Фарзандни ўстириш
Яқинда мен ажойиб бир воқеани ўқиб қолган эдим. Бу ростдан ҳам бўлиб ўтган воқеа эди. Воқеанинг бош қаҳрамони йигирма ёшлардаги йигит бўлиб, спорт билан шуғулланган, ниҳоятда келишган, иқтидорли, қизлар орасида донг таратган, саргузашт шинавандаси эди.
Бу йигитнинг отаси билан бўлган муносабати менинг эътиборимни тортганди. Қийин вақтларда йигит кимга таянарди? Отасига. У отасидан доим маслаҳат сўрарди.
Йигит ўз дўстларига маслaҳат берганда кимнинг доно гапларини шижоат билан иқтибос қилиб келтирарди? Албатта отасининг гапларини–да, у отасининг доно гапларидан асло уялмасди.
Йигит, отам мендан яхшироқ билади, деб чин дилдан ишонарди. (Йигитнинг дўстлари отасининг маслаҳатига қулоқ солганларида, доим ишлари бароридан келарди.)
Ота–боланинг бирга ўтказадиган махсус вақтлари бўларди. Ота–бола биргаликда тоққа чиқишни яхши кўришарди, улар мазза қилиб гаплашиб, бирга мириқиб кулишарди.
Йигирма биринчи асрда бундай дилкаш муносабатни кўриш мени ҳайратга солди, кўзим ёшга тўлди, қалбимни ҳасад туйғуси чўлғади, чунки менда бундай муносабат ҳеч қачон бўлаган.
Агар сиз ота–она бўлсангиз, бува ёки буви бўлсангиз, ёшларга етакчилик қилсангиз ёҳуд бировга устозлик қилсангиз бу айтган гапларим сизни ўйлантириб қўйгани аниқ.
Қандай қилиб сиз ўз фарзандларингиз, набираларингиз, ўқувчи ва шогирдларингиз билан бундай яқин муносабат ўрната оласиз?
Сиз ўзингизга шундай савол беришингиз керак: мен ёшларга Масиҳ йўлида максимал даражада қандай таъсир ўтказа оламан?
Му долзарб мавзу борасида бизга ёрдам керак, келинглар, бирга ибодат қилайлик:
Осмондаги Отажон,
Биз бошқаларга Исо Масиҳни танитмоқчимиз. Бу ишни бажаришни бутун қалбимиз билан истаймиз, зиммамиздаги бу вазифани аъло даражада бажармоқчимиз. Аммо буни Сенсиз қила олмаймиз. Сенсиз бу ишга қўл ҳам урмаймиз. Ўтинамиз, Ўзинг бизга очиқ юрак бер, камтарин руҳ ато қилгин, токи зарур ўзгаришларни кирита олайлик. Биз ҳали кўп нарсани ўрганишимиз керак. Муқаддас Руҳинг бизни бошқарсин. Мададингга муҳтожмиз, қалбимизни умидга тўлдир. Исо Масиҳ номи билан ибодат қиламиз.
Омин.
Келинглар, бу борада изланишни ўзимизга таниш бўлган оятлардан бошлайлик. Болаларни Худо йўлида ўстириш мавзуси ҳақида гап кетганда доим қуйидаги тўртта оят тилга олинади:
Қонунлар 6:7 …Буларни болаларингизга ҳам ўргатинглар. Уйда ўтирганда ҳам, йўлда юрганда ҳам, ётганингизда ҳам, турганингизда ҳам шулар ҳақида гапиринглар.
Бунинг маъноси қуйидагича: биз ҳар куни, турли вазиятлардан келиб чиққан ҳолда, фарзандларимизга Худонинг қонунини ўргатишимиз зарур.
Сулаймоннинг ҳикматлари 22:6 Болани тўғри йўлга солиб тарбияла, шунда қариганда ҳам йўлидан адашмайди.
Бу гапда жон бор, фарзандингиз ёшлигидан Худони таниб ўсса, у катта бўлгач эгри йўл меваларидан татиб кўрмоқчи бўлиб, Худодан узоқлашиши мумкин, бироқ эртами–кечми бари бир тўғри йўлга қайтади.
Эфесликлар 6:4 Эй оталар, фарзандларингизнинг ғашига тегманг. Уларни Раббимизнинг таълим–тарбияси билан ўстиринг.
Колосаликлар 3:21 Эй оталар, фарзандларингизни ранжитаверманглар, бўлмаса улар тушкунликка тушиб қолади.
Болаларни ранжитиш жуда осон, шунинг учун эҳтиёт бўлинг. Юқоридаги тўртта эътиборга молик бўлган оят фарзандларнинг руҳий таълими ҳақида сўз юритиб, бола тарбияси нафақат оналарга, балки ота–онанинг икковига ҳам бирдай тегишли эканини айтади. Ота ҳам, она ҳам бола тарбияси каби ўта маъсулиятли вазифани бирдай ўз зиммаларига олишлари шарт. Биз бу долзарб вазифани оиладан ташқаридаги маълум бир масиҳийча таълим–тарбия муассасаси ёки якшанба кунларидаги болалар йиғилишлари зиммасига юклай олмаймиз.
Фарзаднинг руҳий устози биринчи навбатда унинг ота–онаси бўлиши даркор.
Юқорида қайд қилинган оятлардан ташқари, фаразанд тарбияси бўйича ота–оналарга яна кўплаб оятларда кўрсатмалар берилган.
Аммо эҳтиёт бўлинг, оятларни Муқаддас Китоб контекстидан юлиб олманг. Бутун эътиборни фақат бир мавзуга қаратишнинг ҳам хавфли томонлари бор, чунки бу ҳолда ёшларга бераётган таълимотингиз бир томонлама бўлиб қолиши мумкин.
Кўп шогирд орттирган ва бой тажрибага эга бўлган бир хизматчи шундай деган эди: “Агар сиз одамларга Масиҳни танитмоқчи бўлсангиз, эҳтиёт бўлинг, руҳий таълимотни уларнинг устига шлангдан сув қуйгандай, кучли босим билан қуйманг, бу ижобий натижага олиб келмайди.”
Борди–ю, кимдир шлангдан қаттиқ босим билан устимга сув қуйиб, ҳамма ёғимни шалаббо қилса, мен роса хафа бўлган бўлардим. Бу нафақат ёқимсиз, балки ёмон ҳам, чунки босим зарбидан одамнинг бадани оғриб кетади. Сизни билмадим–у, менга бу ёқмаган бўларди.
Шлангдан ўқдай отилган руҳий таълимотнинг ҳам ҳеч фойдаси йўқ. Сизга қарши айтилган далиллар, ҳикоялар, гувоҳликлар босими остида одам тузук фикр ҳам юрита олмайди, олган информацияни сингдиролмайди, уни амалда қўллаш ҳақида оғиз очмасак ҳам бўлади.
Афсуски, биз Хушхабар айтишда ҳам кўпинча олов пуркаган шланг усулидан фойдаланамиз, одамларга Масиҳ ҳақидаги маълумотни айтиб чарчамаймиз, гўёки уларнинг бўм–бўш каллаларини ўша маълумотга тўлдирмоқчи бўламиз. Маълумотни ўқ отгандай, отаверамиз, гапимиз ҳеч тугамайди. Айтинг–чи, бу кимга керак?
Таълимот ниҳоятда керакли ва юксак даражада қадрлидир. Барча ота–оналар, бобо–бувилар, ёшлар етакчилари ва устозлар – ҳамма таълим беради. Уларнинг таълими бўйича ёшлар иш тутади.
Аммо, сиз бу йили баҳорда огородга уруғ ёки кўчат экишингиздан олдин, ерни чопиб чиқдингиз, ерга ишлов бердингиз. Кесакларини майдаладингиз. Тошларини чиқариб ташладингиз. Ерни юмшатдингиз. Шундан кейингина уруғ экдингиз. Ёз келганда эса ҳар куни бегона ўтларни юлдингиз, экинлар атрофидаги ерни чопдингиз, буларнинг ҳаммасини экинларингиз яхши ўсиши учун қилдингиз…руҳий устоз ҳам шогирдларининг юракларини шундай парвариш қилиши даркор. Ҳар биримиз шуни қилишимиз керак. Бу ишга бел боғлар эканмиз, Ҳикматлар 23:26–оятнинг сўзларига амал қилишимиз шарт:
Ўғлим, менга қалбингни оч,
кўзларинг ишларимни кузатсин.
Энг яхши таълимот – инсонларнинг қалбига етиб борадиган ва Масиҳга улуғворлик келтирадиган таълимотдир. Бундай таълимот яқин муносабат орқали етказилади.
Мақоламизнинг бошида келтирилган тўртта оят қаторида, қуйидаги оят ҳам эътиборингизга молик оятлардан биридир:
Ҳикматлар 23:26 Ўғлим, менга қалбингни оч,
кўзларинг ишларимни кузатсин.
Нима сабабдан бу оятга кам эътибор берилаётгани менга қоронғу, мен буни ҳеч тушунмайман. Келинглар, бу оят билан яқинроқ танишайлик.
Бу оятда нима деб ёзилган? “Менга итоат қил”, деб айтилганми? Баъзи ота–оналар билан гаплашганимда, шунга амин бўламанки, улар итоаткорликни биринчи ўринга қўядилар. Ҳар гапида улар: “Болам айтганимни қилади”, дейдилар. Агар ота–онангиз сизга итоат қилишни ўргатган бўлса, бу жуда яхши. Итоаткорлик юксак қадриятдир. Бу дегани, ҳаётингиз давомида сизга ҳар бир ҳаракатингизни назорат қиладиган бошлиқ керак бўлмайди, чунки сиз ишингизни итоаткорлик билан яхши бажарасиз. Итоаткор инсон бўлсангиз, бошлиқларингиз сизга ишониб вазифа берадилар. Ота–онага итоаткор бўлиш ниҳоятда муҳим. Бироқ, итоаткорликдан ҳам афзалроқ хислат ҳам бор.
Ҳикматлар 23:26 Ўғлим, менга қалбингни оч,
кўзларинг ишларимни кузатсин.
Бу оятда: ҳар якшанба куни жамоат йиғилишларига боришинг шарт, деб ёзилганми?
Жамоат йиғилишларига бориш ёмон эмас. Мен ўзим ёшлигимда онам билан доим жамоат йиғилишларига борар эдим, бироқ йиғилиш пайтида онамнинг ёнидаги ўриндиқда ўтирар эканман, хаёлим паришон бўларди. Онам биқинимга туртиб, Худога ҳурмат–эҳтиром кўрсат, деб ўшқириб қўярдилар. Икки дақиқадан кейин эса, ўзлари сотиб олишлари керак бўлган озиқ–овқатлар рўйхатини ёза бошлар эдилар.
Фарзандларимизни жамоат йиғилишларига, ҳамду сано гуруҳларига, болалар йиғилишларига олиб боришимиз керак, бироқ доим жамоатга қатнаган, лекин кейин Худодан юз ўгириб кетган одамларни ҳаммамиз танисак керак. Қуйидаги оятни яна бир бор диққат билан ўқиб чиқинг:
Ҳикматлар 23:26 Ўғлим, менга қалбингни оч,
кўзларинг ишларимни кузатсин.
Яхши ота–она, яхши бобо–буви, яхши устоз нафақат инсоннинг қадамини, балки унинг қалбини ҳам ҳақиқат томон буради.
Муқаддас Китобда инсон қалби – инсон табиатининг маркази ҳисобланади, чунки қалбда инсоннинг мақсадлари, феъл–атвори, ҳис–туйғулари ва иродаси жойлашган. Шу сабабдан Ҳикматлар 4:23да қуйидагича ёзилган: Бор кучинг билан қалбингни асра,
чунки у ҳаёт булоғидир.
Агар қалбингиз сизнинг кимлигингизни билдирса, демак қалбингизга ниҳоятда эътиборли бўлишингиз керак. Қалбингизни ёмон нарсалардан асранг.
Бу ҳақда бир ўйлаб кўринг – Самовий Отамиз қалбларимиз Эгаси бўлишни хоҳлайди. У бизнинг ибодатларимиз, кунига бир неча дақиқани Каломни ўқишга бағишлашимиз ёки якшанба кунлари бир соат вақтимизни жамоатда ўтказишимиз билан кифояланмайди. Унга бизнинг бутун борлиғимиз керак, айниқса қалбимиз Ўзига тегишли бўлишини У хоҳлайди, чунки қалбимиз бутун вужудимизни бошқаради. Агар сиз фарзандларингиз, набираларингиз ва шогирдларингиз ҳаётига таъсир ўтказмоқчи бўлсангиз, уларнинг қалбларига йўл топинг, чунки сизнинг мақсадингиз уларнинг қалбларини Худо томон буришдир, Худони уларнинг ички дунёсига танитишдир. Шундагина сиз уларнинг ҳаётлари орқали Исо Масиҳга улуғворлик келтира оласиз.
Инсоннинг қалбига қандай йўл топиш мумкин?
Ҳикматлар 23:26 да шундай ёзилган: “Менга қалбингни оч”. Албатта, қалбини очишга ҳеч ким инсонни мажбурлай олмайди. Бу кундай равшандир. Демак, биз нима қилишимиз керак? Биз фарзандларимиз, набираларимиз ва шогирдларимиз қалбларига йўл топишимиз керак, бутун эътиборимизни шунга қаратишимиз даркор. Биз ўйлашимиз керак, қалбга йўлни қандай топамиз ва қандай қилиб уни Масиҳ томон бура оламиз?
Биринчи савол: Агар сиз қалбингизни фарзандингизга очмаган бўлсангиз, нима учун у сизга қалбини очиши керак?
“Биз биринчи бўлиб қадам ташлашимиз шарт, фарзандимиздан нимани кутаётган бўлсак ўша нарсани фарзандимизга биринчи бўлиб беришимиз керак.” Бу ҳақда мулоҳаза қилинг, унинг мағзини чақинг.
Мақоламиздаги кўп ғоялар “Эркак кишининг мажбурияти” деган китобдан олинган.
Китоб муаллифининг отаси Вьетнам урушида қатнашган эди. Муаллиф китобида шундай ёзади:
“Мен отамнинг урушдан жўнатган хатларини ўқиганим ҳамон эсимда, бу ҳақда ўйласам, ҳали ҳам кўзим ёшга тўлади. Отам хатларида шунчаки ўзларининг ҳаёти ҳақида ёзардилар, муаммолар ҳақида эмас, балки ўзлари кўрган ёки қилган қизиқ ишлари ҳақида ўртоқлашар эдилар. Сўнг менинг ҳаётим билан қизиқардилар. Отамнинг хатларидан бир парча:
“Азиз болажоним,
Сен бейсбол мусобақасида қатнашганинг ва тўпни жуда яхши тутиб олганинг ҳақида эшитдим. Сизлар ғалаба қозонганларинг ҳақида онанг менга хурсанд бўлиб ёзган эдилар. Қанийди, мен ҳам ўша ерда бўлганимда эди…Тўпни сен қандай тутиб олганингни мен хаёлимда кўп тасаввур қиламан.”
Кўрдингизми, отам ҳаётим билан қизиқар эдилар. Дунёнинг у четида бўлсалар ҳам, бутун қалблари билан ғалабамни ҳис қилганларини билдиргандилар. Оталик меҳридан доим мени баҳраманд қилардилар.
Отам хатларида ҳаётимнинг ҳамма томонлари – мактабим, жамоатим, спорт ва уйдаги ҳаётим ҳақида қизиқиб сўрар эдилар. Ҳар куни ҳаёт–мамот жангларида қатнашсалар ҳам, ҳарбий хизматнинг мушкул вазифаларини бажарсалар ҳам, ҳаётим билан 100 фоиз қизиқар эдилар ва мен буни жуда яхши билардим.
Отам менга меҳр билан: “Ўғлим, қалбингни менга оч”, деганларида ўзлари бутун қалбларини менга бериб бўлган эдилар. Мен отамнинг фарзанди эдим. Менинг қўлимдан нима ҳам келарди? Мен бутун вужудимни, бутун қалбимни отамга беришга тайёр эдим.
Муаллиф гапида давом этиб, шундай ёзади: Отамнинг дафн маросимида мен видолашув нутқини сўзладим. Отам қандай инсон бўлганларини, мен учун отамнинг фарзанди бўлиш қандай шараф ва баракат эканлигини айтдим. Нутқдан кейин, отамнинг дўстларидан бири олдимга келиб шундай деди: “Сен бугун отанг ҳақида гапирган нутқинг менга жуда ёқди, қанийди, менинг ўғлим ҳам дафн маросимимда мен ҳақимда шундай гапларни айтса, бунинг учун мен бор будимни берган бўлардим.”
Ўша пайтда ҳақиқатни айтишга юрагим бетламади, чунки мен у одамни ҳам, унинг ўғлини ҳам яхши билардим. Унинг ўғли ўз отаси ҳақида мен айтган сўзларни икки дунёда ҳам айтмайди, чунки отаси ўғлига ўз қалбини очмаган, шу сабабдан ўғилнинг қалби ҳам отасига нисбатан тош бўлиб қолган эди.
Сизга савол: фарзандларимиз биздан энг кўп нимани кутади?
Жавоб: меҳримизни, далда сўзларимизни, эътиборимизни, уларнинг ҳаётида иштирокимизни ва вақтимизни.
Биз фарзандларимизга улар кутаётган нарсани беряпмизми ёки йўқми?
Меҳримизни, далда сўзларимизни, эътиборимизни уларга беряпмизми? Уларнинг ҳаётларида иштирок этаяпмизми? Вақтимизни уларга бағишлаяпмизми?
Эҳтиёт бўлинг – агар ота–она ўз фарзандига бу нарсаларни бермаса, у бундай меҳрни бошқа жойдан қидира бошлайди. Ким билади у жой қандай жой бўлишини? Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришингиз керак.
Дарвоқе, биз ҳаммамиз, оналар фарзанд тарбиясига кўп эътибор қаратишлари керак, деб ўйлаймиз. Нима сабабдан биз буни оталардан талаб қилмаймиз? Сиз фарзандингизни, набирангизни ёки шогирдингизни “қалбини очишга” мажбурлай олмайсиз. Вақт келди. Фарзандларингиз сизга қалбларини очишлари учун сиз уларга вақтингизни бағишлашингиз керак, қалбларига йўл топишга ҳаракат қилишингиз керак, уларни ҳайратга соладиган ҳаёт кечиришингиз керак.
Инсон зотига Худо томонидан берилган биринчи вазифа ҳақида Ибтидо 2:15да ўқишимиз мумкин: “…бу одам боққа ишлов берсин, парвариш қилсин…”. Агар сиз фарзандингизнинг қалбига йўл топмоқчи бўлсангиз, унинг қалбини парвариш қилишингиз даркор, боққа ишлов бергандай, болангизнинг қалби билан ишлашингиз шарт.
Бир масиҳий қария менга шундай сўзларни айтган эди:
“Мен Худодан кейин, асосий эътиборимни ўз фарзандларимга қаратаман, уларга иложи борича энг кўп далда беришга ҳаракат қиламан, бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса бу даражадаги эътиборимга молик эмас.” Бу сўзлар сиз учун бирон аҳамият касб этадими ёки йўқми? Бу сўзларда жон бор.
Бироқ самимий эътибордан бошқа, фарзанднинг, набиранинг ёки шогирднинг қалбини яна қандай парвариш қилса бўлади?
Келинглар, бир ота ўз фарзандлари билан қандай йўл билан яқин муносабат ўрнатганига эътибор берайлик. У шундай бир формулани ишлаб чиқарган эди: ўқиш, ибодат, иш, ўйин.
Ўқиш
Фарзандларингиз ёки набираларингиз билан Муқаддас Китобни ўқинг.
Мен бир ҳамду сано айтадиган хизматчини танийман, у сажда вақтида ашулалар орасида ўғли билан ўқиган оятларни иқтибос қиларди.
Агар сиз ўша хизматчининг уйи деворида ўтирган пашша бўлганингизда эди, нимани эшитган бўлардингиз? Ота билан ўғил ҳақиқат ҳақида суҳбатлашаётганини эшитардингиз, отаси ўғлига вақт ажратганини кўрган бўлардингиз ва энг муҳими, ўғил отасининг назарида қадрли эканини сезганига гувоҳ бўлардингиз.
Биз ўсган оилаларда одатда Муқаддас Китобни ўқишмасди, бироқ бу мўътабар одатни янгилашимиз керак. Бунинг учун бир нечта сабаб мавжуд.
Сиз айтишингиз мумкин, мен Муқаддас Китоб шарҳловчиси эмасман, деб, тўғри Муқаддас Китобнининг ҳаммасини ҳам тушунмаслигингиз ёки у ердаги баъзи исмларни талаффуз қила олмаслигингиз мумкин. Нима бўпти? Даврамизга хуш келибсиз.
Забур 18:8–11 Эгамизнинг қонуни мукаммалдир,
Бизга янги куч ато этади,
Эгамизнинг фармонлари ишончлидир,
Соддаларга донолик беради.
Эгамизнинг буйруқлари тўғридир,
Қалбларни шодликка тўлдиради,
Эгамизнинг амрлари равшандир,
Улар кўзларга нур беради.
Эгамиздан қўрқиш покликдир,
Бу тоабад давом этади.
Эгамизнинг қоидалари ҳақиқатдир,
Ҳаммаси ғоят адолатлидир.
Улар соф олтиндан ҳам аълодир,
Тоза асалдан ҳам ширинроқдир.
Муқаддас Китобнинг айрим жойларини тушунмаслигингиз мумкин, аммо уларни бари бир ўқийверинг, тушунганларингизга эътибор беринг. Муқаддас Китобнинг ўзига ҳос қудрати бебаҳодир, у ҳаётни ўзгартиради, сиз фарзандларингизни бундай юксак қадриятдан баҳраманд қилишга қодирсиз.
Бу Китоб сизга кўрсатган йўлга диққат қилинг, амалий кўрсатмаларига, берган ваъдаларига эътиборингизни қаратинг, Муқаддас Китоб пойдеворига қурилган ҳаёт қандай бўлишини кузатинг, шунда сизнинг ҳаётингиз ҳам, фарзандларингиз, набираларингиз ва шогирдларингиз ҳаёти ҳам ўзгаради.
Биз қурилиш хомашёларини сотиб олиш учун бозорга борамиз. Кундалик руҳий ҳаётимиз учун зарур бўлган руҳий хомашёни олиш учун–чи? Муқаддас Китобга мурожаат қиламизми ёки йўқми?
Яхши кўрган магазиндаги йўлакларни ва қаерда нима жойлашганини билганимиздай, Муқаддас Китобни ҳам шу даражада яхши биламизми ёки йўқми?
Биз Муқаддас Китобни фарзандларимиз билан бирга ўқиганимизда уларнинг қалбларини парвариш қиламиз. Бирга қилган ибодатларимиз қалбларининг тупроғини юмшатади.
Ибодат
Савол:
Сизнинг энг яқин дўстингиз ким?
Жавоб: Агар сиз имонли бўлсангиз, сизнинг энг яқин дўстингиз бу – сиз билан бирга ибодат қиладиган шеригингиздир.
Сиз билан бирга доимо ибодат қиладиган одам синалган одам бўлади, чунки вақт ўтиб, ўша шеригингиз ибодатда айтган сирларингизни ҳеч кимга айтмаганини биласиз. Шеригингиз доим сиз учун ибодат қилади. Натижада ораларингизда кучли дўстлик ришталари пайдо бўлади. Ижобат бўлган ибодатларингиз эса сизларни янада бир–бирингизга яқинлаштиради.
Бу билан нима айтмоқчи эканимни англагандирсиз?
Бир тасаввур қилиб кўринг–а, сиз ўз фарзандингиз, набирангиз ёки ишчингизни ўзингизга ибодат шериги қилиб олсангиз. Шу орқали сиз фарзандингизга ибодатнинг моҳиятини ўргатасиз, бундан аълороғи эса – фарзандингизнинг қалбини парвариш қиласиз, унинг юрагини Худо томон йўналтирасиз.
Ёқуб 5:16 Шунинг учун қилган гуноҳларингизни бир–бирингиз олдида тан олинглар, бир–бирингиз учун ибодат қилинглар, шифо топасизлар. Солиҳ одамнинг илтижоси кучли таъсирга эга.
Оят охиридаги ваъда ота–она ва фарзанд орасидаги ришталарга ҳам таалуқли бўлиши мумкинми? Нима деб ўйлайсиз?
#3
Биз фарзандларимиз билан бирга ишлаганимизда қалбларини юмшатган бўламиз.
Иш
Иш?
Наҳотки фарзандларимиз ва набираларимиз билан бирга ишласак, бундан уларнинг юраклари юмшаса?
Албатта!
Сиз охирги марта бирорта биродарингизга унинг уйини ремонт қилишга, машинасини тузатишга ёки боғидаги ҳосилини йиғиштиришга ёрдам берганмисиз? Ўша вақтни бир эслаб кўринг. Ўшанда уйингизга уст–бошингиз кир, чарчаб келгандирсиз. Аммо ўша оғир меҳнатни қилганингизда биродарингиз билан бирга мазза қилиб кулгандирсиз. Ўшанда сизлар биргаликда бир команда бўлиб меҳнат қилдингиз, бир одам қила олмайдиган ишни Худо командангиз орқали амалга оширди. Сизлар биргаликда ишга бел боғлаб, уни ниҳоясига етказишга тиришганларингизда ораларингиздаги деворлар қулай бошлади, меҳнат сизни бир–бирингизга яқинлаштирди. Дарҳақиқат, фарзандларингиз билан бирга меҳнат қилсангиз уларнинг қалбларини шу орқали парвариш қиласиз.
Ўқиш, ибодат, иш – бу учтасини кўриб чиқдик, яна биттаси қолди.
Биз фарзандларимиз билан ўйнаганимизда уларнинг қалбларини парвариш қиламиз.
Фарзандларингиз билан ўйнанг.
Мен мактабда ўқиб юрганимда, биз ҳар йили август ойида оилавий дам олишга борардик. Ота–онам мен билан синглимни бобомникига олиб боришарди. Бобом яшаган шаҳарда бир талай қариндошларимиз ҳам бор эди. Мен бобомнинг дала ҳовлисида мазза қилардим: трактор ҳайдар эдим, маккажўхори экилган далада амакиваччаларим билан бекинмачоқ ўйнардим, сомон уюмлари устига чиқиб, сакрар эдим, дарёда чўмилардим.
Бир ой давомида меҳмондорчилик қилардим, бир амакимникидан бошқасиникига борардим, болалигимнинг энг қизиқ дамлари ўша эди. Яқинда болалигимдаги ўша оилавий татилларимиз ҳақида ўйладим, ўйласам, ўша пайтларда ота–онамни деярли кўрмаган эканман. Амакиваччаларим билан ўтказган вақтларим шу қадар қизиқарли ва мароқли бўлардики, ота–онамнинг йўқлигини ҳатто пайқамаган эканман. Болалигимнинг энг қизиқ хотираларимда ота–онам йўқ, бунга уларнинг ўзлари айбдор эдилар. Қалбимни юмшатиш фурсатини улар бой берган эдилар.
Мен таниган бир ота ўз фарзандлари билан қизиқарли татил вақтларини ўтказишга доим ҳаракат қиларди, у татил вақтларида фарзандларининг хоҳишларини инобатга оларди ва шу орқали фарзандларининг қалбларида ширин хотиралар яратарди. Жажжи юракларни ўйин орқали парвариш қилинг.
Ўқиш, ибодат, иш, ўйин
Буларнинг ҳаммасига вақт керак. Бебаҳо вақтимиз, пул каби, айирбошлаш воситасидир. Биз фарзандларимизга қанча кўп вақтимизни бағишласак, шунча “Ўғлим ёки қизим менга қалбингни оч”, деб айтишга ҳаққимиз бўлади.
Ҳикматлар 23:26 “Жажжи юракни парвариш қилишдан, фарзандим менга қалбини очишидан нима фойда?” деб сўрашингиз мумкин.
Ҳикматларнинг давомидаги оятларни ўқидингизми?
Оятларни доим контекстда ўқиш ниҳоятда фойдали.
Ҳикматлар 23:27,28 Чунки бузуқ хотин – тубсиз чоҳ,
зинокор хотин тор қудуқдир.
У қароқчи каби пойлаб туради,
одамлар орасида вафосизликни орттиради.
Бу оятлар васваса ҳақида огоҳлантиряпти. Агар сиз йиллар давомида фарзандингизнинг қалбини парвариш қилсангиз, у ўсмир бўлиб етишганда бу васваса тузоғига тушмайди.
Болани отаси билан мустаҳкам ришталар боғласа, фарзандлар ўз қалбларини оталарига оча олишса, аҳлоқсизлик йўлига кирмайдилар, дилидан фоҳишага ўрин бермайдилар.
Агар фарзандларнинг қалблари оталик севгига тўлган бўлса, ҳақиқий меҳрдан улар баҳраманд бўлишса, улар ҳеч қачон сунъий севгини қидирмайдилар, юзаки муҳаббатга ташна бўлмайдилар.
Сизга қалбини очган фарзандингиз, набирангиз ёки шогирдингиз сизни юксак даражада ҳурмат қилади, севади, сизга ишонади. Одатда бундай инсон атрофимиздаги дунёнинг салбий таъсирларига асир бўлмайди, у қийин вазиятлардан ҳам чиқиб кета олади.
Раббимизга ташна бўлган қалб, доимо Худога улуғворлик келтириш йўлларини қидиради. Агар сиз Худога улуғворлик келтирмоқчи бўлсангиз, бунинг учун сизда етарлича куч–қудрат бўлади ва сиз ҳаётнинг ҳар қандай муаммоларини еча оласиз, ҳаётда юксакларга эришасиз.
Қандай қилиб ёшларимизни Масиҳга жалб қилишимиз мумкин? Буни яқин муносабат орқалигина амалга ошира оламиз. Ҳикматлар 23:26 айнан шу ҳақидадир.