”, деб айтганлар–у, аммо айтганларини қилмаганлар.
Шу боис солиқчилар билан фоҳишалар Худонинг Шоҳлигига олий руҳонийлардан олдин кириб борганлар. Эсингизда бўлса, улардан баъзилари Исо ўтирган хонага томни очиб тушганлар.
Солиқчилар одамларни алдаб, фирибгарлик билан шуғулланардилар. Улар ва фоҳишалар жамиятнинг энг паст табақасига мансуб эдилар.
Аммо олий руҳонийлар юқори мартабага эга бўлишларидан қатъий назар жоҳил эдилар, улар ўзларига ҳаддан ташқари юқори баҳо берардилар. Манманликнинг бадбўй хиди улардан анқиб турарди. Улар Муқаддас Китобни биламиз, деб ўйлардилар. Ўзлари ўйлаб топган инсоний урф–одатларни ҳаммага рўкач қилардилар. Ўзларини Осмон Шоҳлигининг посбонлари деб билардилар. Қандай даҳшат! Бизнинг руҳий ҳаётимиз–чи, у қандай аҳволда?
Ўзига бино қўйган бу руҳонийларнинг оғзидан чиққан гаплари ҳам бадбўй бўлгандир. Улар ўзларидан олдин Осмон Шоҳлигига кираётган солиқчилар ва фоҳишаларни кўриб, кўзлари косаларидан чиқиб кетгудек бўлгандир.
Биз ҳаммамиз келажакдан баракат ва ҳаловат кутамиз, аммо Жалилалик Исо бу ҳақда нима дейди?
Мағрур одамнинг нажот топиши ниҳоятда қийин, чунки мағрур киши ўзи ҳақида нотўғри тушунчага эгадир ва ўша нотўғри тушунчаларини ўзгартиришни у асло истамайди.
Бир киши юқоридаги гапни ўқиб, шундай ёзган эди:
“Ё Эгам, ўзимни алдашимга йўл қўймагин. Мағрурлигимни фош этгин, сохта донолигимдан мени озод қилгин. Бошдан оёққача мени камтаринликка буркагин.”
Балки сиз ҳам шундай деб ибодат қилишингиз керакдир?
Худо ер билан яксон қилиши керак бўлган мағрурлик қалъаларини биз барпо қиляпмизми?
Агар атрофимиздаги бирорта одам бизни доно деб билмаса, биз ўзимизни доно деб ҳисоблашимиз ўринлими? Балки ҳақиқатни тан олиш вақти келгандир?!
Демак, биринчи огоҳлантириш қуйидагилардан иборат: мағрур одам келажакдан умид қилмаса ҳам бўлади, унинг косаси оқармайди.
Иккинчи огоҳлантириш: мағрур одам ожиздир.
Яқинда бир футбол командаси мусобақада ютқазди, ғазабга минган ишқибозлар реферини дўппослашга ҳаракат қилишди.
Бу вазиятнинг асл муаммоси нимада эди?
Биринчидан, ишқибозлар ўз командасининг мағлубиятини тан олишга ожиз эдилар, буни кўтара олмасдилар. Улар ўзларига шундай деб айтган бўлишлари мумкин:
— Йўқ, биз мағлубиятни асло қабул қила олмаймиз. Ғуруримиз поймол бўлишига йўл қўймаймиз. Рефери ноҳақ, уни яхшилаб дўппослаб, абжағини чиқарамиз!
Ҳикматлар 27:1–2 да шундай ёзилган:
Эртанги кунинг билан мақтанма,
Унинг нима олиб келишини билмайсан–ку!
2 Сени ўзинг эмас, бошқалар,
ўз оғзинг эмас, ўзгалар мақтасин.
1–оятда ёзилишича, мағрур инсон келажагини кўра олмайди. Бу оятдаги калит сўз “мақтанмоқ”.
Муаллиф бу оятда, эртанги кунга режа тузма, деб айтмоқчи эмас.
Эртаги кун учун пул сақлаб қўйма, деб ҳам айтмоқчи эмас.
Аммо эртаги кун билан мақтанмоқ нодонликдир, йўқ нарса билан фақат аҳмоқ одам мақтанади.
Исонинг айтган қуйидаги масали ёдингиздами?
Луқо 12:16-20
16 Исо уларга шундай масал айтди:
“Бир бой одамнинг даласи мўл ҳосил берибди.
17 Бой кўнглида:
— Нима қилсам экан, ҳосилимни сақлашга етарли жойим йўқ–ку, — деб ўйлабди.
18 Ниҳоят, у шундай дебди:
— Энди бундай қиламан: омборларимни бузиб, каттароқларини қураман. Ҳамма дон–дунларимни, бойликларимни ўша ерда сақлайман. 19 Шунда ўзимга ўзим дейман: “Кўп йилларга етадиган мол–мулк тўпладим. Энди роҳатланаман, еб–ичаман, кайфу сафо қиламан.”
20 Аммо Худо унга шундай дебди:
— Эй нодон! Шу тундаёқ жонинг олинади. Йиғиб–терган мол–мулкинг энди кимга қолади?!
Биз ҳаммамиз келажакни билишни хоҳлаймиз: “Қанийди, келажакка ақалли бир кўз ташлай олсам эди”, деймиз.
Афсуски, бундай қила олмаймиз.
Бирор киши: “Мен Исони Нажоткорим деб бугун эмас, эртага қабул қиламан”, деб айтса бу мағрурликдан даракдир, чунки ўша одам эртага тирик бўлиши ёки бўлмаслигини билмайди–ку.
У эрталабгача яшамаслиги ҳам мумкин.
Бир донишманд шундай деган эди: “Инсоний хавфсизликдан умидини узган одам том маъноси билан хавфсиз бўлади. Негаки у ўз умидини Эгамизга боғлайди.” Дарҳақиқат, бундай ёндашув бизни кўплаб кўнгилсизликлардан асрайди!
Ҳикматлар 27:2
Сени ўзинг эмас, бошқалар,
Ўз оғзинг эмас, ўзгалар мақтасин.
Мағрур одам ўзига тўғри баҳо бера олмайди.
Бир машҳур кино актрисаси шундай деганди: “Мен ўзимга ярашадиган кўйлакни кийсам, атрофимдаги ҳар қандай эркакни ўзимга шайдо қила оламан.”
У ўзига ортиқча баҳо бериб юбормадимикан?
Самимий мақтов инсон учун қимматбаҳо зар чопон кабидир, уни ўзингиз кия олмайсиз, уни сизга бошқа биров кийидириб қўйиши даркор.
Яҳё пайғамбар ўзини Исонинг чориқ ипларини ечишга номуносиб деб биларди. Бироқ Исо Яҳёнинг бу камтаринлигини мукофотлаб, уни шундай деб мақтаганди: “Сизларга чинини айтай: бутун инсон зоти орасида Яҳё чўмдирувчидан улуғи йўқ.”
Бу сўзлари билан Исо Яҳёнинг елкасига шараф чопонини ёпгандай бўлди. Ўша чопонни Яҳёнинг ўзи кия олмасди.
Бир римлик юзбоши Исога шундай деганди: “Ҳазрат! Кулбамга оёқ босишингиз учун номуносибман.”
Исо юзбошининг бу гапини эшитиб, ҳайратланди. У шундай деди: “Сизларга чинини айтайин: Мен Исроил халқи орасида бундай кучли имонга эга бўлган биронта одамни учратмадим.”
Юзбоши ўзини мақтамади. Мақтов чопонини унга Исо кийдириб қўйди.
Биз ўзимизнинг кучли томонларимизни ва камчиликларимизни кўра олмаймиз. Тўғри баҳони бизга ўзимиз эмас, ўзгалар беради, ҳақиқий мақтовни бошқалар айтади.
Мен ойлар давомида мураккаб бир лойиҳа устида ишлаган эдим.
Тинмай ёрдам учун ибодат қилардим. Кўп тер тўкканимдан кейин, ниҳоятда ишим якунига етгандай бўлди. Шунда мен мамнуниятимни яшира олмадим. Ўзимни мақтаб: “Зўр чиқди!” дедим.
Шунда мағрурлик махлуқи бадбашара калласини ташқарига чиқаргандай бўлди! Менга ўхшаб мағрурлиги билан курашганлар бордир?!
Иккинчи огоҳлантириш:
Мен ожизман, чунки ўзимнинг келажагимни кўра олмайман ва ўзимга тўғри баҳо бера олмайман.
Ташвишланманг, биз яна бир нечта огоҳлантиришни кўриб чиқамиз.
Учинчи огоҳлантириш: мағрур одам обрў топмайди.
Ҳикматлар 21:24 да шундай ёзилган:
Такаббур ва мағрурнинг номи “мазахчи”,
Ҳамма нарсани манманлик билан қилади.
Оятнинг маъносини тушундингизми?
Мағрур одам, мартабага эгаман, деб ўйлайди.
Тўғри, унинг ҳам ўзига яраша мартабаси бор.
Аммо бу мартабаси ўзи ўйлагандан анчагина паст.
Аслида у мазахчидир. Мазахчи сўзи иброний тилида энг ҳақоратли сўз ҳисобланади.
Мағрур одам ўзида йўқ бўлган обрў ва эътиборни талаб қилади.
Мен бу мавзу ҳақида мулоҳаза қилар экаман, хаёлимга XXI-аср шоу юлдузлари келади. Агар интернетга кирсангиз ёки телевизор кўрсангиз ўша юлдузларнинг барча янгиликларидан бохабар бўласиз.
Бу юлдузлар ким? Уларнинг гўзал қоматидан бошқа таҳсинга сазовор томонлари бормикан? Улар уйланиб ажрашишдан чарчамайди, бу ишидан бошқа эътиборга лойиқ бирор иш қилдиларми?
Ўшандай юлдузларга бўлган ихлосимиз дунёқарашимизнинг саёзлигини кўрсатади.
Ҳозирги кунда жамиятимиз мағрур одамларни қаҳрамонлар деб билади, уларга сажда қилишимиз учун ҳамма ёққа уларнинг тасвирларини осиб қўяди.
Фақатгина Худо одамларга тўғри ном беради, Худонинг босган муҳрини ҳеч ким ўчира олмайди.
Миср фиръавни шундай деганди:
Чиқиш 5:2
Эгамиз ким ўзи?! Унинг сўзига кириб Мен Исроил халқини қўйиб юборайми?!
Ўша фиръавн мағрурлиги оқибатида кўп азобларни бошдан кечирди.
Унинг обрўси тўкилди!
Мағрурлик инсонни беобрў қилади.
Инсон ўзини мақтамаслиги керак, ўзига бино қўймаслиги керак.
Мағрур одам ўзини доно, кучли ва обрўли деб ҳисоблайди, аслида эса мағрурлиги уни айнан ўша нарсалардан маҳрум қилади.
Ўзингизни минбарга чиқаринг, шунда минбардан тезда қулаб тушасиз.
Бунга кўплаб мисолларимиз бор. Мағрурларнинг қисмати бир, агар уларнинг изидан юрсак, уларнинг ҳолига тушамиз.
Биз севган қаҳрамонларимиз, қаҳрамон бўлишга арзийдими ўзи?
“Аслида ҳар биримиз Худонинг касалхонасидаги ногиронлармиз. Аҳлоқимиз ва руҳиятимиз биз тасаввур қилганимиздан кўра анча хаста ва мажруҳдир, касал ва майибдир, лат еган ва яралангандир, шол ва изидан чиққандир.”
Такаббур одамнинг мағрурланадиган ҳеч қандай томони йўқ, чунки мағрурлик инсонни беобрў қилади.
Мен пул масаласи устида ишлаганимда бир ҳамкоримнинг нотўғри қарор чиқарганига гувоҳ бўлдим. Бу ҳамкорим кўп йиллик имонли, катта обрўга эга эди, шунинг учун унинг хатосини бетига айтишга ҳеч ботина олмадим. Лекин у қилган хато ниҳоятда жиддий бўлгани учун, мен бунга кўз юма олмадим.
Шу сабабдан мен ибодат қилдим, сўнг юрак ютиб, унинг нотўғри қарори ҳақида сўз очдим. Мен гап очишим биланоқ ҳамкорим нотўғри қарор чиқарганини тан олди… Шундан кейин унга бўлган ҳурматим ғоят даражада ошди.
Ҳамкорим хатосини тан олишга қўрқмади, айбини ҳеч кимга тўнкамади, ўзини оқламади. Мағрур одам ўзининг обрўси ҳақида ўйлаб, алдаган бўларди.
У эса бундай қилмади.
Мағрурлик обрў келтирмайди. Бу учинчи огоҳлантиришдир.
Тўртинчи огоҳлантириш: мағрурлик одамнинг бошига бало келтиради.
Ҳикматлар 15:25 да шундай ёзилган:
Эгамиз такаббурни хонавайрон қилади,
Беванинг мол–мулкини сақлайди.
Мен яшаган шаҳарда кўплаб жиноятчи гуруҳлар бор.
Бу оятда ёзилишича ўша жиноятчи гуруҳлар Худонинг жазо олиш рўйхатига киритилган.
Улар хатар остида эканини ўзлари ҳам билмайдилар.
Бу оятда келтирилган сатрларнинг маъносида катта фарқ бор. Муаллиф атайин шундай ёзган. Худо такаббурнинг ўзини ҳам жазолайди, мулкини ҳам соғ қўймайди. Такаббурнинг бор–йўғи йўқ бўлади. Унинг манманлиги, ўзига бино қўйгани, ютуқлари, тошбағирлиги ва мутакаббирлиги унинг бошига бало келтиради.
“Бу оятнинг бугунги кунга қандай алоқаси бор?” деб ўйлашингиз мумкин.
Сиз ва мен бойваччаларнинг маҳаллаларидан ўтиб, ҳашаматли саройларни, нақшинкор, баланд темир дарвозаларни, замонавий хавфсизлик системаларини кўриб, тушкунликка тушамиз.
Юқоридаги оятга кўра, бундай туйғуга берилишимиз асло ноўринли, чунки беваларни ва ожиз одамларни Худонинг Ўзи ҳимоя қилади. У 24 соат давомида мижжа ҳам қоқмайди, доимо бизни муҳофаза қилади.
Айтганча, яқинда мен бир художўй одамнинг гапини эшитиб қолдим. У шундай деганди: “Агар фарзандларингиздан маҳрум бўлишни истасангиз, ўзингизни мукаммал қилиб кўрсатинг.”
Фарзандларингиз сизнинг нуқсонларингизни билишади, шу сабабли ўзингизни бенуқсон қилиб кўрсатмоқчи бўлсангиз, улар сиздан юз ўгиришади.
Аммо фарзандларингиздан камчиликларингизни яширмасангиз, улар билан очиқ ва самимий бўлсангиз, улар доим сизнинг томонингизни олишади, мағрурлар эса ҳимоясиз қолади.
Бу тўртинчи огоҳлантириш эди: мағрурлик инсонни ҳимоясиз қолдиради, бошга бало келтиради.
Ва ниҳоят бешинчи огоҳлантириш: мағрурлар босар–тусарини билишмайди.
Ҳикматлар 21:4 да шундай ёзилган:
Такаббур кўзлар ва мағрур юрак чироқ каби фосиқнинг гуноҳини кўрсатади.
Бу дегани мағрурлик ҳаётимизнинг ҳамма томонига бирдай таъсир қилади, уни эплаб бўлмайди.
Қалбдаги мағрурлик кўзларда акс этади, у юракни буткул бузади, қилган ишимизнинг пачавасини чиқаради.
Мағрурлик инсоннинг бутун ҳаётини заҳарлайди. Манманлик ҳар бир эзгу ишни йўққа чиқаради, юракдаги ҳар бир ниятни макруҳ қилади.
Мағрурлик катта тош каби инсоннинг йўлини тўсади, Масиҳга имон келтиришига унга йўл қўймайди.
Мағрур одам шундай деб айтади: “Кечириб қўйибсиз…Мен нажоткорга муҳтож эмасман. Мен–а? Нажоткор мени нимадан ҳам қутқарарди? Мени, гуноҳкорсиз, деб ҳақоратламанг. Нима қилишимни ўзим биламан. Сизнинг ёрдамингизга муҳтож эмасман.”
Мағрурлик инсонни кўр қилади. Унинг кўзини ёғ босади.
Ҳикматлар китобидаги огоҳлантиришлар бизга мағрурликнинг охири вой эканини кўрсатади:
Умидсизлик
Ожизлик
Беобрўлик
Бошга битган бало
Босар–тусарини билмаслик
Шу жойгача ўқиган бўлсангиз мағрурликнинг ҳалокатли оқибатини англагандирсиз.
Ҳикматлар 16:5 да шундай ёзилган:
Барча такаббурлар Эгамизга жирканч,
Улар жазосиз қолмайдилар.
Жирканч сўзи иброний тилида нафратни ифодалайдиган энг кучли сўздир.
Жазо – муқаррар жазони билдиради.
Мағрурлар қанча тиришиб, елиб–югуриб ишламасинлар, Худо бари бир уларни беобрў қилади.
Мағрурлик инсонни Худодан узоқлаштиради.
Мағрурлик Худога қараб сапчиганда, Худо буни жавобсиз қолдирмайди. Бунга ҳайрон қолишимиз керак эмас.
Инсон нима билан мағрурланса, Худо ўша нарсадан инсонни маҳрум қилади.
Шоҳ Довуд одамларининг кўплигидан мағрурланган эди, Худо ўлат юбориб, уларнинг аксарият қисмини қириб юборди.
Шоҳ Ҳизқиё хазиналари билан мақтанганди, босқинчилар ҳаммасини талон–тарож қилди.
Сиз бу каби кўп мисолларни ўзингиз ҳам биласиз.
Такаббурликнинг оқибати даҳшатлидир.
Мағрурлик инсонни бор–будидан маҳрум қилади, унинг шахсиятига путур етказади, бундай одам гўёки баланд қоядан йиқилгандай бўлади.
Ҳикматлар 16:5 да ёзилгандай, Худо такаббурларнинг жазосини албатта беради.
Мағрурлик эвазига тўланадиган баҳо ниҳоятда баланддир.
Шу сабабдан ҳам Исо: “Камтаринлар бахтлидир”, деб айтган эди. Дарҳақиқат, камтарин одам саодатли одамдир, унга толе ёрдир (Бундай одам мағрурга қарама қаршидир). Камтаринлик йўлидан юрган инсон барака топар.
1 Бутрус 5:5–6 да шундай ёзилган:
Эй ёшлар, оқсоқолларга итоат этинглар. Ҳаммангиз — ёшмисиз, қаримисиз, ўзингизни камтар тутиб, бир–бирингизга хизмат қилинглар. Зеро, “Худо мағрурларга қарши чиқади, камтарларга эса иноят кўрсатади.”
6 Шундай экан, Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни паст тутинглар. У Ўз вақтида сизларни юксалтиради.
5–оятнинг охирини диққат билан ўқинг.
Оятнинг мазмунига яхши эътибор беринг.
Агар ҳеч нарса сизни манманликдан қайтармаса, ушбу оят қайтариши керак.
Худо мағрурларга қарши чиқади ёки мағрурликка қаршилик кўрсатади.
Сиз Худога қарши жанг қилмоқчимисиз?
Бу ўта даҳшатли қисмат!
Иноят фақат камтаринларга кўрсатилади. Ҳаётда иноятсиз яшаб бўладими? Ҳаёт шусиз ҳам осон эмас, Худосиз ва иноятсиз ҳаётни ҳеч тасаввур қила оласизми? Мен тасаввур ҳам қила олмайман.
Мағрурлик:
Гуноҳдан тавба қилмаслик мағрурликдир. Уни қанча беркитишга уринманг, фойдаси бўлмайди.
Насиҳатни қабул қилмаслик ҳам мағрурликдир. Зеро камчиликларимизни билиш фойда келтиради. Масиҳийнинг Муқаддас Китобни ўқимаслиги мағрурликдир, чунки бундай одам Худонинг Каломисиз яшай оламан, деб ўйлайди. Ичингиздан зил кетганда, ҳаммаси яхши, деб таббассум никобини тақиб юриш мағрурликдир.
“Ҳамма нарса ўзимнинг қўлимда, барчасини ўзим уддалай оламан,” деб хаёл қилишингиз мағрурликдир.
Сиз, ҳаётда бошқа имонли биродар ва опа–сингилларсиз яшай оламан, деб ўйлашингиз мағрурликдир. Ахир, биз бир–биримизга керакмиз.
Сиз тинмай ўзингиз ҳақингизда гапириб, бошқаларнинг гапиришларига имкон бермасангиз, бу мағрурликдир.
Барча ҳикояларингизнинг қаҳрамони фақат ўзингиз бўлсангиз, бу ҳам мағрурликдир.
Агар, руҳан вояга етиб бўлганман, деб ўйласангиз бу мағрурликдир.
Сиз бирон марта истироҳат боғларидаги болалар учун ўйинларни ўйнаб кўрганмисиз? Одатда ҳар бир истироҳат боғида сичқонлар ўйини бор. Сизнинг қўлингизга ўйинчоқ болғани бериб қўйишади. Сиз ўша болға билан инидан чиққан сичқонни урасиз. Бир тешикдан сичқон чиқади, сиз бошига болға билан урасиз. Ўша заҳоти бошқа тешикдан сичқон чиқади, сиз унинг ҳам бошига болға билан урасиз.
Бу билан нима айтмоқчи эканимни тушунгандирсиз?
Агар биз мағрурликка берилиб кетсак, бизнинг келажагимиз худди ўша ўйинга ўхшаб қолади.
Мағрурлик ҳаётимизнинг бу томонидан бўртиб чиқса – тарақ, бошимизга болға тушади.
Манманлик у ердан бўртиб чиқса – тарақ, бошимизга болға тушади.
Ўзимизда йўқ мамнун бўлиб, шишиниб кетсак – тарак, яна бошимизга болға тушади.
Сиз ўла–ўлгунча мағрурлик махлуқи билан олишасиз.
Келажагингизга хуш келибсиз.
Умид қиламанки, мағрурлик ҳақидаги бу мақола сизни қуйидагиларга ундайди:
Камтарин бўлиш учун ҳар куни ибодат қилишга,
Руҳий етакчиларингиз камтар бўлишлари учун ибодат қилишга,
Мағрурлик ва камтаринлик ҳақидаги оятларни ёд олишга,
Мағрурликка қарши туришга,
Яҳё чўмдирувчидан ўрнак олишга.
Яҳё чўмдирувчи Исо ҳақида шундай деган: “У юксалиши керак, мен эса пасайишим.”