Саратон касаллиги беҳудага кетмасин
Бошингизга тушган бу кўргуликни Худо 10 хил эзгулик учун ишлатиши мумкин. Муаллиф Жон Пайпер.
Эртага простата безим саратонини операция қилишади. Бугун эса ушбу мақолани ёзишга жазм қилдим. Худо Ўз қудрати билан ғайритабиий мўъжиза орқали ёки жарроҳлик амалиёти орқали инсонга шифо бера олишига ишонаман. Инсон шифо олиши учун албатта ибодат қилиши керак, деб ўйлайман. Худо саратонни йўқ қилганда, Худо улуғланади. Шу боисдан ҳам саратон беҳудага кетмайди. Ким билсин, балки саратон шунинг учун ҳам мавжуддир?! Шундай экан, агар шифо учун ибодат қилмасангиз, касаллигингиз беҳудадир. Бироқ саратондан шифо топиш ҳамма учун эмас. Саратонни беҳудага кетказишнинг йўллари кўп. Шу сабабдан бу азоб–уқубатимизни беҳудага кетказмайлик, деб мен ўзим учун ҳам, сиз учун ҳам ибодат қиламан. Ҳаётингизни беҳудага кетказманг.
Муаллиф Жон Пайпер.
1.Саратонга чалинишингиз Худо томонидан белгиланган, агар бунга ишонмасангиз саратонингиз беҳудадир.
Худо саратондан фойдаланади, аммо уни яратмаган, деб айтиш нотўғридир. Худо бирон нарсага йўл қўйганда доим муайян бир мақсадни кўзлайди. Ўша мақсад эса У белгилаган тақдирдир. Агар Худо инсон танасидаги молекуляр ўзгариш саратонга айланаётганини кўрса, ўша ўзгаришни тўхтатишни ёки тўхтатмасликни Ўзи қарор қилади. Агар Худо уни тўхтатмаса, демак Унинг муайян мақсади бор. Худонинг донолиги чексиз бўлгани боис, саратонни ҳам Худонинг мақсади ва ижоди, деб атасак бўлади. Шайтон мавжуддир ва у бизга кўп завқ ва оғриқлар олиб келади. Аммо унинг кучи чекланган. Шу сабабдан шайтон Аюбни бошдан оёқ жирканч яралар билан қоплаб ташлаганда (Аюб 2:7), Аюб буни Худодан кўрди (Аюб 2:10). Илоҳий илҳом билан илҳомланган муаллиф ҳам Аюбнинг фикрига қўшилиб, шундай деб ёзади: “Улар (Аюбнинг ака–укалари ва опа–сингиллари)…Эгамиз томонидан юборилган кулфатлар учун Аюбга ҳамдардлик билдириб, унга тасалли беришди.” (Аюб 42:11). Агар саратонингиз Худо томонидан юборилганига ишонмасангиз, саратонингиз беҳудадир. 2. Саратон сизга лаънат эмас, баракат олиб келиш мақсадида юборилган, агар бунга ишонмасангиз, демак, саратонингиз беҳудадир. “Исо Масиҳга тегишли бўлганлар энди ҳукм қилинмайдилар.” (Римликлар 8:1). “Масиҳ эса бизни қонун лаънатидан халос қилди. У хочга михланганда бизнинг ўрнимизга лаънатланди.” (Галатияликлар 3:13). “Ёқуб наслига ҳеч қандай сеҳр–жоду таъсир қилмайди, Исроилга қарши фолбинлик асло ўтмайди.” (Саҳрода 23:23). “Эй Парвардигор Эгам, қуёш ва қалқонсан.
Сен бизга меҳрибонлик кўрсатиб, шон–шуҳрат ато этасан.
Эй Эгам, тўғри юрганлардан
Неъматингни дариғ тутмайсан.” (Забур 83:12). 3. Агар сиз Худодан эмас, азобларингиздан тасалли олаётган бўлсангиз, демак, саратонингиз беҳудадир.
Сиз азобларга ақл кўзи билан ёки мулоҳазакорлик билан қарашингиз ноўриндир, зеро Худо сизга саратонни бу мақсадда бермаган. Бу дунёдаги одамлар чеккан азоблари билан мақтанади. Аммо масиҳийлар бундайлардан эмаслар.
“Баъзилар жанг араваларига ишонади (яъни саратондан тирик қолган одамларнинг сонига умид боғлайди),
Баъзилар отлари билан мақтанади (муолажаларнинг ножўя таъсири ҳақида ҳаммага гапириб юради),
Биз эса Эгамиз Худога ишонамиз.” (Забур 19:8).
Худонинг мақсади 2Коринфликлар 1:9да очиқ–ойдин баён этилган:
“Ўлим муқаррар экканлигига амин бўлган эдик. Буларнинг ҳаммаси бизнинг ўзимизга эмас, балки ўликларни тирилтирадиган Худога умид боғлашимиз учун содир бўлди.”
Танангиздаги саратон орқали Худо қалбингиздаги ўзингизга бўлган ишончни барбод қилади ва тўлиқ Худога умид боғлашингизга сизга ёрдам беради.
- Агар сиз ўлим ҳақида ўйламасангиз, демак саратонингиз беҳудадир. Агар Исо Масиҳ қайтиб келадиган вақтни орқага сурса, ҳаммамиз ўлиб кетамиз. Бу оламни тарк этиш ва Худонинг ҳузурида ҳозир бўлиш ҳақида ўйламаган одам аҳмоқдир. Воиз 7:2 да шундай ёзилган: “Тўй бўлаётган уйга боришдан кўра, азадор хонадонга бориш яхшироқ, чунки ҳамманинг тақдири бир, ҳаёт бўлганлар буни унутмасинлар.” Агар сиз ўлим ҳақида умуман ўйламасангиз, қандай қилиб Воизнинг насиҳатига амал қиласиз? Забур 89:12 да шундай ёзилган:
“Умримиз кунларини санашни бизга ўргатгин,
Токи биз доно қалбга эга бўлайлик.”
Умримиз кунларини санаш – яшашга саноқли кунларимиз қолганини тушуниш демакдир. Агар сиз бу ҳақда ўйлашни истамасангиз, қандай қилиб доно қалбга эга бўла оласиз?
Ўлим ҳақида ўйламас экансиз, саратонингиз беҳудадир. 5. Агар сиз: “Тирик қолсам, саратонни “мағлуб” қилган бўламан”, деб ўйласангиз, саратонингиз беҳудадир. Зеро ҳақиқий зафар заминий ҳаёт эмас, балки Масиҳни севиб, ардоқлашдир.
Шайтоннинг ва Худонинг саратонингиз учун бўлган мақсадлари бири–биридан еру осмончалик фарқ қилади. Шайтон бу касаллигингиз орқали Исога бўлган севгингизни барбод қилмоқчи бўлади. Худо эса аксинча, Масиҳга бўлган севгингизни янада аланга олдиради. Ҳаётдан кўз юмишингиз саратоннинг зафари эмас, саратоннинг чин зафари Масиҳга бўлган севгингизни совутишдир. Саратон орқали Худо сизни бу дунёдан айириб олиб, Масиҳнинг камолотидан баҳраманд эмоқчи. Қуйидаги сўзларни чин қалбдан айта олишингиз учун Худонинг Ўзи сизга мадад берсин: “Ҳа, ҳамма нарса қадрсиздир, чунки Раббим Исо Масиҳни таниб–билишдан афзалроқ ҳеч нарса йўқ деб ҳисоблайман.” “Зотан, мен учун ҳаёт Масиҳдир, ўлим эса ютуқдир.” (Филиппиликлар 3:8, 1:21).
- Агар сиз саратон ҳақида кўп китоблар ўқисангиз–у, аммо Худо ҳақида ўқимасангиз, демак саратонингиз беҳудадир.
Саратон ҳақида хабардор бўлиш ёмон эмас. Ахир, жоҳилликни хислат деб бўлмайди. Бироқ билимга чанқоқлигингиз бўлса–ю, Худони билишга иштиёғингиз бўлмаса, демак имонсизлик иллатига чалингансиз. Ваҳоланки, саратон бизни уйғотиб, Худога интилишга ундамоғи лозим. Қуйидаги амрга итоат қилишимиз учун бизга хоҳиш ва шижоат бермоғи лозим: “Келинглар, Эгамизни билишга интилайлик.” (Хўшеа 6:3). Хасталигимиз Дониёр китобида ёзилган ушбу ҳақиқатга кўзимизни очмоғи лозим: “Худога содиқ қолганлар эса бор кучлари билан унга қаршилик кўрсатади.” Бинобарин, саратон туфайли биз бақувват ва тебранмас эман дарахтларига айланамиз:
“Ҳа, улар Эгамизнинг қонунидан завқ олади,
Туну кун таълимотининг мағзини чақади,
Ундай инсонлар оқар сув бўйига ўтқазилган
Дарахтга ўхшайди.
Улар ўз мавсумида мевасини беради,
Барглари асло қуримайди.” (Забур 1:2–3)
Агар сиз куну тун фақат саратон хақида ўқисангиз–у, Худо билан қизиқмасангиз, саратонингиз беҳудадир.
- Агар сиз одамлар билан муносабатларингизни тиклаш ва уларга меҳрингизни кўрсатиш ўрнига ўзингизга аничиб, ёлғизликни раво кўрсангиз, демак, саратонингиз беҳудадир.
Эпафродитус Филиппи жамоати юборган совға–саломларни Павлусга олиб келганидан сўнг, қаттиқ касал бўлиб, ўлим тўшагига ётиб қолди. Бу ҳақда Павлус Филиппиликларга шундай деб ёзди: “Эпафродитус сизларни жуда соғинган. Унинг касаллиги ҳақида эшитганингизни ҳам билиб қаттиқ қайғуряпти.” (Филиппиликлар 2:26). Эпафродитуснинг касаллигига бўлган муносабати таҳсинга сазовордир! Оятда, Эпафродитус касал бўлиб қолганидан ўзига ачиниб, қаттиқ қайғуряпти, деб ёзилмаган. У касаллигидан хабар топган биродарлари ҳақида қайғурмоқда. Худо ҳам танангиздаги саратон орқали сизда ҳудди шундай қалб яратмоқчи: инсонларни чин юракдан севадиган, улар учун самимий қайғурадиган қалбни. Ёлғизликка чекинманг, акс ҳолда, саратонингиз беҳудага кетади.
- Умиди йўқ инсонлардай қайғурсангиз, саратонингиз беҳудадир.
Павлус қайғурмоқ сўзини ўз яқинларини йўқотган азадор одамларга нисбатан ишлатган: “Биродарлар, умидсиз яшаётган бошқа одамлар каби, қайғуга ботманглар деб, бу оламдан ўтганлар ҳақидаги ҳақиқатни сизларга билдиришни хоҳлаймиз.” (1Салоникаликлар 4:13). Ўлим бор жойда қайғу бор. Ҳаттоки ўлган масиҳий ҳам вақтинча йўқотишларга дош бермоғи даркор, зеро у жисмоний танасидан айрилади, яқин одамларидан жудо бўлади, заминий хизматини тарк этади. Бироқ унинг бу қайғуси ўзгачадир, у умидга тўлган. “Ҳа, ишончимиз барқарор, шунинг учун бу таналаримизни ташлаб, Эгамиз билан бирга самода маскан қилишни афзал кўрамиз.” (2Коринфликлар 5:8). Умидсиз одамлардай қайғуриб, саратонингизни беҳудага кетказманг. 9. Агар гуноҳга бўлган муносабатингиз ўзгармаса, демак, саратонингиз беҳудадир.
Сиз саратон касаллигига чалинишдан олдин гуноҳга қандай муносабатда бўлган бўлсангиз, ҳозир ҳам шундай муносабатдамисиз? Агар шундай бўлса, саратонингиз беҳудадир. Зотан саратоннинг мақсади гуноҳга бўлган иштиёқингизни йўқ қилишдир. Мағрурлик, пулпарастлик, шаҳват, нафрат, кечиримсизлик, сабрсизлик, ялқовлик, ишни орқага чўзиш – бу иллатларнинг ҳаммасини саратон йўқ қилиши керак. Сиз курашингизни нафақат саратонга қарши, балки саратон ёрдамида ушбу иллатларга қарши олиб боришингиз зарур. Зеро, бу иллатлар саратондан ҳам баттардир. Абадият остонасида турар экансиз, заминий гуноҳларнинг пуч ва беҳудалигини англаб олишга ҳаракат қилинг, уларнинг асл башараси шундайдир.
“Агар инсон бутун дунёни эгаллаб олса–ю, бироқ ўз ҳаётига ўзи зомин бўлса, бундан унга нима фойда?!” (Луқо 9:25).
- Раббимиз Исо Масиҳга улуғворлик келтириш мақсадида, касаллигингизни гувоҳлик қилиб, Худонинг ҳақиқатини эълон қилинг, акс ҳолда, саратонингиз беҳудадир.
Масиҳий кишининг ҳаётида ҳеч қандай нарса тасодифан рўй бермайди. Ҳаётимизда рўй берган ҳар бир ҳодисот учун маҳсус сабаб бор. Эсингизда бўлса Исо нохуш вазият ҳақида сўз очганда шундай деганди: “Лекин буларнинг ҳаммасидан олдин сизларни ҳибсга оладилар, қувғин қиладилар, синагогаларга топшириб, қамоқларга ташлайдилар. Менинг номим туфайли сизларни шоҳлар ва ҳокимлар олдига олиб борадилар.” (Луқо 21:12–13). Саратон билан ҳам шундайдир. Бу касаллик сизга гувоҳлик айтишга имконият яратади. Зеро Масиҳ бунга лойиқдир. Раббимиз ҳаётимиздан ҳам афзал эканини кўрсатишингиз учун бу бебаҳо имкониятдир. Бу имкониятни қўлдан бой берманг!
Don’t Waste Your Cancer Copyright © 2011 by Desiring God Foundation Published by Crossway a publishing ministry of Good News Publishers Wheaton, Illinois 60187, U.S.A. This edition published by arrangement with Crossway. All rights reserved.