Aборт
(бола олдириш)
Умумжаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилотининг берган маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 40–50 миллионта бола аборт йўли билан олдириб ташланади. Бу дегани, ҳар куни Ер қаърида 125 000та бола аборт оқибатида нобуд бўлади.
Оқибатда шундай савол туғилади: одат тусига кириб қолган ва халқ орасида кенг тарқалган бу муолажанинг нимаси ёмон? Агар бизнинг дўстларимиз, қўшниларимиз, давлат бошлиқлари абортни муаммо деб билишмаса, нима сабабдан биз уни муаммо деб билишимиз керак?
Бу саволга жавоб беришимиз учун, бошқа бир саволга жавоб беришимизга тўғри келади: Инсон ҳаёти қачон бошланади? Ёки саволни бошқача қилиб беришимиз мумкин: Ҳомила инсонми?
Агар Муқаддас Китобга қарайдиган бўлсак, “аборт” сўзи у ерда йўқ.
Аммо…….
- Эски Аҳднинг асл нусхаси иброний тилида ёзилган. Иброний тилида Чиқиш китобининг 21–боби, 22–оятида нобуд бўлган ҳомила учун бола сўзи ишлатилган.
Янги Аҳднинг асл нусхаси юнон тилида ёзилган. Ҳаворийлар китобининг 7–боб,19–оятда фиръавн ўлдиртирган чақалоқлар ва гўдакларга нисбатан ҳамда Луқо китобининг 1–боб, 41 ва 44–оятларда ҳомила бўлган Яҳёга нисбатан бир хил сўз, яъни бола сўзи ишлатилган.
Муқаддас Китоб она қорнидаги ҳомила билан туғилган болани бир хил сўз билан атайди.
- Ишаё ва Еремиё пайғамбарлар ҳамда ҳаворий Павлус ўхшаш мазмундаги хабар етказишади:
Ишаё 49:1 Туғилмасимдан олдин Эгам мени чақирди, она қорнида бўлганимдаёқ У исмимни айтиб чақирди.
Еремиё 1:5 Онанг қорнида сенга шакл бермасимдан олдин сени билган эдим, туғилмасингдан олдин сени Ўзим учун ажратиб олган эдим.
Галатияликлар 1:15 …онам қорнида бўлганимдаёқ мени танлаган эди.
Ушбу оятлар орқали пайғамбарлар бизга гўёки: “Кечириб қўйибсиз! Онам қорнида мен “шахс” эдим, шунчаки “ҳомила” ёки шаклланмаган бир парча эт эмас”, деб айтаётгандай бўлишади.
Худо она қорнидаги ҳомилани инсон деб билади. Ўша болани танлаш учун ва унга чақириқ бериш учун, боланинг шаклланиб бўлишини ва дунёга келишини кутмайди.
- Забур 138:13да шундай деб ёзилган: Ички аъзоларимни Сен яратгансан, онамнинг қорнида менга шакл бергансан.
Довуд онаси қорнидаги вақтга ишора қилганда ўзига нисбатан шахс олмошларини ишлатади. Тўғри Довуд энди шаклланиб келаётган эди, бироқ шунга қарамай, у шахс эди. Худонинг Ўзи бизга шакл беради ва биз туғилмасимиздан олдин ҳам бизга ғамхўрлик қила бошлайди.
- Забур 50:7 Мана, гуноҳкор бўлиб туғилганман, Онам қорнидаёқ гуноҳкор эдим.
Бу парчада туғилмаган бола инсон эканини кўришимиз мумкин, чунки фақат инсон зоти ва фаришталар гуноҳда айбдор бўлишлари мумкин. Довуд – онаси қорнидаёқ инсон эканини тан олган ҳолда ўзининг гуноҳкор табиатини эътироф этмоқда. Дувуд ушбу оятда ўзи ҳақида ёзган бўлса–да, бу ҳақиқат барчамизга бирдай тегишли.
- Луқо баён этган ҳикояда ҳали туғилмаган Яҳё Марямнинг келишидан ниҳоятда шод бўлгани ҳақида ёзилган. Яҳёнинг онаси Элисабет бу ҳақда шундай деди: “Сенинг саломинг қулоғимга етиши биланоқ қорнимдаги бола қувончдан ўйноқлаб кетди.” Луқо 1:44.
Одам бўлмаган бир парча эт хурсандлигидан ўйноқламайди, бундай ҳаракатни фақат тирик жонлар бажаради.
- Бироқ ҳомила ҳам инсон эканини тасдиқловчи энг кучли оят Матто Хушхабарининг 1–боб, 20–оятидир. Бу оятда фаришта Юсуфга Марямнинг 1–2 ойлик ҳомиласи ҳақида шундай хабар беради: “Эй Довуд ўғли Юсуф! Марямга уйланишдан қўрқма, чунки қорнидаги Бола Муқаддас Руҳдан пайдо бўлган”.
Демак, биз ўзимиз учун қуйидагини қарор қилишимиз керак: Марямнинг қорнидаги ҳомила Исомиди? У Марямнинг қорнида пайдо бўлиши биланоқ инсонмиди ёки ҳомила даври давомида шунчаки бир парча этмиди?
Биз қиладиган қароримиз аниқ: илоҳий учбирликнинг бир шахси инсон бўлди. Филиппиликлар 2:7да Исо ҳақида шундай ёзилган: “У…қул табиатига кирди, инсон бўлиб туғилди.”
Исо ҳеч қачон бир парча эт бўлмаган. Ҳа, Масиҳ инсон қиёфасига кириш учун инсоний шахсиятдан маҳрум бир парча эт бўлмаган, У Марямнинг қорнида пайдо бўлиши биланоқ ҳомила шаклидаги инсон эди.
Ушбу оятлар ҳомиланинг инсонийлигини бизга кўрсатади.
Аммо… Муқаддас Китобда абортни оқлайдиган оятлар бормикан?
- Ибтидо 2:7да шундай ёзилган:
Шундан кейин Парвардигор Эгамиз ернинг тупроғидан одамни ясади ва унинг бурун тешигидан пуфлаб, жон ато этди. Шундай қилиб, одам тирик жон бўлди.
Айрим одамлар мана шу оятга таниб, инсон ҳаёти биринчи нафасдан бошланади, деб таъкидлайдилар. Демак, уларнинг бу назариясига кўра, нафас олмаган чақалоқ инсон эмас ва уни ўлдириш мумкин экан–да.
Бундай ёндашув асоссиздир, чунки Ибтидо китобидаги оят инсоният тарихида ягона марта юз берган бўлиб, одамзоднинг илк яратилиши ҳақида сўз юритади. Бундай вазият бир марта рўй берган ва бундан кейин ҳеч қачон такрорланмайди. Уни ҳозирги авлоднинг ҳолатига тадбиқ этиб бўлмайди.
- Чиқиш 21:22, 23 да шундай ёзилган:
Уришаётган одамлар ҳомиладор аёлни туртиб юборсалар, аёл чала туғиб қолса–ю, унга бошқа зиён етмаса, зиён етказган одам ўша аёлнинг эри талаб қилган ва ҳакамлар белгилаган миқдордаги зарарни тўлаши лозим. Агар бошқа зарар етган бўлса, жон эвазига жон …….
Юқоридаги оят ҳам аборт учун асос бўлиб хизмат қила олмайди, чунки оятда таърифланган вазиятга кўра, аёл киши кутилмаган сабаб туфайли чала туғиб қўйганди. Уришаётган одамлар ҳомиладор аёлни бехосдан туртиб юборишган бўлишса–да, етказаган зиёни учун жарима тўлашлари шарт эди.
Абортни оқловчи одамлар яна қандай далиллар келтирадилар?
Aборт тарафдорларининг таъкидлашича, аёллар ўз танасига ҳокимлик қилишга ва уни назорат қилишга тўла ҳақлидирлар. Абортнинг ахлоқий томони ҳақида қанча фикр билдирмайлик, аборнинг жамиятга салбий таъсирини ҳеч кўрмаганмиз. Шу боис: “Нима сабабдан бошқа одамлар аёлнинг танаси устидан ҳокимлик қилишлари керак?” деган савол туғилади.
Жавоб:
Ҳомила – инсон экани исботланди. Шундай экан уни аборт қилиб, олиб ташлаш қотилликдир.
Далил:
Муқаддас Китобга асосланган ҳолда қани айтингчи: Ногирон, жисмонан ёки ақлан нуқсони бор болани бу мураккаб ва мушкул ҳаётга келтиришимиз тўғрими? Муқаддас Китобга кўра ҳаёт муқаддасдир, шу боис инсон сифатли ҳаёт кечириши керак. Агар шундай бўлса, биз замонавий технологиялар ёрдамида ҳомиланинг ғоят даражадаги ногиронлигини аниқласак ва болани олиб ташласак, наҳотки тубанликка қўл урган бўламиз? Нега бундай ҳолатни тиббиётдаги ривожланиш, деб атаб бўлмайди?
Бундан ташқари, замонавий технологияларимиз шу қадар тараққий этганки, биз улар ёрдамида боланинг Даун касаллигига чалинганини ҳам аниқлай оламиз ва бугунги кунда кўплаб оналар бундай боладан воз кечиб, уни олиб ташлашга қарор қиладилар.
Жавоб:
Ногирон болаларнинг ота–оналари томонидан ташкил қилинган кўплаб ижтимоий муассасалар ҳеч қачон абортни оқламаганлар. “Ногирон” бола Худо томонидан берилган совға бўлиб, Худога янада кўпроқ улуғворлик келтиради. Мана сизга бир мисол, бир оилада ногирон бола туғилди. Бунинг натижасида ота–онаси ногиронлар уйини ташкил қилишди, шу орқали кўплаб одамлар ва оилаларнинг ибодатлари ижобат бўлди.
Далил:
“Мен аёл кишининг соғлиғини эътиборга олган ҳолда абортни қўллаган бўлардим, мисол учун, оилада бола сони кўп бўлса ёки болаларнинг ораси жуда яқин бўлса, аёл киши аборт қилиши керак, деб ўйлайман. Шунингдек, ижтимоий ҳолатларни ҳам ҳисобга олган бўлардим ва боланинг туғилиши онанинг соғлиғига путур етказган ҳолатларда ҳам аборт тарафдори бўлардим. Айрим вазиятларда боланинг туғилиши шусиз ҳам қашшоқ оланинг аҳволини янада оғирлаштиради ёки болани моддий томондан таъминлай олмайдиган оилага ортиқча юк бўлади, бундай ҳолларда ҳам аборт ёрдам беради.”
Жавоб:
Агар ҳомила инсон бўлмаганда эди, бу далиллар ўринли бўларди. Аммо ҳомила инсон бўлгани учун ҳам ҳаётни сақлаб қолиш, оиланинг моддий қийинчилигидан анча устун ва долзарбдир.
Далил:
Бола туғиш аёлнинг ҳаётини хавф остига қўйса, болани олиб ташлаш керак.
Жавоб:
Бу далилга ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ёндашмоқ зарур. Кўп ҳолатларда бундай далил келтирилганда шифокорлар аёлнинг руҳий ҳолатини ва сиқилганини назарда тутадилар, унинг жисмоний соғлиғини эмас.
Айрим ҳолатлардагина шифокорлар онанинг ёки боланинг жонини сақлаб қолиш тўғрисида қарор чиқаришлари керак бўлади. Иккала одам ҳам хатар остида турганда,улардан бирининг ҳаётини сақлаб қолиш қотиллик эмас, ҳаёт сақлашдир. Шунчаки болани олиб ташлаш гуноҳдир, аммо ҳаётга хавф туғдирган ҳомиладорликка чек қўйишни гуноҳ деб бўлмайди. Шу сабабдан бундай ҳолатни “аборт” деб ҳам атаб бўлмайди.
Хулоса:
Кўпинча аборт тарафдорлари бизни ноқулай аҳволга солиб қўядилар. Улар туғилмаган болаларни қатл қила туриб, биз ота–оналарни ногирон боладан халос этдик, аёл киши ўз танасини назорат қилишга ҳақли ёки қашшоқ оилани ортиқча юкдан халос этдик, деган қуруқ сафсаталар билан ўзларини инсонпарвар қилиб кўрсатадилар.
Бундай “олижаноб” ишларга орқа ўгирган масиҳийлар аслида бағритошлик қилган бўладилар. Зеро, Муқаддас Китоб ҳар бир имонлини ҳақиқий олижанобликка – ҳаётни асраб қолишга чорлайди.
Ҳомила инсондир. Масиҳийлар ҳомиланинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилишлари шарт.
Аммо аборт қилган аёлларга биз нима айтишимиз мумкин?
Биз уларга тўртта нарсани айтишимиз керак:
- Кечирим:
1Юҳанно 1:7b Худо Ўз Ўғли Исонинг қони орқали бизни ҳар қандай гуноҳдан поклайди.
1 John 1:9 Борди–ю, гуноҳларимизни эътироф этсак, содиқ ва адолатли бўлган Худо гуноҳларимизни кечириб, бизни ҳар қандай ёмонликдан фориғ қилади.
Забур 31:5
Энди олдингда гуноҳимни эътироф этдим,
Айбимни яширмай, ўзим айтдим:
“Эгам олдида итоатсизлигимни
бўйнимга оламан.”
Сен эса менинг гуноҳимни кечирдинг.
Бу оятлар нақадар ажойиб умидни бизга беради! Болани олиб ташлаш гуноҳми? Албатта. Демак, болани олиб ташлаган ёки аборт тарафдори бўлган одамлар учун ҳеч қандай умид йўқми? Бор! Зеро Масиҳ бизга тўлиқ, чуқур, абадий ва самимий кечирим беришга тайёр. Исо Масиҳ бизнинг гуноҳларимиз учун ўлганида У ҳамма гуноҳларимизни, шу қатори абортни ҳам кечирган. Шундай экан, фақат Масиҳ бера оладиган кечиримни қабул қилиб олинг.
Исо Масиҳга тегишли бўлганлар энди ҳукм қилинмайдилар. Ҳаёт ато этувчи Руҳнинг қонун–қоидаси Исо Масиҳ орқали бизни гуноҳдан ва ўлимга етаклайдиган қонундан озод қилди. Римликлар 8:1–2
Исо Масиҳни Нажоткор деб, қабул қилсангиз У сизга шифо беради. Исога умид боғланг, Унга ишонинг. У бераётган кечиримни ҳозироқ қабул қилиб олинг.
- Аза:
Жамият аёллар учун тайёрлаб қўйган тузоққа бир қаранг, улар бизга: “Қорнингдаги ҳомила инсон эмас, – деб, бизни алдайдилар. – Шу боис боласини олдириб ташлаган аёллар фарзанди учун аза тутишга ҳақли эмаслар, деб ўргатадилар. Чунки аёлнинг танасидан бола эмас, шунчаки ортиқча бўлган бир парча эт олиб ташланган, холос. Шунинг учун аборт қилган аёл ҳеч наса йўқотмаган,” дейдилар.
Қандай разиллик, ноинсофлик ва бағритошлик!
Ҳақиқат шундан иборатки, боласидан маҳрум бўлган она аза тутиши керак. Аза бу табиий ҳолат. Ўз яқинидан жудо бўлган инсон аза тутиши ва қайғуриши нақадар муҳимлигини Исо жуда яхши биларди. Лазарнинг ўлимидан сўнг Исо Марям ва Марта билан бирга йиғлади ва уларга шундай савол берди:
Уни (Лазарни) қаерга қўйдингизлар? Юҳанно 11:34.
Сўнг Исо улар билан бирга Лазарнинг қабрига борди ва у ерда Лазарни хотирлабгина қолмай, Худонинг улуғворлигини намоён этди. Биз аборт қилган бўлсак ҳам, Исо ёнимизга келади. Агар биз ҳақиқатни тан олсак, бошимиздан кечираётган жудолик изтироби ва қайғу ичида Исо бизга Худони топишимизга ёрдам беради.
- Умид:
Биз олдириб ташлаган боламиз ўлик. Аммо у йўқ бўлиб кетмади, у Худонинг ҳузурида.
Аюб пайғамбар китобининг 3–боб, 1–оятида муаллиф қайғурган ҳолатда шундай дейди:
Охири Аюб сўз бошлаб, ўзи дунёга келган кунни лаънатлади.
Қуйидаги оятларда Аюб ўз қайғуси ҳақида сўз юритади.
Аюб 3:16–17
Нима учун ўлик туғилган боладай бўлмадим?! Нима учун ёруғлик кўрмаган чақалоқдай кўмилмадим?! Ахир, қабрда фосиқлар ҳам фосиқлик қилишдан тўхтайдилар–ку! Чарчаганлар ҳам дам оладилар–ку!
Аюб бу билан нима айтмоқчи? Нега Аюб ёруғлик кўрмаган чақалоқ бўлишни орзу қилиб қолди? Чунки ўлик туғилган чақалоқ кундалик ташвишларга дуч келмайди, у тўғридан–тўғри фароғат диёрига равона бўлади, яъни жаннатга кетади. Оятдаги “дам олиш” ибораси жаннатда бўлишни билдиради.
Туғилмай туриб ўлган ҳомила, аборт қилинган ёки ўлик туғилган бўлишидан қатъий назар тўғридан–тўғри жаннатга боради. Аборт қилинган болалар ҳақида бу ажойиб янгилик! Фожиа билан бошланган умр бундай ажойиб якун топиши нақадар гўзал!
- Ёрдам:
Келинглар, ҳаётни танлаган аёлларимизни олқишлайлик. Биз доим улар учун ибодатда бўлишимиз керак. Ибодат бебаҳо, керакли ва қудратлидир. Бироқ, ибодат билан бир қаторда биз қуйидагича амалий вазифаларни ҳам бажаришимиз ўринли:
Аёлнинг бошқа болаларига энагалик қилиб туришимиз, унга далда ва доно маслаҳат беришимиз, моддий ёрдам кўрсатишимиз, аёлнинг асабларини тинчлантиришимиз, бошқа оғирликларини енгил қилишимиз лозим. Келинглар, ҳаётни танлаган аёлларимизга қўлимиздан келганча ёрдам берайлик.
Одамлар ўз ҳаққи–ҳуқуқини талаб қиладиган бу дунёда ҳаммага тааллуқли бўлган энг фундаментал ҳуқуқ бу – яшаш ҳуқуқидир. Келинглар, ҳали туғилмаган болаларнинг тарафини олайлик, бу дунёни кўришга уларга имкон берайлик. Бир тасаввур қилиб кўринг–а: сиз бир одамнинг ҳаётини сақлаб қолсангиз ва унга ҳаёт инъоминдан баҳраманд бўлишга имкон берсангиз.