Руҳий инъомлар
Руҳий инъомлар нима?
Руҳий инъом ҳар бир имонлига берилган ғайритабиий қобилият, ноёб фазилат ва кўникмани билдиради.
1Коринфликлар 12:7
Умумий манфаат учун Муқаддас Руҳ ҳар кимда ўзига хос равишда намоён бўлади.
Муқаддас Руҳ ҳар бир масиҳийда турли инъомлар орқали намоён бўлади, биз бу инъомларга лойиқ эмасмиз ва ўз кучимиз билан уларга етиша олмаймиз.
Инъомларни биз қаердан оламиз?
1Коринфликлар 12:8 Бир одамга Руҳ орқали….қобилияти берилади….
1Коринфликлар 12:11 Буларнинг ҳаммасини (яъни олдинги оятларда тилга олинган барча инъомларни) Муқаддас Руҳ бажо қилади. Ҳар бир инсонга Руҳнинг Ўзи лойиқ кўрган инъомни ато қилади.
Инъомларни бизган Худо беради. Худо ўз донолиги билан барча инъомларни жамоатидаги имонлиларга бўлиб беради.
Руҳий инъомлар нима учун керак?
1Коринфликлар 12:7 Умумий манфаат/фойда учун…..
Руҳий инъомлар жамоатни бунёд этиш мақсадида берилган. Агар биз Худо берган инъомларни ишлатмасак Худога нисбатан ҳурматсизлик қилган бўламиз.
“Руҳий инъомларсиз жамоат бу дунёда яшай олмайди, инъомларсиз имонлилар бир–бирларига ва атрофларидаги имонсиз одамларга Худо истаган даражада хизмат қила олмайдилар, Масиҳга улуғворлик келтира олмайдилар. Руҳий инъомлар келажак дунёнинг кучидир, улар орқали Масиҳнинг қудрати намоён бўлиб, Осмон Шоҳлиги бунёд этилади ва мустаҳкамланади.”
Римликлар 12:4 Ахир, танамиз бир бўлса–да, танамиз аъзолари кўп, танамиз аъзоларининг вазифаси ҳам бир хил эмас.
Исо Масиҳга имон келтирган ҳар бир одам Масиҳ танасида маълум бир вазифани бажаради. Агар биз Исо Масиҳга бағишланганмиз, деб айтсаг–у, аммо хизмат қилмасак, бизни “Масиҳнинг издоши” деб бўладими? Ўзимизни алдамайлик, Масиҳнинг чин издошлари Унга хизмат қиладилар.
Римликлар 12:3 …Худо ҳар бир кишига қанча имон берган бўлса, шунга кўра, фикр қилиб, ақли расо одамлар бўлайлик.
“Худо ҳамма одамга турли ўлчовда имон беради. Бу ерда нажот берадиган имон назарда тутилмаган, зеро, бундай имон ҳаммага бир хил қилиб берилади. Мазкур оятда руҳий инъомингизни ишга солиш учун зарур бўлган имон ҳақида сўз юритилган, бошқача қилиб айтганда, руҳий инъомингизни ишга солиш учун зарур бўлган руҳий имкон даражаси назарда тутилган.”
Келинглар, қуйидаги гапни ўзимизга шиор қилиб олайлик: ҲАР БИР ИНЪОМНИ ИШГА СОЛАЙЛИК! ҲАР БИР ИНЪОМНИ ИШГА СОЛАЙЛИК! Ҳар бир инъом бизга Худо томонидан берилган бўлиб, жамоатни барпо этиш учун мўлжалланган. УНИ ИШГА СОЛИНГ! Йўқ бўлиб кетишига йўл қўйманг. Худо сизга берган марҳаматнинг қадрига етинг, унга беэътибор бўлманг.
Эслатма:
2 Коринфликлар 12:12 Орангизда бўлганимда ҳар хил қийинчиликларга бардош берганим, мўъжизалару аломатлар, қудратли ишлар қилганим ҳақиқий ҳаворий эканлигимдан далолат беради.
Ҳаворийларга Худо томонидан мўъжизалару аломатлар кўрсатиш қудрати берилган эди, бу – уларнинг ҳақиқий ҳаворий эканини тасдиқлайдиган далил бўлиб, жамоатларни барпо қилишга хизмат қиларди. Ўша даврда Янги Аҳд бўлмагани сабабли бу аломатлар орқали одамлар ҳаворийларнинг гапларига ишонишарди ва Худодан юборилганига амин бўлишарди.
Энди эътиборимизни қуйидаги оятларга қаратайлик:
1 Бутрус 4:10–11 Худо сизларга берган инъомлар билан бир–бирингизга хизмат қилинглар. Худонинг бу бой эҳсонларидан оқилона фойдаланинглар. 11 Ваъзхонмисиз? Шундай ваъз қилингки, гўё сиз орқали Худонинг Ўзи гапиргандай бўлсин. Хизматчимисиз? Худонинг берган кучига мувофиқ хизмат қилинг. Токи Исо Масиҳ орқали Худо ҳар бир ишингизда ва ҳар бир сўзингизда улуғлансин. Қудратли Худога абадулабад шон–шарафлар бўлсин. Омин.
Бутрус инъомларни икки тоифага ажратади: ҳаракатда бажариладиган ва сўз билан ифодаланадиган. Келинглар, инъомларни ўша тоифаларга кўра кўриб чиқайлик.
Римликлар 12:6-8 Бизга берилган иноят бўйича ҳар биримизнинг ҳар хил инъомларимиз бор. Агар бирортасида Худонинг сўзини бошқаларга етказиш инъоми бўлса, у эътиқодимизга мувофиқ равишда гапирсин. 7 Агар бирорта одамга хизмат қилиш инъоми берилган бўлса, у хизмат қилсин, агар бирортасига муаллимлик инъоми берилган бўлса, у таълим берсин. 8 Агар инсонга далда бериш инъоми берилган бўлса, у далда берсин, беғараз ёрдам берадиган бўлса, сахийлик билан берсин. Етакчилик қиладиган одам қунт билан етакчилик қилсин, меҳр–шафқат кўрсатадиган одам хурсандчилик билан иш тутсин.
Ҳаракат орқали бажариладиган инъомлар
Хизмат қилмоқ: хизмат деганда одатда меҳмонларни кутиш, уларга озуқа бериш ва ёрдам кўрсатиш назарда тутилади. Марта хизмат қилиш инъомидан завқ оларди. Бу инъомни амалда қўллашнинг йўллари турличадир, атрофимизда қанча муҳтожлик бўлса, уларни қондириш йўллари ҳам шунчадир.
Иш юритмоқ, етакчилик қилмоқ, бошқармоқ: бу инъом бир гуруҳ имонлилардан команда тузиб, уларни бир мақсад сари йўналтириб, хизмат қилишни билдиради. Нахимиё Қуддус деворлари бузилиб ётганидан хабардор бўлгач, дарҳол ишга киришган эди. У деворнинг турли қисмларини таъмирлашни турли одамларга топширди, ўзи эса уларга далда берди, ишини назорат қилиб турди, шу йўсин бу улкан ишнинг уддасидан чиқди. Бир одам қила олмаган ишни команда биргаликда амалга ошира олади.
Сахийлик: Сўзма–сўз маъноси — “мўл қилиб бериш”, бунга нафақат муҳтожларга бериладиган пул, балки ҳар қандай моддий ёрдам киради. Биз камбағаллигимизни рўкач қилиб, бу инъомга эътибор бермаслигимиз мумкин, бироқ Муқаддас Китобда, бу инъом фақат бойларга тааллуқли, деб ёзилмаган:
2 Коринфликлар 8:1–2 Энди биродарлар, Худонинг Македониядаги жаматларга кўрсатган инояти ҳақида сизларга айтмоқчимиз. 2 Улар оғир кулфатларга йўлиқиб, синалган бўлсалар–да, жўшқин бир севинчга тўлиб–тошдилар, ўта камбағал бўлсалар–да, юраклари сахийликка бой эканлигини кўрсатдилар.
Юқоридаги оятларда камбағал одамларнинг ўта сахийлиги мисол қилиб келтирилган.
Меҳр–шафқат: қийин аҳволда қолган одамларга, яъни қашшоқ, жамиятдан ҳайдалган, нашаванд, ичкиликбозликка берилган, қамалган, тушкунликка тушган, махсус қарамоққа муҳтож бўлганларга хизмат қилиш демакдир. Аюб пайғамбарнинг дўстлари келиб, унинг ёнида етти кун давомида оғиз очмай ўтирганларида меҳр–шафқатини намоён қилган эдилар. Шу орқали улар ўз ҳамдардлигини изҳор этиб, оғир кунда Аюбни ташлаб қўймаслигини кўрсатган эдилар. Афсуски, улар гапира бошлаганларида, айтган сўзлари билан Аюбга шафқатсизлигини ошкор қилдилар.
Сўз билан ифодаланадиган инъомлар
Ваъз қилмоқ: Сўзлар ёрдамида биз одамларга мурожаат этиб, “Худонинг Каломини мазкур вазиятга қўллаймиз”. Ваъзнинг асосий мақсади “тингловчиларга далда бериш, уларни огоҳлантириш ва юпатиш”, шунингдек “жамиятда Худонинг сўзини эълон қилишдир”. Бу инъом нафақат олий маълумотли одамларга, балки саводсизларга ҳам берилади. Эсингизда бўлса, Бутрус Ҳаворийлар 2–бобида кучли бир ваъз айтиб, илк жамоатга асос солган эди.
Муаллимлик инъоми: бу ерда кўпроқ Муқаддас Китоб ҳақиқатини расмий тарзда, систематик машғулотлар орқали ўргатиш назарда тутилган. Муаллимлар анализ қилиш, доимийлик ва ўгит бериш қобилиятига эгадирлар. Павлус бир неча йил давомида Эфес жамоатида хизмат қилганида айнан шу қобилиятини ишга солган ҳолда таълим берарди.
Далда бериш: одамлар ҳақиқатга бўйсунишлари ва Худонинг иродасига мувофиқ иш тутишлари учун уларга далда бериш демакдир. Бу инъомга дадиллик бахшийда этиш, маслаҳат бериш, юпатиш кабилар ҳам киради. Павлус имонга келганда Барнабо айнан шу инъомини ишга солган эди.
Изоҳлар:
#1 Руҳий инъомларни табиий қобилиятлар билан адаштирманг. Баъзи одамларда қўшиқ айтиш ёки чуқур мулоҳаза қилиш каби туғма иқтидорлари бор. Бундай туғма иқтидорлар учун Худони улуғлашимиз зарур, бироқ булар руҳий инъомлар эмас.
#2 Янги Аҳддаги руҳий инъомлар рўйхатлари билан танишиб чиқинг. Улар бир–биридан фарқ қилади:
Биз инъомларнинг ўзгармас рўйхати ёки уларнинг муайян сонини назарда тутганимиз йўқ.
#3 Сизда бир нечта инъомнинг уйғун бир шакли мавжуд бўлиши мумкин.
#4 Руҳий инъомлар бизга жамоатни мустаҳкам қилиш мақсадида берилган. Худо инъомларни уйдаги шкафимизда сақлашимиз учун бермаган. Қуйидагилар ҳақида мулоҳаза қилиб кўринг: агар сиз бугун жамоатга бормаган бўлсангиз, демак, кимдир инъомингиздан бебаҳра қолди! Оқибатда, жамоат ожизроқ бўлиб қолди.
“Жамоат автобус эмас, автобусни битта одам ҳайдайди, қолганлари эса ўтиради. Жамоат чумолилар уяси кабидир, у ерда ҳамма тиним билмай меҳнат қилади.”
#5 1Коринфликлар 12–бобини диққат билан ўқиб чиқинг. Павлус руҳий инъомлар ҳақида сўз юритгандан кейин, дарҳол тана ва аъзоларининг бир–бирига чамбарчас боғлиқлиги мавзусига ўтади. Нега? Чунки танамизнинг ҳар бир аъзоси муҳим ўрин тутгани каби, жамоатнинг ҳам ҳар бир аъзоси муҳимдир, ҳар бир имонли ўз инъомларини барчанинг манфаати учун ишлатмоғи даркор. Аҳамиятсиз имонлининг ўзи йўқ. Ҳар бири ўз вазифасини бажармоғи шарт.
#6 Агар имонли киши ялқов бўлиб қолган бўлса, ўз инъомини ишлатишга лоқайдлик қилса, у Римликларга мактубининг дастлабки 11та бобини ўқиб чиқсин. Ўша бобларда Исонинг биз учун тўлаган тўлови ҳақида ёзилган. Худога бўлган миннатдорчилигимиз сифатида биз ўзимизни тўлиқ Унга бағишлашимиз ва Худо биз учун тайин этган ҳаётда, руҳий инъомларимизни ишлатган ҳолда яшашимиз даркор.
#7 Ҳеч бир инсонда ҳамма инъомларнинг йиғиндиси йўқ. Шу сабабдан, биз бир–биримизга муҳтожмиз. Эҳтиёт бўлинг, ҳеч кимга паст назар билан қараманг. Зеро, аҳамиятсиз инъомнинг ўзи йўқдир.
Бироқ…….
……. Эсингизда тутинг: менинг бу соҳада инъомим йўқ, дея хизматдан қочманг. Ҳаммада ҳам сахийлик инъоми йўқ, аммо ҳар бир масиҳий эҳсон бериши шарт. Ҳаммада ҳам муаллимлик инъоми йўқ, бироқ ҳар бир ота–она ўз фарзандига таълим ва тарбия бермоғи шарт. Ҳаммада ҳам меҳр–шафқат инъоми йўқ, аммо биров шикастланиб, ёрдамимизга муҳтож бўлса, унга ёрдам қўлини чўзишимиз шарт. Ҳаммада ҳам хизмат инъоми йўқ, аммо ҳар бир масиҳий ҳар куни хизмат қилиши шарт. Шунчаки инъомимиз бор соҳада биз порлаймиз, ишимизни устакорлик билан бажарамиз.
#8 Инъомлар бири–биридан фарқ қилади.
1Коринфликлар 12:4 Руҳ берадиган инъомлар ҳар хилдир, аммо Руҳ бирдир. 5 Хизмат қилиш йўллари ҳар хилдир, Раббимиз Исо эса бирдир. 6 Тўғри, хизматлар ҳар хилдир, лекин ҳар бир инсонга бу хизматларни бажариш қобилиятини бераётган Худо бирдир.
Биз ҳаммамиз Худо олдида бирмиз, бироқ турли йўллар билан Худога хизмат қиламиз. Баъзи инъомлар бошқалардан кўра, кўпроқ кўзга ташланади. Гарчи ваъзхонни ҳамма эшитса ҳам, хизматчи эса эътибордан четда қолса ҳам, иккови ҳам бирдай муҳимдир.
#9 Агар биродар жамоатда хизмат қилишни истамаса, у ўз инъомини ривожлантирмайди…оқибатда жамоат кўп нарсадан маҳрум бўлади.
#10 Инъомингизни қандай аниқлашингиз мумкин?
1)Бу ҳақда ибодат қилинг, ишончингиз комил бўлсин, Худо албатта бу ибодатингизга жавоб беради. Худо сизга инъом бера туриб, уни кашф қилишингиз учун ҳеч қачон йўлни тўсмайди.
2)Римликларга 12:1,2 Римликларга 12:3–8дан олдин келган. Бунинг мақсади нима? Қачонки мен 12–бобнинг 1 ва 2–оятларини бажарсам, Худо менга 3–8 оятларда ёзилгандай, қандай хизмат қилишим кераклигини Ўзи кўрсатади.
Агар биз ҳаётимизни тўлиқ Раббимизга бағишламасак, биз ҳеч қачон инъомларимизни тўлақонли равишда ривожлантира олмаймиз. Бошқача қилиб айтганда, инъомлар ҳақидаги оятларни ўқир эканмиз, доим “Муқаддас Руҳ”га дуч келаверамиз, чунки руҳий инъомлар Муқаддас Руҳдан мустасно эмас. Шу сабабдан биз Муқаддас Руҳ билан уйғунликда бўлишимиз даркор, яъни барча гуноҳларимиздан тавба қилишимиз ва тўлиқ Унга бағишланишимиз шарт. Шундагина ўз инъомларимизни кўра биламиз ва уларни ишлата оламиз.
Агар биз руҳий инъомларимиздан шу пайтгача фойдаланмаган бўлсак, демак, ҳаётимизни тўлиқ Худога бағишламаганмиз.
Баъзан биз билган ҳолда қуйидаги ҳақиқатни назардан четда қолдирамиз:
Самарали хизмат Худо билан бўлган яқин муносабатдан келиб чиқади. Бунга бўлган эътиборсизлигимиз ўзимизни хавф остига қўйиб, бошқаларни баракатдан маҳрум қилади.
3)Забур 36:4–оятнинг мавзуси ниҳоятда ўринлидир: Эгамизни Ўзингнинг шодлигинг деб бил, Кўнглингдаги орзуларингга У етказади.
Қачонки биз Эгамиздан завқлансак, Унинг олдида гуноҳларимиздан тавба қилсак, Каломни ўқисак, Худони биринчи ўринга қўйиб, Унга бўйсунсак, шунда кўнглимиз орзулари ҳам Унинг иродасига мувофиқ бўлади. Хизмат қилишга иштиёқингиз борми? Кимгадир баракат бермоқчимисиз? Муаллимлик қилмоқчимисиз? Бу орзуларни кўнглингизга Худонинг Ўзи солгани аниқ.
4)Жамоатда хизмат қилишга очиқ бўлинг. Баъзи нарсаларни яхши бажара олмассиз, бошқларини усталик билан бажарарсиз. Баъзи хизмаларда тажрибангизни оширишга тўғри келар.
5)Бошқаларнинг фикрига эътиборли бўлинг. Агар ҳамма сизга: “Болаларга дарс бериш унчалик қўлингдан келмас экан”, деб айтишса, балки улар ҳақдирлар. Қайси хизматда сизни мақташса, ўша сизнинг инъомингиз бўлиши мумкин.
6) Жамоатда сизга қайси хизматни ишониб топширишади? Атрофдагилардан қандай мақтовларни эшитасиз?
Инъомингизни аниқлаш, сиз ўйлагандай, қийин ва мураккаб эмас. Худо сизга инъомни жамоатни мустаҳкамлаш учун, барчанинг манфаати учун бергани боис, инъомингизни аниқлашда Унинг Ўзи сизга ёрдам беради, чунки Худо инъомингизни ишлатишингизни ва уни ривожлантиришингизни жуда хоҳлайди.
#11 Бирон соҳада инъомингиз бор бўлса, бу дегани уни уддабуронлик билан, ҳеч қийналмай ишлата оласиз дегани эмас. Муаллим дарсга яхшилаб тайёрланиши керак. Бошқарувчи батафсил режа тузиши керак. Далда берувчи маълум мавзуда Каломга асослана олиши учун оятларни ёд олиши шарт. Хизмат қилувчи қайси йўл билан унумли хизмат қила олишини ўйлаб, режа тузиши шарт. Беғараз ёрдам берувчи мавжуд бўлган муҳтожликни аниқлаши ва айнан нима бериш кераклигини қарор қилиши зарур. Хуллас, ҳар қандай инъомни ишлатишда меҳнат талаб этилади.
#12 Инъомингизни ишлатлар экансиз, вақт ўтиши билан анча тажриба орттириб оласиз. Кўпроқ Муқаддас Китобни ўқинг, ибодат қилинг, сизникидай инъоми бор имонлилар билан маслаҳатлашинг, қилган ишингизни баҳоланг, шунда самаралироқ хизмат қилиш йўлларини топасиз.
#13 Ёш имонлиларга ёрдам беришнинг энг самарали йўллардан бири бу — қилган хизматларини қадлашингиз ва инъомларини ишлатганларида уларга миннатдорчилигингизни билдиришингиз. Мисол учун: “Раҳмат бугунги берган дарсинг учун. Ҳаммасини жуда тушунарли қилиб етказдинг!” “Оиламизга берган сўзинг ҳаммамиз учун катта далда бўлди” ва ҳоказо. Бу каби самимий миннатдорчилик уларга инъомларини кашф этишларига ёрдам беради ва уларни ривожлантиришга яхши туртки бўлади.
#14 Биродарларингиз ва опа–сингилларингиз ўзларида мавжуд бўлган инъомларини янада ривожлантиришлари учун уларга севги ва мулойимлик билан насиҳатлар қилинг. Мисол учун: дўстларим менга шошилмай, сўзларни яхши талаффуз қилиб гапиришимни маслаҳат беришди; ўқишим керак бўлган китобларни айтишди; маҳоратимни оширишим учун курсларга ёзилишни тавсия этишди; муаммоларимни ичимда сақламай, улар ҳақида ўртоқлашишни айтишди — буларнинг ҳаммаси керакли ва фойдалидир. Шахсан ўзим етук масиҳийлар берган бундай фойдали насиҳатлардан кўп манфаат кўрдим.
#15 Римликларга ёзилган мактубга яна бир бор қайтайлик.
Римликлар 12:6-8
Бизга берилган иноят бўйича ҳар биримизнинг ҳар хил инъомларимиз бор. Агар бирортасида Худонинг сўзини бошқаларга етказиш инъоми бўлса, у эътиқодимизга мувофиқ равишда гапирсин. 7 Агар бирорта одамга хизмат қилиш инъоми берилган бўлса, у хизмат қилсин, агар бирортасига муаллимлик инъоми берилган бўлса, у таълим берсин. 8 Агар инсонга далда бериш инъоми берилган бўлса, у далда берсин, беғараз ёрдам берадиган бўлса, сахийлик билан берсин. Етакчилик қиладиган одам қунт билан етакчилик қилсин, меҳр–шафқат кўрсатадиган одам хурсандчилик билан иш тутсин.
Бир–иккита сўз билан хулоса қилиб айтадиган бўлсак: инъомингизни аъло даражада ишлатинг. Зеро, инъомингизга бўлган бефарқлик жамоатингизни баракатдан маҳрум қилади. Шу боис қўлингиздан келганча ҳаракат қилинг! Инъомингиз қанотларида парвоз этинг!