Кўш хотинлик
Никоҳ сўзи қўйидагича изоҳланади “Эр–хотиннинг юридик равишда расмийлаштирилган оилавий иттифоқи.”
Худо никоҳни оиланинг асоси қилиб белгилаган, оила инсон жамиятининг негизи ва тамал тоши ҳисобланади.
Агар биз оиламизни Худонинг режаси ва хоҳиши бўйича қурмоқчи бўлсак, у ҳолда келинг, қуйдаги саволларга жавоб берайлик:
Худонинг назарида оила нималардан ташкил топган бўлиши керак?
- Худо илк оилага асос солганда оила – битта эркак (Одам Ато) ва битта аёл (Момо Ҳаво) дан ташкил топган эди.
Ибтидо 2:24 да шундай ёзилган: Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.
- Исо Масиҳ ҳам оилани шундай сўзлар билан таърифлаган:
Матто 19:5 “Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.”
Ушбу оятлардаги “иккаласи” деган сўзга эътибор беринг. Демак, оила битта эркакдан ва битта аёлдан ташкил топиши керак.
- Келинглар, энди ҳаворий Павлус оилага берган таърифни ўқийлик. Бу парча Янги Аҳднинг Эфесликларга мактубида 5–боб, 31–оятида берилган:
Муқаддас битикларда шундай ёзилган: “Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.”
Бу ерда ҳам “иккаласи” сўзи бор. Павлус ҳам оилани битта эркак ва битта аёл ўртасидаги иттифоқ, деб тушунган.
- Ҳаворий Павлус жамоат еткачиси ҳақида шундай ёзади:
1 Тимўтий 3:2 “Дарҳақиқат, бундай олижаноб вазифага тайинланадиган инсон яхши ном чиқарган бўлиши шарт. У ўз хотинига вафодор…”, ёки бир аёлнинг эри бўлсин.
Исо Масиҳ Ўз Жамоатига вафодор бўлгани сингари, жамоат етакчиси ҳам фақат бир хотинли бўлиши ва хотинига вафодор бўлиши даркор.
Павлус жамоат етакчисининг хислатлари ҳақида сўз юритар экан, Масиҳга имон боғлаган ҳар бир етук эркак қандай бўлиши кераклигини бизга кўрсатади. Имонда етук инсон бир хотинли, ҳамда вафодор бўлиши талаблар рўйхатидан юқори ўринни эгаллаган. Бироқ бу талаб, сўққабош эркакларга ечакчи бўлишни ман этмайди. Кўплаб манбаларга кўра, Павлуснинг ўзи ҳам сўққабош бўлган.
Демак, бу оятлардан қандай хулоса чиқара оламиз? Кўп хотинлик Худога улуғворлик келтирмайди. Зеро, Худонинг оилага нисбатан бўлган режасига бу зиддир. Кўп хотинлик нотўғри, чунки Худонинг оила учун бўлган асл режасига путур етказади.
Лекин… лекин… лекин… кўп хотинлик Муқаддас Китобда кўп учраган.
Ибтидо 4:23да шундай деб ёзилган:
“Ламех хотинларига деди:
“Оида ва Зилла, менга қулоқ солинглар.
Эй хотинларим! Гапимни эшитинглар!”
Биринчи бор кўп хотинлик айнан мана шу парчада тилга олинган. Ламех Қобил авлодидан, яъни илк қотиллик содир этган одамнинг авлодидан келиб чиққан эди.
Бундан ташқари, Муқаддас Китобдаги кўплаб машҳур қаҳрамонлар ҳам кўп хотинларга уйланган эдилар.
Булар жумласидан: Ёқуб, Довуд, Сулаймон. Шундай экан, нега кўп хотинлик ёмон экан?!
Эътибор беринг! Эркак бир нечта хотинга уйланиши доимо муносабатларга салбий таъсир қилади. Кўплаб чуқур қалб яраларини келтиради.
Мисол учун, Ёқубнинг иккита хотини бор эди — Леаҳ ва Роҳила.
Ибтидо китобининг 29–боби, 30–оятида шундай ёзилган: “Ёқуб Леаҳдан кўра, Роҳилани кўпроқ яхши кўрарди.”
Эркак киши иккита аёлни бирдай сева олмайди. Бунга ҳайрон бўляпсизми?
Ибтидо 29–боб, 31–оятда шундай ёзилган: “Ёқуб Леахга кўнгилсиз эканини Эгамиз кўриб турарди.”
У Ёқубга бир нечта ўғил туғиб берди, ҳар сафар фарзанд кўрганда: “Энди эрим менга кўнгил боғлайди, мени ҳам Роҳиладай севади”, деб беҳуда умид қиларди боёқиш Леаҳ.
Ибтидо 29:30да шундай ёзилган: “Леах яна ҳомиладор бўлди ва яна ўғил туғди. У: “Эримга учта ўғил туғиб бердим, энди у албатта менга боғланиб қолади”, деб ўғлининг исмини Леви қўйди.”
Леаҳ эрининг Роҳилага бўлган оташин севгисини кўриб турарди, у фарзанд туғиш орқали эрининг меҳрини қозонмоқчи бўларди. Нақадар ачинарли ҳолат.
Ибтидо 30–боб, 1–оятда шундай ёзилган:
Роҳила Ёқубга бола туғиб бера олмагач, энди опасига ҳасад қила бошлади.
— Менга фарзанд беринг, бўлмаса ўламан! — деди у Ёқубга.
Ибтидо 30–боб,15–16–оятларга кўра, кундошлар эри билан тун ўтказиш учун ўзаро келишиб олганлари ҳақида ҳам ёзилган.
Ёқуб бир хотинини бошқасидан кўпроқ яхши кўргани учун, икки аёл орасида чексиз адоват ва ҳасад авж оларди.
Келинг, энди Довуд пайғамбарнинг ҳаётидан мисол келтирамиз. Довуднинг дастлабки тўртта ўғли қуйидагилар эди: Омнўн (Довуднинг тўнғич ўғли эди), иккинчиси Дониёр (ибронийча матнда Хилов, деб ҳам юритилади. Довуднинг бу ўғли ёшлигида қазо қилган бўлиши мумкин, чунки унинг исми бошқа тилга олинмаган), учинчиси Абсалом ва тўртинчиси Одониё. Бу фарзандлар ҳар хил оналардан туғилган.
Омнўн ўгай синглисининг номусига тегди.
Абсалом Омнўндан ўч олиш мақсадида уни ўлдирди, кейин бутун халқни отасига қарши кўзғатиб, Довудни тахтдан ағдармоқчи бўлди.
Ўз навбатида Одониё: “Энди мен шоҳ бўламан”, деб қарор қилди. У қариган отасига маслаҳат солмай, ўзини шоҳ деб эълон қилди. Барча ака–укаларини таъқиб қила бошлади. Минг афсуски, улуғ ёшга етган Довуд, атрофида ғамхўр ва қайғураётган фарзандларини эмас, тахт учун талашаётган совуққон, бемеҳр қузғунларни кўрди.
Одониё қай усулда тарбияланганига бир эътибор берайлик:
Шоҳлар учинчи китобнинг 1–боб, 6–оятида шундай ёзилган:
“Отаси эса “Нима учун сен бундай қиляпсан?” деб ҳеч қачон Одониёни тергамади. Одониё Абсаломдан кейингиси бўлиб, жуда чиройли йигит эди.”
Довуднинг хотинлари унга йигирма битта ўғил туғиб берган эди. Канизаклари туққан фарзандларнинг ҳисоби эса аниқланмаган. Кўриб турганингиздай, бундай мураккаб оилавий тузилмада фарзандларни тўғри ва художўй қилиб тарбиялашнинг имкони асло йўқ эди.
Сулаймон пайғамбар Ҳикматлар китобида ота–ўғил муносабатлари ҳақидаги фикр–мулоҳазаларини қуйидагича баён қилган:
Мен ота–онамнинг ёлғиз, ёш ўғли эдим.
Болалигимда отам менга шундай дерди:
Сўзларимни юрагингга жо қилиб,
амрларимни бажаргин, шунда яшайсан.
Ҳикматлар 4–боб,3–4–оятлар.
Нақадар дилкаш сўзлар! Сулаймоннинг отаси билан бўлган муносабати ниҳоятда яқин ва дилкаш эди. Бироқ, кўп фарзандлар бор оилаларда ота–она ҳар бир болага етарлича вақт ажрата олмайди, албатта.
Қонунлар 17–боб, 17–оятда ёзилишича Сулаймон шоҳ сифатида хотин кўпайтириши мумкин эмасди. У ерда шундай ёзилган: “Тайинланган шоҳ хотинларни кўпайтирмасин, акс ҳолда, Эгамиздан юраги совийди.” Аммо Сулаймон бу қонунга беэътибор бўлди, оқибатда у Худодан юз ўгирди.
Шоҳлар учинчи китоб, 11–боб, 4–оятда шундай ёзилган: “Охири шундай бўлдики, кексайган чоғида шоҳнинг кўнгли хотинлари туфайли бегона худоларга мойил бўлди. Довуд ўзининг Эгаси Худога чин юракдан боғланган эди, Сулаймон эса отасига ўхшамади.”
Муқаддас Китобда Сулаймоннинг 700 аёл билан қурган никоҳи ҳақида ҳеч қандай батафсил маълумот берилмаган. Аслида берилиши ҳам керак эмасдир?! Ҳасад, рашк, бузилган муносабатлар, алам ва ғурбатга асосланган муносабатлар Худога ҳам, художўй оилага ҳам ҳеч улуғворлик келтирмайди.
Бу ҳақда бир ўйлаб кўринг. Эски Аҳд даврида кенг қўлланилган қўш хотинлик муносабатлари аслида қувонч эмас, алам ва дард олиб келади. Бу масала, ўз маданиятимизда ёрқин аксини топган бўлиб, уни “Ўтган кунлар” кинофильмида кўришимиз мумкин.
Дунёдаги ҳар бир аёл эрининг бутун эътиборига, меҳри, севгиси ва садоқатига эга бўлишни истайди, деб ўйлайман. Ахир, доно халқимизнинг “Эр бермоқ, жон бермоқ” деган гапи ниҳоятда асослидир. Эрнинг бевафолиги аёлнинг қалбини чуқур жароҳатлайди, оилавий муносабатларга путур етказади, адоват, кўролмаслик ва жанжал каби иллатларни пайдо қилади. Оқибатда оила пойдевори дарс кетади. Бундай оилада ўсган болалар ўзига ишончи йўқотадилар, келажакка хавф билан қарайдилар, шубҳа, кўролмаслик ва қўрқув билан яшайдилар.
“Қўш хотинлик жамиятнинг ижтимоий тузулмасига путур етказади, инсонларнинг қалбларини яралайди, ҳар қандай соғлом оилани бузади. Оилага соғлом фикр, камтарлик, донолик билан ёндашсаккина, жамиятимизнинг ичидан бузилиб кетишига йўл қўймаган бўламиз, келажакдаги кўплаб нохуш вазиятларнинг олдини олган бўламиз.
Худо қўш хотинликка йўл қўядими? Ҳа. Эски Аҳд китобларида қўш хотинлик мисоллари жуда кўп, уларни қирирсангиз, осонлик билан топасиз.
Худо қўш хотинликни хоҳлайдими? Йўқ. Тўғри, қўш хотинлик мисоллари Муқаддас Китобда жуда кўп. Лекин Худо бунинг тарафдори эмас.
Худо қўш хотинлик муносабатларини баракатлайдими? Муқаддас Китобдаги мисолларни кўриб чиқадиган бўлсак, бу саволга жавоб аниқ ва лўнда: ЙЎҚ, Худо бундай муносабатларга баракат бермайди!
Эски Аҳднинг сўнгги китоби — Малаки китобида Худо бутун халқни бир хотинликка чорлайди.
Малаки 2–боб,14–15–оятларда шундай ёзилган:
“Нима учун?” деб сўрайсиз. Чунки сизлар ёшлик чоғингизда уйланган хотинингизга бевафолик қилдингиз. Ахир, у сизнинг умр йўлдошингиз, никоҳ аҳдингиздаги хотинингиз–ку! Эгамизнинг Ўзи сизларнинг орангизда гувоҳдир. Эҳтиёт бўлинг, орангизда ҳеч ким ўз хотинига хиёнат қилмасин. Худо сизларни бир тану бир жон қилган–ку! Энди Худо сизлардан нимани кутяпти? Ҳақиқий художўй фарзандларни кутяпти.
Бу оятларда Малаки нима деб айтмоқчи? Худонинг никоҳ учун бўлган азалий режаси бир эркакнинг бир аёлга уйланиши эди. Улар никоҳ аҳдини тузиб, бир тан бўладилар. Атрофингизга қаранг. Ахир, Худо ҳар бир эркак учун битта аёлни яратган. Худо биринчи одамга — Одам Атога ҳам бир нечта хотин бериши мумкин эди, аммо бундай қилмади. Нима учун? Чунки Худо уларга художўй зурриёт беришни мақсад қилган эди. Художўй зурриёт соғлом оилада ўсиб, етишиши анча осон кечади. Кўш хотин олган эркакнинг зурриётидан художўй инсон чиқиши амри маҳол. Фақатгина соғлом оилада, яъни эркак ҳам, аёл ҳам ўз никоҳ ваъдаларига содиқ қолган оилада, фарзандлар ҳимояланган бўлиб ўсадилар, улар ота–онасидан ўрнак олиб, Худога бўлган муносабатларида вафодор ва садоқатли бўладилар.Шундай экан, ўз турмуш ўртоғингизни қадрланг, унга вафодор ва содиқ бўлинг. Зеро, сизнинг бу муносабатингиз фарзандларингизда ўз аксини топади!
Сиз лаънат остида яшашни хоҳлайсизми? Қўш хотин муносабатларида тинчлик, осойишталик борми? Фаровонликни бундай муносабатлардан топиб бўладими? Хурсандчиликничи? Асло! Фақат алам ва ғурбат! Ёлғон ва нафрат! Жанжал ва ҳасад. Ўзингизни лаънатдан ҳимоя қилмоқчи бўлсангиз, ўз рафиқангизга содиқ қолинг. Ўнг сўлингизга қарамай, қўш хотинликдан қочинг.
Зеро, Худонинг кўрсатмаларидан бош тортган инсон катта бадал тўлайди. Эск Аҳд китобидан ўзимизга сабоқ олайлик, қўп хотинликнинг оғир оқибатларини таҳлил қилайлик.
Демак, биз қандай қадамлар ташлашимиз керак?
1)Агар сиз бўйдоқ бўлсангиз, билингки, Худонинг оила учун бўлган мақасади — фақат битта аёл билан турмуш қуриш.
2) Агар сиз уйланган бўлсангиз, Ҳикматлар 5–боб, 18–20 оятлар сизнинг шиорингизга айлансин:
Булоғинг сувлари муборак бўлсин,
кўз очиб кўрганинг билан қувонгин.
19 Жозибали оҳу ва гўзал кийик!
Унинг оғуши сени қониқтирсин,
доим унинг севгиси билан қаноатлангин. (яъни бошқа аёл қидириб ўзингни урунтирма)
20 Нега энди, ўғлим, бегона хотинни кўнглинг қўмсайди? (яъни бировнинг хотинига кўз олайтирма!)
Нимага бегона аёлнинг оғушини қучасан? (Ақлингни йиғиб ол, бошингга лаънат келтирма!)
Хотинингдан завқ ол! Унинг севгиси сени қониқтирсин! Уни бутун борлиғинг билан севгин!
3) Агар сизнинг бир нечта хотинингиз бўлса ва сиз гуноҳларингиздан тавба қилиб, Масиҳни Ўз Нажоткорингиз деб қабул қилган бўлсангиз, ҳаётингизни Худонинг режаси бўйича тартибга солинг:
- Фақат бир аёл билан яшайман, деб қарор қилинг. Биринчи уйланган, қонуний хотинингиз сизнинг жуфти ҳалолингиз бўлсин. Эфесликлар 5–боб, 23–33–оятларда ёзилган қоидага риоя қилинг:
Масиҳ имонлилар жамоатининг боши бўлгани каби, эр ҳам хотиннинг бошидир. Масиҳ Ўз танаси бўлган жамоатнинг Нажоткоридир. Жамоат Масиҳга қандай тобе бўлса, хотинлар ҳам ҳар жиҳатдан ўз эрларига шундай тобе бўлишлари керак. Эй эрлар, Масиҳ жамоатни яхши кўриб, Ўзини жамоат учун фидо қилганидай, сизлар ҳам хотинларингизни шундай яхши кўринглар. Масиҳ жамоатни сув ва Худонинг каломи орқали поклаб, муқаддас қилиш ниятида Ўзини фидо қилди. Жамоатни Ўз ҳузурига келтирганда, жамоат ҳар қандай ғубор, ажин ва доғдан холи бўлиб, улуғвор, муқаддас ва бенуқсон бўлиши учун Масиҳ Ўз жонини аямади. Эрлар ҳам ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган эркак ўзини севган бўлади. Ҳеч ким ҳеч қачон ўз танасини ёмон кўрмайди. Аксинча, уни озиқлантириб, парвариш қилади. Масиҳ ҳам Ўз жамоатини худди шундай озиқлантириб, парвариш қилади. Биз Масиҳ танасининг аъзоларимиз. Муқаддас битикларда шундай ёзилган: “Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.” Бу буюк сирдир, энди бу сир Масиҳ ҳамда жамоатга ҳам тааллуқлидир. Хулласи калом, ҳар бир эр ўз хотинини ўзини севгандай севсин. Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин.
- Бошқа аёллар билан бўлган муносабатларингизга чек қўйинг.
- Рафиқангизни ва сиз ажрашган аёлингизни моддий тарафдан қўллаб туринг. Зеро, олдин шаърий никоҳга олган аёлингиз ҳам моддий тарафдан сизнинг қарамоғингизда эди. Сиз у аёл билан ишқий муносабатни тўхтатинг, лекин уни моддий томондан таъминлаб туришни давом этинг. Бу виждонан тутилган иш бўлади.
- Ўзингиз дунёга келтирган ҳамма фарзандларга оталик қилинг. Қонуний рафиқангизнинг болаларига руҳий, маънавий, жисмоний ва моддий таянч бўлганингиз сингари, шаърий никоҳингиздаги болаларни ҳам худди шундай қўллаб туринг. Уларнинг руҳий етакчиси бўлинг. Ахир, ўша болаларни сиз дунёга келтиргансиз ва улар учун тўлиқ жавобгарсиз. Бу барча мажбуриятларни қувонч билан бажаринг.
Ёшларга вафодорликни ўргатиш керак. Оила барқарор, бахтли ва шод бўлиши учун вафодорлик ва ишончнинг ўрни беқиёсдир.
Қуйидагилар ҳақида фикр юритинг:
Худо оилага асос солди, унинг вазифасини ҳам Ўзи бизга кўрсатди. Муқаддас Китобга кўра, бир эркак ва бир аёлдан ташкил топган оила гўзалдир. Шундай экан, келинг Худонинг асл режасидан узоқлашмайлик. Ўз бахтимизни оёқ ости қилмайлик!