Xомиланинг тушиб қолиши
«ФАРЗАНД ДОҒИ ҳеч кимнинг бошига тушмасин». Ушбу ҳаётдаги ҳеч қандай дард ва алам, азоб ва уқубат фарзанд доғига тенг кела олмас. Қуйдаги мақолани фарзандидан жудо бўлган аёллар ёзишган.
Хурсандчилик – фақат бугунги кун учундир
Забур 117:24 «Эгамиз яратган кундир бу, бу кунда шод бўлиб, севинайлик.»
Худо менинг ҳаётимда кўп улуғланган. Мен гиёҳвандлик ва ичкиликни ташлаб, соғлом ҳаёт кечира бошлаганимдан кейин олти ой ўтгач, турмушга чиққан эдим. Кўп ўтмай Худованд бизга ширинтой бир ўғилчани инъом этди. Фарзандимиз керакли муддатдан уч ой олдин туғилди.
Бир неча ой давомида барокамерада муолажа олганидан сўнг мен жажжи ўғлимни ниҳоятда бағримга босдим. Унга Элиша, деб исм қўйдик. Ўғлимиз дунёдаги энг ажойиб чақалоқ бўлиб, эрим икковомизнинг қалбимизга беҳад шодлик ва қувонч олиб кирди. У бутун оиламиз учун Худонинг совғаси эди.
Бироқ ўғлимиз 22 ёшга тўлгач, Раббимиз уни самовий уйига, Ўз ҳузурига чақирди. Ўғлим милк ва тишларидаги айрим муаммолар оқибатида вафот этди. У билан биргаликда қалбимдаги хурсандчилик ҳам ғойиб бўлди. Мен ёлғиз ўзим ҳижрон азобида ёнардим, қалбим қийналиб ўртанарди, дард ва алам доимий ҳамроҳларимга айланди. Жудолик азоби қалбимни эгаллаб олиб, мени хурсандчиликдан маҳрум этди, Худонинг берган ҳар бир кунини заққумга айлантирди, мадоримни сўриб олди, азадорлик оғир кўрпадай устимни босиб турарди, нафас олишимга йўл қўймасди. Мен ҳаётнинг эзгулигини кўра олмайдиган сўқирга айландим. Ҳудойим берган умрдан, бу бебаҳо неъматдан завқ олишга ожиз бўлиб қолгандим.
Забур 138:7 да шундай деб ёзилган: “Сенинг Руҳингдан қочиб, қаерга ҳам бора оламан?! Сенинг ҳузурингдан қаерга ҳам кета оламан?! Агар осмонга чиқсам, Сен ўша ердасан! Ўликлар диёрига тушсам ҳам, Сен ўша ердасан!” Ҳа, мен ҳеч қаерга Худодан яширина олмасдим. Фарзанд доғидан ҳосил бўлган қалбимдаги тиним бермас азобни ҳеч нарса билан тинчлантира олмасдим. Мана, фарзандимдан жудо бўлганимга 14 ой бўлди, аммо қалбимдаги оғриқ ҳеч сусаймади. Юрагимдаги бўшлиқни ҳеч нарса тўлдира олмади, жудолик яраси ҳануз қаттиқ оғриқ бермоқда. Бироқ бир Зот қон йиғлаган қалбимга яқинлаша олади. Зим–зиё зулматни фақат ўша Зот ёрита олади. У мени ўзим қазиган чуқурликдан олиб чиқа олади. Фарзанд доғини кўрган чилпарчин қалбимга малҳам суртиб, таскин беради.
Мен шунчаки Еремиё китобидаги қуйидаги сўзларга амал қиламан: “Мени бутун қалбингиз билан изласангизлар, топасизлар.” (Еремиё 29:13) Зеро, бу қоронғу дунёда мен учун озгина бўлса ҳам умид берадиган ҳеч қандай бошқа амал қолмаган. Дунёдаги ҳеч бир инсон бу ёлғизлик сафарида менга ҳамроҳ бўла олмайди, фақатгина бир Зот доимо ёнимдадир. У ҳеч қачон мени тарк этмайди, шу боисдан ҳам мен субҳидамдан Унинг юзини қидираман.
Ҳа, мен Уни излайман ва ўз Нажоткорим Раббимни албатта топаман. У қалбимга умид бағишлайди, ҳар кун учун етарли даражада куч ато этади. Ҳар бир кунни ўғлимсиз яшай олишимга мадад беради, Ўз севгисини менга кўрсатади, Ўз табиати, донолиги, ҳузурини менга аён этади, ҳар бир вазиятга тўғри ёндашишимга ёрдам беради. Унинг мадади билангина менга ажратилган умримдан нолимай, олға қадам боса оламан.
Ҳар куни менда танлов бор: мен ўғлимнинг ўлими учун қайғуришим мумкин ёки Худо менга берган ҳар бир кунга умид ва севинч ила боқишим мумкин. Ишончим комилки, бир кун келиб мен албатта ўғлимни кўраман. Шу боис бугун шундай деб айтаман: “Эгамиз яратган кундир бу, шу кунда шод бўлиб, севинайлик.”
Қалбни ёритувчи Нур
2 Бутрус 1:19 “Бундан ташқари, биз пайғамбарларнинг башоратларига тўлиқ ишонамиз. Сизлар ҳам уларнинг сўзларига диққат этсангизлар, яхши қилган бўласизлар. Зеро, бу сўзлар Масиҳ келадиган кунгача сизлар учун гўё зулматда нур сочиб турган чироқдай бўлади. Сўнг Масиҳнинг Ўзи келади. Унинг келиши тонг юлдузи каби бўлиб, янги замоннинг бошланишидан дарак беради, Масиҳнинг нури қалбларингизни ёритади.”
Мен Худога яқинлашдим, анча етук бўлиб қолдим, Худо ҳақидаги тушунчам ғоят даражада ўзгарди. Болалигимда ўзимнинг отам, гарчи масиҳий бўлсалар–да, доим мен билан синглимни қўрқитардилар, у бизга Худони тасвирлаганда, осмондаги раҳмсиз бир маҳлукни тасвирлагандай бўларди, гўёки Худо бизни доим жазолашга тайёрдай кўрсатарди. Қўрқув орқали отамиз биздан тўлиқ итоаткорликни талаб этиб, шундай деб айтардилар: «Ҳеч кимга сирингизни бой берманглар, айтганларимни сўзсиз бажаринглар, акс ҳолда, Худо сизларни ожиз бир чумолини эзгандай, мажақлаб ташлайди.» Шу боис мен доим қўрқув ичида яшардим, ўлсам дўзаҳда ёнаман, деб ўйлардим.
Оқибатда мен ўлимдан қаттиқ қўрқадиган бўлдим. Энди эса мен Худонинг асл табиатини билиб олдим: Худо мени севиши, мендан ғазабда эмаслиги, мендан воз кечмагани ва мен билан фахрланишини тушундим. Болалигимдаги кўп ёлғонлар фош бўлди. Билсам, ёшлигимда бошимдан ўтказган кўп травматик ҳолатлар туфайли руҳан анча сезгир бўлиб қолган эканман. Шу боис руҳий ҳақиқатга анча очиқ эдим. Бошимга тушган кўплаб кўргуликларим эвазига Худо менга руҳий сезгирлик каби гўзал бир ҳадяни инъом этди. Шу боис мен бошқалар учун ёпиқ бўлган руҳий дунёни ва Раббимизнинг ишларини яққол сеза оламан.
Ёшлигида сувга шўнғиш натижасида шол бўлиб қолган бир аёл, ногиронлар аравачасида ўтириб шундай деганди: «Ҳозирги ҳолатим бу — Худойимнинг иноят совғасидир». Мен бу аёлни жуда яхши тушунаман, чунки ўзимнинг ҳаётимга разм солиб, қўрқувдан шол бўлган ожиз бир қизчани кўраману, чин дилдан Худога шукурлар айтаман. Зеро, болалигимда кўрган кўп кўргуликлар мени руҳан сезгир ва доно қилди.
Ёшуа 3:4–оятда шундай деб ёзилган: “У (Худо) сизга йўлни кўрсатиб боради, чунки сизлар бу йўлни билмайсизлар.” Ҳаётимизда рўй берадиган ҳар бир вазият биз учун янги ва ўзгачадир, шу боис, ушбу заминдада қадам ташлар эканман: ишхонамда, муносабатларимда, чақалоқни дунёга келтирганимда, жамоатдаги хизматимда, жисмоний машқларда, ўзим ёқтирган хоббида ёки фарзандимдан маҳрум бўлганимда ”мен бу йўлни билмайман”, деган хаёлга бораман. Буларнинг ҳаммаси мен учун янги, мен билмаган йўлдир, шу боис бу барча вазиятларда мен Худонинг бошқарувига таянаман.
Ишаё 60:2 да шундай ёзилган: “Мана, ер юзини зулмат қоплади, халқларни қуюқ зулмат босди. Аммо Эгамиз сенинг олдингга келади, Ўз улуғворлигини бошинг узра порлатади.” Худо ҳар бир фарзандини Ўзи белгилаган, стратегик тарзда маълум бир оилага, ташкилотга, бозорга, касалхонага, мактабга жойлаштирган, муайян бир вазиятни келтириб чиқарган, токи, дунё зулматга ғарқ бўлган мушкул бир дамда Худо Ўз фарзанди орқали улуғворлигини намоён қилади.
Дунёнинг охирги дамлари яқинлашар экан, олам зулматга чўкади, дунёда ёвузлик ортиб боради, ҳамма ёқни қорунғулик қоплайди. Ёвузлик кўпайиб эзгулик камайган бир пайтда Муқаддас Китобдаги башоратлар кўз ўнгимизда амалга ошади. Масиҳ қайтиб келганда ҳаёт бўлган масиҳийлар бутун умидини Худонинг Каломига боғлайдилар, чунки зулматга чўккан ушбу ғариб дунёдаги ягона ҳақиқат илоҳий Каломда пинҳон эканига улар асло шубҳа қилмайдилар. Бу Каломни улар қалбларида ардоқлаб сақлайдилар.
Қайғунинг яхши томони ва азоб–уқубатнинг нафи шундаки, у бизнинг кўзларимизни очади, ҳаётдаги асл қадриятларни кўра олишимизга ёрдам беради. Мен атрофимга разм солиб, фақат фойдасиз, ҳеч нарсага арзимайдиган нарсаларни кўраман. Қалбимда жўш урган жафо тўфонлари бу дунёнинг арзимас нарсаларини супуриб ташлаб, менга борлиқнинг асл қадриятини намоён этгандай бўлади. Мен Худонинг шоҳлигига яқинлашгандай бўламан, абадиятни бутун борлиғим билан хис этгандай бўламан. Фарзандимнинг ўлими Худонинг сокин, шивирлаган овозини қалбимни зир титратадиган баланд садога айлантирди. Бу овоз мени шошилтиргандай бўлади: мен пасайишим, Худо эса юксалиши кераклигини менга уқтиради. Ушбу дунёнинг маънисиз нарсалари энди мен учун ҳеч қандай аҳамият касб этмайди, мен бутун борлигим билан самога интиламан.
Ким билсин, балки мен фарзандим ёнига шошилаётгандирман?! Бу бевафо дунёнинг ташвишлари ва машаққатларидан озод бўлмоқчидирман?! Ёки ушбу заминдаги вақтим ниҳоясига етганини сезаётгандирман?! Ҳа, кун ёришиб, тонг юлдузи чиқадиган вақти келгандир?!
Худо эзилган кўнгилларга шифо беради
Забур 146:3-5 “Эзилган кўнгилларга У шифо беради, уларнинг яраларига малҳам қўяди. Юлдузларнинг сонини У аниқлаб чиқади, уларнинг ҳаммасига ном беради. Раббимиз буюкдир, қудрати азимдир, Унинг донолиги чексиздир.”
Мен онанинг ўз фарзандига бўлган меҳри ҳақида кўп фикр юритаман. Бу илоҳий меҳр Худонинг онага берган юксак бир неъматдир. Онанинг ўз фарзандига бўлган бу меҳрни ер юзидаги ҳеч қандай севги билан қиёслаб бўлмайди. Ўз меҳри туфайли она боласини шердай ҳимоя қилади, қалбининг мурғак парчасини шартсиз севади, уммондай чуқур бўлган бу севги фақат фарзандига тегишлидир. Бу алангали севги туфайли она ўйланиб ўтирмай фарзанди учун жонини ҳам фидо қилади.
Она болани дунёга келтириш учун жон олиб, жон беради. Ундан кейин ҳам, ҳар куни, тиним билмай, жонини фарзандига бағишлаб, уни парваришлайди. Чиқарган ҳар бир қарорда фарзандининг келажагини ва унинг манфаатини биринчи ўринга қўяди.
Ҳомиладорлигим пайтида, Худонинг Ўзи фарзандимни менга боғлаб қўйди, ҳаётбахш ришта вазифасини киндик ичакчаси бажарарди. Умримиз давомида эса бизни меҳр риштаси боғлаб туради. Мен фарзандимни биринчи бор бағримга босганимда, ажиб бир севгини, ғаройиб бир меҳрни ҳис этдим.
Раббим фарзандимни осмондаги масканига олиб кетганида, қалбимнинг катта бир бўлаги фарзандим билан бирга кетди, бу ерда эса қалбимнинг бир парчаси қолган, холос. Муқаддас Каломда ёзилишича: Худо эзилган кўнгилларга шифо беради, уларнинг яраларига малҳам қўяди. Лекин бу жараён қанча вақт талаб этиши ёзилмаган. Менимча, фарзанд доғини кўрган оналар учун бу жараён фақат осмонда ўз ниҳоясига етади. Она ўлган фарзандини юзма–юз кўрганидан кейингина тўлиқ таскин топади.
Бироқ шунга қарамай, бизнинг Худойимиз кучли ва қудратлидир, У чексиздир. Фарзандидан жудо бўлган онани У жуда яхши тушунади, зеро, Унинг Ўзи ҳам ёлғиз Фарзандини биз учун бу дунёга юборган. Исо Масиҳ орқали У дунёдаги фарзандларига Ўзининг ҳимоя қилувчи, чексиз, чуқур ва шартсиз севгисини намоён қилди. Бу севги ажиб ва ўзгачадир.
Муқаддас Китобда кўнгли чўккан, руҳан эзилганлар ҳақида кўп оятлар бор. Забур 33:19 да шундай деб ёзилган: “Кўнгли чўкканларга Эгамиз яқиндир, руҳан эзилганларни У қутқаради.”
Азиз фарзандимнинг ўлимидан кейин мен қаттиқ қайғуга ботдим; кечаю кундуз кўз ёш тўкардим, ухлаб қолгунимча ёстиғимни жиққа ҳўл қилардим; ич–ичимдан чиққан жудолик дарди мени бўғарди, бутун вужудим оғриқдан қийналарди, бу чидаб бўлмас дард мени адо қилади, деб ўйлардим. Эрталаб уйғонганимда қалбимдаги дардим янада зўраярди, фарзандим қолдирган оиламдаги бўшлиқ менга азоб берарди, эътиқодим чилпарчин бўлишига бир бахя қолганди.
Мен қўлимга телефонни олдим. Чўпоним менга бир хабар жўнатганди. Хабарда шундай ёзилганди: ”Бу оғир дамларда Худонинг қуйидаги ўнта ваъдасини доимо ёдингизда тутинг:
- Мен сени тинчлантираман.
- Сенга куч бераман.
- Сенга жавоб бераман.
- Сенга ишонаман.
- Сенга баракат бераман.
- Сен томондаман.
- Сени ташлаб кетмайман.
- Сенга ғамхўрлик қиламан.
- Ёнингда бўламан.
- Севгимни сенга аён қиламан.
Мен эрталабки сокин вақтимда Муқаддас Китобни очиб, ўзимга ўзим шундай дедим: ”Худо содиқ, мен Унинг севгисидан асло шубҳа қилишим керак эмас.” Борди–ю, мен Худонинг режаларини билганимда, нима мақсадда Худо Ўзи берган буюк инъомдан мени маҳрум қилганини тушунган бўлардим. Ҳозирча, мен Худонинг бу ишини тушунмаяпман. Ҳижрон азоби қонаётган қалбимни қийнамоқда, чунки юрагимдаги ярам янги, битишига ҳали вақт бор.
Яна бир бор Худо менга ҳаётим учун асос бўлган оятни эслатади: “Тўхтанг, билинг, Мен Худоман.” (Забур 45:11).
Сизга азиз бўлган инсон
Юҳанно 11:3 “Опа–сингил Исога:
— Ҳазрат, Сизнинг азиз дўстингиз касал, — деган хабар юборишди.»
Менинг фарзандим ўлганидан бери мен Лазар тўғрисидаги ҳикоя ҳақида кўп мулоҳаза юритаман, чунки охирги дақиқагача, Худо фарзандимга шифо беради, деб ишонардим. Ҳатто фарзандимнинг жони узилганда ҳам, Худо болажонимни тирилтиришга қодир, деб ўйлардим. Худо боламни пневмония дардидан халос қилишини ва ДЦП касаллигига шифо беришини сўрардим, чунки болам ДЦП билан туғилганди.
Мен фарзандимнинг ҳаётида мўъжиза кўришни истардим: «Худо боламга тўлиқ шифо берди,» деб гувоҳлик беришни орзу қилардим, бироқ орзуимга етмадим, бу дунёда Худонинг мўъжизасини кўрмадим.
Дафн маросимидан кейин бошланган қоронғу кунларда мен Худога: «Мени ўзи яхши кўрасанми ёки йўқми?» деган савол берардим. Худо Ўз севгиси ҳақида менга қайта–қайта айтса ҳам, ҳижрон азоби ва мени қамраб олган жудолик тўфони дастидан мен кўпинча тўғри йўлдан адашардим, Худога тегишли эканимни унутиб қўярдим. Мен тушкунлик ва қайғу гирдобига чўка бошладим. Худонинг менга бўлган севгисидан шубҳаланадиган бўлдим.
2 Бутрус 1:3 да шундай деб ёзилган: “Раббимиз Исо Ўз улуғворлиги ва эзгулиги ила бизни даъват этиб, Ўзини бизга танитди. Энди биз Худога муносиб ҳаёт кечира оламиз, чунки Раббимиз илоҳий қудрати билан бизга зарур бўлган барча фазилатларни ато этди.”
Демак, асосий савол шундай эди: ”Мен Худони чиндан ҳам биламанми? Мен учун хочда Ўз жонини фидо қилган Нажоткоримни шахсан танийманми ёки йўқми? Менга абадий севгини ҳадя этиш учун бу дунёга келган Исони мен ўзи биламанми ёки йўқми? Мен ўзимни тўлиқлигича Худога бағишладимми, Унинг илоҳий табиатини татиб кўрдимми? Бутун ҳаётимни Худога бағишладимми? Ҳаётимдаги ҳар қандай вазиятда ҳам Худога тўлиқлигича таслим бўлдимми?
Менинг Худога бўлган севгим беқарор, ҳар куни, ҳар бир вазиятда ўзгарувчан эканини, Худонинг менга бўлган севгиси эса ўзгармас ва боқий эканини тушундим.
Еремиё 31:3 да шундай деб ёзилган: » Эгамиз қадимда Исроилга зоҳир бўлиб, шундай деган эди: “Сени мангу севги билан севдим, сенга содиқ бўлиб келдим.” Агар Худо мени мангу севги билан севган бўлса, нима учун менинг имоним шу қадар заиф? Марям билан Мартанинг акаси ўлганда, опа–сингиллар Исонинг қаердалигини билишмасди, Исонинг йўқлигидан улар ўкинишарди. Мен ҳам улар каби ҳаётимнинг оғир дамларида кўпинча: «Раббим, қаердасан?» деган савол берардим.
”Ота–онам ажрашганда, Раббим, Сен қаерда эдинг? Мени ишдан ҳайдашганда, Раббим, қаерда эдинг? Фарзандим ногирон бўлиб туғилганда, Раббим, қаерда эдинг? Болажоним вафот эрганда қаерда эдинг?” Бу каби саволларим кўп эди.
Аммо шифохона палатасида мен Худонинг ҳузурини сездим; болажонимнинг сўнгги дамларида илоҳий тинчлик қалбимни тўлдирди. Ўша дақиқада мен Худонинг севгисини ҳис қилдим, жажжи оиламга бўлган Раббимнинг меҳрини туйдим. Худо Ўз севганига шифо ва тўлиқлик беришини англадим.
Раббим ўглимни самовий уйига олиб кетганда, Худо ибодатларимга жавоб берганини бутун қалбим билан сездим. Менинг инсоний кутишларим эмас, балки Худонинг мукаммал жавоби мени таслим этганди.
Салбий ўй–фикрлар
Римликлар 14:22 “Тутган йўлини ҳукм қилмаган одам бахтиёрдир.”
Аждодларимиздан қолган шундай бир ибратли мақола бор: ”Қайгу қушларига бошимиз узра учишига монелик қила олмаймиз, бироқ бошимизда ин қуришига йўл қўймаслигимиз даркор”. Қайғу пайтида миямиз зўриқиб ишлаганга ўхшайди. ”Қилмаслигим керак эди, қанийди, агар…” деган саволлар калламизда тинмай чарх уради. Бу каби салбий фикрлар бизни ўзига тобе этади.
Агар салбий фикрларга қаршилик қилмасак, улар одат тусига кириб қолади. Бундай фикрлар ёмонликни ошириб юборади, бутун фикру зикримизни ўзига жалб этади. Шу боис, биз салбий фикрларни забт этиб, уларни ижобий фикрларга алмаштиришимиз керак.
Она сифатида айта оламанки, бизни қийнайдиган энг катта салбий фикр бу – айбдорлик ҳисси. Она ва аёл сифатида биз ўзимизга ўзимиз душманлик қиламиз: янада яхшироқ қилишим керак эди, деб ўзимизни айблаймиз. Айбдорлик ҳисси ёки бошқа бир салбий фикр бизни чулғаб олганда биз ибодат қилишни истамай қоламиз. Тўғри, биз мукаммал эмасмиз. Мукаммал инсоннинг ўзи йўқ.
Шу боис, салбий фикрларингизни Худонинг олдига олиб бориб, Унинг оёғи остига қўйинг. Биз ўзимизни кечиришимиз, қўлимиздан келганча яхшилик қилганимизни тан олишимиз керак. Ўз фарзандининг ўлимида ўзини айблаган ҳар бир аёл тушуниши керакки, биз нима қилсак ҳам оқибатни ҳеч ҳам ўзгартира олмаймиз.
Худо фарзандни бизга инъом қилишидан олдин, унинг умрини, яшайдиган ҳар бир кунини белгилаб қўйган эди. Салбий фикрлар аза даврининг бир қисмидир, аммо улар ҳис–туйғуларимизнинг ажралмас бир қисмига айланиши керак эмас. Салбий ўй–хаёлларга толганимизда, уларни ижобийларга ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз керак, акс ҳолда улар одатга айланиб, келажагингизни белгилайди. Салбий фикрлар одамнинг ҳаётини барбод этади. Шунинг учун биз қилган хатоларимиздан сабоқ олиб, яшашда давом этишимиз керак.
Павлус бизга шундай деб айтади: ”Хурсандчиликка эга бўлиш учун, ўзингизни айбламанг, қайғу қушлари бошингизда ин қуришига йўл қўйманг.” Ё Раббий, Сен ҳар куни қилган хатоларимизни кечирасан, шунинг учун биз ҳам ўзимизни кечира олишимизга ёрдам бер.
Онгингизни янгиланг
Ишаё 43:18 “Ўтмишдагиларни ёдга олманг, қадимгиларни ўйлайверманг.”
Катя вафот этганидан кейин, мен узоқ вақт давомида ўзимни ўша шифохонанинг палатасида тасаввур қилардим. Қанийди, вақтни ортга қайтара олганимда, қанийди, ҳамма нарсани бошқача қила олганимда… Қизалоғим жон таслим қилаётганда мен талвасага тушиб қолгандим, нима рўй бераётганини асло тушунмасдим. Бу дақиқаларни асло қайтариб бўлмаслигини мен англай олмасдим.
Ўша куни мен қизимнинг танасига уланган беҳисоб трубкачаларга қарамай, қизалоғим устига ўзимни отдим, тўхтовсиз уни сийпалардим. Унга айтадиган гапим жуда кўп эди. У билан қай даражада фахрланганимни унга билдирмоқчи эдим. Унинг нурли табассумини, синглиси Сара билан чуғур–чуғур қилиб, мактабда бўлган воқеалар ҳақида суҳбат қуришини қанчалар соғинишимни айтмоқчи эдим. Минг афсуски, энди икки қизимнинг ўзаро муносабати қандай ривожланишини мен кўра олмайман. Катянинг дугоналари бизникига ухлагани келишганида, Катя ўзида йўқ хурсанд бўлиб, қучоғини очганча, зинадан пастга югургани ҳеч кўзим олдидан кетмайди. Биз дўконга борганимизда Катя истаган қиммат нарсаларни сотиб ололмаганим учун, унга қараб кўзимни қисиб қўярдим ва унга шундай дердим: ”Катта бўлганингдан кейин, бойиб кетсанг, буларни бемалол сотиб олаверасан”. Қанийди, бу дамлар қайтиб келса…
Энг муҳими, мен қизимга, қанчалар уни яхши кўришимни айтишни хоҳлаган бўлардим. Мен доим Худога ибодат қилиб, қизим менинг севгим ҳақида билсин деб, илтижо қиламан. Тўғри, мен ўтмишни қайтара олмайман, бироқ умид билан келажакка боқиб, жаннатда қизимни кўрганимда унга нималарни айтишимни тасавввур қиламан.
Мен Катяга унинг борлиги менинг шахсиятимни қанчалар ўзгартирганини айтаман. Унинг ҳаёти менинг ҳаётимга мазмуни берганини, ва у туфайлигина мен бошқаларга ушбу ҳикоямни ўртоқлаша олганимни, ҳамда у туфайли бошқаларнинг юрагини ўзгартира олганимни айтаман.
Бироқ энг муҳими, мен Катяга уни қанчалар яхши кўришимни айтаман. Бу севгимнинг далолати шундан иборатки, мен Катянинг ҳаёти ва ўлими беҳуда эмаслигини исбот этдим. Қизалоғимнинг ўлими ҳаётимни кескин ўзгартирди, аммо мен ўтмиш асирига айланмадим, қизимни ўша шифохона палатасида қолдирмадим, уни ўзим билан қалбимда келажакка олиб кетдим.
Раббим, биз шундай инсонлар бўлайликки, фарзандларимиз биз билан фахрланадиган бўлишсин; Фарзандларимизнинг ҳаёти ва ўлимига мазмун берайлик. Ўз ҳаётимиз билан уларга бўлган севгимизни намоён эта олайлик.
Ҳаётга тўғри ёндашув
1 Tимўтий 6:12 “Абадий ҳаётга эришиш мақсадида, имон учун бўладиган улуғ курашда жанг қил.”
Биз – аёллар ҳомиладор эканимизни билишимиз биланоқ, соғлом фарзандни дунёга келтириш мақсадида, соғлом ҳаёт тарзига ўтамиз. Фарзанд кўрганимиздан кейин эса, чақалоқ бутун ҳаётимизни ўзгартириб юборганини тушунамиз. Энди биз ўзимиз ҳақимизда эмас, фарзанд ҳақида кўпроқ ўйлаймиз, у ҳаётимизнинг марказига айланади. Фарзандимиз учун жонимизни беришга ҳам тайёр бўламиз. Агар боламиз хавф–хатарда қолганини билсак, боламизни асраб қолиш учун жонимизни жабборга берамиз, уни қутқариб қолиш учун ўзимизни фидо қиламиз.
Боламиздан жудо бўлганимизда–чи? Бу ҳолда ўзимизга шундай савол беришимиз керак бўлади: ”Мен фарзандим учун яшай оламанми?” Сиз вафот этган фарзандингиз учун яшай оласизми? Мен шунчаки кун кечиришни назарда тутмаяпман, сиз шундай яшашингиз керакки, фарзандингиз сиз билан фахрлансин.
Яқинда менга шундай савол беришди: «Агар вафот этган фарзандингиздан: ”Онанг учун нимани истаган бўлардинг?” деб сўраганингизда эди, ишончим комилки у: ”Онам бахтли бўлишини истайман”, деб жавоб берган бўларди.» Биламан, одам чуқур қайғуга ботган бир пайтда хурсанд бўлиш учун асло сабаб кўра олмайди.
Сизга насиҳатим шуки, бугундан бошлаб, бир ҳафта давомида Худога шукур айтиш учун астойдил ҳар қандай сабабни қидиринг. Биз ўз фарзандларимиз ҳаққи ҳурмати бу ҳаёт сўқмоқларини муносиб равишда босиб ўтишимиз шарт, токи бизнинг барҳаёт ва бу дунёдан кўз юмган фарзандларимиз биздан фахрлансинлар.
”Ё Раббим, Сенга муносиб тарзда хизмат қила олайин. Ўтмиш билан яшашимга йўл қўймагин. Оёқларимни мустаҳкам қил, қўлларимга куч бер. Меҳнат қила олишимга менга мадад бер, қудрат ато эт, субҳидамдан бошлаб, то осмон гумбазида юлдузлар порлай бошлагунча Сенинг кучинг мени тарк этмасин.”
Хотира
Еремиё 31:13 “Қизлар хурсанд бўлиб, рақсга тушадилар, эркакларнинг ёшу қариси шод бўлади. Мен уларнинг қайғусини қувончга айлантираман, ҳасрат ўрнига таскин ва шодлик бераман.”
Биз табиат қўйнида ҳар йили ўтказадиган хотира кунини нишонлаш учун йиғинаётган эдик. Мана ўн икки йилдан бери Катяни хотирлаш учун оиламиз ва дўстларимиз бизга ҳамроҳ бўлишади. Ҳа, Катя абадият остонасини ҳатлаб ўтганига роппа–роса ўн икки йил бўлибди.
Ўтмишга назар солганимда, биз қанчалар ўзгарганимизга ишонгим ҳам келмайди. Ўн икки йил олдин қизалоғимни дафн қилган эдик. Ўша кунги қайғу чидаб бўлмас даражада эди. Мана, ўн икки йилдан кейин ҳам қабристонга Катянинг гўрини зиёрат қилгани борганимизда Катя биз билан эмаслигидан қайғурамиз, бироқ қизимни хотирлаб келган ҳар бир дўстимизнинг ҳаётида Катя ўчмас из қолдирганини кўрамиз. Ҳар йили қабристоган Катяни йўқлаб боришимиз бизга кўп ёрдам берди. Раббим вайрон бўлган қалбларимизни биз кутмаган даражада шифолади. Хотира кечаси биз туни билан Худога ҳамду санолар айтиб, Уни улуғлаймиз, бу одат тусига кирган. Орамиздаги қарилар ҳам, ёшлар ҳам бажонидил ҳамду санога жўр бўлишади, шу аснода Худо азамизни шодликка айлантирди. Ё Раббим, берган шифоинг учун Сендан бағоят миннатдорман. Дарҳақиқат, Худованд бизга беҳад баракат берган.
Мен ўзгарганим йўқ
Эй Худойим, нега даҳшатли фожиалар ҳаётимизни барбод қилмоқда, нега қалбларимизни вайрон этмоқда, нега ҳаёт нафасидан бизни маҳрум этмоқда? Нега? Нега нафрат ва ғазабга тўла сўзлар ханжар каби муносабатларни бузиб, севган қалбларни ёлғизлик ва совуқликка маҳкум қилмоқда? Нега табиий офатлар йўлида учратган борлиқни супуриб ташлаб, қурбонларининг хонадонларини абадий қайғу ва азобга тўлдиради? Нега болалар ногирон таналарида азобланиб ўлади? Нега зўравонлик қурбонлари бебаҳо бисоти – ўз ҳаётидан маҳрум бўлади? Нега?
Фарзандим, сен буларни тушунишинг эмас, Менга инониб, бағримда дам олишинг керак. Ахир, Мен ўзгармасман. Кўз ёшларинг билан оёқларимни ҳўл қилгин, шунда қучоқ очиб, сени бағримга босаман. Зеро, Мен ўзгармаганман. Сени севаман. Сенга ғамхўрлик қиламан. Мен ич–ичимдан ёвузликдан нафратланаман, фарзандларимни эса бутун қалбим билан севаман. Сенга бўлган меҳримга ишонгин, ҳаётингдаги қора булутларни мен ҳайдайман, кунларингга мазмун бериб, эзгулигимнинг олтин нурлари билан сени ёритаман. Зотан эзгулик манбаи Ўзимдирман. Дарҳақиқат, Мен ўзгармаганман.
Аммо Отажон, оғриқ мени азобларга солди. У саратондай ичларимни емириб ташлади. Ҳар томондан менга қаттиқ оғриқ бериб, мени адойи тамом қилмоқда. Уқубатимнинг увиллаган товуши қалбимни қўрқув ила зир титратмоқда. Умидсизлик мени чулғаб олмоқда. Кечалари мижжа қоқмайман, кундуз куни қўрқинчли фикрлар билан олишаман, қалбимни оғир тош босгандай бўлади.
Қизим, Мен ўзгарганим йўқ. Азобингда бошингни бағримга босгин. Изн бергин, ожизлигингда сенга ёрдам берай, зулмат ва уқубатлардан сени олиб чиқай, қўрқувларингга, умидсизликка қарши курашишда сенга мадад берай. Бу курашда ёлғиз бўлмагин, аҳмоқликка йўл қўймагин. Ахир, Мен ўша–ўшаман. Меҳрга тўла юрагимдан чиққан иноят барча муҳтожлигингни қондиради. Ҳижрон азоби фақат бир муддат давом этади, Мен эса сени асло, асло тарк этмайман. Сенга куч бераман, кулдан гўзалликни барпо этаман. Зеро, Мен асло ўзгармаганман.
Баъзан, Худойим, Сени асло сезмайман, гўёки Сен жуда узоқда, олисда экандай бўласан. Мен атрофимдаги зулматга боқиб, Сени тинмай чақираман. Қаердасан? Илтижоимга қулоқ тутасанми ўзи? Шубҳалар қалбимни забт этади, жавобсиз қолган саволларим имонимга рахна солади, Сен менга кераксан.
Азиз, азиз болажоним. Мен ўзгарганим йўқ. Ўтмишингнинг, ҳозирги кунингнинг ва келажагингнинг Худоси Менман. Сукут сақла. Тинчлан. Бағримда илтижоларинг жавоб топади. Шунда Мен Худо эканимга амин бўласан. Йўқ, Мен ўзгармаганман.
Ғоят махсус жой
Жажжи полапон индан тушиб кетди. Унинг укаси ҳам индан тушиб кетган эди. Олган жароҳатлари туфайли укаси тез жон таслим қилди. Буниси эса жароҳатланган бўлса–да, ҳаёт учун курашарди. Жажжи, яланғоч танаси пат билан қопланишга улгурмаган эди, бироқ шунга қарамай жасур полапон юришга ҳаракат қиларди, тумшуғини очиб, ташналигини қондиришга тиришарди.
Унга ғоят ачинганимиз учун, ёрдам беришга тушдик: янги туғилган бу полапоннинг таначасини иситмоқчи бўлдик, унга сув ва егулик бердик. Жажжи дўстимиз бир неча кун яшади, ширингина чирқираши бизга далда берарди. Бир куни эса совуқ таначаси ҳаётсиз эканини кўрдик. Бундан ҳаммиз хафа бўлдик.
Бу воқеа фарзандларимиз учун сабоқ бўлди, ҳаётда биз кутмаган ачинарли нарсалар содир бўлишини бизга ўргатди.
Худо ўзининг севган фарзандлари учун тайёрлаб қўйган махсус бир жой ҳақида сўз очишимизга бу воқеа имкон берди.
Қайғу ўлимга доимий ҳамроҳ бўлади, айниқса биз севган, ардоқлаган инсон бизни тарк этганда қайғу вужудимизни чулғаб олади. Қайғу ҳис–туйғуларимизнинг энг қоронғусидир, унинг дастидан қабимиз ҳувиллаб, бўм–бўш қолади. Қайғу назаримизни ўтмишга қаратади, оқибатда биз жудо бўлган инсонимиз томон интиламиз, фақат ўтмишда маъно ва мазмун кўрамиз.
Бироқ имонли бўлганимиз боис, биз умидсиз инсон каби қайғуришимиз керак эмас. Зотан, бизда умид бор. Павлус Коринфдаги биродарларга ёзишича, заминий баданини тарк этган биродарлар самодаги Масиҳнинг ҳузурида янги танага эга бўладилар.
Исонинг Ўзи ҳам бизга таълим бериб, Худонинг самодаги маскани ”Жаннат” эканини ўргатади. Исо ер юзида Худонинг иродасини тўлиқ бажарганидан кейин, Самовий Отанинг абадий масканига боришини ва биз учун жой тайёрлашини айтган эди, токи биз ҳам У билан бирга бўлайлик.
Жаннатни биз у ерда йўқ нарсалар орқали ҳам таърифлаймиз. Жаннатда ўлим, азоб–уқубат, йиғи–сиғи бўлмайди. У ерда оғриққа жой қолмайди. Нопок, макруҳ нарсалар ва гуноҳкор одамлар у ерга киритилмайди. Жаннатда ҳеч ким гуноҳ қилмайди. Жаннат таърифлашга сўз ожиз қиладиган ниҳоятда гўзал бир макон бўлади, у ер комиллик дурдонаси бўлади. У ерда биз ўзимизга азиз ва қадрдон бўлган инсонлар билан кўришамиз. Ер юзидаги зўравонлик ва қотиллик қурбони бўлган Раббимиз, чандиқли қўллари билан бизни қучоқлайди, қалбимизни севинч ва шодлик билан тўлдиради. Шунда биз ўзимизнинг чин уйимизга, Масиҳ биз учун тайёрлаган масканга кириб борамиз.
Довуд пайғамбар: «Бир кун келиб, вафот этган болам олдига бораман», деб айтгани сингари, биз ҳам белгиланган кунда суюкли фарзандларимиз олдига борамиз, шунда қайғу ўрнига шодлик бизни қамраб олади. Биз авлодлар оша, мангулик давомида бирга бўламиз.
Болалар мангуликка, жаннат ва Худога шубҳа қилмай, самимият билан ишонадилар. Баъзан мен ҳам ёш боладай бўлгим келади, мангуликка, илоҳий умидга, само ва Қодир Худога чин дилимдан, бола каби ишонгим келади. Зеро, шунда умид янада равшан ва ёрқин тусга киради.
Шунчаки тасаввур қиламан…………
«Ё Раббий, мен ёнингда юришимни, мунаввар юзингни кўришимни, то абад Сенга сажда қилишимни, улуғворлигингдан маст бўлишимни тасаввур қиламан……..Ўша онда қалбим нима сезар экан? Эй Исо, Сени кўрганимда рақсга тушармиканман ёки лол қолиб мум тишлармиканман? Сенинг олдингда турармиканман ёки мук тушиб оёғингга йиқилармиканман? ”Тасанно” деб Сени мадҳ этармиканман ёки ҳайратдан лом–мим дея олмай турармиканман? Мен буларни шунчаки тасаввур қиламан; Ҳа, шунчаки тасаввур қиламан.»
Юқоридаги қўшиқ сўзларини кўпинча дафн маросимларида куйлашади. Ўз яқинидан жудо бўлган одамлар уларнинг маъносини ич–ичидан ҳис этишади. Умидимизнинг ҳақиқати жамоатни тўлдиради, ўзига азиз инсон билан хайрлашгани келган яқинларнинг ва дўстларнинг қалбида бу сўзлар ўз аксини топади. Бундай дақиқаларда ушбу сўзлар бизга тасалли беради, гўёки осмон қопқаси очилгандай бўлади, биз бутун вужудимиз билан самони ҳис этамиз. Ўз фарзандларини абадият қучоғига топширган юзлаб оналар бу қўшиқ сўзларини ниҳоятда гўзал тарзда айтганларини эшитганман, чунки улар куйлаганларида жаннатни бутун борлиғи билан сезадилар.
Улар бу қўшиқни куйлаганларида Исони кўрадилар, У яраланган қўлларини кенг очиб, уларни қарши олгандай бўлади. Улар Исонинг ҳузурида мук тушиб, йиғлайдилар, фарёд қиладилар, бутун борлиқни мукаммал қилиб турган Зот олдида қалбларини очадилар. Шунда жудо бўлган фарзандларининг – чақалоқларининг, гўдакларининг, каттароқ болаларининг шодликдан порлаган юзларини кўрадилар. Бу дунёни тарк этган, инсоний нуқтаи назардан жувонмарг бўлган бу болачалар Худонинг ҳузурида севинчга тўладилар. Жудолик оқибатида пайдо бўлган бўшлиқни Раббимиз Исо Ўз камолоти билан тўлдиради, ҳижрон азоби ўрнига тил изҳор этишга ожиз бўлган ажойиб шодликни ато этади. Ўз ҳис–туйғуларим туғён ураётган бир пайтда мен бундай оналарнинг чеҳраларидаги ифодани кузатиб турардим. Уларнинг чеҳраларида ҳам ўзимникига ўхшаш умид учқунларини сезардим. Улар юзларини осмонга қаратишарди, кўзларидан дув–дув кўз ёшлар оқарди. Музлаган юракка илиқлик югурарди, азобланган юракка ҳаёт нафаси тегарди. Жаннат қандай экан??? Бир кун келиб, болажонимни кўрганимда юрагим нимани ҳис этаркан??? Мен буни ҳозир фақат тасаввур қилишим мумкин, холос.
Худо бор Худодир. Умидим ҳам тирик. Мен мустаҳкам пойдевор устида турибман. Бутун қалбим билан Раббимиз Исо Масиҳнинг Отасини – Худони улуғлайман. Унинг чексиз муруввати туфайли биз қайтадан туғилганмиз, Худо Масиҳни ўликдан тирилтиргани туфайли биз нажотга эгамиз. Энди умид ила келажакка боқамиз, зеро бебаҳо ҳазинамиз бор, бу ҳазина биз учун пок, соф ва ўзгармас тарзда самода сақланмоқда…
Шундай экан, хурсанд бўлинглар. Ҳозирда озгина қийинчиликларни бошингиздан кечирсангиз ҳам, билингки, бизни келажакда ажойиб хурсандчилик кутмоқда. Қийинчилик, қайгу, азоб–уқубатлар ва жудолик орасида севинч менинг доимий ҳамроҳимдир. Мен жаннатни яққол тасаввур қила оламан, у ерда ўлимга жой бўлмайди, Худо яраларимизга шифо беради. Биз учун мавҳум бўлган нарсалар ойдинлашади. Бемаъни бўлиб кўринган нарсалар ўз маъносига эга бўлади. У ерда кўз ёшлар оқмайди, ҳис–туйғулар таскин топади. Мени яратган, севгига бой Зот мени бағрига босади. Мендан олдин жаннат остонасини ҳатлаган фарзандим қучоғини очиб мени кутиб олади, меҳрибон ота–онам, суюкли турмуш ўртоғим, ва бу дунёни тарк этган барча яқинларим мени хурсанд бўлиб қаршилаб олишади.
Ҳозирча мен буларни шунчаки тасаввур қиламан.
“Бирон нарса” бермоқ
Кўп йиллар олдин бизнинг икки ўғлимиз кичкина бўлган пайтларда жамоатимиз бизни Африкага хизмат сафарига жўнатганди. Улар учун ва биз учун бу сафар – “мақсад сари йўл” эди. Биз ўғилларимизни ўзимиз билан олиб кетган эдик. Биз биргаликда хизматчилар учун ажратилган махсус худудда истиқомат қилардик. Ўзимиз учун жумбоқларга бой, лекин аҳолиси ниҳоятда қашшоқ бўлган мамлакатни кашф этардик, маҳаллий халқ билан тил топишишга, маҳаллий имонлилар билан уйғунлашишга ҳаракат қилардик. Биздан кескин фарқ қилган бу халқни биз чин қалбдан севардик, ҳамду сано айтганимизда, улар билан қўл бериб сўрашганимизда, уларга жилмайиб қараганимизда ўз меҳримизни уларга улашардик. Маҳаллий имонли биродарларимиз билан бизни муштарак имонимиз бирлаштириб турарди.
Кўп хизматчилар Африкадаги халқларга хизмат қилиш учун, уларга таълим бериш учун боришганди, аммо ўзлари берганидан кўпроқ нарсани ўша халқлардан ўрганиб олгандилар. Бу дунёда ўша халқлар сингари қашшоқ ва ночор одамлар бўлмаса керак.
Бу одамлар камбағаллигига қарамай, Худога ушр ва қурбонликлар беришарди. Буни мен кеча бўлгандай яққол эслайман. Улар ўзларидан ҳам ночорроқ бўлган биродарлари учун ўзида бор озгина нарсасидан эҳсон ажратиб беришарди.
Жудоликнинг турлари кўп, мен кўпинча ўз фарзандларидан жудо бўлган оналар билан вақт ўтказардим. Фарзандининг ҳаёти жуда қисқа эди, тушунтириб бўлмас фожиа онани боласидан жудо этди, онанинг қалби қон йиғларди, тинчитиб тўлмас ҳижрон азоби юракни яраларди.
Шунга қарамай она Худонинг меҳрига бурканарди, Унинг садоқатли ҳузуридан таскин топарди, Унинг иноятидан куч оларди, ўз ҳаёти учун умид ва эзгулик кўра оларди.
Яқинда шу ерда, ўз ватанимда оналарнинг бир гуруҳи бир–бирига далда бериш учун ва Худода умид борлигини эслатиш учун йиғилди. Айрим оналарнинг жудолик яраси янги эди, бошқалари эса фарзандидан анча олдин жудо бўлган бўлсалар–да ҳамон қийналиб юришарди, бу аёллар кўп қийналишса ҳам, эзгу мақсадлар сари интиларишга қарор қилган эдилар.
Мен атрофимдаги бу аёлларни кузатар эканман, Африкада кўрган манзарага гувоҳ бўлгандай ўзимни сездим. Қайғудан ўзини ўнглаб олган оналар азобда қолган дугоналарига ёрдам берардилар: уларни бағрига босардилар, дардини эшитардилар, уларга далда берардилар, совға улашардилар, вақт ажратардилар, керакли ёрдамни аямасдилар. Ўзларида борини – йўқларга улашардилар. Бу манзара қалбимга шифобахш малҳамдай таъсир қилди. Ўзимни Африкада бўлгандай ҳис қилдим.
Бермоқ. Биз ошиб–тошиб кетган, ортиқча нарсаларни эмас, ўзимизда борини беришимиз керак. Бераётган нарсангизнинг ҳажми эмас, балки эътибор муҳим. Баъзи одамлар бизнинг бу саҳийлигимизни кўриши мумкин, баъзилар кўрмаслиги ҳам мумкин. Бу муҳим эмас. Сиз берган одамингиз буни билса, шунинг ўзи етарли. Бу билан сиз катта ўзгаришларга сабабчи бўласиз. Худо сиздан Ўз эзгулигини аямагани учун, сиз ҳам бошқалардан эзгулигингизни аяманг. Ўзингизда кам бўлса ҳам, борини бошқалар билан улашинг.