12 ҳаворийнинг қисқа таърифи
Муҳим иш бажариш учун бир нечта одам.
Ҳа, муҳим иш бажариш учун бир нечта одам.
Исога — бир нечта одам керак эди.
Бугун қарор чиқариш куни…Исо Ўзига шогирдлар, яъни ҳаворийларни, танлаши керак…Унга эргашаётган тумонат халқ орасидан бир нечта одамни Ўзига шогирд қилиб олиши ва ўшаларга таълим бериши керак. Инсоният тарихидаги бу энг буюк Устоз — Худонинг Ўзи эди.
Исонинг бу шогирдлар командаси Унга эргашади, соядай доим Унга ҳамроҳ бўлади. Исо ўлимигача бўлган вақтининг аксарият қисмини бу ўн икки шогирдига бағишлайди, жонни жабборга бериб уларга устозлик қилади.
Исо осмонга кўтарилиб кетгандан кейин эса жамоатни барпо қилиш вазифасини шу ўн икки шогирд зиммасига юклайди.
Шогирдлар командасини тузиш Исонинг ер юзида амалга оширган энг муҳим вазифаларидан бири эди. Ҳаворийларни танлаш шу қадар муҳим қарор эдики, ўтган 200 аср давомида бу каби муҳим қарор бўлмаган.
“Ҳазрат Исо, ҳеч ҳам асабийлашманг, тинчланинг. Агар бу ҳаворийлар берилган вазифанинг уддасидан чиқишмаса, ҳамма ишнинг пачаваси чиқади, миллионлаб одамлар дўзаҳга равона бўлишади, сиз ҳам, мен ҳам ўша шўрликлар орасида бўламиз, чунки Хушхабар етказадиган одамнинг ўзи бўлмайди.
Аммо, Ҳазрат Исо, ҳеч ҳам асабийлашманг.”
Исо Ўз командасига тўғри одамларни танлаши ўта муҳим вазифа эди, бу ҳақда гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Агар сиз масиҳий бўлсангиз, демак, Исо тўғри команда танлаганидан манфаатдор бўлгансиз.
Вақтимиздан унумли фойдаланиш мақсадида биз кўплаб ажойиб оятларни кўриб чиқамиз, ҳозир эса, келинг, ибодатдан бошлайлик.
Отажон,
илтимос, юракларимизни тинчлигинг билан тўлдиргин.
Эътиборимизни жамлашга ёрдам бергин.
Ўзинг бизга ҳақиқатингни ўргатгин.
Сенсиз вақтимизни беҳудага сарфлаган бўламиз.
Муқаддас Руҳнинг таълимотини ўзлаштириб олайлик.
Исо Масиҳ номи билан ибодат қиламиз,
Омин.
Луқо 6–оятда Исо ҳаворийларни танлаб олиши ҳақида баён қилинади. Бу воқеагача Исо бир ярим йил давомида халққа таълим бериб келган эди. Бошқача қилиб айтганда, агар сиз Исонинг ер юзидаги хизматини икки қисмга бўлмоқчи бўлсангиз, ўрта қисми айнан Луқо 6 бобда тасвирланган — ўн икки ҳаворийни танлаш воқеасига тўғри келади.
Хизматининг биринчи ярмида Исо халққа таълим берган, кўплаб одамлар Унга эргашган эди. Исо ҳаммасини Ўзи қиларди: маълум ҳудудларда хасталарни шифоларди, мўъжизалар кўрсатарди, одамларга фундаментал ҳақиқатни ўргатарди.
Исо Ўн икки ҳаворийни танлаганидан кейин эса, хизматининг бир қисмини уларнинг зиммасига юклади, Ўзи эса кўпроқ жойларга борадиган бўлди, ҳақиқатнинг чуқур ва мураккаб томонларини ўргатадиган бўлди.
Luke 6:12
12 Ўша кунларнинг бирида Исо ибодат қилгани тоққа чиқди. У тун бўйи Худога ибодат қилди.
Эртаси куни Исо муҳим қарор чиқариши: Ўз командасига ўн икки ҳаворийни танлаши керак эди.
Мазкур оятда тасвирланган воқеадан биз ўзимизга сабоқ олишимиз керак. Муҳим қарор чиқаришдан олдин Исо каби ибодат қилишимиз керак.
Luke 6:12
Исо беш дақиқа давомида ибодат қилди, шундай эмасми? АСЛО!
Ўша кунларнинг бирида Исо ибодат қилгани тоққа чиқди. У тун бўйи Худога ибодат қилди.
Муҳим қарорлар чуқур, муттасил ибодатни талаб қилади.
Бу оятга асосланган ҳолда менинг дўстим ҳеч қачон бир кун ичида муҳим қарор чиқармайди. Қарор чиқаришдан олдин у кечаси билан ибодат қилиб чиқади, шундан сўнггина қарор қабул қилади.
Келинглар, масаламизга аниқлик киритайлик: Нима мақсадда Исо ҳаворийларни танлаяпти?
Жавоб: Исо ҳаворийларга таълим бермоқчи, токи Ўзи осмонга кўтарилиб кетганидан кейин, улар дунёнинг четигача барча жонзотга Хушхабарни етказсинлар.
“Сизда бор–йўғи кунига 24 соат вақтингиз бор ва сизга фақат битта умр берилган, шу сабабдан сиз вақтингизни беҳудага асло сарфлай олмайсиз. Шу сабабдан қадрли вақтингизни тўғри одамларга бағишлашингиз керак, ўша одамлар сиз ўргатадиган нарсаларни зўр хоҳиш ва шижоат билан ўрганадиган бўлсинлар.”
Буни яна бир бор ўқиб чиқинг. Доно маслаҳат!
Исо айнан шундай йўл тутди.
Унумли ҳаёт кечирмоқчи бўлсак, биз Исо Масиҳга тақлид қилишимиз керак. Ўзимизга шогирдларни талнашимиздан олдин, албатта ибодат қилишимиз даркор.
Сиз Исо танлаган командага қараб: “Нега Исо 11та эмас, 10та эмас, 13та эмас, балки 12та шогирдни танлади?” деб сўрашингиз мумкин. Бунга жавобни Худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўн икки сонининг муҳим аҳамияти нимага асосланганини тахмин қилишимиз мумкин, холос.
Эски Аҳд даврида яҳудийлар 12та қабиладан ташкил эди. Ваҳий китобида янги Қуддус шаҳрининг 12та дарвозаси, 12та фариштаси, пойдеворининг 12та қатлами, дарахтларнинг 12 хил меваси борлиги ҳақида ёзилади.
Исо Ўзининг ўн икки ҳаворийсига шундай дейди:
Maтто 19:28
…Менинг орқамдан эргашиб келган сизлар ҳам ўн иккига тахтга ўтириб, Исроилнинг ўн икки қабиласига ҳукмронлик қиласизлар.
Бу оятдан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, Исо нечта шогирд танлаши кераклигини олдиндан билган. Унинг командаси айнан 12 шогирддан ташкил бўлиши керак эди.
Заковатли яҳудий учун “Исонинг ўн икки ҳаворийни танлаши” рамзий маънони касб этарди, бу унга — шоҳ Довуднинг ўн икки Исроил қабиласини бошқарганини эслатарди.
Баъзи одамлар шундай деб айтишлари мумкин: “Ҳазрат Исо кечаси билан ибодат қилиб, шу кўримсиз, ҳеч вақоси йўқ одамларни танладими?
Исо танлаган бу шогирдларни қилган ибодатига жавоб деб қабул қила оламизми?
Келинглар, Исо танлаган бу одамлар билан яқинроқ танишайлик.
Луқо 6:13-16
13 Тонг отгач, Исо шогирдларини ёнига чақирди ва ораларидан қуйидаги ўн иккитасини танлаб олиб, уларга ҳаворийлар деб ном берди: 14 Шимўн (Исо унга Бутрус деб исм берди), унинг укаси Эндрус, Ёқуб, Юҳанно, Филип, Бартоломей, 15 Матто, Тўма, Халфей ўғли Ёқуб, ватанпарвар деб ном олган Шимўн, 16 Ёқуб ўғли Яҳудо ва кейинчалик хиёнат қилган Яҳудо Ишқариёт.
Мабодо, ҳаворийларнинг исмлари ёзилган рўйхатларни кўрадиган бўлсангиз, Бутруснинг исми доимо биринчи бўлиб келганини кўрасиз. Яҳудо Ишқариот эса доим охирида келган.
Бундан ташқари уларнинг исмлари доим уч гуруҳга бўлинган бўлиб, ҳар бир гуруҳда тўрттадан исм келтирилган бўлади. Гуруҳ ичидаги исмларнинг кетма–кетлиги ўзгариши мумкин, лекин доим бир гуруҳ ичида қолади.
Мен бу сафар ҳаворийларни озгина бошқачароқ қилиб гуруҳларга бўлдим. Биринчи гуруҳда учта ҳаворий, қолган иккита гуруҳда тўрттадан ҳаворий бор.
Биринчи гуруҳ: эътиборга молик, таниқли ҳаворийлар гуруҳи, биз улар ҳақида кўп нарса биламиз. Ўн икки ҳаворийдан учтаси етакчи эди, бу жуда яхши нисбат, чунки командада ҳамма бирдек етакчи бўла олмайди.
Иккинчи гуруҳ: унчали таниқли бўлмаган ҳаворийлар гуруҳи. Бу гуруҳдаги ҳаворийлар эътибордан четроқда, панада бўлган. Биз улар ҳақида айрим маълумотларга эгамиз. Бу иккинчи гуруҳдаги ҳаворийларда ўз қобилиятлари ва инъомлари бор, шу сабабдан улар етакчи ҳаворийлардан баъзи нарсаларни яхшироқ бажарадилар.
Ва ниҳоят учинчи гуруҳ: бу гуруҳдаги тўртлик Янги Аҳдда деярли тилга ҳам олинмайди. Биз улар ҳақида қарийб ҳеч нарса билмаймиз.
Охирида эса хоин ҳақида гаплашамиз, унинг кимлигини ўзингиз ҳам яхши биласиз.
Келинглар, бу гуруҳларни бирма бир кўриб чиқайлик.
Биринчи таниқли гуруҳ — Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно
Нима учун уларни таниқли деб атадик? Чунки улар Исонинг энг яқин, ишонган дўстлари эди. Биз уларнинг ютуқлари ва қилган гуноҳлари ҳақида кўпроқ маълумотга эгамиз.
Янги Аҳднинг дастлабки тўртта китобида бу учта ҳаворий ҳақида жуда кўп ёзилгани боис, баъзи пайтлари Исода фақат ўша учта шогирд бор эди деган, нотўғри хулосага келиб қоламиз.
Улар ҳақида нимларни биламиз?
- Улар ниҳоятда интилувчан эди.
Бутрус иложи борича Исога яқин бўлишга ҳаракат қиларди.
У Исонинг олдига сув устида юриб бормоқчи бўлди (Матто 14:28).
Ёқуб ва Юҳанно Осмон Шоҳлигида Исонинг икки томонида ўтирмоқчи эдилар (Марк 10:38).
Қутлуғ кечада Юҳанно Исонинг ёнида ёнбошлаган эди (Юҳанно 13:25).
Мен мактабда ўқиб юрган пайтимда, синфимизда бир қиз бор эди. У ниҳоятда заковатли эди, шунинг учун ўқитувчи савол бериши биланоқ, қўлини чўзиб, ўқитувчининг юзи олдида силкитарди. У доим ҳаммадан олдин жавоб беришга тайёр эди. Ўша қиз менга Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннони эслатарди.
Бу учта ҳаворий жон–жаҳди билан Исога талпинарди, уларнинг бундай ғайратини кўриб, ўзимизга шундай савол беришимиз керак: “Биз ҳам бутун вужудимиз билан Исога талпинамизми? Бор кучимиз билан Унга интиламизми?”
Бу учта ҳаворий жон–жаҳди билан мақсад томон интиларди, улар ниҳоятда фаол эди.
- Улар Исонинг энг яқин дўстлари бўлишга мушарраф бўлдилар.
Юҳанно Исонинг севикли шогирди эди.
Бу учта ҳаворий ўлган қизалоқнинг тирилишига гувоҳ бўлдилар.
Улар тоғ устида Исонинг қиёфаси ўзгарганини кўрдилар.
Исонинг ер юзидаги охирги кечада Исога яқин бўлдилар.
Исо хочга михланганда онаси Марямга ғамҳўрлик қилиш вазифасини Юҳаннога ишониб топширди.
Улардан бошқа ҳеч ким Исо Масиҳни шу қадар яхши билмасди.
- Улар ниҳоятда фаол ва самарадор эдилар.
Исо осмонга кўтарилгандан кейин, қуйидаги воқеалар рўй берди:
Ҳаворийлар 1:15да ёзилишича, Бутрус етакчиликни ўз қўлига олиб, ҳаворийларни муҳим қарор чиқаришга ундади.
Ҳаворийлар 2:14га кўра, Бутрус халқ олдида нутқ сўзлади, жамоат тарихида бу энг таъсирли нутқлардан бири эди.
Ҳаворийлар 4–бобда Бутрус ва Юҳанно илк бор қувғин қилингани ҳақида ёзилган.
Ҳаворийлар 12:2да Ёқуб имони учун қатл қилингани ҳақида ёзилган. Кейинчалик Исонинг яна ўнта ҳаворийси шафқатсизларча қатл қилинади.
Бутрус Янги Аҳд таркибидаги иккита мактубни ёзади.
Юҳанно Янги Аҳд таркибидаги бешта китобни ёзади. У ёзган иккита китоби ниҳоятда узун.
Таъсирли шундай эмасми?
Бироқ уларнинг ўзларига яраша камчиликлари ҳам бўлган.
- Биз уларнинг гуноҳлари ҳақида ҳам кўп нарса биламиз. Ҳа, улар бенуқсон эмас эдилар.
Исо Бутрусга дўқ уриб: “Олдимдан йўқол шайтон”, деб айтган эди.
Бутрус уч марта Исодан тонди.
Ёқуб ва Юҳаннони қўполлиги ва бағритошлиги учун “момақалдироқ ўғиллари” деб аташарди.
Тоғда Исога Мусо ва Илёс зоҳир бўлган пайтда Бутрус тилини тийиши, айтаётган гапини назорат қилиши керак эди.
Гетсемания боғида Бутрус бир одамнинг қулоғини чўрт кесиб ташлади.
Павлус Галатияликларга ёзган мактубида Бутрусга танбеҳ берди.
Бу ҳаворийларнинг ҳаётидан биз ўзимизга қандай сабоқ оламиз?
- Ҳар бир масиҳийга яқин дўст керак. Бунда Исо бизга намуна кўрсатяпти. Масиҳий киши яккамохов бўлиб қолиши керак эмас. Биродарлик деганда “ҳаётни бирга ўтказиш, оғирни енгил қилиш” деган маънони беради. Бу учта ҳаворий ҳақиқий биродар бўлиб яшадилар.
- Агар сиз Худони қидирсангиз, У билан яқин муносабат ўрнатасиз. Биз шундай бир ашулани айтамиз: “Кийик анҳор сувларин тусагандай, жоним Сенга ташна”. Бу учта ҳаворий Худога ташна эдилар, шу сабабдан уларнинг қалблари Муқаддас Руҳга тўлиб тошганини кўрамиз.
- Биз Худога қанча кўп яқинлашсак, шунча кўп ўзимизнинг гуноҳларимизни кўра бошлаймиз.
Бу учта ҳаворийнинг гуноҳкор табиати ғойиб бўлиб қолмади, улар ўла–ўлгунча гуноҳларидан тавба қилганлар. Сиз ҳам бирор гуноҳ билан қурашяпсизми? Гуруҳимизга хуш келибсиз, бу ерда сизга ўхшаганлар жуда кўп.
- Худо сизни ишлатишини хоҳласангиз, У биринчи навбатда сизнинг ҳаётингизни ўзгартиради.
Шимўн – Бутрус бўлди, яъни тошдай тебранмас инсонга айланди. Момақалдироқ ўғилларидан бири эса Севги элчиси бўлди.
- Гуноҳ қилганингиз, сиз учун имконият эшигини беркитиб қўймайди. Ҳаворийлар ҳам гуноҳ қилган эдилар, аммо чин юракдан тавба қилиб, Худо билан муносабатини тиклаб олгандилар. Сиз ҳам шундай қила оласиз.
- Агар сиз юқори даражадаги масиҳий етакчи бўлсангиз, тайёр туринг, ҳамма сизни кузатади, шахсий, пинҳона ҳаётга ўрин қолмайди.
Сиз юқори даражадаги шогирдмисиз? Худога шукур. Бироқ эҳтиёт бўлинг, мағрурланиб кетманг.
Соядаги ҳаворийларга келсак: улар кўздан узоқроқда, орқа қаторда ўтиришни афзал кўрадилар.
Эндрус, Филип, Тўма ва Натанил (уни Бартоломей деб ҳам аташарди).
Биз улар ҳақида нималарни биламиз?
Юҳанно Хушхабарида ёзилишича, Эндрус уч марта Исонинг олдига одамларни олиб келган эди. Балки Эндрус: “Исо ҳамма билан танишмоқчи”, деб ўйлагадир, шунинг учун Унинг олдига дастлаб акасини, сўнг кичкина болани, кейин эса бир гуруҳ Юнонларни олиб келган. Нима айтмоқчи эканимни англадингизми?! Сиз ҳам Эндрус қилган ишни қила оласиз!
Яна бир нарса: юқоридаги гапларим эсингизда бўлса, Эндруснинг акаси Бутрус Хушхабар китобларида кўп марта тилга олинган, у катта обрў қозонган эди, лекин укаси Эндрус акасига ҳасад қилмади, у сояда туриб ёки орқадаги ўриндиқда ўтириб, акасини томоша қилди. Эндрус етук одам эди. Сиз ҳам бундай етукликни намоён қила оласизми?
Кейингиси — Филип. Уни секин ўрганадиганлар қаторига қўшса бўлади. Исо Филипдан: “Беш мингта одамни тўйғизиш учун нонни қаердан оламиз?” деб сўраганда, Филип нима деб жавоб беришни билмади. Ваҳоланки, бундан олдин ИСО ТУМОНАТ ХАЛҚНИ ТЎЙДИРГАНИНИ ФИЛИП ЎЗ КЎЗИ БИЛАН КЎРГАН ЭДИ, БУ ЕРДА ЭСА НИМА ДЕБ ЖАВОБ БЕРИШНИ БИЛМАДИ.
Юҳанно 14:8да ёзилишича, Исо хочга михланишдан бир кун олдин Филип Исога шундай деди:
«Ҳазрат, бизга Отани кўрсатинг, шунинг ўзи бизга кифоя.”
Филип йиллар давомида Исо билан бирга бўла туриб, Унинг кимлигини тушунмаган эди. Филип йилдан йилга бир синфда қолдириладиган ўқувчига ўхшайди.
Ўрганишда чаққон бўлмаганлар учун Исо Филипни ўн икки ҳаворийдан биттаси қилиб танлагани далда бўлиб хизмат қилади.
Тўмага нисбатан ўта талабчан бўлмайлик.
Юҳанно 11:14-16
14 Кейин Исо уларга очиғини айтди:
— Лазар вафот этди. 15 Мен унинг ёнида бўлмаганимдан хурсандман, чунки бу вазият сизларнинг ишонишингизга имкон беради. Қани, энди унинг олдига борайлик.
16 Шунда Тўма, яъни Дидимус бошқа шогирдларига:
— Қани, юринглар, биз ҳам Исо билан ўламиз! — деди.
Тўма ҳукмдорларнинг шафқатсизлигини яхши биларди. Ҳукмдорлар учун ўн икки шогирдни Исо билан бирга ўлимга маҳкум қилиш осон эди, шунинг учун, келинг, Тўманинг айтган гапларини диққат билан ўқиб чиқайлик. Унинг гапидан кўришимиз мумкинки, Тўма Исодан асло ажралмоқчи эмас. У Исосиз ҳаётни ҳатто тасаввур ҳам қила олмайди. У Исо билан ўлишга тайёр.
Шу сабабдан Исо тирилгандан кейин ҳаворийларга зоҳир бўлганда, Тўманинг йўқлигини қуйидагича изоҳлаш мумкиндир: Тўма қайғургани ва тушкун кайфиятда бўлгани учун йиғилишга келмаган эди.
Аммо ўликдан тирилган Масиҳни Тўма ниҳоятда кўрганда, Уни “Раббим, Худойим”, деб атади. Бу сўзларни дилгир одамларга умид бағишлайдиган кучли сўзлар деб айтса бўлади. Дилгир, қайғурган одамлар учун ҳам Масиҳ мустаҳкам пойдевордир.
Натанил (Бартоломей деб ҳам аталади) – бу гуруҳдаги ҳаворийлар ичида Исо фақат Натанилни мақтаган эди.
Юҳанно 1:46-49
46 — Носира шаҳридан? У ердан бирон яхшилик чиқармиди?! — деди Натанил унга.
— Юр, кўрасан! — деди унга Филип.
47 Исо яқинлашиб келаётган Натанилни кўриб, у ҳақда шундай деди:
— Ана Исроилнинг ҳақиқий авлоди. У ҳийла деган нарсани билмайди.
48 Натанил Исодан сўради:
— Сиз мени қаердан танийсиз?
— Филип сени чақирмасдан олдин, сен анжир дарахтининг тагида эдинг. Мен сени ўша ерда кўрган эдим, — деб жавоб берди Исо.
49 Шунда Натанил деди:
—Устоз, Сиз Худонинг Ўғлисиз! Исроилнинг Шоҳисиз!
Натанил одам ажратишини кўрдингизми (46–оятга қаранг)? Натанилнинг назарида Носира қолоқ шаҳарча эди. У айрим қарашларини ўзгартириши керак эди.
Исо Натанилни унинг юксак аҳлоқи учун мақтаган эди (Юҳанно 1:47га қаранг).
У Исо билан танишган заҳоти Уни Худонинг Ўғли, деб тан олди (49–оятга қаранг).
Натанил ва Филип орасидаги фарқни кўрдингизми? Натанил Исони кўриши биланоқ, Уни инсон қиёфасидаги Худо, деб тан олди. Филип эса Исо билан уч йил юрган бўлса–да, Исонинг кимлигини тўлиқ англамаган эди.
Бу гуруҳдаги ҳаворийларни нима бирлаштириб турибди? Имонларининг ожизлиги.
Балки сиз ҳам ўзингизни бу гуруҳдаги шогирдларга ўхшатарсиз. Имонингиз ожизми?
Бу муаммони тўғрилаш мумкин. Римликлар 10:17 ни ўқинг:
17 Демак, имон тинглашдан, яъни Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни эшитишдан чиқади.
Ожиз имон муаммосини ҳал қилиш учун, ҳар куни Муқаддас Китобни ўқинг, у билан руҳингизни озуқлантиринг.
Таниқли, обрў орттирган ва кўп кўзга ташланмаган ҳаворийлар ҳақида гаплашиб бўлдик.
Энди, учинчи гуруҳдаги ҳаворийларга ўтамиз. Биз улар ҳақида деярли ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз.
Уларнинг исмлари: Матто, Яҳудо (уни яна Лебаюс ёки Таддеус деб ҳам аташарди), Халфей ўғли Ёқуб ва ватанпарвар Шимўн.
Матто солиқчи эди. Исо даврида одамлар солиқчилардан қанчалик нафратланганини ҳеч тасаввур қила оласизми? Солиқчилар ўз халқидан солиқ олиб, пулни Рим боскинчиларига берар эдилар ва шу орқали душманларни таъмин этардилар.
Халқ солиқчиларни шундай деб аташарди: очкўзлар, хоинлар, талончилар, радди мардум, ярамас, нонкўр. Яҳудийлар солиқчилардан ҳазар қилардилар, уларни одам ўрнида кўрмас эдилар, шу сабабдан солиқчилар судхонада гувоҳлик бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ва Маъбадга умуман киритилмаган.
Кўрдингизми — ҳатто жамият назарида ўтакетган ярамас одам Матто ҳам Муқаддас Руҳ инъомидан бебаҳра қолмади, у Масиҳнинг севгисини қабул қилди.
Агар инсон қабиҳ ишларидан чин юракдан тавба қилса ва Исони таклиф қилса, Исо албатта бу таклифни қабул қилади. Матто кейинчалик Исо Масиҳнинг таржимаи ҳолини китоб қилиб ёзади. Унинг Хушхабар китоби Янги Аҳд туркумида биринчи ўринни эгаллайди.
Сиз чин юракдан тавба қилган “ярамас” одамни Масиҳдаги биродар сифатида қабул қила оласизми?
Энди навбат Таддеус исмли Яҳудога келди. У Исога шундай савол берган эди:
John 14:22
Ҳазрат, нега Ўзингизни дунёга аён қилмай, бизга аён қилмоқчисиз?
Ахир, Масиҳ ер юзига Ҳукмдор бўлиб келиши керак эди, нега Исо Ўзини дунёга аён қилмай, бизга аён қиляпти? Бошқача қилиб айтганда: қачон Сиз ҳокимиятингизни бутун дунё устидан ўрнатасиз? Наҳотки Сиз бизни Рим босқинчилари зулмидан халос қилмасангиз? Ватанимизнинг қадимги улуғворлигини тикламасангиз?
Яҳудо Исога бу саволни хочга михланишдан бир кун олдин берган эди. Исо ер юзида ҳукмронлик ўрнатмоқчи эмасди, у кейинги куни ўлимга маҳкум қилиниши керак эди.
Бироқ саволга эътибор беринг. Камтарликни кўряпсизми? Яҳудо Исодан сўраяпти, нима учун ўн икки ҳаворий Исони кўришга мушарраф бўлди–ю, халқ эса бундан маҳрум қолди. У Исони бошқаларга танитмоқчи. Сизчи, бошқаларга Исони танитмоқчимисиз?
Мана энди, ажойиб инсон Халфей ўғли Ёқубга келдик.
Одатда мен дарс ўтганимда, гуруҳдаги биронта Бутрусга ўхшаган фаол ўқувчидан, менга Халфей ўғли Ёқубни таърифлаб бер, деб сўрайман. Бунинг натижаси доим бир хил бўлади. Ўқувчи нима деб жавоб беришни билмай қолади, тили танглайига ёпишиб қолгандай, саросимага тушгандан сукут сақлаб тураверади.
Халфей ўғли Ёқуб Исога қандай савол берган? Умуман савол бермаган. Муқаддас Китобдаги қайси китобни ёзган? Ҳеч бирини. (Янги Аҳд таркибидаги Ёқуб мактуби Исонинг ўгай укаси томонидан ёзилган эди).
Ёқуб бирор нутқ сўзлаганми? Йўқ.
Эътиборга лойиқ бирор иш қилганми? Бу ҳақда бирор хабаримиз йўқ.
Бу ҳаворий ҳақида билган ягона нарсамиз бу унинг исми. Бор–йўғи шу.
Марк Ёқубни – кичик Ёқуб, деб тилга олади (Марк 15:40). Кичик сўзи нимани билдиради: паканалигиними, ёшиними ёки таъсириними? Ёки буларнинг ҳаммасиними?
Мен билмайман. Лекин бу лақаб одамда яхши таасурот қолдирмайди.
У ҲОЛДА НИМАГА ИСО БУ ОДАМНИ ТАНЛАДИ ЭКАН? Ҳазрат Исо, нега Сиз бундай ношуд, овоз чиқармайдиган, ўта ювош одамни танладингиз? Борди–ю, ҳаворийларни жамоат етакчилари танлаганларида эди, бу одам умуман кўрикдан ўта олмаган бўларди. Биз юлдуздай порлаб турган етакчиларни хоҳлайми. Халфей ўғли Ёқуб эса бундайлардан эмас.
Бироқ, Исо атайлаб Ўз командасига шундай одамни танлаган эди. Исо унга танбеҳ бермаган, уни ҳайдаб чиқармаган.
Балки жамоатларимиздаги ювош, овоз чиқармайдиган биродарларимизга кўпроқ эҳтиром кўрсатадиган вақт келгандир?
Ватанпарвар Шимўн.
Нима? Ватанпарвар Зилотлар террорист эдилар. Уларни биринчи аср ваҳобийлари деб атасак ҳам бўлади.
Уларни ханжарлилар, деб аташарди. Нега эканини билсизми?
Негаки, Исо хизматини бошлашидан йигирма йил олдин, Зилотлар гуруҳи Рим истибдодига қарши исён кўтарган эдилар. Ўшанда Рим ҳукумати исённи босиб, исёнчиларни шафқатсиз жазолаганди.
Нима сабабдан милодий 70 йилда Қуддус ер билан яксон қилинган? Яҳудийларнинг кўплари эса Исроилдан сургун қилинган? Чунки Зилотлар яна исён кўтарган эдилар. Рим ҳукумати бу исённи босди, натижада кўп яҳудийлар қатл қилинди. Исённинг сўнгги жанги тоғ устида бўлди. Мағлуб бўлган исёнчилар Масада деган қалъага қочиб бориб, у ерда яшириндилар. Улар Рим ҳарбийларига таслим бўлишдан бош тортиб, жонларига қасд қилдилар. Зилотлар Исроил давлатини барбод қилдилар.
“Ватанпарвар Шимўн Исога имон келтиришдан олдин Исога мутлақ зид одам эди. Шимўн ҳарбий кучга – жанг, ханжар ва қилич қудратига таянарди, Исо эса имон асосида ишлатилган севгини қудратли қурол деб биларди.”
Нега Исо Зилотлар гуруҳидан бўлган Шимўнни ҳаворий қилиб танлади? Нега уни шогирдлари қаторига қўшди? Наҳотки Исо шундай одамни Ўзига улфат қилган бўлса? “Ҳазрат, борди–ю одамлар икковингизни бирга кўрса, Сизни ҳам террорист, деб ўйламайдими? Нега Сиз Зилотчилар билан муносабат ўрнатяпсиз? Ахир, бу сиёсий масала–ку! Бу доно қарор эмас, эсингизни йиғиб олинг.”
Шундан биз – Масиҳ ҳамманинг қалбини забт эта олишига амин бўламиз. Худо ҳар қандай одамни ишлата олади, деган хулосага келамиз. Шунинг учун масиҳийлар ҳеч ҳайрон қолманглар, агар Павлусга ўхшаган қотиллар имонга келса, шафқатсиз золимлар қалбларини Худога очса…Улар билан биргаликда Худога хизмат қилинг, Унинг оиласига мансуб бўлганингиздан завқ олинг.
Эси оққан тентаксимон одамларнинг қалбини ҳам Худо забт эта олади.
Исо ҳеч қачон норасо одамларни итармаган, биз ҳам уларни итармаслигимиз керак.
Келинглар, ҳаётнинг ўзгариши ҳақида гаплашайлик. Бу гуруҳдаги шогирдлар кўп гапирмасди, бўлар–бўлмас гаплари билан бошқаларнинг бошига кулфат келтирмасди. Улар жимгина, билиб ишларини қилиб юрардилар, Исони Раббий ва Масиҳ, деб билар эдилар.
Агар ватанпарвар Шимўн ва Маттонинг бирга меҳнат қилгани ҳақида ўйласангиз, албатта табассум қиласиз. Эсингизда бўлса Матто солиқчи эди, у Рим манфаати учун халқдан солиқ йиғарди, ватанпарвар Зилотчилар эса солиқчиларни ўлдирарди.
Нима деб ўйлайсиз Матто Шимўнга нонушта тайёрлаб берармиди? Уни овқатга чақирармиди? Шимўннинг чориқларини тозалармиди?
Ҳаворийлар командасидаги бу икки кишининг дўстлиги келажак жамоатни акс этарди, қарама–қарши томонларнинг бирлашиши, уларнинг уйғунлигини каромат қиларди.
Бу гуруҳдаги тўртта ҳаворийнинг ўтмишидан бўлак улар ҳақида яна нималарни биламиз? Улар яхши воизхон эдиларми? Одамларга Хушхабар айтишганми? Худо йўлида қандай эзгу ишлар қилишган?
Буларнинг ҳаммаси бизга қоронғу.
Уларнинг ҳаётидан қандай хулоса чиқара оламиз? Ҳамма ҳаворийлар ҳам ер юзидаги вақтида бирдай таниқли бўлмаган. Агар сиз ҳам таниқли бўлмаган шу гуруҳдаги одамларга ўхшаган бўлсангиз, асло хафа бўлманг, эзгулик қилишдан тўхтаманг. Бу одамлар таниқли бўлмаганлари учун Исодан танбеҳ олмаганлар. Биз ҳам уларга паст назар билан қарай олмаймиз.
Мана, биз 11 ҳаворий билан яқинроқ танишиб олдик. Шогирд орттириш банка ёпишга ўхшамас экан. Банка ёпганда, ҳар бир банка ичида бир хил нарса бўлади, аммо ҳар бир одам бошқасидан катта фарқ қилади. Бу 11 ҳаворийнинг ҳаммаси Исонинг шогирди эди, бироқ ҳар бирининг шахсияти ва қобилиятлари бир–биридан тубдан фарқ қилади.
Сизнинг шогирдларингиз ҳам сизга икки томчи сувдай ўхшайдиган бўлмайди.
Демак, биз ҳаворийларнинг уч гуруҳини кўриб чиқдик.
Хоинлик қилган шогирд ҳақида нима айта оламиз? Яҳудо Ишқариёт.
Исонинг юқорида тилган олинган ҳамма 11 шогирди Исроилнинг шимолидан – Жалиладан эдилар. Фақат Яҳудо Ишқариёт жанубдан, Яҳудо қабиласи ҳудудидаги Кериот шаҳридан эди.
Юҳанно 12:6 да ёзилишича пул қутиси Яҳудо Ишқариёт назоратида эди. У қутидаги пулдан ўғирлаб турарди. Афсуски, кўп жамоатлардаги ҳисобчилар бу масалада Яҳудога тақлид қиладилар.
Энг яхши актёр номинациясида Яҳудо Ишқариёт ютиб чиқади. Қутлуғ кечада Исо: “Сизлардан биттангиз Менга хиёнат қиласизлар”, деб айтганида ҳеч ким Яҳудони ўйламади. Ҳеч бир киши Яҳудодан заррача бўлса ҳам шубҳа қилмади.
Бу ҳақда ўйлаб кўринг – ўн икки шогирд қилиб танланган бу одамлар бир бирини олдиндан таниган бўлсалар керак. Исо уларни ҳаворий қилиб тайинлагандан кейин, улар кечаю кундуз доим бирга бўлишарди. Исо хочга михлангунча, бирга еб–ичишарди, сафарга чиқишарди, бир жойда ухлашарди, шундай бўлса–да ҳеч ким Яҳудонинг ичида нима борлигини билмади. Одамнинг оласи ичида, дегани шу бўлса керак–да.
Бундай ҳолат қалбимизга ғулғула солиши мумкин.
Агар Исонинг командасида Яҳудо Ишқариёт бўлган бўлса, демак бизнинг ичимизда ҳам ўз хоинларимиз бор.
Тавба вақти: жамоатнинг баъзи йиғилишларида чўпон бизга Худонинг нажот режасини тушунтирганда мен сабрсизланиб кетардим. Йиғилишга янги одам келмаган бўлса, у нима қиларди бизга нажот ҳақида гапириб? Йиғилишда фақат жамоат аъзолари бўлишса, чўпонимиз беҳудага вақтни кетқизиб нима қиларди? Нажотни тушунтиришга ҳожат бормиди?
Жавоб эса шундай: орамизда Яҳудолар бўлиши мумкин эди.
Чўпонимиз айтган шундай гапи мени ваҳимага соларди: “Жаннатга борганингизда бир нарсага ҳайрон қолманг, чунки сиз у ерда кўраман, деб ўйлаган баъзи одамларни кўрмайсиз”. Баъзи масиҳийлар устамонлик билан актёрлик қилади, аммо ҳеч қачон Масиҳга чиндан ишонмайди.
Яҳудо жуда яхши актёр эди, у қойиллатиб ҳаммани лақиллатди. Бугунги кунда ҳам Яҳудо Ишқариётнинг издошлари жуда кўп.
Эндиги кунда чўпонимиз жамоат йиғилишларида нажот режасини тушунтирганда, мен минғирлаб ўтирмайман, ибодат қиламан. Муқаддас Руҳ Яҳудоларнинг қалбларида ишлашини сўрайман.
Демак, биз тўрт хил гуруҳдаги одамлар билан танишиб чиқдик. Хаёлимда иккита савол пайдо бўлди.
Биринчи савол: Нима сабабдан Исо Яҳудо Ишқариётни шогирд қилиб танлади? Бу саволни мен кўп марта берганман, сиз ҳам берган бўлсангиз керак.
Лекин бир нарсани тушундим, бундай савол бергандан кўра: “Масиҳ бошқа 11та шогирди билан қандай муваффақиятга эришди?” – деб сўрашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Исо шогирдларни танлашда – 91.6% муваффақиятга эришди.
Ўн икки шогирддан 91.6 фоизи ҳаётларини Масиҳга бағишлади, улар умрлари давомида Худога холисона хизмат қилишди.
Дунёдаги бирорта мактаб ёки жамоат бундай муваффақиятга эришмаган ва эришмайди ҳам.
Исо энг муваффақиятли ва билимдон Устоз эди. Ўн битта шогирдининг муваффақияти ҳам оламшумул эди, чунки уларнинг муваффақияти туфайлигина сиз нажот топдингиз.
Иккинчи савол: нимага Исо оддий, содда одамларни танлади?
Нега балиқчиларни шогирд қилди?
Менимча, бу саволга жавоб бера оламан.
Бу саволга ҳикоя айтиб жавоб бераман:
Менинг дўстим янги квартирага кўчадиган бўлди. Биз бирга квартира қидиришга тушдик. Бошида шундоқ йўлимизда бўлган кўп қаватли бино ичидаги квартирани кўрадиган бўлдик. Бизга квартирани кўрсатган маклер аёл ўрта ёшли, ниҳоятда гўзал, худди журнал муқовасидаги моделларга ўхшарди. Ростини айтсам, мен ундан кўзимни узолмай қолдим.
Аммо у кўрсатган квартира қуёш тушмайдиган томонда жойлашган бўлиб, эски, поллари чириб кетган, тўқ жигарранг деворлари ўйилган эди. Квартира ниҳоятда кичкина, ичидаги жиҳозлари тиқилиб турарди. Мен у ердан йиғлагудек чиқиб кетдим, у жой менга умуман ёқмади.
Кейин дўстим икковимиз бошқа бир бинодаги квартирани кўргани бордик. Бу квартирани кўрсатган маклер – ўрта ёшли, секин ҳаракат қиладиган, жуда содда, жайдари аёл эди. Мен унинг бетини ҳатто эслолмайман ҳам.
У қаергадир чиқиб кетганда, дўстим биқинимга туртиб деди: “Сен маклернинг гапларини эшитмаяпсан ҳам. Хаёлингда қаерга нима қўйиш кераклигини режалаштиряпсан, шекилли?” деди. Дўстим ҳақ эди.
Бу аёл бизга кўрсатган квартира ёруғ, файзли, янги ремонт қилинган, кенг эди.
Дўстим қайси квартирани танлаганини билгандирсиз?
Нима айтмоқчи эканимни тушундингиз, деб умид қиламан.
Исо Масиҳнинг вакили бўлиш учун ўта келишган ёки ўта иқтидорли бўлиш шарт эмас. Биз тингловчиларнинг эътиборини ўзимизга эмас, Хушхабарга қаратишимиз керак. Исо шундай бир командани танлаган эдики, улар одамларни Исога қаратишарди. Нажот фақат Исога имон келтириш орқали берилишини тушунишлари керак эди.
Миллионлаб одамларнинг абадий қисмати ёки бахтиёрлиги масиҳийларнинг муваффақиятига бевосита боғлиқдир. Шунинг учун Исо содда одамларни шогирдликка танлайди, улар бошқаларни ўзига эмас, Исога қаратади, Исо учун жонларини аямайди, бир чақирим ўрнига, икки чақирим йўл юришади.
Гапимни эшитяпсизми?
Исо шогирдларни бойлигига, ақл–заковатига, қобилиятига ёки жамиятда тутан ўрнига қараб танламайди.
Ўн битта ҳаворийнинг бугун бизга айтадиган гапи бор. Улар бу гапни баралла қилиб айтяптилар — Худо оддий одамларни қидиради.
Ҳа, У сизга ва менга ўхшаган, Унга эргашадиган оддий одамларни танлайди. Энди сиз нима қиласиз? Ўзингизни олиб қочасизми ёки Худо сизни ишлатишига йўл қўйиб берасизми?
Сиз ўн икки ҳаворийдан қайси бирига ўхшайсиз?
Ўша ҳаворийдан сиз нималарни ўргана оласиз?
Самарадор бўлишингиз учун ўзингизда қандай ўзгаришларни кўришингиз керак?