Қобилиятларни ривожлантириш
Бир якшанба куни мен жамоатдан чиқиб, энди кетмоқчи бўлиб турганимда бирданига чўпон мени тўхтатиб, бир йигит билан таништирди.
Ўша кундаги йиғилишда йигит Исо Масиҳни, Нажоткорим, деб қабул қилган эди. Чўпон менга ўша йигитни шогир қилиб олишимни айтди.
Албатта, мен табассум қилдим, йигитнинг қўлини силкитиб, у билан мулойим гаплашишга ҳаракат қилдим.
Аммо ичимдан хурсанд ЭМАСДИМ.
Нега айнан мен?
Мен Раббимизни билганимга энди икки йил бўлган эди.
Шогирдни ўстириш қўлимдан келмаса–чи?
Янгидан туғилган бу азиз одамни қандай қилиб менга ишониб топшириш мумкин?
Нега чўпон бу вазифани бошқасига топширмади экан?
Мен йигитнинг телефон рақамини ёзиб олдим. Унга қўнғироқ қилдим, аммо ичимда: “Қанийди, у жавоб бермаса”, деб умид қилардим.
Аттанг, у жавоб берди.
Менинг режам қандай эди?
Мен уни тренажёр залига таклиф қилдим, бадан тарбиядан сўнг у билан Муқаддас Китобни ўқишни режа қилгандим.
Биз биргаликда тренажёр залига бордик. Машқлардан кейин Муқаддас Китобни очдик. Мен шогирдим билан Юҳанно баён қилган Хушхабарни ўқиб, унга баъзи саволларни бермоқчи эдим. Шундай ҳам қилдим.
Мен жуда ҳаяжонлангандим…лекин ҳаммаси кўнгилдагидек ўтди.
У мендан: “Энди нима қилишим керак?” деб сўради.
- Ҳмм… Юҳанно Хухшабарини ўқишда давом этинг, — деб жавоб бердим мен. — Сизга Хушхабар бўйича баъзи саволларни бераман, ўша саволларга жавоб топганингиздан КЕЙИН яна учрашамиз.
Лекин ичимда: “Саволларга жавоб топмаса яхши бўларди, шунда учрашмасмидик?!”, деб УМИД қилардим.
Икки кундан кейин у менга қўнғироқ қилди. У вазифасини бажариб бўлганди ва қаерда учрашишимизни билиб олмоқчи эди.
Биз яна учрашдик. Юҳанно баён этган Хушхабарни ўқидик. Савол жавоб қилдик. Шу зайлда ҳафтадан кейин ҳафта, ойдан кейин ой ўтди. У ўқишга ниҳоятда чанқоқ эди, мен берган барча вазифаларни тез бажарарди, ўсарди ва иложи борича кўпроқ нарса билиб олишга интиларди.
Менда ҳам ўзимга ишончим аста–секин ошиб бораверарди, мен тўғри йўл тутганимга амин бўлардим.
Шогирдим тез ўсди — бир йилдан кейин Инжил мактабига боришга қарор қилди.
Худонинг ёрдами билан биз яхши мактабни танладик, шогирдим мактабни тугатганидан бери, ҳозирги кунгача Худога хизмат қилиб юрибди. Биз тез–тез хабарлашиб турамиз.
Нўноқлик ва ишончсизлик билан бошлаган ҳаракатим яхши натижа олиб келди. Бунинг учун Худога шукурлар айтаман. Ўзим эса бундай натижадан хурсанд бўламан.
Ўшандан кейин шогирдлар ўстиришга иштиёқим пайдо бўлди.
Шогирд ўстириш сизга ҳам ёқади, деб умид қиламан.
Лекин шогирдни ўстириш учун тайёр бўлсак ёмон бўлмасмиди?!
Шогирд ўстиришга тайёр бўлишимиз учун Муқаддас Китобнинг қайси қисмларига мурожаат қилишимиз керак?
Ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, шогирдлик билан жиддий шуғулланмоқчи бўлган одам 2Тимўтий 2:1–10 оятларни ёд олиши ва улар борасида чуқур мулоҳаза қилиши керак.
Бу парчадаги ўнта оят шогирд орттириш қобилиятимизни чархлайди.
Бу муҳим мавзуга ўтишимиздан олдин, келинг ибодат қилиб, Худодан ёрдам сўрайлик.
Отажон,
Биламиз, Сен шогирд орттиришимизни истайсан.
Шунинг учун барча фикримизни бир жойга жамлашга ёрдам бергин.
Ўзинг қалбларимизга гапиргин.
Бизга Сенинг ёрдаминг керак.
Исо Масиҳ номи билан ибодат қиламан.
Омин.
2Тимўтий 2:1
Тимўтий ўғлим, бардам бўл. Бунинг учун Исо Масиҳ орқали кўрсатилган Худонинг иноятига таянгин.
Павлус бу мактубни қачон ва қандай вазиятда ёзганини сизга айтиб берайин:
Павлус уч йил давомида Эфес шаҳрида яшаб, у ерда кучли жамоат барпо қилди. Тасаввур қилинг, Павлус 3 йил давомида сизга чўпонлик қилса! Қандай шараф!
Павлус Эфес шаҳридан кетишидан олдин имонлиларни шундай деб огоҳлантирган эди:
Ҳаворийлар 20:29 – 30
Биламан, мен кетганимдан кейин сизларнинг орангизга йиртқич бўрилар келади, улар сурувга шафқат қилмайди. Ҳатто ўз ораларингиздан баъзи одамлар чиқиб, имонлиларни ортидан эргаштириб, ҳақиқатни бузиб гапирадилар.
Павлуснинг айтган бу сўзлари амалга ошди.
Жамоат тўғри йўлдан оза бошлади.
Шунда Павлус жамоатни тўғри йўлга солиш вазифасини Тимўтийнинг зиммасига юклаб, уни Эфесга жўнатди.
Павлус 1Тимўтий ва 2Тимўтий мактубларини ёзиб йўллаганда, Тимўтий Эфесдаги жамоат билан ишлаб, уни тўғри йўлга солаётган эди.
Павлус Тимўтийга ёзган биринчи мактубида саккиз марта таълимот мавзусини кўтарган эди, шундан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, Эфесдаги жамоатда таълимот нотўғри эди.
Биринчи мактубда Павлус уч марта сохта ёки бегона таълимот ҳақида сўз очади. Эфес жамоатида етакчилик муаммоси бўлгани боис, мазкур мактубда етакчининг хусусиятларига ва Худонинг одами қандай бўлиши кераклигига катта эътибор берилган. Булардан ташқари айрим муаммоларга ҳам эътибор қаратилган.
Тимўтийнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор эди.
Сиз 1 ва 2Тимўтийга мактубларини ўқир экансиз, Тимўтийнинг тортинчоқлигини пайқамай қолмайсиз. Балки у тортинчоқ бўлмагандир, шунчаки қийин вазиятда нима қиларини билмай боши қотиб қолгандир.
Эфес жамоатида муаммолар шу қадар кўп эдики, уни тўғри йўлга солиш осон иш эмасди ва Тимўтийдан жасорат ва фидокорликни талаб этарди.
Павлус Тимўтийга: “Ўзингга берилган инъомга эътиборли бўл, уни ишга сол.” — деб ёзганди. Бундан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, Тимўтий Худо берган инъомни ишлатмаган.
Бундан ташқари ўша пайтда Тимўтий анча ёш эди, шунинг учун Павлус унга: “Ёшсан деб, ҳеч ким сени камситмасин. Аксинча…сен…имонлиларга ўрнак бўлгин…Ўғлим, ёшлик эҳтиросларидан қоч”, дея ўгит беради.
Сўнг 2Тимўтий 1:7 да Павлус Тимўтийга далда бериб, ишга бел боғлашга чорлайди:
Зеро, Худо берган Руҳ қалбимизга қўрқув солмайди, аксинча, бизга куч, муҳаббат ва ақли расоликни ато қилади.
8–оятда Павлус, шоҳидлик беришдан ор қилма, деб ёзади.
12–оятда Мен бундан ор қилмайман.
16–оятда Онисифорус ор қилмади.
Тимўтий, гапимни тушундингми?
Тимўтийга ёзилган иккинчи мактубда деярли ҳеч қандай таълимот берилмаган. Мактубда тахминан 25 та буйруқ майлидаги гап бор.
Павлус Тимўтийга нима қилиш кераклигини ва қандай йўл тутиш кераклигини ўргатади. Унга гўёки: “Тур, зиммангдаги вазифангни бажар! Жамоатни тўғри йўлга сол! Ишга кириш!” деб айтгандай бўлади.
Тимўтий бу ишни қандай бажара олади?
Бу саволга жавоб 2Тимўтий 2:1 да берилган: “Тимўтий ўғлим, бардам бўл. Бунинг учун Исо Масиҳ орқали кўрсатилган Худонинг иноятига таянгин.”
Демак, хизмат учун керак бўлган куч иноятдадир.
Сизнинг қўлингиздан келмаган ишни Худонинг Ўзи қилади ва бу иноятдир.
Биласизми, Худо машинамдаги мойни бирон марта алмаштириб бермади, чунки бу ишни ўзим қила оламан.
Худо компьютеримни тузатиб бермади. Буни компьютер усталари қилишади.
Гуноҳларимни ювишга келсак–чи?
Бу менинг қўлимдан келмайди. Шу сабабдан бу ишни мен учун Худонинг инояти қилди.
Қалбимдаги гуноҳга қарши жанг қилишга менга ким ёрдам беради?
Бунинг учун ҳам менга иноят керак.
Хизматдаги мураккаб вазифани бажариш ҳам қўлимдан келмайди.
Менга иноят керак бўлади.
Дарвоқе, Тимўтий, зиммангдаги вазифа ниҳоятда қийин. Шунинг учун Худонинг иноятига таянгин, бардам бўлиб, ишга киришгин.
Худонинг инояти сенга куч беради. Ўз кучинг билан бу вазифанинг уддасидан чиқа олмайсан.
Бу ерга Матто 28:19,20–оятлар жуда мос келади.
Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Зотан, Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан.
Бу оятларни илк бор ўқиган дамларим ҳануз эсимда. Оятларнинг сўнгги қисми менга катта далда берганди. Худо доим мен билан бирга экани дилимни шод қилганди. Дарҳақиқат, Худо доими биз билан биргадир.
Агар сиз оятларнинг контекстига эътибор берсангиз, янада кўп нарсани ўзингиз учун кашф қиласиз.
Бизнинг зиммамизга шогирд орттириш, уларни сувга чўмдириш ва ўргатиш вазифаси юклатилган.
Аммо биз буни ўз кучимиз билан бажара олмаймиз.
Бизга ёрдам керак.
Биз бу вазифани бажарар эканмиз, Худо бизга ёрдам беришини ва ҳар дамда биз билан бирга бўлишини ваъда қилган.
Бу амалдаги иноятдир.
Тимўтий, хизматингни иноятга таяниб бажар.
Иноятда кучли бўлгин! “Ожизликка берилма, ўзингни хизматга бағишла!”
Балки сиз айрим жиҳатларингизни Тимўтийга ўхшатарсиз.
Балки сиз яшаган оила, маҳалла, ўқиб юрган мактабингиз, ишлаган иш жойингиз жуда қийиндир, бироқ эсингизда тутинг: Худо сизни ўша жойга муайян мақсад билан жойлаштирган. Бу сизнинг хизмат жойингиздир.
Балки Павлуснинг Тимўтийга айтган сўзлари айнан сизга мос келар:
Бардам бўлинг!
Худонинг иноятига таяниб, иноятдан куч олинг…
Шунда Худо сизнинг ичингизда ва сиз орқали ишлайди.
Худонинг иноятига таяниб, нима иш қиласиз?
Худонинг сизнинг ҳаётингиз учун бўлган режаси қандай?
Ҳар бир хизматнинг асоси нимада?
Бу ҳақда 2Тимўтий 2:2 да ёзилган:
Сен кўп шоҳидлар ҳузурида Хушхабар ҳақида таълим берганимни эшитгансан. Энди бу таълимотни бошқаларга ҳам ўргатишга қобилияти бор, ишончли одамларга топширгин.
Тўғри, Тимўтий атрофидаги ҳамма одамларга севги кўрсатиши керак эди.
Ҳақ йўлдан озган жамоатини сохта таълимотлардан тозалаши шарт эди.
Бироқ жамоат олға силжиши учун, у яна нима қилиши керак эди?
Агар юқоридаги оят ҳақида қисқа хулоса қилмоқчи бўлсак, биз уни учта сўз билан ифодалашимиз мумкин “чуқур ва кенг”.
Тимўтий содиқ одамларни топиб, уларга таълимотни чуқур ўргатиши керак эди. Бу одамлар Худонинг сўзига чанқоқ ва бошқаларга таълим беришга қобилиятли, имонни келгуси авлодларга ўргатишга бағишланган бўлишлари керак эди.
Бундай одамларга Тимўтий нималарни ўргатиши керак эди?
“Мендан эшитганларни”, деб ёзади Павлус”. Бу дегани, Тимўтий шогирдларига Павлусдан ўрганган ҳамма нарсани ўргатиши керак эди.
Ҳаворийлар 20:27
Аҳир, мен Худонинг ҳамма мақсадини сизларга баён қилишдан бўйин товламадим.
Ҳар биримизнинг Муқаддас Китоб таркибидаги яхши кўрган китобларимиз бор, фаҳрланган қаҳрамонларимиз бор.
Бу ёмон эмас.
Аммо биз шогирдларимизга Худонинг ҳамма ҳақиқатини ўргатишимиз даркор.
Биз Муқаддас Китоб таълимотининг айрим қисмларини ўргатиб, бошқаларини ташлаб кетишимиз мумкин эмас, бу бизнинг тасарруфимизда эмас.
Албатта, биз шогирдларимизга Худонинг севгиси, меҳр–шафқати, донолиги ва Осмон Шоҳлиги ҳақида ўргатамиз. Бироқ гуноҳ, Худонинг қаҳри, ҳукм ва дўзаҳ каби мавзуларни ҳам четлаб ўтишимиз керак эмас.
Шогирдларингизга Муқаддас Китоб таълимотини чуқур ўргатинг. Худонинг барча ҳақиқатини уларга етказинг.
Сиз таълим берган содиқ одамларнинг вазифаси нима?
Ўша таълимотни кенг оммага етказиш.
Шу сабабдан содиқ одамларни топиб, уларга ҳамма нарсани ўргатинг.
Улар ҳам ўз навбатида Худонинг таълимотини ва имонни бошқаларга ўргатишади.
Биз ҳаммамиз эстафета мусобақаларини кўрганмиз, бу мусобақада ҳар бир югурувчининг қўлида эстафета таёқчаси бор.
Улар югурганда эстафета таёқчасини навбатдаги югурувчига беришади, у ҳам югуриб, таёқчани навбатдаги югурувчига топширади.
Юқиродаги оятда ҳам айнан шу нарса назарда тутилган.
Биз қабул қилган имонни кейинги авлодларга топширишимиз керак, улар эса ўз навбатида кейингисига топширишади.
Бу ҳақда шундай бир ашула бор:
“Мен бутун занжирнинг бир узви бўлмоқчиман,
Содиқ шогирдлар етиштирмоқчиман.
Мен бутун занжирнинг бир узви бўлмоқчиман,
Содиқ шогирдлар етиштирмоқчиман.”
Шу сингари менга ҳам ҳаёт мусобақасида имон таёқчаси топширилди.
Мен уни бошқасига узатишим ШАРТ.
Менинг ҳаётим учун Худонинг режаси нима?
Бу саволга жавоб 2Тимўтий 2:2 да ёзилган. Мен содиқ одамларни топишим керак, уларга билган барча нарсани ўргатишим керак.
Мен ҳам бутун занжирнинг бир узви бўлишни истасам, шогирдлар орттиришим керак.
Худонинг таълимотини уларга чуқур ўргатишим керак, шунда улар ҳам ўз навбатида таълимотни кенг оммага тарқатишади.
Назаримиздан ҳеч нарсани қочирмайлик.
Эфес жамоатида муаммолар кўп эди.
Тимўтий кўп сохта таълимотларни илдизи билан қўпориб ташлаши керак эди.
Аммо Тимўтий бу ишлар билан банд бўлиб, шогирд орттиришни орқага суриши керак эмасди.
Шогирд орттириш сиз учун ҳам бирламчи вазифа бўлиши шарт.
Ҳозирдан бошлаб бу ишга киришинг.
Хизматимиз учун бўлган Худонинг бу режаси яхши натижа беради. Бу вазифанинг уддасидан чиқа олишимиз учун унга тўғри ёндашмоғимиз даркор.
Вазифага тўғри ёндашмоқнинг мисоллари:
1–мисол
3–оятда Павлус ҳарбий хизматдаги аскарни мисол қилиб келтиради:
Исо Масиҳнинг яхши аскари каби, мен билан бирга азоб чекишга тайёр тургин.
Сиз 2–оятда ёзилган Худонинг режаси бўйича яшамоқчимисиз?
Жуда яхши.
Аскарни кўз олдингизга келтиринг.
Агар сиз 2–оятда ёзилган илоҳий режага амал қилмоқчи бўлсангиз, ер юзида авж олаётган руҳий жангнинг бевосита иштирокчисига айланасиз.
Билиб қўйинг: сиз инсонни руҳан ўстириб, ундан руҳий Шварцнеггер қилишга бел боғлаганингизда шайтон қўл қовуштириб ўтирмайди.
Тўғри!
Агар сиз шогирд орттиришга киришсангиз, ўзингизни шайтонга нишон қилиб қўясиз.
Шогирд ўстириш руҳий жангдир.
Исо Масиҳ диндорлардан қанчалар ҳақоратлар эшитганини ва зарба еганини бир эсланг.
Ўрганишда секин бўлганларга Исо қанча сабр қилганини эсланг.
У Филип исмли шогирдига шундай таъна қилганди: “Мен шунча вақтдан бери сизлар билан биргаман. Наҳотки, Мени таниб–билмасанг?!” (Юҳанно 14:9)
Юҳанно 6:66–оятни бир эсланг:
Ўша вақтдан бошлаб кўп шогирдлар Исодан юз ўгириб, Унга эргашмайдиган бўлдилар.
Қанийди, мен шогирдлар орттиришни бошлаганимда мана шу оятни тушунганимда…
Бу оятни билмаганим менга панд берди.
Бу оятни Муқаддас Китобингиздан топиб, унинг тагига чизиб қўйинг.
Унинг атрофига доира чизинг.
Уни юлдузча билан белгиланг.
Ўша бетнинг учини букиб қўйинг.
Оятни ёд олинг.
У сизга керак бўлиб қолади.
Исо Масиҳнинг хизмати давомида — сувга чўмдирилган кундан бошлаб, то Яҳудо Ишқариётнинг хиёнатигача бўлиб ўтган барча воқеалар орасида бу вазият энг қийин вазият эди.
Юнон тилидаги асл нусхада ёзилишича, Исодан юз ўгириб кетган шогирдлар, ҳеч қачон қайтиб келмадилар.
Биласизми, агар одамлар Исодан юз ўгирган бўлишса, улар сиздан ҳам юз ўгиришади.
Инсонга бу оғир ботади, чунки сиз вақтингизни аямай улар учун ибодат қилгансиз, ҳаётингизнинг катта қисмини уларга бағишлагансиз, уларга меҳр кўрсатгансиз, далда бергансиз.
Сиз уларнинг имкониятлари ва қобилиятларини кўрган эдингиз, бироқ улар сиздан юз ўгиришди. Энди улар олдингизга қайтиб келишмайди.
Шу сабабдан ҳам Исонинг кейинги Юҳанно 6:67–оятда айтган сўзлари катта аҳамиятга эга.
Исо нима деди?
“ЁРДАМ БЕРИНГЛАР, АТРОФИМГА НОДОНЛАР ЙИҒИЛГАН ЭКАН”, деб айтдими?
Ёки: “Энди одамларни хафа қиладиган гапларни айтмайман”, дедими?
Ёхуд: “Ҳаммасидан чарчадим, дам олишим керак”, дедими?
Йўқ!
Шунда Исо ўн икки шогирдидан: “Сизлар ҳам кетмоқчимисизлар?” — деб сўради.
Исо нима қилди?
У қилиши КЕРАК бўлган ишни: Исо шогирдлар орттиришни давом этди.
Биз ҳам Исодан ўрнак олишимиз керак.
Мен шогирд орттиришни бошлаган илк дамларимда, менга шундай насиҳат беришган эди: “Шогирдларингга иложи борича кўпроқ далда бергин, айниқса шогирдинг оиласида ёлғиз ўзи имонли бўлса”.
Биласизми, мен ўтган йилларга назар солсам, шогирдларимга қанчалар кўп далда берганимни кўраман.
Бу вазифани бажарар экансиз, сиз ҳам аскар каби зарба ейсиз. Шогирдларингиз ҳам зарба ейдилар. Сиз аскар каби жароҳатланган сафдошларингизга ёрдамга шошиласиз. Уларни тинчлантирасиз, қалбларига таскин берасиз, жароҳатларини шифолайсиз.
Уларга далда берасиз, йўл–йўриқлар кўрсатасиз, шунда улар яна жангга кира оладилар.
Аскарлар жанг майдонидан яраланган бўлиб қайтадилар. Шу сингари сиз ҳам руҳий жангдан яралар орттирасиз. Бундан ҳеч ҳайрон қолманг. Бунга тайёр туринг.
Бизнинг ҳаммамизга руҳий қатъийлик даркор.
Аскар каби фикр юритишимиз ниҳоятда муҳимдир, шунинг учун, келинг, 2 Тимўтий 2:4 ни ўқийлик:
Ҳарбий хизматдаги аскар тирикчилик ишлари билан банд бўлмайди, чунки кўмондонини мамнун қилишни истайди.
Шундай пайтлар бўлганки, мен эски улфатларим билан кўршиганимда улар ўзим билмаган айрим теле дастурлар ҳақида сўз очишарди.
Улар спорт ҳақида гапира бошлашарди, мен эса спорт янгиликларидан умуман бехабар бўлардим. Менинг дўстларим эса ҳамма янгиликлардан воқиф эдилар.
Сўнг суҳбатимиз қизиқишларимиз ҳақида бўларди. Улар қизиқишларига кўп вақт ажрата олишлари мени ҳайратга соларди. Мен ўзим вақтим бўлмаганидан ҳатто гулларга сув қуйишни ҳам унутиб қўярдим.
Бундай учрашувдан кейин уйга қайтиб келганимда ўзимни ғалати сезардим. Ўзимга: “Мен қаерда эдим?” — деган савол берардим. Дўстларим мен билмаган кўп нарсадан бохабар эдилар. Мен вақт топмаган кўп нарсага улар вақт ажратишарди.
Мен эса шунча вақтимни нимага кетқиздим?
Сўнг хаёлимга юқоридаги оят келди. Агар сиз жаннга кетаётган аскарни кўрсангиз, у ўзи билан теннис ракеткасини, хоккей клюшкасини ёки қармоғини олмайди. Борди–ю, олса: “Бу қандай аскар бўлди?!” деб ҳайрон қоласиз.
Аскар бутун эътиборини урушга қаратиши керак.
Спорт анжомларини олиб юриш гуноҳ эмас, аммо аскар жанг пайтида уларнинг ҳаммасини бир четга суриб қўйиши шарт.
Шу сингари, агар сиз шогридлар орттиришга бел боғласангиз, бошқа кўп яхши нарсалардан воз кечишингизга тўғри келади. Биз вақтимизни ўзимиздан аяб, уни шогирдларимизга бағишлаймиз.
Мен ўз вақтимни шогирдлар ўстиришга бағишлашга қарор қилганимдан кейин, атайин телевизор кўрмайдиган бўлдим, футбол матчларини томоша қиладиган вақтимни чеклаб қўйдим, кўп қизиқишларимдан воз кечдим.
Аскарлар, бутун эътиборингизни жангга қаратинг.
Устозлар, бутун эътиборингизни руҳий жангга қаратинг.
Афсуски, шундай чўпонлар ва хизматчилар борки, улар юқоридаги оятни рўкач қилиб, оиласига ва фарзандларига бўлган беэътиборликни оқлайдилар. Бу чўпонлар ва хизматчилар жуда яхши ва таниқлидирлар.
Уларнинг назарида жамоатда хизмат қилиш Худога хизмат қилишдир, фарзанд ўстириш эса дунёга муносиб, бу билан фақат аёллар шуғулланиши керак. Бундай оилада ўсган фарзандлар худобезориларга айланадилар, улар: “Худо мендан отамни тортиб олди”, деб ўйлайдилар.
Қандай фожиа!
Муқаддас Китобда оталик вазифасидан ҳеч ким озод қилинмайди ва бу вазифани бажармагани учун оқланмайди.
Сиз шогирд орттирмоқчимисиз? Аскар каби ўй–фикр қилинг.
Спортчи каби фикр қилинг.
2–мисол:
Шунингдек, мусобақада қатнашган киши қоидагa риоя қилмаса, ғалаба тожини киймайди.
Бу оятда тартиб–интизом ҳақида сўз юритилган. Биз Худо ўрнатган қоидаларга риоя қилишимиз керак.
Бу оят 1Тимўтий 4:7 ти билан бевосита боғлиқ:
Художўй бўлишга астойдил ҳаракат қил.
“Ҳаракат қил” сўз бирикмаси юнон тилидаги “машқ қил” бирикманинг таржимасидир. Демак, художўйлик Худонинг спорт залида қилинган машқдир.
Художўйликни машқ қилинг, ўзингиз устингизда ишланг.
Агар Исо Масиҳга ўхшаган бўлишни истасангиз, ҳар куни Худонинг спорт залида машқ қилинг: Муқаддас Китобни ўқинг, ибодат қилинг, оятларни ёд олинг, хизматга бел боғланг, сахий бўлинг ва шулар орқали руҳий томирларингизни бақувват қилинг. Шундагина ўзгаларнинг ҳаётига таъсир ўтказа оласиз.
Сизга бир мисол келтирай: агар мен озмоқчи бўлсам ва буни жуда истасам, нима қиламан?
Менинг ўрнимга спорт залга бориб шуғулланадиган одамни ёллайманми?
Унга пул тўласам ҳам, бундан менга бирон фойда бўладими?
Асло! Мен истаган натижамга эришишим учун, спортчи каби қоидага риоя қилишим керак.
Биз ҳаммамиз руҳий қоидаларга риоя қилишимиз шарт:
Руҳий қоидаларга: гуноҳдан тавба қилиш,
Муқаддас Руҳга бўйсуниш
Ва ҳақиқат бўйича яшаш киради.
Спортчи хоҳлаган ишини қила олмайди, у қоидаларга бўйсуниши шарт. Шу сингари устоз ҳам руҳий қоидаларга амал қилиши керак.
Шогирд орттиришга деҳқон каби ёндашинг.
2Тимўтий 2:6 да шундай ёзилган:
Меҳнат қилган деҳқон олган ҳосилидан биринчи бўлиб баҳраманд бўлиши лозим.
3–мисол. Бу мисолда биз меҳнат ҳақида сўз юритамиз.
Меҳнат қилган одам чарчайди, ҳолдан тояди.
Агар шогирд орттириш – сувни совуқ сувга уришни истамайдиганлар учун нуфузли иш, деб ўйласангиз адашасиз. Кўзингиз олдига деҳқонни келтиринг, шунда нуфуздан асар ҳам қолмайди.
Шогирд ўстиришга кўп вақт сарфлашингизга, тунгача меҳнат қилишингизга, доим тоат–ибодатда бўлишингизга, куч ва асаб кеткизишингизга тўғри келади.
Ҳосил йиғиш мавсумида тоғамнинг трактори кунига 24 соат тинмай ишлайди. Тоғам чарчаганда, келинойим бир неча соат тракторда ишлайди, тоғам эса бир паст дамини оладилар. Кейин яна ишга киришадилар. Тракторда ишлаган пайтларида, доим қулоғи динг бўлиб, об–ҳаво маълумотларини эшитадилар, чунки ёмғир ёғмасдан ҳамма ҳосилни йиғиб олишлари керак.
БУНДАЙ ҲАЁТ ОСОН ЭМАС.
Мен бир пайтлар трактор ҳайдаб тушган актрисанинг расмини кўрган эдим:
Унинг сочлари чиройли турмакланган,
Тирноқларига лак қўйилган,
Қимматбаҳо тақинчоқлар тақиб олган,
Эгнида топ–тоза, ўзига ярашган кўйлак бор эди.
Бу каби расм “кўргазма” деб аталади.
Агар сиз шогирд орттиришга жиддий ёндашсангиз, кўргазма учун бундай расмни хаёлингизга ҳам келтирманг.
Худонинг режаси ҳаётингизда ишлаши учун сиз ҳаётга аскар, спортчи ва деҳқон каби ёндашишингиз керак.
Борди–ю биз юқоридаги оятларни шошилиб ўқиган бўлсак, Павлус бизга 2Тимўтий 2:7 да шундай маслаҳат беради:
Айтганларим ҳақида мулоҳаза қил, буларни тушуниб олишингга Раббимиз Исо сенга ёрдам беради.
Сиз айтишингиз мумкин: нима сабабдан бу оят айнан шу ерда берилган, бу оятдаги маслаҳат Муқаддас Китобнинг кўп жойларига тўғри келади–ку.
Аммо бу оят айнан шу ерда берилган.
Нима сабабдан?
Чунки Тимўтий Павлуснинг ёзганларини шошилмай ўқиши керак эди. Унинг сўзларини чуқур мулоҳаза қилиши керак эди.
Келинг, Павлуснинг гаплари ҳақида мулоҳаза қилайлик.
Уларни қалбимизга сингдирайлик.
2Тимўтий 2:2 да баён қилинган Худонинг режаси:
Жамоатнинг ўсиши учун ягона омилдир.
Жамоат бошқа ҳеч қандай йўл билан ўса олмайди.
Авлодлар оша шогирдлар орттириб, уларни ўстириш жамоатнинг ўсишига ягона кафолатдир. Шогирд ўстириш орқалигина жамоат мустаҳкам ва кучли бўлади, Хушхабар ёйилади, жамоат асрлар оша гуллаб яшнайди.
Устозлар ўз ишига аскар, спортчи ва деҳқон каби ёдашмоқлари даркор, шундагина Худонинг режаси амалга ошади.
Худонинг режасини амалга ошириш мушкул вазифа ва Павлус бу ҳақда очиқ–ойдин ёзади.
Шогирд орттириш тўлиқ бағишланишни талаб қилади.
Павлус Тимўтийни бу ишга чақиради. Биз ҳам бу ишга чақирилганмиз.
Бироқ олдингиздаги вазифанинг мушкуллигини англаб олинг.
Йўлингизда учрайдиган машаққатлар сизни ҳайрон қолдирмасин.
Балки биз ўша машаққатларга дуч келганимизда 2Тимўтий 2:1–оятда ёзилгандай Худонинг иноятига таянармиз.
Хизматимизга куч берадиган нарса бу иноят эканини биз 1–оятдан билиб олган эдик.
Худонинг режасини 2–оятдан билиб олдик.
Ундан кейин, Худонинг режасини амалга оширишимиз учун учта мисол асосида: аскар, спортчи ва деҳқон каби ёндашмоғимиз кераклигини ўргандик.
Павлус Тимўтийнинг шогирд орттиришини шунчалик қаттиқ хоҳлаган эдики, унга яна далда бериб деди:
2 Tимўтий 2:8 да Павлус шундай деб ёзади:
Довуд наслидан бўлган Исо Масиҳ ўликдан тирилганини доимо ёдингда тут! Мен тарғиб қилаётган Хушхабар шудир!
Исо Масиҳни турли йўллар билан тасвирлаш мумкин. Мисол учун,
Уни хасталарга шифо берган Табиб,
сухандон Нотиқ,
ёки азоб–уқубатлар чеккан Қўзи.
Имкониятларнинг чеки йўқ.
Нега бу оятда Павлус айнан Исонинг ўликдан тирилгани ҳақида сўз очган?
Исонинг қилган ҳамма ишлари муҳим эди–ку.
Бироқ Римликлар 1:4 га қаранглар:
Худонинг Ўзи Раббимиз Исо Масиҳни ўликдан тирилтирди. Шу орқали Муқаддас Руҳнинг кучига тўла бўлган Исо Масиҳ Худонинг Ўғли эканлиги исботланди.
Исонинг кимлиги ва Унинг қудрати айнан ўликдан тирилганида яққол намоён бўлади.
Агар Исо тирилмаганда эди, масиҳийлик мавжуд бўлмасди ва мен ҳам, сиз ҳам дўзаҳга равона бўлардик.
Исонинг ўликдан тирилиши Уни бор мавжудотдан ва бутун борлиқдан устун қилиб, ажратиб туради.
2 Тимўтий 2:8–оятда Исо Масиҳ Довуднинг наслидан экани ёзилган, демак, Исо нафақат илоҳий Зот, У инсон ҳам эди.
Нима учун устозлик қилаётган одам буни билиши керак?
Чунки сиз шогирдларга, ўзингизни Муҳаммадга ёки Буддага бағишланг, деб айтмаяпсиз. На Муҳаммад, на Будда ўликдан тирилган.
Исо сохта устоз эмас,
Кўзбўямачи ҳам эмас,
Ёлғон гапирадиган сиёсатчи ҳам эмас,
Бизга панд берадиган фирибгар ҳам эмас.
Биз илоҳий табиатга эга бўлган Инсон ўғлига хизмат қиляпмиз.
Биз Барҳаёт Худонинг издошларига таълим беряпмиз.
Биз ҳақиқат тарафидамиз.
Исонинг Шахсияти бенуқсондир.
Бунинг бизга нима алоқаси бор?
Агар Худо қудратли бўлса, демак шогирд орттираётган бизлар Ғолиб томондамиз.
Исо ўлимни мағлуб қилди.
Ҳеч ким Худонинг қудратига қарши чиқа олмайди.
Биз буни ўз ҳаётимизга қандай тадбиқ қила оламиз?
Агар Худонинг табиатига эга бўлган Исо азоб чеккан бўлса, биз ҳам азоб чекамиз, зеро шогирд устозидан устун бўлмас.
Агар Исодан нафратланишган бўлса, биздан ҳам нафратланишади.
Шогирд орттирган пайтимизда кўп қийинчиликларга дуч келамиз, бироқ бу азоблар беҳуда эмас.
2 Tимўтий 2:8–оятда “…ЁДИНГДА ТУТ!” деб ёзилган.
Нега?
Чунки шайтон сизни чалғитмоқчи бўлади, диққат–эътиборингизни Исодан олиб қочмоқчи бўлади:
Исонинг кимлигини унутишингиз учун,
Унинг қудратини эсингиздан чиқаришингиз учун,
У сизга ғамҳўрлик қилишига ишонмаслигингиз учун.
Шундай пайтда биз тушкунликка тушамиз, чекинмоқчи бўламиз.
Бироқ ЁДИНГИЗДА ТУТИНГ: Кўзингизни Исодан узманг!
Исонинг илоҳийлигига қаранг! Унинг қудратига кўз тикинг! Ғалабасини тараннум этинг! Унинг ғамҳўрлигига ишонинг!
Шундагина сиз шогирд орттиришга жиддий ёндаша оласиз.
Павлус доим Исони ёдида тутагани ҳақида ёзади, у Исодан кўп далда олади.
2 Тимўтий 2:9-10 да Павлус шундай ёзган:
Ана шу Хушхабар учун мен азобларга дучор бўляпман, ҳатто жиноятчидай занжирбанд қилиндим. Аммо Худонинг каломини занжирлаб бўлмайди! 10 Шундай экан, Худонинг танланган одамлари Исо Масиҳ берган нажотдан баҳраманд бўлсинлар, абадий улуғорликка эришсинлар деб, мен ҳамма нарсага чидаб келяпман.
Павлус шогирд ўстириш йўлида занжирбанд бўлиб, кўп азобларни бошдан кечирганди.
Шогирд орттириш эвазига Павлус кўп таёқ еди, оғриқларга чидади, қийналди.
Павлус Худога шундай деб айтиши мумкин эди: “Бўлди бас, қийналиб кетдим. Эй Худо, анави одамнинг таъзирини бериб қўймайсанми? Ахир, у Муқаддас Китобини ўқимайди, Сенга хизмат қилишни истамайди”
Павлус ҳеч қачон бундай деб айтмаган бўларди.
Бунинг ўрнига Павлус бизга Исо Масиҳнинг кимлигини эслатади. Гўёки, менга тақлид қилинглар, деб бизга айтгандай бўлади. Павлус Масиҳнинг ўликдан тирилганини эслаб, Худо йўлида буюк ишлар қилганди.
Павлус ёзган мактубни ўқир эканмиз, сатрлар орасида Павлуснинг овозини эшитгандай бўламиз. У Тимўтийга:
“Ўғлим Тимўтий, сени занжирбанд қилишлари мумкин,
Имонинг учун сени ўлдиришлари мумкин,
Бироқ саъй ҳаракатларинг яхши ҳосил беради, ҳосилинг сен билан бирга ўлмайди.
Сени кишанлаб қўйишлари мумкин,
Аммо меҳнатингнинг самарасини кишанлаб бўлмайди.
Сени тўхтатишлари мумкин,
Аммо қилган меҳнатларинг ҳосил беришдан тўхтамайди.”
Бундай ҳосилга фақат оғир меҳнат орқали эришиш мумкин.
Биз ўз қулайликларимиздан воз кечиб, ўз кучимизга таянмай, Худонинг иноятига таянишимиз осон иш эмас.
Ўзимиз учун ўлишимиз осон кечмайди ва табиий йўл билан содир бўлмайди.
2Тимўтий 2:2 да баён қилинган Худонинг режасини амалга оширишимиз учун биздан тиришқоқлик ва бағишланиш талаб этилади.
Биз ўз устимизда ишлашимиз, Каломни ўрганишимиз ва ибодат қилишимиз керак бўлади.
Ҳақиқатни ўзимиз ўрганишимиз ва уни бошқаларга тўғри ўргатишимиз керак бўлади.
Бунинг учун анча тер тўкишимизга, сабр–тоқат қилишимизга ва айрим ҳолларда кечки уйқудан воз кечишимизга тўғри келади.
3–оятдаги аскар мисоли: айрим ҳолларда аскар ўқ ейди, чарчайди, ёлғиз ўзи жанг қилади.
5–оятдаги спортчи мисоли: одатда спортчи жароҳатланади, унинг оёқ–қўли синади, ҳолдан тояди, пайлари чўзилади.
6–оятдаги деҳқон мисоли: кўпинча деҳқон терлаб, ҳидланиб юради, чангга беланиб, лойга ботиб, оғир меҳнатдан силласи қурийди.
9–оятда ёзилганига кўра, биз Павлус каби занжирбанд бўлишимиз мумкин.
Шогирд орттиргани учун қамоққа тушиб қолган одамларнинг рўйхати узундан узун.
Бир куни сизнинг исмингиз ҳам ўша рўйхатга тушиб қолиши мумкин.
Бошқа ҳеч нарса эсимиздан чиқмадими?
10–оятда Павлус: “ҳамма нарсага чидаб келяпман”, деб ёзади.
Ана холос.
Демак, биз бу оятлардан нимани ўргандик?
2–оятдаги Худонинг режасини амалга оширишда биз кучдан қолишимиз, ҳатто ўз жонимиздан маҳрум бўлишимиз мумкин.
Бироқ, бунинг учун мукофот ҳам бор: шогирд орттиришнинг мукофоти буюк, у ҳар қандай қурбонликка арзийди.
Мукофот ҳақида Муқаддас Китобда нима ёзилган?
2Тимўтий 2:1 да ёзилишича, сиз Худо йўлида хизмат қилиб, бардам бўлсангиз ва Худонинг иноятига таянсангиз, иноят сиз учун шунчаки Китобдаги сўз эмас, барҳаёт қудратга айланади, шу орқали сиз Худо билан юзма–юз учрашасиз.
Шунда сиз Худонинг инояти орқали Унинг буюклиги, кучи ва қудратини ўзингизда ҳис қиласиз.
Баъзи одамлар иноят ҳақида гапиришади.
Шогирд орттирган инсонлар эса иноятнинг кучини ўз тажрибасида синаб кўрганлар.
Агар сиз 2–оятда ёзилганларга қатъий риоя қилсангиз, сиз қобилияти бор шогирдларни ўстирасиз, шунда шогирдлик занжири узилмай давом этади. Бунинг натижасида вояга етказиладиган имонлиларнинг авлодини тасаввур қилиб кўринг–а.
Исо жамоатини олиб кетиш учун бу дунёга қайтиб келганида сиз ҳосилингизнинг мевасини яққол кўра оласиз. Шогирд орттиришга жиддий ёндашганингиз натижасида руҳий невара, эвара, чевараларни кўришга муяссар бўласиз. Нақадар ажойиб мукофот бу!
3–оятда аскар ҳақида ёзилган:
Аскарлар жангларда ғолиб бўлади, сиз ҳам шогирд орттиришда ғалабаларга эришасиз. Шогирдларингиз ҳам зафар қучадилар.
5–оятда спортчи ҳақида ёзилган: спортчилар мусобақаларда ютгани сингари, сиз ҳам Муқаддас Руҳ бошчилигида хизмат қилсангиз руҳий ғалабаларга эришасиз.
6–оятда деҳқон ҳақида ёзилган: ишбилармон деҳқон яхши ҳосил олади.
Ҳосилдан ким биринчи бўлиб баҳраманд бўлади?
Тиним билмай экинларга қараган деҳқон–да.
Шогирд ўстирган устоз ҳам одамнинг секин, бир маромда ўсиб, ўзгаришини томоша қилади.
Устознинг бундай заҳматли меҳнати қанчадан–қанча ҳосил олиб келади!
Дарҳақиқат, бундай ҳосил ажойибдир.
Бироқ бу мукофотлар 10–оятдаги мукофот олдида ҳеч нарса эмас: “…Худонинг танланган одамлари Исо Масиҳ берган нажотдан баҳраманд бўлсинлар, абадий улуғорликка эришсинлар…”.
Сизнинг заҳматли меҳнатингиз натижасида шогирдларингиз шулардан баҳраманд бўладилар.
10–оятдаги бу сўзларни ўқисам руҳий электр тармоғига дуч келгандай ўзимни сезаман.
Сиз имонда ўстирган ҳар бир инсоннинг истиқболи нажотдан баҳраманд бўлиш ва Худонинг улуғворлигини акс этишдир!
То абад Худонинг хусусиятларини намоён қилиш, Исо Масиҳ каби бўлишдир.
Бу ҳақда ўйласам бошим осмонга етади.
2–оятдаги Худонинг режаси қандай натижага олиб келади? Абадий улуғворликка.
Шогирд орттиришнинг моҳияти айнан шундан иборатдир.
Бундан кўпроғини орзу ҳам қилиб бўлмайди.
Оғир меҳнатингиз эвазига олий мукофот берилади.
Шогирд орттириш ҳар қандай қурбонликка арзийди.
Қолган умрингизни нимага сарф қиласиз?
Балки Худонинг иноятига таяниб, бардам бўлишингиз керакдир?
Худонинг олий режасини амалга ошириш вақти келгандир?