Пулни идора қилиш
Далил: Исо Масиҳнинг 38 та маталлардан 16 таси пул ҳақидадир. Нимага?
Далил: Исо жаннат ва дўзахдан кўра пул ҳақида кўпроқ гапирган. Нимага?
Далил: Янги Аҳднинг дастлабки 4та китобидаги 10 оятдан биттаси, яъни 10%, пул ҳақидадир. Нимага?
Далил: Муқаддас Китобда 2000 мартадан кўпроқ ҳолларда пул ва мол–дунё ҳақида сўз юритилган, имон ва ибодат мавзуларини бирлаштирсак ҳам, бундан икки марта камроқ чиқади. Нимага?
Зотан пул ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмини ташкил қилади, пул бизни яшнатиш ёки барбод қилиш қудратига эгадир. Пул жиддий руҳий кучдир, биз Худога манзур ҳаёт кечирмоқчи бўлсак, пул соҳасига ниҳоятда диққат–эътиборли бўлишимиз шарт.
“Пулни қандай ишлатишингиз, юрагингизнинг ҳолатини кўрсатади, ҳаётингиздаги қадриятларни ошкор этади.”
Муқаддас Китобда пулга оид кўплаб қоидалар мавжуд (бир талаба 120 та қоидани топди), шу сабабдан биз уларнинг ҳаммасини кўриб чиқа олмаймиз…
(Муқаддас Китоб бизга фақат пулни тўғри ишлата олишимиз мақсадида берилгани йўқ. Бироқ, биз пулни тўғри ишлатишни ўргансак, кўп баракат оламиз).
Пул руҳий масала бўлгани боис Исо бу мавзуда кўп сўз юритган ва бундан асло уялманган. Биз ҳам бу мавзуда гаплашишдан уялмаслигимиз керак.
Келинглар, пулни тўғри идора қилишнинг асосий қоидаларини кўриб чиқайлик.
1–қоида: Пулингизнинг соҳиби Раббимиз Исо бўлсин.
Хаггей 2:8
Сарвари Оламнинг каломи шудир: “Кумуш Меники, олтин ҳам Меникидир.”
Ер юзидаги жамики халқларнинг бойликлари Худога тегишлидир. Булар кимнинг пуллари? Худоники! Шундай экан, пулингизни Худога итоат қилган ҳолда ишлатинг.
Ўз пулимнинг қанчаси ўзимга тегишли?
Пулингизнинг бир тийини ҳам ўзингизга тегишли эмас.
Қонунлар 8:18
Аммо Эгангиз Худони доимо ёдингизда тутинглар. Зеро, бойликни топишга куч берган Эгангиздир. Шундай қилиб, У ота–бобларингиз билан қасам ичиб, қилган аҳдини бугун бажармоқда.
Худо бизга нафақат хом ашё беради, балки бойлик топишимизга ҳам куч ато этади.
1Коринфликлар 4:7 Ким сизларга шундай ҳуқуқ бериб қўйган?! Худодан олмаган бирор нарсангиз борми?! Бор нарсангизни сизга Худо берган–ку, нима учун худди ўз кучингиз билан эришгандай мақтаниб юрибсиз?
“Худодан олмаган бирон нарсангиз борми?!”
Биласизми нима? Сиз Худо йўлига бераётган ушр ёки эҳсонлар аслида Худоники.
Агар Исо ҳаётингизнинг Раббийси бўлса, қанча пулингиз бўлади? Ҳеч қанча.
Агар Исо ҳақиқатан ҳам Раббий бўлса, У сизнинг ҳаётингизни бошқаришга ҳақлидир. Ҳаётингизнинг ҳамма соҳаларини! Ҳаттоки ҳамёнингизни ҳам. Пулингизни ҳам тўлиқлигича Исога топширинг, ахир, У бунга ҳақлидир. Акс ҳолда, Исони Раббий деб аташга ҳаққингиз бўлмайди.
Қоидани амалда қўллаш йўли: пулингизни ҳақиқий Эгасига — Худога топширинг. Буни онгли равишда, муайян мақсад билан, хурсандчилик ила бажаринг.
Ўзингиз эса йўлдан қочинг!
Раббимиз Исо пулларингизни бошқарсин –
Борди–ю бунга қарши бўлсангиз, мақоланинг қолган қисмини ўқимай қўяверинг.
2–қоида: Пул билан боғлиқ бўлган бирор қарор чиқаришдан олдин ибодат қилинг.
Биз бу борада ибодат қилсак, 1–қоидага амал қилган бўламиз.
1Салоникаликлар 5:17
Тинмай ибодат қилинглар.
Пулни қандай ишлатишингиз кераклиги ҳақида доим ибодат қилинг.
Менга сувенир модель қайиқчалар ёқади. Мен уларнинг ашаддий ИШҚИБОЗИМАН. Бир куни мен сувенир қайиқчалар сотиладиган дўконга кириб, сотувчидан янги бир модельни кўрсатишини сўрадим. Уни олдимга қўйиб, мафтун бўлиб томоша қилдим.
Бироқ модель учун пул тўлашимдан олдин, ибодат қилдим. Ибодат қилганимда модельни сотиб олиш фикридан қайтдим. Модель жуда чиройли ва моҳирона ясалган бўлишига қарамай, мен уни сотиб олмадим.
Ўшанда менга аслида керак бўлмаган нарсадан воз кечгандим. Пул билан боғлиқ бўлган бундай мисолларни бошқа одамлар ҳам кўп келтиришлари мумкин. Пул масаласида Худо бизга аниқ кўрсатмалар беради. Биз Худодан қанча кўп мадад сўрасак, У шунча кўп бизни бошқаради.
3–қоида: ушр ва эҳсонларни Эгамизга хурсандчилик билан беринг.
Ушр ва эҳсонларни қачон бериш керак?
1Коринфликлар 16:2 Ҳар якшанба куни ҳар бир одам қўлидан келганича бир миқдор пулни олиб қўйсин, токи олдингизга борганимда пул йиғишга ҳожат бўлмасин.
Ҳар якшанба куни, яъни мунтазам тарзда, доимийлик билан. Агар сиз ойликни ойига икки марта: аванс ва ойлик қилиб олсангиз, демак ушрни ойига икки марта беринг. Агар ойликни ойига бир марта олсангиз, ушрни ойига бир марта беринг.
Ушрларни КИМГА бериш керак?
1Коринфликлар 16:2 Ҳар якшанба куни ҳар бир одам қўлидан келганича бир миқдор пулни олиб қўйсин, токи олдингизга борганимда пул йиғишга ҳожат бўлмасин.
Янги Аҳд даврида жамоат йиғилишлари якшанба куни ўтказиларди, чунки якшанба куни Раббимиз ўликдан тирилган эди. Бинобарин, эҳсонлар ҳам ҳар якшанба куни жамоатга олиб борилиши керак эди.
Масиҳ Ўз жамоати учун жонини фидо қилди, шу сабабдан эҳсонлар ҳам жамоатнинг барпо бўлиши учун ишлатилиши керак.
КИМ бериши керак?
1Коринфликлар 16:2 Ҳар якшанба куни ҳар бир одам қўлидан келганича бир миқдор пулни олиб қўйсин, токи олдингизга борганимда пул йиғишга ҳожат бўлмасин.
Павлус Коринф жамоатига, ҳар бир одам пул берсин, деб кўрсатма берди.
Баъзилар айтишлари мумкин: “Аммо мен камбағалман, пулим йўқ”.
Марк 12:41-42
Исо Маъбад хазинаси қаршисида ўтириб, эҳсон қутисига пул солаётган одамларни кузатиб турди. Кўп бойлар анчагина пул ташладилар. 42 Бир камбағал бева аёл ҳам келиб, қиймати бир тийинга тўғри келадиган икки чақа ташлади.
Исо бу вазиятни бехосдан кўриб қолгани йўқ. Асло! У 2000 йил олдин атайин одамларнинг эҳсон беришини кузатиб турган эди. Бугун ҳам У бизни кузатиб турибди.
Бу парчани турлича талқин қилишади, бироқ муҳим томони шуки, камбағал бева аёл сахийлиги билан Муқаддас Китоб қаҳрамонига айланди.
Худо пулингизга баракат беришини истайсиз, шундай эмасми? Демак, эҳсон беришга ҳам қурбингиз етади, ўта ночор бўлсангиз ҳам, бунинг уддасидан чиқасиз.
Жамоат пул билан ҚАНДАЙ эҳтиёт чораларини кўриши керак?
Жамоат пул билан ниҳоятда эҳтиёткор бўлиши керак.
1Коринфликлар 16:3 Борганимдан кейин, эҳсонларингизни имонлиларга топширсин деб, ўзингиз муносиб кўрган кишиларни Қуддусга жўнатаман. Уларнинг ҳар бирини таништириб, мактуб ёзиб бераман.
Эътибор беринг, Коринф жамоати Қуддусдаги имонлилар учун йиққан эҳсонларни Павлус шахсан ўзи олмади. Коринф жамоати Қуддусдагилар учун эҳсон йиғиб, пул белгиланган манзилга етиб бориши учун, эҳтиёткорлик чораларини кўриб қўйган эдилар.
Юҳанно 12:6 У (Яҳудо Ишқариёт) шу гапни камбағалларга қайғургани учун эмас, балки ўғри бўлгани учун айтди. Пул қутиси Яҳудонинг назоратида эди, қутига солинадиган пулдан уғирлаб турарди.
Ўн икки шогирднинг ушрлари сақланадиган қути учун Яҳудо Ишқариёт масъул эди. У пулдан ўғирлаб турарди. Жамоатлар бундан сабоқ олиб, ғазначини танлашда ниҳоятда эҳтиёткор бўлишлари керак. Ғазначи учун тадбиркорлик қобилияти эмас, характернинг етуклиги зарурдир.
Энди эса хаёлингизда шундай савол туғилгандир:
Эҳсон ва ушрлар учун ҚАНЧА пул ажратиш керак?
2Коринфликлар 8:2
Улар оғир кулфатга йўлиқиб, синалган бўлсалар–да, жўшқин бир севинчга тўлиб–тошдилар, ўта камбағал бўлсалар–да, юраклари сахийликка бой эканлигини кўрсатдилар.
Ушр ва эҳсонларни сахийлик билан бериш керак.
2Коринфликлар 8:3 Улар ўз хоҳишлари билан, қўлларидан келганча, ҳатто имконларидан ортиқ хайр–эҳсон берганларига мен шоҳидман.
Мажбуриятдан эмас, кимнингдир босими туфайли ҳам эмас, балки ўз хоҳиши билан, қўлдан келганча бериш керак.
2Коринфликлар 8:4 Улар, Худонинг Қуддусдаги азизларига ёрдам беришда иштирок этайлик, деб биздан ўтиниб сўрадилар.
2Коринфликлар 9:6 Шуни унутмангки, оз эккан оз ўриб олади, мўл эккан эса мўл ўриб олади.
Исо Масиҳнинг хочи остида бир паст ўтириб мулоҳаза қилинг. Исо сиз ва мени қутқариш учун энг минимал баҳони тўламади, демак, биз ҳам Унга нисбатан зиқна бўла олмаймиз. Шундай эмасми? У бизга нисбатан юксак даражадаги олижанобликни намоён этди. Биз ҳам Унга нисбатан олижаноб бўлишимиз даркор.
Бу бизни ушр мавзусига етаклайди. Эски Аҳд даврида уч хил ушр тўланарди:
- 1–турдаги ушр: Саҳрода 18:26–оятга кўра, бутун Исроил халқи ушрни солиқ сифатида тўлаши керак эди.
- 2–турдаги ушр: Қонунлар 14:22-26 га кўра, Исроил халқи ҳар йили ўтказиладиган умумхалқ байрамлари учун ҳосили ва чорвасининг ўндан бир қисмини Қуддусдаги Маъбадга олиб бориши керак эди.
- 3–турдаги ушр: Қонунлар 14:28-29 га кўра, халқ ҳар учинчи йилнинг охирида олган жамики ҳосилнинг ўндан бир қисмини бева аёллар, етимлар, мусофирлар ва левилар учун ажратарди.
Агар сиз: “Бугунги кунда ҳам ушр берилиши керак”, деб ишонсангиз, демак, жамоатга даромадингиздан 23% беришингиз керак.
Аслида ушр бериш солиқ системаси бўлиб, ушр орқали яҳудийлар ўз давлатини маблағ билан таъмин этардилар. Бугунги кунда биз солиқларни давлатимизга бошқа йўл билан тўламоқдамиз.
Эски Аҳдда булардан ташқари яна кўнгилдан чиқариб эҳсон бериш, назр ёки қурбонлик келтириш ўргатилади.
Саҳрода 18:12–13 12 Одамлар Мен, Эгангизга назр қилган илк ҳосилнинг энг сифатли зайтун мойини, шаробни ва донини ҳам Мен сизларга бердим. 13 Менга назр қилинган бутун юртнинг илк ҳосили сизларники бўлади. Хонадонингиздаги ҳар бир пок одам бу назрларни тановул қилиши мумкин.
Ушрдан ташқари Эски Аҳд даврида халқ ҳосилнинг энг сифатли қисмини тақдим қилиши керак эди. Бундай назр учун муайян фоиз талаб қилинмаган. Одамлар сахийлигига кўра, ўз қалбига қулоқ солган ҳолда илк ҳосил назрини беришлари керак эди.
Чиқиш 35:4-5 да шундай деб ёзилган: Кейин Мусо Исроил халқининг бутун жамоасига айтди:
— Эгамиз сизларга қуйидагиларни амр этди: 5 “Мен Эгангизга чин кўнгилдан назр қилмоқчи бўлган одам ўз назрини олиб келсин. Халқ Менга қуйидагиларни назр қилсин: олтин, кумуш, бронза.
Эгамиз бизга кўрсатган чексиз севгиси ва илтифоти учун Унга белгиланган фоиздаги пулни эмас, балки чин кўнгилдан, сахийлик билан назр қилишимиз керак.
Демак Эски Аҳд қоидалари бўйича, ҳар бир одам даромадидан 23%ни давлатни маблағ билан таъмин этиш мақсадида мажбурий тўловларни ушр қилиб бериши керак эди, бундан ташқари кўнгилдан чиқариб, Эгамизга назр ва қурбонликлар келтириши керак эди.
Янги Аҳдда–чи, ушр ва эҳсонлар ҳақида нима ёзилган?
Худди шу нарса.
Яъни биз давлат солиқлари сифатида мажбурий тўловларни амалга оширишимиз керак. Афсуски, бугунги кунда кўп давлатлар 23% билан чекланиб қолмайди.
Шунингдек, 2Коринфликлар 8 ва 9–бобларда ёзилгандай Раббимизга бўлган севгимиз натижасида 10% каби муайян рақамга боғланиб қолмай, балки ундан–да кўпроқ, кўнгилдан чиқариб, сахийлик билан, қурбонлик ва назр сифатида жамоатга ўз эҳсонларимизни олиб келишимиз керак, токи Худонинг иродаси ер юзида амалга ошсин.
Бугунги кун учун яна қандай оятни насиҳат тариқасида келтира оламиз?
Ҳаворийлар 20:35 Мен сизларга бу борада намуна бўлиб, заифларни қандай қўллаб–қувватлашимиз кераклигини кўрсатдим. Раббимиз Исо айтган шу сўзларни эслайлик: “Олмоқдан кўра, бермоқ кўпроқ марҳамат келтиради”.
Агар масиҳийлар бу оятга амалда риоя қилганларида эди, натижаси уларни ҳайратда қолдирган бўларди.
Сахийлик туфайли дилимиз билан тилимиз бир бўлади, Худо эса ўз навбатида бизга чексиз баракатлар ёғдиради. Шунда биз Худонинг баракат дарёсига тушиб олган бўламиз. Шунинг ўзи юрагимизнинг ҳолатини кўрсатади.
Шахсий гувоҳлик: Мен семинарияни тугатганимда қийин вазиятга тушиб қолган эдим, ўқиш учун банкдан олган кредитни тўлашим керак эди, машинам етиб келган эди, киймларим эскириб, тўзиб кетганди, чўнтагимда сариқ чақа ҳам йўқ эди.
Лекин мен жамоатга сахийлик билан эҳсон беришим кераклигини жуда яхши билардим ва шундай қилдим ҳам. Бир йил ичида ҳаётимда иқтисодий мўъжиза рўй берди. Мен бир йилда банкдаги талабалик кредитимни ёпдим, машинамни янгилаб олиб, унинг ҳам кредитини тўладим, буларни қилганимдан кейин ҳам банк рақамимда яна пул қолганини кўриб, ниҳоятда ажабландим, чунки ҳеч ким менга пул совға қилмаганди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мен уйимга яқин жойдаги кийим дўконлари ёпилиб кетаётганини эшитиб, дарҳол ўша ерга бордим ва жуда арзон нарҳда ўзимга уч–тўрт сидра кийим сотиб олдим.
Агар сиз пулларингизни Исога топширсангиз, У сизнинг манфаатингизни кўзлаган ҳолда иш тутади. Бу эса қалбимизни шодликка тўлдиради.
Одамлар турли мақсадларни кўзлаб, жамоатга келади. Сиз бирон кишидан: “Мен пул бериш учун жамоатга бораман”, деган сўзларни эшитганмисиз? Агар биз юқоридаги оятларга жиддий ёндашмоқчи бўлсак, биз айнан ўша мақсад билан жамоатга борамиз.
4-қоида: Кафиллик берманг.
Кафиллик бериш ҳақида Ҳикматлар китобида кўп огоҳлантиришлар ёзилган:
Ҳикматлар 22:26–27 Бегона билан қўл ташлашма,
ўзганинг қарзига кафиллик берма.
27 Агар ўшанинг қарзини тўлашга ҳеч нарсанг бўлмаса,
ҳатто, тагингдаги тўшагингдан ҳам айрилиб қоласан.
Ҳикматлар 11:15 Бегонага кафиллик қилган кўп жабр кўради,
кафил бўлишдан нафратланадиган эса тинчгина юради.
Ҳикматлар 6:1-5
Ўғлим, ўзгага кафиллик қилиб,
бегона билан аҳдлашган бўлсанг,
2 Ўз тилингдан илиниб,
сўзларинг тузоққа етаклаган бўлса,
3 ўғлим, ўзганинг қўлига тушиб қолибсан,
ўзингни қутқар, бор, тиз чўкиб ёлвор.
4 Ўзингга уйқу берма,
бир сония ҳам дам олма.
5 Овчидан қочган оҳу каби,
беданавоз қўлидан қочган беданадай ўзингни қутқар.
Муаллиф бизни қаттиқ огоҳлантирмоқда. Кафиллик берган одам: “Қарзингизни тўлай олмасангиз уларни мен тўлашга ваъда қиламан”, деб қасам ичган бўлади. Чиқарилган қарор доно ёки аҳмоқона бўлишидан қатъий назар баҳосини кафил тўлайди.
Ўз оилангиз ва дўстларингизга раҳм қилинг. Ҳеч қачон ва ҳеч кимга кафил бўлманг (агар пулингиз ошиб–тошиб ётса, уларни нима қилишни билмасангиз, у ҳолдагина кафил бўлишингиз мумкин).
Дўстингизга кафил бўлишдан бош тортсангиз, унга яхшилик қилган бўласиз. Нега? Чунки сиз унинг аҳмоқона қарорига туртки бўлмайсиз. Кўрпасига қараб, оёқ узатишга уни ундаган бўласиз. Дўстингиз қурби етмаган нарсани сотиб олиши учун нега сиз кафил бўлишингиз керак?
Дўстингиз сизни кафилликка ундаса ҳайрон қолманг. Унинг гапига кирманг, ундан кўра, ўзингизга шундай савол беринг: “Кафиллик бериб, ўз оиламни ва келажагимни хавф остига қўйишим тўғрими?” Охирги ўтказилган тадқиқотларга кўра, кафил бўлган одамлар 50% вазиятларда қарздорнинг ҳамма қарзини ёки қарзнинг қайсидир қисмини тўламоқдалар. Илтимос, бу тузоққа тушиб қолманг.
Мен биринчи марта бу мавзу бўйича дарс берганимда бир ёш қиз ҳўнграб йиғлаб юрборди. Унинг отаси бир дўсти учун кафиллик қилган экан ва эндиликда унинг ҳамма қарзларини тўлаб келаётган экан. Шу сабабдан ўша қиз бўм–бўш, мебели йўқ уйда яшар экан. Ҳа, унинг уйида биронта ҳам жиҳоз йўқ экан. Отаси кафил бўлгани учун банк ходимлари уйидаги барча жиҳозларни олиб чиқиб кетган экан. Қандай даҳшат!
Бир неча йил муқаддам жамоатимиздаги бир йигит машина олмоқчи бўлиб, мендан кафиллик беришимни сўради. Мен ибодат қилиб, бунга рози бўлмадим. Ўша йигит мендан хафа бўлиб, ҳеч қачон гаплашмади. Дўстимдан айрилганим учун хафа бўлдим–у, аммо қароримдан афсусланмадим.
5–қоида: Қарздан қочинг.
Қарзнинг ёмон томони нимада?
Ҳикматлар 22:7 Бойлар камбағаллар устидан ҳукмронлик қилади,
Қарздор қарз берганнинг қулидир.
Қарз сизни банди қиладиган занжирдир. Қул бўлишни истайсизми? Тарихни ўрганиб чиқинг, қулликдан осонликча озод бўлган одамлар борми? Ўзингизни қул қилманг. Қуллик яхши нарса эмас.
Римликлар 13:8 Ҳеч кимдан ҳеч нарса қарздор бўлманглар. Фақат меҳр–муҳаббатни ҳам фарз, ҳам қарз деб билинглар, чунки ўзгани яхши кўрган одам Худонинг қонунини бажарган бўлади.
Биз шахс ҳақида сўз юритмоқдамиз, менинг фикримча бу оятда: ҳеч қачон, ҳеч кимдан қарз олиш мумкин эмас, деб айтилмаяпти. Шунчаки, қарз яхши нарса эмаслиги таъкидланмоқда. Агар сиз қарз олиб, уни қайтаришга ваъда берган бўлсангиз, ҳаммасини, белгиланган пайтгача, охирги тийинигача қайтаринг.
Забур 36:21 Фосиқ қарз олади–ю, қайтариб бермайди,
Солиҳ эса ҳиммат ила инъом қилади.
Агар қарзингизни қайтармасангиз фосиқдан ҳеч фарқингиз қолмайди. Исо Масиҳни, Нажоткорим, деб тан олган инсон имонсиздай иш тутишни ўзига эп кўрмаслиги лозим.
Ҳикматлар 3:27-28 Яхшилик қилиш қўлингдан келса,
Муҳтожлардан ёрдамингни аяма.
28 Ўзингда бор бўлса,
қўшнингга “кечроқ кел”, “эртага бераман”, деб айтма.
Бу оят қарзни қайтариб беришга ҳам тааллуқли. Қўлингиздан келганча, қарзингизни тезроқ тўлашга ҳаракат қилинг. Ахир қарз берувчи шунга лойиқдир.
Эслатма: Муқаддас Китоб қарз олишни ман қилмайди, бироқ олинган қарз келишилган вақтда тўланиши лозимлигини таъкидлайди. Қарз ёки кредит олган масиҳийлар пулни вақтида тўлашлари шарт. Агар сиз қарзни тўлай олмаслигингизни билган ҳолда қарз олмоқчи бўлсангиз, билингки, Худонинг иродасига қарши иш қилмоқдасиз.
Билиб қўйинг: қарзингиз бўлса иложи борича тезроқ ундан қутулинг.
6–қоида: қимор ўйнаманг.
Нима сабабдан масиҳийлар қиморга тиш–тирноғи билан қаршилар?
1–сабаб
Колосаликлар 1:16–17 Худо бутун борлиқни Масиҳ орқали яратган.
Еру кўкдаги бор мавжудот,
Кўринадиган ва кўринмайдиган ҳар бир нарса,
Ғайритабиий кучлар, тахту салтанатлар,
Буларнинг ҳаммаси Масиҳ орқали,
Унинг Ўзи учун яратилгандир.
17 Масиҳ бутун борлиқдан олдин мавжуд эди,
Бутун борлиқ У туфайли мустаҳкам турибди.
Қимор Худонинг табиатига буткул зиддир.
Муқаддас Китоб Худоси олий Ҳукмдордир. У мавжуд борлиқ устидан ҳукмронлик қилади. У ҳамма нарсани назорат қилади. Барча замонлар воқелигини бошқаради. Ҳеч нарса уни ҳайратга солмайди. У ҳамма нарсани донолик билан қилади. Ҳеч бир ҳаракати беҳудага кетмайди. Ҳар бир ҳодисот ортида туради.
Ёки Худо ҳукронлик қилади ва барча нарса Унинг назорати остидадир, ёки Худо ҳукмронлик қилмайди ва ҳеч нарсани назорат этмайди. Бир пайтнинг ўзида иккови ҳам рўй бермайди.
Муқаддас Китобга кўра Худо ҳукмронлик қилмоқда ва барча нарса Унинг назорати остида, бутун коинот илоҳий қонун–қоидаларга тобедир.
Ҳаётимда рўй берган баъзи нарсалардан мен хафаман.
Ҳаётимда рўй берган баъзи нарсаларни мен асло тушунмайман.
Ҳаётимда рўй берган баъзи нарсалар мени саросимага солади.
Бироқ муҳим бир ҳақиқатни биламан – Худо ҳаётимдаги барча нарсани назорат қилади.
Вақти келганда мен осмонга Худонинг ҳузурига борганимда ҳаётимдаги ўзим тушунмаган кўп ҳодисотлар ҳақида Худога саволлар бераман, лекин бир нарсани аниқ биламан, Худонинг берган барча жавобларидан ўзимда йўқ қувонаман.
Шуни аниқ биламанки, ҳаётимда содир бўлган ҳамма нарса, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар, Худодан келган, ўша ҳодисотга Унинг қўли изи тушган.
Энди эса қиморга эътибор берайлик. Қимор қарорга эмас, балки омадга, толега асосланган.
Қиморга мавжуд бўлмаган омад худосининг қўли изи тушган.
Қимор бутпарастлик билан тенгдир. Шу сабабдан Худога муносиб иззат–ҳурмат кўрсатган ҳолда биз қимордан воз кечомоғимиз шарт.
Нима сабабдан масиҳийлар қиморга тиш–тирноғи билан қаршилар?
2–сабаб
1Тимўтий 6:9–10 Бойликка ўч бўлганлар эса васваса тузоғига тушадилар, улар кўп бемаъни ва зарарли ҳавасларга берилиб, ҳалокат гирдобига ғарқ бўладилар. 10 Пулпарастлик ҳар қандай ёмонликнинг негизидир. Мана, баъзилар бойлик кетидан қувиб, имондан қайтиб кетдилар ва ўзларини кўпгина азобларга дучор қилдилар.
Кўп йиллар давомида отамнинг пулпараст бир дўсти бор эди. У оиласи билан бизнинг уйимизга тез–тез келиб турарди. Бир куни улар бизникига келишганда, болалари қаергадир ғойиб бўлиб қолишди. Хонамга кирсам, кенжа ўғли хонамдаги шкаф тортмаларини титкилаётган экан.
Мен унга: “Нима қиляпсан?” дедим. У ҳеч нарса бўлмагандай: “Пул излаяпман”, деб жавоб берди. Бу бола отасидан пулпарастликни жуда яхши ўрганиб олган экан.
Қимор инсонда пулпарастликка иштиёқни уйғотади.
“Бахтли бўлишим учун керак бўлган ягона нарса – пул. Менга вақт талаб қиладиган ўқиш, тартиб–интизом керак эмас, мураккаб муносабат санъатини ўзлаштиришни истамайман, қийналишни ҳам хоҳламайман. Ҳаётимда пул мен учун доим биринчи ўрин эгаллайди, у қанча кўп бўлмасин, бари бир яна кўпроғига интиламан.”
Қимор пулпарастликни уйғотади. Бойликка ружу қўйиш жонига қасд қилиш билан баробар.
Пулпараст бир одам шундай деган эди: “Пулпарастлик яхши ва тўғридир. У инсоннинг руҳияти билан ишлайди, уни забт этади, парча–парча қилади, унинг ички борлиғини ўз оғушига олиб, асир этади. Пулпарастлик ҳаётнинг барча соҳаларида, меҳнатда ва моддиятда инсониятнинг юксак интилишларини ўзида касб этади.”
1Тимўтий 6:10–оятнинг иккинчи қисмига қаранг
Пулпарастликка берилган одам жамоатда узоқ қолмайди.
Шу сабабдан ҳам масиҳийлар пулпарастлик иллатига қаршилар.
Нима сабабдан масиҳийлар қиморга тиш–тирноғи билан қаршилар?
3–сабаб
Қимор одамларни бир–бирига қарши қилиб қўяди.
Янги Аддаги “бир–бирингизни” деган сўзлар билан бошланган амрларни эслай оласизми? (Бир–бирингизни севинглар, бир–бирингизни кечиринглар, бир–бирингиз учун ибодат қилинглар, бир–бирингизга далда беринглар ва ҳоказо).
Янги Аҳдда бир–бирингизни ўмаринглар, деб ёзилмаган. Қимор эса айнан шу ишни қилади. Қимор инсонларда хислатларни эмас, иллатларни уйғотади.
Сўроқлаш натижасида шу аниқландики, қимор кўпроқ ёши катта одамлар орасида ривожланган экан.
Казинолар учун қимор ўйинларини ишлаб чиқарадиган саноат атайин ёши катта одамларни жалб қилишга ҳаракат қилади. Нима сабабдан казинолар одамларга тўлиб тошади? Чунки ёлғиз қолган одам қимордан таскин топгандай бўлади, ва кўпроқ ёши катта одамлар бу тузоққа илинади.
Лекин таёқнинг бошқа учини ҳам унутмайлик:
“Қимор саноати кўплаб видео ўйинлар орқали бўлажак клиентларини ҳозирданоқ тайёрламоқда.”
Қиморга майиллик худди гиёҳвандлик моддалари ва спиртли ичимликларга бўлган майиллик каби шаклланади. “Қимор шаҳват каби инсоннинг қонини қиздиради. Бироқ инсонга ҳаёт бахш этиш ўрнига уни ҳалокат домига тортади.”
Бир–биримизнинг ҳаётимиз билан самимий қизиқиб, иштирок этар эканмиз, қимордан буткул воз кечишимиз керак. Шундай эмасми?
Учинчи сабаб шу эди.
Нима сабабдан масиҳийлар қиморга тиш–тирноғи билан қаршилар?
4–сабаб
Қимор ҳаётимиздаги Худонинг мақсадини йўққа чиқаради.
Худо инсонни Ўз суратида яратган.
Шундай экан, биз ўз қўлларимиз билан меҳнат қилмоғимиз даркор.
Худо Мусо пайғамбарга берган ўнта амрдан тўртинчисида шундай ёзилган:
Олти кун мобайнида меҳнат қилиб, ҳамма ишингни бажар.
Жуда қизиқ нарса шуки, Эски Аҳд даврида яҳудийларда шундай бир гап бор эди: “Агар сен ўғлингга савдони ўргатмасанг, унга ўғрилик қилишни ўргатган бўласан.” Бошқача қилиб айтганда, яҳудийлар маданиятида оталарнинг бирламчи вазифаси фарзандларига Муқаддас Китоб ақидаларини ўргатиб, уларни амалда бажариш эди.
Эфесликлар 4:28
Олдин ўғри бўлган энди ўғрилик қилмасин, балки ишласин, ўз қўллари билан меҳнат қилсин. Шунда муҳтожларга ҳам топган–тутганидан бера олади.
Ялқовлик қилманг. Қўлингиздан келганча, меҳнат қилинг.
2Салоникаликлар 3:10 Ахир, сизлар билан бўлганимизда: “Ишламаган тишламайди!” деб айтган эдик–ку!
Агар одам ишламаса, у емаслиги ҳам керак.
Ишёқмас одамни боқиб, унинг қорнини тўйғазиш сизнинг мажбуриятингиз эмас!
Ҳикматлар 12:11 Ерга ишлов берган тўйиб нон ейди,
бекор нарсани кўзлаган эса ақлсиздир.
Балки сиз Протестантларнинг меҳнат одобномаси ҳақида эшитгандирсиз. Бошқача қилиб айтганда, масиҳийлар меҳнат севарлиги билан ном чиқарганлар. Қимор эса меҳнатга умуман зид бўлиб, меҳнатни таҳқирлайди.
“Қиморбознинг қонини қиздирадиган нарса бу – меҳнат қилмай, тер тўкмай, пул тежамай, уни тўғри тақсимламай осон йўл билан катта пул эгасига айланиш фикридир. Қимор осон пул топишни ўргатади. Қиморбоз осон пул шинавандасидир.”
Ҳикматлар 12:11–оятнинг иккинчи сатрига кўра, қиморбоз бекор нарсани кўзлайди, у меҳнат қилишни ёқтирмайди.
Тўғри, қиморда ҳам кўп пул топган одамлар бор, аммо сиз бирон марта қимор туфайли бор нарсасини йўқотган одамларни ҳисоблаб кўрганмисиз?
Ҳақиқатга тик боқинг:
Масалага самимий ёндашинг; қимор – меҳнатга зиддир, зеро қимор – меҳнат билан топилганни совуради. Қимор меҳнатга бўлган муносабатингизни ва ўзингизга бўлган ҳурматингизни кўрсатади.
“Исо Масиҳ Маъбад деворидан пастга сакраб оламшумул шуҳратга эришиши мумкин эди. Аммо У бундай қилмади. Унинг хочга бўлган йўли осон кечмади, ўша заҳмат йўли лотерея чипталарига эмас қонга беланган эди. Қадрли нарсаларга лотерея орқали эмас, заҳмат орқали эришилади.”
Меҳнатни қадрланг. Осон йўл билан пул топишни ваъда берган одамлардан ва ташкилотлардан эҳтиёт бўлинг.
“Қимор бизга пул топишнинг осон йўлини таклиф қилади”, аммо алданманг. Қимордан воз кечишнинг 4–сабаби ҳам шудир.
Нима сабабдан масиҳийлар қиморга тиш–тирноғи билан қаршилар?
5–сабаб
Ҳикматлар 28:27 Камбағалга берган одам кам бўлмайди,
кўриб–кўрмасликка олган эса кўп лаънатга учрайди.
Қимор – камбағалларга ҳеч нарса бермайди. Аксинча уларни аёвсиз талон–тарож қилади. Муқаддас Китобда камбағаллар ҳақида кўп ёзилган, Худонинг Ўзи уларга ғамҳўрлик қилади, камбағалга ёрдам берган инсонга ҳам Худо баракат беради. Аммо статистика рақамларига эътибор берадиган бўлсак, камбағаллар фоиз жиҳатидан бойлардан кўра, қиморга кўпроқ пул тикишар экан.
Айрим лотерея чипталарининг орқа томонида, лотереядан тушган маблағ мактаб фондига ажратилиши ҳақида ёзилади. Камбағаллардан ёлғон йўл билан тортиб олинган пулни шунга ишлатиш арзийдими?
Баъзи чет давлатларида казинолардан тушган солиқ пули камбағал маҳаллаларни ободонлаштириш учун ишлатилади. Ўша маҳаллаларга катта қилиб “Казинода ютказган пулингиз шу ерда”, деб ёзиб қўйшади. Қандай риёкорлик!
Ўша давлатларнинг ўзи бундай риёкорликни қўллаб–қувватлашади.
Камбағал одамларнинг муаммолари шусиз ҳам бошидан ошиб ётибди.
Уларга фақат қиморбозликка ружу қўйиш етишмай турибди. Қимордан воз кечишнинг 5–сабаби ҳам шу.
Нима сабабдан масиҳийлар қиморга тиш–тирноғи билан қаршилар?
6–сабаб
Қиморнинг оқибати қандай бўлиши билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?
Аноним Қиморбозлар Уюшмаси аъзолари ўзларини АА деб аташади, улар қиморбозларга бу иллатдан озод бўлишга ёрдам беришади.
Уюшма аъзоларининг сўроқномасига кўра, қуйидаги рақамлар келтирилди:
44% қиморбозлар қимор ўйнаш учун ишхонадан пул ўғирлар экан.
34% ишдан ҳайдалган.
26% турмуш ўртоғи билан ажрашган.
21% ҳеч вақосиз қолган.
18% қимор туфайли қамоққа тушган.
Шуларга қарамай, кўп давлатларда қиморбозлик иллати давлат кўмаги билан одамларда ривожлантирилмоқда.
Қиморга йўл очиб берган давлатлар ўз фуқароларига нисбатан хоинлик қилган бўлади.
Агар сиз давлат томонидан рухсат берилган казинолар бор шаҳарларга борсангиз, у ерда
жиноятнинг ривожланганини,
банкрот ҳолатлари кўплигини,
ажралиш ва
жонига қасд қилишлар сони кўплигини кўрасиз.
Казинолар йўқ шаҳарларда бу кўрсатгичлар анча паст.
Жамоат қимордан келган пулни олиши мумкинми?
“Оилаларни бузадиган, одамларни жонига қасд қилишга ундайдиган, жиноятни кўпайтирадиган, меҳнатни таҳқирлайдиган, жамиятни ичидан емирадиган иллатдан келган пулни Масиҳнинг жамоати баракат сифатида қабул қилиши мумкинми?”
Асло! Жамоат бундай пулдан воз кечиши керак.
Қиморнинг ижтимойи баҳоси ниҳоятда баланддир – қимордан воз кечишнинг 6–сабаби ҳам шудир.
Нима сабабдан масиҳийлар қиморга тиш–тирноғи билан қаршилар?
7–сабаб
1Коринфликлар 4:2 Биздан талаб қилинган нарса ишончли бўлишдир..
Қимор – пулни тўғри идора қилишнинг дастлабки қоидасини бузади. Зеро, бу дунёда ҳеч нарса бизга қарашли эмас. Ҳамма нарса Худоникидир. Биз шунчаки пулни вақтинча идора қиладиган бошқарувчилармиз, холос. Худо маълум бир вақтга ҳар биримизга бор нарсамизни берган.
Тасаввур қилинг охиратда жаноб Масиҳий Худонинг олдида туриб шундай деб айтса: “Эҳа, Сен менга берган пулми? Уларнинг ҳаммасига лотерея сотиб олган эдим. Лекин лотереяга ҳеч нарса чиқмади. Ё Раббий, мендан ўша пулни сўраб нима қиласан, ахир, у пул Сен учун ҳеч нарса эмас–ку?!”
Қандай қилиб масиҳий одам ўзига тегишли бўлмаган пулга лотерея ўйнаши мумкин?
Бу 7–сабаб эди.
Нима сабабдан масиҳийлар қиморга тиш–тирноғи билан қаршилар?
8–сабаб
Қимор ўйнаш қуръа ташлаш билан бир хил нарса эмас.
Муқаддас Китобда биз бир неча марта қуръа ташлангани ҳақида ўқиймиз. Одатда қуръа ташлашдан муҳим қарорлар чиқаришда фойдаланиларди. Мисол учун, ўғрини топиш, бўрон пайтида айбдорни аниқлаш (Юнус пайғамбарнинг вазиятида), Яҳудо Ишқариёт ўрнига мос келадиган шогирдни танлаш (Матитиё вазиятида).
Тушундингизми? Қуръа ташлашда пул умуман аралашмаган. Ҳозирги пайтда қуръа ташлашни – олинадиган шартли белги, яъни чўп тортишга ўхшатса бўлади.
Демак, қимордан воз кечишнинг 8 та сабабини кўриб чиқдик.
- Қимор Худонинг табиатига зиддир.
- Қимор пулпарастликка олиб келади.
- Қимор одамлар орасида адоват уруғини сепади.
- Қимор ҳалол меҳнатни таҳқирлайди.
- Қимор камбағалларни талон–тарож қилади.
- Қимор юксак ижтимоий баҳони талаб этади.
- Қимор пул идора қилишнинг бирламчи қоидасини бузади.
- Қимор қуръа ташлашдан фарқ қилади.
Қимор зафардан эмас, мағлубиятдан наф кўради. Оқибатда инсон:
Ўзини ҳурмат қилмай қўяди,
Ишёқмас бўлиб қолади,
Оиласидан маҳрум бўлади,
Бор пулини йўқотади,
Яқинлари билан муносабати бузилади.
Агар сиз биров ҳақида: “Саратонга чалиниб қолди”, деган гапни эшитсангиз, демак, кейинги янгилик: бемор операция бўлди ёки кимётерапия олиб, саратон ҳужайралари йўқ қилинди, деган гапни эшитасиз. Билиб қўйинг, қимор ҳам саратон каби ҳавфли иллатдир. Ундан дарҳол кесиб ташлаш, орамиздан йўқ қилиш керак.
7–қоида: Реклама қаноатланиш ҳиссидан сизни маҳрум қилмасин.
Филиппиликлар 4:11 Буларни муҳтожликдан айтаётганим йўқ, чунки мен ҳар қандай шароитда борига қаноат қилишга ўргандим.
Худо сизга берган нарсалар билан қаноат қилишни ўрганинг, шунда сарф–ҳаражатларингиз анча камайганига гувоҳ бўласиз.
Масиҳийнинг бирламчи вазифаси художўйлик ва қаноатланиш хислатларини ривожлантиришдан иборат. Зеро, бойлик кетидан қувиш одамни тинчликдан маҳрум қилади.
Юқоридаги оятга эътибор беринг. Одам қаноат қилишга ўрганади. Қаноатланиш ҳаётимиз орқали бераётган гувоҳлигимизнинг муҳим бир қисмидир, шу сабабдан шайтон айнан шу хислатга турли рекламалар орқали ҳужум қилади.
Рекламанинг асосий мақсади одамда бор вазиятдан норозиликни келтириб чиқариш. Сизда охирги модель телефонингиз йўқми? Демак, ортда қолибсиз. Нега ўтган йилги, модадан қолиб кетган кийимларни кийиб юрибсиз? Бу кийимда жозибали эмассиз.
Рекламачилар ҳаётимизни бошқаришга ҳаракат қиладилар, бизга нима сотиб олиш керагу нимани сотиб олмаслигимизни айтадилар. Реклама бизни эсанкиратиб қўяди, ҳаракатларимизни бошқаришга уринади. Ичимизда нафсимизни қўзғатади. Бизни программалаштиради. Биз унга қарши тура олишимиз керак, фақат Худонинг Каломига бўйсунишимиз шарт.
Сиз чиройли, модага кўра, кийинганингиз учунгина дўстларингиз сизга дўст бўлса, унақа дўстларнинг умуман кераги йўқ.
1 Юҳанно 2:15–16 Дунёга ва ундаги нарсаларга кўнгил боғламанглар. Дунёни севган одамда Отамиз Худонинг севгиси бўлмайди. 16 Зеро, дунёдаги бор нарса — инсон табиатининг хоҳишлари, нафс ва бойлик билан мағрурланиш Отадан эмас, балки дунёдандир.
Барча масиҳийлар бор нарса билан қаноат қилишни ўрганишлари керак. Инсоннинг чин хотиржамлиги –қалбида Ким яшаганига боғлиқдир, чўнтагида қанча пул борлигига эмас.
“Муқаддас Китоб ақидалари бўйича яшаган инсоннинг ҳаёти, уни ўраб турган бошқа одамларнинг ҳаётидан, уларнинг қадриятларидан буткул фарқ қилади. Зеро, бундай инсон реал воқеликка бошқача кўз билан қарайди.”
Пулларимизни нафсимиз эмас, Худо бошқаришига йўл қўялик.
8–қоида: нафсни эҳтиёж билан адаштирманг.
Филиппиликлар 4:19 Худойим Ўзининг ажойиб бойлиги билан Исо Масиҳ орқали сизларнинг ҳар бир эҳтиёжингизни қондиради.
Худойим барча эҳтиёжларингизни қондиради, нафсингизни эмас. Сизга керак бўлмаган нарсалардан қочинг. Мен кўп нарсани хоҳлайман. Лекин уларнинг ҳаммаси менга керак эмас.
1Tимўтий 6:6-10 Тўғри, художўйликдан фойда катта, қачонки биз бори билан қаноатлансак. 7 Ахир, биз бу дунёга ҳеч нарса олиб келмадик ва ундан ҳеч нарса олиб кета олмаймиз. 8 Қорнимиз тўқ, устимиз бут бўлса, шулар билан қаноат қилайлик. 9 Бойликка ўч бўлганлар эса васваса тузоғига тушадилар, улар кўп бемаъни ва зарарли ҳавасларга берилиб, ҳалокат гирдобига ғарқ бўладилар. 10 Пулпарастлик ҳар қандай ёмонликнинг негизидир. Мана, баъзилар бойлик кетидан қувиб, имондан қайтиб кетдилар ва ўзларини кўпгина азобларга дучор қилдилар.
1Тимўтий 6:17-19 Бу дунёда бойлик топган биродарларга айт, мағрурланмасинлар, бевафо бойликка умид қилмасинлар. Аксинча, умидини Худога боғласинлар. Худо бизга ҳамма нарсани хурсанд бўлишимиз учун саховат билан беради. 18 Уларга буюр, яхшилик қилсинлар, хайрли ишларга бой, сахий, очиқ қўл бўлсинлар. 19 Шунда улар асл хазина тўплаб, келгуси дунё учун ўзларига мустаҳкам замин яратган бўладилар, ҳақиқий ҳаётга эришадилар.
Maтто 6:33 Сизлар аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродасини бажариш пайида бўлинглар, шунда қолган ҳамма нарса сизга берилади.
Агар масиҳийлар Худони ҳамма нарсада биринчи ўринга қўйишса, Худонинг Ўзи уларга керакли барча нарсани етказиб беради.
9–қоида: Тежамкор бўлиб, пул йиғинг
Аниқлик киритмоқчиман: Мен бу ерда пул йиғишга муккасидан кетишни назарда тутмаяпман.
Пул йиғишга муккасидан кетган одамлар ўта зиқна бўладилар, улар уюм–уюм қилган пулларини ҳеч нарсага сарф қилмайдилар. Мен пул йиғиш деганда – белгиланган миқдордаги пулни тежаб, уни келгуси кутилмаган эҳтиёжлар учун олиб қўйишни назарда тутяпман. Токи шундай вазият туғилганда бошқалардан қарз олиш учун эҳтиёж қолмасин.
Ҳикматлар 21:20 Дононинг уйида ёғ ҳам, энг яхши нарсалар ҳам бор,
Ақлсиз эса уни сарфлаб юборади.
Ҳар қандай аҳмоқ одам тежалган пулни тез ишлатиб юбориши мумкин. Доно киши эса пулни тежаш кераклигини тушунади. У доим қийин вақтлар учун пул олиб қўяди, уни тежаб ишлатади.
Ҳикматлар 6:6 – 11
Эй танбал, чумолиларга қара,
уларнинг хатти–ҳаракатларини кўриб доно бўл.
7 Уларнинг на раҳбари,
На назоратчиси, на ҳукмдори бор.
8 Лекин улар ёзда озиқ тўплашади,
Ўрим пайтида дон–дун йиғишади.
9 Сен–чи, танбал, қачонгача ухлайсан?!
Қачон ўрнингдан турасан?
10 “Бир оз ухлай, бир мизғиб олай”, дейсан.
11 Шунинг учун қашшоқлик йўлтўсардай,
муҳтожлик қароқчидай устингга келади.
Наҳотки мен зиғиртаккина чумолидан ҳам сабоқ олишим мумкин бўлса?
Албатта.
Бу ердаги кинояни пайқадингизми?
Муаллиф бизга ёш, нотавон болага мурожаат қилгандай мурожаат қилмоқда, у ҳаттоки чумолини бизга намуна қилиб келтирмоқда.
Агар чумоли ёздан ўзига озуқа тўпласа, биз ҳам шундай қилишимиз керак эмасми?
Луқо 12:18-19
Ниҳоят, у шундай дебди:
— Энди бундай қиламан: омборларимни бузиб, каттароқларини қураман. Ҳамма дон–дунларимни, бойликларимни ўша ерда сақлайман. 19 Шунда ўзимга–ўзим дейман: “Кўп йилларга етадиган мол–мулк тўпладим. Энди роҳатланаман, еб–ичаман, кайфу сафо қиламан.”
Фақат ўзи учун бойлик тўплайдиганлар нодондирлар, уларда Худонинг донолиги йўқ.
Аммо тежамкорликнинг фойдаси катта. Масиҳий тежамкор бўлишни ўрганиши керак. Ҳар куни озгинадан бўлса–да пул олиб қўйишни ўрганиши керак.
10–қоида: Мол–мулкингизни яхши бошқарадиган бошқарувчи бўлинг.
Ҳикматлар 27:23-24 Қўйларингнинг аҳволини яхши бил,
подаларингга яхши қара.
24 Чунки бойлик ҳам, тож ҳам абадий эмас.
Мол ва қўйлар чорвадорнинг асосий бойлигидир. Ўз бойлигингиз нимадалигини билинг, уларни нимага сарф қилаётганингизга эътибор беринг. Агар сиз ўз бойлигингизни тўғри идора қилмасангиз, эртами–кечми у бошқаларнинг қўлига тушиб қолади.
Иккита маслаҳат: сарф–ҳаражатларингизни ёзиб боринг, бюджетингиз бўлсин. Ўшалар ёрдамида сиз муаммоларни аниқлаб оласиз. Огоҳ бўлинг: пулга нисбатан тартибсизлик шахсий ва оилавий можароларга олиб келади.
Намунали оят билан бу муҳокамага якун ясамоқчиман:
Шахсий пулимни қай тарзда идора қилишим муҳим эмас, деб ўйлаган одам хато қилади.
Зеро, Луқо 16:11 да шундай ёзилган:
Агар сизга бу дунёнинг бойлигини ишониб топшириб бўлмаса, ким сизга ҳақиқий бойликни ишониб топширади?!
Ҳаётимизнинг моддий томони руҳий томонига бевосита боғлиқдир. “Биз назарий томондан ўта диндор, моддий томондан эса ўта либерал бўла олмаймиз”. Худо бизни олдиндан огоҳлантириб қўйди: агар биз бу дунёнинг бойлигида бевафолик қилсак, ҳеч ким бизга ҳақиқий бойликни ишониб топширмайди. “Ердаги бойликни тўғри идора қилмаган одам Осмон Шоҳлигида мукофот олмайди. Агар сиз бойлигингизни Худонинг шоҳлигини кенгайтиришга, Хушхабар етказишга, шогирдлар орттиришга сарф қилмасангиз, Худо ҳам сизга ҳақиқий бойликни бермайди. Фақатгина садоқатли одамлар абадий мукофотга лойиқдирлар.”
Бу сўзларни эшитиш осон эмас, бироқ умид қиламанки, улар сиз учун туртки бўлади ва сиз вақтни бой бермай, 1–қоидани амалда қўллашга киришасиз.
.