Болани тарбия қилиш
Ота–она боласини тарбия қилишни қаердан ўрганиши мумкин?
Бир неча йиллар олдин бир педиатр шифокор бола тарбиясига оид китоб ёзган эди. Бу китобида у ота–оналарга вазифаларини бажаришга ёрдам берадиган кўрсатма ва маслаҳатлар берган эди. Ўша китоб ниҳоятда машҳур, бозоргир китоб бўлди.
Миллионлаб одамлар маслаҳат қидириб, ўша китобга мурожаат қиладиган бўлди.
Журналдаги битта мақолда шундай деб ёзилган эди: “Муҳтарам устод – педиатр бугунги бутун авлодимизни тарбиялаб шакллантирди”.
Ҳурматли шифокор, сиз бугунги авлодга қараб, қилган ишингиздан мамнунмисиз?
Асло! Айтишларича, ўша шифокор ҳаётининг сўнги йилларида умидсизлигу тушкунликка тушган эди. У ўзи тарбия қилган авлоднинг тубанлигини ва аҳлоқсизлигини кўриб, ич–ичидан сиқилиб кетган эди. Уларни “пулга ўч, шаҳвоний ҳирс ўтида ёнган, худбин ва руҳан ногирон”, деб тасвирлаганди.
Шу ерда тўхтаб, бир паст бу ҳақда ўйлаб кўринг.
Агар сўз ўзингиз ҳам ўша китобдаги маслаҳатларга риоя қилганингизда, фарзандларингизни китобдаги кўрсатмалар бўйича тарбиялаганингизда, бунинг даҳшатли ҳосилини ўриб олганингизда нима қилган бўлардингиз?
Вақтни ортга қайтариб, болаларингизни бошқатдан тарбия қила олармидингиз?
Агар сиз ўтмишни қайтариш йўлини топсангиз, бизга ҳам айтинг.
Ёки сиз фарзандларингизни ўтқазиб, уларга: “Ўтган ўн беш йил давомида сизларга нотўғри тарбия берибман. Сизлар фалон нарсаларни қилмай, фалон–писмадон нарсаларни қилишларинг керак экан”.
Нотўғри тарбия натижасида фарзандларингизга келтирган зарарни қандай қоплайсиз?
Бир она менга шундай савол берган эди: “Болани тарбия қилишни қаердан ўргансам бўлади? Қайси олийгоҳда буни ўргатади?”
Аслида, бола тарбиясига оид доно маслаҳатлар асрлар давомида бизга мунтазир бўлиб келган эди.
Наҳотки, Ҳикматлар китобини ўқий бошлашимиз учун, чигал вазиятга тушишимиз керак? Ҳикматлар китоби 3000 йил муқаддам ёзилган бўлиб, бу мўътабар китобда бола тарбиясига оид кўплаб маслаҳатлар берилган.
Бозоргир китобни ёзган шифокор беъмани маслаҳатларининг ҳалокатли таъсирини ҳаёти давомида кўрди. Сулаймон эса 3000 йил олдин яшаган бўлса ҳам, ўзининг бола тарбиясига оид доно гапларидан ҳеч афсус чекмаган бўларди.
Сулаймон бизга нималарни ўргатади?
Келинглар, Ҳикматлардаги бола тарбиясига оид тўртта мавзуни кўриб чиқайлик:
- Тарбия учун сабаблар
- Тарбияда доимийлик
- Тарбияда ман этилган нарсалар
- Тарбиянинг натижалари
Бола тарбияси борасида биринчи мавзу бу – фарзандни тарбия қилиш учун асосли сабаблар.
Ҳикматлар 22:15
Ақлсизлик боланинг дилига ўрнашган,
унинг бу ақлсизлигини калтак ҳайдаб чиқаради.
Биз бу оятдаги баъзи калит терминларини диққат билан кўриб чиқишимиз керак.
Оят қуйидаги сўзлар билан бошланади: “Ақлсизлик боланинг дилига ўрнашган”.
“Болалик боланинг дилига ўрнашган”, деб айтилмаган.
Бу икки сўзнинг маъноси бошқа–бошқа. Аҳмоқлик “ёвузлик қилишга мойиллик”ни билдиради. У гуноҳ билан боғлиқ. Болалик эса норасидаликка боғлиқ бўлади.
Мен болалигимда тўрт литр сутни тўкиб юборган эдим, сут ошхона полидаги тирқишлардан ертўлага сирқиб оққанди. Онам бунинг учун мени жазоламади. Ўша ёшимда бесўнақайлигим дастидан сутни бехосдан туртиб юборган эканман, бу жазо учун сабаб эмасди.
Отамга гап қайтарганимда эса жазо олардим, чунки гап қайтариш гуноҳ бўлиб, жазога лойиқ эди.
Аҳмоқлик, яъни ёвузликка мойиллик, боланинг дилига ўрнашган.
“Ўрнашмоқ” – бирор ўринни ёки жойни эгаллаб олмоқ, ўринлашмоқ, ишғол қилиб олмоқ деган маънони билдиради. Демак, аҳмоқлик боланинг дилига қаттиқ ўрнашиб олган, уни ҳайдаб чиқариш керак, боладан узоқлаштириш керак. Боланинг қалбидан доноликка жой бўшатиш керак.
Айтганча, калтак турли хил кўринишда бўлиши мумкин.
Қилмишни жазолаш учун тарбияда қўлланиладиган ҳар қандай усулни калтак, деб атаса бўлади. Жазонинг ҳар қандай усули боладан аҳмоқликни ҳайдаб, уни яхшилик қилишга ундаши керак.
Болани аҳмоқлик чангалидан озод қилиш учун унга калтак керак бўлади.
Боланинг ўзи буни қила олмайди.
Бу тарбия қилиш учун асосли сабабдир.
Афсуски, баъзи ота–оналар болаларини ҳеч қачон калтакламайдилар, улар бошқа усул қўллашни афзал кўрадилар.
ХIX-асрлар бошларида одамлар олтин талвасасига берилган дамларда бир воиз хотини ва бола–чақасини ташлаб, олтин қидирувчиларга Хушхабар етказиш мақсадида олисдаги кончилар қишлоғига кўчиб борган эди.
Сиз бу одам ҳақида ҳеч қачон эшитмагандирсиз. Бу одамнинг ўғиллари дунёнинг машҳур гангстерларига айланишди (Гангстер – АҚШдаги босқинчилар тўдасининг бошлиғи). Агар отаси уларни ташлаб кетмаганда эди, балки улар ҳурматга сазовор касб эгалари бўлиб етишарди. Бундай ҳодиса одамни ўйлантириб қўяди, ҳозирги кунда ҳам қанчадан қанча воизлару хизматчилар руҳий хизмат кетидан қувиб юрибдилар, ўзларининг фарзандлари эса эътиборсиз қолиб кетяпти.
Инсоннинг характери асосан болаликда татбиқ этилган андаза бўйича шаклланади.
Сиз фарзандларингизни қандай андаза бўйича шакллантиряпсиз?
Ҳикматлар 22:6 да болани тарбиялаш учун яна бир сабаб кўрсатилган:
Болани тўғри йўлга солиб тарбияла,
Шунда қариганда ҳам йўлидан адашмайди.
“Tарбияла” дегани, шунчаки “Болам Исога ишонсин”, деб ибодат қилишингиз эмас.
Тарбиялаш – доимий тарзда меҳр кўрсатиш ва болани тўғри йўлга солиш деганидир.
Тарбия боланинг гуноҳга мойил қалбини жиловлайди, Худонинг йўлидан юришга хоҳиш уйғотади.
Болани қандай тарбиялаш кераклиги ҳақида ота–оналарга кўрсатмалар борми?
Ҳикматлар китобида қуйидаги мавзулар борасида нима дейилган?
Жинсий поклик
Пулни идора қилиш
Ростгўйлик
Тиришқоқлик
Хушмуомала
Меҳнатсеварлик
Дўстлик
Ва энг муҳими – Худо билан муносабат
Ҳикматлар 22:6–оятдаги “йўлидан адашмайди” сўз бирикмаси ота–она боланинг шахсиятини, унинг ўзига ҳос қобилиятларини ва ҳаётидаги Худонинг чақириғини ҳурмат қилишлари кераклигини назарда тутади.
Бошқача қилиб айтганда, фарзандингизни ўзингизнинг шахсий мақсадларингизни амалга оширишига мажбур қилманг.
Фарзандингизнинг қандай қобилиятлари бор?
У нималарга қизиқади?
Нимани яхши кўриб бажаради?
Фарзандингиз ўшаларни амалга оширишга ҳаракат қилсин
Уни қобилиятлари томон йўналтиринг.
Бир одам шундай деб айтган эди: “Менга 12 ёшгача бўлган болани беринг, 12 ёшдан кейин у ким билан яшаши мени қизиқтирмайди”.
Боланинг ўн икки ёшгача бўлган даври шаклланиш даври бўлиб, бутун ҳаётига таъсир қилади.”
Меҳр билан амалга оширилган тарбия доим ижобий натижа олиб келади.
Сулаймоннинг доно насиҳатлар XXI–аср учун эскириб қолган, деб ўйлаган одамларга ҳазил тариқасида аскиячининг қуйидаги маслаҳатини келтираман:
“Фарзандингиз жиноятчи бўлишини хоҳласангиз, қуйидагиларга риоя қилинг:
- Болангиз гўдак экан, унга сўраган нарсасини беринг. Шунда болангиз катта бўлгач: “Менинг олдимда ҳамма қарздор, ҳамма айтганимни қилиши шарт”, деб ўйлайдиган бўлади.
- Болангиз сўкинганда, мазза қилиб кулинг.
- Унга умуман руҳий таълим берманг. Ахир, болангиз 21 ёшга киргач, унга нима кераклигини ўзи қарор қилар.
- “Нотўғри” деган сўзни асло ишлатманг, акс ҳолда болангизда “айбдорлик” ҳисси ривожланади.
- Болангизнинг орқасидан йиғиштириб юринг – китобларини, кийимларини, оёқ кийимларини жой–жойига қўйинг. Унинг учун ҳамма нарсани қилинг, шунда у барча жавобгарликни бошқалар зиммасига юклайдиган бўлади.
- Кўрмоқчи бўлган ҳамма кўрсатувларни кўраверсин, ўйнамоқчи бўлган ҳамма ўйинларни ўйнайверсин (Телевизор кўришга, интернетда ўтиришга асло монелик қилманг). Овқат ейдиган идишларини қиртишлаб ювинг, аммо миясига кираётган ахлатга эътибор берманг.
- Турмуш ўртоғингиз билан бола олдида кўпроқ жанжаллашинг.
- Айтган нарсасини олиб беринг, овқатдан, ичимликдан, қулайликлардан уни ҳеч қисманг. Унинг ҳар бир истагини сўзсиз бажо келтиринг, рад этсангиз руҳиятини тушкунлик гирдобига ғарқ этасиз.
- Ишлатиши учун доим кераклигича пул беринг. Пулни ўзи топишига йўл қўйманг.
- Қўшниларингиз, ўқитувчилари ва милиция олдида доим фарзандингиз томонини олинг, уни оқланг. Ахир, уларнинг ҳаммаси фарзандингизга қарши–ку.
- Болангизнинг боши муаммолардан чиқмай қолганда эса, ўзингизни оқлаб айтинг: “Нима қилай? Ахир, унга гапим ўтмайди.”
Бу кўрсатмаларга риоя қилинг, шунда бир умр афсус чекиб яшайсиз.
Мен 14 ёшли бир ўспиринни танир эдим, у доим ёшларимиз гуруҳига машина ҳайдаб келарди (мен яшаган Штатда бу ёшда машина ҳайдаш мумкин эмас). Қанийди, у бола гуруҳимизни ҳеч ташлаб кетмаганда эди. У Худо йўлида юришини мен жуда хоҳлардим. Аммо ҳафтада бир марта ўтадиган икки соатлик учрашув орқали инсоннинг ҳаётига йиллар давомида келтирилган зарарни тузатиб бўлмас экан. Шу сабабдан ўсмирлар билан ишлаш жуда қийин. Биз ўсмирларимиз учун ҳам, уларнинг етакчилари учун ҳам доим ибодат қилишимиз керак. Булар ҳам тарбия учун асосли сабаб бўлиб хизмат қилади.
Тарбия борасида биринчи мавзуимиз шу эди.
Иккинчи мавзу – тарбияда доимийлик.
Ҳикматлар 13:24
Калтакни ўғлидан аяган одам уни ёмон кўради,
ўғлини севган эса ёшликдан тартиб–интизомга ўргатади.
Фарзандларини севган ота–оналар уларни вақтида тарбиялайди.
Жазони кечиктириш севгидан эмас, нафратдан далолат беради.
Эътиборсизлик ёмон хулқ–атвор учун берилган мукофот кабидир.
Боланинг қилмиши учун жазо бермай, эътиборсизлик қилсангиз, уни тўғри йўлга солиш имкониятини қўлдан бой берасиз.
Менинг катта опам турмушга чиққанида шундай деб айтган эди: “Болаларим бўлгандан кейин ёмон иш қиладими–йўқми, ҳафтасига бир марта бўлса ҳам, уларни калтаклаб тураман. Шу орқали оилада ким бошлиқ эканини уларга кўрсатиб тураман.”
Борди–ю сиз ҳозир опамнинг болаларини кўрсангиз эди, улар умрида калтак емаганига амин бўласиз.
Униси ҳам, буниси ҳам нотўғри.
Мазкур оят бизга фарзандларимизни севишга ва вақтида тартиб–интизомга чақиришга ўргатади.
Агар кимдир сизга: “Уч ой олдин қилган ишинг нотўғри эди”, деб айтса жаҳлингиз чиқмайдими? Мен билан шундай ҳодиса юз берган эди. Уч ойдан кейин, сиз аниқ нима қилганингизни яхши эслай олмайсиз, шундай эмасми? Хотира ҳамма нарсани аниқ кўрсатмайди. Нотўғри иш қилган одам қачон ундан сабоқ чиқариши керак? Бунинг учун энг яхши вақт қайси? Ўша ишни қилиб қўйганингиздан кейин–да.
Бир донишманд шундай деган эди: “забардаст чинор дарахтини буккандан кўра, унинг новдасини букиш осонроқ”.
Фарзандларингизни ёшлигидан тарбияланг.
“Характер дарахтга ўхшайди, новдаларини вақти–вақти билан бутаб турса, кучли ва бақувват бўлиб ўсади”.
Ибронийлар 12:5-11–оятлар ҳозирги мавзуимизга мос келади:
5 Худонинг сизларга Ўз фарзандлари сифатида айтган мана бу далда сўзларини унутибсизлар:
“Ўғлим, Эгамизнинг тарбиясига эътиборсиз бўлмагин,
Ундан танбеҳ олганингда кўнглинг чўкмасин.
6 Зеро, Эгамиз яхши кўрган бандасини тарбиялайди,
Фарзанд қилиб олган ҳар бир одамни жазолайди.”
7 Чекаётган азобларингизни Худонинг тарбияси деб билиб, сабр–тоқат қилинглар. Чунки Худо сизларни Ўз фарзандларидай кўриб, тарбия қиляпти. Ахир, хар бир ота ўз фарзандини тарбия қилади–ку!
8 Агар Худо сизларни бошқа фарзандларини тарбиялагандай тарбияламаса, демак, сизлар Худонинг фарзандлари эмас, ҳаромзодасизлар.
9 Биз жисмоний оталаримизнинг тарбиясини олиб, уларни ҳурмат қилиб келяпмиз. Шундай экан, янги ҳаётга эга бўлиш учун осмондаги Отамизга бундан–да кўпроқ итоат қилишимиз керак эмасми?!
10 Жисмоний оталаримиз қисқа вақт давомида, бизни ўз билганидай тарбиялаган эдилар. Худо эса бизнинг манфаатимизни кўзлайди. Биз У каби муқаддас бўлишимиз учун Худо бизни тарбиялайди.
11 Одам тарбия олаётганда хурсанд бўлмайди, аксинча, қайғуради. Аммо бундай тарбияни олган одам кейинчалик тинч–тотув ва солиҳ ҳаёт кечиради.
Исо Масиҳни Нажоткор қилиб қабул қилган ҳар бир одам Самовий Отанинг фарзандидир. Агар муқаддас ва севгига бой бўлган Отамиз Худо бизни тарбияласа, демак, биз заминий оталар ҳам ўз фарзандларимизни тарбиялашимиз керак, бунда Самовий Отамиздан ўрнак олишимиз керак.
Ўлимга элтувчи йўл текис ва осон, ҳаёт йўли эса машаққатлидир. Шайтон боғчадаги болаларга таъсирини ўтказа бошлайди, биз ҳам ундан қолишмайлик.
Агар сиз фарзандни доим тарбия қилиш кераклигига ишонмасангиз Ҳикматлар 19:18ни ўқинг.
Умид бор экан, фарзандингни тарбия қил,
бузилиб, нобуд бўлишига йўл қўйма.
Бу оятнинг маъноси нима?
Бу дегани – болани шаклантиришга қисқа вақтингиз бор, вақтни қўлдан бой бермаслигингиз керак.
Болани тарбия қилишга кеч қолишингиз ҳам мумкин.
Болани тарбияламаслик, уни ўлимга маҳкум этиш билан баробардир, чунки боланинг бадфеъллиги бошига кулфатлар келтиради.
Агар болани тарбияламасангиз, уни етукликдан ва келажакка бўлган умиддан маҳрум қиласиз.
Фарзандингиз мустақил ҳаётга қадам ташлаганида ва уйингизни тарк этганида унинг учун ибодат қилишингиз мумким, аммо сиз уни гўдаклик давридан бошлаб шакллантиришингиз шарт.
“Муқаддас Китоб ақидаларига риоя қилган киши, боланинг доимий тарбиясига эътибор қаратади, бундан ҳеч безмайди, бунга ҳайрон ҳам қолмайди.”
Доно одамлар фарзандларининг тарбияси билан доим шуғулланадилар.
Биз иккинчи мавзуимиз “тарбиянинг доимийлиги”ни кўриб чиқдик.
Аммо тарбияда ман этилган томонлар ҳам бор. Шу сабабдан учинчи мавзуимиз — тарбиянинг ман этилган томонлари.
Баъзи одамлар болаларини тарбиялаган ва интизомга чақирган ота–оналарни зўравонлар қаторида кўрадилар. Уларни бола ўлдирган қотилларга тенглаштирадилар.
Муқаддас Китобда тарбия ҳақида сўз юритилганда зўравонлик назарда тутилмаган.
Буни қуйидаги оятлардан кўришингиз мумкин:
Ҳикматлар 20:9
“Қалбимни тозаладим, гуноҳимдан холиман”, деб ким айта олади?!
Дунёдаги биронта одам шундай гапларни айта оладими: “Мен сендан яхшироқман. Мен ўз кучим билан гуноҳларимдан холи бўлдим, энди эса пок ва гуноҳсизман. Сен эса гуноҳга ботиб кетган ярамас одамсан. Сенга нима бўлди ўзи?” Йўқ. Ҳеч ким покизалиги билан мақтана олмайди. Бу оят ҳам бизга, гуноҳсиз одам йўқлигини, ҳамма Худонинг улуғворлигидан маҳрумлигини таъкидлаб кўрсатяпти.
Ҳеч бир инсон ўз қалбини тозала олмайди. Шунинг учун ҳаммамизга гуноҳларимизни ювадиган Нажоткор керак.
Буни англашимиз, бошқаларни тарбиялашимизда эҳтиёткор бўлишга бизга ёрдам беради. Ахир, ҳеч ким гуноҳсизлиги билан мақтана олмайди. Тўғри, бугун мен бу одамнинг гуноҳини фош қиламан, уни тартибга чақираман, аммо олдин менинг ҳам гуноҳимни фош қилишган, келажакда ҳам гуноҳим учун дакки ейишим мумкин.
Шунинг учун бир инсон бошқасидан устун эмас.
Ҳар биримиз гуноҳимиз билан курашамиз, баъзида ўзимизнинг гуноҳларимиз бошқаларни тўғрилашга бизга йўл қўймайди.
Ҳикматлар 20:22
Ёвузлик учун қасос оламан демагин,
Эгамизга умид боғлаб кутгин, У сени қутқаради.
Тарбия – қасос эмас.
Қасос – Худонинг одиллигига ва керакли жазо беришига ишонмаслик.
Қасос – Худонинг бошқарув усулига норозилик билдириш билан баробар.
Қасос – худбинликка асосланган.
Қасоснинг кўзга кўринмас жиҳати бу – жанжални кўпайтириш, уни босиш эмас.
Биз Худога тўлиқ ишонмаганимиз учун қасос олишга тиришамиз.
Адолатни Худодан бошқа ким ўрната олади?
Тарбия фарзанднинг манфаати учун, ота–онанинг манфаати учун эмас.
Тарбия – ота–онанинг жаҳлдан тушиш воситаси эмас, балки болани етуклик сари бошлаб бориш йўлидир.
Тарбияда қасос олиш қатъиян ман қилинади, чунки қасос – Худонинг вазифаси, инсонники эмас.
Тарбияда ман қилинган яна бир нарса Ҳикматлар 20 :7 да ёзилган:
Солиҳ ҳалол яшайди,
Унинг болалари нақадар бахтлидир.
Ҳаммамиз биламизки, ота–она фарзанди учун ҳар нарсада намуна бўлиши керак. Агар ота–она Худонинг йўлидан юрса ва буни фарзандлари кўришса, улар албатта ота–онасидан ўрнак оладилар.
Ўзингиз солиҳ бўлиб, ҳалол яшасангиз болаларингизни ҳа деб тарбия қилишингизга эҳтиёж қолмайди.
Художўйликни фарзандлар ота–онасининг самимий, пок ва солиҳ ҳаётидан ўрганадилар.
Мен саккиз ёшларда бўлганимда отам уйимизга қадрдон, яқин дўстларини таклиф қилган эдилар. Ҳамма овқатланиб бўлганидан кейин, отам менга: “Ўғлим, меҳмонларга янги ўйинчоғингни кўрсатмайсанми?!” дедилар. Мен ўзимда йўқ хурсанд бўлиб, ўйинчоғимни олиб келдим, лекин ўйинчоғим яхши ишламади, мен жаҳл устида сўкиниб юбордим. Отам уялиб кетиб: “Бу сўзларни қаердан ўргандинг?” деб дўқ қилдилар. “Ўзингиз бугун эрталаб шундай деб айтган эдинкиз–ку!” деб жавоб бердим мен.
Бу ҳақиқат эди.
Отам эрталаб сўкиниб айтган бу сўзларни эшитган эдим, аммо ўша пайтда отам арра билан қўлларини ёмон кесиб олганларидан бехабар эдим.
Ҳаётимда бир мартагина отамнинг сўкинганларини эшитганман. Ўшанда: “Агар отам бундай сўзларни ишлатса, демак, мен ҳам ишлатсам бўлади”, деб ўйлагандим. Отамни меҳмонлар олдида ёмон хижолат қилиб қўйган эдим.
Эсингизда бўлсин, жажжи қулоқчалар сизни доимо эшитиб туради, мўлтиллаган кузчалар сизни кузатади.
Юқоридаги оят бизни доимо ҳалол яшашга ундайди.
Бизнинг ҳаракатларимиз нафақат ўзимизнинг ҳаётимизга, балки яқинларимизнинг ҳаётига бевосита таъсир қилади. Мазкур оятда ҳам сабаб ва натижа кўрсатилган.
Агар фарзандларимиз ҳар куни, ишимизда ҳам, уйимизда ҳам ҳалоллигимизни кўрса, бу уларнинг эт–этига, суякларигача сингиб боради.
Ҳаётимиздаги доимийлик ҳаддимиздан ошиб кетишимизга йўл қўймайди.
Демак, биз қуйидаги учта мавзуни кўриб чиқдик:
1–Мавзу: Тарбия учун сабаблар
2–Мавзу: Тарбияда доимийлик
3–Мавзу: Тарбияда ман этилган нарсалар
Энди тўртинчи мавзуга ўтамиз: Тарбиянинг натижалари
Агар юқоридаги мавзуларга биз жиддий ёндашган бўлсак, қандай натижага эришамиз?
Ҳикматлар 20:11
Ҳатто ёш болани ҳам хулқидан,
тўғрилигини ва поклигини ишларидан билса бўлади.
Одамлар: “Ёшларимиз – жамоатимизнинг келажаги”, деб айтганларида менга ёқмайди.
Бу дегани – ёшларимиз ҳозирги жамоатга ҳеч қандай ҳисса қўша олмади.
Бу дегани – биз бугунги кунда ёшларимиздан ҳеч қандай нарсани талаб қила олмаймиз.
Бу нотўғри!
Агар фарзандларимиз ҳозир бор бўлса, демак, улар ҳозирги жамоатнинг бир қисми ҳисобланади. Улар бугунги кунда эзгу ишлари билан жамоатимизга ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин.
Ҳикматлар 20:11
Ҳатто ёш болани ҳам хулқидан,
тўғрилигини ва поклигини ишларидан билса бўлади.
Ёшларимиз Исони Нажоткор, деб қабул қилишлари билан кифояланмасликлари керак, улар бошқа ёшларга ҳам Хушхабар айтишлари мумкин. Худо уларнинг ҳаётида нималар қилгани ҳақида гувоҳликлар беришлари мумкин.
Жамоатимизнинг йиғилишларидан бирида саккиз ёшли бола туриб, Муқаддас Китобдан нималар ўргангани ҳақида айтиб берди. Унинг гувоҳлиги дўстимнинг қалбига шу қадар чуқур теккан эдики, дўстим ўз ҳаётини бошқатдан Худога бағишлади.
Жажжи боланинг Худога бўлган итоаткорлиги, дўстимнинг итоатсизлигини фош этди, дўстим йиғлаб, тавба қилди.
Қанийди, жамоатнинг ҳар бир йиғилишида болаларга сўз берилса, улар ҳам гувоҳликлар айтишса, бу жуда яхши бўларди, шундай эмасми?
Бундан ҳаммамиз далда олардик, бунга ҳеч шубҳам йўқ.
Фарзандингиздан ҳеч нарса кутмасангиз, ҳеч нарса ололмайсиз.
Фарзандингиздан буюк ишлар кутсангиз, буюк ишларни кўрасиз.
Бола тарбия олгани ёки олмагани яққол кўзга ташланади. Бизнинг вазифамиз — фарзандларимизни Масиҳга ўхшатиб шакллантиришимиз.
Худо болани бола ўрнида кўради, шунчаки вояга етмаган инсон ўрнида эмас.
Биз ҳам болани бола ўрнида кўришимиз керак.
Эзгу ишларнинг турлари ниҳоятда кўп, бироқ буларнинг ҳаммаси яхши тарбиянинг маҳсулидир. Эзгулик қилган ёш бола оиласи шаънига иззат келтиради, ёшлигига қарамай жамиятнинг эътиборга лойиқ аъзоси ҳисобланади.
Эзгулик инсоннинг ички хислати бўлса ҳам, доимо пинҳон бўлиб қолавермайди. Бу ҳақиқат каттага ҳам, кичикка ҳам бирдай таалуқли.
Яхши дарахтни мевасидан билиб оласизлар, деган гап каттага ҳам, кичикка ҳам мос келади.
Доимий тарбия қандай натижага олиб келади?
Ҳикматлар 20:29
Қувват йигит кишининг ғуруридир,
оқарган сочлар эса кексанинг шуҳратидир.
Қандай қилиб одам ҳурматга сазовор бўлиши ва узоқ умр кўриши мумкин?
У тарбия олиш орқали бунга эришади.
Итоатсизлик инсонни барбод қилади.
Итоат эса – узоқ умр бахш этади.
Муқаддас Китобда оқарган сочлар итоат, садоқат ва баракат тожи ҳисобланади.
Кекса киши жисмоний кучга эга бўлмаслиги мумкин, аммо унинг руҳий ва аҳлоқий кудрати ёш авлод учун маёқ бўлиб хизмат қилади, у донолиги билан ёшларга далда беради, уларнинг қадамини Худо томон буради.
Биз забардаст ёшларимизни чапак билан олқишласак, олижаноб мўйсафидлар олдида бош эгиб, таъзим қилишимиз керак.
Кексайиш осон эмас, бу фақат мардлар учундир.
Ўтмишдаги имон қаҳрамонларининг ҳикоялари ортида биз ота–оналарининг фарзандига бўлган меҳрини, донолигини ва тарбиясини пайқашимиз мумкин.
“Меҳнат – меҳнатнинг таги роҳат” деган мақол нафақат жисмоний меҳнатни назарда тутади. У тарбияга ҳам таалуқли.
Ҳаётимда мен ўрганган энг муҳим нарса бу – тарбияни қадрлаш.
Сиз–чи тарбиянинг қадрига етасизми?
Фарзандларингизни ўстириб, тарбия қилар экансиз, Ҳикматлардаги доно сўзларга риоя қиласизми?