Қутқарув тўри
Қуйдаги ҳолатни тасаввур қилиб кўринг:
Сиз баланд бир бинонинг юқоридаги қаватидасиз, ўша бино олов қуршовида қолди.
Барча кирар жойлари қуюқ тутунга тўлган. Сиз зинадан пастага югура олмайсиз.
Саросимага тушгансиз.
Нима қиламан? деб бошингизни чангаллагансиз.
Бирданига сирена товуши қулоғингизга чалинди.
Сиз дераза томон югурдингиз.
Пастда ўт ўчирувчиларнинг машиналарини, узун ўт ўчириш шлангларини ва бир оломон одамни кўрдингиз.
Бироқ энг муҳими сиз пастда тортилган катта тўрни кўрасиз.
(Катта шаҳарлардаги ўт ўчирувчиларнинг айрим бўлинмалари баланд бинолардаги одамларни қутқариш учун айнан шундай тўрлардан фойдаланадилар).
Сиз деразадан пастга сакрайсиз…ва ўша тўр сизни ушлаб қолади, сиз омон қоласиз.
Ўша қутқарув тўри сизни хатардан асрайди.
Қутқарув тўри туфайлигина сиз омон қоласиз.
Руҳий дунёда ҳам шундай вазиятлар бўлиб туради.
Душманингиз шайтон сизнинг атрофингизда ўкирган шер каби юради, у ямлаб ютиш учун ўзига ўлжа қидиради.
Сиз кўзига ширин кўринганингиз учун у айнан сизга ҳамла қилишга қарор қилади.
Чунки сиз саросимага тушгансиз.
Қаттиқ зарба егансиз.
Яралангансиз, тушкунликдасиз, шижоатингиз сўнган.
Сиз руҳан тушиб, таназзулга юз тутгансиз.
Сизга нима ёрдам бера олади?
Бундай пайтларда сизга руҳий қутқарув тўри мунтазир бўлади.
Тўр сизни тутиб олади,
оғир жароҳатларнинг олдини олади, ўзингизни тез ўнглаб олишингизга имконият яратади.
Руҳий қутқарув тўри ўзи нима?
Сиз ёд олган бир нечта кучли оят руҳий қутқарув тўри вазифасини бажаради. Сиз бу тўрдан руҳан ожиз ва заиф бўлган пайтларингизда фойдаланасиз.
Сиз бу оятларни ўз исмингизни билгандай яхши билишингиз керак.
Бошингизга ташвиш тушган пайтларда ўша оятларга ёпишиб оласиз, бу оятлар сизга ёрдам беради, оғир жароҳатларнинг олдини олади, эсон–омон ерга қўниб олишингизга мадад беради, тезда сизни оёққа турғизиб юборади.
Ўт ўчирувчиларнинг қутқарув тўри одамларни қутқаргандай, руҳий қутқарув тўри руҳингизни қутқаради.
Сизга саволим шундай: “Сиз ўзингиз учун қутқарув тўрини тайёрлаб қўйганмисиз?
Эсингизда бўлсин: шайтон сизга қачон ва қандай ҳужум қилиши ҳақида олдиндан хабар бермайди.
У кутилмаганда, ғойибдан сизга ташланиб қолади.
Мана бугун сиз унинг ҳужумига тайёрмисиз?
Келинглар, ҳаётга тўғри баҳо берайлик:
Ҳар биримизнинг заиф томонларимиз бор.
Ҳа, ҳар биримизнинг.
Дустингизнинг заиф томонлари сизникидан буткул фарқ қилиши мумкин, лекин унинг бундай томонлари борлиги кундай равшандир.
Одам ташидан қандай бўлишидан қатъий назар, унинг ҳам ўзига яраша заиф томонлари, сизникидан қолишмайдиган каттагина муаммолари бор.
Шайтон бизга ҳужум қилганида – у қайси томондан бизга ҳамла қилишини биз одатда олдиндан пайқай оламиз.
Ўтмишда қайси заиф томонларимиз бизга панд берган бўлса ва мағлубиятимизга сабаб бўлган бўлса, шайтон айнан ўша жойларга яна ҳужум қилади.
Руҳий қутқарув тўри шайтон ҳужумини қайтарадиган тезкор контратака қуроли бўлиб, Худонинг йўлидан оғмаслигингиз учун сизга ёрдам беради.
Руҳий қутқарув тўри нималардан ташкил топади?
Мен билмайман.
Лекин сизларга ўзиминг қутқарув тўрим нималардан ташкил топаганини айтаман ва умид қиламанки, ўз тўрингизни ясашга менинг тажрибам сизга қўл келади.
Қутқарув тўрим масиҳийча ҳаётимнинг ажралмас бир қисмидир.
Усиз мен уйдан чиқиб кетмайман, чунки бу тўр менинг заиф томонларимни асрайди, ҳаётнинг аёвсиз зарбаларидан кейин ўзимни тез ўнглаб олишимга ёрдам беради. Бундай тўрнинг фойдали томонлари жуда кўпдир.
Ўз қутқарув тўрим ҳақида сиз билан ўртоқлашар эканман, сиз ҳам айнан шу тўрдан фойдаланинг, деб талаб қилмайман. Шунчаки, бу тўрим сиз учун бир намуна бўлсин. Сиз унга қараб, ўзингизга мос келадиган тўрни кашф қилинг.
Биз қутқарув тўрини Худонинг ёрдамисиз ясай олмаганимиз учун, келинг, Худодан ёрдам сўрайлик.
Илтимос, мен билан бирга ибодат қилинг:
Осмондаги Отажон,
Сен бизга Муқаддас Китобни бердинг.
Ушбу китобингни амалда қўллашимизга ёрдам бергин,
Уни ҳаётларимизга тадбиқ қила олайлик,
Турмушимизнинг энг қийин дамларида ундаги ҳақиқатни қўллай олайлик.
Бугун кўзларимизни очгин, бизга қутқарув тўри кераклигини тушунайлик.
Бизга донолик бер, токи қутқарув тўрини ясай олайлик.
Ўша тўр ёрдамида шайтоннинг ҳужумларидан ҳимояланайлик, унинг зарбаларини тез қайтара олайлик.
Биз Сенсиз ҳеч нарса қила олмаймиз.
Шу боис мададингдан умидвормиз.
Ҳаммасини Исо Масиҳ номи билан Сендан сўраймиз.
Омин.
Қутқарув тўрини ясаш вақти келди.
Қани, ишга киришайлик.
Руҳий инқирозга учраган пайтимизда хаёлимизга биринчи бўлиб қайси оят келади?
Қутқарув тўримнинг биринчи тиргаки нима?
Жавоб жуда оддий
Забур 45:11–оятнинг биринчи сатри:
Тўхтанг, билингки, Мен — Худоман.
Энг қийин дамларда биринчи бўлиб хаёлимга айнан шу оят келади.
Ҳамма гап – назоратда.
Мен вазиятни бошқара олмаганимда, ғазабга минган ҳолда уйга қайтишим биланоқ телефонимни ўчириб қўйганимда, ўзимни эса меҳмонхонадаги диван устига отганимда, бирор кўнгилсизлик мени саросимага солганида айнан шу оят менга назорат ўз қўлимда эмаслигини эслатади.
Бу ҳолда, назорат кимнинг қўлида?
Забур 45:11a
Тўхтанг, билингки, Мен — Худоман.
Худо назорат қилмоқда, Худо назорат қилмоқда, ҳа, Худо назорат қилмоқда.
Худо Ўз ҳокимиятидан воз кечгани йўқ ва ҳеч қачон воз кечмайди.
Худо саросимага тушмайди. У ухлаб қолмайди. Унинг компьютер системаси аъло даражада ишлайди.
Худо ҳамма нарсани бошқаради, ҳамма нарса Унинг назорати остида.
Бошимизга тушган кўргуликдан Худо бехабар эмас.
Қийин вазиятлар Худо тайин этган пайтда бошимизга тушади.
Шунга қарамай, Худо энг доно, севгига бой ва ниҳоятда эзгудир.
Агар Худо ҳақиқатдан ҳам Муқаддас Китобда тасвирлангандай доно, меҳрибон ва эзгу бўлса, мен Худонинг ҳаётимда қилаётган ишига халақит беришим керак эмас, чунки Худо нима қилётганини Ўзи жуда яхши билади.
Худо хатоларга йўл қўймайди.
Хайрият, доно Худойимиз бор!
Бундан анча енгил тортаман.
Бу ҳақиқатни доим ўзимга эслатиб туришим керак.
Шундагина бу оятга итоат қилиб, тўхтайман.
Иброний тилидаги бў оят буйруқ майлида ёзилган.
Уни шунчаки юмшоққини ўқиб бўлмасди.
Агар бу оятни сўзма–сўз, иборнийчада ёзилгандай, таржима қилсак, у шундай шаклда бўлади:
ЖИМ! ТЎХТА! ШШШШШШШШ!
Назорат кимнинг қўлида эканини англаганингизда тўхтаб, жим бўласиз.
Жим бўлмасангиз, Худога итоат этмаган бўласиз.
Жим бўлмасангиз, қилган ҳар қандай ишингиз ва ҳаракатларингиз беҳудага кетган бўлади.
Муқаддас Китобдаги айнан шу оят қалбимни тинчликка ва осудаликка тўлдиради.
Бошимга ташвишлар тушганда мен айнан шу оятга мурожаат этаман ва у менга катта ёрдам беради.
“Биз Худонинг соясида чуғур–чуғур қилиб, сайрайб юрган бир гала чумчуқларга ўхшаймиз.
Худонинг овозини эшитмай қолганимизда қўрқув ва саросимага тушиб қоламиз.
Бироқ Худонинг ҳузирида тўхтаб, жим туришни ўргансак, Исонинг ҳаёти мавж ураётганини ва Унинг гўзал мусиқаси наволарини эшитамиз.
Унинг бу мусиқаси бизга,Худо чумчуқларнинг ҳам Худоси эканини айтади.
Агар биз Исони Нажоткорим, деб қабул қилган бўлсак, Худо бизнинг қоямиз бўлади. Ўша қоя ҳузурида биз жим бўлишни ўрганамиз.
Бу илоҳий осудалик қалбимизга барқарорлик ҳиссини беради, ҳаммаси яхши бўлади, деган ишонч билан юракларимизни тўлдиради, чунки Худо ҳамма нарсани назорат қилганини биламиз.”
Забур 45:11
Мен ҳаётимни бошқара олмай қолганимда, Худо ҳаётимни назорат қилаётганини биламан. Ҳамма нарсани Худо бошқаришига ишончим комилдир.
Мен бу билан: ўзимиз ҳеч нарса қилишимиз керак эмас, деб айтмоқчи эмасман.
Биз тўлиқ ишонч билан меҳнат қилишимиз шарт.
Агар бугун сиз Худонинг кутиш хонасида бўлсангиз, демак, келгуси вазифа учун тайёрланмоқдасиз.
Тўхтаб, Худонинг ҳузурида сукут сақлаган ҳолда Унинг гапиришини кутинг.
Сукунатда Худога бўлган имонингизни кўрсатинг.
Худо истаган ишини қилишига йўл қўйинг.
Забурдаги оят қутқарув тўримнинг биринчи тиргакидир.
Бу оятни қандай қилиб амалда қўллашим мумкин?
Энг қийин дамларимда мен ўзимга: “Тўхта, тинчлан, Худо ҳузурида жим бўл”, деб қайта–қайта айтаман. Худога ибодат қилиб, Ундан мадад сўрайман.
Мен бу оятга шу қадар қаттиқ ёпишиб олган эдимки, бор кучим билан унга амал қилишга ҳаракат қилардим.
Худога илтижо қилиб: “Бу оятга ишонай, унга амал қилишимга ёрдам бер”, деб айтардим.
Бу оятни қайта–қайта ичимда такрорлар эдим.
Биласизми? Ниҳоят бу оятнинг натижаларини кўрдим.
Қутқарув тўримнинг бу биринчи тиргакидир.
Ҳамма нарсани Худо бошқараётганига мен амин бўлишим керак.
Бу оят менга ишонч беради.
Руҳий барқарорлигим учун бу оят ниҳоятда муҳимдир.
Бироқ бу оят қутқарув тўрининг бор–йўғи биринчи тиргакидир.
Тўрни маҳкам ушлаб турадиган тиргаклар бир нечта бўлиши шарт.
2–тиргак.
1Салоникаликлар 5:18
Ҳар қандай шароитда ҳам Худога шукур қилинглар, чунки сизлар, яъни Исо Масиҳга имон келтирганлар учун Худонинг иродаси шудир.
“Нимага айнан шу оят руҳий қутқарув тўрида муҳим ўрин тутган?” деб ўйлашингиз мумкин.
Келинглар, сизга буни тушунтириб берайин.
Ҳар қандай шароитда ҳам Худога шукур қилинглар.
Бу оятнинг маъносини тушуниш жуда осонга ўхшайди.
Гўзал ҳаво учун шукур айтиш.
Дўстлар билан ўтган қувноқ зиёфат учун шукур айтиш.
Тўловларни тўлаб бўлгандан кейин ҳамёнда қолган озгина пул учун Худога шукур айтиш.
Аммо оятни яна бир бор диққат билан ўқиб чиқинг:
Оятда: “ҲАР ҚАНДАЙ шароитда ҳам…”, деб ёзилган.
Ҳар қандай.
Ҳаётдаги яхши нарсалар учун шукур айтиш қийин эмас.
Ваҳоланки, оятда ҳар қандай шароитда деб ёзилган экан, демак биз қийин шароитда ҳам Худога шукур қилишимиз керак.
Оғир дамларда ҳам шукур қилишимиз шарт.
Ҳаётимизнинг энг машаққатли вақтларида ҳам Худога шукур айтишимиз керак.
Зеро “ҳар қандай” ибораси ҳар қандай маънони билдиради.
Бу дегани ҳаётимизнинг энг ёмон кунлрида ҳам, туғишган опамнинг жанозасидан қайтаётганимда ҳам, қалбимни оғриқ ва соғинч ўртаганда ҳам…. айнан шу оят хаёлимга келади.
Шу онда қалбимда шундай бир савол уйғонади: “Мен шукур қила оламанми ёки йўқми?”
Бу оятдаги сўзлар шунчаки яхши маслаҳат эмас, бизга берилган буйруқдир.
Бу оятда ҳеч қандай истиснога ўрин берилмаган.
Сиз қандай вазиятда бўлманг, қандай қийинчиликларни бошингиздан кечирманг, шароитингиз қандай бўлишидан қатъий назар, доим Худога шукур айтишингиз керак. Ундан миннатдор бўлишингиз керак.
Шу сабаб мен ҳам шукур айтаман.
Қазо қилган опам ҳаётимнинг 20 йили давомида менга кўп меҳр, ёрдам ва далда берганлар.
Шундай экан, қандай қилиб мен унинг ўлимидан Худодан миннатдор бўлишим мумкин?
Оятга қайтинг.
Уни диққат билан ўқинг.
Оятда: “Ҳамма нарса учун шукур қилинг”, деб ёзилмаган.
Мен опамнинг ўлими учун Худога шукур айтишим керак эмас.
Мен бунинг учун асло шукур қилмайман.
Бу нотўғри бўларди.
Оятда “ҳар қандай шароитда” деб ёзилган.
Опам оламдан ўтганида ҳам мен шукур айтишим мумкин.
Нега?
Чунки ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади.
Ҳамма нарса яхшиликка айланади.
Бир кун келиб, нима учун опам бу дунёни бевақт тарк этганларини мен тушуниб оламан, шунда эътироз учун ҳеч қандай сабаб қолмайди.
Опамнинг бевақт ўлимини мен асло тушунмасам ҳам, Худонинг 100% муқаддас, 100% доно ва 100% эзгу эканини биламан. Шундай экан, Худо опамни самодаги уйига вақтли чақирган бўлса, мен бунга қандай эътироз билдира оламан? Ахир, Худо нима қилишни мендан яхшироқ билади–ку.
Худонинг донолиги, муқаддаслиги, меҳр–муҳаббати опамнинг ҳаётини бошқарган.
Худога бўлган имон–эътиқодим туфайли опамнинг жанозаси куни ҳам Худога шукур айтишим керак эди.
Ахир, Худонинг қарорларини мен ҳукм қила олмайман – бу ғирт аҳмоқлик бўларди.
Агар мен ҳар шароитда ҳам Худога шукур айтмасам, ўзимни ўзим алдаган бўламан.
Зеро, Осмондаги Отам мен учун нима яхши эканини Ўзи жуда яхши билади. Энг оғир дамларда ҳам мен тўлиқ Унинг иродасига таянишим керак.
Қутқарув тўримнинг иккинчи тиргаки бу – имонли одам учун ҳамма нарса яхшилик учун хизмат қилишига амин бўлишим.
Демак, бу оятни мен амалда қандай қўллашим мукин?
Мен кўп маротаба руҳий тушкунликка тушганман, ўшандай дамларда бу оятга ёпишиб олиб, Худога шукроналар айтганман.
Шунда ўзимни яхшироқ сезишни бошлаганман.
Йўқ, муаммоларим ғойиб бўлмасди.
Лекин муаммоларим ичида мен Худони кўра бошлар эдим.
Худо мен билан биргалигига ишонч ҳосил қилиб, Унинг мадададига таянардим.
Ҳар қандай шароитда Худога шукур қилинг.
Шунда бу оятнинг эзгу натижаларини кўрасиз.
Тўрнинг иккинчи тиргаки — имонли одам учун ҳамма нарса яхшилик учун хизмат қилади.
Мана энди, 3–тиргакнинг навбати келди.
Ҳаёт машаққатлидир.
Сиз оилангиздан жудо бўлишингиз мумкин.
Уйингиз ёниб кетиши мумкин.
Ишсиз қолишингиз мумкин.
Касал бўлиб қолишингиз мумкин.
Обрўингиз тўкилиши мумкин.
Мамлакатингиз таназзулга юз тутиши мумкин.
Сиз йўқота олмайдиган бирон нарса борми?
Агар сиз Исо Масиҳни Нажоткорим, деб қабул қилган бўлсангиз, бир нарса сиз билан абадий қолиши аниқ:
1Юҳанно 3:1
Қаранглар, Отамиз Худо бизни фарзандларим, деб қандай буюк бир севгини кўрсатди! Ҳақиқатан ҳам, биз Унинг фарзандларимиз.
Бу оят мен учун юксак аҳамиятимни ва хавфсизлигимни билдиради.
Бу оят ҳаётимдаги энг муҳим оятлардан биридир.
Мен кўп йиллар давомида бу оятни ўқиб: “Зўр–ку!” деб ўйлар эдим ва ҳаётимни эски зайлда давом этаверардим, чунки оятнинг маъносини тўлиқ англамас эдим.
Агар мен Худонинг фарзанди эканимни тўлиқ тушунганимда эди, ҳайратдан тўхтаб қолган бўлардим ва масиҳий бўлганим учун қандай юксак имтиёзларга эга эканимни, Худо билан бевосита мулоқот қилиш шарафига муяссар бўлганимни англаган бўлардим.
Масиҳийча ҳаётимнинг дастлабки 10 йилини тасвирлайдиган бўлсам, қуйидагича вазият кўз олдимга келади: “Гўёки Худо мени гуноҳ гирдобидан чиқариб олди–ю, соҳилга ўтирғизиб қўйиб:
— Хўп, Осмон Шоҳлигида кўришгунча, — деб кетгандай эди”.
Ҳаворий Юҳаннонинг айтишича эса, мен Масиҳга имон келтирган пайтимдаёқ Худо ҳақиқатан ҳам мени гуноҳ гирдобидан чиқариб олган эди, бироқ шу билан У чекланиб қолмади. У мени Ўз оиласига олиб кирди. Худо менга Ота бўлди. У ҳеч қачон мени тарк этмади.
Зотан, мен Унинг фарзанди бўлдим.
Масиҳга тегишли бўлганлар учун муқаддас Худо севувчи Отадир.
Биз Унинг оиласига мансубмиз.
Биз Унинг олдига қўрқувсиз яқинлаша оламиз. У Отамиз бўлгани учун доим бизга ғамхўрлик қилади, оталик меҳрини биздан аямайди.
“Яратгувчимиз бизнинг мукаммал Отамиз бўлди:
У севгида содиқ ва ғамхўрдир.
Сахий, меҳрибон, ишимизга қизиқадиган,
шахсиятимизни ҳурмат қиладиган,
маҳорат билан сабоқ берадиган яхши Устоз,
донолик билан маслаҳат берадиган,
ёрдам беришга доим тайёр,
етук инсон бўлиб ўсишимизга ёрдам берадиган, тўғри ва солиҳ Зотдир.
Худонинг мана шу хусусиятлари масиҳий ҳаётимизнинг негизидир. Художўйлигимиз ва солиҳлигимизнинг сири ҳам ана шундадир.”
“Бу дунёдада ҳам шоҳ сулоласига мансуб бўлган фарзандлар оддий деҳқоннинг болаларига қараганда кўпроқ таълим–тарбия олиб, интизомга ўрганадилар, шу орқали ота–оналари уларни юксак истиқбол учун тайёрлайдилар. Шоҳаншоҳ бўлмиш Худонинг фарзандлари ҳам худди шундайдирлар.”
“Худонинг бизга бўлган муносабатини ана шу ҳақиқатдан тушуниб олсак ҳам бўлади — Худо заминий ҳаётимиз давомида бизни ботиний ҳаёт учун тайёрламоқда.”
Ҳар бир масиҳийнинг истиқболи абадий севгидир.
Худо бир фарзандни бошқасидан афзал кўрмайди, У Исони қай даражада севса, ҳар биримизни ҳам худди шундай севади.
Ҳаётимда ёмон нарсалар содир бўлганда–чи?
Худо ўшаларга йўл қўйган экан, мен буни тўлиқ англамасам ҳам, ҳар қандай ёмонлик ортида яширин севги бўлишини биламан.
Масиҳийларнинг ҳаёти мангу севги пойдевори устига қурилган.
Масиҳийча ҳаётнинг мазмуни ҳам ўшандадир.
Масиҳийча ҳаётнинг моҳияти севгидадир.
Мана шу бир оят бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди.
Зотан Худо мени Ўз оиласига қабул қилди.
Бу оятни мен амалда қандай қўллай оламан?
Мен ўзимга шуни эслатишим керакки, Масиҳга ишонганим учун Худо мукаммал Отам бўлди.
Мен самовий оилага мансубман.
Отамга қаранг! Отам мени беқиёс баракатлар билан бойитди: мен билан яқин муносабат ўрнатиб, мени дилкаш, меҳр–муҳаббатли, ва сахий қилди.
Худо Исо Масиҳни қандай севса, мени ҳам шундай севади.
Худонинг оиласи барқарор ва бехатардир.
Осмондаги Отам донишманддир.
Шу сабаб менга ҳеч нарса хавф солмас.
Худо мени Ўзига фарзанд қилди.
“Шу дунёда ҳам, абадиятда ҳам мен Худонинг оиласидан завқ оламан.”
Бу оят туфайли мен ўз қадримни биламан, барқарор ва бехатардирман.
Биз қутқарув тўрининг қуйидаги учта тиргагини кўриб чиқдик:
Худо ҳамма нарсани назорат қилади.
Ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади.
Барқарорлик ва бехатарликни таъминлайди.
Булар ниҳоятда муҳим.
Ниҳоятда амалийдир.
Аммо етарли эмас.
Биласизми, баъзан мен ўзимни бошқалар билан солиштира бошлайман.
Хммммммммм.
Исо менинг Нажоткоримдир.
Исо Масиҳ ўша биродаримнинг ҳам Нажокоридир.
Аммо ўша биродарим мендан кўра кўпроқ одамларни Масиҳга олиб келди.
Биродаримнинг оиласи меникидан яхшироқ, мияси меникидан ўткирроқ, дўстлари меникидан кўпроқ, уйи каттароқ ва ҳоказолар….
У ҳамма нарсани мендан яхшироқ қилади.
Бундан асло шубҳам йўқ.
Худо уни мендан кўра кўпроқ баркалаган.
У ҳолда менинг айбим нима?
Наҳотки Худо ўша биродаримни мендан кўра кўпроқ яхши кўрса?
Худо менинг ҳаётим учун ҳам яхши режа тузганмикан? Мен бунга амин бўлишим керак.
Бу ҳолда менга қуйидаги оят ёрдам беради:
Юҳанно 21:22
Исо унга:
— Мен келгунимгача унинг тирик қолишини истасам, бундан сенга нима?! Сен ортимдан юравер, — деди.
Бу оятдан олдин келган оятларни ўқисак, матнда Исо Бутрусга топшириқ берани ҳақида ёзилганини кўрамиз.
Юҳанно 21:15–17–оятларда Исо Бутурсга:
“Қўйларимни боқ, уларни ўтлат”, деб буйруқ беради.
Бутрус имонлиларга яхши ғамхўрлик қилиши, уларни руҳан ўстириши керак эди.
Исо Бутрусга бу вазифани берганидан кейин, Бутруснинг қандай вафот этиши ҳақида башорат қилади (Юҳанно 21:18–19).
Исонинг Бутрусга айтган сўзларини замонавий тилда қуйидагича ифодалашимиз мумкин:
- Бутрус гапимни тушундингми? Сенинг вазифанг имонлиларга ғамхўрлик қилиш, уларни ўстириш. Бу вазифангни бажарганингдан кейин, сени имонинг учун ўлдиришади. Сен Мен каби хочга михланасан.
Бу билан Исо гапини тугатди.
Бироқ Бутрус Исога савол берди.
Юҳанно 21:20–21 да ёзилишича, Бутрус орқаларидан келаётган Юҳаннони кўриб, Исодан сўради: “Юҳанночи? Устоз, сиз менга қандай вафот этишим ҳақида айтдингиз, анави йигитчи? Унга нима бўлади?”
Тушунинг, ҳамма ҳам савол ўринли бўлавермайди.
Бутруснинг бу саволи ўринсиз эди.
Юҳанно 21:22
Исо унга:
— Мен келгунимгача унинг тирик қолишини истасам, бундан сенга нима?! Сен ортимдан юравер, — деди.
Бутрус, ўз ишингни бил, бошқалар билан ишинг бўлмасин.
Сен Исога эргашавер. Бошқаларни эса Исога қўйиб бер.
Бутрус бу оятда ўзини бошқа одамга солиштиряпти. Бундай қилиш сиз учун ҳам, мен учун ҳам хавфли.
Солиштирмоқ.
Катта обрў қозонган бир руҳий етакчи шундай деб ёзади:
“Хизматимнинг энг қийин дамларида мен шундай бир вақтни эслайман, мен ўзимдан кўпроқ баракат олган, хизмати самаралироқ бўлган етакчилар билан ўзимни солиштира бошлаган эдим. Улар яхши ҳосил олишар эди, мен эса йўқ. Тан олишим керакки, ўша пайтларда мен уларга ҳасад қилар эдим. Қанийди, Худо уларга берган иқтидорларни менга ҳам берганда эди, деб ўйлардим. Аммо Худо юмшоққина қилиб, менга танбеҳ берди: “Бундан сенга нима? Сен ортимдан юравер” деб айтди.
Кўпинча тушкунликка тушишимнинг сабаби ҳам шу: қачонки мен ўзимни бошқалар билан солиштирсам тушкунликка тушаман.
Мен шундай уйларда бўлганманки, ичкарига кирсанг деворлари мукофот ва фахрий ёрлиқлар билан тўлиб тошган, шунда мен ўзимга: сенинг мукофотларинг қаерда, деб сўрар эдим. Исо эса менга: “Бундан сенга нима?” деб айтарди.
Сен улар эмассан.
Ўзингни бошқалар билан солиштиришни бас қилгин.
Менинг ортимдан юр.
Худо мени Ўзининг муайян мақсади учун яратган.
Менинг ҳаётим учун Унинг махсус режаси бор.
Ҳа, мен махсус одамман ва мен учун Худода махсус режаси бор.
Мен қиладиган ишни тарихда ҳеч ким мендан олдин қилмаган, мен – ўзим бўлиш имкониятидан фойдаланаман.
Сиз ҳам айнан шу гапни айта оласиз.
Худонинг ҳаётим учун тузган илоҳий режасини бошқаларнинг ҳаёти учун бўлган илоҳий режа билан солиштириш бемаъниликдир.
Мен бир куни тушкунликка тушган бир масиҳий биродаримдан қуйидаги мазмунда хат олдим. Ўша биродар 30 ёшларда эди:
“Баъзан шайтон қақшаткич зарба бериб, мени буткул эсанкиратиб қўяди.
Мана, беш йил ҳам елдай учиб кетди, лекин ҳануз ҳам ҳеч нарсам йўқ – уйим ҳам, оилам ҳам, тузук ишим ҳам, келажакка умидим ҳам йўқ.
Бошқаларга қарасам, уларнинг оилалари бор, уйлар қуришган. Биламан, ўзимни бошқалар билан солиштиришим керак эмас, аммо иложим қанча?”
Бу биродар ўзини бошқалар билан солишитириб, ўзи учун чуқур қазимоқда.
У ўзининг кучли томонини эмас, заиф томонини солиштириб, мағлубиятини муқаррар қилмоқда ва Худонинг режаси эзгу эканидан шубҳаланмоқда.
Мен бу биродаримга шундай маслаҳат бердим:
“Агар Худо бошқаларнинг ҳаётида ўзгача ишлаётган бўлса сизга бундан нима? Сиз Исонинг ортидан юраверинг.”
Мен Исога имон келтиришимдан олдин жуда кўп вақтимни бошқаларга тақлид қилишга сарф қилган эдим.
Ўтакетган хаёлпараст эдим, ўзимни бошқа инсон деб тасаввур қилардим.
Имонга келганимдан кейин ўрганган энг биринчи нарсам бу — бутун эътиборимни ўз ҳаётимга қаратиш, зеро Худо мен учун яхши режалар тузганини ўшанда англаб етган эдим.
Демак, бу оятни мен қандай амалда қўллашим мумкин?
Ўзингизни бошқаларга солиштиришни бас қилинг.
Худо улар учун нималарни белгилагани сизни қизиқтирмасин.
Сиз Исога эргашинг, У сиз учун белгилаган ишларни бажаринг.
Бировлар ҳақида саволлар беришни бас қилинг.
Диққат–эътиборингизни кераксиз жойга қаратиш ҳам итоатсизликдир.
Юҳанно 21:22
Ишончингиз комил бўлсин, ҳаётингиз учун Худонинг режаси яхшидир.
Демак, тўртта нарса ҳақида ишончимиз комилдир:
1 Худо ҳамма нарсани назорат қилади.
2 Ҳаётимда ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади.
- Менинг аҳамиятим ва хавфсизлигим ишончли қўлларда.
- Худо ҳаётим учун яхши режа тузган.
Керак бўлган ҳамма нарса.
Исталган ҳамма нарса.
Бироқ менга яна бир нарса керак, ҳаётимдаги ноёб бир нарса, мен доим унга ташнаман ва у доим менга мунтазирдир.
Худо менга тинчлик берган ва мен бунга ҲОЗИРОҚ амин бўлмоқчиман.
Ишаё 26:3
Эй Эгам, Сенга ишониб,
Фикри–зикри Сендан узилмайдиганга
Ўзинг комил тинчлик ато қиласан.
Шунчаки тинчлик эмас.
Комил тинчлик.
Ҳаётимиздаги ҳамма нарсани Худо назорат қилаётганини биз қанча яхши тушунсак, қалбимиз шунча тинч бўлади.
Ташвиш, хавотирлик ва қўрқув соғлиғимизга путур етказади.
Бундай салбий туйғуларга берилганимизни кўрган имонсизлар имонимиз ҳақида қандай фикрга боради?
Нафақат соғлиғимиз, балки обрўимиз ҳам барбод бўлади. Шундай эмасми?
Зафаниё 3:17
Эгангиз Худо сизнинг орангиздадир,
Сизга зафар келтирувчи жангчи ўшадир.
У сизни деб хурсанд бўлиб севинади.
Ўз севгиси ила қўрқувларингиздан халос қилади.
Ҳа, сизни деб шод бўлиб куйлайди.
Муқаддас Китобдаги фақат шу оятда Худонинг куйлаши ҳақида ёзилган.
Худонинг куйлашига нима сабаб бўлади?
Сиз билан бўлган муносабат!
Нақадар ажойиб бу!
Наҳотки биз Худо учун шу қадар муҳим бўлсак?
Худо бизни деб севинади, биздан Ўз меҳрини дариғ тутмайди.
У Ўз севгиси ила бизни қўрқувларимиздан халос қилади.
Агар сиз Исо Масиҳни, Раббим, деб қабул қилган бўлсангиз Худо сизни Ўз бағрига босиб, мукаммал севгиси ила қалбингизни тинчликка тўлдиради.
Агар сиз Исо Масиҳга ишонмасангиз, ўз кучингиз билан қаергача бора оласиз? Менга ишонинг: имонсиз узоққа бормайсиз.
Ювиниш хонадаги кўзгуга шундай сўзлар ёзилган қоғозни ёпиштириб қўйганман:
“Бу кунга қадам ташлар экансан, қалбингда тинчлик ҳукмрон бўлсин, Худонинг сен учун иродаси шудир.
Барча нарса Худонинг назорати остида,
Ишончинг комил бўлсин: сенинг ҳаётинг Унинг қўлларида,
Худонинг эзгу режаларига ва мақсадларига чин қалбингдан ишон.
Ҳар қандай шароитда Унга шукур қилгин.
Сен кун тартибингга эмас, Худога ишон.
Худони кутгин, Унга кўз тиккин.
Худо мукаммалдир, барча нарсани ўз жойига туширади.
Ҳеч нарса Унинг назаридан қочмайди,
Барча шароитда сенга яхшилик келтиради.
Сен учун тузган режалари амалга ошишини У истайди.”
Тинчлик гўзал ва мафтуркордир.
Ишонч йўқ жойда тинчлик ҳам бўлмайди.
Ишонч барқарор жойда тинчлик ҳукм суради.
Келинг, бунинг маъносини сизга тушунтириб берайин.
Агар мен ишонсам, бутун диққат эътиборим Масиҳда бўлади, бунинг натижасида қалбим тинчликка тўлади.
Қалбимдаги тинчлик мени кўпроқ ибодат қилишга ундайди, натижада Раббимга бўлган ишончим ўсиб бораверади.
Мен бир йил давомида ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиганимдан кейин, мактабдаги дўстларим олдимга келиб, ўзгариб кетганимни айтишди, чунки хавотир ва ташвишлардан мен анчагина халос бўлган эдим.
Бироқ мен шу билан кифояланиб қолмадим.
Мен ўзимга шундай савол берар эдим: “Менинг вужудим, бутун борлиғим Масиҳга тегишлими? Мен ҳамма шароитда ҳам Масиҳга боғланганманми?”
Агар шундай бўлса, демак, қалбимда тинчлик ҳукмрон.
Худога бутун қалби билан бағишланган инсонда энг қийин вазиятларда ҳам тинчлик бўлади.
Амалий қадам:
Ҳар куни шундай деб ибодат қилинг: “Эй Худо, Сенга кўпроқ ишонайин. Қалбимни тинчликка тўлдиргин. Сендан қуйидаги бешта нарсани сўрайман:
Сен ҳамма нарсани назорат қилишингни билайин (Забур 45:11).
Ҳамма нарса менга яхшилик бўлиб хизмат қилишига ишонайин (1Салоникаликлар 5:18).
Менинг аҳамиятим ва хавфсизлигим ишончли қўлларда эканини билайин (1Юҳанно 3:16).
Сен ҳаётим учун яхши режа тузганингга тўлиш ишонч ҳосил қилайин (Юҳанно 21:22).
Қалбимни мукаммал тинчликка тўлдирувчи Сенсан (Ишаё 26:3).
Мен ўзимнинг камчиликларим ва хатоларим ҳақида сиз билан очиқ ўртоқлашдим, аммо менинг камчиликларим сизникидан фарқ қилади.
Сизга яна бир бор шуни эслатмоқчиман: юқорида келтирилган оятларни қандай бўлса шундайлигича кўчириб олишингиз шарт эмас.
Сиз ўз камчиликларингизни аниқланг, сўнг ўша камчиликларни енгишга ёрдам берадиган оятларни Муқаддас Китобдан топинг.
Агар сиз барпо қилган руҳий бино ёнғин ичида қолса ва ўт ўчирувчилар ёрдамга келишмаса, ерда ётган жонсиз танангиз ҳеч кимнинг кўзини қувонтирмайди.
Агар сиз ўзингиз учун руҳий қутқарув тўрини тайёрлаб қўймасангиз, кулфатга дучор бўлганингизда аянчли аҳволга тушиб қоласиз.
Ҳар биримизга руҳий қутқарув тўри керак.
Жуда керак.
Оятларни танлашга вақтим йўқ, деб айтманг.
Аслида, тўрни ясамасликка иложингиз йўқ.
Тўрни ясанг.
Қандай қилиб?
Биринчи қадам:
Ҳаётингиздаги энг катта камчиликларингизни аниқланг.
Хавотирми?
Порнографиями?
Жаҳлми?
Ҳасадми?
Қўрқувми?
Ўз камчилигингизни ўзингиз яхши биласиз.
Иккинчи қадам: ҳар бир камчиликка биттадан оят топинг.
Учинчи қадам:
Ўша оятларни ёд олинг. Тамом вассалом.
Ҳар бир оят ҳақида мулоҳаза қилинг.
Оятларни амалда қўллай олишингиз учун ибодат қилинг.
Уларни ўз руҳий ДНКга сингдиринг.
Оятларни уйингизнинг ҳамма жойига, қўзгуга, машинага осиб қўйинг.
Ўша оятлар ҳаётингизнинг бир қисмига айлансин.
Тўртинчи қадам:
Қийинчиликларга дуч келганингизда: ўша оятларни эълон қилинг. Уларни айтиб ибодат қилинг, уларни иқтибос қилинг, амалда қўлланг, шунда натижасини кўрасиз, ўша оятлардаги ҳақиқат қулашингизнинг олдини олади.
Шунда сиз Муқаддас Китобнинг қудратини кўрасиз, оятларни ёд олишнинг натижаси қандай бўлишини ўз тажрибангизда синаб кўрасиз.
Руҳий қутқарув тўри самара беради.
Бундай тўрсиз уйдан чиқманг.