Севги қўшиғи
Худо романтик муносабатларга қарши, деб ўйлаган ҳар бир одам учун Муқаддас Китобдан асосли жавоб.
Асрлар давомида “Сулаймон пайғамбарнинг гўзал қўшиғи” Худонинг эркак ва аёл орасидаги ишқий муносабатларга ниятини ошкор қилиб келмоқда. Бу қўшиқда тасвирланган севги олдида оилаларимиздаги севги арзимасдай бўлиб туюлади, бу қўшиқ худбин муҳаббатимизни фош этади. Муҳаббати сўнган, боши берк кўчага кириб қолган эр–хотинлар Худонинг оила учун бўлган мукаммал мақсади томон интилишлари зарур: қувончдан пастроғи билан кифоянмасликлари керак. “Сулаймон пайғамбарнинг гўзал қўшиғи” қўлланма эмас, у гўзал шеърлар тўплами бўлиб, китобхонга самимият билан бахтиёрлик сирларини очиб беради, буни ошиқларнинг изҳор этган мафтункор иборалари, сўз ўйинлари, бир–бирига бағишланганлиги ва қийинчиликларни енгиб ўтишларидан кўришимиз мумкин.
Биз, севги нималигини биламиз, деб ўйлаймиз, аслида эса, севгининг ўн гулидан бирини ҳам кўрмаган бўламиз. Муҳаббат ҳақидаги қўшиқларимиз кучли эҳтиросга бой, деб ўйлаймиз, аслида эса уларнинг маъноси ниҳоятда саёздир. Тўйдан кейинги асал ойини биз бор–йўғи икки ҳафта давомида нишонлаймиз, Худо эса янги турмуш қурганларга бир йил давомида бир–биридан завқ олишни буюради: “Янги уйланган одам урушга бормасин, шунга ўхшаш мажбурият унга юкланмасин. У бир йил давомида эркин бўлиб, хотинини уйда бахтли қилсин” (Қонунлар 24:5).
Қадимдаги диндорлар “Қўшиқлар” китоби маъносидан уялиб, уни ҳар қандай ҳис–туйғу ва эҳтиросдан маҳрум қилишга ҳаракат қилганлар. Учинчи аср ўрталарида Муқаддас Китоб таркибидаги китоблар аниқланган пайтда “Қўшиқлар” китоби Муқаддас Руҳ илҳоми билан ёзилганига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ эди, шу сабабдан “Қўшиқлар” Канон таркибида қолган эди. Алексакндриялик Кирил (милодий 376–444 йиллар) Шуламитанинг икки кўкрагини Эски ва Янги Аҳдга қиёслаганди. Ўрта асрдаги узун соқолли шарҳчилар “Қўшиқлар” китоби Масиҳ ҳақида эканини таъкидлар эдилар, уларнинг бу гапи тўғри эди, аммо Масиҳ эр ва хотин орасидаги ишқий муҳаббат орқали тасвирланган эди (“Бу буюк сирдир, энди бу сир Масиҳ ҳамда жамоатга ҳам тааллуқлидир” Эфесликлар 5:32).
Баъзи бирларимиз учун “Қўшиқлар” китоби нафақат фойдали, балки ниҳоятда зарур ва кераклидир. Бу китоб сизга қанча хоҳласангиз, шунча севишга изн беради. Худо романтик севгига рухсат бериб, Ўзи бундан бетини буруштирмайди. Ишқ фақат зурриётни давом эттириш учун керак бўлган жисмоний ҳиссиёт, деган ёлғон таълимотни “Қўшиқлар” китоби фош этади. Агар жуфти ҳалолингизга бўлган романтик ишқингиз сўниб бораётган бўлса ва сиз турмуш ўртоғингизга худди шерикдай, ўрганиб қолаётган бўлсангиз, билингки, бу Худонинг иродаси эмас. “Ватқ ўтиб ишқ сўнади, аммо турмуш ўртоғингиз энг яқин дўстингизга айланади” деб айтаётган одамларнинг гапларига ишонманг. “Турмуш қургандан кейин ўзингга қарамасанг ҳам бўлади”, деган сафсатага қулоқ солманг. Бу нодон маслаҳатдир. Зеро Забур 15:11 да шундай ёзилган: “Мен боқий ҳузур–ҳаловатни Сен берасан”.
Шуламита китобхонларга шундай маслаҳат беради: “Эй Қуддус қизлари, қийигу ёввойи оҳулар ҳақи онт ичинг. Вақт–соати келмагунча, севгини қўзғатманг, уйғотманг.” (2:7. 3:5, 5:8, 8:4). Шуламита шахзодани шу қадар севиб қолган эдики, севгини вақтдан олдин уйғотишни, уни ўз қўлига олишни истамаган эди (3:1–5, 5:2–8 га қаранг, бу парчаларда севги қандай сўзлар билан аталганига эътибор беринг).
“Қуддус қизлари” муҳаббат қиссасини томоша қилаётган аёллар эди. “Қўшиқлар” китобидаги бу муҳаббат қиссаси махфий, одамларнинг кўзларидан пинҳона бўлаётган шаҳвоний саргузашт эмасди, аксинча севишганлар ўз севгисини ҳеч кимдан яширмас эдилар, уларнинг ўз мухлислари бор эди.
Кеч бўлса ҳам, оилангиздаги муҳаббат ришталарини тикланг. Севгигизни нигоҳингиз, меҳрга тўла сўзларингиз, хатти–ҳаракатларингиз, очиқ бағрингиз орқали изҳор қилинг. Шу орқали дилдаги яраларга шифо берасиз, кўрасиз, кутилмаган мўъжизалар рўй беради. Ц.С. Левис айтганларидай: “Оиладаги севги гул боғига ўхшайди, уни бегона ўтлардан тозалашингиз ва парвариш қилишингиз зарур, унга қанча кўп меҳр берсангиз, шунча кўп гуллаб яшнайди” (Тўрт севги қиссаси).
“Қаранг, узумзоримиз гуллаб ётибди, кичкина тулкиларни ушланглар. Ахир, улар узумзорларни вайрон қилади” (2:15). Бу парчадаги тулкилар нимани билдиради? Узумзорни вайрон қиладиган тулкилар бу – оиламиздаги муносабатларга нисбатан бўлган бепарво дангасалигимиз, қаршилигимиз, бағри тошлигимиз ва ишончимиз йўқлигидир. Севгига ишонинг, зеро севги Худодандир. Коинотдаги ҳамма нарса севги асосида барпо бўлган.
Дунё яратилгандан бери севги ҳақида кўплаб қўшиқлар ёзилган, бироқ Сулаймоннинг бу қўшиғи – “қўшиқларнинг қўшиғи”дир. Иброний тилидаги бу қўшиқнинг номи унинг энг юксаклигини билдиради. Бу қўшиқдан аълороқ бирор қўшиқ борми? Агар бўлса айтинг, Қуддус қизлари гапингизни инкор қилиб, сизга гўзал қўшиқнинг мафтункор парчасини далил сифатида келтиришади: “Қўлингдаги муҳр узугингдай, мени ҳам юрагингга муҳрлаб олгин. Ахир, севги ўлимдай кучли, ишқ ажалдай шиддатлидир. Севгининг учқунлари олов учқунларидай, ловуллаган алангадайдир. Бирортаси севги учун уйидаги бор бойлигини берса ҳам, мазаҳдан бошқа ҳеч нарсага эришмайди.” (8:6–7).
Andre Seu