Дўстлар
Мен ўқиган мақолага айнан шу ном берилган эди. Мақоланинг сарлавҳаси эса қуйидагича эди: “Дўстларингиз бўлмаса ҳам сиз ёлғиз эмассиз”.
Мақоланинг давомида шундай деб ёзилган эди:
“Илгарилари одамлар ташвишларини унутиш учун дўстларининг олдига боришарди.Бугунги кунда эса бунинг аксидир, қачон қараманг дўстларимиз бизга ташвиш орттириб юришади. Кўпинча биз шу томондан қийналиб қоламиз.”
Бир неча йил аввал мен бир таниқли масиҳийдан хат олган эдим. Хат якунида шундай сўзлар битилган эди:
“Раҳмат сизга бизнинг яқин дўстимиз бўлганингиз учун, сиз доим бизни тушуниб, бизга ғамҳўрлик қилиб келгансиз.”
Мен бу одам билан ҳеч қачон шахсан таниш бўлмаганман.
Шундай экан, қандай қилиб мен унинг яқин дўсти бўлишим мумкин эди? Қандай қилиб унга ғамҳўрлик қилган бўлишим мумкин эди?
Мен олган бошқа бир хатда шундай ёзилган эди:
“Назаримда кўп одамлар ниқоб тақиб юрганга ўхшайди, шу сабабдан уларнинг асл шахсияти менга қоронғу. Мен кўп одамларни танийман, бироқ улар шунчаки танишларимдир.”
Бир таниқли руҳшунос консультант ўз нутқида шундай рақамларни келтирганди: дунё аҳолисининг бор–йўғи 10% одамда яқин, дилкаш дўстлари бор.
Ўн фоизгина одамда–я…
Биз мазкур мақолада дўстлик ҳақида сўз юритмоқчи эканимизни англагандирсиз?
Дўстлик мавзусининг бизга алоқаси нима?
Бу саволга энг яхши жавоб менимча қуйидагичадир:
Исо бизни, дўстларим, деб атаган, чунки биз Уни Нажоткоримиз сифатида қабул қилганмиз.
Юҳанно 15:15 да шундай ёзилган:
Мен сизларни энди қул деб атамайман. Қул хўжайини нима қилишини билмайди. Сизларни дўстларим дейман, чунки Отамдан эшитган ҳамма нарсани сизларга айтдим.
Одамлар Исони гуноҳкорларнинг дўсти, деб аташарди.
Луқо 7:34
Инсон Ўғли келиб, ҳам еди, ҳам ичди. Уни эса сизлар: “Еб тўймас, шаробхўр, солиқчилар ва гуноҳкорларнинг дўсти”, дейсизлар.
Одамлар Исони бундай деб аташларига Исо ҳеч қаршилик кўрсатмасди.
Сиз ва мен Исо каби бўлишга чақирилганмиз, шу боис ҳам, биз бошқаларга дўст бўлишимиз шарт.
Яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман:
Исо Масиҳ учун дўстлик катта аҳамиятга эга эди, шу боис, агар сиз Исонинг издоши бўлсангиз, демак дўстлар орттириш ва дўстпарвар бўлиш сиз учун ҳам муҳим аҳамият касб этиши шарт.
Дўстлик ниҳоятда кучлидир.
Дўстлик ҳаётни ўзгартиради.
Қийин дамларда дўстингиз сизни юпатади, сизга далда беради, руҳлантиради.
Шундай экан, келинглар, Муқаддас Китобга мурожаат этайлик.
Сулаймоннинг Ҳикматлари китобига мурожаат этсак, қандай бўлар экан?
Ҳикматлар китоби жуда яхши китобдир, унда доно маслаҳатлару насиҳатлар берилган.
Эски Аҳд даврида Ҳикматлар китоби ёш йигитлар учун қўлланма вазифасини бажарган бўлиб, буюк етакчи бўлиб етишишларига улкан ҳисса қўшарди.
Етакчиларга ҳам дўстлар керак, шу боис Ҳикматлар китоби дўстлик ҳақида кўп сўз юритади.
Ҳикматлар китоби 31 та бобдан ташкил бўлиб, огоҳлантиришлар ва доно насиҳатлар тўпламидир.
Китобдаги илк огоҳлантириш Ҳикматлар 1:10 да ёзилган:
Ўғлим, агар гуноҳкорлар сени йўлдан урмоқчи бўлса,
бўйин берма.
Муаллиф ёшларга гуноҳкорлар билан ҳамтовоқ бўлмасликни насиҳат қилади.
Бунинг аҳамияти нимада?
Аҳамияти шундаки, китобнинг 1:1–6 оятларида ҳикматларнинг моҳияти ёзилган.
Бу китоб қаерда ўрганиларди? Ҳикматлар 1:8–9–оятларига кўра бу китоб уйда ўрганиларди.
Фарзандингизнинг руҳий устози биринчи навбатда ўзингиз бўлишингиз керак.
Ёшларнинг устозлари ва чўпонлари жуда муҳимдирлар.
Бироқ фарзандларингиз учун руҳий ота ёки руҳий она вазифасини биринчи навбатда ўзингиз бажаришингиз шарт.
Фарзандларингизга руҳий таълимни бошқалар эмас, биринчи ўринда ўзингиз беришингиз керак. Бинобарин, Ҳикматлар китобининг асрлар давомида чархланган донишманд маслаҳатлари сизга мутазирдир. Китоб саҳифаларидан сизга инсоният тарихидаги энг яхши ота–оналар тарбия ва интизом борасида дарс берадилар (Ҳикматлар 1:8–9).
Борди–ю, сиз Ҳикматлар 1:10 даги огоҳга қулоқ тутмай, гуноҳкорларга ошна бўлсангиз, ўз ҳаётингизни ўзингиз барбод қиласиз.
Сизнинг дўстларингиз сизни рўшноликка чиқаради ёки сизни хонавайрон қилади.
Дарҳақиқат, Худо ҳаётингизда бунёд қилаётган барча нарсани бўлмағур дўстларингиз барбод қилишлари мумкин.
Ҳа, дўстларнинг таъсири шу қадар кучлидир.
Ҳикматлар китоби 31 та бобдан ташкил топган бўлиб, ундаги биринчи огоҳлантириш – бемаъни дўстларга шерик бўлмаслик ҳақидадир. Бу ҳақда бир ўйлаб кўринг, чунки ёмон улфатлар инсонни буткул барбод қилади.
Агар сиз исковуч сингари фарзандингизнинг дўстлари ким эканини билишга тиришсангиз, ўз вазифангизни тўғри бажараётган бўласиз.
Бу сизнинг вазифангиздир.
Чунки дўстларнинг фарзандингизга таъсири беқиёс.
Бу борада яхши исковуч бўлинг.
Ушбу амалий маслаҳат Ҳикматлар китобининг биринчи бобидаёқ берилган.
Ҳикматлар китобида дўстлик ҳақида яна нималар ёзилган?
Жуда кўп нарса!
Учта калит савол бизга Ҳикматлар китобининг моҳиятини тушунишимизга ёрдам беради:
- Ҳақиқий дўстликнинг жавобгарликлари нима?
- Ҳақиқий дўстликка халақит берадиган тўсиқлар нима?
- Дўстлар танлашда қандай яхши маслаҳатлар бор?
Келинглар, ҳар бир саволга алоҳида эътибор қаратайлик. Бироқ, бундан олдин Раббимиздан мадад сўрайлик.
Осмондаги Отажон,
Биз муҳим бир мавзуни ўрганмоқчимиз.
Мунофиқ дўстлар ҳаётни барбод қилишларини биламиз.
Сен эса ҳаётимиз барбод бўлишини истамайсан.
Эгамиз, қалбларимизни очгин. Сабоқ олишга чанқоқ бўлайлик.
Ўрганганларимизни амалда қўллашимизга ёрдам бергин.
Ҳаммасини Исо Масиҳ номи билан сўраймиз.
Омин.
Биринчи савол:
Ҳақиқий дўстликнинг жавобгарликлари нима?
Сиз бошқалар учун содиқ дўст бўлмоқчимисиз? Жуда яхши!
Бунинг учун нима қилишингиз керак?
Ҳикматлар 17:17
Ҳақиқий дўст ҳар доим севади,
Ака–укалар ҳам оғир кун учун туғилган.
Мен сизга бир чақириқ бермоқчиман. Уни бажариш осон кечмаслиги мумкин.
Балки сиз бу топшириқни ёлғиз қолганингизда бажармоқчи бўларсиз.
Адрес дафтарчангизни очиб варақланг.
Сизга илгарилари дўст бўлган одамларнинг исмларини ўқинг.
Уларга нима бўлди?
Баъзи исмларга қаранг.
Бу одамлар ким?
Улар ҳаётингизнинг қайси даврида сизга дўст бўлганлар?
Нима сабаб билан орангиздаги алоқангиз узилган?
Нега узоқлашиб қолгансиз?
Балки бунга жавоб бера олмассиз.
Мисол учун, мен адрес дафтарчамдаги исмларни бирин–кетин ўқишим мумкин ва хаёлимга ҳеч қандай хотиралар келмайди.
Шунда ўзимга ўзим: “Наҳотки бу менинг адрес дафтарчам бўлса?” деган савол бераман.
Чет элда ўқиётган осиёлик студентлар орасида сўров ўтказилган эди.
Уларга шундай савол беришган эди: “Сиз бу мамлакатдаги одамлар ҳақида нима ўйлайсиз?”
Уларнинг жавоби мени даҳшатга солди. Улар шундай деб айтган эдилар: “Бу мамлакатдаги одамлар бир қарашдан ниҳоятда очиқ ва дўстпарварга ўхшайди, аммо улар ҳақиқий дўст бўла олишмайди.”
Сўров ўтказган одам шундай хулосага келди:
“Ўша чет элликлар аслида ёмон одамлар эмас, аммо жуда банддирлар, ўзлари билан ўзлари оворалар. Ўзларидан фарқ қиладиган одамлар билан меҳрга асосланган мустаҳкам муносабат қуриш учун уларнинг умуман вақти йўқ.”
Эвоҳ!
Нақадар қаттиқ ботадиган гап–а!
Балки шу сабабдан ҳам Муқаддас Китобда Йўнатан ва Довуднинг дўстлиги ҳақида ёзилгандир.
Йўнатан ва Довуд қалин дўст эдилар.
Аммо Йўнатаннинг отаси Довуддан нафратланарди, узоқ вақт давомида уни таъқиб қилиб, ўлдиришга ҳаракат қилганди.
Довуднинг энг яқин, энг садоқатли дўсти унинг энг ашаддий душманининг ўғли эди, бироқ Довуд бунга аҳамият бермасди.
Мен ўша даврда яшаганимда эди, унга шундай маслаҳат берган бўлардим: “Ҳазрат Довуд, бир оғиз гапимга қулоқ солинг: Йўнатанни ҳаётингиздан ўчириб ташланг. Бунинг учун яхши сабабингиз бор. Сизни ўлдирмоқчи бўлган эси паст одам ўша дўстингизнинг отасидир, агар Йўнатан билан ошна бўлмасангиз ҳеч ким сизни айбламайди.”
Довуд ҳеч қачон дўсти Йўнатандан воз кечмади. Ушбу самимий дўстлик ришталарини Йўнатаннинг бевақт ўлими узган эди.
Ҳикматлар китобида “дўст” сўзини ўқиганингизда ҳақиқий дўстлик назарда тутилади.
Дўстлик – ҳақиқий масиҳийча дўстлик абадий бўлади, у ҳар қандай адоватни енгиб ўтади.
Қийинчиликларда дўст бўлган одам доим дўст бўлиб қолаверади. Чин дўст ҳаёт бўронларида сизга ёрдам қўлини чўзади.
Тушкунликка тушган пайтларингизда чин дўстингиз сиздан хабар олади.
Турмушингиз барбод бўлганда сизни юпатади.
Ишсиз қолганингизда ёнингизда бўлиб, сизга далда беради.
Қийинчиликда дўст бўлган одам чин дўстдир. У том маънодаги дўст, бундай дўстнинг қадри юксакдир.
Бундай дўст топишга уринманг.
Ўзингиз чин дўст бўлинг.
Таъсирчан одамларга ва шоирларга бу каби гаплар хуш ёқади.
Бироқ бу сўзларни амалда қўллайдиган одамлар шундай одамларки, улар Худонинг иноятига тўлиқ таянадилар, инсоний худбинликдан воз кечиб, Исонинг севгисига бурканадилар.
Қийинчиликлар сизга чин дўстларингизни ошкор қилади.
Уларнинг садоқатини намоён этади.
Демак дўстнинг жавобгарликлари нима?
Биз бу ҳақда озгина суҳбатлашиб олдик.
—————————————————————-
Бу борада яна нима айта оламиз?
Ҳикматлар 18:24 да шундай ёзилган:
Шундай дўст борки, у ҳалокат келтиради,
дўст борки, у туғишгандан ҳам яқинроқдир.
Сохта дўстлик кераксиздир, унинг сариқ чақалик ҳам қадри йўқ.
Ҳар биримизга бир–иккита чин дўст керак.
Қуйидаги мисол жуда оғирдир. Келинг, уни сизга тушунтирайин.
Бир масиҳийча семинариянинг профессори 246 нафар хизматчи, чўпон ва хушхабарчилар билан алоҳида–алоҳида суҳбат ўтказди. Уларнинг ҳаммаси зино қилганлари учун хизматдан четлаштирилган эдилар. Зино қилишдан олдин эса ҳаммаси тўлиқ Масиҳга бағишланган бўлиб, сидқидилдан хизмат қилардилар.
Бироқ 2 йил ичида ҳаммаси зино ёки жинсий ахлоқсизлик туфайли хизматларини тарк этишга мажбур бўлдилар.
Бу 246 нафар хизматчида қандай ўхшаш томони бор эди?
Уларнинг ҳаммаси, мен ҳеч қачон зино қилмайман, деб ўйлаганлар ва ҳеч қачон ҳеч кимга ҳисобот бермаганлар.
Турли ирқларга мансуб, таълим даражаси бир–биридан катта фарқ қиладиган, ижтимоий ўрни бошқа–бошқа бўлган бу барча хизматкорларнинг яқин дўсти бўлмаган.
Ҳеч ким уларга шахсий савол бермаган, улардан: “Порнография иллатини енга олдингми?”деб сўрамаган.
“Аёлларга бўлган муносабатда ҳаддингдан ошмаяпсанми?” демаган.
Ҳақиқат шундаки – ёлғиз одам доим ютқазади.
Балки сизга жинсий ахлоқсизлик каби масалалар ҳақида гапириш ноқулайдир.
Лекин Ҳикматлар китобида бу масала очиқ–ойдин муҳокама этилади.
Ҳикматлар китобининг дастлабки 9 та бобида 4 марта жинсий поклик ҳақида сўз юритилади.
Ҳар биримизга ишончли дўст керак, сирларимизни сақлай оладиган, биз учун ибодат қиладиган, ҳаётимиздаги муаммолар ҳақида биздан ҳисобот оладиган дилкаш суҳбатдош керак.
Шунчаки танишларга эга бўлиш қийин эмас, бироқ танишлар бизга муваффақият келтирмайди.
Умуман бегона бўлган одам ҳам сизга чин дўст бўлиши мумкин.
Ибтидо китобида ёзилишича, Юсуф ҳам туғишкан акалари орасида эмас, буткул бегона бўлган одамлар орасида меҳр қозонган эди.
Довуднинг ҳам акалари кўп эди, бироқ унинг энг яқин дўсти қариндоши бўлмаган Йўнатан эди.
Исо ҳам ҳаётининг энг мушкул дамларида ўгай укалари ёнида эмас, дўстлари ёнида эди.
Бизга ака–укалардан ҳам яқинроқ одамлар керак.
Зино гуноҳига қўл урган 246 нафар хизматчи ҳақидаги мисол инсонга оғир ботади, келинглар, энди намуна бўлиб хизмат қиладиган 5та ижобий мисолга эътиборимизни қаратайлик.
Менинг дўстим 50 йил давомида Худога хизмат қилиб, Хушхабар тарқатди ва таълим берди.
Бу мени қизиқтириб қўйгани боис, бир куни мен унга шундай савол бердим: “Сиз бир умр Худога хизмат қилиб келаётганингизнинг сири нимада?”
Унинг сири Ҳикматлар 28:13 да баён этилган:
Ўз гуноҳларини яширган ютуққа эришмайди,
уларни тан олиб, воз кечган марҳамат топади.
40 йил давомида у бошқа тўртта оғайниси билан Муқаддас Китобни ўрганиш гуруҳига қатнаган эди.
Бир куни у уйга келиб, хотинига: “Бўлди бас, энди у ерга бормайман”, деди.
У бундай йиғилишлардан чарчаган эди.
Аммо хотини унга шундай жавоб берди: “Йўқ, сиз йиғилишларни ташламайсиз. Сиз ўша йиғилишлардан анча очилиб келасиз, кайфиятингиз кўтарилган бўлади. Бу йиғилишлар сизга ижобий таъсир қилмоқда.”
Дўстим йиғилишларга қатнашишни давом этди.
Аста–секин йиғиладиган гуруҳдаги одамлар ўзгара бошлашди.
Улар никобларини еча бошладилар.
Йиғилиш давомида бир одам: “Умрим бўйи ўзимни қадрсиз деб билардим”, дея очиқчасига тан олди.
Бошқаси: “Ўта худбинман”, деди.
Яна бошқаси: “Порнографияга ружу қўйганман”, деб айтди.
Қолган иккитасининг муаммоси нима бўлгани ҳозир аниқ эсимда йўқ.
Ҳикматлар 28:13–оятдаги сўзларни ўша бешовлон амалда қўллаган эдилар.
Улар самимийликнинг қудратини тушунган эдилар.
Хушхабарчи дўстимнинг муваффақиятига айнан ўша самимийлик сабаб бўлди.
Ўша гуруҳ 40 йил давомида баъзан юзма–юз, баъзан телефон ёки Скайп орқали мунтазам тарзда учрашиб турди.
Ҳа, улар ниқобларини еча олган эдилар. Бир–бирларида ўта шахсий саволларни:
Порнографияни енга олдингми? Қадрингни англадингми? Бошқа муаммоларинг борми? – деб сўрар эдилар.
Чин дўстларнинг садоқати, далдаси, бир–бирларига берган ҳисоботи ва жўшқин ибодатлари дўстимни кўп йиллар давомида ҳақ йўлда сақлади.
Юзаки муносабатлар ёрдам бермайди.
Битта ёки иккита чин дўстнинг садоқати ҳаётни яшнатади.
Ҳозир ҳам ҳаёт бўлган бир таниқли масиҳий воизхон шундай деган эди:
“Мен ҳаётимда фақат бир нарсагагина – эски дўстларимга эътиборсиз бўлганимга қаттиқ ачинаман. Агар ўз вақтида улардан эътиборимни аямаганимда эди, ҳозирги кунда уларнинг меҳри ҳаётимни мазмунли қилган бўларди.”
Агар сизнинг яқин дўстингиз бўлмаса, ибодат қилиб, яқин ва дилкаш дўстни Худодан сўранг.
Ўзингиз ҳам бошқаларга чин ва жавобгар дўст бўла олишингиз учун Худодан мадад тиланг.
Ҳикматлар 27:17 да шундай ёзилган:
Темир темирни ўткирлайди,
инсон эса дўстини.
Ота–онамнинг боғида қуриб қолган бешта дарахт бор эди.
Ўша дарахтларни кесиш кимнинг зиммасида эди, қани топингчи?
Мен дарахтларнинг бирига бор кучим билан болта уриб, уни кесишга тиришардим.
Бир пайт отам келиб, қўлимдаги болтани олдилар–да, устахонасига олиб кетдилар.
Тиғини чархлаб, ниҳоятда ўткир қилиб қўйдилар.
Дилкаш, руҳан етук дўстлар бизнинг онгимизни, ғояларимизни ва мақсадларимизни шу сингари ўткирлайди.
Темир темирни ўткирлагандай, улар бизни чархлайди, ялқовлигимизни енгишимизга, диққат–эътиборимизни бир жойга жамлашимизга, самарали ишлашимизга ёрдам беришади.
Шунда сиз, бу инсон менинг дўстим бўлганидан ниҳоятда миннатдорман, деб айтасиз.
Биласизми, сиз Муқаддас Китобга қанчалик жиддий ёндашсангиз, бошқаларнинг ҳаётига шу қадар кўпроқ таъсир кўрсатасиз!
Чин дўстнинг яна бир вазифаси Ҳикматлар 27:6–оятида ёзилган:
Душманнинг ширин сўзи эмас,
дўстнинг калтаклаши садоқатни кўрсатади.
Чин дўст камчиликларингизни юзингизга айтади, бу – дўстни синашнинг яна бир пинҳона усулидир.
Сизга бир савол бермоқчиман:
Сиз учун нима муҳим, дўстингизнинг қулайлигими ёки унинг характерини шакллантиришингизми?
Агар сиз фақатгина дўстингизнинг қулайлиги учун ташвишлансангиз, унга айтишингиз керак бўлган сўзларни ҳеч қачон айтмайсиз.
Агар сиз учун унинг характери муҳим бўлса, сиз севги билан, юмшоққина қилиб, унинг камчиликларини кўрсатасиз, улардан озод бўлишига унга ёрдам берасиз.
Таъна қилишдан олдин ибодат қилинг, Худодан донолик сўранг, сўнг меҳр билан таъна қилинг.
Яҳудо Ишқариёт бир ўпич билан Исога хиёнат қилди. У ўзини дўст қилиб кўрсатарди.
Балки сизнинг ҳаётингизда ҳам шундай Ишқариётлар бордир, улар ўзларини сизга дўст қилиб кўрсатадилар, аммо сизни отишга ўқи йўқ.
Улар сизга қараб жилмаяди, тилёғламалик қилади, бироқ юраклари сиздан узоқдир.
Юқоридаги оят бизга қимматбаҳо ҳақиқатни ўргатади.
Бир неча йил олдин мен ҳаётдан ниҳоятда хафа эдим.
Қалбимдаги дардларимни ҳаммага дастурхон қилиб ёярдим. Бир куни дўстим билан дардлашиб ўтирганимда, дўстим гапимни бўлиб, менга шундай савол берди:
“Тўғри бошингдан қийин кунларни ўтказибсан, энди бу дарддан халос бўлиш учун нима қилмоқчисан?
Ўз ёғингга ўзинг қовурилиб ўтирмоқчимисан? Ёки ортдагини унутиб, олға қадам босмоқчимисан?”
Унинг бу гапидан мен қаттиқ хафа бўлиб, ичимда: “Сен ким бўлибсанки, менга шундай деб айтасан?” дедим.
Бироқ у менга жони ачигани учун шундай деганини англаб олдим. Негаки, унинг бу сўзлари менга керак эди.
Мен эшитишим керак бўлган сўзларни у менга айтди.
Ҳа, чин дўст ачитиб гапиради.
Давом этамиз:
Ҳикматлар 27:10–оятнинг биринчи қисмида шундай ёзилган:
Ўз дўстингни ва отангнинг дўстини ташлаб кетма,…
Агар сиз Эски Аҳдни ўқиган бўлсангиз, шоҳ Сулаймон вафотидан кейин, Исроил давлати икки қисмга ажралганидан хабардорсиз.
Нима сабабдан бундай фожиа рўй берган эди?
Чунки тахтга чиққан янги шоҳ юқоридаги оятга беэътибор бўлган эди.
Сулаймоннинг тахт вориси, деб эълон қилинган шаҳзода ўта муҳим қарор чиқариши керак эди: у отасининг донишманд, етук дўстларига қулоқ солиши ёки тажрибасиз, манман ёш дўстларига ён босиши керак эди.
Афсуски, бу вазиятда у нотўғри қарор қилди.
У нодон қарори оқибатида шоҳлигининг ярмидан айрилиб қолди. Халқнинг аксарият қисми исён кўтариб, алоҳида мустақил давлат қурди.
Ахир, синалмаган дўстга ишониб бўладими?
Донишмандга дўст бўлиш бундан афзал эмасми?
Менинг отам оламдан ўтганларидан кейин мен бу оятга дуч келгандим.
Бу оятдаги сўзлар қалбимга шу қадар чуқур кирган эдики, мен олдин ҳеч қачон қилмаган ишни қилдим. Отамнинг эски ошнаси шаҳримизга келганида мен уни қадрдон меҳмондай кутиб олдим. У билан тўлиқ кунни ўтказдим.
Ўша кунни мен мароқли ўтказганим муҳим эмас, муҳими шуки, ўтмишда оиламизга чексиз баракат улашган инсонга ўз ҳурматим ва эҳтиромимни изҳор эта олишим эди.
Оилангизнинг эски дўстларига сиз иззат ва эҳтиром кўрсатасизми? Уларнинг ҳурматини жойига қўясизми?
Дўстнинг яна бир вазифаси ва жавобгарлиги қуйидагичадир:
Ҳаворийлар 27:9
Хушбўй мой ва муаттар атир кўнгилни шод қилади,
Дўстнинг самимий маслаҳати қувонч келтиради.
Ҳа, дўстнинг самимий маслаҳати муаттар атир каби қўнгилни шодликка тўлдиради. Унга ором олиб келади.”
Чин дўстингиз сизга қўнғироқ қилганида юзингиз табассум билан ёришади.
Қалбингизни тинчлик ҳисси чўлғайди.
Дўстингиз уйингизга келганда, у билан бирга мазза қилиб чой ичасиз.
Уни уйингиз тўрига ўтқазасиз.
Ниқобингизни ечиб ташлайсиз, қўрқмай қалбингизни очасиз.
Ўша одам билан ўтказган вақтингиз ҳаётингизни мазмунга тўлдиради, бундай дамларни сиз ҳеч нарсага алмаштирмайсиз.
Бундай вақтларда сиз далда оласиз.
Соф меҳрдан завқ олиб, имонда мустаҳкам бўласиз.
Қимматбаҳо атирни сотиб олишга балки қурбимиз етмас, бироқ дўстингизга доно маслаҳат берганингизда унинг қалбини муаттар, хушбўй атир билан тўлдиргандай бўласиз. Бундай атирни бир дунё бойликка ҳам сотиб олиб бўлмайди.
Бу кунларда сиз дўстларингизнинг қалбини муаттар атирга тўлдирдингизми?
Сиз Раббимиз билан қанча яқин муносабатда бўлсангиз, шунча кўп дўстларингизга меҳр улашиб, доно маслаҳатлар бера оласиз.
Сиз Муқаддас Китобни қанча ҳаётингизга кўп тадбиқ қилсангиз, сизнинг дўстларингиз шунча сизга интиладиган бўлади.
Демак, дўстликнинг ўзига яраша жавобгарликлари бор: амалдаги чин садоқат, тўғри маслаҳат бериш, ҳақиқатни беркитмасдан айтиш, дўстингизнинг ҳаётини бойитиш.
Келинг, иккинчи саволга ўтайлик: Ҳақиқий дўстликка халақит берадиган тўсиқлар нима?
Ҳикматлар 16:28 да шундай ёзилган:
Маккор жанжал чиқаради,
Ғийбатчи эса яқин дўстларни ажратади.
Қандай жирканч!
Бу дунёда шундай одамлар борки, улар яқин дўстларни ажратишдан завқ оладилар.
Бу шундан далолат берадики, Худо учун қадрли бўлган ҳеч қандай нарса шайтоннинг эътиборидан четда қолмайди.
Буни билиб қўйинг.
Дўстликка тўсқинлик қиладиган яна бир иллат ҳақида Ҳикматлар 19:6 да ёзилган:
Аъёнларнинг марҳаматини истайдиган кўп,
Совға берувчига ҳамма дўстдир.
Кўп одамлар дўстлик ниқоби остида бошқалардан фойдаланади.
Шаҳримиздаги бир қизчанинг ҳовлисида бассейн бор эди. Иссиқ кунларда бассей “дугоналарга” тўлиб тошарди.
Совуқ тушганда эса дугоналарнинг ҳаммаси ғойиб бўларди.
Май ойи келиши биланоқ жилмайган дугоналар яна қизча билан ўртоқлашиб олишга ҳаракат қилишарди. Уларнинг ҳаммаси бассейндан фойдаланишга ошиқарди.
Бундай ҳол йилдан йилга давом этаверарди.
Бир донишманд сиёсатчи давлат боши лавозимига чиққанда ўзининг фарзандларига шундай деди: “Мен давлат бошида турар эканман, сизларда самимий дўст бўлмайди.”
Бу одам оддий бир ҳақиқатдан воқиф эди: ҳар ким ўз манфаатини кўзлаган ҳолда нуфузли оила билан дўст бўлишга ҳаракат қилади.
Ўша одам фарзандларига шундай маслаҳат берди: “Ўтмишда сизга содиқ бўлиб келган дўстларингизни ташламанглар. Улар сизларга ҳақиқий дўстдир.”
Бу тўсиқларга қарамай, ҳеч қачон сахийликдан воз кечмайлик, ўз манфаатимиз йўлида бошқалардан асло фойдаланмайлик.
Яна бир тўсиқ:
Ҳикматлар 27:14
Тонг–саҳарлаб дўстига ҳамду сано айтган одам унга лаънат ўқиган бўлади.
Аслида бу оятда икки хил тўсиқ ҳақида ёзилган:
Биринчиси – бефаросатлик. Шунчаки гаплашиш учун тонг–саҳардан дўстига қўнғироқ қилиш аҳмоқликдан далолат беради.
Бироқ бу ерда бундан–да ёмонроқ нарса бор.
Дўсти ҳақида ҳаммага жар солган одамдан эҳтиёт бўлинг.
Чин дўстлар ҳамду санога муҳтож эмаслар.
Бошқа тўсиқлар:
Ҳикматлар 14:20
Камбағалдан қўшнилари ҳам нафратланади,
Бойнинг эса ўртоқлари кўп.
Агар сиз бой одам билан дўст бўлсангиз, у сиздан пул сўрамаслигини биласиз.
Унга сизнинг пулингиз керак эмас, ўзида етарли даражада пул бор.
Шунинг учун, бой одам билан дўст бўлсам ҳаётим осонлашади, деб ўйлашингиз мумкин.
Бошқа томондан, камбағал одамга вақти–вақти билан пул керак бўлиб туради. Шу боис, камбағал билан дўст бўлгандан кўра, бўлмаганим яхши, деб ўйлашингиз мумкин. Чунки ўзингизга ортиқча юкни эп кўрмайсиз. Юқоридаги оятда: “Камбағалдан қўшнилари ҳам нафратланади” деб ёзилган. Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётда шундай ҳолатни кўп кузатамиз.
Бойлик ёки камбағаллик дўстлигимиз учун тўсиқ бўлмаслиги керак.
Охирги тўсиқ:
Ҳикматлар 17:18
Қўл ташлаб бировга кафиллик қиладиган ақлсиздир.
Кафиллик қилиш ақлсизликдан далолат беради.
Кафиллик бериш – уддасидан чиқа олмайдиган ишга бел боғлаш билан баробардир.
Дўстлик туфайли оилангизни моддий қийинчиликка солманг. Ҳеч қандай дўстлик бунга арзимайди.
Булар тўсиқлар эди.
Мана энди учинчи саволга ҳам ўтсак бўлади:
Дўстлар танлашда қандай яхши маслаҳатлар бор?
Ҳикматлар 22:11
Покдилликни севиб,
Хушмуомала бўлганга шоҳ дўст бўлади.
Ҳаттоки подшоҳларга ҳам дўст керак.
Доно шоҳ ўзига қандай дўстни танлайди?
Юқоридаги оятни яна бир бор ўқиб чиқинг.
Оятда: “Нуфузли, бой, ўқимишли, юқори лавозимга интиладиган инсонга шоҳ дўст бўлади”, деб ёзилмаган.
Шоҳнинг дўсти булардан–да қадрлироқ хислат соҳиби бўлиши шарт: фақат хушмуомала, пок, ҳақиқатгўй инсонгина шоҳга дўст бўла олади.
Аммо биз шоҳ эмасмиз, биз учун бу оятнинг қандай аҳамияти бор?
Агар сиз Масиҳда етук бўлишга интилсангиз, пок, ҳақиқатгўй ва самимий бўлсангиз, дўстларингиз орасида буюк инсонларни кўриб ҳайрон қоласиз.
Бу инсонларнинг жамиятда тутган ўрни сизникидан юқорироқ бўлади.
Масиҳдаги етукликни Худо турли йўллар билан тақдирлайди.
Хаёлимизга ҳам келмаган юксак одамлар билан У бизни дўст қилади.
Масиҳда мустаҳкам бўлишга эътиборингизни қаратинг, шунда сизнинг бутун борлиғингиз ўзгаради ва сиз бошқаларга самимий дўст бўла оласиз.
Сиз ўзингизга дўст қидирганингизда айнан шундай одамларни топинг.
Демак, биз дўстлик ҳақида 3 та саволни ва Ҳикматлардан ўша саволларга жавобларни кўриб чиқдик.
Ҳикматлардаги оятларни ўқир эканмиз, бир нарсани тушунамиз…
Масиҳий дўст бўлиш осон иш эмас.
Бироқ дўстликка жиддий ёндашган инсон Исо Масиҳга тақлид қилган бўлади.
Дўстлик ришталарига жиддий ёндашган одам юксак даражада тақдирланади.
Келинг, бир ёш мусулмон йигит ҳақида бир ҳикояни сизларга айтиб берайин. У Исо Масиҳга имон келтирди.
У ўзи ҳақида шундай ёзди:
“Менинг кўп масиҳий танишларим бор эди.
Агар мен Масиҳни қабул қилганимда улар менга дўст бўлишини билардим. Бироқ бундай шартли дўстликни ўзим хуш кўрмасдим. Ҳеч бир масиҳий менинг ҳаётим билан самимий қизиқмагани боис, мен ҳам уларнинг Хушхабарига қизиқмасдим.”
Агар биз самарали тарзда Хушхабар етказмоқчи бўлсак, одамлар билан самимий муносабат ўрнатишимиз даркор.
Фақатгина айрим вазиятлар бундан истиснодир.
Худога шукурки, бир масиҳий ўша мусулмон йигитнинг ҳаётига кириб бориб, унинг энг яқин, шартсиз меҳр кўрсатадиган ягона дўстига айланди.
Мусулмон йигит Худони қидира бошлаганда, ўз оиласи ва мачитдан узоқлашганда, уларнинг дўстлиги кўп синовлардан ўтди.
Mусулмон бўлган ўша йигит бугунги кунда масиҳийдир. У Масиҳнинг Хушхабарини мусулмонларга етказмоқда.
Унинг айтишича, ўзгаришига сабаб бўлган ягона омил масиҳий дўстининг шартсиз севгиси эди.
Самимий дўстлигингиз орқали Худо имонсиз одамларнинг қалбида қандай ишлашини бир тасаввур қилиб кўринг–а!
Инсонлар билан яқин дўстона алоқа ўрнатиш қудратли қуролдир, шунинг учун ҳозирги дўстларингиз билан муносабатингизни мустаҳкамланг ва Нажоткорга муҳтож бўлган янги одамлар билан дўстлашинг.
Мен доим Худога ибодат қилиб, имонсиз одамларни менга дўст қилиб бергин, деб сўрайман.
Сиз ҳам мен каби ибодат қилишни истамайсизми?
Сиздан янада муҳимроқ нарсани сўрамоқчиман:
Исо билан муносабатингиз қандай? Сизлар чин дўстмисиз?
Сизнинг энг катта муаммоингиз гуноҳ эканини тан олганмисиз?
Исо гуноҳларингизни ювиш учун сизнинг ўрнингизга хочда жон берганига ишонасизми?
Сиз ҳозироқ Исо билан дўстлашиб олишингиз мумкин.
Бунинг учун гуноҳкор эканингизни тан олинг.
У сизни гуноҳлардан озод қилиш мақсадида Ўз жонини фидо қилди. Шу боис, Унга имон келтиринг, фақатгина Исо сизни гуноҳларингиздан озод қила олади.