Худога маъқул қурбонлик – эзилган руҳ
Мен қаттиқ чарсиллаган товуш билан қичқирган овозни эшитдим.
Ошхона томон отилиб, нима бўлганини кўрмоқчи эдим.
Онам газ плита олдида хўрсиниб, йиғлар эдилар.
Отам эса музлаткич олдида ҳанг–манг дея олмай турар эдилар. Отамнинг юзи билинар–билинмас қизарган, кўзлари жавдираб турарди.
Мен отамнинг кўзи қаерга тикилганини кўрмоқчи бўлиб, ерга қарадим. Ерда оиламиз ёдгорлиги бўлган қимматбаҳо идиш чилпарчин бўлиб ётарди.
Идиш мингта бўлакка бўлиниб кетган эди.
Бу мафтункор идиш феруза ранг шишадан қилинган бўлиб, антиқа қопқоқчаси бор эди.
У классик шаклда ясалган бўлиб, мумтоз санъат асари эди.
Бу идиш бир неча йиллар давомида оиламиз ёдгорлиги эди.
Биз ундан фақат муҳим ўтиришларда фойдаланардик.
Ўша куни уйимизга нозик меҳмонлар келишлари керак эди, шунинг учун онам отамдан шкафдан идишни олиб беришини сўрадилар.
Бироқ идишнинг куни битган экан.
Ўша идиш синганига ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди.
Ҳаммамиз чил–чил синган идишнинг ердаги қолдиқларига қараб турардик.
Синмоқ
Идиш синса яхши эмас.
Бор будимиз барбод бўлса яхши эмас.
Борди–ю машинамиз бузилса йўлда қолиб кетамиз.
Микроволновкамиз бузилса овқатимизни исита олмаймиз.
Телефонимиз бузилса дунёдан бехабар қолиб кетамиз.
Ер юзидаги бу ҳаёт бизга бирон нарсанинг синиши ёки бузилиши ёмон эканини ўргатади.
Муқаддас Китобда эса аксинча ёзилган.
Бугунги дарсимизни бошлашимиздан олдин, келинглар, Раббимиздан мадад сўрайлик.
Осмондаги Отажон,
Бизга Ўзинг ёрдам бергин, Каломни ўрганиш вақтимиз мазмунли ўтсин. Сенсиз биз бунинг уддасидан чиқа олмаймиз.
Қалбларимизни очгин, сабоқ олайлик.
Эътиборимизни чалғитадиган ҳамма нарсани олиб ташлагин.
Қалбимизга гапиргин,
Исо Масиҳ номи билан ибодат қиламиз.
Омин.
Забур 50:19.
Сенга маъқул қурбонлигим эзилган руҳдир,
Эзилган, тавба қилган юракни
Сен рад этмайсан, эй Худо.
Ибронийчадаги асл нусхадан сўзма–сўз таржима:
Сенга маъқул қурбонлигим синган руҳдир,…
Оятда нима ёзилган?
Наҳотки эзилган, синган руҳ Худога маъқул келса?
Бунга ишонгим келмайди.
Биз ёмон кўрган сўзни, наҳотки Худо қадрласа?
Қандай қилиб эзилган руҳ Худога маъқул келиши мумкин?
Муқаддас Китобдаги бу сўзнинг маъносини қанча чуқур англаб олсангиз масиҳийча ҳаётни, ўзингизни ва Худони шунчалик яхши тушунадиган бўласиз.
Афсуски, буни айтиш ва эшитиш қанчалар қийин бўлмасин, аммо эзилиш ва синиш масиҳийча ҳаётнинг ажралмас бир қисмидир.
“Биз ҳар биримиз ҳаётимизда турлича эзиламиз, баъзан бу енгил тарзда ўтади, баъзан ниҳоятда оғир кечади.”
Шу сабабдан бундай вазиятларда ўзимизни қандай тутишимиз кераклигини ўрганишимиз керак.
Муқаддас Китобда эзилган, қалби чилпарчин бўлган одамларнинг мисоллари жуда кўп.
Шунинг учун, келинглар Янги Аҳддан биз учун яхши мисол бўладиган одамни танлайлик.
Ҳаворийлар китобининг 7–бобида Стефан исмли ёш масиҳий йигит ҳақида сўз юритилган. Афсуски, унинг тингловчилари масиҳийликдан нафратланганлар, улар Стефаннинг гапларини эшитиб, ғазабга минганлар ва уни ўлдиришга қарор қилганлар.
Ҳаворийлар 7:58
Улар Стефанни шаҳар ташқарисига олиб чиқдилар ва тошбўрон қилдилар. Унга қарши гувоҳлик берганлар эса чопонларини Шоул деган йигитнинг оёқлари остига қўйдилар.
Қотилларнинг кийимларини қўриқлаган Шоул қотиллар билан ҳамтовоқ бўлган бўлиши мумкин ёки бундан ҳам баттарроғи, қотиллик қилишга уларни гижгижлаган бўлиши мумкин.
Ҳаворийлар 8:3
Шоул эса жамоатни йўқ қилиш пайига тушган эди. У уйма–уй юриб, эркагу аёл имонлиларни судраб олиб чиқар, уларни қамоқхонага ташлар эди.
Бу оятда Шоул менинг назаримда олов пуркаган махлуққа ўхшайди, у масиҳийларни ямламай ютмоқчи бўлади.
Шоул Масиҳнинг издошларидан шу қадар нафратланар эдики, босар–тусарини билмай қолган эди.
Вазият тобора ёмонлашиб борди:
Ҳаворийлар 9:1–2
Шу орада Шоул Раббимиз Исонинг шогирдларига қарши қаттиқ ўлим хавфини солиб юрарди. У олий руҳонийнинг ҳузурига бориб, 2 Дамашқдаги синагогаларга хат ёзиб беришини сўради. У ерда эркак бўладими ёки аёлми — Исонинг йўлидан юрувчиларни топиб олса, уларни боғлаб Қуддусга олиб келишга ижозат сўраган эди.
Шоул Қуддусдаги имонлиларни қувғин қилиш билан кифояланиб қолмади, у шимолга, ҳозирги Сурия ҳудудидаги Дамашқ шаҳрига ҳам бориб, у ердаги имонлиларни ҳам тутиб келмоқчи бўлди.
Ҳаворийлар 9:3-4,9 Шоул Дамашққа яқинлашиб қолганда, бирдан осмондан тушган бир нур унинг ён–атрофини ёритиб юборди. 4 Шоул ерга йиқилиб, шундай бир овозни эшитди:
— Шоул, Шоул! Нега Мени қувғин қиляпсан?
9 Уч кунгача Шоулнинг кўзи кўрмади, шу кунлар давомида у на еди, на ичди.
Шу тариқа Худо Шоулни синдирди.
Руҳан синишнинг айрим тафсилотларига эътибор берайлик:
- Шоул “синишни” бошлаганида имонсиз эди. Бироқ “синиш” натижасида у Масиҳнинг издошига айланди. Кейинчалик Шоул Павлус исми билан аталадиган бўлди. Демак, шундай хулосага келамиз: имонсизлар ҳам, имонлилар ҳам “синишлари” мумкин.
- Шоул Худодан: “Мени синдир”, деб сўрамади.
Демак, бу Худонинг ташаббуси билан юз берди. Худо олдиндан бу ҳақда Шоулни огоҳлантирмади.
- Синиш жараёнида биринчи бўлиб бизнинг эски табиатимиз зарба ейди.
Синиш натижасида Шоул гуноҳ йўлидаги жадал ҳаракатини бирдан тўхтатди. У олдинлар тинмай имонлилар бошига қувғинлар солган бўлса, бирданига камтар бўлиб қолди.
Унинг кўзи кўрмай қолди.
У бировнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолди.
Шоулнинг бошига тушган қаттиқ зарбанинг товуши, ошхонамизда чилпарчин бўлган идишнинг товушидан ҳам баландроқ бўлгандир.
Тарс! Бирданига Шоулнинг кўзлари мошдай очилди, у ноҳақ бўлганини бир зумда тушуниб олди!
Исо Худо эканини у англади!
Шоулнинг эски қадриятлари буғдай парланиб кетди.
- Бундай “синиш”дан буюк натижалар келиб чиқади.
Шоулнинг Исога бўлган нафрати чексиз севгига айланди.
Жамоатларни барбод қиладиган қотилдан у жамоатларни бунёд этадиган хизматчига айланди.
Ҳақақатдан хазар қилувчи бу инсон Хушхабарнинг буюк элчиси бўлди.
- Муқаддас Китоб қаҳраманларининг ҳаммаси турли даражада синганлар: баъзилари кўпроқ, баъзилари камроқ эзилганлар. Бирининг ҳолати бошқасига мос келмайди.
Исо Шоулга зоҳир бўлганда Шоул тахминан 30 ёшларда эди.
Инсон бу ёшдан олдинроқ ёки кейинроқ “синиш”и мумкин.
Шоулнинг ҳаётида “синиш” жараёни узоққа чўзилмади, аммо Муқаддас Китобнинг бошқа жойларида бу жараён бир неча йиллар давом этганини ҳам кўришимиз мумкин. Мусо пайғамбарнинг ҳаёти бунга яхши мисол бўла олади.
Шунингдек, “синиш”нинг кучлилиги ҳам бир–биридан катта фарқ қилади.
Мисол учун, Юнус пайғамбар итоатсизлиги учун уч кун наҳанг балиқнинг қорнида бўлган, шоҳ Довуд эса қилган гуноҳи учун шунчаки пайғамбардан танбеҳ эшитган.
Бироқ ҳар қандай вазиятда бир нарса кундай равшандир, бу:
Забур 50:19.
Сенга маъқул қурбонлигим эзилган руҳдир,
Эзилган, тавба қилган юракни
Сен рад этмайсан, эй Худо.
Худо эзилган/сингар руҳни юксак даражада қадрлайди.
Биз Худонинг олдига
“гуноҳимизни тан олган ҳолда,
бўйин эгиб келганимизда,
тош юрагимизни юмшатганимизда,
манманлик эгаридан тушганимизда,
бутун диққат–эътиборимизни ўзимизга эмас,
Худога қаратганимизда”
Худо ниҳоятда маманун бўлади.
Агар биз Исо Масиҳга сидқидилдан эргашсак,
“синиш” масиҳийча ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланади.
Агар “синиш” шу қадар муҳим бўлса, келинглар, “синиш”нинг том маъносини англаб олайлик.
Диққат билан эшитинг.
“Синиш” Худонинг Руҳига тўлишдан бошқадир.
Имонли одам ҳар қандай вақтда Худонинг Руҳига тўлган бўлади.
Янги имонга келган одам ҳам Худонинг Руҳига тўлади.
Олтмиш йил муқаддам имонга келган оқсоқол ҳам Муқаддас Руҳга тўлади.
Муқаддас Руҳга тўлиш учун Исо Масиҳни эътироф этиш ва ҳосил келтириш даркор.
Агар биз гуноҳларимиздан тавба қилсак ва Исо Масиҳга қалбимиздан тегишли ўрин берсак, Муқаддас Руҳга тўламиз.
Агар сиз Худонинг бошқарувини сўраб, ибодат қилган бўлсангиз, демак Муқаддас Руҳга тўлгансиз.
Агар сиз Муқаддас Китобни ўқисангиз ва доим у ҳақда мулоҳаза қилсангиз, демак сиз Муқаддас Руҳга тўлгансиз.
Муқаддас Руҳга тўлиш ташаббуси тўлиқ сизнинг қўлингизда.
Бошқа томондан, Худо имонсизларни ҳам, имонлиларни ҳам турли вазиятларда “синдиради”.
Бу Худонинг ташаббуси билан амалга ошади.
“Синдириш” орқали Худо бизни жиловлайди,
қалбимизни юмшатади,
Унга қулоқ солишимизга ёрдам беради,
Бизни яроқли ҳолатга келтиради,
Манманлигимизни йўқ қилади.
Биз Худодан: “Мени синдир”, деб сўрашимиз мумкин.
Аммо бу қачон ва қандай юз бериши бизнинг қўлимизда эмас.
“Синиш” камтарлик эмас.
Бироқ “синиш” натижасида камтарлик келади.
Камтарлик бу — барча улуғворликни Худога бериш демакдир.
“Синиш” эса жараёндир, бу жараён натижасида қалбингиз Худога нисбатан юмшайди.
“Синиш” тавба қилиш эмас.
Бироқ “синиш” натижасида ҳақиқий тавба–тазарру келиб чиқади.
“Синиш” ҳар доим ҳам азобли бўлмайди.
Аслида, агар сиз “синиш”га очиқ бўлсангиз, бу азобли жараённи анчагина қисқартирган бўласиз.
Келинглар, энди “синиш” нима эканлигини кўриб чиқайлик.
“Синиш” бу жараёндир, ушбу жараён давомида Худо қалбингизни жиловлайди,
самарадор масиҳий бўлишингизга халақит бераётган барча тўсиқларни У олиб ташлайди,
характерингизни юксак даражада шакллантиради,
итоаткорликни сизга ўргатади,
эски ўзлигингизни ўлдиришга сизга ёрдам беради,
токи Масиҳга тўлиқ бағишланган янги ижод сизда намоён бўлсин.
“Синиш” сўзи хаёлингизда “ўлим” сўзини гавдалантириши керак, зеро, “синиш” бу эски табиатингизнинг ўлишидир.
“Синиш” бу – бутун борлиғингизни Худога бағишлашингиздир. Юрагингизнинг гуноҳдан ва унинг барча асоратларидан тозаланишидир. Қисқа вақт давом этадиган азоблар абадий манфаат ва фойда келтиради.
Бу жуда кўп саволларни келтириб чиқаради:
1–савол: Нега биз “синиш”имиз керак?
“Синиш”ни яхши кўрадиган одам борми?
Бир дақиқа:
Муқаддас Китобда “синиш” ҳақида сўз кетганда, тоза ва пок нарсани ерга уриб синдириш назарда тутилмайди.
Муқаддас Китобда “синиш” бу – гуноҳкор одамнинг қалбини синдириб, уни гуноҳ ҳукмронлигидан озод қилиш, деган маънони билдиради.
Отам ошхонада бехосдан синдириб қўйган идиш жуда яхши ва қимматбаҳо эди.
Бироқ Худо қалбимизда синдирадиган ёмон одатларимиз ва қусурларимиз пасткаш, бадбашара ва жирканчдир.
Шу сабабдан жисмоний дунёда нарсаларнинг синиши ёмон, руҳий дунёда эса қусурларнинг синиб, йўқ бўлиши яхшидир.
Ҳақиқатга тик боқайлик: биз одатда гуноҳнинг халокатли кучига аҳамият бермаймиз.
Гуноҳнинг жирканчлигини беркитамиз.
Кўпинча гуноҳга алданиб қоламиз.
Гуноҳ атрофимизда эканини унутамиз…
Гуноҳ замонавий қўшиқларимиздадир,
Теле ва радио дастурлардадир,
Рекламададир,
Бизнинг суҳбатларимиздадир.
Биз гуноҳни пайқамай қолганмиз.
Биз гуноҳнинг қанчалар қабиҳ эканини билмаймиз.
Эски табиатимизнинг кучини тушунмаймиз.
Сиз Исо Масиҳни Нажоткор, деб қабул қилганингизда ўзингизнинг гуноҳкор эканингизни тан олгансиз. Бироқ гуноҳ табиатингизга қанчалар сингиб кетганини ҳатто хаёлингизга ҳам келтира олмагансиз.
Кўзга ташланадиган гуноҳлардан: сўкинишдан, жанжаллашишдан, ҳурматсизлик қилишдан воз кечиш қийин эмас.
Аммо кўринмайдиган гуноҳлар: ёмон фикрлар, ҳасад, рашк, нафрат, очкўзлик ва ўта даҳшатли бўлган манманликдан ҳамма ҳам воз кечавермайди.
Қалбимиздаги бу гуноҳлар пинҳон яшайди, уларни ҳеч ким кўрмайди.
Бу пинҳона гуноҳлар чирмовиққа ўхшайди, чирмовиқ ўсимлиги дарахтга чирмашиб ўсади–да, дарахтни бўғиб, уни қувватидан маҳрум қилади.
Агар чимовиқни илдизи билан суғуриб ташламаса, дарахт хатар остида қолади ва эртами–кечми сўлиб қолади.
Шу сингари қалбимизни чирмовиқ каби бўғиб, ўлдираётган пинҳона гуноҳларимизни Худо илдизи билан суғуриб ташлайди. Худонинг бу ишини балки ҳеч ким кўрмас, аммо унинг натижаси ёрқин руҳий ҳаёт, гуноҳли одатлардан озодликдир.
Бу худди руҳий жарроҳликка ўхшайди, унинг натижасида руҳий ҳаётингиз анча яхшиланади.
2–савол: Нега “синиш” мавзуси кўпларга ёқмайди?
“Қайсидир сабабларга кўра XXI-аср имонлилари қийинчиликларни, касалликни, азоб–уқубатларни ўзларига эп кўрмайдилар. Булар содир бўлса, гўёки уларнинг ҳақи поймол бўлгандай ўзларини сезадилар.”
Улар шундай деб айтгандай бўладилар:
Раббим, Сен МЕНИНГ хоҳишимни бажар,
Менга тинчлик–осойишталик бер,
Менга бойлик бер,
Кейин мени ТИНЧ ҚЎЙ.
Бирорта масиҳий 2017 йилга тузган режаларига Худо мени “синдирсин” деган мақсад қўйганми?
Бирорта масиҳийча ашулада: “Раббим, ўтинаман, мени “синдир”
Раббим, ўтинаман, мени “синдир”
Қалбимни чилпарчин қилишингни истайман” деб айтиладими?
Сиз ҳам, мен ҳам хоч ҳақида кинолар кўрамиз, аммо Масиҳга эргашиш, У каби азоб чекиш, деганини асло тушунишни истамаймиз.
Исо хочда ўлиб, бизни барча муаммолардан озод қилди, деган фикр қаердан келди?
Кўп масиҳийча жамоатлар дунёдаги тузумга тақлид қилади, улар инсоннинг ички дунёсига эмас, унинг қилган ишига қараб, баҳо беришади.
Бироқ Худони бизнинг ички дунёимиз қизиқтиради, У барча фарзандларининг характерини шакллантирмоқчи бўлади.
Бизни кўпинча: “Худо учун нима қилдим?” деган савол қизиқтиради.
Худони эса бизнинг ички дунёимиз, биз аслида кимлигимиз қизиқтиради.
Буни бошқача қилиб айтганда, бизни кўпроқ эришган натижаларимиз, берган ҳосилимиз қизиқтиради.
Худо эса биздан буткул бошқа нарсани талаб қилади:
“Исо Масиҳ билан алоқада бўлгин.
Масиҳга яқинлашгин.
Масиҳда яшагин.
Ҳаётингни Масиҳ билан бойитгин.
Масиҳ билан бўлган муносабатинг устида ишлагин.”
Масиҳийча ҳаёт тарзининг оддий қоидаларини ўзингизга одат қилиб олинг:
Муқаддас Китобни мунтазам тарзда ўқинг,
ибодат қилинг,
оятларни ёд олинг,
рўза тутинг,
биродарлар билан мулоқотда бўлинг.
Кундалик ташвишлар асири бўлманг.
Биласизми, шунда ҳаётингиз ҳақиқий мевалар беришни бошлайди. Бундан ўзингиз ҳам ҳайрон қоласиз.
Атрофдагилар учун тирик намуна бўласиз.
Фақатгина Масиҳ билан яқин муносабат орқали биз яхши ҳосил бера оламиз, аммо афсуски, кўпчилик бу оддий ҳақиқатни тушунмайди.
Самарали хизмат ҳам фақат Масиҳ билан бўлган яқин муносабат орқали амалга ошади.
Баъзан биз ёши катта имонлиларнинг қийналганига қараб ичимизда шундай ўйлаймиз: “Вой берчора, шу ёшга кириб бунчалик азоблар чекмаса? Нега Худо уни шунчалик қийнаб юборди?”
Ёши катта масиҳийлар кўпинча ҳаётига ўрганиб қотиб қоладилар, хизмат қилишни истамайдилар, заиф бўладилар, шу сабабдан Худо улар устида ишлаб, уларни “синдиради” ва хизмат учун яроқли ҳолга келтиради.
Агар биз “синиш”га жон–жаҳдимиз билан қаршилик кўрсатсак, биз Худонинг эзгу режаларига қаршилик кўрсатган бўламиз.
“Синиш” Худо ҳузурининг йўқлигини эмас, аксинча, Унинг ҳаётимиздаги фаол иштирокини кўрсатади.
Агар биз “синиш” жараёнида Худо билан ҳамкорлик қилсак, вақтимизни ҳам, қувватимизни ҳам тежаган бўламиз ва натижада кўп баракатларга эришамиз.
Жамоатингизга бир қаранг: жамоатдаги кўп одамлар йиғилишларга бир келиб, бир келмайди. Уларда бағишланиш йўқ.
Буни кўриб: “Нега шундай?” деб савол берамиз.
Менимча аксарият ҳолларда жавоб битта: “Худо уларни “синдириш”ни улар истамайди”.
Кўп йиллар давомида масиҳий бўлган баъзи одамлар доим жаҳлдор, бахтсиз, бутун дунёдан хафа бўлиб юрадилар, нега улар шу қадар бахтсиз экан, деб ўзимизга ўзимиз савол берамиз. Ҳаммамиз шундай масиҳийларни таниймиз.
Менимча бу вазиятда жавоб қуйидагича: “Худо уларнинг қалбидаги қусур ва иллатларни синдирмоқчи бўлганда, улар жон–жаҳди билан Худога қаршилик кўрсатганлар. Унинг бундай қилишига йўл қўймаганлар.”
Жарроҳлик амалиётини ҳеч ким ёқтирмайди.
Аммо сиз Худо қилмоқчи бўлган жарроҳликка қаршилик қилсангиз, иккинчи мисолдаги жаҳлдор, ҳосил бермайдиган масиҳийга айланасиз.
3–савол: Муқаддас Китобда “синган” қаҳрамонларнинг мисоли борми?
Бу саволни биз бироз бошқачароқ беришимиз керак: Муқаддас Китобнинг қайси қаҳрамони ҳеч қачон “синмаган”?
Мусо ғазабини тия олмай мисрликни ўлдирганда “синган” эди. Оқибатда у 40 йиллик гулдай умрини саҳрода ўтказган эди. Ўша вақт мобайнида Худо уни йўлбошчи қилиб шакллантирди.
Пайғамбар Натан шоҳ Довудга танбеҳ бериб, зино гуноҳини унинг юзига солганда Довуд “синган” эди.
Оқибатда Довуднинг фарзанди ўлди, мамлакатда нотинчликлар бошланди.
Юнус пайғамбар гуноҳкор одамларга Худонинг хабарини етказишдан бош тортганда ғайриоддий бир жазога мубтало бўлган эди.
Исо хочга михланган пайтда Исонинг шогирдлари “синган” эдилар.
Исо тирилгандан кейин 40 кун давомида шогирдларининг руҳий ҳолатини тиклади, шундан кейин улар қўрқмай қадимги дунё бўйлаб илк жамоатларни очдилар, Худо йўлида шоҳид бўлиб ўлдилар.
Бутрусни ҳам мисол қилиб келтирмасак бўлмайди, у ҳам Исодан воз кечганини тушунганидан кейин руҳан “синди”. Исо тирилганидан кейин У билан юзма–юз гаплашиб тикланди, сўнг шогирдларни ўстирди, Ҳосил байрами куни унутилмас бир ваъз айтиб, жамоатга асос солди.
Таниқли ёзувчи С. Левис шундай ёзади: “Мен Исога имон келтирганимдан кейин ҳаётимнинг бир носоз жойини тиклашни сўраган эдим, У эса эски ҳаётимнинг ҳаммасини ер билан яксон қилиб, уни қайтадан барпо қилди.”
Левис: “Гуноҳ билан озгина муаммоим бор”, деб ўйларди. Худонинг бу борадаги фикри эса умуман бошқача эди. Шунинг учун Худо Левиснинг эски табиатини йўқ қилиб ташлаб, ундан буюк бир инсон яратди. Бу инсоннинг ёзган китоблари бутун жаҳон учун беқиёс марҳамат бўлиб хизмат қилади.
Биз “синиш” ҳақида сўз юритар эканмиз, ўзимизга: “Ер юзида “синиш”га ҳожати бўлмаган инсон борми?” деган савол беришимиз мумкин.
Ким биз учун мукаммал намуна бўлиб хизмат қила олади?
Бунга жавобни қуйидаги оятдан топамиз:
Филиппиликлар 2:5-9
Фикр–зикрингиз Исо Масиҳникидай бўлсин. 6 Исо Масиҳ Худонинг табиатига эга эди, шунда ҳам У Худо билан тенгликни маҳкам тутмади. 7 Аксинча, У бу улуғворликдан воз кечиб, қул табиатига кирди, инсон бўлиб туғилди. У инсон қиёфасида яшаб, 8 Ўзини паст тутди. Итоаткор бўлиб, ҳатто ўлимга, хочдаги ўлимга ҳам рози бўлди. 9 Шунинг учун Худо Уни энг юқорига юксалтирди ва Унга ҳар қандай исмдан юқори исмни ато этди.
Исо Худодир, У илоҳий учбирликнинг аъзоси.
Худо бўлишнинг кўплаб имтиёзлари ва ҳурматга лойиқ томонлари бор. Буларнинг ҳаммасини биз тушуна олмаймиз.
Бироқ Исо Ўз хоҳиши билан, Ўз розилиги билан Марям қорнида тўққиз ой давомида ҳомила бўлиб ривожланишга рози бўлди.
33 йил давомида инсон бўлиб яшашга рози бўлди.
У Ўз хоҳиши билан Рим империясининг мустамлакаси бўлган Яқин Шарқдаги кичкинагина бир мамлакатда истиқомат қилишни раво кўрди.
Ўз хоҳиши билан У тирик қолиш учун инсон озуқаси билан озиқланди.
Ўз хоҳиши билан у васвасага дучор бўлиб, азоб–уқубатлар чекди.
Сиз ҳам, мен ҳам ўзимиз учун доим имтиёз ва шараф қидирамиз.
Исо–чи? У ер юзида яшаган 33 йил давомида Ўзига бирон марта бўлса ҳам шараф талаб қилдими?
Сиз ҳам, мен ҳам масиҳий бўла туриб, ўз ҳаққимизни талаб қилиб оламиз, борди–ю қимдир ҳаққимизни поймол қилса жон бериб олишамиз.
Исо эса Ўз хоҳиши билан барча илоҳий имтиёзларидан воз кечди, Филиппиликлар 2:7 да ёзилгандай, У қул табиатига кирди.
Бизнинг ниятларимиз ортида худбинлигимиз яширинган.
Исонинг холислиги эса бизга беғубор ва соф ният қандай бўлишини кўрсатади.
Исо бизга ҳеч қачон: “Сен эриша оладиган баланд чўққиларни забт эт! Ҳаётдан завқлан”, деб айтмаган.
Филиппиликлар 2:8 га кўра Исо (инсоний нуқтаи назардан) ғолиблик ҳуқуқини қўлдан бой берди.
У ғалаба қозониши мумкин эди —
Хочдан воз кечиши мумкин эди, Уни ўлдирмоқчи бўлган одамларни йўқ қилиб, кулини кўкка совуриши мумкин эди.
Аммо У мағлубиниятни танлади (инсоний нуқтаи назардан), токи сиз ва мен, нолойиқ бўлсак–да, ғолиб бўлайлик.
“Синган” одам тортишувда охирги сўзни айтиши шарт эмас.
“Ер юзида ҳукмронлик қилган буюк ҳукмдорларни, тахтларда ўтирган подшоҳларнинг ҳаммасини йиғиб олсак ҳам, улар биргаликда инсониятга Битта Ул Зот каби
Таъсир кўрсата олмаган.”
Исо Масиҳга қаранг, У биз учун энг яхши намунадир.
Биз яхши яшашни эмас, яхши ўлим топишни исташимиз керак.
Ерда ўлган уруғ каби, кўплаб ҳосил келтиришга тиришимоғимиз керак.
Қанийди, бу йили Худо бизнинг барча худбинлигимизни, иллатлару нафсимизни чил–чил қилиб синдирса, қанийди, биз ошхонамиз полида чилпарчин бўлган ёмон одатларимиз ва қусурларимизни кўра олсак.
Ҳаётимизда содир бўлиши мумкин бўлган энг яхши нарса бу — иллатлари “синган” масиҳий бўлишдир.