вазминлик
Савол:
Руҳан етук бўлган инсон руҳан гўдак одамдан нимаси билан фарқ қилади?
Жавоб: Ўзини идора қилиши билан.
Савол: Муваффақиятли етакчиликнинг сири нимада?
Жавоб: Ўзини идора қилишда.
Савол: Ўсиб келаётган авлодда биз қайси хислатни ривожлантиришимиз керак?
Жавоб: Ўзини идора қилиш хислатини.
Ўзини идора қилиш хислати Худонинг назарида ниҳоятда қадрли бўлгани сабабли, биз уни ривожлантиришимиз керак. Келинглар, бу хислатни чуқурроқ ўрганиб чиқайлик, бунинг учун қуйида берилган саккизта саволни ва уларга жавобларни диққат билан ўқийлик.
1–савол: Ўзини идора қилиш дегани нима?
Ўзини идора қилган инсон ўзини доимо назорат қилади.
Нафсини тийиб юради.
Мукофотга эришиш мақсадида ўз устида ишлайди, машқ қилади.
Эҳтиросга қул бўлмайди.
Ақли равшан бўлиши учун, ҳамма нарсада меъёрини сақлайди.
Масиҳга эргашишга монелик қиладиган ҳар қандай нарсадан воз кечади.
Орзу–ҳавас қилади, бироқ уларга берилиб кетмайди.
Биз имонга келганимиздан кейин Худо орзу–ҳавасларимизни ёки эҳтиросларимизни йўқ қилиб юбормайди, аксинча, уларни жиловлашимизга ёрдам беради. Улар энди бизга хўжайин эмас, балки қулларими бўлади.
Сиз Худонинг оиласига аъзо бўлишингиздан олдин ўз билганингизча яшар эдингиз, аммо Муқаддас Руҳ қалбингизда маскан қурганидан кейин ва сиз Масиҳга эргаша бошлаганингиздан кейин, Худо сизга ўзингизни идора қилишга ва Унга бўйсуниб яшашга ўргатади.
Қадимда ўзини идора қилиш давлат ҳукмдорларининг энг аъло фазилатларидан бири ҳисобланарди, чунки бундай ҳукмдорлар ҳеч қачон шахсий ишини давлат ишларига аралаштирмас эдилар.
“Ўзини идора қилиш юксак фазилатдир, бундай фазилат соҳиби ўзини назорат қила олади ва барчага хизмат қилади.”
2–савол:
Ўзини идора қилиш хислати ҳаётимизнинг қайси томонларини қамраб олади?
Ўзини идора қилган инсон тилига эрк бермайди – ҳозирги кунда кўплаб Теле дастурлар бошловчиларига бундай хислат етишмайди.
Ўзини идора қилган инсон жаҳлини тияди – янгиликларни кўрсангиз, бундай хислат кўпчиликка етишмаслигига гувоҳ бўласиз.
Ўзини идора қилган инсон шаҳватга берилмайди. Қизиқ далил: фаҳшу зинога бутун вужуди билан берилиб кетган Марилин Монро вафотидан бир неча кун аввал шундай гапни айтди: “Жинсий алоқа мен учун ўта бемаъни бўлиб қолган”.
Ўзини идора қилган инсон пулни донолик билан ишлатади. Бугунги кунда кўп оилаларнинг ва давлатларнинг беҳисоб қарзлари нотўғри ва аҳмоқона қарорлар натижасида пайдо бўлганига гувоҳ бўламиз.
Ўзини идора қилган инсон машина ҳайдаганда йўл қоидаларига риоя қилади. 1Бутрус 2:13га кўра, биз инсонлар томонидан ўрнатилган ҳар қандай қонун–қоидага бўйсунишимиз керак, йўл қоидалари ҳам булар қаторига киради.
Ўзини идора қилган инсон еб–ичишда тартибли бўлади. Бугунги кунда кўплаб одамлар очкўзлиги туфайли ўз соғлиғига путур етказиб, ҳаётларини қисқартиряптилар.
Ўзини идора қилган инсон ўткир ичимликларга ружу қўймайди. Маст ҳайдовчилар туфайли йўлларда юзага келган хатарли ҳолатлар ичкиликбозликнинг даҳшатли башарасини кўрсатади.
Ўзини идора қилган инсон ўз вақтини тўғри тақсимлайди, қизиқишларига, мол–мулкига, шахсий қулайликларга доноларча ёндашади.
Хулоса: Ўзингизни идора қилишингиз бутун борлиғингизга таалуқли, ҳа, бутун борлиғингизга.
3–савол
Муқаддас Китобда ўзини идора қилган инсонлар ҳақида ёзилганми?
Албатта, бунинг энг яхши намунаси – Исо Масиҳ. У юксак даражада Ўзини идора қилган.
Бутун дунёни яратган Худо ер юзида инсон қиёфасида яшаши ва ўсиши учун Ўзини идора қила олиши керак эди. Исо ҳатто болалигида ҳам ҳеч қачон: “Зерикиб кетдим”, деб айтмади. У ўз чақириғига охиригача содиқ бўлиб қолди.
Исо Ўз қудрати билан барча душманларини бир зумда мағлуб қилиши мумкин эди. Бироқ У бундай қилмади.
Юҳанно 6:66да ёзилишича, Исонинг бошига оғир дамлар тушганда ҳамма шогирдлари уни тарк этган эдилар, аммо Исо буни билган ҳолда, шогирд орттиришдан воз кечмади.
Хочга михланган Исо инсонларнинг кўрлигидан, улар ўз Нажоткорини ўлдираётганларидан ғазабланиши мумкин эди, одамларга нажот беришдан бош тортиши мумкин эди, аммо У бундай қилмади.
Аммо – ва бу муҳим – баъзи пайтларда Исо одамларни ғазаби билан ҳайратга соларди. Мисол учун, Матто 23–бобга қаранг. Исо ер юзида яшаган пайтда айтган энг кучли сўзлар айнан шу бобда ёзилган. Бу сўзлар ханжардай кескир эди. Бутун бобни ўқиб чиқинг, 27,28,31–33 оятларига алоҳида эътибор беринг.
Ўша пайтда Исога айтишимиз мумкин эди: “Ҳазрат, кимга гапираётганингизни биласизми ўзи? Бу одамлар ватанингизнинг сардорлари, олий табақали инсонлар–ку. Бундай қаттиқ сўзларни айтишингиз шартми? Уларни ранжитяпсиз, хафа қиляпсиз, жаҳлини чиқаряпсиз. Ўзингизни идора қилсангиз бўлмайдими? Шунча ғазабнинг нима кераги бор?
Бунга жавоб шуки, Исони тинглаб турган одамлар бу гапларни ўзларига ўзлари орттириб олган эдилар. Бу одамлар халқни бошқарадиган инсонлар бўлсалар ҳам, бутун давлатни ўзлари билан бирга дўзаҳга тортиб кетаётган эдилар. Шундай экан, Исо бундай сўзларни айтишга ҳақли эдими ёки йўқми?
Шуни айтиш жоизки, баъзан биз керак бўлган пайтда одамларга ачитиб гапиришимизга тўғри келади. Лекин бундай пайтларда ҳам ўзимизни идора қилишимиз керак.
Исо икки марта Маъбаддаги савдогарларни ҳайдагани ҳақида нима деб айтишимиз мумкин? Юҳанно 2:14да баён қилинган воқеа Исонинг хизмати бошида рўй берган эди. Худди шунга ўхшаш воқеа хизмати ниҳоясига етаётган пайтда ҳам бўлган эди.
Исонинг бундай қилиши ўринли эдими? Ҳа, ўринли эди, чунки Исо учун сажда муҳим аҳамият касб этган. Муқаддас ашёларни ҳаром қилиш инсон ҳаёти учун хавфли эди. Савдогарлар растасига айлантирилган Маъбаднинг ташқи ҳовлиси аслида ғайрияҳудийлар учун мўлжалланган бўлиб, у ерда ғайрияҳудийлар Худога сажда қилишлари керак эди. Яҳудийлар эса бу ҳовлини савдо марказига айлантириб, пул ишлаш илинжида юрар эдилар. Сажда қилгани келган ғайрияҳудийларга жой йўқ эди, сажда ўрнига улар тақводор яҳудийларнинг пулпарастлиги ва очкўзлигига гувоҳ бўлар эдилар.
Бундай пайтларда ҳам Исо Ўзини идора қиларди. Маъбадда дакки еган одамлар айбдор эдилар. Агар биз Исони бу вазиятда айбласак, демак сажданинг муқаддаслигини англамаган бўламиз.
Муқаддас Китобда ўзини идора қилган одамларнинг бошқа мисоллари:
Юсуф
Пўтифарнинг хотини Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлганда, Юсуф васвасага тушмади, у зино қилишдан бош тортди.
Юсуф зиндонда бўлганда қисматига куйиниб ўтирмади, бунинг ўрнига жону дили билан меҳнат қилди.
Юсуф чексиз ҳокимият соҳиби бўлгандан кейин ҳузурига келган риёкор акаларини ўлдириши мумкин эди, уларни зиндонга ташлаши мумкин эди, лекин у бундай қилмади.
Дониёр
Дониёр ҳаром овқатни тановул қилишдан устомонлик билан бош тортганда кучли иродасини намоён қилди.
У синов пайтида ҳам ибодатни канда қилмади, душманлар найрангига учмади.
Павлус
Павлус – 2Коринфликлар 11:23га кўра қувғинлар ва таъқибларга қарамай, ҳаёти учун хавфли бўлган вазиятда ҳам, жон–жаҳди билан Хушхабар айтди, бутун эътиборини ваъзга қаратди.
Муқаддас Китобдан сиз ўзини идора қилган инсонларнинг кўплаб мисолларини топасиз, аммо ўзини бошқара олмаган одамларнинг мисоллари булардан ҳам кўп:
Ҳобилни ўлдирган Қобил
Мусо жаҳл устида қояни ургани
Шимшўн ва унинг хушторлари
Довуд ва Ботшева
Сулаймон. Унинг ҳарамидаги хотинларнинг сони қанча эди? Сулаймон беҳисоб мол–дунёсини қай даражада совурганини тасаввур ҳам қилиш қийин. У ўзининг “Воиз” китобида нафсга берилгани ҳақида очиқ–ойдин қилиб ёзади.
Эски Аҳдни қанча кўп ўқисангиз, бу рўйхатни тўлдириб бораверасиз.
Намуналар жуда муҳим. Муқаддас Китобдаги одамларнинг ҳаётларини батафсил ўрганинг. Ўзини идора қилган одамларнинг ҳаётларидаги баракатларни кўринг, ўзини идора қила олмаган одамларнинг хонавайрон бўлганига гувоҳ бўлинг.
4–савол
Муқаддас Китобда ўзини идора қилиш ҳақида нималар ёзилган?
Ҳикматлар 25:28
Ўзини тута олмайдиган одам деворсиз вайрона шаҳар кабидир.
Ўзини идора қила олмайдиган одам девори йўқ шаҳарга ўхшайди. Девори йўқ шаҳар қандай бўлади? Бундай шаҳар ҳимояланмаган, душман ҳужумларига очиқ бўлади. Талончию босқинчилар хоҳлаган вақтда уни талайди. Бундай шаҳар аҳолиси осуда ҳаёт кечирмайди. Деворсиз шаҳар ҳимоясиз ва умидсиз бўлади, хавф–хатар доим унга рахна солади. У ерда ҳеч нарса гуллаб яшнамайди.
Мабодо, ўзини тута олмайдиган одамни хафа қилиб қўйсангиз у сиздан қаттиқ ғазабланади, аямай қасдини олади. Ўзини тута олмаслик иллати турлича намоён бўлади, баъзи одамлар қурби етмайдиган қимматбаҳо буюмларни сотиб олиб, ўшаларни ҳаммага кўз–кўз қилади, бошқалари шаҳвоний ҳирсга берилиб кетади, ёки ўзини овқатдан тия олмайди, ёҳуд барча миш–мишлардан хабардор бўлиб, уларни тарқатади ё машинани тез ҳайдагани учун штрафлар тўлаб юради.
Ўзини тия олмайдиган одамга эътибор берсангиз, у келтирган беҳисоб муаммоларни кўрасиз. Бундай одамнинг ҳаётида муаммо кетидан муаммо келади, у эса ўзини ожиз қурбон, деб билади.
Ўзини тия олмайдиган жамиятнинг ҳоли не кечади?
2 Тимўтий 3:1-3
Шуни билинки, охирги кунларда оғир вақтлар келади. 2 Ўша пайтда одамлар фақат ўзини ўйлайдиган, пулпараст, мақтанчоқ, такаббур, сўкинадиган, ота–онага итоат қилмайдиган, нонкўр, диёнатсиз, 3 тош юрак, гиначи, туҳматчи, нафсини тия олмайдиган, ваҳший, яхшиликдан ҳазар қиладиган бўладилар…
Бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ, ахир, бу парча охирги кунлар ҳақида сўз юритади. Бу оятлардаги сўзлар гўёки бугунки кунимизни хатосиз тасвирлагандай бўляпти.
Энди эътиборимизни 1Тимўтий 3:2 га қаратайлик:
Дарҳақиқат, бундай олижаноб вазифага тайинланадиган инсон яхши ном чиқарган бўлиши шарт. У ўз хотинига вафодор,мулоҳазали, вазмин (нафсини тия оладиган), одобли, меҳмондўст, таълим беришга қобилиятли бўлсин.
Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Бу оят жамоат етакчилари ҳақида сўз юритади. Ўзини идора қилиш хислати шу қадар муҳимки, ҳар бир жамоат хизматчиси бундай хислатни ўз ҳаётида намоиш қилиши шарт. Мазкур оятда тилга олинган барча хислатлар нафақат хизматчиларга, балки ҳар бир имонли кишига ҳос бўлиши зарур.
Кундалик масиҳийча ҳаёт ҳақида нима айтишимиз мумкин?
1 Бутрус 5:8
Ҳушёр ва бедор бўлинглар! Душманингиз бўлган иблис шердай бўкириб, бировни ютиб юбориш учун изғиб юрибди.
Масиҳийлар уйғонинглар! Душмандан ҳушёр бўлинглар! Душмандан ҳушёр бўлинглар!
Сиз Масиҳга ишонган заҳотингиз, номингизни душманнинг қора рўйхатига ёздирдингиз. Агар ўзингизни идора қилмасангиз душман чангалидан қочиб қутула олмайсиз.
Ва ниҳоят
1 Коринфликлар 9:25
Ахир, мусобақада қатнашадиган одам ўз нафсини тийиб, тартиб–интизом билан машқ қилади–ку! Улар сўлиб қоладиган гул тож олиш учун, биз эса боқий тож олиш учун ҳаракат қиламиз.
Мусобақада ютаман деган одам албатта нафсини тийиши керак. Машқ қилмаган спортчилар яхши натижа кўрсата олмайдилар. Нафсини тийманган, ўз устида муттасил ва интенсив тарзда ишламаган ҳеч бир спортчи ғалабани қўлга кирита олмайди.
Масиҳийча ҳаётда ҳам худди шундай, агар ғалабага эришмоқчи бўлсангиз, бошқаларни Масиҳга ишонтирмоқчи бўлсангиз, нафсингизни тия олишингиз керак, ўз устингизда ишлашингиз керак. Агар спортчилар ўткинчи тож учун шунча ҳаракат қилсалар, ўз устида муттасил ишласалар, боқий тож учун курашаётган биз масиҳийлар учун Хушхабар айтишга ўзимизни тайёрламаслигимиз ва деярли ҳеч қачон гувоҳлик бермаслигимиз уят эмасми?
Биз бутун оилаларимиз билан спортга ниҳоятда қизиқамиз, ишқивоз бўлган командаларимиз учун куйинамиз, улар учун бақирамиз. Бироқ бу вазият руҳий зафарларга интилишимизга ёрдам бермайди. Биз ўз устимизда ҳар куни ишлашни хуш кўрмаймиз.
5–савол:
Нега ўзини тия олиш учун ҳаракат даркор?
Негаки фақат Масиҳ бизга нафсимизни тийишга ёрдам бера олади. Масиҳсиз биз босар–тусаримизни билмай қоламиз.
Римликлар 3:10-18
“Ҳеч бир солиҳ кимса йўқдир,
Ҳатто биронта ҳам йўқ!
11 Биронта ҳам идрокли зот йўқ,
Ҳеч ким Худога юз бурмайди.
12 Ҳаммаси йўлдан озган, бирдай бузилган,
Яхшилик қилувчи бир кимса йўқдир,
Ҳатто биронта ҳам йўқ!
13 Очиқ қабр кабидир оғизлари,
Улар ёлғон гапиради.
Тилларидан илон заҳри томади.
14 Уларнинг оғизларидан аччиқ сўзлар, лаънат чиқади.
15 Уларнинг оёқлари қон тўкишга шошилади,
16 Қадамидан ҳалокату вайрона келади,
17 Улар тинчлик йўлларини билмайди,
18 Улар Худодан қўрқмайди.
Мазкур оятлар инсоний табиатимизни тасвирламоқда. Масиҳга келишимиздан олдин ҳаммамиз шундай эдик, тўғрими? Мен Масиҳга келишимдан аввал 13–оятда тасвирланган инсон бўлганман. Мен олдин жуда кўп сўкинар эдим, одамларни ҳақорат қилардим.
Имонга келганимдан кейин эса тахминан ўнта одамдан айтган гапларим учун кечирим сўрашимга тўғри келди. Афсуски, кеч эди, оғзимдан чиққан заҳарли сўзлар ҳалокатли ишини қилиб бўлган эди.
Ҳеч ким бу оятларни яхши кўриб иқтибос қилмаса керак, чунки бу оятларда бизнинг тубанлигимиз тасвирланган. Бу оятлар менга бир ёзувни эслатади: “Менга тегсанг, сени ўлдираман.” Бу ёзувни имонсиз бир одам ёзган эди. Тўғри, Масиҳни танимаган одамдан иноят ва кечиримни кутиб бўлмайди, бундай одам фақат қасд олиш ҳақида ўйлайди. Зўравонлик кетидан зўравонлик қилаверади.
Масиҳсиз биз ўзимизни назорат қила олмаймиз. Юқоридаги оятларни ўқисангиз “чексиз” деган сўз хаёлга келади. Биз имонсиз бўлганимизда чексиз зарар ва вайрона келтирар эдик. Афсуски, ўзини идора қилмайдиган масиҳийлар ҳам худди шундай қиладилар.
Биз Масиҳга эргашсак, ҳар томонлама ўзимизни тия бошлаймиз.
Шубҳасиз, ҳар бир эркак ва аёлга тўғри йўлдан чиқиб кетмаслик учун чегара, яъни девор керак (йўл четидаги тўсиқлар, қоидалар ва чегаралар). Булар бизга ҳис–туйғуларимизни бошқаришга, эҳтирос ва нафсимизни тийишга, ўзимизни идора қилишга, афсусланишнинг олдини олишга ёрдам беради.
Сиз ўтмишингизга боққанингизда ўзингизни тия олмаган вазиятларни ўзгартиришни хоҳлайсиз. Мен бир хат ёзганимдан ҳозиргача афсус чекаман. Ўша хатни яқин дўстимга ёзган эдим. Унга қўполлик қилмадим, аммо қаттиқ гапларим билан ноўрин ранжитиб қўйган эдим. Ўша дўстим билан муносабатни тиклаб олишим учун жуда кўп ибодат қилдим, кўп вақт сарфлаб, ҳаракат қилдим.
Кейинги сафар янгиликларни кўрганингизда, уларнинг қанчаси ўзини идора қила олмаслик натижасида келиб чиққанига эътибор беринг.
6–савол:
Атрофингиздаги одамлар сиздаги тартиб–интизомни кўриб, бунга қандай муносабат билдирадилар?
Иштаҳангизни карнай қилманг. Агар сиз ўзингизни идора қилсангиз, ҳаётингизнинг ҳар соҳасида тартиб–интизом ўрнатишга тиришсангиз ҳамма одам бармоқларини сизга ўқтаса ҳайрон қолманг.
Одамлар юзингизга яхшивойсан, қонунчисан, ўта зерикарлисан, ўйин–кулгини билмайсан, улфат учун ярамайсан, деб айтадиган бўлишади.
Сиз тўғри яшашга қарор қилганингизни билган аҳлоқсиз одамлар устингиздан кулади.
Пулини совурадиганлар сиздан қарз сўраб келаверади.
Сиз хонадан чиқиб кетишингиз биланоқ, одамлар сизни ёмонлайдилар, сизга қарши тишларини қайрайдилар.
Ишёқмаслар меҳнат қилганингизни кўриб, менинг ҳам ишимни қилиб бер, деб сизни ҳол–жонингизга қўймайдилар.
Одамлар сизни кўра олмагани учун шундай қиладиларми? Сиз улардан ажралиб турганингиз уларнинг жиғига тегадими? Ёки сизнинг хулқ–атворингиз уларнинг гуноҳларини бўрттириб кўрсатгани учун улар сиздан аламини оладими?
Юсуф Пўтифарнинг хотини билан гуноҳ қилишдан бош тортгани учун зиндонбанд бўлган эди.
Дониёр ўзини идора қилгани учун шерлар уясига ташланган эди.
Имонга янги келган бир йигит фоҳишалар олдига бормай қўйгани учун отаси ундан шубҳаланиб: “сен мабодо, баччабоз эмасмисан?” деб сўради.
ХХI-асрда ўзини идора қилган одам кўп мазаҳ қилинади, одамлар уни кўролмайди.
Аммо
7–савол:
Ўзини идора қилган инсон қандай марҳаматларга эришади?
Хаёлга биринчи бўлиб келган марҳаматлар қуйидагилар: иззат–ҳурмат, муваффақиятлар, мукофотлар, тоза виждон, ғалабалар, ҳамма нарсани тўғри бажаргандан келган қувонч. Буларнинг ҳаммаси юксак марҳаматлардир. Аммо булардан–да юксаги ҳам бор.
Тасаввур қилинг, сиз Исонинг ҳузурида турганингизда У сизга шундай сўзларни айтса: “Баркалла! Сен яхши ва ишончли хизматкорсан!”. Mатто 25:21. Бу сўзларни эшитишингиз биланоқ беқиёс қувонч дилингизни тўлдиради. Шунда ўзингизни идора қилиш учун қилган барча ҳаракатларингиз, ибодатларингиз, тартиб–интизом, қанчадан қанча тер тўкканларингиз, буларнинг ҳаммаси зое кетмаганини биласиз. Эшитган ҳақоратларингиз, ноҳақ айбловлар, чеккан заҳматларингиз бекор эмаслигини тушунасиз. Худонинг сизни мақтаб айтган бу сўзлари то абад қулоғингизда янграб туради.
Қуйидаги мақолнинг тўғрилигига сиз асло шубҳа қилмайсиз:
“Ҳар қандай нарсадан кўра Худони мамнун қилиш афзалроқ”.
Агар сиз етук масиҳий бўлмоқчи бўлсангиз, ўзингизни албатта идора қилишингиз зарур. Ўзингизни тия олсангиз бу мақсадингизга эришасиз.
Ва ниҳоят охирги ва жуда муҳим бўлган саволга етиб келдик:
8–савол:
Қандай қилиб ўзини идора қилишни ўрганиш мумкин?
Сиз ўзини идора қилишнинг юксак аҳамиятини тушундингиз ва мазкур савол ҳақида чуқур мулоҳаза қилишга тайёрсиз, деб умид қиламан.
Ўзини идора қилишни қандай ўрганса бўлади?
- Нажотни қабул қилинг. Исони, барча гуноҳларимни ювган Нажоткорим, деб тан олинг. Нафсингизни тия олмаганингиз учун ҳам Исо баҳони тўлаб бўлган. Исога имон келтирганингиздан кейин, Муқаддас Руҳ қалбингизда маскан қуради, У ўзингизни идора қилишга ва бошқа хислатларни ривожлантиришга сизга куч ва шижоат беради.
- Бутун қалбингиз билан ўзингизни идора қилишни ўрганинг. Бу хислат учун ибодат қилинг. Ўзингизни идора қилишни энг зарур вазифа деб билинг. Худо нафсингизни тия олишингизни хоҳлайди, шу сабабдан ибодат қилганингизда ишонч билан бу хислатни Худодан сўранг. Худо бу ибодатингизга албатта жавоб беради. Менинг назаримда ўзимни идора қила олишим энг юксак хислатлардан бири бўлгани учун, мен ҳар куни Худодан: “Бу хислатни ривожлантиришимга ёрдам бер”, деб сўрайман.
- Жангга тайёрланинг. Йиллар давомида мен бир ҳил муаммога дуч келаман, баъзи масиҳийларга уларнинг жаҳли тезлиги ёки жизғанаклиги ҳақида айтсам, улар менга: “Феълим шунақа”, деб бир хил жавоб берадилар. Улар ўзгаришни асло истамайдилар. Атрофдаги одамлар уларнинг бундай бадфеъллигига чидаб юришлари керак экан. Айтишим жоизки, Маҳшар куни Исо уларнинг ҳаётларига баҳо берган пайтда юзларида табассум бўлмаслиги аниқ (2 Corinthians 5:10 “…чунки ҳар биримиз Масиҳнинг ҳукм курсиси олдида ҳозир бўлишимиз керак, Шунда ҳар биримиз қилган яхши ёки ёмон ишларимизга яраша мукофот оламиз”).
Ҳар бир имонли киши ўзини идора қила олади, аммо Ибронийлар китобида ёзилгани каби, биз бу хислат учун жон–жаҳдимиз билан курашишимиз керак. Исроил халқи ваъда қилинган юртни жанг қилиб, қадамма–қадам забт этгани сингари биз ҳам ўз феълимизни жанг орқали қадамма–қадам забт этиб, иродамизга бўйсундирамиз.
“Ўзини идора қилиш” тушунчаси ўзликнинг бўлинганини кўрсатади. “Ўз”имизда пайдо бўлган нафсни назорат қилиш кераклиги назарда тутилади. Бу ҳар кунги, муттасил курашни билдиради. Агар сиз йиллар давомида нафсингизни қондириб яшаб келган бўлсангиз, бир кун ичида уни ўзингизга бўйсундира олмайсиз. Нафс балоси маҳлуққа ўхшайди, уни қанча кўп қондирсангиз, уни мағлуб қилишга ҳам шунча кўп вақт кетади.
- Рўза. Рўза тутиш руҳий тартиб–интизомлардан биридир. Рўза нафсимизни тийишга ёрдам беради. Одатда биз танавий хоҳишларимизни қондиришга жуда чаққон бўламиз, шу сабабдан баъзан бу – гуноҳга йўл эканини унутиб қўямиз. Рўза тутганимизда эса танавий хоҳишларимизни ўзимизга бўйсундирамиз, танани ҳўжайин эмас, қул қиламиз. Танини қанча кўп бўйсундирсак, руҳни юксалтирамиз. Рўза тутиш орқали Худо олдида бош эгамиз, ҳар томонлама Унга боғланамиз.
Мен янги имонга келган пайтларимда рўза тутиш орқали ҳаётим учун соғлом чегаралар белгилаб олганман. Мен йил давомида ҳафтасига бир марта албатта рўза тутаман. Ўзимни идора қила олишим учун эса ҳар куни ибодат қиламан.
- Тушунинг: нафсингизни тия олишингиз бу – Худонинг инъоми. Бу инъом – Муқаддас Руҳнинг ҳаётимиздаги самараларидан биттаси. Шу сабабдан биз имон билан ўзимизни идора қила олишга интилишимиз зарур, Муқаддас Руҳ ёрдамида унга эришишга ҳаракат қилишимиз керак, ўзини идора қила олиш учун курашиш бу – имон курашидир. Бу кураш узоқ вақтга чўзилиши ва ниҳоятда заҳматли бўлиши мумкин.
Қандай қилиб Муқаддас Руҳ бизга нафсимизни тийишга ёрдам беради? Иноят орқали.
Титус 2:11, 12
Зеро, Худо бутун инсониятга нажот йўлини очиб бериб, Ўз иноятини кўрсатди. 12–13 Бу иноят орқали Худо бизга шуни ўргатдики, биз худосиз ҳаётдан ва дунёвий орзу–эҳтирослардан воз кечишимиз керак. Ахир, бизнинг ажойиб умидимиз бор: биз нажоткоримиз Исо Масиҳнинг келишига ва буюк Худонинг улуғворлигини кўришга умид боғлаганмиз. Масиҳнинг келишини кутар эканмиз, бу ўткинчи ҳаётимизда нафсни тайишимиз, тўғри ва тақводор ҳаёт кечиришимиз лозим.
Тақводор ҳаёт кечирган инсон нафсини тияди. Муқаддас Руҳ нафсимизни тийишга ёрдам беради. Бу жангда Муқаддас Руҳ сизга куч ато қилишига ишонинг.
- Ўзингиз учун намунали одамни топинг. Намунали одам сизга куч ато қилади, кўтаринки руҳ бағишлайди. Ўз мактубларида Павлус бир неча марта: “Менга тақлид қилинглар”, деб айтади. Янги Аҳднинг бошқа китобларида ҳам: “етакчилардан ўрнак олинглар”, деб ёзилган.
Таълимотимни қабул қилдингиз. Энди мендан ўрганганларингизнинг, кўрган–эшитганларингизнинг ҳаммасини бажаринглар. Шунда тинчлик берадиган Худо сизлар билан бирга бўлади. Филиппиликлар 4:9
Биздан қандай ўрнак олишингиз кераклигини ўзингиз биласиз 2 Салоникаликлар 3:7
Худонинг каломини сизларга ўргатган устозларингизни хотирланглар. Уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида фикр юритинглар. Имонларига тақлид қилинглар. Ибронийлар 13:7
Азиз биродарим, сен ёмонликка эмас, яхшиликка тақлид қил. 3 Юҳанно 11
Биз имонга келишимиздан олдин дунёвий одамларга тақлид қилардик, Худони танимаган машҳур юлдузлардан ўрнак олардик. Энди ўзингиз учун бошқа қаҳрамонларни танланг, феъл–атворингиз ўзгаришини кузатинг. Қалбингизни мафтун қилган қаҳрамонлар ҳар кунги ҳаётингизга таъсир ўтказади!
- Художўй дўстлар орттиринг, уларга ҳисобот беринг, илтимос қилинг, улар сиз учун ибодат қилсин, сизга далда берсин.
Ёқуб 5:16
Шунинг учун қилган гуноҳларингизни бир–бирингиз олдида тан олинглар, бир–бирингиз учун ибодат қилинглар, шифо топасизлар. Солиҳ одамнинг илтижоси кучли таъсирга эгадир!
Сизни билмадиму, лекин мен бирор гуноҳим устидан ғалаба қозона олишим учун, дўстларимдан ибодат қилишларини сўрайман, шундан сўнггина курашда ғолиб бўлиб чиқаман.
Ҳикматлар 13:20
Донога ҳамроҳ бўлган доно бўлади,
аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади.
Дўстларимиз ҳаётимизга катта таъсир ўтказадилар. Худодан ўзингиз учун масиҳий дўстни сўранг.
Демак, ўзимни идора қилишни ўрганишим учун нима қилишим керак?
- Нажот топишим керак
- Ўзимни идора қилишга жон–жаҳдим билан интилишим керак
- Жангга тайёр туришим керак
- Рўза тутишим керак
- Бу хислат инъом эканини тушунишим керак
- Ўзим учун намуна бўладиган инсонни топишим керак
- Художўй дўст орттиришим керак
Ўзингизни идора қилишдан бош тортсангиз чексиз баракатлардан маҳрум бўласиз.
Унга жон–жаҳдингиз билан эришмоқчи бўлсангиз беқиёс қувонч соҳибига айланасиз.