Феъл–атвор мавзусига кириш
“Феъл–атвор инсон табиатининг негизини ташкил қилиб, унинг ички дунёсини, ўй–фикрларини, гап–сўзларини, қарорларини, аxлоқини ва реал борлиққа бўлган муносабатини белгилайди. Феъл–атворининг амри билан инсон ҳаракат қилади, унинг ҳаракатлари феъл–атворини намоён этади.”
Ос Гинес
Феъл–атворнинг фаолиятга қандай алоқаси бор?
Худо учун сизнинг шахсиятингиз ва феъл–атворингиз қилган ишингиздан муҳимроқдир. Чиқарган қарорларингиз феъл–атворингизга бевосита таъсир қилади, феъл–атворингиз эса сизнинг фаолиятингизни белгилайди. Феъл–атвор туфайли сиз хизмат ва жамиятга катта ҳисса қўшишингиз ёҳуд борини барбод қилишингиз мумкин.
Кўпинча ўта иқтидорли одамлар ўзлари ишлаётган корхоналарда юқори лавозимларга кўтариладилар. Улар мансаб эгасига айланадилар. Бундай одамларнинг ўз ишидаги маҳорати феъл–атворидан илгарилаб кетади. Бундай ҳолат ҳам масиҳийлар орасида, ҳам имонсизлар орасида учраб туради.
Қандай қилиб Худо феъл-атворимизни шакллантиради?
“…Азоб–уқубатларимиз билан ҳам фахрланамиз, чунки азоб–уқубатлар сабр–тоқат ҳосил қилишини биламиз. Сабр–тоқат Худога маъқул феъл–атворни, бундай феьл–атвор эса умидни ҳосил қилади.”
Римликларга 5:3-4 (ИПБ, ўзбек тилига янги таржима)
“Эй биродарларим, бошингизга тушган синов ва қийинчиликларни Худодан юксак совға, деб қабул қилинглар. Ахир биласиз–ку, қаттиқ сиқувлар натижасида имонингиз юзага чиқиб, ўзининг асл гўзаллигини намоён этади. Шундай экан, вақтдан олдин қийинчиликлардан қочманг. Қийинчиликлар сизда ўз ишини бажариб, сизни ҳар томонлама тўлиқ ривожлантирсин, етукликка эриштирсин, токи чала ривожланган нотавон бўлиб қолманг.
Ёқуб 1:2 (The Message таржимаси)
Азоб–уқубатлар бизда Худога маъқул феъл–атворни шакллантиради.
Римликлар 5:4 Эркин таржима
Икки подшоҳ мисоли
Исроилда ҳукмронлик қилган икки шоҳни бир–бирига қиёсланг. Иккала шоҳ ҳам ниҳоятда иқтидорли эди, бироқ қийин дамларда ўзларини турлича тутишди. Муқаддас Китобда улар ҳақида шундай ёзилган:
Шоул
• Исроил халқи орасида Шоулдан кўркам одам йўқ эди.
• Уни Худо танлади.
• Худо унга мой суртиб, халқи Исроилга шоҳ қилиб тайинлади.
• Муқаддас Руҳ Шоулни қамраб олди ва у башорат қила бошлади.
• Халқ орасида унга тенг келадиган биронта одам йўқ эди.
• Худо руҳлантирган одамлар Шоулга ҳамроҳ эдилар
• Халқ Шоулни Худонинг ҳузурида шоҳ, деб тан олди.
• У филистларни мағлуб қилиб, катта зафарларларга эришди.
Довуд
• Худо танлаган.
• Худо мой суртган.
• Шоулнинг садоқатли хизматкори бўлган.
• Жасур инсон ва жангчи эди.
• Худо у билан бирга эди.
• Жамики Исроил ва Яҳудо халқлари уни яхши кўрарди.
• Филистлар устидан буюк ғалабалар қозонди.
• Жабр кўрган, қарзга ботган ва шоҳ Шоулдан норози бўлган одамлар унинг атрофига тўпланишди. Довуд уларга бош бўлди.
• У Шоулнинг жонига суиқасд қилишдан бош тортди, чунки Шоулни Худо танлаганди.
Бу иккала шоҳ ҳам Худо томонидан танланган эди, улар ниҳоятда моҳир, иқтидорли инсонлар эди. Шунга қарамай, қийинчиликлар уларнинг асл қиёфасини фош этди. Уларнинг гуноҳи юзига айтилганда, улар ўзларини турлича тутишди.
Шоул: 1Шоҳлар 15:12-24
Довуд: 2Шоҳлар 12:5-14, Забур 50
Шоулга қандай хислатлар етишмаган эди? Нима сабабдан у таназзулга юз тутди?
Довуднинг қандай хислатлари унинг ҳаётида самаралар келтирди?
Обрўингиз эмас, феъл–атворингиз ҳақида қайғуринг. Обрў бу — бошқа одамларнинг сиз ҳаққингиздаги фикри, феъл–атворингиз эса сизнинг асл қиёфангиз.
Жон Вутен
КИШИНИНГ ФЕЪЛ–АТВОРИДАГИ ХУСУСИЯТЛАР
Кўрсатмалар:
1. Феъл–атвор хусусиятларининг қуйидаги рўйхатини кўриб чиқинг.
2. Сизда қандай хусусиятлар бор ёки йўқлиги ҳақида ўйлаб, ўзингизни ўзингиз таҳлил қилинг.
3. Рўйхатдаги хусусиятларни 1дан 5гача бўлган баллар билан белгиланг. 1 ва 2 баллар хусусиятнинг камлиги ва уни ривожлантириш кераклигини кўрсатади.
4. Баллни — хусусият ёнидаги чизиқчага ёзинг.
____Очиқ кўнгил – Бошқа одамларни, айниқса, феъли ёмонларни очиқ кўнгил билан, чинакам севги кўрсатиб қабул қила олиш. (Римликларга 15:7)
____Раҳмдил – Бошқаларнинг азобларига шерик бўлиб, уларга тасалли ва ёрдам бериш.
(1Бутрус 3:8)
_____Қаноат қиладиган – Ҳар қандай шароитда борига қаноат қилиш, мавжуд вазиятга қониқиш.
(Филиппиликларга 4:11-12)
_____Жасур – Хавф–хатар, қўрқув ва қийинчиликларга дош бериш, сабр қилиш ва уларни енгиш учун талаб қилинадиган ақлий ва маънавий кучга эга бўлган. (Филиппиликларга 4:13)
____Ҳурмат–эҳтиром – Бошқаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатадиган, уларнинг хоҳишларига эътиборли бўлган.
(1Тимўтий 5:1-2)
____Лафзи ҳалол – Берилган ваъда устидан чиқадиган, уни бажариш қийин бўлса-да, айтган гапидан қайтмайдиган. (Матто 5:37)
____Тиришқоқ – Ишни сидқидилдан, сабот ва ғайрат билан бажарадиган.
(Колосаликларга 3:23-24)
____Фаҳм–фаросатли – Ўз қадамини билиб босадиган, ҳаддидан ошмайдиган, гапини ўйлаб гапирадиган, вазмин одам. (Ҳикматлар 5:1-2)
____Сабр–тоқатли – Қийинчилик, қайғу, мусибатларга дош берадиган, мушкул аҳволда ҳам тушкунликка тушмай, умид қиладиган. (Римликларга 5:3-4)
____Ишончли – Айтилган гапни битта қолдирмай қиладиган, топширилган вазифани бекаму кўст бажарадиган. (Матто 25:21)
____Адолатли – Юз–хотирчилик қилмайдиган, виждонли, ўз манфаатини кўзламайдиган, ажрим масаласида тарафкашлик қилмайдиган. (1 Тимўтий 5:21)
____Мосланувчан – Янги ёки ўзгарувчан вазиятларга тез, қийналмай мослашиб кетадиган. (2 Коринфликларга 2:12-13)
____Ўзини тута биладиган – Ўз ҳис–туйғуларини назорат қила оладиган, жаҳли чиққанда ғазабини тия оладиган. (Ҳикматлар 15:1)
____Кечиримли – Хафа қилган одамга нисбатан кек сақламайдиган, гина қилмай, хафагарчиликни унутиб юборадиган. (Эфесликларга 4:32)
____Сахий – Қўли очиқ; ўз вақтини, мол–мулки ва маблағини донолик билан баҳам кўрадиган (2 Коринфликларга 8:9, 9:7).
____Мулойим – Қўполлик, қўрслик ва зулмкорликдан йироқ бўлган, юмшоқ, назокатли.
(Эфесликларга 4:2)
____Миннатдор – Олган яхшилигининг қадрига етадиган, ўз миннатдорчилигини билдирадиган, шукр қиладиган. (Эфесликларга 5:20)
_____Ҳақиқатгўй – Рост гапирадиган, ўзини тўғри тутадиган, ёлғон–яшиқ гаплардан ҳазар қиладиган (Ҳикматлар 8:6-8)
_____Меҳмондўст – Меҳмонларни очиқ чеҳра билан кутиб оладиган, уларга қулай шароит яратиб берадиган бағри очиқ одам. (1 Бутрус 4:9)
_____Камтарин – Мақтанишни истамайдиган, мағрурланмайдиган, аксинча, ўзини бошқалардан паст оладиган, итоаткор. (Ephesians 4:2)
____Ташаббусли – Бошқаларга қарамай, ишга ғайрат ва саъй–ҳаракат билан киришиб кетадиган. Ишини берилиб бажарадиган. (Proverbs 24:30-34)
____Тўғри – Ахлоқ қонун–қоидаларига қатъий риоя қиладиган, тўғри кўнгил инсон.
(1 Тимўтий 3:2-3)
_____Хурсанд – Мушкул шароит ёки вазиятга қарамай, доимо умид ва севинч билан яшайдиган.
(Ёқуб 1:2-3)
_____Меҳрибон – Меҳр–шафқат кўрсатувчи, мулойим ва юмшоқ табиатли. (Колосаликларга 3:12-13)
____Севгига бой – Бировнинг манфаатини кўзлаб, сидқидилдан садоқат билан ғамҳўрлик қиладиган.
(1 Коринфликларга 13:6-7)
____Садоқатли – Ғояга, ишига, хизматига, қадриятлар ва одамларга содиқ бўлган.
(Ҳикматлар 6:6)
____Босиқ – Ҳафагарчиликка сабр қиладиган, адоват ёки кек сақламайдиган, ўзини тиядиган. (2 Коринфликларга 10:1)
____Чидамли – Оғриқ ва азоб–уқубатларга дош берадиган, босиқ, жаҳли чиқмайдиган. Қийинчилик, адоват ва қаршиликларга қарамай тинчликни сақлаб, ўзини идора қила оладиган. (Ёқуб 5:10-11)
____ Қалби соф – Ахлоқсизлик ва айбдорлик ҳиссидан ҳоли бўлган; нияти тўғри, ўз эътиқодига содиқ, иккиюзламачилик қилмайдиган, нопок эҳтиросларга берилиб кетмайдиган. (1Тимўтий 4:12)
____Куйинчак – Бошқаларни қадрлайдиган, улар учун куйиниб қайғурадиган, уларнинг манфаатини кўзлайдиган. (Филиппиликларга 2:2-4)
____Жавобгар – Ўз зиммасидаги бурч ва вазифаларни бажарадиган, ишончли, яхшини ёмондан ажрата оладиган. (Матто 25:21)
____Нафсини тия оладиган – Ҳис–туйғуларини, хоҳиш–истакларини ва эҳтиросларини жиловлай оладиган. (1 Коринфликларга 9:25-27)
____Сезгир – Бировларнинг руҳий ҳолатини ва эҳтиёжларини кўра оладиган. (Эфесликларга 4:29)
____Самимий – Ростгўй, ҳақиқатни гапирадиган, юз–хотирлик қилмайдиган. (Римликларга 12:9-10)
____Ўрганишга очиқ — Ўрганишни истайдиган, насиҳатга қулоқ тутадиган, олган билимларини амалда қўллайдиган. (Матто 10:24)
____Тўғри гап – Гапни айлантирмасдан, одамнинг юзига тўғрисини айтадиган. Муаммолардан қочмай, хатоларни тузатадиган. (Эфесликларга 4:25)
Инсоннинг феъл–атвори фавқулоддаги вазиятларда эмас, аксинча, оддий, кундалик ҳолатларда синовдан ўтади.
Освальд Чемберс
ФЕЪЛ–АТВОРИНГИЗНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИГА БАҲО БЕРИНГ
Феъл–атворингиз қандай хусусиятларга эга эканлигини аниқлашда ёзувлардан фойдаланинг.
1. Ўзингизнинг кучли ва заиф томонларингизни белгилаб, феъл–атворингизни баҳоланг.
2. Юқоридаги хусусиятлар рўйҳатини кўриб чиқиб, ўзингизда ривожлантиришингиз керак бўлган хусусиятларни белгиланг.
3. Сиз ривожлантиришингиз керак бўлган ўта муҳим хусусият қандай? Имондаги самарадорлигингизни ошириш учун сизга қайси хислат етишмаяпти?
4. Худодан сўранг, ҳаётингизнинг қайси соҳасини ривожлантиришингиз кераклигини У сизга кўрсатсин.
Сизнинг кучли томонларингиз
Ўзингизда қайси хислатларни ривожлантиришингиз керак?
Қандай қилиб ўзингизда бу хислатларни ривожлантиришингиз мумкин?
1. Ўзингизга энг зарур бўлган хислатни танланг. Нега айнан шу хислат сиз учун зарурлигини батафсил ёзинг.
2. Ўзингизда қандай ижобий ўзгаришларни кўрмоқчисиз?
3. Худодан бу хусусиятни сўранг, У сизнинг қалбингизни ўзгартирсин.
Амалда қўллаш
1. Бир ёки икки ишончли дўстларингиздан илтимос қилинг, улар сизнинг ўзгаришингизни назорат қилиб туришсин, уларга мунтазам равишда ҳисобот бериб туринг. Уларга ўз қалбингизни оча оладиган, юрагингиздагиларни тўка оладиган бўлинг.
2. Бошқа ишончли дўстларингизга хусусиятлар рўйхатини кўрсатинг. Улар рўйхатни кўриб чиқиб, сизда кучли ривожланган 3 хусусиятни ва умуман йўқ бўлган 3 хусусиятни белгилаб беришсин.
ЭСЛАТМА: кузатувларингизни ва ҳисоботларингизни “Шахсий ривожланиш режа”нгизга киритинг.