Xомиланинг тушиб қолиши
Қалб азоби нима эканини биламан. Ҳали туғилмаган мурғак чақалоқнинг ўлимини бошимдан кечирганман. Бу дунёдаги ҳеч қандай дард ва алам фарзанд доғига тенг келмас экан. Фарзандидан жудо бўлган аёлнинг ҳам, эркакнинг ҳам қалби қон йиғлайди, ичидаги ғалаённи ҳеч нарса тинчлантира олмас экан.
Биз иккинчи фарзандимизни кутаётган эдик. Мен ҳомиладорлик даврининг тўққизинчи ойига қадам қўйган эдим. Фарзанд туғилиши керак бўлган кундан икки ҳафта муқаддам мен одатдагидек шифокор ҳузурига бордим. Ўша кундан бошлаб, қора кунларимиз бошланди. Қорнимдаги қизчамнинг юраги уришдан тўхтаган экан. Мен ўлик чақалоқни дунёга келтиришим керак эди. Қалбим чилпарчин эди, ичимга чироқ ёқса ҳам ёришмасди. Мен худди ёмон туш кўраётгандай бўлардим, доимо бу даҳшатли тушдан уйғонишни истардим. Қорнимдаги бола ўлик эканини эшитишим биланоқ, изтиробга тушиб, худди уйғона олмаётган одамдай ўзимни сезардим. Энди боламни кўтариб уйимга олиб кела олмасдим. Орадан кунлар, ҳафталар, ойлар ўтди. Мен эса буни сезмасдим. Қалбим ҳижрон азобида ёнарди, эътиқодим чилпарчин бўлганди. Мен Муқаддас Китобдаги қуйдагича оятларни ўқирдим: “Эй Эгам, қачонгача қараб турасан?” (Забур 34:17) Ёки: “Ўзинг кўргансан, Эй Эгам, сукут сақлама! Эй Раббий, мендан ҳеч узоқлашма! Қани бўл, ҳимоя қилгин мени, Мен учун жанг қилгин, эй Худойим, Раббим!” (Забур 34:22–23).
Мен бу каби оятларни қайта–қайта ўқирдим, қалбимдаги оғриқ ва азобни Худога билдирмоқчи бўлардим. Бундай азобли дамларда мен Худони улуғламасдим, қалбимга таскин берадиган оятларни ҳам ўқимасдим. Забурнинг аксарият оятларни ўқиганимда: “Ҳа! Мен ўзимни шундай сезяпман,” деб ўйлардим. Мен ёлғиз сайр қилиб, тушкун қалбимнинг нолаларини Худога тўкиб солардим. Айрим пайтларда умид учқуни пайдо бўлгандай бўларди, бошқа кунлари эса тўшагимни жиққа хўл қилиб, йиғидан ўзимни тўхтата олмасдим.
Эрим иккаламиз яна бола кўришга ҳаракат қилдик. Бироқ ўлик туғилган фарзандимиздан кейин яна учта ҳомилам тушиб қолди. Тўғрисини айтсам, ўша йилларга разм солсам фақат қоронғуликни кўраман. Мен Муқаддас Китоб ўқирдим, лекин хурсандчилик ва бахт нималигини билмасдим. Одамлар орасида бўлганимда сохта жилмаярдим, қалбим эса қон йиғларди. Ёлғиз қолганимда эса Худонинг ҳузурида кўз ёшларим дарё бўлиб оқарди.
Бир куни мен сайр қилиб, Худога ибодат қилдим. Қалбимдаги дардимни Худога тўкиб солдим. Мен Худога шундай деб айтардим: “Худойим, нима бўлаётганини асло тушунмаяпман, бироқ ҳаммасини, барча дардларимни оёқларинг олдига олиб келаман. Буларнинг ҳаммасини сенга топшираман. Қийинчиликлар ҳаммага баробар – яхшига ҳам, ёмонга ҳам, бойга ҳам, камбағалга ҳам, имонлига ҳам, имонсизга ҳам бирдай насиб бўлади.” Фарқи шунда эдики, мен имонли эдим ва Худо каби таянчим бор эди. Афсуски, ўша дамларда мен хис–туйғуларимга ва инсоний тафаккуримга қалбимда ҳукмронлик қилишга изн бериб қўйган эканман. Қайсидир бир сабабга кўра, ўша куни қарашларимда кескин ўзгариш содир бўлди. Ўша пайтгача мен Худо бераётган умидни қабул қилишни истамасдим ёки ундан асло бехабар эдим. Мен одатдагидай Забур китобини ўқир эканман, эътиборимни 33–бобнинг 18–20–оятлари тортди: “Кўнгли чўкканларга Эгамиз яқиндир, руҳан эзилганларни У қутқаради. Солиҳларнинг қайғулари кўп бўлса, ҳамма қайғулардан Эгамиз халос қилар. Уларнинг ўзини Эгамиз сақлайди, биронта ҳам суяги синдирилмайди.” Шунингдек қалбимга Забур 35–боб, 5–8 оятлар малҳам бўлди: “Эй Эгам, содиқ севгинг фалакларга етгайдир, эй Эгам, садоқатинг самоларга чўзилгайдир. Одиллигинг буюк тоғларга ўхшайди, адолатинг тубсиз денгизга ўхшайди. Эй Эгам, инсону жониворларни Сен сақлагайсан. Содиқ севгинг, эй Худо, нақадар бебаҳодир! Қанотларинг соясида инсонлар паноҳ топади.”
Яна кўпдан–кўп оятлар бор эди ва бу сафар қалбим ва онгим умид берувчи оятларга талпинарди. Бу оятларда Худонинг юксаклиги ва ҳар қандай вазиятдан устунлиги куйланарди.
Кўп ўтмай, мен яна ҳомиладор эканимни билдим. Бу олтинчи ҳомиладорлигим эди. Мен 4 та ҳомиладан айрилган эдим. Мен тиз чўкиб, Худога ёлвордим: “Худойим фарзандимни асра!” Яна битта боладан жудо бўлишни мен истамасдим. Асабларим бунга дош бера олмаслигини яхши билардим. Ушбу вақт давомида мен Забур китобини ўқирдим, қалбимнинг мурод–мақсадларини Раббим ва Худойимга айтардим. Ўзимга ўзим Забур 36–боб, 5–санони эслатардим: “Йўлларингни топширгин Эгамизга, ишон Унга, У мадад беради.”
Ростини айтсам, мен айрим ҳолларда Худога тўлиқ инонмасдим, лекин ҳар қандай вазиятда ҳам Уни биринчи ўринга қўйишга ҳаракат қилардим. Мен ўз ҳаётимни инсоний, чекланган тафаккурим ва мантиқ билан тушунишга ва баҳолашга тиришардим. 19 Сентябрда ўғилли бўлдик. Саккиз ойлик ҳомиладорлик вақтим ҳаётимдаги энг қийин ва мушкул ойларга айланди. Ҳар куни мен нохуш хабар кутардим, бу болам ҳам олдингиларидай тушиб қолса керак, деб ўйлардим, аммо бу сафар ҳаммаси бошқача бўлди. Худога шукур, бугунги кунда ўғлим ниҳоятда шўх, соғлом, Худони бутун қалби билан севадиган боладир.
Агар қалбингиз тушкун бўлса, бундан уялманг. Қалбингизни Худога очинг, У сизни тушунади. Тайёр бўлганингизда Худога яқинлашинг, У берган умидни рад этманг. Зеро Худо кулфатда қолган фарзандларига мадад беради. Мен Забур китобини қайта–қайта ўқирдим. Хаёлим паришон, қалбим тушкун бўлган пайтда ҳам Забур китобидаги оятлар қалбимга ўгит берарди. Қалбингиз азоб чекканда, ёки бефарқлик қонингизни музлатганда Забур китобини ўқишга ҳаракат қилинг. Худонинг Ўзи сизни етаклайди ва Ўз Каломи орқали сизга шифо беради.
Забур 39:2–4 да шундай ёзилган: “Мен Эгамизга умид боғладим, У менга юз бурди, фарёдимни эшитди. Мени балчиқ чуқурдан, ботқоқликдан чиқариб олди. Эсон–омон мени қаттиқ ерга ўтқазди, қадамларимни дадил қилди. У оғзимга янги бир қўшиқ солди, бу қўшиқ Худойимизга мадҳиядир. Кўплар Унинг ишларини кўриб, қўрқади, Эгамизга умид боғлайди.”