Тушкунлик
Инглиз адабиётида болалар учун ёзилган эски бир шеър бор.
Бу шеър тухум одам ҳақидадир.
Тухум одам девор устида ўтиради,
Кейин девордан йиқилиб тушади.
Кўплаб одамлар унга ёрдам бермоқчи бўлиб, уни тузатишга ҳаракат қилишади. Бироқ уларнинг барча уринишлари беҳуда бўлади.
Шеърда шундай ёзилган:
“Юмалоқ Думалоқ ўғли девор устида ўтирди.
Юмалоқ Думалоқ ўғли ерга йиқилиб тушди.
Подшоҳларнинг барча отлиқларию чавандозлари
Юмалоқ Думалоқ ўғлини ҳеч тузата олишмади.”
Юмалоқ Думалоқ ўғли девор устида ўтирган эди.
Нега у девор устига чиқиб ўтирганди?
Девор устида у нима қилаётган эди?
Бу саволларга жавобни биз билмаймиз.
Фақат шуни биламизки, бу яхши фикр эмасди, чунки Юмалоқ Думалоқ ўғли мувозанатини сақлай олмай йиқилиб, пачақ бўлди.
Бунга ҳайрон қолишимиз керакми?
Тухум юмалоқ бўлгани учун, мувозанатини сақлай олмай, девордан думалаб тушган эди.
Тухум йиқилганидан кейин подшоҳларнинг барча отиқлари ва чавандозлари тухумга ёрдам беришга шошилишди, уни тузатмоқчи бўлишди, бироқ уларнинг барча уринишлари беҳудага кетди.
Улар ўзларининг юқори лавозимига қарамай, Юмалоққа ёрдам беришга бел боғлаган эдилар.
Шу қадар кўп одам унга ёрдам беришга ҳаракат қилгани таҳсинга сазовордир.
Бизга ҳам кўп одамлар ёрдам беришга ҳаракат қилишади.
Бироқ айрим вазиятлар шу қадар чигал бўладики, ҳеч ким бунинг уддасидан чиқа олмайди.
Юмалоқ Думалоқ ўғли йиқилиб, пачоқ бўлганди.
У барбод бўлган ҳаётига қараб, нима ҳам қила оларди?
Сиз унинг ёнида қанча кўп ўтирманг, ўз меҳрингизни унга қанча кўп кўрсатманг, нима ҳам деб айтар эдингиз?
Сиз фақат унинг ёнида ўтириб, дардига қулоқ солишингиз мумкин.
Оғзидан чиққан сўзларини эшитиб, ғам–аламларига дардкаш бўлишингиз мумкин.
Келинглар, биз ҳам қулоқ солишни ҳозир машқ қилиб кўрайлик.
Тасаввур қилинг: сиз аламзада, зарба еган Юмалоқ Думалоқ ҳолига тушган бир имонли олдида ўтирибсиз ва унинг дардини эшитиб, тинглаш қобилиятингизни ривожлантирмоқдасиз.
Келинг, Юмалоқ Думалоқнинг саносини ўқийлик.
88–Сано
Забур китоби таркибида 150 та сано борлиги катта баракатдир, чунки сиз қандай кайфиятда ва қандай вазиятда бўлманг, доимо сизга мос сано топилади. Сиз кайфиятингизга мос санони топиб ўқиганингизда ўзингиз учун кўп далда оласиз.
Агар сиз ўқиётган сано кайфиятингизга мос тушмаса, бошқасини ўқинг, сиз албатта юқорида ёзилгандай далда оласиз.
Айрим одамлар кунига ҳеч бўлмаса битта санони ўқишади. Сиз ҳам улардан ўрнак олсангиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Биз Юмалоқ Думалоқ ўғли ёнида ўтирар эканмиз, келинг, Эгамизга ибодат қилиб ёрдам сўрайлик.
Осмондаги Отажон,
Биз Сенинг ҳузурингга келдик.
Барча гуноҳларимиздан тавба қиламиз.
Бутун диққат–эътиборимизни Сенга қаратамиз, қалбларимиз Сенга чанқоқ.
Қўлларимизни Сен томон узатамиз, бизга ҳақиқатингни ўргат.
Фақат Сенинг ёрдаминг билан бу вақтимиз мазмунли ўтишини биламиз.
Исо Масиҳ номи билан ибодат қиламиз.
Омин.
Забур 87:2а
Эй Эгам, нажоткорим Худо,
Бу сатр санонинг энг юқори нуқтаси ҳисобланади, чунки
бутун санодаги ягона ижобий хабар шудир.
Ҳеч бўлмаса сано ижобий хабардан бошланган.
Мазкур санони ёзган шоир имонли эди.
Худо унинг гуноҳларини ювганига у ишонарди.
Бу санони ёзган шоир ҳикоямиздаги Юмалоқ Думалоқ ўғлига ўхшайди.
Санодан биз муаллиф ҳақида қуйидагича маълумотни билиб оламиз:
Унинг ҳаёти кулфатга тўла,
у яраланган,
эзилган,
тушкун,
жабрланган
ҳаммадан айрилган…
Бу санода муаллиф ўзини марҳумга ўхшатади, лойга қорилгандай ўзини сезади. У бошини лойдан кўтармоқчи бўлади, аммо оғир юк уни зилдай босиб туради.
Ҳаёт машаққатлари унга қаттиқ зарба беради, у ер билан яксон бўлади, аммо бундай аянчли аҳволда ҳам у Худони унутмайди.
Худони, нажоткорим, деб атайди.
Сано мазмунидан биламизки, саночи Худони билган, у ўз ҳаётининг энг қоронғу ва оғир дамларида Худони эсидан чиқармаган ва кеча–кундуз Унга фарёд қилган.
У Худога ибодат қилишни тўхтатмаган.
Кулфатда қолган саночининг илтижосидан, қалбидаги Худога бўлган имон учқунларини кўрамиз.
“Нажоткорим” деган сўзидан имони ва умидининг тириклигига амин биламиз.
Бугун сиз тўлиқ ишонч билан: “Худо мени гуноҳларимдан қутқарди. Менга нажот берди”, деб айта оласизми?
Эндиликда сиз Исо Масиҳга эргашяпсизми? Исо гуноҳларингизни ювганига, сизнинг ўрнингизда хочга михланганига ишонасизми? Сиз Уни қалбингизга Нажоткор деб қабул қилдингизми?
Агар Исони Нажоткорим, деб қабул қилмаган бўлсангиз, ҳаётингиздаги қийинчилик ва машаққатларни ўз кучингиз билан енгишингизга тўғри келади.
Борди–ю, Исони Нажоткорим, деб билсангиз, Унга умид боғлаган бўлсангиз, ҳаётингизнинг энг оғир дамларида ҳам Унга таянасиз, бор кучингиз билан Унга ёпишиб оласиз.
Боши берк кўчага кириб қолганингизда, имонингиз сизни Худо томон йўналтиради, биринчи оятнинг иккинчи қисмида ёзилгани каби, сизни Худога фарёд қилишга ундайди.
Илгарилари, Исога келишимдан олдин, қийин вазиятга тушиб қолгудек бўлсам, тўппа–тўғри пивохонага йўл олардим. У ердаги ҳамма мени яхши танир эди.
Васваса доим бошига кулфат тушган одамни пойлаб туради, уни гуноҳ қилишга ундайди, ичкиликбозликка, порнографияга, нашъага, ҳатто жонига қасд қилишга чақиради, ўзига ачиниш туйғусини беради.
Бахтимизга, саночи Юмалоқ Думалоқ ўғли кулфат пайтида гуноҳдан таскин топишга ҳаракат қилмади. У Худога юз бурди:
Сано 87:2–3
Кеча–кундуз фарёд қиламан олдингда.
3 Ибодатим Сенга етиб борсин,
Қулоғингни додимга тутгин.
“Фарёд” сўзи Худога илтижо қилиб, ўкириб йиғлаш, маъносини беради.
Кулфат саночининг ибодат қилиш хоҳишини сўндирмади.
Аксинча, бошига кулфат тушганда саночи кечаю кундуз, муттасил тарзда Худога илтижо қилди.
Нега биз ҳам шундай қилишимиз керак?
Негаки Исо ҳамма гуноҳларимизни билади.
Мен қилган ҳамма нарса Унга аёндир.
Вазиятимнинг чигаллигини У яхши тушунади.
Шу сабабли, мен ниқоб тақмай, самимият билан Унга яқинлашсам бўлади.
Ўзимни турли тусга солишим керак эмас.
Муғомбирлик қилишим шарт эмас.
Исони, Нажоткорим, деб билган инсон қандай оғир вазиятга тушмасин, ҳеч қачон 100% зулматда қолмайди.
Энди эса эҳтиёткорлик камарини тақиб олинг, чунки биз пастга қараб шўнғиб кетаверамиз.
Саночининг бошига тушган кўплаб кулфатлар туфайли, у зим–зиё қоронғуликда қолган:
Сано 87:4
Ҳаётим кулфатга тўла,
Ўзим ўликлар диёрига яқинлашганман.
“Кулфатга тўла” деганда азоб–уқубат, жароҳат, ғам–алам ва офат тушунилади.
Гуёки саночи бу ерда: “Эй Эгам, наҳотки синовларимнинг оғирлигини кўрмасанг?” деб айтаётгандай бўлади.
“Аҳволимни кўриб туриб, наҳотки менга ёрдам бермасанг?” деб илтижо қилаётгандай бўлади.
Кулфат тўлқинлари саночини ўлим ёқасига олиб келди.
Бошига тушган азоблар шу қадар кучли эдики, у ўзини қабрга тушган марҳумга ўхшатди.
Унинг ҳаёти сўниб бормоқда.
У бемажол бўлиб қолди.
Ўзини марҳумлар орасида кўряпти.
Зўрға яшаб юрибди.
Сано 87:5–6
Мени қабрга тушганлар орасида ҳисоблайдилар,
Бемажолларга ўхшаб қолганман.
6 Мурдалар орасига ташланганман,
Қабрда ётган марҳумларга ўхшайман,
Сен мени ўшалардай унутгансан,
Улар сенинг ҳимоянгдан маҳрумдирлар.
Саночининг мадори қолмаган – у арвоҳдай бўлиб қолган.
Кучсиз.
Қалби зулматга чўккан.
Худо мени эсидан чиқариб юборди, деб ўйламоқда.
Кўзлари қоронғуликка термилиб қолган, у ўзини ўликлар орасида кўряпти.
Саночининг бу аҳволи юрагингизни сиқиб юбормадими?
Нега кайфиятни тушурадиган бу каби парчалар Муқаддас Китоб таркибига киритилган, деб ўйлаётгандирсиз?
Мазкур санодаги бирор оят сизга далда берадими? Уни ёд олиш ниятида ёзиб оласизми? Ваннахонадаги кўзгуга ёпишитириб қўясизми?
Кетма–кет келган кулфатларга бардош бериш осон эмас, Худонинг юз ўгирганига эса асло чидаб бўлмайди.
Саночининг назарида Худо уни муттасил тарзда жазоламоқда.
Сано 87:7 да шундай ёзилган:
Сен ташладинг мени қабрнинг энг тубига,
Энг зулмат, чуқур жойларга.
Юмалоқ Думалоқ ўғлига ўхшаган саночимиз барча айбни Худога тўнкаб қўймоқда.
8–оятда у шундай дейди:
Ғазабинг устимдан зилдай босади,
Қаҳринг тўлқинлари ила мени эзасан.
Нега Худо саночидан ғазабланган?
Ёки нега саночи Худога, мендан ғазабдасан, деб айтмоқда?
Худо нима сабабдан ғазабга мингани ёзилмаган.
Саночи ҳам ўзини айбсизман, демаган.
У гуноҳларини ҳам эътироф этмаган.
Тўлқинлар соҳилга келиб урилгандай, оғир кулфатлар кетма–кет саночининг бошига келиб тушмоқда.
Мазкур санода саночининг оғир аҳволи тасвирланган, холос.
Батафсил маълумотнинг йўқлиги, вазиятни тўлиқ англашимизга йўл қўймайди.
Санонинг давомида, 9–оятда шундай дейилган:
Яқин дўстларимдан мени айирдинг,
Уларга мени жирканч қилдинг,
Қамалиб қолганман, халос бўла олмайман.
Вазият тақозоси билан яқин дўстлари унинг олдига кела олмайди, у ҳам дўстларининг олдига боришга ожиз.
Балки дўстлари ҳам, Худо ундан ғазабланган, деб ўйлаганлари учун ундан нарироқ юришга ҳаракат қилишгандир?
Саночи кулфат асирига айланган эди.
10–оятнинг биринчи сатрида шундай ёзилган:
Кўзларим нури ғамдан адойи тамом бўлди.
Унинг яшашга ҳам мадори қолмаган эди.
Санонинг 3–оятидан то 9–оятигача вазият тобора кескинлашиб бораётганига гувоҳ бўламиз, руҳий зиқлик ва жисмоний оғриқ натижасида Худо ва одамлар билан бўлган муносабат чигаллашиб бораверади.
Бу вазиятни авто ҳалокатга ўхшатиш мумкин:
Йўлдан чиқиб кетган автомобиль чуқурга тушади, сакраб ҳавода айланади–да, йўл четидаги қояга бориб урилади. Сўнг тезлигини пасайтира олмаганидан столбаларни санаб чиқади–да, охир–оқибат аланга ичида қолади.
Зўрға омон қолган ҳайдовчини зудлик билан реанимация бўлимига етказиб олиб боришади.
Бундай вазият одамдан янада кўпроқ ибодатларни талаб қилади.
10–оятнинг иккинчи сатрида қийидагича ёзилган:
Эй Эгам, ҳар куни Сенга илтижо қиламан.
Бу қийинчиликлар ҳеч тугамас экан–да!
10–оятнинг навбатдаги сатри:
Қўлларимни Сен томон чўзаман.
Эски Аҳд даврида одамлар кўпинча қўлларини осмонга чўзиб ибодат қилишарди.
11–оят:
Мўъжизаларингни марҳумларга кўрсатасанми?!
Эй Эгам, жуда ёмон аҳволдаман, агар тез ёрдамга келмасанг адойи тамом бўламан, деб айтмоқчи саночи.
11-13–оятлар:
Мурдалар туриб, Сенга ҳамду сано айтармикан?!
12 Сенинг содиқ севгинг қабрда эълон қилинарми?!
Ҳалокат диёрида Сенинг садоқатинг ҳақида айтиларми?!
13 Зулмат диёрида мўъжизаларинг маълум бўларми?!
Унутилганлар маконида одиллигинг ҳақида сўйланарми?!
Бу гапи билан саночи шундай деб айтмоқчи: “Агар мен ўлсам, Сенга ҳамду сано айта олмайман, одамларга Сенинг севгинг ва садоқатинг ҳақида гувоҳлик бера олмайман. Эй Худо, наҳотки Сен менга ёрдам бермасанг?!”
Нимага урғу бермоқчи эканимни тушунгандирсиз?
Тўхтовсиз қийинчиликлар – тўхтовсиз ибодатга сабаб бўлади, булар кетидан келган кулфатлар одамни янада кўпроқ илтижо қилишга
ундайди.
Ва ниҳоят, санонинг мағзига ҳам етиб келдик.
Саночининг назарида Худо доим уни рад этарди.
14–оят:
Эй Эгам, мен Сенга фарёд қиламан,
Ибодатим саҳарданоқ Сенга етиб боради.
Саночи ҳар куни, эрта саҳардан Худога фарёд қиларди.
15–сано
Эй Эгам, нечун мени рад қиласан?
Нечун мендан юз ўгирасан?
Саночига кўп азоб берадиган нарса бу: “Худо мени рад қилган, мендан юз ўгирган” деган фикрларидир.
Худо юз ўгирганда ибодатлар жавобсиз қолади. Бироқ вазият бундан–да жиддий тус олади.
Навбатдаги оятда саночи шундай деб айтади:
16–сано
Ёшлигимдан буён хастаман, ўлим билан юзма–юзман,
Ваҳималаринг қаршисида умидсиз қолганман.
Мазкур оятдан саночининг кулфатлари ёшлигидан бошланганини билиб оламиз.
Балки у ёшлигидан бирон хасталикка чалингандир ёки жароҳат олгандир?
17–18–оятлар:
Қаҳру ғазабинг мени эзиб ташлади,
Ваҳималаринг мени адойи тамом қилди.
Қаҳр–ғазабинг кун бўйи мени тўфондай ўраб олади,
Мени ҳар тарафдан қуршаб олади.
Саночининг ваҳимали вазияти уни руҳан толиқтириб, ҳолдан тойдирган.
У ниҳоятда ёлғиз, зулматга ғарқ бўлган.
19–оят:
Яқин дўстимдан, қўшнимдан мени айирдинг,
Фақат зулмат менинг шеригим бўлиб қолди.
Саночи тубсиз чуқурликка тушиб қолди, ҳеч ким унга яқинлаша олмайди, ўзи ҳам ҳеч қаерга қоча олмайди.
Худо уни барча дўстларида айирди.
Саночи якка моховга ўхшаб қолди.
Зулмат унинг ҳам сирдоши, ҳам муниси бўлди.
Бундан сиқилиб кетмадингизми?
Балки 20–оят бизга ёрдам берар? Келинг, навбатдаги оятни ўқийлик. Афсус, 20–оятнинг ўзи йўқ.
Саночимиз ҳам Юмалоқ Думалоқ ўғлининг ҳолига тушибди, ерга йиқилиб, зулматга ғарқ бўлибди.
Демак, бу сано ижобий якун топмади. Забур таркибидаги 150 та сано ичида энг фожиалиси шудир. Фақат шу санода умид учқунлари йўқ.
Саночи дардини айтиб, фақат алам, тушкунлик, азоб–уқубат ҳақида гапиради.
Эсингизда бўлса, сано “қўшиқ” ёки “ашула” маъносини билдиради.
87–сано ҳам қўшиқдир.
Ушбу санонинг охирига – 19–оятига келганда бирданига қўшиқ тўхтаб қолади, саночининг қўлидан мусиқа асбоби тушиб кетгандай бўлади.
Сукунат чўкади. Саночи ҳолдан тойган.
У Худодан жавоб кутмоқда.
Биз бундай кулфатдан ўзимизга қандай сабоқ оламиз?
Ушбу сано ҳам Муқаддас Китоб таркибига киритилгани боис, биз ундан ҳам сабоқ олишимиз керак.
Сизга айтсам, бу санодан 7 хил сабоқни ўрганиб олишимиз мумкин.
1–сабоқ: масиҳийларнинг ҳам бошига кулфат тушади. Масиҳийларнинг ҳам ҳаёти шу қадар машаққатли бўлиши мумкин.
Саночи Худога ишонганини санонинг 1–оятидан кўришимиз мумкин.
Қийинчиликлар саночини нажоткор Худодан маҳрум қилмади, аксинча уни Худога яқинлаштирди.
Биз буни уқиб олишимиз шарт, акс ҳолда ўзимизни хатар остига қўямиз.
Масиҳийларнинг ҳам ҳаётида қийинчиликлар, синовлар ва кулфатлар бўлади. Булар ҳаётнинг ажралмас қисмидир.
Агар сиз: “Мана, Худога ишондим, энди асло қийинчилик кўрмайман, фақат бахтиёр бўламан, осойишта ҳаёт кечираман”, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Чунки қийинчиликлар келганда, Худо мени ташлаб кетди, деган хаёлга борасиз.
Наҳотки Худо сизни қийин вазиятда ташлаб кетса? Наҳотки муаммоларингизни ҳал қилишга У сизга ёрдам бермаса?
2 Коринфликлар 11:24-28 да ҳаворий Павлус шундай ёзади:
24 Яҳудийлардан беш марта бир кам қирқтадан калтак едим. 25 Рим амалдорлари мени уч марта калтаклатдилар. Бир марта тошбўрон бўлдим, уч марта кемада ҳалокатга учрадим, бир кечаю кундузни денгиз бағрида ўтказдим. 26 Кўп марта ўзоқ сафарларда бўлдим. Дарёларда таҳликада қолдим. Қароқчилар ҳужумидан ҳаётим таҳликада қолди. Ўз қондошлариму ғайрияҳудийлар туфайли таҳлика остида қолдим. Шаҳарда таҳлика, саҳрода таҳлика, денгизда таҳлика, сохта биродарлар орасида таҳлика! 27 Мен анча меҳнат ва машаққат остида, кўп марта ўйқусизликда, очлик ва ташналикда қолдим. Баъзан ейишга ноним, совуқда кийишга кийимим бўлмади.
28 Яна булардан ва қолган бошқа нарсалардан ташқари, ҳар куни барча жамоатлар ҳақида қайғуриш ҳам менинг зиммамда.
Мен илгарилари бир масиҳий аёл билан ишлар эдим. Бу аёл доимо ҳамманинг табассум қилишини истар эди. Агар у офисдаги бирон одамнинг бетида табассум кўрмаса, ўша одамга дўқ қилиб: “Табассум қил, ахир Худо сени севади”, деб айтар эди. У юрган йўлида ҳаммамизга: “Табассум қил, Худо сени севади. Табассум қил, Худо сени севади”, деб гўёки бетимизга шапалоқ туширгандай бўларди.
Павлусни калтаклашганда у табассум қилганмикан?
Ёки уни қамашганда у табассум қилганмикан?
Павлуснинг имони бор эди, шунинг учун у бўлар–бўлмасга куйдирган калладай тиржаяверарди, деб айта оламизми?
Павлуснинг бошига шунчалик кўп қийинчиликлар тушганида Худо уни ташлаб кетганмиди?
Павлус бой–бадавлат бўлиб, осойишта ҳаёт кечирган, деб айта оламизми?
Ёки Павлуснинг бошига ҳеч ташвиш тушмаганми?
Мен бир имонлини биламан. У аъзо бўлган жамоатда: “Худога ишонсанг, ҳеч қандай кўргулик бошингга тушмайди. Доимо фаровон ҳаёт кечирасан, бой–бадавлат бўласан”, деб ўргатишарди. Аммо ўша йигит ишидан ҳайдалди, яхши кўрган қизи уни ташлаб кетди.
Нега Худо бундай кўргуликларга йўл қўйди? Наҳотки Худо ўша йигитнинг бахтли бўлишини истамаган бўлса? Ўша йигит сохта таълимотга ишонгани учун: “Худо мендан юз ўгирди”, деган хулосага келди ва ўз жонига қасд қилди. Мен ўша шўрликнинг жанозасига бордим.
Эй имони суст биродар, Худо сендан юз ўгирмаган.
Бу сатрларни ўқир экансиз, хафаҳол бўлишингиз турган гап.
Ҳар бир одам бу ҳаётда синовлардан ўтади, синов фақат имони суст одамларнинг бошига келмайди.
Синов ва қийинчиликлар ҳар бир масиҳий одамнинг ажралмас қисмидир.
Реал ҳаётга хуш келибсиз.
Афсуски, айрим жамоатлар имонлиларни охирзамон қийинчиликларига тайёрламайди.
2–сабоқ: Ҳаётимизда шундай пайтлар бўладики, ҳеч бир инсон бизга ёрдам бера олмайди.
Атрофингизда кўплаб одамлар бўлиши мумкин, аммо Юмалоқ Думалоқ ўғли ҳақидаги шеърда ёзилгандай:
“Подшоҳларнинг барча отлиқларию чавандозлари
Юмалоқ Думалоқ ўғлини ҳеч тузата олишмади.”
Атрофингиздаги одамлар ҳам қанчалар иқтидорли бўлишмасин, сизни қанчалар эъзозламасин, сизга қанчалар яқин бўлишмасин, шундай пайтларда сизга асло ёрдам бера олишмайди.
Баъзи пайтларда ҳаётимизда шундай муаммолар бўладики, уларни ечишга бизга фақат Худо ёрдам бера олади, бундай вазиятларда биз Худонинг қудрати ва улуғворлигини кўрамиз.
Забур 17:2–3 да Довуд Худога шундай деб айтади:
Сени севаман, эй Эгам, менинг қудратим.
3 Эгам суянган қоямдир, менинг қалъам, қутқарувчимдир,
Ҳа, Худодир менинг қоям, Унда паноҳ топаман.
Удир менинг қалқоним, қудратли нажоткорим, қўрғоним.
Мазкур оятларда ёзилган ҳарбий атамаларга эътибор беринг:
Қоя, қалъа, қудрат, қутқарувчи, қалқон, қудратли нажоткор, қўрғон.
Худонинг бу хусусиятларини Довуд қаердан билган?
Чунки Довуд кўп марта мушкул вазиятларга тушган ва фақатгина Худо унга ёрдам берган.
Шу сабабдан Довуд 18–сано 3–оятда шундай ёзади:
Эгамга илтижо қиламан,
Ғанимларимдан У мени халос қилади.
Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!
Мен эса кимдан ёрдам сўрайман? Дўстларимданми?
Довудга ва Юмалоқ Думалоқ ўғлига фақат Худо ёрдам бера оларди.
87–санодан биз учинчи сабоқни ҳам ўрганишимиз мумкин.
Саночининг назарида, Худо уни унутган.
Бошига тушган кулфат дастидан у муҳим бир ҳақиқатни унутган.
Еремиё 31:3 да шундай ёзилган:
Сени мангу севги билан севдим.
Бу ваъдани Худо ҳар бир имонлига берган.
87-сано кайфиятимизни туширади.
87–санонинг якуни йўқ.
87–санони ҳеч ким “яхши кўрган саноим” деб айтмаса керак.
Бироқ ўша санонинг муаллифи ҳам имонлидир.
Худо ҳамма фарзандларига нисбатан эзгудир, вақти келганда ҳар бирига ғамҳўрлик қилади.
87–санода Худонинг айнан шу хислати тилга олинмаган. Ва бу 3–сабоқдир.
Одатда қийналаётган биродарим менга телефон қилиб, дардини айтгудек бўлса, мен унга шундай савол бераман:
Худо сени шунча ўстириб, шу даражага етказганидан кейин, сени ер билан яксон қилмоқчи, деб ўйлайсанми?
Худо гуноҳларингни ювиб, сенга йўлбошчлик қилди, ёрдам берди, сени кўплаб баракатлар соҳиби қилди. Энди эса сени йўқ қилмоқчи бўлдими? Сен ўз хатоинг билан бошингга бало орттириб олган бўлсанг–чи?
Худо шу пайтгача ҳамма ибодатларингни ижобат қилиб келди, энди сени Ўз оиласидан ҳайдаб чиқармоқчи деб ўйлаяпсанми? Худо сендан абадий юз ўгирган, деб ишоняпсанми?
Бунда бирон матиқ борми?
Тўғри, гуноҳнинг оқибати бор. Айрим пайтларда биз сабоқ олишимиз учун Худо сукут сақлайди, шу орқали бизни интизомга ўргатади.
Агар сиз қийин дамларда, Худо мени унутган, мендан юз ўгирган, деб ўйласангиз, миянгизни тозалаб олинг, чунки Худо ҳеч қачон бундай қилмайди.
Ўтган йили бир ёш масиҳий дўстим тушкунликка тушган эди, унинг назарида, ибодатлари томгача ҳам етиб бормасди, Худо эса уни умуман эсдан чиқариб юборгандай эди.
Унинг тушкун кайфияти кундан–кунга зўрайиб бораверарди, у ҳатто масиҳийча ҳаётдан воз кечишга ҳам тайёр эди.
Бироқ у Еремиё 31:3–оятни эслади, бу оят уни Худонинг йўлида сақлаб қолди (шу сабабдан ҳам Еремиё китобидаги оятни ёд олиш керак).
Йиллар ўтиб, ўша йигит етук, кучли, художўй, самарали хизмат қиладиган хушхабарчига айланди. Бундай хизматчилар камдан–кам учрайди.
Худо ҳеч қачон Ўз фарзандларидан юз ўгирмайди, сиз ҳам бу қоидадан мустасно эмассиз.
Еремиё 31:3–оятнинг тагига чизиб қўйинг, уни белгиланг, ёнига юлдузча чизинг, китобнинг ўша бетини букиб қўйинг.
Бу оятни бир парча қоғозга ёзиб, уни кўзгуга ёпишитириб қўйинг. Уни ёд олинг.
Келинглар, давом этайлик. Дўстларимиз тушкун кайфиятда бўлганларида биз нима қилишимиз керак? Уларга қандай муносабатда бўлишимиз керак?
4–сабоқ. Бу синовдир.
Тушкунликка тушган биродарларингизни сиз қай даражада севасиз?
1 Коринфликлар 13:4 да шундай ёзилган:
Севги сабр–тоқатли ва меҳрибондир. Севга ҳасад қилмайди, мақтанмайди, кеккаймайди.
Муқаддас Китобнинг айрим таржималарида “севги сабрли” деб ёзилган. Бу яхши таржима эмас.
Асл нусхада “севги узоқ сабрли”, яъни “сабр–тоқатли” деб ёзилган.
Сабр–тоқатли сабрлининг орттирма даражасидир.
87–санони ўқиганингизда саночининг тушкун аҳволдан чиқиши учун вақт талаб этилиши сано мазмунидан яққол сезилиб туради.
Меҳрибон дўст тушкунликка тушган биродарига далда беради, қанча вақт талаб этилса, шунча вақтни унга бағишлайди.
Сизни ҳам меҳрибон дўст деб атаса бўладими?
Мен масиҳийча ҳаётга илк қадам босганимда бир эшакка юк бўладиган муаммолар билан жамоатга келган эдим. Мен билан бир жамоатга борадиган биродарим менга шундай деган эди: “Ҳаётингни тиклаб олганингдан кейин, ҳамма нарсага салбий эмас, ижобий қарашни ўрганганингдан кейин, сен билан ошна бўламан, бирга вақт ўтказамиз.”
Буни шартсиз севги деб бўлмайди, бу шартли севгидир.
Бу худди Юмалоқ Думалоқ ўғлига:
“Ўзингни тузатиб ол”, деганга ўхшайди, ваҳоланки, Юмалоқ Думалоқ ўғли ўзини тузатишга ожиз эди.
Ҳикматлар 17:17
Ҳақиқий дўст ҳар доим севади,
Ака–укалар ҳам оғир кун учун туғилган.
Тушкунликка тушган биродарларимизга биз шундай деб айтишимиз керак: “На чора?! Сен менинг дўстимсан, сени ташлаб қаерга ҳам борардим?!.”
5–сабоқ
Биродарим, тушкунликка тушган бўлсангиз, билиб олинг: сиз ёлғиз эмассиз.
Сизнинг дилкаш дўстларингиз бор.
Афсуски, атрофимизда тушкунликка тушган биродар ва опа–сингилларнинг сони сиз ўйлаганингиздан ҳам кўпроқ.
XVI-асрда реформани бошлаган Мартин Лютер шундай деб ёзган эди:
“Агар бирор киши мен каби синов ва қийинчиликларга дуч келганда эди, юраги дош бермай, аллақачон ўлган бўларди”.
Мартин Лютер ҳам бошдан кўп азоблар ўтказган, у иккиланган пайтлари бўлган, тушкунликка тушган.
XVIII-асрда яшаган Вильям Купер ақлдан озган, деб эълон қилингандан сўнг, Исо Масиҳга имон келтирган. Аммо шундан кейин ҳам иккиланишларидан ҳоли бўлмаган. Бир куни у ваҳимали бир туш кўриб: “Ҳолимга вой, дузаҳга маҳкумман”, деб қаттиқ ишонган.
Аммо Вильям тузалганидан кейин, кўплаб масиҳийча қўшиқлар ёзган. Ўша қўшиқлар ҳанузгача кўп жамоатларда айтилмоқда.
Вильямнинг яқин дўсти “Ажойиб иноят” қўшиғининг муаллифи Джон Ньютон эди.
XIX-асрнинг таниқли воизхони Чарльз Сперджен ҳам тез–тез тушкунлик хуружига мубтало бўларди.
XX-асрда яшаган ёзувчи Освальд Чамберс тўрт йил давомида руҳий саҳродан ўтганди.
Балки сиз ҳам бугун ёлғиз ўзингиз қоронғу хонада ўтиргандирсиз, қалбингиз дардга тўла, дилингиз ғаш, аммо сиз ёлғиз эмассиз. Юқорида тилга олинган таниқли масиҳийлар ҳам синов ва қийинчилик пайтларидан ўтган. Сизга ўхшаган шерикларингиз кўп.
Худо ўша одамларни буюк тарзда ишлатгани каби, У сизни ҳам Ўз улуғворлиги учун ишлатмоқчи.
Худо сиздан юз ўгирмаган.
6–сабоқ
Келинг, бир муддат масиҳийча қўшиқларимиз ҳақида сўз юритайлик.
87–сано қўшиқдир.
Забур китоби қўшиқлар тўпламидир, Эски Аҳд даврида яҳудийлар Забур саноларини қўшиқ қилиб куйлаганлар.
Забур китобидаги саноларни XXI-аср масиҳийча ҳамду санолар билан қиёсланг.
Саноларнинг олтмиш иккитаси марсия бўлиб, ғам–қайғу, саросима, оғриқ, азоб–уқубат, ғазаб ва бошқа салбий ҳис–туйғулар ҳақидадир.
Бу тахминан Забур китобининг 42%ини ташкил қилади.
Менга айтингчи, бугунги кунда масиҳийча қўшиқларнинг нечтаси бу каби туйғуларни ифода этади?
Забур китобида имонли кишининг изтироблари ва алам–қайғулари ҳақида очиқ–ойдин ёзилган. Бундай ҳиссиётларни муаллиф яширмайди.
Бугунги қўшиқларимизда–чи?
Бир масиҳий рассом шундай деб айтганди: “Мен фақат мукаммал дунёнинг расмларини, гўёки гуноҳ ҳеч қачон бўлмагандай чизмоқчиман”.
Афсуски, бу каби ёндашув масиҳийча қўшиқларимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатган, деб ўйлайман, чунки баъзи масиҳийча қўшиқлар Худога ва Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга эмас, балки инсоннинг ўзига қаратилган.
Яқинда мен бир жамоат ҳақидаги мақолани ўқиган эдим. Улар ҳамду сано пайтида Забурдаги саноларни қўшиқ қилиб айтишар экан.
Бу мен учун янги ғоя эди.
Улар саноларни айтиб, Худони улуғлар эдилар, айни пайтда, жамоатдаги имонлиларга Муқаддас Каломни ёд олишга ёрдам берар эдилар.
Менимча бу жуда яхши фикр.
Балки биз ҳам масиҳийча қўшиқларга эҳтиёткорлик билан ёндашмоғимиз лозим, болаларимизга ўргатаётган қўшиқларнинг маъносига эътиборли бўлишимиз керак.
Энди охирги сабоқни ҳам ўрганиб олиш вақти етди.
7–сабоқ: иноят.
Мақоламизни тугатиш учун нақадар яхши мавзу!
87–санонинг муаллифи ўзини қоронғулик ва зулматда ўтиргандай тасаввур қилмоқда.
У имонли бўла туриб, шу қадар тушкунликка тушган ва кулфатда қолган бўлса–да, Худонинг инояти унга мадад бермоқда.
Бу ажойиб, шундай эмасми?!
Аммо иноят дегани нима?
Иноят масиҳийча бир атама бўлиб, биз уни кўп ишлатамиз.
Сизни билмадим–у, аммо ўзим бу сўзнинг маъносини тўлиқ англаб олишим учун кўп вақт сарфладим.
Иноятнинг маъноси ниҳоятда соддадир. Биз қила олмаган ишни бизнинг ўрнимизга Худо қилади, мана шу иноятдир.
Баъзан ошхонамизда ювилмаган идишлар тоғдай уйилиб кетади. Худо биронтасини ҳам менинг ўрнимга ювиб қўймайди, чунки бу ишни қилиш менинг қўлимдан келади.
Машинангизнинг мойини алмаштириш вақти келгандир?
Буни қилишга вақтингиз бўлмаса, мойни Худо алмаштириб беради, деб беҳудага умидвор бўлманг.
Аммо биз ўзимизни гуноҳдан қутқара олмаймиз, бу қўлимиздан келмайди. Шу сабабдан Худо бизга нажот йўлини тақдим қилди. Агар биз Унга ишонсак, У бизнинг гуноҳларимизни ювади.
Мана шу ИНОЯТдир. Биз гуноҳларимиздан озод бўла олмаймиз, гуноҳ билан боғлиқ бўлган муаммоларимизни ўзимиз ҳал қила олмаймиз, шу сабабдан ўзимизни Худонинг қучоғига отиб, Ундан нажот сўраймиз ва Худо бизга нажот беради.
Шу сабабдан Масиҳга келганимизда ўзимизнинг ёмон одатларимизни кўра бошлаймиз, аммо улардан ўз кучимиз билан халос бўла олмаймиз. Гуноҳларимизни кўрамиз, аммо улардан қоча олмаймиз. Шунинг учун Худодан ёрдам сўраб, ёлворамиз. Худо бизга иноят кўрсатади ва биз ёмон одатларимиз ва гуноҳларимиздан аста–секин озод бўла бошлаймиз.
Агар имонсиз мижғов қариндошингиз доим жонингизга тегаверса, сиз нима қиласиз? Масиҳий бўлганингиз учун унга севги кўрсатишингиз кераклигини биласиз, аммо буни ўз кучингиз билан қила олмайсиз.
Шунда сиз Худога ёлворасиз: “Худойим, жаҳлимни тийишга ёрдам бергин”, деб сўрайсиз ва ўзингизни тута олганингиздан ҳайрон қоласиз.
Мана шу Худонинг иноятидир, иноят ёрдамида сиз қила олмаган ишнинг уддасидан чиқасиз.
Агар докторлар сизни операция қилишлари керак бўлса
Ёки яқин дўстингиз вафот этса,
Ёхуд қийин мауаммони ҳал қилишингизга тўғри келса,
Худога ёлворинг, У илтижоингизга қулоқ тутади. Қийин вақтдан эсон–омон ўтиб олишингизга ёрдам беради.
Мана шу иноятдир:
Сиз қила олмаган ишни сиз учун Худо қилади.
Биз иноят орқали нажот топганмиз,
Масиҳийча ҳаётда ҳам иноят туфайлигина яшай оламиз.
Қуйидагиларни тушуниб олинг:
Ҳаётимизда доим қийин вазиятлар бўлиб туради, Худонинг Ўзи бунга изн беради. Бундай муаммоларни биз ўз кучимиз билан еча олмаймиз, шу сабабдан Худога ёлворамиз.
Шунда Худо бизга ёрдам беради, биз Худонинг қудратини кўрамиз,
Унинг севгисидан баҳраманд бўламиз,
У Ўзи бизга йўл кўрсатади.
Шу орқали биз Худога янада яқинлашамиз.
Мана шу иноятдир.
Иноят ажойибдир, шундай эмасми?!
Юмалоқ Думалоқ ўғлига ўхшаган масиҳийлар фақат бир жойдан ёрдам кутадилар – Худодан ва Унинг иноятидан.
Худога умид қилганлар эса асло уятга қолмайдилар.
Юмалоқ Думалоқ ўғли шунчаки болажонлар учун ёзилган шеър қаҳрамонидир. Унга иноят кўрсатилмаган эди.
87–сано муаллифи ва биз иноятдан баҳрамандмиз. Катта фарқ ҳам шундадир.
Сиз бугун қандай қийин вазиятдасиз? Аслида бу вазият — Худога ёлворишингиз ва Унинг улуғворлигини кўришингиз учун жуда яхши имкониятдир.
Муҳими, аслида энг муҳими шуки, ҳаётдаги энг катта муаммо Худо оиласига мансуб бўлмаслик. Қолган ҳамма муаммолар бу муаммо олдида ҳеч нарса эмас.
Агар сиз Исо Масиҳга эргашишни истасангиз.
Унга ҳозироқ эргашишни бошланг.
Худога айтинг: “Эй Худойим, мени гуноҳ қуллигидан озод қилгин, тим қоронғу зулматдан олиб чиққин.”
Кўрасиз, Худонинг Ўзи сизга ёрдам қўлини чўзади.