Қувғин ва қийинчиликлар
(Брискодан олинган)
Филиппиликлар 1:12-21
Эй биродарлар, шуни билишингизни истайманки, бошимга тушганларнинг ҳаммаси Хушхабарнинг янада кўпроқ ёйилишига туртки бўлди. 13 Масиҳ туфайли қамалганим бутун сарой қўриқчиларига ва бу ердагиларнинг ҳаммасига маълум бўлди. 14 Менинг қамоқдаги вазиятим кўп биродарларнинг Раббимиз Исога бўлган ишончини оширди, шунинг учун улар қўрқмасдан, катта жасорат билан Масиҳ ҳақидаги хабарни тарғиб қиляптилар.
15 Тўғри, Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни баъзилар бахиллик ва ҳасадгўйлик билан, баъзилар эса яхши ният билан тарғиб қиляптилар. 16 Яхши ният билан тарғиб қилаётганлар мени яхши кўрганлари учун ва мен Хушхабарни ҳимоя қилишган тайинланганимни билиб шундай қиляптилар. 17 Қолганлар эса Хушхабарни рақобат руҳи билан тарғиб қиляптилар. Улар пок ниятда эмас, балки менинг қамоқда тортаётган азобларим кўпайсин деб, шундай қиляптилар. 18 Аммо нима фарқи бор? Ёмон ниятдами, яхши ниятдами, муҳими, Масиҳ ҳақидаги Хушхабар тарғиб қилинмоқда. Мана шу мени хурсанд қилади.
Мен хурсанд бўлишда давом этавераман, 19 чунки биламан, сизларнинг ибодатларингиз орқали ва Исо Масиҳ Руҳининг ёрдами билан мана шуларнинг ҳаммаси менинг озод бўлишимга олиб келади.20 Ишонч билан умид қиламан: иснодга қолмайман, аксинча, жасорат кўрсатаман. Ҳа, умидим шуки, ҳозир ҳам олдингидай, ўлсам ҳам, яшасам ҳам менинг танам орқали Масиҳ улуғланади. 21 Зотан, мен учун ҳаёт Масиҳдир, ўлим эса ютуқдир.
Худо ҳаётимизда айрим нарсаларга йўл қўяди …..
шу орқали бизни ўзгартиради……
натижада эса биз орқали У Ўз ишини бажаради.
Худо ҳаётимизда айрим нарсаларга йўл қўяди.
Павлуснинг ҳаётида нималар рўй берди?
Павлус Исо Масиҳга имон келтиргани учун қамоққа тушган эди.
Филиппиликлар 1:13, 4:22
“Павлусни қамоқхона соқчисига занжирлаб қўйишганди. У кунига йигирма тўрт соат давомида шундай ҳолатда эди. Рим ҳарбий қоидаларига кўра, соқчилар ҳар олти соатда алмашиб туришарди. Демак, бир кун давомида Павлусни тўртта соқчи кетма–кет қўриқларди. Павлус қочиб кетмаслиги учун доимий назорат остида эди. У соқчига занжирбанд бўлган ҳолда ухларди. Овқатланганда ҳам соқчига занжирбанд эди. Занжир асло ечилмасди.” Павлуснинг қамоқда шахсий вақти умуман йўқ эди. Уни ҳеч қачон ёлғиз қолдиришмасди. Бунга сабаб у Исо Масиҳнинг издоши бўлгани ва бу ҳақда ҳаммага овоза қилгани эди.
Павлус яна нималарни бошдан кечирганди? Айрим биродарлар унга қарши чиқишганди. Филиппиликлар 1:15–16 га қаранг. Нима сабабдан улар Павлусга ёмонликни раво кўрардилар? Бунга сабаб уларнинг бахиллиги ва ҳасадгўйлиги эди. Биз одатда қаршиликни имонсизлардан кутамиз. Бироқ биродарлар кўрсатган қаршилик одамга қаттиқ ботади – Масиҳ танаси бўлмиш жамоат ичидаги бундай иллатлар атрофдаги имонсизларга ёмон гувоҳлик беради, жамоат шаънига доғ туширади.
“Ниҳоятда ачинарли ҳол. Одамни тушкунликка соладиган ўта нохуш вазият. Бундай вазият жамоатга безовталик олиб киради. Бахиллик бегона ўтдай жамоат ичида ғовлаб кетади, бугунги кунда ҳам бундай ҳолатлар жамоатларда рўй бериб туради. Жамоатдаги баъзи одамлар бахиллик ва ҳасадга қул бўлади. Ўзларидан яхшироқ жой эгаллаган одамларни улар кўролмайдилар, бутун ҳаётларини ўша шўрликларнинг шаънини булғашга бағишлайдилар. Улар ҳақиқий Хушхабарни эълон қиладилар–у, қалблари эса нопокликларга тўла бўлади. Улар ўзларини юксалтирмоқчи бўладилар, одамлардан шон–шараф кутадилар. Улардан кўпроқ муваффақият қозонган одамлардан ғазабланиб юрадилар. Улардан яхшироқ бўлган ёзувчи, чўпон ёки ўқитувчилардан ҳазар қиладилар. Улар одамлар орасига низо ва нифоқ уруғларини сепадилар. Жанжал ва урушлар келтириб чиқарадилар. Бундай одамлар Павлусни ўзларига рақиб, деб билиб, уни қоралаганлар. Улар бировни қоралаш, ёмонлаш, айблаш, шаънини булғаш орқали ўзларини устунроқ қилиб кўрсатишга уринадилар.”
Павлус билан яна нималар содир бўлган эди? Унинг жисмоний баданидаги ниш ҳақида ҳам унутмайлик.
2Коринфиклар 12:7
Шунинг учун, мени кибрланиб кетмасин деб, баданимга бир ниш, мени ниқталайдиган шайтоннинг элчиси берилди.
Павлусга нима сабабдани ниш берилганини, унинг ўзи жуда яхши биларди. Павлус: “…мени кибрланиб кетмасин…”, деб нишнинг сабабини бизга аниқ айтиб турибди. “Павлус масиҳий эди, ниҳоятда олижаноб одам, масиҳийлар орасида энг етук инсон, бироқ манманлик унинг инсоний табиатига хос туйғу эди. Жисмоний танасида ҳануз гуноҳга мойилиги бор эди.” Павлусга берилган ниш унинг манманлигини жиловлар эди, ўз кучига таянишига йўл қўймасди.
“Камтаринлик юксак бир хислатдир. Манманлик эса гуноҳнинг илдизидир.” Қолган барча гуноҳлар манманликдан келиб чиқади.
Худо ниҳоятда доно бўлгани учун, ниш нималигини аниқ айтмайди. Борди–ю, юқоридаги парчада “ниш” аниқ нимани билдириши ёзилганда эди, биз ўз “ниш”имизни Павлуснинг “ниш”ига солиштирган бўлардик. Шу орқали ҳам тушкунликка тушган бўлардик.
Демак, Павлус қамоқда эди. Айрим биродарлар унга ҳасад қилганди, уни ерга қормоқчи бўлганди. Бундан ташқари баданидаги бир ниш уни доим ниқталаб турарди.
Худо бизни ўзгартиради.
Павлуснинг ҳаётида содир бўлган бу нохушликлар, Павлусдаги қандай ўзгаришларга сабаб бўлди?
Филиппиликлар 4:11 Буларни муҳтожликдан айтаётганим йўқ, чунки мен ҳар қандай шароитда борига қаноат қилишга ўрганганман.
Павлус қаноат қилишни ўрганди. Бу оятдаги калит сўзга эътибор беринг “ўрганганман”. Қаноатланиш бизда ўзидан–ўзи пайдо бўлмайди. Биз Худонинг иродасига ўз хоҳишимиз билан бўйсунганимизда қаноат қилишни ўрганамиз. Агар Павлус қамоққа тушмаганда ва юқорида айтиб ўтилган кўргуликларни бошдан кечирмаганда эди, у ҳеч қачон қаноат қилишни ўрганмаган бўларди. Павлус ўта нохуш шароитда ҳам ўзини камтарона тутди, шу орқали Худо бермоқчи бўлган сабоқни ўрганди, натижада иноятни мукофот қилиб олди.
Филиппиликлар 4:13
Менга куч–қувват берадиган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан.
Павлус Муқаддас Руҳ берадиган куч–қувватдан воқиф эди. Ҳаёт йўлида учраган ҳамма қийинчиликларни Павлус Худонинг мадади билан енгди. Қамоқдаги шароитга кўникди, ҳасадгўй биродаларини кечирди, баданидаги нишга дош берди. Биз ҳам Павлус каби, қийин вазиятлардан ўзимизга сабоқ олишимиз мумкин.
Филиппиликлар 4:19
Худойим Ўзининг ажойиб бойлиги билан Исо Масиҳ орқали сизларнинг ҳар бир эҳтиёжингизни қондиради.
Худо эҳтиёжларимизни қондиришини Павлус ўрганди. Агар Павлус бўлиб ўтган воқеалардан дилгир ва аламзада бўлиб юрганда эди, бундай сўзларни айтмаган бўларди. Агар Павлусда умуман ҳеч қандай эҳтиёжи бўлмаганда ҳам, бу сўзларни айтмаган бўларди. Бироқ Худо Павлуснинг ҳаётида муҳтожлик ва эҳтиёжларга йўл қўйган эди, Худо ўша эҳтиёжларни қондирганда, Павлус Худонинг ғамҳўрлиги ва меҳрибонлигини кўра оларди.
Филиппиликлар 1:19–оятда Павлус қийинчиликларда ҳам Худога умид боғлаганини кўрамиз. Бу қийнчиликлардан чиқиб кетиш учун Павлусга ёрдам керак эди. Павлус Худонинг мададига ишонарди, биродарларнинг мунофиқлигини кечиришга унга Худо ёрдам берди. Павлус ўз душманларини шартсиз севги билан сева олишига амин бўлди. Айтилган ҳар бир сўз сўзловчининг кимлигини бизга аён қилади. Павлуснинг қуйидаги сўзлари: “Аммо нима фарқи бор? Ёмон ниятдами, яхши ниятдами, муҳими, Масиҳ ҳақидаги Хушхабар тарғиб қилинмоқда. Мана шу мени хурсанд қилади,” бизга унинг холис қалбини кўрсатиб туради. Павлуснинг бу сўзлари орқали биз Худонинг қудрати ва донишмандлигини аниқроқ кўра бошлаймиз. Қамоқда Худо Павлусга барча нарсага тўғри назар билан қарашни ўргатган эди.
Агар Павлус ўзига ачиниб, аламзада бўлганда эди, Худо уни улуғвор мақсади учун ишлата олмасди. Бу ҳолда, Филиппиликларга мактуби умуман ёзилмаган бўларди. Павлуснинг ўзи эса қари, ношукур, минғирлаган, ўлимини интизорлик билан кутиб юрган, ҳаётдан тўйган чолга айланарди.
Ҳаётимдаги баъзи пайтларда мен бошдан кечирган қийинчиликларга қараб, уларнинг натижаси ҳақида мулоҳаза қилиб, ўзимча шундай ўйлардим: “Нега қийинчиликлар шу қадар оғир бўлади?” Назаримда улар ўта оғир ва шафқатсиз эди.
Қийинчиликларнинг моҳиятини эса кейинроқ тушундим: Худо сиз орқали қанча катта ишни қилмоқчи бўлса, йўлингизда шунга яраша катта қийинчилик ёки тўсиқ пайдо бўлади. Биз қийинчиликсиз ёки тўсиқларсиз ўсмаймиз, ривожланмаймиз. Бир донишманд шундай деган эди: “Худонинг даласидаги энг ҳосилдор ер, бу қарама–қаршиликларга бой ердир.” Бу гап ҳаётимдаги кўп саволларга жавоб берди. Худо мени алдамади ёки мен ҳақимда унутмади, У менга нисбатан беэътибор ёки шафқатсиз эмас. Шунчаки, Унинг йўллари бизнинг йўлларимиз эмас. Мен самодаги Худонинг ҳузурига борганимдан кейин ҳаётимдаги кўп жумбоқларни тушунаман: ҳаётимдаги оғир синовлар орқали Худо Ўз мақсадини амалга оширганини тўлиқ анлаб оламан.
Худо ҳаётимизда қийинчиликларга йўл қўйгани ва улар орқали бизни ўзгартиргани ҳақида сўз юритдик.
Келинглар, энди Худо биз орқали нималарни амалга оширмоқчи эканини кўрамиз.
Худо биз орқали ишлайди.
Павлуснинг бошига тушган қийинчиликлар натижасида, у орқали нималар рўй берди?
Филиппиликлар 1:12 да Павлус қийинчиликларга қарамай, Худо ҳақидаги Хушхабарни самарали тарзда ёйгани ҳақида ёзилган. Қийинчиликлар Павлуснинг хизматини тўхтатиб қўймади, аксинча, Худонинг инояти билан самарали бўлди. Мен бир воиз аёлни эслайман. У хаста бўлиб, узоқ вақт касалхонада ётишига тўғри келди, бироқ унинг айтиши бўйича, бу вазият унга янада кўпроқ одамларга Хушхабар айтишига жуда яхши имкон яратган эди. Дарҳақиқат, Худонинг йўллари бизнинг йўлларимиз эмас. Ишаё 55:8.
Филиппиликлар 1:13 Павлус қамоққа тушгани боис, Хушхабар барча сарой қўриқчиларига аён бўлган эди (бў қўриқчилар Рим императорининг шахсий тан соқчилари эди). Павлус учун Хушхабар айтишга янги имкониятлар очилган эди. Бу юқори лавозимдаги қўриқчиларга Хушхабар айтиш учун биз бундай йўлни танламаган бўлардик. Биз бақувват бир йигитни топиб, уни қўриқчилар қаторига қўшган бўлардик ва ўша йигит тан соқчиларга Хушхабар айтишини кутган бўлардик. Худо эса бундай йўл тутмади, у соқчиларга Хушхабарни асир тушган, қартайган чол орқали етказди. Ҳаётимизда содир бўладиган барча воқеалар Хушхабар ёйилиш мақсадида содир бўлаётганини тушунамизми? Бошимизга қийинчиликлар тушганда ёки ўзимиз кутмаган нохуш воқеалар рўй берганда биз ўзимизга шундай савол беришимиз керак: “Хушхабар айтиш учун бизга қандай эшиклар очилди?”
Филиппиликлар 1:14 Павлуснинг қийинчиликларда кўрсатган жасорати кўп масиҳийларни руҳлантирди. Агар Павлус қамоқдаги қийинчиликларга шу қадар ижобий ёндашган бўлса, биз ўз ялқовлигимизни қандай оқлай оламиз? Павлус қамалганда, шубҳасиз, кўп имонлилар қўрқиб қолган бўлсалар керак, бироқ улар Павлуснинг жасоратини кўриб, ундан намуна олганлар. Павлус қамоқда бўла туриб, хизмат қилганига улар гувоҳ бўлганлар. Павлуснинг қамоқдаги хизмати янги жойларга Хушхабарни олиб кирди, янги одамларга уни етказди. Сиз билан мен ҳам янги одамларга Хушхабар етказишимиз керак. Бугунги кунда биз Павлусга тақлид қилишимиз зарур.
.
Филиппиликлар 1:14b Павлуснинг бошига қийинчилик тушгани сабабли, бошқа биродарлар ҳам хизмат қилишга мажбур бўлишди. Агар Павлус қамалмаганда эди, жамоатдаги хизматини ўзи давом этаверган бўларди. Жамоат йиғилишларни ўзи ўтказган бўларди. Аммо Павлус қамоққа тушгани учун, янги етакчилар шаклланди, бу вазият уларнинг ўсишига олиб келди. Ҳозирги вақтда кўп имонлилар қўрқувга қул бўлиб яшайдилар. Аммо биз Павлусдан ўрнак олишимиз, у каби жасоратли бўлишимиз зарур.
Филиппиликлар 1:20,21 да ёзилишича, Павлус бошдан қийинчиликлар ўтказгани учун, ҳали ҳам мукаммал эмаслигини тушунган эди. У ҳаётидаги айрим томонларини ўзгаритириши кераклигини англаганди. Унда янги мақсадлар пайдо бўлди. У ўсиши ва ривожланиши керак бўлган томонларини кўрди. Ўла–ўлгунча Муқаддас Руҳ унга раҳнамолик қилишини у биларди. Йўқ, Павлус қулай, тинч ва осойишта ҳаётга интилмади. У бутун ҳаётини Хушхабарни ёйишга ва Худога улуғворлик келтиришга бағишлади.
Павлус Муқаддас Китоб таркибига кирган тўртта мактубини қийинчилик пайтида ёзган эди. Қамоқдан ёзилган бу тўртта мактубнинг моҳияти ўзгача. Булар: Эфесликларга, Филиппиликларга, Колосаликларга ва Филимўнга мактублардир. Агар Павлус қамоқда ўтирганда тушкун кайфиятда бўлганда эди, бу мактубларни асло яратмаган бўларди. Мен Филиппиликларга 4–бобни ҳар сафар ўқиганимда ўзимга, Павлус бу мактубни қамоқдан ёзганини эслатаман. Ўша бобда нақадар кучли, инсон руҳиятига қудрат бахш этадиган сўзлар ёзилган! Бу сўзлар ҳаётимга катта таъсир кўрсатган.
Кўп одамлар Павлуснинг вазиятига тушганда кўпинча тушкун кайфиятда, аламзада ва жаҳлдор бўлиб юрадилар. Дунёда бундай одамларнинг саноғига етиб бўлмайди, Аюбнинг хотини ўшандай одамлардан бири эди. Бироқ Муқаддас Китобда Павлусга ўхшаган одамларни ҳам кўришимиз мумкин, улар орасида Юсуф пайғамбар, Исонинг онаси Марям ва Дониёр пайғамбар ўрин олган.
Бир шоир шундай бир шеър ёзган эди:
“Икки киши дераза панжарасидан қарар,
Бири фақат лой кўчани кўрар,
Иккинчиси юлдузли осмондан лаззат олар.”
Шу сингари, ҳаётимиздаги қийинчиликларга бўлган муносабатимиз, уларга қайси томондан қарашимизга боғлиқдир.
Павлус қамоқда бўлганда, назарини Худога қаратган эди. Бу қийинчиликлар орасида Худони кўрар эди.
Агар сиз ҳам қийинчиликка шу сингари ёндашсангиз, сизнинг муносабатингиз буткул ўзгаради.
Худо ҳаётимизда айрим нарсаларга йўл қўяди …..
шу орқали бизни ўзгартиради……
натижада эса биз орқали У Ўз ишини бажаради.
Қийинчилик ва азоб–уқубатларга нақадар доно ва тўғри ёндашув!!!