Мустаҳкам оила барпо қилиш
Мустаҳкам оила барпо қилиш учун биз нима қилишимиз керак?
- Имонли турмуш ўртоқ танланг.
Қуйидаги оятларни диққат билан ўқиб чиқинг:
Қонунлар 7:3-4 Улар билан қуда–андачилик қилманглар, уларга қиз узатманглар, ўғилларингизга уларнинг қизларидан олиб берманглар. Акс ҳолда, улар фарзандларингизни Эгамиздан қайтаради. Фарзандларингиз бошқа худоларга хизмат қиладиган бўлади. Ўшанда Эгамиз ғазабланиб, сизларни бир лаҳзада ҳалок қилади.
3Шоҳлар 11:1–7 Шоҳ Сулаймон фиръавннинг қизидан бошқа яна Мўаблик, Оммонлик, Эдомлик, Сидонлик ва Хет халқидан кўпгина ажнабий аёлларга кўнгил қўйди. 2 Эгамиз Исроил халқига бу халқлар ҳақида гапириб, шундай деган эди: “Уларга қиз берманглар ҳам, қиз олманглар ҳам. Акс ҳолда, улар кўнглингизни ўз худоларига ром қилиб қўядилар.” Сулаймон эса ўша аёлларга шаҳват билан ёпишди. 3 Унинг етти юзта хотини шоҳлар қизларидан бўлиб, уч юзта канизаги ҳам бор эди. Хотинлари сабабли шоҳ бегона худоларга юз бурди.4 Охири шундай бўлдики, кексайган чоғида шоҳнинг кўнгли хотинлари туфайли бегона худоларга мойил бўлди. Довуд ўзининг Эгаси Худога чин юракдан боғланган эди, Сулаймон эса отасига ўхшамади. 5 Шундай қилиб, Сулаймон Сидон аҳолисининг худоси Аштарет, Оммон халқининг макруҳ худоси Мўлахга сажда қила бошлади. 6 Сулаймон Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Отаси Довуд Эгамизга содиқ қолган бўлса, Сулаймон ундай қилмади.
Эзра 10:2 Элам наслидан Ёхиёл ўғли Шаханиё Эзрага шундай дея мурожаат қилди: “Биз маҳаллий халқларнинг бутпараст аёлларига уйланиб, Худойимизга хиёнат қилдик. Лекин шунга қарамай, биз — Исроил халқи учун ҳали ҳам умид бор!”
Нахимиё 10:30 Биз маҳаллий халқлар билан қуда–андачилик қилмаймиз.
Нахимиё 13:23–27 Ўша кунларда Ашдодлик, Оммонлик ва Мўаблик аёлларга уйланган яҳудийлар ҳақида хабар топган эдим. 24 Болаларининг ярми иброний тилида гаплашишни билмасдилар, Ашдод тилида ёки бошқа тилда сўзлашардилар. 25–27 Шунинг учун мен уларга танбеҳ бердим, уларни лаънатладим, баъзиларини урдим, сочларини юлдим. Уларга шундай дедим: “Ҳатто Исроил шоҳи Сулаймон бундай аёлларга уйланиб гуноҳ қилган эди! Бир ўйлаб кўринглар! Халқлар орасида Сулаймонга ўхшаган шоҳ йўқ эди. Худо уни яхши кўриб, уни бутун Исроил устидан шоҳ қилган эди. Шунга қарамай, бутпараст аёллар уни гуноҳга бошладилар. Мана энди сизлар ҳам худди шундай гуноҳга қўл урганингизни эшитиб турибман! Сизлар Худога қарши ўтакетган қабиҳлик қиляпсизлар! Бутпараст аёлларга уйланиб, Худога хиёнат қиляпсизлар!” Мен Худонинг номини ўртага қўйиб: “Биз бу ердаги бегона халқлар билан қуда–андачилик қилмаймиз”, деб уларга қасам ичдирдим.
Малаки 2:11 Эй Яҳудо халқи, сизлар садоқатсизлик қилдингиз. Қуддусда ҳамда бутун юртда жирканчли ишларга қўл урдингиз. Ҳа, Эгамиз яхши кўрадиган Маъбадни булғаб, бегона худоларга тонипадиган қизларга уйландингиз.
2Коринфликлар 6:14 Имонсизлар билан шерик бўлманглар. Солиҳлик билан қабиҳлик орасида қандай алоқа бор?! Нур билан қоронғилик орасида қандай умумийлик бўлиши мумкин?!
1Коринфликлар 7:39 Хотин кишининг эри тирик экан, унинг боши боғлиқдир. Агар эри ўлса, у истаган кишига турмушга чиқиши мумкин, фақат у эркак Раббимиз Исога тегишли бўлиши керак.
Юқоридаги оятларнинг маъносини тушундингизми? Имонли одам фақат имонли билан турмуш қуриши керак. Итоатсизлик учун тўланадиган баҳо ниҳоятда юқори.
Жуда қизиқ, Муқаддас Китобда бу масала бўйича аниқ кўрсатмалар берилган бўлса–да, баъзи масиҳийлар бунга эътироз билдирадилар. Кўпинча улар шундай баҳона топадилар:
Баҳона: аммо мен бу имонсиз одамни севаман.
Жавоб: 1) Нега сиз ҳиссиётга берилиб, Худо сиз учун мўлжалламаган одамга кўнгил қўйдингиз?
2) Сиз ўша одамдан кўра Худони кўпроқ севасизми? У ҳолда Худога итоат қилинг.
Баҳона: имонли йигитлар орасида менга уйланмоқчи бўлгани йўқ.
Жавоб: Юқоридаги оятларни яна бир бор ўқиб чиқинг. Ҳеч ким бундан мустасно эмас. Агар сиз Исо Масиҳни Раббий деб билсангиз, ўз манфаатингиз учун Унга итоат қилишингиз зарур. Худо: “Ҳамма албатта оила қуриши шарт”, деб айтмаган. Асрлар давомида Худо бўйдоқ одамларни қудратли тарзда ишлатиб келган.
Баҳона: агар мен имонсиз одамга турмушга чиқсам, уни имонга олиб келаман.
Жавоб: Юқоридаги оятларни яна бир бор ўқиб чиқинг. Имонсиз қизга уйланишга ёки имонсиз йигитга турмушга чиқишга Муқаддас Китоб рухсат бермайди.
Баҳона: Менинг бир дўстим имонсиз қизга уйланди, ўша қиз тўйдан кейин имонга келди.
Жавоб: Қизнинг имонга келиши дўстингизнинг итоатсизлигини оқламайди. Итоатсизлик гуноҳ бўлиб қолаверади. Худо турли йўллар билан ишлайди, Унинг ишларини биз баъзан тушунмаймиз. Аммо одамнинг ўз нафси учун ўлиши ва Масиҳга эргашиши ҳеч қачон осон бўлмаган. Итоатсизлик доимо биринчи ўринда бўлиши шарт.
- Оиланинг мақсадини эсда тутинг.
Оила жамиятнинг асосини ташкил қилади.
Худо оилани Ўз улуғворлиги учун яратган. Оиладаги эр ва хотин севгига асосланган муносабатга эга бўлишлари, ҳамда фарзандларини Худо йўлида тарбиялашлари керак.
Бироқ оила шулар билан челаниб қолмайди.
Эфесликлар 5:27–28 да шундай ёзилган:
Жамоатни Ўз ҳузурига келтирганда, жамоат ҳар қандай ғубор, ажин ва доғдан холи бўлиб, улуғвор, муқаддас ва бенуқсон бўлиши учун Масиҳ Ўз жонини аямади. 28 Худди шу сингари эрлар ҳам ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган эркак ўзини севган бўлади.
Исо Масиҳ Ўз жамоатини ҳар қандай ғубордан тозалаш учун, уни бенуқсон ва улуғвор қилиш учун жонини аямагани сингари, эрлар ҳам хотинларининг покизалиги ва солиҳлигига ўз ҳиссаларини қўшишлари керак. Масиҳийча оилада худбинликка жой бўлмайди. Эр ва хотин бир–бирининг жамолини томоша қилиш билан кифояланиб қолишлари керак эмас. Агар Масиҳ ҳақиқатан ҳам оиланинг Раббийси бўлса, демак эр ҳам, хотин ҳам ўз юриш–туришида Исога тақлид қилишлари керак. Улар Худонинг севгисини амалда кўрсатишлари керак.
Келинглар, Эфесликлар 5:32 ҳақида мулоҳаза қилайлик:
Бу буюк сирдир, энди бу сир Масиҳ ҳамда жамоатга ҳам тааллуқлидир.
Агар сиз бу оятни контекстда ўқисангиз, бу оятдан олдин келган оятлар эрнинг оиладаги вазифалари ҳақида сўз юритганини кўрасиз.
Наҳотки? Гап шундаки, “эр ва хотин орасидаги муносабат аслида Масиҳ ва жамоат орасидаги ажойиб муносабатни акс этади. Демак, биз Масиҳ билан муносабатимизни мустаҳкам қилсак, турмуш ўртоғимиз билан ҳам муносабатимиз мустаҳкам бўлади, натижада оила бахтли, саодатли бўлади, инсоният фаровон ҳаёт кечиради, Худо эса улуғланади.
Оятнинг моҳиятини тушуниб олдикми? Эр ва хотин орасидаги муносабат рамздир. Бу муносабат орқали дунёвий одамлар Масиҳ ва жамоат орасидаги муносабат қандайлигини тушунадилар. Масиҳ ва жамоат орасидаги муносабат — Худонинг бизга бўлган абадий севгисининг намоёндасидир.
Аслида Худонинг оилангизга бўлган режаси сиз ўйлаганингиздан анча юксакдир. Оилангиз сизга фақат бахт ва лаззат келтириши ёки сиз учун қулайликлар яратиши учун эмас.
Ҳар бир масиҳий оила дунёга Масиҳнинг Ўз жамоатига бўлган севгисини намоён қилиши ва Худонинг меҳрибонлигини кўрсатиши мумкин. Нақадар юксак мақсад бу!
- Эрлар, оиладаги ўз вазифангизни билиб олинг.
Эфесликлар 5:23 Эр хотиннинг бошидир.
Ҳар бир мамлакатнинг ўз президенти бор, ҳар бир компаниянинг бошлиғи бор, ҳар бир машинада фақат битта руль бор, шу сингари оилада ҳам битта оилабоши бўлиши керак. Ҳа, фақат битта оилабоши. Худонинг режаси бўйича ўша оилабоши вазифасини оилада эркак киши бажаради.
У қандай оилабоши бўлиши керак?
Баъзи эркаклар зўрлик билан бўлса ҳам, хотинларини ўзларига бўйсундиришга ҳаракат қиладилар. Бироқ Муқаддас Китобнинг бирон жойида бундай қилиш кераклиги ёзилмаган.
Бошқа эркаклар эса Одам Атодан ўрнак оладилар. Одам Атонинг қилган биринчи гуноҳи нима эди?
Ибтидо 3:6 Хотин қарасаки, ўша дарахт кўзга чиройли кўринади, мевалари жуда ейишли экан. Хотин: “Қанийди мевалар менга донолик ато қилса”, деб орзу қилди. У дарахтнинг мевасидан олиб еди, кейин ёнида турган эрига ҳам берди. Эри ҳам еди.
Момо Ҳаво васвасага тушганда Одам Ато нима қилди? Ҳеч нарса. У умуман ҳеч нарса қилмади. Одам Атонинг берфарқлигига тақлид қилиш доноликдан эмас.
Демак, эркак киши оилада қандай бош бўлиши керак?
Эфесликлар 5:25 Эй эрлар,…сизлар ҳам хотинларингизни шундай севинглар.
Эр – севадиган оилабоши бўлиши даркор. Эр қай даражада хотинини севиши керак? Оятнинг ҳаммасини ўқиб чиқинг:
Эфесликлар 5:25 Эй эрлар, Масиҳ имонлилар жамоатини севиб, улар учун Ўзини қандай фидо қилган бўлса, сизлар ҳам хотинларингизни шундай севинглар.
Демак, эркак киши ўз хотинини қай даражада севиши керак? У ўз хотини учун ҳатто жонини беришга ҳам тайёр бўлиши керак.
Эркак кишининг ҳокимияти “софкўнгил, меҳрибон, юмшоқ, ғамхўр” каби хислатлардан ташкил бўлиши керак. У ўз оиласида таъминловчи вазифасини бажариши шарт. Унинг ҳокимияти доирасига: ҳимоя қилиш, ғамхўрлик қилиш, муҳтожликларни қондириш, донолик билан йўл бошлаш, муҳофаза қилиш, хавф–хатардан сақлаш, осойишталикни таъминлаш каби вазифалар киради.
Ўз хотинига нотўғри муносабатда бўлган эркакнинг ҳоли не кечади?
1Бутрус 3:7 Эй эрлар, сизлар ҳам, Эгамиз ҳақи–ҳурмати, хотинларингизга эътиборли бўлинглар, улар заиф жинсдан эканлигини ҳисобга олинглар. Улар ҳам абадий ҳаёт иноятидан баҳраманд бўлганлари учун уларни ҳурмат қилинглар. Акс ҳолда, ибодатларингиз ижобат бўлмайди.
Оятни тушундингизми? Хотинингизга нотўғри муносабатда бўлсангиз, бундан ибодатларингиз зарар кўради. Ақли расо одам бундай зарар кўришни истамайди.
- Хотинлар, ўз вазифангиз билан танишиб чиқинг:
Эфесликлар 5:22 Эй хотинлар, сиз Раббимиз Исога қандай бўйсунсангиз, эрларингизга ҳам шундай буйсунинг.
Бўйсуниш. Нега Муқаддас Китоб айнан хотинларга, эрларингизга бўйсунинглар, деб буюради? Наҳотки, Муқаддас Китоб аёлларни шу қадар ерга урса? Ҳукм чиқаришга шошилманг. Муқаддас Китоб нафақат аёлларга, балки ҳаммага итоаткорликни ўргатади. Мисол учун, 1Коринфликлар 16:16 да ҳурматга сазовор инсонларнинг айтганини қилишимиз кераклиги ҳақида ёзилган. Ибронийлар 13:17 да жамоатдаги йўлбошчиларга қулоқ солиб, уларнинг айтганини қилишимиз кераклиги айтиб ўтилган. 1Бутрус 2:15, 2:13 оятларида ҳукумат ўрнатган қонун–қоидаларига риоя қилишнинг муҳимлиги таъкидланган. 1Бутрус 5:5 да оқсоқолларга итоат қилишимиз ва Ёқуб 4:7 да Худога бўйсунишимиз кераклиги ҳақида ёзилган.”
Итоаткорлик ҳар қандай муносабатни маъноли қилади.
Аёл киши эрига бўйсунганда оила структурасига тартиб киради. Агар эр ўз хотинини севса, унга зулм ўтказмай, у учун ўлишга ҳам тайёр бўлса, аёл жон–жон деб бундай эрга итоат этади.
Агар сиз, аёл кишининг вазифаси – ошхона, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Ҳикматлар 31–бобни диққат билан ўқиб чиқинг, шунда Муқаддас Китобда мақталган аёл турли вазифалар бажарганини ва турли йўналишларда ишлаганини кўрасиз.
- Эр–хотин муносабатлари устида ишланг. Сиз: “Нимага?” деб сўрашингиз мумкин. “Сабаби шуки, эр ва хотин икки хил дунё. Гуноҳкор бўлган икки одам бир–бири билан яшашга қарор қилади. Улар турли хил оилалардан келиб чиқишган, ўтмиши ўзгача, тажрибаси ўзгача, урф–одатлари ҳам ўзгача. Улар бир–бирига кўникиши, бир–бирини севишни ўрганишлари керак.
Агар сиз: “Истак–хоҳишларимни бажарсанг, сен билан яшайман, истаганимга эриша олмасам, бу ердан кетаман”, деган фикр билан яшасангиз, никоҳингиз узоққа чўзилмайди. Зеро, худбинлик никоҳнинг ашаддий душманларидан биридир.
Икки томон худбин истаклари учун ўлишга никоҳ жуда яхши имконият яратиб беради. Эр ва хотин бундай яхши имкониятга ҳар куни эга бўладилар. Ҳар куни улар ўз эътиборини турмуш ўртоғининг муҳтожликларига қарата оладилар, Муқаддас Китобдаги кўплаб амрларни ҳар куни амалда қўллай оладилар.
Баъзи одамлар, турмуш қурсам ҳамма муаммоларим ўзидан ўзи ечилади, деб ўйлайдилар. Улар бундай бўлмаганини кўргач, саросимага тушадилар. Аслида турмуш қурганингиздан кейин, барча ечилмаган муаммоларингиз юзага чиқиб келаверади. Ҳозирги замонда индивидуализм, инсон ҳуқуқлари, эркинлик, ўзини қадрлаш, шахсий нуқтаи назар кабиларга катта урғу берилади, бироқ булар мустаҳкам оила ва маъноли муносабатларга путур етказади.
Гуманистлар, яъни инсонпарварлар бизга сингдирган шахсий эркинлик, шахсий ҳуқуқлар, каби ўта заҳарли қарашлари туфайли, биз чуқур муносабатлардан маҳрум бўлдик.
Худо яратган оилавий муносабатлар буларнинг аксидир, турмуш қурган инсон турмуш ўртоғига тўлиқ бўйсуниши керак, доимо унинг манфаатини кўзлаши керак. Бундай қилиш инсоний нафсониятимизга зиддир. Бундай қилиши учун биз ўзимизни мажбурлашимиз керак.
(Оилавий муносабатлар учун тайёр бўлишнинг ягона йўли, бу – руҳан етукликка интилишдир. Янги оилани шахсий муаммоларингиз билан заҳарламаслик учун, уларни оила қуришдан олдин ечишингиз шарт.)
- Муқаддас Китобни доим бирга ўқиб, бирга ибодат қилинг.
Нима учун? Эр ва хотин бир командани ташкил қилади. Улар битта Худога ишонишади. Агар улар командасини мустаҳкам қилмоқчи бўлсалар, Муқаддас Китобни бирга ўқишлари ва бирга ибодат қилишлари керак. Шу орқали улар бирга руҳан улғаядилар, бирга режалар тузадилар, бирга мақсадлар қўядилар, муаммоларни бирга еча оладилар.
Агар сиз бўйдоқ бўлсангиз ҳаётингиздаги муаммоларни ўзингиз ечасиз, бунинг уддасидан чиқасиз. Бироқ сиз турмуш қурган бўлсангиз, сиз орзу–ҳавасларингиз, режа–мақсадларингиз, қийинчилик ва муаммоларингиз ҳақида турмуш ўртоғингиз билан ўртоқлашишингиз керак бўлади. Тўғри, буни қилиш осон кечмайди. Аммо сизлар оила бўлиб ибодат қилганингизда, бир–бирингизга янада кўпроқ яқинлашасиз, якдил бўласиз.
Бирга китоб ўқишингиз ва ибодат қилишингиз сизга роҳати ором бахш этмайди, лекин шу орқали сиз турмуш ўртоғингиз билан чуқур руҳий муносабат ўрнатасиз, биргаликда руҳан улғаясиз. Кўплаб оилалар ўз тажрибасида буни синаб кўрганлар.
Тўғри, китоб ўқиш ва ибодат қилиш учун икковингизга ҳам мос келадиган вақтни танлаш осон эмас, лекин сиз қанча кўп вақтни бунга бағишласангизлар, шунча кўп фойда кўрасиз.
Мустаҳкам оланинг сири бу — биргаликда Худонинг ҳузурига кириб, Муқаддас Китобни ўқиш ва ибодат қилишдир. Афсуски, кўп оилалар бунга асло эътибор бермайдилар. Руҳий яқинлик никоҳнинг энг гўзал ва мафтункор томонларидан биридир. Бунга — биргаликда Муқаддас Китобни ўқиш ва ибодат қилиш орқалигина эришиб бўлади.
- Бир–бирингизга нисбатан кечиримли бўлинг.
Қуйидагилар ҳақида мулоҳаза қилинг: Исога ишонган гуноҳкор банда билан оила қурар экансиз, кечиримни ўрганиш учун кўплаб имкониятларга эга бўласиз. Бундай имкониятларни қўлдан бой берманг. Улардан фойдаланинг.
Қуйдаги оятни ёд олинг:
Эфесликлар 4:26 Ҳатто ғазабланганингизда ҳам гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча жаҳлдан тушинглар.
Баъзи оилалар бу оятга қатъиян риоя қиладилар. Улар ухлагани ётишдан олдин жаҳлдан тушадилар ва келиб чиққан муаммони ҳал қиладилар. Тўғри, бу дегани, сиз вахлик ёта олмайсиз, бироқ ётганингизда, оз бўлса–да мазза қилиб ухлайсиз, чунки муносабатни тиклаб олган бўласиз.
Агар кечиришдан бош тортсангиз, гина–қудурат оғушида қоласиз, дилингиздаги кек ва хафалик саратон каби муносабатларингизни емира бошлайди.
Қуйидагилар ҳақида фикр юритинг: кечирим масиҳийча ҳаётнинг негизини ташкил қилади. Исо Масиҳ бизни кечириб, гуноҳларимизни ювди. Шу сабабдан турмуш ўртоғимизни кечиширишимиз биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Биз раҳнамоимиз бўлган Исо Масиҳга тақлид қилишимиз керак.
“Инсон кечиргандагина Масиҳга ўхшаган бўлади.”
.
- Айтган ҳар бир сўзингизнинг маъносига эътибор беринг. Қуйидаги оятни ёд олинг:
Воиз 12:11 Доноларнинг ҳикматлари ўткир таёққа ўхшайди, ҳикматли сўзлар маҳкам қоқилган михларга ўхшайди. Буларнинг ҳаммасини барчамизнинг Чўпонимиз берган.
Турмуш ўртоғингиз билан мулоқот қилар экансиз, ҳар куни унга далда беринг. Унинг кўнглини кўтаринг. Уни мақтанг. Унга зарур бўлган руҳий бехавотирликни бахш этинг.
Сулаймоннинг гўзал қўшиғини ўқинг. Китобдаги қаҳрамонларга тақлид қилинг, севгилингизга меҳрли сўзлар айтинг. Оғзингиздан фақат ширин сўзлар чиқсин, тилингиздан Худога ҳамду санолар тўкилсин.
Бир жуфтлик ҳар куни эрталаб бир–бирлари учун ибодат қилишни одат қилганлари ҳақида мен билан ўртоқлашдилар. Тонгги ибодатда улар бир–бирларига Худодан марҳамат ва баракат тилайдилар. Шу орқали бир–бирига бўлган севгисини ва ғамхўрлигини изҳор қиладилар.
Мулоқот – оила қўрғонига калитдир. Сўзлар ниҳоятда муҳим. Шу сабабдан улардан донолик билан фойдаланинг.
- Оилангиз учун шиор вазифасини бажарадиган бир оятни танланг. Ўша оят Худонинг оилангизга бўлган мақсадини ўзида акс этсин. Танлаган оятингиз оилангиз учун каромат сўзларидай бўлсин. Оятни танлашдан олдин ибодат қилинг, Худо сизга донолик берсин, чунки сиз танлаган оят сизнинг ва турмуш ўртоғонгизнинг мақсадларини ва Худо учун эришмоқчи бўлган чўққиларни ўзида мужассам этиши шарт.
Хушхабар ёйиш орқали Худога хизмат қилмоқчи бўлган бир оила ўзи учун 2Коринфликлар 12:15 ни танлаган эди. Бошқа оила эса Филиппиликлар 3:10 ни танлади.
Умид қиламанки, сиз танлаган оят сизни руҳлантиради, хизматга чорлайди, далда беради. Уни кўринадиган жойга осиб қўйинг, уни тез–тез ўқиб туринг, у сизга оилангиз учун Худонинг мақсадини эслатиб туради.
- Турмуш ўртоғингизнинг “севги тили”ни ўрганинг. “Севги тили” нима дегани? “Севги тили” деганда, ҳар биримиз севгини ўзимизга хос йўл билан талқин қилишимиз ва уни изҳор қилишимиз тушунилади. Одатда севги беш йўл билан изҳор этилади. Булар: совғалар, хизмат, эркалаш, вақт ажратиш, сўз билан далда бериш. Айрим одамларга севгингизни изҳор қилишингиз учун, катта совғалар беришингиз керак. Шунда улар ўзларини севилгандай ҳис қиладилар. Бошқалар учун хизмат муҳим ўрин тутади. Уларга севгингизни изҳор қилмоқчи бўлсангиз, бирор ишини қилиб беришингиз керак. Бошқалар учун севги бу – эркалаш, уларни қўлидан тутишингиз, ўпишингиз, қучоқлашингиз муҳим. Айримлар учун эса севги бу – вақт. Улар билан вақт ўтказишингиз, мулоқот қилишингиз керак. Айримлар учун эса севги бу — далда сўзлари. Агар турмуш ўртоғингизнинг севги тили – совға бўлса, унга бошқа тилда севгингизни кўрсатишингиз бефойда, у ўзини севилгандай ҳис қилмайди. Турмуш ўртоғингизга нисбатан сезгир бўлинг. Унга у тушунадиган севги тилида севгингизни изҳор қилинг.
- Хотинингиз билан учрашувга чиқиб туринг. Бу нима дегани? Хотинингиз билан фақат икковингиз бирон жойга бориб, вақт ўтказинг.
Нима учун? Бундай учрашувлар муносабатларингизни мустаҳкам қилади. Кўпинча эр ва хотин ишлари ва хизмати билан шу қадар банд бўладиларки, бир–биридан узоқлаша бошлайдилар. Учрашувлар муносабатларингизни янгилаб туради, сизни бир–бирингизга яқинлаштиради. Турмуш ўртоғингиздан вақтингизни ва хизматингизни аямасангиз, ўз шогирдларингизга яхши намуна бўласиз.
Кучли ва мустаҳкам оилани барпо қилган ҳамда муваффақиятга эришган эр–хотинлар одатда биргаликда тажриба орттирадилар ва бир–бирларига бўлган севгисини алангалатиб турадилар. Учрашувга чиқиб турсангиз, буларга эришасиз.
Учрашувларга кўп пул сарф қилиш шарт эмас.
Маслаҳатлар: турмуш ўртоғингиз билан тоққа чиқинг, шаҳрингизнинг кўрмаган жойларини бирга айланинг, гулҳан атрофида ўтиринг, бирга таом тайёрланг, бир–бирингизга ўтмишдаги воқеаларни сўзлаб беринг, бирга кино кўринг. Сиз учрашувингизни турлича ўтказишингиз мумкин ва бунга кўп харажат қилишингиз шарт эмас.
Бир аёл шундай ёзди: “Эрим 10х15 сантиметрлик қоғозларни олиб, бир ўйин ўйнашимизни айтди. Ҳар бир қоғозга савол ёзилган эди. Мисол учун: Турмуш ўртоғингиз қайси бир ишни жуда яхши бажаради, лекин уни яхши бажаришидан ўзи бехабар? Сизнинг энг яхши кўрган аскиянгиз қайси бири? Сиз болалигингиздаги қайси воқеани ҳеч ҳам унутмайсиз? Ва ҳоказо. Биттамиз қоғозни тортиб олиб, ундаги саволни ўқишимиз, иккинчимиз эса ўша саволга жавоб беришимиз керак эди. Биз галма–галдан қоғозларни олиб ўқидик, жавоб бериб мазза қилиб кулдик. Бирга орзу қилдик. Ўтмишни эсладик. Хуллас, вақтимиз ниҳоятда мароқли ўтди.”
Бошқа битта аёл шундай деб ёзди: “Эсда қоларли энг яхши учрашувимиз шундай бўлган эди, биз юпқа тўшакларни, радиони ва ширинликларни олиб, уйимиз томига чиқдик. Ўша ерда юлдузли осмонни ва ойни томоша қилиб, мазза қилиб суҳбатлашдик, ширинликлардан едик, радио эшитдик. Бундай романтик учрашувимизга умуман пул сарф қилмадик. Ҳаво очиқ бўлган ҳар қайси кунда шундай учрашув уюштириш мумкин.”
Фойдали маслаҳатлар: имкони борича тез–тез учрашувларни уюштириб туринг. Айрим эр–хотинлар ҳафтасига бир марта албатта учрашувга чиқишади.
Тажриба ўтказишдан қўрқманг! Ғайриоддий, кутилмаган нарсаларни қилинг. Завқ олинг! “Тадқиқотларга кўра, бирга қизиқарли нарсалар қилган эр–хотинлар жинсий муносабатдан тўлиқ завқ олар эканлар.”
- Оилавий муносабатларингизни маъноли ва мустаҳкам қилиш учун янги ғояларни ўйлаб топинг! Имкониятларнинг чек–чегараси йўқ. Улардан фойдаланинг!