Муқаддас Китоб оятларини ёд олишнинг муҳимлиги
Муқаддас Китоб оятларини ёд олишнинг муҳимлигига диққатимизни қаратайлик.
Агар Муқаддас Китобни чуқур ўргансангиз оятларни ёд олиш учун камида ўн иккита сабаб топиш мумкин:
1) Муқаддас Китоб оятларини ёд олиш ниҳоятда муҳим, чунки Каломни биздан тортиб олишса, оятлар онгимизда муҳрланган бўлиб қолаверади.
Амос 8:11
Эгамиз Раббий айтмоқда:
“Шундай кунлар келадики,
Мен юртга очарчилик юбораман.
Одамлар нон билан сувни эмас,
Мен, Эгангизнинг сўзини қўмсаб, оч қолишади.”
Йигирма ёшдан ошган бир Ўрта Осиёлик йигит Муқаддас Китоб оятларини нима сабабдан ёд олиш кераклигини ҳеч тушунмаган эди. Бир куни милиция уйини босиб, барча масиҳийча китобларни мусодара қилгандан кейин, йигит оятларни ёд олиш муҳимлигини тушунди. Ахир, оятларни ёд олсангиз, уларни ҳеч ким, ҳеч қачон сиздан тортиб ололмайди.
Сиз имонингиз учун ҳеч қачон қамоққа тушмайсиз, деб умид қиламан. Борди–ю бундай синов бошингизга тушса, ёд олган оятларингиз ҳаётингизни асрайди, қалбингизни тинчликка тўлдиради, онгингизни равшан қилади, қарор чиқаришда сизга ёрдам беради.
Тайёр туринг! Оятларни ҳозирдан бошлаб ёд олинг!
Милиция Муқаддас Китобларимизни мусодара қилмаган ҳолларда ҳам, биз доим китобни ўзимиз билан бозорга ёки дўстимизнинг уйига олиб бора олмаймиз. Бироқ оятларни ёд олган бўлсак, биз Хушхабар айтганда ёки далда берганда улардан фойдаланишимиз мумкин. Олдиндан режа тузинг, доим тайёр туринг!
2) Оятларни ёд олиш бизга амр қилиб берилган.
Қонунлар 6:5-9
5 Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун вужудингиз билан севинглар. 6 Бугун мен сизларга берган бу амрларни юрагингизда сақланглар. 7 Буларни болаларингизга ҳам ўргатинглар. Уйда ўтирганда ҳам, йўлда юрганда ҳам, ётганингизда ҳам, турганингизда ҳам шулар ҳақида гапиринглар. 8 Буларни қўлингизга белги қилиб боғланглар, пешанангизга нишона қилиб тақиб олинглар. 9 Эшигингиз кесакисига, дарвозаларингизга ёзиб қўйинглар.
Биз фарзандларимизга ёки бошқаларга маслаҳат берган онларимизда ёд олган оятларимиз ҳикматларидан фойдалана олсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Ёд олган оятларимизнинг чуқур мазмунини ҳар кунги вазият ва суҳбатларимизда суҳбатдошларимизга етказиб бера олсак моҳир устозларга айланамиз. Бошқаларнинг ҳаётини ижобий томонга ўзгартира оламиз.
3) Муқаддас Китоб оятларини ёд олганимизда қалбимиз покланади, гуноҳга бўлган мойиллигимиз йўқолади.
Забур118:9-11
Йигит қандай қилиб йўлларини пок сақлайди?
Каломинг бўйича яшаб, шунга эришади.
10 Бутун қалбим билан Сенга интиламан,
Амрларингдан оғишимга йўл қўймагин.
11 Сўзларингни юрагимда асрайман,
Токи Сенга қарши гуноҳ қилмайин.
Қанчадан–қанча ёш йигит–қизларимиз гуноҳ қилиш васвасасига тушишган, бироқ Муқаддас Китобдан ёдлаган оятлари гуноҳ қилишларига йўл қўймаган эди. Муқаддас Китоб оятлари ёшларимизнинг ҳам, катталаримизнинг ҳам қалбларига муҳрланиши керак. Телевизордаги бўлмағур кўрсатувлар, ашулаларнинг бетайин сўзлари, порнографиянинг ҳалокатли таъсиридан бизни фақат қалбимиздан жой олган Худонинг Каломи қутқара олади, Калом орқалигина биз ўзимизни пок сақлай оламиз.
4) Оятларни ёд олиш орқали биз Масиҳга ўхшаб бораверамиз ва шайтонни мағлуб қиламиз.
Матто 4:4. 7, 10
: 4 Исо унга жавобан деди:
— Ёзилганки: “Инсон фақат нон билан эмас, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди.”
7 Иблисга Исо деди:
— “Эганг Худони синама”, деб ҳам ёзилган.
10 Шунда Исо деди:
— Йўқол кўзимдан, шайтон! Ахир: “Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил”, деб ёзилган–ку!
Юқоридаги оятларда Исо шайтонга қаршилик кўрсатгани ҳақида ёзилган. Бу олишувда Исо ютиб чиқади. Нимага? Нимага Исо кучли васвасага қарши тура олди? Чунки Исо Худодир. Лекин шу билан бирга, Исо бизга Муқаддас Китоб оятларини ёддан билиш қандай қудратга эга эканини кўрсатмоқда. Исо даврида яҳуйдий болалар Таврот китобларини ёд олишарди, Исо ҳам шундай қилгани юқоридаги оятлардан кўриниб турибди. Исони шайтон васвасага солганда, Исо: “Бир ҳафта муҳлат бер, ўйлаб кўрай”, деб айтмади. Йўқ, У бундай қилмади. Ҳар бир жавобида Исо: “ёзилган, ёзилган, ёзилган” сўзини ишлатди. Исо оятларни ёддан биларди.
Келинглар, ҳаётга реал назар билан қарайлик. Шайтон бизни васвасага солганда, одатда у бизга қайси томондан ҳужум қилиши кераклигини жуда яхши билади, биз учун ҳам бу янгилик эмас. Ҳар биримиз ўзимизнинг заиф томонларимизни биламиз. Демак, биз заиф томонимизга оид оятларни ёд олишимиз керак. Агар сизнинг заиф томонингиз ғазаб бўлса, унда ғазаб ҳақидаги оятларни ёд олинг. Агар заиф томонингиз шаҳват бўлса, шаҳват ҳақидаги оятларни ёд олинг. Агар заиф томонингиз очкўзлик бўлса, демак очкўзлик ҳақидаги оятларни ёд олинг. Олдиндан режа қилинг!
5) Муқаддас Китоб оятларини ёд олиш орқали биз ўзимизни яхши иш қилишга тайёрлаган бўламиз.
2 Тимўтий 3:16-17
16 Муқаддас битикларнинг ҳаммаси илоҳий илҳом билан ёзилган бўлиб, таълим ва танбеҳ бериш, хатоларни тузатиш ва солиҳлик йўлида тарбия бериш учун фойдалидир. 17 Битиклардаги ўгитлар бўйича яшаган Худонинг қули ҳар қандай яхши иш қилишга қобил бўлиб, тайёр туради.
Ёдлаган оятларимиз бизни Масиҳга ўхшатиб ўзгартиради, қалбимизни гуноҳдан поклайди, биз бора бора Масиҳга ўхшаб бораверамиз. Ёд олган оятларимиз туфайли биз ҳар қандай яхши ишга бел боғлаган бўламиз, чунки ўша оятларнинг донолигини бошқалар билан ўртоқлашамиз: Масиҳга имон келтириш, покиза масиҳийча ҳаёт кечириш, муаммоларни ечиш каби мавзуларни етказамиз.
6) Муқаддас Китоб оятларини ёд олиш самарали тарзда ибодат қилишимизга ёрдам беради.
Юҳанно 15:7
7 Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, сизга берилади.
Агар биз Худонинг сўзларини қалбимизга жо қилсак, уларнинг мағзини чақиб, ҳаммасига риоя қилсак, ибодатларимиз Худонинг иродасига мувофиқ бўлади ва Худо ибодатларимизга жавоб беради. Шунда ибодатда беҳуда нарсаларни сўраб ўтирмаймиз, ўзимизнинг ҳам, Худонинг ҳам вақтини бекорга сарф қилмаймиз.
7) Муқаддас Китоб оятларини ёд олиш муваффақият келтиради.
Ёшуа 1:8
8 Таврот китобида ёзилганлар тилингдан тушмасин, уларни битта қолдирмай бажаришинг учун кечаю кундуз улар ҳақида фикр юритгин. Шунда ишларинг юришиб, ўнгидан келади.
Менга қаранг! Балки сиз Муқаддас Китоб оятларини ёд олган айрим масиҳийларни биларсиз, лекин улар миллион долларлик уйларда яшамайди, қиммат машиналар ҳам миниб юрмайди, сиз: “Уларнинг муваффақияти қаерда қолди?” деб савол беришингиз мумкин. Сиз дунёвий муваффақиятни (мол–дунё, куч–қудрат, лавозим) ни Худо йўлидаги муваффақият (Худо билан ярашиш, одамлар билан тинч–тотув яшаш, гуноҳ устидан ғалаба қозониш, Муқаддас Руҳ самарасидан баҳраманд бўлиш) билан адаштирманг. Агар биз Худо назаридаги муваффақиятга эришмоқчи бўлсак, оятларни ёд олишимиз бизни тўғри томон йўналтиради, юрадиган йўлимизни белгилайди, бизга далда беради, осмондаги Отамиз белгилаган мақсадга эришишимизга ёрдам беради.
8) Муқаддас Китоб оятларини ёд олишда биз ҳаворийлардан ўрнак олсак бўлади.
Ҳаворийлар 2:16-21, 25-28
16 Аксинча, Йўэл пайғамбарнинг айтганлари бажо бўлмоқда:
17 “Худо айтмоқда:
Охирги кунларда,
Ўз Руҳимни ёғдираман ҳар бир инсон устига,
Ваҳийлар келади йигитларингизга.
Башоратлар қилар сизнинг ўғил–қизларингиз.
Кароматли тушлар кўрар қарияларингиз.
18 Ўз Руҳимни ёғдираман ўша кунларда
Ҳаттоки қулу чўриларингиз устига.
Улар башорат қиларлар.
19–20 Менинг буюк ва даҳшатли куним келишидан олдин,
Мен осмонда мўъжизалар яратаман,
Ерда аломатлар кўрсатаман:
Қон, олов, қалин туман ҳосил қиламан.
Қуёш қораяди, ой қон тусига киради.
21 Раббимизга илтижо қилган ҳар бир инсон қутқарилади.”’
25 Довуд У ҳақда шундай деган эди:
“Мен доим Эгамга кўз тикаман,
У ўнг томонимда бўлгани учун
Мени ҳеч нарса қўзғата олмас.
26 Шу боис, эй Эгам, юрагим қувончга тўла,
Тилим ҳам шод–хуррамдир.
Танам умид билан яшайди.
27 Мени ўликлар диёрида қолдирмайсан,
Тақводорингни қабрда чиритмайсан.
28 Менга ҳаёт сўқмоқларини Ўзинг кўрсатасан,
Ҳузурингда шодлик Мени қамраб олади.”
Юқоридаги парчалар ҳаворий Бутруснинг машҳур нутқидан олинган. Бутрус ўз нутқида қаердан иқтибослар келтирган? Кўриниб турибдики, Бутрус Эски Аҳднинг катта парчаларини ёддан билар эди. Биз ҳам йиғилишларда ёки тўйларда кўплаб одамлар олдида нутқ сўзлашимизга тўғри келганда, Бутрусдан ўрнак олишимиз керак, мазмунга мос келадиган Муқаддас Китоб оятларини нутқимизда иқтибос қилсак, нутқимиз мазмунли ва таъсирчан бўлади.
9) Муқаддас Китоб оятларини ёд олишимиз хизматимизнинг самарадорлигини оширади.
Ибронийлар 4:12
12 Худонинг каломи жонли ва таъсирли, ҳар қандай дудама қиличдан ўткирроқдир. У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни ажратгудек суқилиб киради. Худонинг каломи хаёлу юракнинг ниятларини фош этади.
Моҳир қиличбоз қўлида дудама қилич қудратли қуролга айланади. Сиз Муқаддас Китоб оятларини ёд олсангиз, онгингизда шундай дудама қилични ясаган бўласиз. Ўша қилични бир тасаввур қилиб кўринг. Ўша қилич билан сиз ҳар қандай ёлғон фикрларни фош қиласиз, ҳийла–макрдан воқиф бўласиз, йўлингизда учраган найрангларни йўқ қиласиз, тушкунлик зулматини ҳайдайсиз, Худо йўлида халал берадиган тўсиқларни бузиб ўтасиз, толиққан юракларга қудрат сўзини севги билан етказасиз. Сиз онгингиздаги бу дудама қилични ўткирлаб турибсизми?
10) Муқаддас Китоб оятларини ёд олиш тўғри йўлни кўрсатади.
Забур 119:105
Сенинг каломинг қадамларим учун чироқдир,
Йўлимга нур сочадиган ёруғликдир.
Вақт ниҳоятда қадрлидир, у оқар сувдай тез ўтиб кетади. Умримиз ёруғлик тезлигида ўтиб кетмоқда. Биз ҳар кунимизни Худога бағишлаймизми? Кун тартибмизни Худо бошқаришига йўл берамизми? Худони ҳаётимиздаги энг яхши бошқарувчи деб биламизми?
11) Муқаддас Китоб оятларини ёд олишимиз қалбларимизга ўт солади, биз Худо учун ёниб яшайдиган бўламиз.
Луқо 24:32
32 Шогирдлар бир–бирига дедилар:
— У йўлда биз билан гаплашиб, Муқаддас битикларни тушунтираётганда, юракларимиз жизилламаганмиди, ахир?!
Бу дунё бағишланган масиҳийларни кўриши керак, ҳа Худога тўлиқ итоат этадиган, Уни бутун қалби билан, жону дили билан, онги билан, бор вужуди билан севадиган, Осмон Шоҳлиги кенгайиши учун жонини фидо қилишга тайёр бўлган имонлиларни кўриши керак. Оятларни ёд олсак биз ўшандай одамларга ўхшаб бораверамиз, ҳаётимиз Худога улуғворлик келтиради. Келинглар арзимас нарсалар билан кифояланиб қолмайлик, Худо учун ёниб яшайлик.
12) Муқаддас Китоб оятларини ёд олиш — онгнинг янгиланиши учун энг самарали восита.
Римликлар 12:2
2 Бу дунёга мослашманглар, фикр–зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар. Шунда Худонинг иродасини тушуна оладиган бўласиз, яъни нима яхши, Худога манзур ва мукаммал эканлигини била оладиган бўласиз.
Бу оятни яна бир марта, диққат билан ўқиб чиқинг. Оятдаги “тубдан ўзгаринглар” ибораси асл нусхада “метаморфозис” деган сўз билан берилган бўлиб, бу феъл қуртнинг капалакка айланиш жараёнини билдиради. Демак, оятнинг маъноси нима? Оятда айтилишича, агар биз Муқаддас Китоб оятларига жиддий ёндашсак, биз тубдан ўзгарамиз, яъни бизнинг жисмимиз ўзгаради. Бизнинг исмимиз ва ташқи кўринишимиз ўзгармаслиги мумкин, бироқ ички дунёимиз, шахсиятимиз умуман бошқа бўлади. Оятларни ёд олишга жиддий ёндашинг, шунда рўй берадиган ўзгаришларга ўзингиз гувоҳ бўласиз. Қанча кўп оятларни ёдласангиз, қанча кўп уларга риоя қилсангиз, шунча кўп Исога ўхшаб бораверасиз. Ажойиб!
Саккиз йил муқаддам мен бир йигит билан танишган эдим: у болалигида ота–онасидан доим калтак еб катта бўлган, ҳарбий хизматга борганда ҳам калтакдан боши чиқмаган, у ўзини тўрт марта ўлдиришга ҳаракат қилган, порнографияга муккасидан кетган эди. У ўзини омадсиз, деб биларди. Бугунги кунда ўша одамнинг бахтли оиласи бор, у жуда яхши ота, уддабуро ишчи, жамоатда обрў қозонган етакчи, у Худо йўлида покдамон, қувончли ҳаёт кечирмоқда. Унинг ҳаётини нима ўзгартирди? У Исо Масиҳни Нажоткор, деб қалбига қабул қилганидан кейин, зўр ғайрат билан Муқаддас Китоб оятларини ёдлай бошлаган эди. Ўша оятлар ҳақида чуқур фикр юритарди. У ўз онгини оятларнинг ҳаётбахш ҳақиқати билан суғорарди, қаерга бормасин бўш вақти бўлиши биланоқ, онгини Худонинг сўзи орқали янгиларди. Агар сиз ўша йигитдай ўз устингизда ғайрат билан ишласангиз, сизнинг ҳаётингизда ҳам худди шундай ўзгаришлар рўй бериши мумкин.
Бир неча йил олдин бир масиҳийга шундай савол беришган: “Агар сизга бирор тарихий шахс билан учрашиш имконини беришганда, ким билан учрашишни истаган бўлардингиз?” У шундай жавоб берди: “Мен масиҳийман, лекин биламан умримнинг кўп вақтини беҳудага сарфладим. Шунинг учун мен тарихдаги ўзимга ўхшаган бирон одам билан учрашмоқчи бўлардим. Агар Худо менга берган барча имкониятлардан фойдаланганимда ва Худога итоат қилганимда қандай инсон бўлишим мумкинлигини ўша одам мисолида бир кўрган бўлардим.” Агар сиз ва мен Муқаддас Китоб оятларини ёд олишга жиддий ёндашсак, Худо хоҳлаган инсонга айлана бошлаймиз. Шунда ўзимиздан ўзимиз мамнун бўламиз. Умримиз беҳуда сарф қилинмаганига амин бўламиз, афсус–надомат қилмаймиз.
Юксакларга интилинг…Муқаддас Китоб оятларини ёд олишга жиддий ёндашинг.
Оятларни ёд олиш учун кўрсатмалар:
Сизга керак бўлган оятни танланг.
Уни ҳар куни ўқинг.
Ўша оятни бир бўлак қоғозга ёзиб, уни доимо ёнингизда олиб юринг, кун давомида уни ўқиб туринг.
Ўзингизга шундай саволлар беринг:
“Бу оятнинг маъноси нима?”
“Худо бу оят орқали менга нима ўргатмоқчи? Унда қандай ижобий намуналар бор?”
“Бу оятни амалда қўллашимга менга нима халал беради?”
“Оятни амалда бажариш учун мен нима қилишим керак?”
Оят ёзилган қоғозни кўзгуга ёки холодильник эшигига ёпиштириб қўйинг.
Уни такрорланг, такрорланг, такрорланг.
Муқаддас Китоб оятларини ёд олиш осон эмас, бу мушкул ишлардан бири, бироқ натижада катта мукофотга эришамиз.