Қувғин
Масиҳнинг издошлари қувғин қилинади.
Сиз тайёрмисиз?
”Қувғин” сўзи бутун эътиборимизни ўзига жалб этади. Қувғин ҳақида ўйлаганимизда ҳароратимиз ошади, пешонамизни тер босади, қон босимимиз кўтарилади, уйқумиз қочади. Қувғинлар масиҳийлик ҳаётининг энг ёқимсиз томони бўлса–да, имонимизнинг ажралмас бир қисмидир. Ҳаётимизнинг энг мушкул дамларида қувғинларни бошимиздан кечирар эканмиз, уларнинг юксак аҳамиятини ва жиддийлигини тушунган ҳолда энг оғир дамларда ҳам Худойимизга шараф келтиришимиз жоиз. Шундай экан, келинглар, бу борада Муқаддас Китоб нималарни ўргатишини кўриб чиқайлик.
Биринчидан: ҳар бир имонли одам қувғин қилинади.
Дарҳақиқат, Исо Масиҳ йўлида тақводор ҳаёт кечирган ҳар бир одам қувғинга учрайди.
2 Тимўтий 3:12
Ушбу оят бизга нимани етказмоқчи? Тайёр туринг! Агар сизни масиҳий бўлганингиз учун қувғин қилмаган бўлсалар, демак сиз тақводор ҳаёт кечирмаяпсиз. Балки Масиҳга бўлган эътиқодингизни ҳаммадан пинҳон тутгандирсиз? Ёҳуд хулқ–атворингиз дунёвий одамлардан ҳеч фарқ қилмас? Сабаб нима бўлишидан қатъий назар, тақводорликдан сизда асар ҳам йўқ, чунки асл тақводорлик қувғинларга сабаб бўлади. Қачонки ҳаётимизда Масиҳнинг нури порлашни бошласа, бошимизга қувғинлар келади. “Тақводор одам дунё билан битим тузмайди, аксинча шижоат билан имонини ҳимоя қилади, жасорат ва севги билан имонсизлик қалъасини яксон этади.” “Масиҳга содиқ бўлган инсон баданида қувғин изларини олиб юради. Булар Худо олдидаги унинг ютуқларидир.”
Эсингизда бўлсин, қувғинлар турли кўринишда бўлади — баъзан бизни шунчаки масхара қилишади, баъзан эса ўлдиришлари ҳам мумкин. Бир–биридан кескин даражада фарқ қиладиган бу икки хил қувғин орасида турлича хўрликлар, қийноқлар ва бошқа турдаги қувғинлар мавжуд.
Демак, турли кўринишдаги қувғинлар масиҳийча ҳаётнинг ажралмас бир қисмидир.
Ушбу мавзу борасида Забур китобида ҳам сўз юритилган:
Солиҳларнинг қайғулари кўп…
Забур 33:20
Кундалик ҳаётимизда юз берадиган минглаб тушунмовчилик ва қийинчиликлар қалбимизни чил–парчин қилади. Бундай қийинчиликларнинг рўйхати узундан–узун.
Мисол учун, 118–санонинг муаллифи тақводор одам бўлиб, солиҳ ҳаёт кечиргани боис бошидан кўп қийинчиликларни ўтказган. Қийналган дамларда у Муқаддас Китобнинг ва Худо фармонларининг юксак аҳамиятини, қудрати ва бетакрорлигини таъкидлайди.
Ҳатто шаҳзодалар тўпланиб, менга бўҳтон қилсалар ҳам
Мен фармонларинг ҳақида чуқур фикр юритаман.
Забур 118:23
Такаббур мени тамом масхара қилади,
Шунда ҳам қонунингдан юз ўгирмасман.
Забур 118:51
Такаббур ёлғон сўйлаб, мени қорага чаплар,
Мен эса чин қалбдан буйруқларингга итоат этаман.
Забур 118:69
Ёлғон гапириб, менга зарар қилгани учун
Такаббурлар шарманда бўлсин.
Мен эса буйруқларинг ҳақида фикр юритаман.
Забур 118:78
Такаббурлар менга чуқур қазирлар,
Сенинг қонунингга улар қарши чиқарлар.
Забур 118:85
Фосиқлар мени ўлдиришга пайт пойлайди,
Мен эса шартларинг ҳақида чуқур фикр юритаман. Забур 118:95
Фосиқлар менга тузоқ қўйдилар,
Шунда ҳам буйруқларингдан оғиб кетмадим.
Забур 118:110
Ҳукмдорлар мени сабабсиз таъқиб қилар,
Юрагим каломингдан қўрқиб титраб турар.
Забур 118:161
Жамиятнинг энг нуфузли одамларидан — шаҳзодалардан тортиб, то худобезори ва ярамас одамларгача Забур муаллифини қувғин ва таъқиб қилганлар. Бундан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, Худога бағишланиб яшаган одам кўплар учун нишон бўлиб қолади, у қувғинлардан қочиб қутулолмайди.
Биз Янги Аҳдни ўқир эканмиз, Нажоткоримизнинг огоҳли сўзларига дуч келамиз. Исо Ўз шогирдларини қувғинлар ҳақида огоҳлантиради, Ўзига бўлган садоқатнинг баҳосини олдиндан айтиб ўтади.
Агар дунё сизлардан нафратланаётган бўлса, билингки, сизлардан илгари Мендан нафратланган. Сизлар бу дунёга тегишли бўлганингизда эди, дунё сизларни ўзиники каби севар эди. Сизлар эса бу дунёга тегишли эмассизлар. Мен сизларни бу дунёдан танлаб олдим. Ана шу сабабдан дунё сизлардан нафратланади. Қул ўз хўжайинидан устун эмас деган сўзимни* эсланглар. Агар Мени қувғин қилган бўлсалар, сизларни ҳам қувғин қиладилар. Агар Менинг сўзларимга риоя қилган бўлсалар, сизларникига ҳам риоя қиладилар.
Юҳанно 15:18-20
Нафрат — кучли сўз. Масиҳнинг издошлари нафратга дучор бўлишади.
Ўғилни отасидан, қизни онасидан, келинни қайнанасидан ажратиш учун келганман.
Матто 10:35
Қаддингизни ростланг! Оиланинг биронта аъзоси Масиҳга эргашишни бошлаганда, уйдагилар ўша одамни рад этишлари турган гап. Ахир, бизни бу ҳақда олдиндан огоҳлантиришган–ку!
Сизларни ҳатто ота–онангиз, ака–укаларингиз, қариндош–уруғларингиз, дўстларингиз тутиб беришади. Улар баъзиларингизни ўлдиришади.
Луқо 21:16
Масиҳга бўлган нафрат қариндошлик ва дўстлик ришталаридан ҳам устун келади.
Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади.
Луқо 21:17
“Ҳамма” деган сўз барча табақалардаги, ирқ ва миллатдаги, қайси жинсга мансублигидан қатъий назар турли ёшдаги одамларни билдиради. Бунинг чек–чегараси йўқ.
Ҳаворий Павлус ҳам Масиҳга бўлган имони туфайли кўп қувғин қилинган:
…Масиҳга ўхшаб биз қанчалик кўп азоб чекамиз…
2Коринфликлар 1:5
Биз ҳар томонлама жабрланиб эзиламиз, аммо синмаймиз. Кўнглимиз алағда бўлиб, мушкул аҳволга тушсак ҳам умидимизни йўқотмаймиз. Қувғинларга учраймиз, лекин Худо ҳеч қачон бизни ташлаб кетмайди. Бизни ерга йиқитадилар, аммо яксон қила олмайдилар.
Исо Масиҳ ўлимга рўбарў бўлганидек, биз ҳам азоб–уқубат тортиб, ўлим таҳликасида яшаяпмиз, токи Исонинг ҳаёти бизнинг танамизда намоён бўлсин.
2Коринфликлар 4:8-10
Қувғинларга нима сабаб бўлади?
Мен сизлар учун азоб чекаётганимдан хурсандман. Ахир, мен Масиҳ танаси, яъни жамоат учун азоб чекяпман. Шундай қилиб, менинг азобларим Масиҳ чеккан азобларга қўшилади.
Колосаликлар 1:24
“Бошқача қилиб айтганда, дунё Исодан нафратлангани учун, Исонинг издошларидан ҳам нафратланади. Буни яна шундай сўзлар билан ифодалаш мумкин: Масиҳ мен учун азоб чеккани боис, мен ҳам Исо учун қувғин бўлиб, азоб чекяпман.”
Бутрус қувғинлар ҳақида шундай деб ёзган:
Эй азизларим, худди ғайритабиий ҳодиса юз бергандай, бошингизга тушган оғир синовлардан ҳайрон бўлманглар.
1Бутрус 4:12
“Қувғинга учраган одамлар кўпинча қувғиннинг ўзидан эмас, кўпроқ қувғинга дучор бўлганларидан лолу ҳайрон қолишади. Ҳаттоки, кўп масиҳийлар Худо ҳақида нотўғри фикрга боришади. Улар шундай деб ўйлайди: Худо доимо мени асрайди, ҳаётимда ёмонлик рўй беришига У йўл қўймайди. Бироқ Исо тинч–тотув ҳаётни бизга ваъда қилмаган. Агар Худо мукаммал Инсонни кўпчилик учун қурбон қилган бўлса, наҳотки Унга умид боғлаган биздан ҳам эзгу ниятда фойдаланмаса?!”
Қувғинлар масиҳийча ҳаётнинг ажралмас бир қисмидир. Масиҳийлик ожиз одамлар учун, деб ўйлайдиган одамлар аслида бу ҳақиқатдан бехабардирлар.
Иккинчидан: Баъзан қувғинларни бир муддатга енгиллаштирса бўлади ёки унинг таъсирини камайтирса бўлади.
Мисоллар:
Исроил халқи Мисрдаги қулликдан озод бўлди;
Дониёр пайғамбар шерлар уясида омон қолди;
Шадрах ва унинг дўстлари оловли чуқурдан эсон–омон чиқиб олишди;
Исо Уни ўлдирмоқчи бўлган халойиқ орасидан ўтиб кетди Луқо 4:30 Бутрус қамоқдан озод қилинди Павлусни чала жон қилиб ташлаб кетишганди, аммо у тирик қолди;
Юқорида тилга олинган имонлилар қийин дамларда Худо берган имкониятдан фойдаланиб, нажот топдилар, жонларини қутқариб қолдилар.
Учинчидан: Муқаддас Китобда қувғин қилинган одамлар ҳақида кўп ёзилган. Бундай одамларнинг рўйхати жуда узун.
Жумладан:
Ҳобил
Аюб
Юсуф
Довуд
Дониёр ва унинг дўстлари
Еремиё пайғамбар
Яҳё Чўмдирувчи
Исо Масиҳ — энг ёрқин мисол
Ҳаворий Ёқуб
(Жамоат манбаларида ёзилишича Исонинг 11 нафар шогирди азобли ўлим кўрди, фақат Юҳанно ўз ажали билан ўлди).
Павлус эътиборга лойиқ бўлган қувғинлар рўйхатини бизга батафсил баён қилди:
Хўп, аҳмоқларча гапираётган эканман, одамлар нима билан мақтанишга журъат қилаётган бўлса, мен ҳам ўшалар билан мақтанишга журъат қиламан. 22 Улар ибронийми? Мен ҳам ибронийман! Улар Исроил халқига тегишлими? Мен ҳам Исроил халқиданман! Улар Иброҳим наслиданми? Мен ҳам Иброҳим наслиданман! 23 Улар Масиҳнинг хизматкорларими? Мен бефаросатлик қилиб айтяпманки, уларнинг ҳаммасидан устунман. Заҳмат десангиз, мен улардан кўпроқ заҳмат чекдим. Зиндон десангиз, улардан кўпроқ зиндонда ётдим. Зарба десангиз, мен ҳаддан ташқари кўп зарба едим, ҳатто кўп марта ўлимга рўбарў бўлдим. 24 Яҳудийлардан беш марта бир кам қирқтадан калтак едим. 25 Рим амалдорлари мени уч марта калтаклатдилар. Бир марта тошбўрон бўлдим, уч марта кемада ҳалокатга учрадим, бир кечаю кундузни денгиз бағрида ўтказдим. 26 Кўп марта узоқ сафарларда бўлдим. Дарёларда таҳликада қолдим. Қароқчилар ҳужумидан ҳаётим таҳликада қолди. Ўз қондошлариму ғайрияҳудийлар туфайли таҳлика остида қолдим. Шаҳарда таҳлика, саҳрода таҳлика, денгизда таҳлика, сохта биродарлар орасида таҳлика! 27 Мен анча меҳнат ва машаққат остида, кўп марта уйқусизликда, очлик ва ташналикда қолдим. Баъзан ейишга ноним, совуқда кийишга кийимим бўлмади.
2Коринфликлар 11:23–27
Исо Бутрусга ҳаётининг сўнги дамлари ҳақида каромат қилиб, шундай деганди:
Сенга чинини айтайин: ёш бўлганингда камарингни ўзинг боғлар эдинг, хоҳлаган жойингга борар эдинг. Қариганингда эса қўлларингни узатасан, бошқа биров сени боғлайди, сени хоҳламаган жойингга олиб боради.
19 Исо бу сўзлар орқали Бутруснинг қай йўл билан ўлиб, Худони улуғлашини билдирди.
Юҳанно 21:18-19
Бутрус, сени ҳам хочга михлашади.
Ибронийларга мактубнинг 11–бобида исмлари тилга олинмаган ҳисобсиз имонлиларнинг қувғинлари ҳақида ёзилган. Уларга тан бермоғимиз даркор:
Улардан баъзилари ҳақорату калтакларга чидадилар, баъзилар занжирбанд бўлиб, зиндонларда ётдилар. 37 Уларни тошбўрон қилдилар, таналарини арралаб иккига бўлдилар, қиличдан ўтказдилар. Улар қўй ва эчки пўстинларини кийиб, сарсон–саргардон бўлдилар, муҳтожликда яшадилар, зулм остида қолдилар, хор бўлдилар. 38 Улар чўл–саҳроларда, тоғ–тошларда дайдиб юрдилар, ғорларда, ернинг кавакларида яшириндилар. Аслида дунё уларнинг тирноғига ҳам арзимас эди!
Ибронийлар 11:36-38
Уларнинг келажаги ҳақида нима айта оламиз?
Оқсоқоллардан бири мендан сўради:
— Оқ либос кийган бу одамлар ким? Улар қаердан келганлар?
14 — Тақсир, буниси ўзингизга аён, — дея жавоб бердим мен. У менга шундай деди:
— Булар қаттиқ қувғинлардан ўтиб келганлар. Улар либосларини ювиб, Қўзининг қони билан оқартирганлар.
Ваҳий 7:13-14
Юқоридаги парчада қаттиқ қувғинлардан ўтиб келганлар ҳақида ёзилган. Бу одамлар гуноҳларидан тавба қилганлар, Исога эргашиб, имони учун ўлдирилганлар. Бу каби ваҳший қотилликлар Исо қайтиб келганидан кейингина тўхтайди.
Унга (Дажжолга) Худонинг азизларига қарши жанг қилиш ва уларни енгиш учун изн берилди.
Ваҳий 13:7a
Муқаддас Китобда осон ҳаёт кечирган биронта қаҳрамон борми?
Муқаддас Китоб давридан бошлаб, то ҳанузгача масиҳийларнинг қувғинлари давом этиб келмоқда. Ўлдирилган ва ўлдирилаётган имонлиларнинг айбсиз қони хочдан бошлаб, ҳозирги кунгача дарё бўлиб оқмоқда. ХХ–асрда ўлдирилган имонлиларнинг сони барча асрларни битта қилиб ҳисоблаганда ҳам зиёдроқ бўлиб чиқади.
Ўртача ҳисобга кўра, ХХ–аср давомида ҳар йили 300 000 нафар имонли биродарлар ва опа–сингиллар ўлдирилди.
Масиҳ учун ўлдириладиган навбатдаги одам сиз ёки мен бўлишимиз мумкин.
Тўртинчидан: Масиҳийларнинг қувғинларга муносабати қандай бўлиши керак?
Қасосми? Асло!
Қуролланган аскарлар Исони ҳибсга олиш учун келишганда, Бутрус бир руҳонийнинг хизматкорига ҳамла қилиб, унинг қулоғини кесиб ташлаганди. Бу қилмиши учун Исо Бутрусни қаттиқ койиганди.
Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар, одамлар яхшилик деб билганларни қилишга интилинглар. 18 Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч–тотув ҳаёт кечиринглар. 19 Азизларим, ўзингиз учун ўзингиз қасос олманг, балки Худонинг ғазабига йўл қўйиб беринг. Ахир, Муқаддас битикларда Эгамиз шундай деб айтган–ку: “Мен Ўзим қасос ва ўч оламан.” 20 Муқаддас битикларда ёзилганидай қилинг:
“Душманинг оч бўлса, овқат бер,
Чанқаган бўлса, сув ичир.
Шунда унинг бошига ёнаётган чўғ йиққандай бўласан.”
21 Ёмонлик сизни мағлуб қилмасин, аксинча, сиз ёмонликни яхшилик билан мағлуб этинг.
Римликлар 12:17-21
Қувғин қилинган масиҳий ўзини имонсиздай йўл тутиши керак эмас. Унинг бунга асло ҳаққи йўқ. Аксинча:
«Яқинингни севгин, душманингдан нафратлан», деб айтилганини ҳам эшитгансизлар. 44 Лекин Мен сизларга айтяпман: душманларингизни яхши кўринглар. Сизларни қувғин қилганлар учун ибодат қилинглар.
Матто 5:43-44
Қизиғи шундаки, Қутлуғ кечада Исо кўп эътибор берган ва ҳурмат кўрсатган меҳмон Яҳудо Ишқариёт эди! Дарҳақиқат, Исо Ўзи ўргатган таълимотга Ўзи бекаму–кўст риоя қиларди.
ҚУВҒИНЛАРНИ КУТИНГЛАР!
Сен туфайли ҳар куни ўлимга дуч келамиз,
Бўғизланадиган қўйдай бўлиб қолганмиз.
Забур 43:23
“Масиҳийча ҳаётга қадам ташлаган инсон бутун дунёнинг оқимига қарши сузиб, жанг майдонига чиққан бўлади.”
Худо мени бу Хушхабарни турли халқларга етказувчи воиз, ҳаворий ва муаллим қилиб тайинлади. 12 Шу сабабдан ҳам бу азобларни тортяпман.
2Тимўтий 1:11-12a
Юқоридаги оятларга кўра, Павлус қувғин ва азоб–уқубатларни бевосита Хушхабар тарқатиш хизматига боғлаяпти. Дарвоқе, булар бир–бирига чамбарчас боғлиқдир. Хушхабарни эшитган одамлар тавба қилмасалар, хушхабарчини қувғин қилишни бошлайдилар.
Мен сизлар учун азоб чекаётганимдан хурсандман. Ахир, мен Масиҳ танаси, яъни жамоат учун азоб чекяпман. Шундай қилиб, менинг азобларим Масиҳ чеккан азобларга қўшилади.
Колосаликларга 1:24
“Павлуснинг қувғинларга бўлган муносабати ушбу оятларда аниқ баён қилинган: Исо ер юзида яшаганда кўп қувғин қилинганди, шундай эмасми? Уни аямай таъқиб қилишарди, охир–оқибат хочга михлаб, ўлдиришди. Исо ўлиб, тирилиб ва осмонга кўтарилиб кетгандан кейин ҳам, дунё Уни таъқиб қилишдан тўхтамаяпти. Уни бугунги кунда ҳам таъқиб қилишмоқда. Павлуснинг азоблари Масиҳнинг азобларига қўшилди. Борди–ю, Масиҳ қайтиб келганда эди, Уни яна қувғин қилиб, ўлдиришарди. Агар Исо қайта–қайта қайтиб келаверса, Уни қайта–қайта ўлдиришаверади. Исо қайтиб келмагани учун Исонинг ўрнига бизни ўлдиришяпти, бизни ҳақорат қилиб, қамоққа ташлашяпти.
“Ажойиб, шундай эмасми? Исо Масиҳ самода улуғворлик ва шон–шарафга бурканиб ўтирибди. Биз эса бу дунёда Масиҳ туфайли азоб чекиб, қувғинларга дучор бўлмоқдамиз.”
Зотан, Худо сизларга нафақат Масиҳга ишониш, балки Унинг учун азоб–уқубат тортиш шарафини ато қилган.
Филиппиликлар 1:29
«Илк жамоатдаги ҳар бир имонли эртами–кечми Масиҳ учун жонини фидо қилиши кераклигини жуда яхши биларди. Бу оддий ҳол эди. Ваҳолангки, Масиҳий бўлмоқ, жонини фидо қилмоқ билан баробар эди. Ҳа, минглаб одамлар имони учун қурбон бўлган эдилар.”
“Хитойдаги рўйхатдан ўтмаган жамоатларга бир неча марта ташриф буюрган бир хизматчидан мен шундай деб сўрадим: “Хитойдаги имонлилар Худога, бизни қувғинлардан асра, деб ибодат қиладиларми ёки йўқми?” Йўқ, — деб жавоб берди у. — Улар қувғинларни одатдаги ҳол, деб биладилар. Қувғинсиз ҳаётни ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдилар.”
ҚЎРҚМАНГ
Зотан, мен учун ҳаёт Масиҳдир, ўлим эса ютуқдир.
Филиппиликлар 1:21
Агар масиҳий ушбу сўзларни ўзига шиор қилиб олса, ҳеч нарсадан қўрқмай хизмат қилади.
Исо унга деди:
— Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган одам ўлса ҳам яшайди.
Юҳанно 11:25
Биз Худонинг шоҳлиги пайида юрар эканмиз, Масиҳ бизни қўрқмас бўлишга чорлайди. Хушхабарни айтишга қўрққан ва иккиланиб турган ҳар бир биродарга Исо шундай сўзларни айтади:
Сизларга шуни айтай, дўстларим: танани ўлдириб, ундан кейин бошқа бирон нарса қила олмайдиганлардан қўрқманглар.
Луқо 12:4”
Таваккал қилишдан қўрқмайдиган мард одамларни Худо яхши кўради.
Йўаб ғаним тўдалари орқаю олдиндан ҳужум қилаётганини кўрди. У Исроилнинг сараланган сипоҳларидан танлаб олди–да, Орам лашкарига қарши саф торттирди. 10 Қолганларига эса укаси Абушайни бош қилиб, Оммонларга қарши шай қилиб қўйди. 11 Йўаб Абушайга:
— Орам лашкари мендан устун келса, сен ёрдамга келасан, — деди. — Борди–ю, Оммонлар сендан баланд келса, мен ёрдамга бораман. 12 Бардам бўл! Халқимиз ва Худойимизнинг шаҳарлари учун мардларча кураш олиб борайлик. Эгамизнинг хоҳиш–иродаси бажо бўлсин.
2 Шоҳлар 10:9-12
Қўрқмаслик…таваккал қилиш деганидир…
Малика Эстер ўз халқини қутқариб қолиш мақсадида сарой қонунини бузишга жазм қилиб, шундай деганди:
Майли, ўлсам, ўлай.
Эстер 4:16b
Қўрқмаслик…таваккал қилиш деганидир…
Шадрахни ва унинг учта дўстини оловчи чуқурга ташлашдан олдин, Шадрах шоҳга шундай сўзларни айтган:
Биз сиғинадиган Худо бизни оловли чуқурликдан ҳам, сизнинг қўлингиздан ҳам қутқаришга қодир. 18 Аммо У бизни қутқармаган тақдирда ҳам, билиб қўйингки, эй шоҳ ҳазратлари, биз ҳеч қачон худоларингизга сиғинмаймиз, сиз ўрнатган олтин ҳайкалга ҳам сажда қилмаймиз.
Дониёр 3:17-18
Қўрқмаслик…таваккал қилиш деганидир…
Павлус ҳам қўрқувга енгилмади, у ўзининг вазифаси ҳақида шундай деб ёзди:
Лекин ҳаётим ўзим учун ҳеч нарсага арзимайди, деб ҳисоблайман. Мен фақат вазифамни охирига етказишни ва Раббимиз Исо менга юклаган ишни тугатишни истайман. Бу иш Худонинг инояти тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилишдир.
Ҳаворийлар 20:24
Бизнинг вазифамиз эса бутун дунёга Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни етказишдан иборат:
Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар.
Mатто 28:19
Юқоридаги оятда тинч яшаган халқардан шогирд орттиринглар, деб ёзилмаган. Балки “барча халқлардан” деб ёзилган. “Барча” сўзи ҳамма мамлакатларни қамраб олади: ёпиқ мамлакатларни ҳам, жанг–жадал бўлаётган мамлакатларни ҳам. Хушхабарни етказиш учун бизни ҳеч нарса тўхтатиши керак эмас.
БОР НАРСАЛАРДАН ФОЙДАЛАНИНГ!
Зеро, Худо берган Руҳ қалбимизга қўрқув солмайди, аксинча, бизга куч, муҳаббат ва ақли расоликни ато қилади. 8 Шундай экан, Раббимиз Исо ҳақида шоҳидлик беришдан ор қилма, мен Раббимиз туфайли занжирбанд бўлганимдан ҳам уялма. Мендан ибрат олиб, Хушхабар туфайли азоб чекишга тайёр тургин, бунинг учун Худонинг берган кучига таянгин.
2Тимўтий 1:7,8
Биз қувғинлар орасида Масиҳ ҳақида шоҳидлик берар эканмиз Худонинг кучига таянишимиз мумкин. Келинг, Худонинг кучини ишга солайлик!
Ўзимизни қандай ҳимоя қиламиз, деб олдиндан қайғурмасликка қарор қилинглар. 15 Мен Ўзим сизларга сўз, донолик ато қиламанки, рақибларингиздан биронтаси айтганларингизни рад қила олмайдилар ёки эътироз билдира олмайдилар.
Луқо 21:14-15
Биз ўзимизни ҳимоя қилишимизга тўғри келганда, Худога таянишимиз керак. Керакли сўзларни ва доноликни Худонинг Ўзи бизга беради.
Лекин У менга шундай деди: “Менинг иноятим доим сенга етарли бўлади, чунки Менинг қудратим сенинг ожизлигингда тўлиқ намоён бўлади.” Шундай қилиб, Масиҳнинг қудрати мен орқали аён бўлиши учун ожизлигим билан мақтанишни афзал кўраман. 10 Шу сабабдан Масиҳ ҳақи ожизликни, хўрликларни, муҳтожликларни, қувғин ва қийинчиликларни шодлик билан қабул қиламан. Айниқса, ожиз бўлган пайтимда Масиҳнинг қудрати билан кучли бўламан.
Коринфликлар 12:9,10
Қувғин бўлганимизда бизга Худо иноятининг янги жабҳалари ва унинг амалий жиҳатлари намоён бўлади.
Агар бирортангизга донолик етишмаса, Худодан сўранг, У беради. Чунки сўраганларнинг ҳаммасига Худо сахийлик билан, беминнат беради.
Ёқуб 1:5
Худо бизга Ўз донолигини беришга доим тайёрдир. Қувғин бўлганимизда бизга биринчи навбатда донолик керак бўлади, шунинг учун Худо бизга: ”Кел, кераклигича ол” деб айтади.
Худо бизга кераклигидан ортиқ манба ва қуролларни бериб қўйган!
Бешинчидан: Қувғиннинг ижобий томонлари бор.
Одамлар Мен туфайли сизларни ҳақоратлаб қувғин қилганларида, сизлар ҳақингизда ёлғон гапириб туҳмат қилганларида, бахтлисизлар!
Mатто 5:11
Ҳа, қувғинларнинг фойдали томонлари жуда кўп. Буларнинг рўйхати ҳам анчагина узун!
МАСИҲ БИЛАН ЯҚИН МУНОСАБАТ
Мақсадим шуки, Исо Масиҳни билай, Уни тирилтирган қудрат менинг ҳаётимда ҳам ўз кучини кўрсатсин, Масиҳнинг азобларига шерик бўлай. Унинг ўлим пайтидаги фикр–зикри менинг ҳаёт тарзим намунаси бўлсин.
Филиппиликлар 3:10
“Мен Масиҳни таниганим боис, азоб–уқубатлар чекканимда мунис бир дўстим олдига бора оламан. Кимни назарда тутганимни тушунгандирсиз? Бу дўстим фараз қилиб бўладиган энг қийинг азоб–уқубатларни бошдан кечирган. Шунинг учун мени жуда яхши тушунади ва менга ҳамдард бўла олади. Дунёдаги ҳар бир масиҳий айтиши мумкинки, унинг Исо билан бўлган энг яқин руҳий муносабати айнан энг оғир дамларда юз берган. Бунга ҳеч қандай эътироз бўлиши ҳам мумкин эмас. Зеро, азоб–уқубатлар бизни Масиҳга яқинлаштиради. Нега? Чунки қийналган дамларимизда биз меҳрибон олий руҳонийимиз олдига чопамиз, бизни тушунадиган, азобларимизга ҳамдард бўла оладиган дилкаш дўстимиз олдига шошиламиз. У бизнинг ожизликларимизни тушунади, чил–парчин қалбимизга малҳам бўлади. Бу мунис дўстим мени руҳлантиради: “Болам, Менинг номим туфайли азоб чекяпсан”, деб қалбимга таскин беради. У мени тушунади, чунки Ўзи ҳам кўп қувғин бўлган. Унинг ҳузури менга тасалли беради.”
Ишончим комилки, ҳозирги азоб–уқубатларимиз бизга зоҳир қилинадиган улуғворлик олдида ҳеч нарса эмас.
Римликлар 8:18
“Бу билан биз Аюбнинг ёки Павлуснинг азоб–уқубатлари енгил бўлган, деб айтмоқчи эмасмиз. Шунчаки, биз улуғвор Худонинг ҳузурида турганимизда, Унинг таърифлаб бўлмас буюк салобатини кўрганимизда бу ўткинчи дунёда чеккан энг оғир мусибатларимиз ҳам арзимас нарсадай бўлиб қолади.”
МАСИҲДАГИ БЕХАТАРЛИГИМИЗ!
Қаранглар, Отамиз Худо бизни фарзандларим деб, қандай буюк бир севгини кўрсатди! Ҳақиқатан ҳам, биз Унинг фарзандларимиз…
1 Юҳанно 3:1
”Буни қабул қилиш қийин, аммо бу ҳақиқатдир. Масиҳийлар ўз ишидан, оиласидан, уйларидан, бор бисотидан айрилишлари мумкин, ўз юртидан қувилишлари мумкин. Бироқ, уларнинг йўқотмайдиган муҳим бир нарсаси бор, бу — Худонинг оиласига мансублиги! Биз заминий ота–онамизни қаттиқ хафа қилган пайтларимиз бўлган. Самовий Отамизни ҳам қаттиқ хафа қилган пайтларимиз бўлган, бироқ шунга қарамай, У биздан воз кечмади, бизни оиласидан ҳайдаб чиқармади. Биз Исони Нажоткор, деб қабул қилган ондаёқ Худо бизни Ўзига фарзанд қилиб олди. Бизга Ўз севгиси, меҳри ва саҳийлигини намоён қилди.” Биз ҳар қандай вазиятда Худога таяна оламиз. Ҳеч ким буни биздан тортиб ололмайди.
Мен аминманки, ўлим ҳам, ҳаёт ҳам, фаришталару жинлар ҳам, ҳеч қандай ғайритабиий кучлар ҳам, ҳозиргию келгуси ҳодисалар ҳам, 39 баландликлару чуқурликлар ҳам, яратилган биронта мавжудот ҳам бизни Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худонинг меҳр–муҳаббатидан жудо қилишга қодир эмас.
Римликлар 8:38-39
“Худо ҳеч қачон бизни шартсиз, абадий севгисидан маҳрум қилмайди.”
Бу дегани, биз содир бўлаётган ҳамма нарсани тушунамиз, деганими?
Асло! Биз шунчаки, ҳар бир қадамимизни бошқарган Худога инонамиз.
Инсоннинг қадами — Эгамиздан,
шундай экан, у ўз йўлини қандай тушунсин?!
Ҳикматлар 20:24
ГУВОҲЛИК БЕРИШ УЧУН ИМКОНИЯТ!
Агар қувғинлар оқибатида биз Хушхабар айтмай қўйсак, шайтон катта ғалаба қозонган бўлади. Бутрус, Юҳанно ва Павлус бундай йўл тутмаганлар.
Шундай қилиб, улар ҳаворийларга: “Мажлисхонадан чиқинглар”, деб буйруқ бердилар. Сўнгра ўзаро муҳокама қила бошладилар: 16 “Бу одамларни нима қиламиз? Бу ажойиб мўъжизани мана шу одамлар қилганини Қуддусдаги ҳар бир одам билади, биз буни инкор эта олмаймиз. 17 Аммо бу хабар халқ орасида янада ёйилиб кетишининг олдини олиш учун, бундан кейин Исонинг номи билан ҳеч кимга гапирмайсизлар, деб уларни огоҳлантириб қўямиз.”
18 Шундай қилиб, улар икковини чақирдилар ва: “Исонинг номи билан умуман гапирмайсизлар ёки таълим бермайсизлар”, деб буйруқ бердилар. 19 Бутрус билан Юҳанно эса уларга шундай жавоб қайтардилар: “Худодан кўра сизларга итоат этсак, Худонинг назарида тўғри бўладими? Ўзларингиз хулоса чиқараверинглар. 20 Биз эса кўрганларимиз ва эшитганларимиз тўғрисида гапирмасдан тура олмаймиз.”
Ҳаворийлар 4:15-20
Бутрус ва Юҳанно гувоҳлик беришдан тўхтамадилар, улар Хушхабар ёйишга янада қаттиқроқ киришдилар.
Павлус ҳам занжирбанд бўлишига қарамай, вазиятдан фойдаланган ҳолда одамларга Масиҳ ҳақида гувоҳлик берди:
Оломонга гапирди (Ҳаворийлар 22)
Ҳоким Феликсга гувоҳлик берди (Ҳаворийлар 24)
Шоҳ Агриппага Масиҳ ҳақида айтди (Ҳаворийлар 26)
Қувғинлар ҳақиқат борасида гувоҳлик беришимиз учун янги имкониятлар эшигини бизга очиб беради. Бундай имкониятлардан унумли фойдаланайлик!
ХАРАКТЕРНИНГ ШАКЛЛАНИШИ
Синовлар ва қийинчиликларда характеримиз ва феъл–атворимиз шаклланишини ҳаворий Ёқуб жуда яхши биларди. Шу боис у қуйидагича оятларни ёзди:
Эй биродарларим, турли синовларга дучор бўлганингизда ўзингизни бахтли деб билинглар. 3 Ахир, имонингиз синалганда, сизлар сабр–тоқат қилишни ўрганасизлар. Бу ўзингизга ҳам аён. 4 Ҳар қандай вазиятда сабр қилишни ўрганинглар, шунда етук, бекаму кўст, комил инсон бўласизлар.
Ёқуб 1:2-4
Павлус ҳам Ёқубнинг бу гапларини маъқуллаб шундай деб ёзди:
Фақатгина ўша умидимиз билан эмас, балки азоб–уқубатларимиз билан ҳам фахрланамиз, чунки азоб–уқубатлар сабр–тоқат ҳосил қилишини биламиз. 4 Сабр–тоқат Худога маъқул феъл–атворни, бундай феъл–атвор эса умидни ҳосил қилади.
Римликлар 5:3-4
Демак, Ёқуб ва Павлуснинг бу гапларидан биз қандай хулоса чиқара оламиз? Худонинг ишларини тўғри тушунишга ҳаракат қилайлик. Балки бошимизга тушган қийинчиликлар орқали Худо феъл–атворимизни тўғриламоқчидир?! Балки шу орқали Худо бизни янада буюкроқ иш учун тайёрлаётгандир ёки янада иноятли бўлишга бизни ўргатаётгандир?!
“Худо қалбимизни тўлиқлигича забт этиш учун бизни чўққиларга эмас, тубликларга туширади. Унинг энг азиз инсонлари ниҳоятда чуқур ва тор пастликларда бошқаларга қараганда анча кўп вақт ўтказганлар. Худонинг боғидаги ҳосилдор тупроқ зиддиятларга ва минералларга бой бўлади.”
“Азоб гирдобида қолган бу дунёда хизмат қила олишимиз учун бизни айнан синовлар тайёрлаб, чархлайди. Ожиз ва юзаки одамлар бу дунёда хизмат қила олмайдилар. Бу дунёда хизмат қилиш учун Раббимиз сингари “дўзаҳга тушишга ва асирларни озод қилишга” жазм қила оладиган довюрак одамлар керак.
“Қувғинлар бизни мустаҳкам қилади. Агар Март ойининг изғирин шамоллари бизни чиниқтирмаса, илдизларимиз чуқур ўсармиди? Ахир, ёш эман дарахтининг илдизлари кўҳна дарахтнинг илдизидай чуқур бўлмайди. Кўҳна дарахтнинг чирмашган баҳайбат шоҳлари узоқ йиллардан, кўрган кўплаб бўронлардан далолат беради. Бироқ шу билан бирга ушбу дараҳтнинг чуқур илдизлари борлигини билдиради.”
“Қувғин ва азоб–уқубатларни мардлик билан бошдан кечирган одамгина художўйлик ва солиҳликда буюк ҳисобланади. Кўплаб буюк одамларни уларнинг оғир мусибатлари юксакларга кўтарган.”
ХУДОНИ УЛУҒЛАШ УЧУН ЯХШИ ИМКОНИЯТ
Оғир дамларда ва жирканч вазиятларда Худони улуғлай оламизми? Қийинчиликлар пайтида биз қалбимизни тош қилмай, бутун борлигимиз билан Худога таяна оламизми, Унга шукурлар айта оламиз. Бунинг иложи борми? Албатта! Агар биз Масиҳнинг чеккан мислсиз азоблари ҳақида ўйласак бунинг уддасидан чиқа оламиз.
Ярим тунда Павлус билан Силас ибодат қилиб, Худога ҳамду сано айтаётган эдилар. Маҳбуслар эса уларни тинглаб ўтиришарди.
Ҳаворийлар 16:25
Қаттиқ калтак еган Павлус ва Силас ўзларига ачиниб ўтирмадилар, аксинча қамоқхонада Худога ҳамду санолар айтишни бошладилар. Улар бутун эътиборини ўзларига эмас, Худога қаратдилар. Натижада, Худо улар орқали ишлади. Кун ташвишлари ва қийинчиликлар уларнинг Худога бўлган севгисини камайтирмади, аксинча, қалбларидан чиққан мадҳия сўзлари самога кўтарилди ва атрофдаги одамларнинг дилларини яшнатди.
Шундай қилиб, ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангиз ҳам, ҳаммасини Худони улуғлаш учун қилинглар.
1Коринфликлар 10:31
“Ҳаммасини” сўзи қувғинларни ҳам ўз ичига олади. Сиз ҳам, мен ҳам бутун эътиборимизни ўзимизга эмас, Худога қаратсак, Унинг Ўзи биз орқали улуғланади. Бунданда юксак чақириқнинг ўзи йўқ.
Олтинчидан: Қувғин пайтларда Худо бизга таскин беради.
ҲАММА НАРСА ХУДОНИНГ НАЗОРАТИ ОСТИДА!
Бунга шубҳа қилмасак ҳам бўлади!
……. Худони яхши кўрганларга ҳамма нарса яхшиликка хизмат қилади ….
Римликлар 8:28
Ушбу сўзлар ҳақиқатдир, зеро бутун коинотни яратган Қодир Худо бутун воқеликни назорат қилиб турибди.
Аюб буни жуда яхши билгани учун шундай деганди:
Аюб эса хотинига шундай жавоб берди:
— Сен аҳмоқ хотинлардай гапиряпсан. Худонинг қўлидан яхши нарсаларни қабул қиламиз–у, ёмонларини олмаймизми?
Аюб 2:10
“Бўронни олиб келадиган шамоллар ҳам, қора булутларни ҳайдайдиган шамоллар ҳам Худодандир.” Худо баракотнинг ҳам, қийинчиликнинг ҳам манбаи эканини Аюб жуда яхши тушунарди.
Аюб ҳикоясининг эътиборга молик томони шундан иборатки, у ўз шикоятларини шайтонга эмас, Худога қарата айтган.
«Олмонияда немис фашистларидан яширинган бир яҳудий бола деворга шундай сўзларни ёзганди: “Осмонда қуёш кўринмаса ҳам, қуёш борлигига мен шубҳа қилмайман. Меҳр кўрмасам ҳам, севги борлигига ишонаман. Худо сукут сақласа ҳам, Унинг борлигидан асло шубҳаланмайман.”
Бошимизга тушган қувғинларни биз тушунмасак ҳам, Худо коинотни назорат қилмай қўйди, деган фикрга асло бормаслигимиз керак.
ХУДОНИНГ ЎЗИ БИЗГА ТАСАЛЛИ БЕРАДИ!
Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога, ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо — марҳаматли Отага ҳамду санолар бўлсин! 4 Ҳар хил азоб–уқубатларга учраганимизда, Худо бизга тасалли беради. Шундай экан, биз ҳам азоб чекаётган инсонга тасалли бера оламиз. Худо бизга берган тасалли билан уни овунтира оламиз.
2Коринфликлар 1:3-4
«Тасаллининг манбаи бўлган Худо бизни албатта юпатади. Зеро, бу Унинг илоҳий табиатидир. У Ўз халқига керакли далда, тасалли ва куч–қудрат беради. Раббимиз бизнинг дилкаш дўстимиздир, У ҳар қандай қардошимиздан бизга яқиндир. Худо қўл ва оёғимиз сингари, кўксимиздаги нафасимиз сингари бизга яқин. Худо ҳеч қачон бизни тарк этмайди, ташлаб кетмайди, У ичимизда маскан қурган”. Павлус ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда бу сўзларни бизга ёзган.
ХУДО МУКОФОТ БЕРАДИ!
Севининглар, хурсанд бўлинглар. Сизларни осмонда буюк мукофот кутмоқда. Ахир, сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам худди шундай қувғин бўлганлар.
Матто 5:12
“Имонлилар осмонда абадият давомида бўладилар, ер юзида эса қисқа бир муддат яшайдилар. Бундан мақсад нима? Бутун борлиғингизни абадиятга тикинглар, ушбу заминга эмас. Ер юзида мен қисқагина бир муддат давомида яшайман, шундай экан само учун бойлик йиғмоқчиман. Ўзим учун эмас, Худонинг улуғворлиги ва Унга шараф келтириш учун самовий бойликка эга бўлмоқчиман.”
“Буюк мукофот” дегани буюк мукофотни билдиради. Бу ҳақда ўйлаганингизда лолу ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ.
Юқоридаги оятда яна бир нарсага эътибор қартишимиз даркор: Қувғин бўлган биродарлар мумтоз гуруҳга тушганлар. “Борди–ю, сиз нажотингиздан шубҳа қилсангиз, Осмон Шоҳлигига кираманми ёки йўқми, деб ўйласангиз, агар имонингиз учун қувғинларга дучор бўлсангиз, билингки, сиз Худога тегишлисиз, зеро Худонинг пайғамбарларини қандай қувғин қилган бўлишса, сизни ҳам худди шундай қувғин қилишмоқда.” Нақадар ажойиб янгилик!
”Энг кўп қувғин бўлганлар энг буюк мукофот оладилар. Бошимизга тушган қувғинлар беҳуда эмас. Худо буни билади ва тегишли мукофотни бизга беради.”
ХУДО БИЗНИ ПОКЛАЙДИ!
Жамоат тарихчилари шундай бир гап айтадилар: “Қувғинлар натижасида жамоатнинг сони кўпаймайди…бироқ жамоат сохта имонлилардан албатта тозаланади. Жамоатда фақат Масиҳни севадиган ва Унинг учун жонини ҳам фидо қилишга тайёр бўлган инсонлар қолади. Зеро, қувғинлар асл имонни кўрсатади”.
Агар эътибор берган бўлсангиз, Ваҳий китобида тилга олинган иккинчи ва учинчи жамоатларга Худо танбеҳ бермади, бу жамоатлар қувғинга дучор бўлган жамоатлар эди.
ХУДО БИЗ БИЛАН!
“Сизларни ташлаб кетмайман, сизларни тарк этмайман”
Ибронийлар 13:5b
Биз қувғинлардан ўтганимизда ёлғиз эмасмиз. Ташлаган ҳар бир қадамимизни Худо кўриб туради…то самовий масканимизга етиб боргунимизча, Худо бир қадам ҳам биздан жилмайди.
Ҳа, Масиҳнинг издошлари қувғин қилинади.
Сиз–чи, тайёрмисиз?