Тутмоқ
Мен уйда, ёзув столининг ёнида ўтирганимда, қулоғимга ёқимсиз бир овоз эшитилди. Бу жанжал овози эмас, қулоқни қоматга келтирадиган баланд мусиқа овози ҳам эмасди. Томдан “ч-а-к…ч-а-к…ч-а-к…” этиб ўтаётган сувнинг товуши эди.
Мен ётоқхонамнинг ҳамма ёғини кўриб чиқдим, сув ўтмаганди. Ваннахонани ҳам текширдим, у ерда ҳам ҳаммаси жойида эди. “Чаккиллаётган товуш қаердан келаётган экан?” — деб бошим қотди.
Қарасам, бу товуш — ёзув столимнинг ёнидаги деразадан эшитилаётган экан. Дераза ромларининг икки ойнаси орасига сув сизиб кириб, “чак-чак-чак…” деб овоз чиқариб, томчилаётган эди. Қаттиқ жала ёққани учун, сув деразанинг ромлари орасига кириб кетган экан. Ромни дарҳол тузатиш керак, акс ҳолда бу каттароқ муаммони келтириши мумкин эди. “Қанийди, бу дераза балконга чиқиб турганида эди,” — деган хаёл кўнглимдан ўтди. — “Мен балконга чиқиб, муаммони ўзим тез ҳал қилган бўлардим.” Афсус, бу дераза катта кўчага қараб турганди. Худо кўрсатмасин, агар деразадан йиқилгудек бўлсам борми, учинчи қаватдан нақ катта асфалт кўчага тушаман. Бироқ иложим қандай? Деразани тузатишим керак эди. Таниш устани чақирай десам, ишни жуда секин қилади, унга ишонсам ром ҳам, уйим ҳам хароб бўлади. На илож, деразани ўзим тузатишим керак. Мен стол устига чиқдим ва дераза тавақасини ошиқ–мошиқларидан ечиб олдим. Уни ечаётганимда бир қўлим билан деворни ичкари томондан қаттиқ ушлаб олдим. Ҳаётим қил устида эди, мен деворга қаттиқ тирмашиб олиб, бир қўллаб ромдаги тешикларни ёпдим. Кўзлаган мақсадимга эришдим.
Агар деворни бир бармоқ билан ушлаганимда борми, албатта йиқилиб тушган бўлардим. Иккита бармоқ ҳам гавдамнинг оғирлигини кўтара олмасди. Қўлимнинг беш панжаси билан деворни маҳкам ушлаганим учун омон қолгандим. Бу ҳам муваффақият эди.
Сизлар бугун руҳий муваффақият ҳақида ўрганиш мақсадида шу ерга йилғилгансиз, деган умиддаман.
Руҳий муваффақиятга қандай эришиш мумкин?
Бу саволдан яна бошқа бир савол келиб чиқади: — “Нима сабабдан баъзи масиҳийлар етукликка эришади, бошқалари эса йўқ? Нима сабабдан масиҳийларнинг руҳий ҳолати ўртасида катта фарқ бор?”
Баъзи масиҳийлар ниҳоятда уддабурон, қачон қараманг, янги одамларни имонга киритадилар. Гуноҳни осонлик билан енга олишга қодир бўладилар. Ўз жамоатларида етакчилик вазифаларини маҳорат билан адо этадилар. Оилаларини Худонинг йўлида ўстирадилар. Бошқалари эса имонда ўсишда қийналадилар. Беш ёки ўн, ёхуд ўн беш йил олдинги гуноҳлар билан ҳамон курашадилар. Уларга бирон ишни ишониб топшириб бўлмайди. Бундайлар ишончни оқламайдиган одамлар.
Исо Масиҳ дунёга қайтиб келганида, масиҳийларни кучга тўлган “Шварцнегер”лар каби, руҳий мушакларини мустаҳкам қилган ҳолатда кўрадими ёки йўқми?
Руҳан ўсмай қолган одамлар учун эса — жамоатдагилар уларга бирон ҳизматни ишониб топширмаганлари доим жумбоқдай туюлади.
Нима сабабдан масиҳийлар орасида бундай катта фарқ бор? Биз ўзимизнинг руҳий даражамизни ўзгартиришимиз учун нима қилишимиз керак? Қандай қилиб биз руҳан улғайиб, етук одамлар бўлишимиз мумкин?
Агар “Қўл” суратининг моҳиятини тушунгудек бўлсангиз, бу сирни англаб оласиз. Ҳар бир инсон бу сирни билиши ва ўз ҳаётида қўллаши керак. Зотан, ҳеч ким табиатан бу сирга амал қила олмайди. Бу сирда Масиҳдаги муваффақиятли ҳаёт мужассамлашган. Агар сиз бу суратни тушунсангиз ва унга амал қилсангиз, ҳаётингиз тубдан ўзгаради. Масиҳийликда ўсиб, равнақ топиш учун бу расмда акс этган ҳақиқатга амал қилишингиз керак.
Менинг дўстим одамларга шундай деб айтар эди: “Бирон нарсага эга бўлишни истасангиз, уни маҳкам тутинг.” Бунга риоя қилиш жуда осон. Шунчаки, “Қўл” суратидагидек, Муқаддас Китобни маҳкам тутинг. Ундаги ақидаларни кундалик ҳаётингизда қўлланг. Шундагина сиз тилда эмас, балки амалда Худони акс эттирган бўласиз. Умид қиламанки, сиз бу ҳақиқатни мендан кўра тезроқ англаб оласиз.
Муқаддас Китобингизни очинглар.
Бу ниҳоятда қизиқ мавзу.
Келинглар, бошлаймиз!
1–бармоқ (жимжилоқ) — Каломни эшитмоқ.
2 Тимўтий 4:2–оятда шунда ёзилган: “Худонинг Каломини ваъз қил”, яъни тарғиб қил.
Нима учун?
Чунки масиҳийлар доимо яхши ваъзларни тинглашлари керак.
Ишингиз юришганида, ваъз қилинг.
Ишингиз орқага кетганида ҳам, ваъз қилинг.
Ваъз — Муқаддас Китобни таҳлил этиш, унинг моҳиятини тушунтириш, сўнгра тингловчиларни илоҳий ақидаларга риоя қилишга ундашдир. Ваъз доимо мустаҳкам жамоатнинг асоси бўлиб келган. Бир дўстим яқинда менга: “Имонлилар жамоатининг тарихи ҳақида бир китоб ўқияпман”, деб айтди. Бу китобда қизиқарли бир ҳолат кузатилади: жамоатлар Муқаддас Китобни ўқиб, унга амал қилганларида, жамоатлар гуллаб яшнар экан, Каломни ўқимай қўйганларида эса, жамоатлар заифлашар экан. Дарҳақиқат, Муқаддас Китобга урғу берган жамоатлар кучайиб боради, чунки биз ҳаммамиз Каломни ўқиб, руҳан озиқланишимиз керак.
Биз Калом борасидаги ваъзларни эшитишга қандай ёндашамиз? Бир неча йил олдин мен жамоатнинг бир етакчисига: “Сизга фалончининг ваъзи ёқдими?” деган саволни бердим.
Бу одам воизларга доимо паст баҳо берар эди. У шундай деди: “Йўқ, бу воиз мавзуни ёритиб бера олмади. У одамлар орасида етарли даражада машҳур эмас. Олдинги воиз ҳам воизликни эплай олмаган эди, мен бўлганимда воизликни мақомига ектазардим”. Бу одам нима қилганини англадингизми? У ваъзни ўрганиш, руҳий озуқа ва барака олиш учун тингламаганди. Шунчаки, воизга баҳо бериб, унинг нотиқлик қобилиятини ўзиники билан солиштирарди.
Худо ҳар бир инсонга турли хил қобилият ва инъомлар берган, шу сабабли ҳар бир инсон турли хил масалаларга турлича ёндашади ва уларни турлича тарзда ёритиб беради. Ҳамма воиз ҳам ўша етакчидай воизлик қила олмайди. Биз ваъзларни нима учун тинглаймиз? Айтилган нутққа баҳо бериш учунми? Воиз саҳнада ўзини қандай тутишини томоша қилиш учунми? Унинг хатосини топиш учунми? Ёки биз ваъзни бирон нарсани ўрганиш учун тинглаймизми?
Баъзан, мен фотоаппаратда расм олганимда, расмлар тиниқ эмас, хунук, расмдаги ранг ва тасвирлар бир–бирига туташиб кетган бўлиб чиқади. Бундай расмлар менга ёқмайди, уларни ўчириб ташлайман. Воизни шунчаки баҳо бериш учун эшитганимизда ҳам, натижаси яхши бўлмайди.
Биз воизларнинг ўзгаришини эмас, балки ўзимизнинг ваъзларга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз керак. Ҳаётимизни ижобий томонга ўзгартиришимиз учун, биз ҳақиқатни ўрганишга тайёр бўлишимиз даркор. Мен имонга янги келган пайтларимда, якшанба куни жамоатга бориб, ваъзларни эшитишни жуда яхши кўрар эдим. Улар менга куч бахш этарди. Лекин чоршанба кунига келиб руҳий кучимдан асар ҳам қолмасди.
Нимага?
Чунки Каломни тинглашнинг ўзи етарли эмас. Тинглаш муҳим, лекин энди иккинчи бармоқни ҳам ишга солиш вақти келди.
2–бармоқ (ён бармоқ, сўфи бармоқ деб ҳам аталади) — Каломни ўқиш
Ваҳий 1:3–оятни ўқинг.
Эътибор беринг, биринчи ва иккинчи бармоқлар — Каломни тинглаш ва ўқишни билдиради.
Одам Каломни ўқиганида, ҳақиқатни янада чуқурроқ англайди. Ваҳий 1:3 шундай ёзилган: “Ушбу башорат сўзларни овоз чиқариб ўқиётган одам бахтлидир. Уни тинглаб, китобда ёзилганларга амал қилувчилар бахтлидир. Ахир, бу ҳодисаларнинг вақт–соати етди.” Бу сўзлар айнан Ваҳий китоби ҳақида ёзилган. Бироқ биз нафақат Ваҳий китобини, балки Муқаддас Китобнинг таркибига кирган ҳамма китобларни ўқишимиз керак. Улар ҳаётимизга баракат келтиради. Шу сабабли жамоатга келганингизда, доимо ўзингиз билан Муқаддас Китобни олиб келинг. Воиз ўқиган оятларни очиб ўқинг. Бунинг фойдаси катта, чунки воизликни яхшироқ тушунишингизга ёрдам беради.
Исо Масиҳ Ўзининг рақибларига доимо шундай деб айтарди: “Наҳотки сизлар Муқаддас Битиклардаги шу сўзларни ўқимаган бўлсангиз?” Исонинг рақиблари Муқаддас Битикларни ўқишарди, улар Таврот тафсирчилари эдилар, бошқача қилиб айтганда, Таврот бўйича мутахассис бўлганлар. Нима сабабдан унда Исо уларга шундай савол берган? Чунки улар Тавротни ўқир эдилару унинг асл маъносини тушунмас эдилар. Илоҳий ақидаларни ўзларининг чекланган тушунчаси, жаҳолати ва урф–одатлари орқали таҳлил қилардилар.
Баъзи одамлар бошқача хатога йўл қўядилар. Улар эрталаб Муқаддас Китобни ўқийман деб очганларида, шундай ибодат қиладилар: “Худойим, менга барака бер, мени қандай ишлатишингни айт, менга янги нарсаларни ўргат”. Бундай ибодатларнинг марказида “мен”, яъни ибодат қилувчи туради. Бундай ибодатлар аслида ёмон эмас, бироқ булардан ҳам яхшироқ бир ибодат бор. Бу ибодат шундайдир: “Раббим, менга ўзингни янада кўпроқ аён қилгин. Сени яхшироқ тушунадиган бўлайин. Ўзингнинг улуғворлигингни менга кўрсат. Сени таниб-билишимга ёрдам бер.”
Ҳозирги кунда масиҳийлар орасидаги энг катта муаммо бу — имонлиларнинг руҳан ўсмай қолиши. Нима сабабдан кўп имонлилар Худога келганларидан кейин ҳам, узоқ йиллар давомида олдинги ҳолатда қоладилар, руҳан ўсмайдилар?
Масиҳийнинг етуклиги Худо билан бўлган муносабатига, Уни яқиндан билишига боғлиқ. Худо билан яқин муносабат ўрната олмаганимизнинг сабаби – Худони фақат олий ҳоким сифатида кўришимиз. Бундай нуқтаи назар, Худо билан яқин, шахсий муносабат ўрнатишимизга монелик қилади.
Бугунги кунда одамлар, Масиҳни Нажоткорим деб қабул қилсам бас, шу билан масиҳий бўлиб қоламан, деб ўйлайдилар ва Худо билан бўлган муносабатларга ҳеч қандай эътибор бермайдилар. Бу гўёки, никоҳ ўқилса бас, кейин сўққабошдай яшайверсам бўлади, деган одамга ўхшайди. Бундай одам янги тузилган оиласига ва турмуш ўртоғига нисбатан бўлган вазифаларини бажармайди.
Ҳақиқий масиҳий кундалик ҳаётида, ҳар бир соат ва дақиқада Нажоткорига ҳамроҳ бўлиши шарт, Унга итоат этиб, Унинг эзгулигидан завқ олиши даркор.
Масиҳийнинг ҳаётидаги муваффақият — Худони билишга ва У билан яқин, шахсий муносабатлар ўрнатишга бевосита боғлиқ бўлади.
Биз ўз ҳаётимизда Худони қанчалик кўп кўрсак, шунчалик руҳан кўп ўсамиз.
Биз эътиборимизни Худога қаратмаслигимиз учун, шайтон турли йўллар билан ҳаёлимизни чалғитишга ҳаракат қилади.
Бироқ, доно инсон буни билган ҳолда, иродасини ишга солиб, бутун диққатини Худога қаратади, Шаҳаншоҳ Худойимиз ҳузурига кириб, Унинг бағрида сокин вақт ўтказади.
Ушбу вазифанинг уддасидан чиқиш – тўлиқ бизнинг иродамизга боғлиқ.
Жисман ногирон одамни кўрганимизда, қалбимиз ўртанади. Бироқ орамизда руҳий ногиронлар ниҳоятда кўп. Руҳий ногиронликка сабаб бўладиган ягона нарса бу — Худо билан етарлича вақт ўтказмаслигимиз. Бунга ким айбдор?
Тўғри, бундай гапларни тинглашни кўпчилик ёқтирмайди, лекин бу ҳақиқатдир.
—————————————————————————————————————
Қўлингиздаги китоб асл хазина манбаидир.
Уни ўқинг, у сизларга мунтазирдир.
Бошланиши ёмон эмас.
Демак, Муқаддас Китобни маҳкам тутишнинг биринчи ва иккинчи босқичи бу — Каломни тинглаш ва ўқиш.
3–бармоқ (ўрта бармоқ) — Каломни ўрганиш.
2 Тимўтий 2:15–оятни ўқинг.
Бу оятга кўра, бир кун келиб ҳаммамиз Худо олдида жавоб берамиз. Агар ҳақиқат Каломини бузиб ўргатсак, Худонинг олдида уялиб қоламиз.
Ҳа, Каломни бузиб ўргатган, уни хоҳлаганича талқин қилган, ўзгартирган, ёмон ниятда фойдаланган одамнинг ҳолига вой!
Ўз ҳаётини Худонинг каломи асосида қурган инсонни, худди иморат кўтарган бинокорга қиёсласа бўлади. Бинокорнинг иши одамлар томонидан албатта баҳоланади. Лаёқатсизлик қилган бинокорнинг иши яхши чиқмайди. Унинг ишини кўрган одамлар: “Аттанг, иморат қийшиқ қурилибди”, деб айтишади.
Бир кун келиб, Худо ҳам бизнинг ишимизга баҳо беради. Биз ўз ҳаётимизни Калом асосида қандай қурганимизни текширади. Биз Калом ақидаларига тўлиқ риоя қилганмизми ёки йўқми? Ёки Каломнинг ёққан оятларига риоя қилиб, маъқул кўрмаган оятларга риоя қилмасмидик?
Бу гаплар — Муқаддас Китобни ўз фарзандларига ўргатаётган ота–оналарга, ёшлар билан ишлаётган етакчиларга, Хушхабар айтаётган барчамизга тегишлидир.
Келинглар, сизларга бир воқеани сўзлаб берай. Бу бўлиб ўтган воқеа:
Кунларнинг бирида домла синфхонага бир идишда суюқлик олиб киради. У идишни ҳаммага кўринадиган жойга қўйиб, шундай дейди: “Бу идишда таҳлил учун олинган пешоб бор.” Беморнинг касаллигини аниқламоқчи бўлсангиз, энг самарали усуллардан бири бу — пешобни татиб кўриш. Сўнг домла бармоғини пешобга ботириб, уни ялади. Синфхонадаги ҳамма талабаларга худди шундай қилишни айтди. Талабалар идишни бирин–кетин олиб, бармоқларини пешобга ботириб яладилар. Идиш домланинг қўлига қайтиб келганда, домла шундай деди: “Эътиборли бўлишни ўрганишларинг керак. Бу ҳаммангизга тааллуқли! Агар яхшилаб эътибор берганингизда, мен бир бармоғимни пешобга ботирганимни, бошқасини эса ялаганимни пайқаган бўлар эдингизлар.”
Бу ҳикоя орқали нима демоқчи эканлигимни англагандирсиз?!
Кўпинча биз қуйидагича гапларни эшитамиз: “Мен Муқаддас Китобни ўқиганимда, умуман ҳеч нарсани тушунмайман.” Бунинг сабабларидан бири — гуноҳ бўлиши мумкин. Бироқ, бунинг бошқа бир сабаби ҳам бор — ялқовлик. Биз Каломни диққат билан ўқимаймиз. Ўқиганларимиз ҳақида фикр юритмаймиз. Кўзингизни очинг! Ўқиганларингизга эътибор беринг. Изқувар сингари бўлинг, жон–жаҳдингиз билан тушунишга ҳаракат қилинг. Икир–чикир нарсаларга эътибор беринг. Саволларингизга жавоб топишга ҳаракат қилинг.
Муқаддас Китобда Исо ҳақида ўқиганингизда, Унинг ҳар бир ҳаракатига эътибор беринг. Унга сиз учун жонини фидо қилган энг қадрли инсонга қарагандай, муносабатда бўлинг. Уни хочга михланган ҳолда кўрганингизда, Унга яқинлашинг. Ўз гуноҳларингизни Унинг гарданида кўрмагунингизча, Ундан бир қадам ҳам жилманг.
Яраларидан оққан қонни кўрганингизда, гуноҳларингиз учун келтирилган энг нуқсонсиз қурбонликни Унда кўра оласиз. Исо сизга: “Ортимдан юр!” деб айтганида, Унинг даъватига диққат қилинг, ҳар бир сўзига ташна бўлинг. Шунда сизнинг ҳаётингиз тубдан ўзгаради.
Менинг бир дўстим бор. У бирон нарсани тушунтирмоқчи бўлса, гапини шундай сўзлар билан бошлайди: “Муқаддас Китобда бу ҳақда нима деб ёзилган?” Муқаддас Китобни билишга ташна бўлайлик. Қайси оятда нима ёзилганини, ўша оятнинг манзилини билайлик, оятни тўғри айта олайлик.
Муқаддас Китобга бўлган ҳурмат–эҳтиромимиз юксак бўлсин. Шунда бир кун келиб, Худо бизни бу ишимиз учун мақтайди.
4–бармоқ (кўрсатгич бармоқ) — Ёд олиш
Бир неча ҳафта олдин мен бир дўстимга оятларни ёд олишини маслаҳат қилдим. У менга шундай жавоб берди: “Хўп, ёд оламан, лекин бу муҳим нарса эмас–ку.”
Унинг будай жавобидан қизишиб кетдим. У бундай бемаъниликни қаердан ўрганиб олди? Бу дўстим зинокорлик, мағрурлик ва ялқовлик тузоғига асир эди. Буни менга ўзи айтган эди. Кўпинча у, Худо уни севишига ишонмайди. У ниҳоятда бахтсиз инсондир. Оятларни ёд олиш — масиҳий кишининг ҳаётида муҳим ўрин эгаллашини у билмайди.
Келинглар, Римликларга 12:2–оятни ўқийлик. Бу ниҳоятда муҳим оятлардан бири.
Инжилда бу оятни аллақачон белгилаб қўйгансиз, деб умид қиламан.
“Тубдан ўзгаринглар” – сўз бирикмаси жуда кучли. Бу сўз бирикма юнон тилидаги metamorphasis сўзидан олинган. Табиатда қуртнинг капалакка айланиш жараёнини биз метамарфоз, деб атаймиз. Демак, бу сўз кескин ўзгаришни англатади.
Бу каби кескин ўзгаришни шогирдлар Исода ҳам кузатишган эди. Исо шогирдларини баланд тоққа олиб чиққанда, уларнинг кўз ўнгида Исонинг қиёфаси ўзгарди (Матто 17:2).
Билиб қўйинг, metamorphasis сўзи — бошқа шакл олмоқ, деган маънони билдиради, капалак қурти билан айнан шундай ҳолат юз беради.
Исодаги ўзгариш эса Каломда шундай тасвирланган: “Исонинг қиёфаси ўзгарди: юзи қуёшдай порлаб, кийимлари кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ бўлиб қолди.” Исога эргашган одамларда ҳам ўзгариш рўй бериши керак. Улар хулқ–атворда Исога ўхшаган бўлишлари, қалбларида Муқаддас Руҳнинг нури порлаши даркор. Шунда улар Худога ҳамкор бўлиб, Унинг Шоҳлигини барпо қиладилар.
Шунчаки кузатувчи бўлманг. Тубдан ўзгаринг. Қизиқарли, саргузаштларга бой, қурбонликни талаб қиладиган масиҳийча ҳаётга қадам босинг. Одамларнинг эмас, балки Худонинг мақтовига сазовор бўлинг.
Тубдан ўзгарган масиҳийнинг қадриятлари бошқаларникидан фарқ қилади. Улар бир жамоатдан бошқа жамоатга кўчиб юрмайдилар. Ўз ҳаётларини Худо қўйган мустаҳкам пойдевор устига қурадилар.
Тубдан ўзгарган масиҳийлар оятларни ўқиб, фикр–зикрларини янгилайдилар.
Қишда, йўллар музлаган пайтда биз ҳамма жойда йўлдан чиқиб кетган машиналарни кўрамиз. Тоғли жойларда эса машиналар йўлдан чиқиб кетмаслиги учун, тўсиқлар, яъни ғовлар қурилган. Бундай тўсиқлар машиналарни жарликка тушиб кетишдан асрайди. Биз ҳам Муқаддас Китоб ёрдамида ўз ҳаётимиз учун шундай тўсиқларни қуришимиз керак. Шайтон бизга ҳужум қилганида, йўлдан озмаслигимиз учун бу тўсиқлар бизга ёрдам беради.
Мен имонга эндигина юз тутган кезларимда бирон бир қийинчиликка дуч келсам, Худонинг менга нисбатан бўлган севгиси ва эзгулигидан дарров гумонсирар эдим. Худонинг йўлидан чиқиб кетардим. Худонинг севгиси ва эзгулиги ҳақидаги оятларни ёд олишни бошлаганимдан кейингина, имонда мустаҳкам тура оладиган бўлдим. Чунки кейинчалик қийинчиликка дуч келганимда, Худонинг севгиси ва эзгулиги ҳақидаги оятлар тилимдан тушмасди. Шу тариқа мен шайтонни енга оладиган бўлдим.
Мен оятларни ёд олишни бошлаганимдан кейин ҳам бошимга кўп қийинчиликлар тушди, лекин қалбимда сақланган оятлар тушкунликдан чиқиб кетишимга ёрдам берарди ва менга умид бағишларди.
Зино ва бошқа иллатларга қул бўлган дўстим ҳам энди оятларни ёд олиб, кулфатдан асрайдиган тўсиқларни ўрнатиши керак.
Одамнинг тушкунликка тушиб қолиши жуда осон. Агар биз оятларни ёд олсак, тўғри йўлдан чиқиб кетмаслигимиз учун улар бизга ёрдам беради.
Ёки биз Хушхабар айтганимизда, суҳбатдошимизга: “Муқаддас Китобнинг қайсидир бир жойида шундай ёзилган. Лекин қайси жойи эканлиги аниқ эсимда йўқ”, деб айтсак, гапимиз етарли даражада ишончли бўлмайди.
Ёҳуд сиз дўстингизга Муқаддас Китобдан оят айтиб, далда бермоқчи бўлсангизу, оятнинг манзилини билмасангиз, далдангизнинг фойдаси катта бўлмайди.
Ҳақиқатни тан олайлик. Оятларни ёд олишимизга халақит берадиган нарса бу — бизнинг ялқовлигимиз. Биз ялқовликка чек қўйишимиз керак! Ҳақ йўлдан озмаслигимиз учун тўсиқлар ўрнатишимиз даркор. Агар сиз ҳозирги кунда васвасага дуч келмаган бўлсангиз, келажакда бошингизга тушадиган қийинчиликларга тайёр туринг.
Янгиланган онг — Худонинг ҳақиқатини ўзига сингдириб олган бўлади, шунинг учун васвасага дуч келганда, одам Худонинг ҳақиқатини маҳкам тутиб, тўғри йўлдан озмайди, у васвасани енгади.
Дунё йилдан йилга ёмонлашиб бормоқда. Биз ҳозирдан онгимизни янгилашимиз ва келажак учун тайёр туришимиз керак.
Муқаддас Китобни маҳкам тутиш учун тўртта бармоқни кўриб чиқдик:
Тинглаш
Ўқиш
Ўрганиш
Ёд олиш
Ва ниҳоят, биз 5–бармоққа етиб келдик.
5–бармоқ бу — мулоҳаза қилиш.
Ёшуа китобининг 1–боб, 8–оятида шундай ёзилган: “Таврот китобида ёзилганлар тилингдан тушмасин, уларни битта қолдирмай бажаришинг учун кечаю кундуз улар ҳақида фикр юритгин. Шунда ишларинг юришиб, ўнгидан келади.” Бу оят ҳақида фикр юритинг.
Бу оятни ўқиган одамнинг ҳаёлига: “Китоб муаллифи бу оятни тушкун ҳолатда ёзган, ёки ҳаддан ташқари динга берилиб кетган инсон бўлган”, деган фикр келади. Шайтон одамларнинг онгини қай даражада бузганини шундан ҳам кўришимиз мумкин. У бизни шу қадар кўр қилиб қўйганки, биз Худонинг эзгулигини ва Ўз фарзандларига бераётган баракаларини кўра олмаймиз.
Ёшуа 1:8–оятни яна бир бор ўқинг.
Бир куни сиз Худонинг ҳузурида турганингизда, Ундан мақтов сўзларини эшитмоқчи бўласиз. У сизга: “Ишни яхши бажардинг”, деб айтишини орзиқиб кутасиз.
Бундай мақтовга эришиш йўлини сизга юқорида, тўртта бармоқ мисолида тушунтирдик. Муваффақиятга эришишнинг сўнгги ва энг муҳим поғонаси бу 5–бармоқ, яъни оят борасида мулоҳаза қилмоқ.
Мулоҳаза қилишнинг маъноси қандай? Бу Муқаддас Китобдан ўқиган оят борасида синчиклаб фикр юритмоқ, уни таҳлил қилмоқ, маъносини англашга уринмоқ деганидир. Оятни таҳлил қилиш учун шундай саволлар беринг: оятнинг маъноси нима? Бу оятда Худо ҳақида нима дейилган? Бу оятга риоя қилиш учун ҳаётигизни қандай ўзгартиришингиз керак? Оятни айтиб ибодат қилинг. Унинг маъносини тушунмаётган бўлсангиз, Худодан ёрдам сўранг.
Сиз оятга риоя қиляпсизми ёки йўқми? Оятдга риоя қилишга сизга нима халақит беряпти?
Танишларингиздан бу оятдаги қоидага ким амал қиляпти? Нима сабабдан Худо бу оятни Муқаддас Китоб таркибига киритган?
Ибодат қилинг, оятни иложи борича тўлиқ англашга ҳаракат қилинг, миянгизни ишлатинг. Оятни ҳаётингизга татбиқ қилинг.
Нима сабабдан ҳозирги кунда оятлар борасида мулоҳаза қилишга жуда кам эътибор бериляпти?
Замонавий маданият ҳамма нарсани яшин тезлигида тайёр бўлишини афзал кўради. Бундай маданиятда тарбия топган замонавий масиҳийлар тезликка ўрганганлар. Минг афсус, улғайиш жараёни тез содир бўлмайди, унга вақт талаб этилади. Худонинг ҳузурида сокин вақт ўтказиш ва Муқаддас Битиклардаги оятлар борасида фикр юритиш учун ҳам вақт керак. Худонинг ҳузурида, ҳеч нарса қилмай, сокин вақт ўтказишни биз замондан орқада қолган одат деб, ўйлашимиз мумкин, аммо Муқаддас Китоб назарида бизнинг маданиятимиз замондан орқада қолган.
Мен “Ҳосил байрами”да дастурхонга тортиладиган гўштни жуда хуш кўраман. Ўз селида пишган бундай гўштни оғзингизга солсангиз, у эриб кетади. Нега десангиз, гўшт паст оловда, бир неча соат давомида тайёрланади. Бундай юмшоқ гўштнинг неча бўлагини ейишимни айтар эдиму, лекин уяламан. Дўстларимнинг айтишича, ҳаммадан кўп ўзим ейман.
Сиз оят борасида мулоҳаза қилганингизда, илоҳий ҳақиқат қалбингизга сингиб боради ва уни юмшатади. Ўз ҳаётингизни Муқаддас Китоб асосида қуринг. Каломдаги ҳақиқат қалбингизнинг ҳар бир бурчагини ёритсин. Шунда сиз Худонинг қўлидаги эзгулик қуролига айланасиз. Ҳақиқат сизни ўргартиради.
Муқаддас Каломни маҳкам тутган инсон дунёнинг васвасаларига тап тортмай, қаршилик кўрсатади. У руҳий ўсишга халақит бераётган ҳар қандай иллатдан воз кечиб, ғалаба қозонади.
Агар биз фаровон келажакка эга бўлмоқчи бўлсак, ҳозирданоқ Муқаддас Китобни ўрганишимиз ва унга риоя қилишимиз лозим.
Бир неча йил муқаддам бир машҳур ёзувчи бўлган, унинг китоблари омма орасида катта эътибор қозонганди. Бир куни уни иститут талабалари олдида нутқ айтишга таклиф этишди. Аудитория хонаси тўла эди, келган талабаларнинг ҳаммаси келажакда адабиётчи ва ёзувчи бўлишни орзу қилишарди. Келганларнинг ҳаммаси бундай машҳур ёзувчининг гапини эшитишга муштоқ эдилар.
Ёзувчи гапини шундай савол билан бошлади: “Орангизда ким ёзувчи бўлмоқчи?” Аудиториядаги ҳамма талабалар қўл кўтаришди. “Бу ҳолда, сизга маслаҳатим шундай: уйларингизга бориб, ёзишни бошланглар,” деган сўзлар билан муҳтарам Левис дафтарчасини олди–ю, уни ён чўнтагига солиб, аудиториядан чиқиб кетди.
Бу қисқа нутқ ҳамма талабаларнинг эсида қолганига ишончим комил. Нутқ қисқа ва лўнда эди. Одам бирон нарса қилишни ўрганишни истаса, уни амалда қилиши керак. Ўша нарса ҳақида фақатгина гапириш кифоя эмас.
Шу сингари масиҳийлар ҳам, Муқаддас Китоб ҳақида шунчаки гапиришни эмас, уни амалда қўллашни ўрганишлари керак.
Исо Масиҳ бизни олиб кетиш учун қайтиб келганида, бизни қай ҳолатда кўради?
Имонда етук инсон бўлиб етишганимизни кўрадими ёки йўқми? Руҳий етукликка биз Муқаддас Китобни тинглаш, уни ўқиш, ўрганиш, ёд олиш ва у борасида мулоҳаза юритиш орқалигина етиша оламиз.
Масиҳ қайтиб келганида нимани кўради? Тубдан ўзгарган ҳаётимиз атрофдагиларга умид ва нажот нурини сочаётганини Масиҳ кўрадими ёки йўқми?
Биз Муқаддас Китобни тинглаяпмизми? Уни ўқияпмизми? Ўрганяпмизми? Ёд оляпмизми? Оятлар борасида фикр юритяпмизми?
Агар мен Муқаддас Китобни бир бармоғим билан ушласам, уни мендан тортиб олиш қийин бўлмайди. Агар уни икки бармоғим орасида ушласам, уни олиш қийинроқ бўлади. Учта бармоқ китобни яхшироқ ушлай олади. Бироқ китобни бешта бармоғим билан ушлайдиган бўлсам, демак мен уни маҳкам тутиб тураман.
Худо ғалаба қозонади, инсоний табиатингиз чекинади.
Шайтон бизни Каломдаги ҳақиқатдан маҳрум қилмоқчи, уни қалибимиздан ўчириб ташламоқчи. Лекин биз Каломни маҳкак тутсак, шайтон енгилади. Худо ҳаётимизда улкан зафарларга эришади. Ахир, бизнинг мақсадимиз ҳам шундай эмасми?!