Aзадорлик
“Унинг жони узилди.”
Мен бу учта сўзни эшитишим биланоқ, гўшакни осдим–да ерга ўтириб, ҳўнграб йиғладим.
Менга далда берувчи мунис сирдошим, қалбим устуни, доно маслакдош устозим вафот этди.
Кейинги кунлар хотирамда абадий муҳрланиб қолди. Жаназа, дафн маросими, таъзиялар юрагимни қон йиғлатди. Ўша вақт давомида менинг бутун эътиборим тобутдаги марҳумада эди. Тобут. Қалбим устуни тобутда ётар эди. Яқин одамларим олдимга келиб, таскин сўзларини айтмоқчи бўлишарди, бир онга эътиборим тобутдан узиларди, мен эса уларга қараб, базўр жилмайиб қўярдим. Бошимни ирғатиб уларнинг кетишини кутардим, сўнг яна тобутга тикилардим.
Ҳаммаси мен учун гўёки туш эди. Мен ҳаётимда биринчи марта ўлим билан юзлашдим. Бунга тайёр эмасдим. Бунинг учун одам тайёр бўлиши мумкинми?
Дафн маросимидан кейинги ҳафта ва ойларга назар ташласам аниқ бир жараённи кўра оламан:
- Ишонмаслик. Яқин дугонам ва устозимнинг вафотидан кейин бир ой давомида мен эрталаб 6:45да гўшакни кўтариб, унга қўнғироқ қимоқчи бўлардим (чунки ҳар куни шу пайтда мен унга қўнғироқ қилардим), қўнғироғимга ҳеч ким жавоб бермагач, бу дунёда у энди йўқлигини тушунардим. Кечқурун 17:15ларда телефоним жиринглаб қолса (дугонам одатда айнан шу пайтда менга қўнғироқ қиларди), дугонамнинг овозини эшитмоқчи бўлиб, шошилганча қўнғироққа жавоб берардим, бироқ бошқа одамнинг овозини эшитиб, ҳафсалам пир бўларди. Бутун ҳаётим давомида “у доим мен учун таянч бўлиб келди/ҳаётимни тираб турган устун эди мен учун”. Бир кун келиб эса у йўқ бўлди, қайтиб келмайдиган жойга равона бўлди. Аммо менинг миям буни қабул қилишни истамасди. Охир–оқибат бу ҳақиқатни ичимга сингдириб олганимдан кейин, жарённинг навбатдаги қисми бошланди ……
- Ғазаб. НЕГА У СОҒЛИҒИГА ЭТИБОРСИЗ БЎЛДИ? НЕГА ЯХШИРОҚ КАСАЛХОНАДА ЎЗИНИ ТЕКШИРТИРМАДИ? НЕГА? НЕГА? НЕГА? Лекин бу саволларни мендан бошқа ҳеч ким эшитмасди ва уларга жавоб келмасди. Бу жараён қанча вақт давом этганини аниқ билмайман, тахминан бир неча ҳафта бўлса керак. Бу саволлар тинкамни қурутиб юборди, миям портилаб кетадигандай бўларди…сўнг навбатдаги қисм бошланди…
- Тушкунлик. Бефарқлик. Мени нима қилаётганимни билмасдим, зулматда юргандай бўлардим, бошим гангиб қолгандай эди. Қарийб бир йил давомида мен шунчаки нафас олиб юргандай эдим, тўғри вазифаларимни бажарардим, лекин ҳаётга ва одамларга умуман қизиқишим қолмаган эди. Мен қаерга бормайин, худди ёнимда катта қора бир бўшлиқ борлигини сезардим, ўша бўшлиқ қадрдон устозимни ютиб юборгандай туюларди, устозим билан бирга қувонч ҳам ҳаётимдан ғойиб бўлди. Ҳеч нарса менга хурсандчилик келтирмасди. Атрофимни ўраб турган зулмат ниҳоятда қуюқ эди. Мен ичимдаги дардимни ва менга тинчлик бермаётган ўй–хаёлларимни бошқаларга айтишга ҳаракат қилардим, аммо бу менга ёрдам бермасди. Қалбимдаги қайғу тўфони тинчланиши ва жудолик азоби енгиллаши учун менга вақт керак эди. Кейин……
- Ҳаётимга нур кириб келди. Атрофимдаги зулмат ёриша бошлади. Бир куни мен дўстларим билан вақт ўтказганимда, устозим билан бўлиб ўтган қулгули бир воқеани эсладим. Мен жилмайиб, кулиб қўйдим. Устозимнинг вафотидан кейин бу биринчи бор кулишим эди. Шу онда зулмат ва бефарқлик даври ортда қолганини тушундим. Шунди фаҳмладимки, мен умр бўйи аза тутиб, зулматда яшашимни устозим асло истамаган бўларди. Ишончим комилки, агар у менинг бу ҳолатимни кўрганида эди орқамга бир тепиб: “Ҳаётдан завқ олсангчи!” деб айтган бўларди. Тўғри, устозим учун заминий вақт тўхтаган эди, бироқ мен учун ҳали тўхтагани йўқ. Тушкун кайфиятим устозимга ҳеч қандай шараф келтирмасди. Шу боис, МЕН ТУШКУНЛИККА НУҚТА ҚЎЙИШИМ КЕРАК ЭДИ! Агар мен устозимга шараф ва ҳурмат келтирмоқчи бўлсам, доим унинг хотирасини қалбимда сақлашим керак. Ҳаётимда очилган янги саҳифани эса донолик билан, самарали тарзда ўтказишим керак. Устозимнинг бу сўзларни айтаётган овози худди қулоғимда жаранглагандай бўларди. Бунга асло шубҳам йўқ эди.
Ўшандан бери нурда яшаб келмоқдаман, ҳаётга ижобий ёндашув менга кўп ёрдам берди.
Азадорлигим ва тушкунлигим даврида Худо қаерда эди? Наҳотки мен Худодан дарғазаб бўлган бўлсам? Асло. Мен жамоат йиғилишларини қолдирмасдим, ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиб, ибодат қилардим. Устозим ўлганида Худонинг донолигига гумон қилдимми? Йўқ. Худо олисда, деб ҳис қилармидим? Ҳеч ҳам. Мен шунчаки ўлимнинг бешафқатлигига лол қолган эдим, у бераҳмларча мени қадрдон дўстимдан жудо қилганига, ҳаётимни энг кўп шакллантирган яқин устозимни бағримдан юлиб олиб кетганига ҳайрон қолган эдим.
Азадорлик борасида айрим кузатувларим:
Яқин одамимиздан жудо бўлганимизда ниҳоят даражада таъсирчан бўлиб қоламиз. Бунга эътиборли бўлинг, шайтон қалбингизни асир қилиб қўймасин! “Агар азадорлик даври чўзилиб кетиб, чеккан қайғумиз дарғазабликка айланса, демак жудолик азоби йиринг боғлаб, ҳалокатли оғуга айланган. Шу боис, биз доим қалбимизни тафтиш қилишимиз керак, жудолик ҳис–туйғулари бизни гуноҳга асло бошламасин. Исо бундай ҳис–туйғуларнинг қурбони бўлмаган, биз ҳам уларнинг қурбонлари бўлмайлик.”
Дафн маросимлари сунъийдир. Сиз яқин одамингизнинг вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитганингиздан, то у одам дафн этилгунча, атрофингизда қариндош–уруғларингиз, дўстларингиз, қўни–қўшниларингиз бўладилар. Улар сизга эътибор беришади, овқатлар олиб келишади, сизни қучоқлашади, юпатишади. Бироқ вақти келиб, ҳаммаси уй–уйига, кундалик ташвишларига қайтишади……. Сиз эса ҳаётингизда ҳосил бўлган катта бўшлиқ билан ёлғиз ўзингиз қоласиз. Ушбу янги воқелик сизни қаттиқ изтиробга солади. Ҳижрон азоби ғоят кучли бўлади.
Дафн маросимидан кейин бир–икки кун ўтгач, бир ҳамкасабам менга таъзия билдиргандан кейин, шундай деди: “Ҳаёт давом этмоқда”. ЙЎҚ, МЕНИНГ ҲАЁТИМ ТЎХТАБ ҚОЛГАН ЭДИ. Юқорида айтиб ўтилган аза жараёни мен учун энди бошланган эди. Мен жудолик изтиробида ёнардим, боши берк кўчага кириб қолгандай, ҳеч қандай умид кўрмасдим. Ҳаётим изидан чиқиб кетгандай эди. Ҳамкасабамнинг сўзлари юрагимга қаттиқ ботди, гўёки мен аза тутишга ҳақли эмасдай ўзимни сездим. Ҳамкасабам бу сўзларни яхши ниятда айтган бўлса керак, лекин бу сўзлар қалбимни ёмон тирнади.
Дафн маросимидан кейин дўстларим билан кўришадиган бўлсам, уларнинг гаплари менга ноўриндай туюларди. Тўғри, дўстларимнинг менга жони ачирди, улар менга таскин беришга ҳаракат қилишарди. Лекин бирга ўтказган вақтимиз қандайдир нўноқ бўлиб ўтарди. Улар менга нима деб айтишни билишмасди. Дўстларимиздан мен биринчи бўлиб яқин одамимдан жудо бўлган эдим. Шунинг учун дўстларим ичимдан нима ўтаётганини яхши тушуна олишмасди ва уларнинг бунда ҳеч қандай айби йўқ эди. Бугунги кунга келиб, жудолик азоби нима эканини ҳаммамиз жуда яхши биламиз ва бундай вазиятга тушган одамни тушуна оламиз.
Азадорлик ниҳоятда шахсий масала. Устозимнинг менга бўлган муносабати ўзгача эди. У ҳақидаги хотираларим бошқаларникидан фарқ қиларди. Устозимнинг ҳаётидаги ҳар бир инсон шу сўзларни айта олади. Биз яқин дўстларимиз билан бирга ўтириб, устозимни хотирлаганимизда ўртага сукунат чўкади, зеро ҳар биримиз ушбу инсон ҳақидаги хотираларни жуда қадрлаймиз. Устозим ҳар биримиз учун ниҳоятда қадрли ва бебахо инсон эдилар.
Дафн маросимидан кейин мен ишга боришим керак эди. Солиқ тўлаш вақти келган эди. Ҳеч ким мен учун солиқ ҳужжатларимни тайёрлай олмасди. Буларни мен ўзим қилишим шарт эди. Бу каби вазифаларни бажариш аза даврида менга кўп фойда берди. Тўғри, қайғуни инсон ичига ютиши керак эмас. Лекин азадорлик пайтда ишхонага бориб келишим ва зиммамдаги вазифаларни бажаришим мени оз бўлса–да чалғитарди ва тушкунликдан вақтлироқ чиқишимга менга ёрдам берди. Донишманд Худойимиз ишни ҳам бизга инъом этиб берган.
Азиз инсоним ўлганидан кейин бир йил давомида катта байрамлар пайтида унинг ёқлиги ёмон билинарди. Дастурхон атрофида ўтирганимизда унинг жойи бўш қоларди, ўйинларда ўрни билинарди, ҳеч ким у каби маззали таомларни тайёрлай олмасди….буларнинг ҳаммси энди ўтмишда қолди. Устозим энди биз билан йўқлиги учун байрамларни ҳам бошқатдан режалаштиришимизга тўғри келди.
Мен илгарилари ҳеч ҳам йиғламасдим, мени йиғлатиш осон эмасди. Устозимнинг ўлими буни ўзгартирди. Мен хурсанд бўлиб машина ҳайдаб кетаётган пайтимда, айрим хотираларни эслаб қолсам, кўзимдан дув–дув ёш оқадиган бўлди.
Орадан йиллар ўтди, бир неча марта шундай бир вазият рўй берарди: мен дўконда нарсаларни харид қилиб турган пайтда бирданига қалбимни қаттиқ хафалик ҳисси чулғаб оларди, шунда бирданига: «Вой, бугун устозимнинг ўлган куни–ку!» деган фикр миямдан ўтарди. Устозимнинг ўлган куни Янги Йил, Мавлуд байрами ёки Фисиҳ байрами каби менинг қалбимга то абад муҳрланиб қолди.
Устозимнинг айрим суратлари уйимда осиғлиқ турибди. Ҳозир ҳам баъзан устозимнинг расмларига тикилиб қолсам, орадан шунча йиллар ўтган бўлса ҳам, кўзларимдан тирқираб кўз ёш оқади. Ҳозир устозим ёнимда бўлмсалар–да, ҳаётимнинг янги саҳифаси ниҳоятда бой ва мазмунли ўтмоқда. Худонинг ҳаётим учун режаси меникидан катта фарқ қилса ҳам, Худо доимо ёнимда бўлиб мени бир дақиқага ҳам тарк этмади. У қалбимдаги бўшлиқни тўлдирди. У ҳамма нарсадан воқиф ва нима қилаётганини яхши билади.
Муқаддас Китобдан тегишли оятлар:
2 Шоҳлар 12:19-20
Довуд аъёнларининг ўзаро шивир–шивир қилаётганларини эшитиб, боласининг нобуд бўлганини билди. “Болам нобуд бўлдими?” — деб сўради улардан. “Ҳа, нобуд бўлди”, — дейишди аъёнлар. Шундан кейин Довуд ердан турди. Ювиниб, хушбўй мой суртди ва кийимларини алмаштирди. Эгамизнинг уйига бориб, сажда қилди.
“Биз қайғумизга чек қўйиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз, бироқ уларнинг бирортаси фойда бермайди. Шундай экан, биз ҳам Довуд сингари сажда қилсак, қайғумиз чекинармикан?” Дарҳақиқат, Худо барча сажда ва ҳамду санога лойиқдир. Аммо биз учун ҳам сажданинг фойдаси беқиёс. Қанақасига? Биз сажда қилганимизда Худо бутун борлиқ ва воқелик устидан якка Ҳукмдор эканини ва барча нарсани назорат қилаётганини ўзимизга эслатамиз. Сажда туфайли биз Худода барқарор ва бехатар эканимизни тушунамиз, зеро ҳаётимиз ва борлиғимиз манбаи Удир. Сажда туфайли эътиқодимиз пойдевори мустаҳкам эканини, ҳаётимиздаги тўфонлар эса ўткинчи эканини биламиз.
Забур 33:19
Кўнгли чўкканларга Эгамиз яқиндир,
Руҳан эзилганларни У қутқаради.
“Исо қайғуларга тўла бу дунёга инсон бўлиб келди. Шу боис, азоб–уқубат нима эканини У жуда яхши билади. Жон таслим этиш дақиқаларидаги кучли чанқоқ ва ожизлик нима эканини Исо Ўз тажрибасидан билади. Олий Руҳонийимиз Исо қалбимиз изтиробини тушунади ва биз учун Худо олдида шафоат этади (Ибронийлар 7;25), Муқаддас Руҳ ожизлигимизда бизга мадад бериб, биз учун ибодат қилади (Римликлар 8;26). Исо бизни дўстларим, деб атайди (Юҳанно 15:15), “Сизларни ташлаб кетмайман, сизларни тарк этмайман” деб ваъда беради (Ибронийларга 13:5) Унинг Руҳи бизнинг ичимизда (Юҳанно 14:17), У тинчлигимиз (Юҳанно 14:27; 16:33) ва хурсандчилигимиз манбаидир (Юҳанно 15:11;16:22).
Забур 61:9
Эй халқим, умид қил Худодан,
Юрагингни очгин доимо Унга,
Бизнинг паноҳимиз Худодир.
Нақадар ажойиб Худонинг таклифи! Қулфат чоғида биз юрагимизни Худога очишимиз мумкин. Биз шундай қилишга муҳтожмиз! Ғам–қайғуларингизни ичингизга ютиб юраверманг. Дардингизни Худога айтинг, У сизга 100 фоизлик таскин бериб, кучингизни янгилайди.
1 Салоникаликлар 4:13
Биродарлар, умидсиз яшаётган бошқа одамлар каби, қайғуга тўлманг деб, бу оламдан ўтганлар ҳақидаги ҳақиқатни сизларга билдиришни хоҳлаймиз.
“Биз умидга эга бўла туриб қайғурамиз, бу ўринлидир. Исонинг Ўзи ҳам вафот этган дўстининг қабри олдида йиғлаган. Муқаддас Китоб қайғуришни ман этмайди, шу боис биз ҳам қайғунинг моҳиятига паст назар билан қарамаслигимиз керак. Бироқ биз умидсиз яшаётган бошқа одамлардан фарқли равишда қайғурамиз.” Биз вафот этган одам учун кўз ёш тўксак ҳам, абадият остонасини ҳатлаган биродаримиз учун бу қувончли кун эканини билишимиз бизга таскин беради. Зеро дўстимизга энди дори–дармон, шифокорлар, операция, таскин ёки ибодатлар зарур эмас. Биз дўстимиз билан фақат вақтинчалик видолашамиз, холос.
Аюб 2:11-13
Аюбнинг бошига тушган кулфатлар ҳақида унинг уч дўсти эшитди. Булар Темонлик Элифаз, Шувахлик Билдад ва Намахлик Зўфар деган одамлар эди. Улар йиғилишиб, Аюбга ҳамдардлик билдириш ва тасалли бериш ниятида уни кўришга келдилар. Дўстлари Аюбни узоқдан кўриб таний олмадилар. Қаттиқ дод–фарёд солиб, кийимларини йиртишди, бошлари узра тупроқ сочишди. Улар Аюб билан бирга етти кун–етти кеча ерда ўтирдилар. Мана шу кунлар давомида ҳеч бири Аюбга гапирмади, чунки у жуда қаттиқ азоб чекаётганини кўриб турар эдилар.
Аюбнинг дўстлари Аюбни ноҳақ айблашгани ва айтган ноўрин сўзлари учун биз кўпинча улар борасида салбий фикрлар билдирамиз. Бироқ уларнинг камчилигига эмас, қилган тўғри ишларига эътиборимизни қаратайлик. Аюбнинг бошига кулфат тушганда, дўстлари унга ҳамдардлик билдириш ва ҳолидан хабар олиш учун борган эдилар, Аюб бундан кўп таскин топган. Уларнинг бу иши таҳсинга сазовор эди.
Устозим ўлганига кўп йиллар бўлган бўлса–да, ўша куни олдимга келган ва ёнимда ўтирган одамларни мен ҳозиргидай аниқ эслайман. Ҳозирги кунда ҳам бу мен учун ниҳоятда қадрлидир.
Аюб 1:21
У шундай деди: “Онамнинг қорнидан яланғоч тушгандим, дунёдан ҳам яланғоч кетаман. Ҳамма нарсамни Худо берган эди, Худонинг Ўзи олиб қўйди. Эгамнинг номига ҳамду санолар бўлсин!”
Ушбу оятдан мен ўзим учун икки нарсани ўрганиб олдим:
1)Ўлим кутилмаган пайтда келади, энг ўринсиз вақтда юз беради, деб ўйласак ҳам, ҳақиқат шундан иборатки, Худо бу вақтни олдиндан белгилаб қўйган. Вақтни белгилайдиган Зот Худодир. 2) Оилангиз ва дўстларингиз билан ўтказадиган вақтингиз учун Худодан миннатдор бўлинг. Худо уларни бизга боғлаб бериб қўйманган, шу боис, бугунги кундан иложи борича самарали фойдаланишга ҳаракат қилинг. Зеро, эртанги кунга эга бўлмаслигингиз мумкин.
1 Юҳанно 3:1
Қаранглар, Отамиз Худо бизни фарзандларим деб, қандай буюк бир севгини кўрсатди! Ҳақиқатан ҳам, биз Унинг фарзандларимиз.
Бу ҳақда бир оз мулоҳаза қилинг. Биз соғлиғимиздан, оиламиздан, пулимиздан, дўстларимиздан, обрў–эътиборимиздан ва ҳоказолардан маҳрум бўлишимиз мумкин. Айрим имонлилар булардан маҳрум бўлганлар ҳам. Бироқ имонли бўлган инсон фақат бир нарсадан асло маҳрум бўлмайди, у то абад Худонинг оиласига мансуб бўлиб қолаверади. ДОИМО. Зеро, Худо ҳеч қачон бизни ҳайдаб чиқармайди. Нимага асосланиб масиҳий ўзини бехатар сезиши мумкин? Бу саволга жавоб қуйидагича: Чунки Осмондаги Мукаммал Отамиз доимо биз билан биргадир.
“Аза тутиб, қайғурганимизда бизга Худо керак. Унинг олдига борсак, У бизни қаршилаб олади, Ўз бағрини бизга очади, ўлим қалбимизда ҳосил қилган катта бўшлиқни Худо тўлдиради, карахт юрагимизга жон ато этади, юкимизни кўтаради, Муқаддас Руҳнинг ҳаётбахш малҳами ярамизга шифо беради. Худо оталик меҳри билан бизни Ўз севгиси оғушида аллалаганида, бизнинг Унга бўлган севгиси ўсиб бораверади, имон ва ишонч томирлари чуқурлашади. Шунда қайғуришимизга қарамай, биз Худони улуғлаймиз, қалбимиз тубида чин қувончга эга бўламиз.
Римликлар 12:5
Шунга ўхшаб, биз — Масиҳга тегишли бўлганлар бир танани ташкил қиламиз. Ҳар биримиз ҳар хил аъзолар бўлиб, бир–биримизга боғлиқмиз.
Бизнинг қондош оиламиз ер бағрида бўлиши мумкин, аммо Масиҳга бўлган имонимиз туфайли бизнинг руҳий оиламиз ҳам бор. Биз Масиҳ танасининг аъзосиларимиз, шунинг учун ҳам биз азоб чекканимизда бошқа масиҳийлар бизга ғамхўрлик қилиб, ёрдам берадилар.
Масиҳ Ўз издошларига шундай амр берган:
…йиғлаётганлар билан бирга йиғланглар.
Шу тариқа: бир–биримиз учун ибодат қилишимиз, бир–биримизга далда беришимиз, бир–биримизни севишимиз каби амрлар ҳам бажаришимиз керак бўлади.
Муқаддас Китобда жудолик қайғуси ҳақида мисол борми?
2 Шоҳлар 1:17-27 да шундай ёзилган:
Шоул билан унинг ўғли Йўнатан учун Довуд марсия куйлади. Сўнг, ушбу марсия Яҳудо халқига ўргатилсин, деб фармон берди. Бу марсия “Ёшур” китобида ёзилган.
“Эй Исроил, йўқ бўлди
Ғуруринг сенинг тепаликларингда,
Қандай қулаган экан довюраклар!
Бу хабарни Гатликларга эшиттирманг,
Ашқалон кўчаларида ёйиб юрманг.
Токи Филист қизлари севинмасин,
Суннатсизларнинг қизлари шод бўлмасин.
Эй Гилбова тоғлари,
Тепангизга шудринг, ёмғир тушмасин,
Ҳосилдор ерларингиз ҳосилсиз қолсин!
Ўша ерларда йўқотди шуҳратини
Баҳодирларнинг қалқони,
Шоулнинг қалқонига мой суртилмас энди.
Бир дам тинмади Йўнатаннинг ёйи
Ер тишлаганлар қонидан
Ва йигитларнинг танасидан.
Шоулнинг қиличи беҳуда кўтарилмасди.
Шоул билан Йўнатан азиз ва дилкаш эдилар,
Ҳаётда ҳам, ўлганда ҳам бирга бўлдилар.
Бургутдан чаққон,
Шердан кучли эди улар.
Шоул учун аза тутинг, эй Исроил қизлари!
У сизларга шоҳона либослар кийдирганди,
Либосингизни олтин тақинчоқлар ила безаганди.
Урушда қандай қулаган экан довюраклар!
Эй Исроил, сенинг тепаликларингда Йўнатан жонсиз ётар.
Қайғураман сен учун, биродарим Йўнатан,
Менга кўп азизу қадрдон эдинг сен,
Нақадар ажойиб эди менга бўлган муҳаббатинг,
Аёлларнинг севгисидан ҳам ортиқ эди.
Қандай қулаган экан довюраклар!
Қандай йўқ бўлди жанг қуроллари.”
Йўнатан ниҳоятда олижаноб инсон бўлгани сабабли бутун халқ у учун аза тутганди. Бироқ шоҳ Довуднинг юракдан изҳор этган қайғу ва марсияси халқни янада йиғлатиб, қаҳрамонларга шараф келтиришга ундаган бўлса ажаб эмас.