Муносабатларни мустаҳкамлаш
Келинглар, шундай бир ҳолатни тасаввур қилайлик: мен хотиним билан ҳеч чиқиша олмайман. Айтишим керакки, хотиним ниҳоятда гўзал, мафтункор, меҳрибон, меҳмондўст аёл, унинг узун сочлари доимо мени ром қилиб келади, чақнаган кўзлари дилимни ёриштиради.
Тўйимиз жуда чиройли бўлиб ўтган эди, тўй дастурхони мўл–кўл, зиёфатга барча дўстларимиз келганди. Тўйимиз куни ҳаётимнинг энг бахтли куни бўлган.
Бироқ мен хотиним билан чиқишолмай қолдик. Бу борада менга ёрдамингиз керак.
Охирги пайтларда хотиним умуман ақлга сиғмайдиган талаблар қўя бошлади, бундан жуда ҳайронман. Илтимос, унинг ноҳақлигини исботлаб беринг.
Унинг айтишича, мен унга қулоқ солмас эканман, унга эътибор бермас эканман.
У шундай деб минғирла бошлаганда, мен никоҳ ҳақидаги гувоҳномамизни унга кўрсатаман, ажойиб тўй қилганимизни эслатаман, қандай ажойиб тўй зиёфати бўлганини, дўстларимиз келганини эсига соламан.
Нега энди унинг гапларига қулоқ солиб ўтиришим керак экан?
Ахир, тўймиз ўтди, турмуш қурдик.
Никоҳ ҳақида гувоҳномамиз ҳам бор. Қаранг, у қандай чиройли–я?
Хотиним доим: “Менга вақт ажратмайсиз”, деб хархаша қилади.
Нега аёллар шу қадар инжиқ бўлишади–я? Аҳмоқона гапларни гапиришади–я?
Мен унга: “Мен эрингман, ахир, турмуш қурганмиз”, деб айтаман. Тўйдаги дастурхон яхши бўлганини, тўй зиёфатига дўстларимиз келганини эслатаман. Мана, деб никоҳ ҳақида гувоҳномамизни кўрсатаман.
Биз энди бир оила бўлдик, ҳа деб хотиним билан вақт ўтказиб нима қиламан? Нега у мендан шуларни талаб қилаверади?
Илтимос, унга ноҳақ эканини айтинглар.
Наҳотки шундай гўзал аёл шу қадар аҳмоқ бўлса?
Хотинимни гапимга кўндира оласизми? Унга нима деб айтасиз?
Сиз унга ҳеч нарса айтмайсиз. Чунки у эмас, мен ноҳақман. Бу вазиятда шундай савол беришимиз керак: “Оила ўзи нима?”
Оила қуриш шунчаки чиройли тўй билан чекланиб қолмайди.
Оила бир умр давом этадиган муносабатдир. Бу дегани, турмуш ўртоғининг гапини тинглаш, у билан гаплашиш керак.
Ким оилани шунчаки чиройли тўй деб билади?
Ҳеч ким.
Ким оилани бир умр давом этадиган муносабат, деб билади?
Ҳамма.
Келинг, мақсадга кўчайлик:
Исо Масиҳ билан бўлган муносабат ҳам худди оиладаги муносабатга ўхшайди. Шундай эмасми?
Сиз Исони юрагингизга таклиф қилиб, шу билан кифояланиб қоласизми? Исони Нажоткор деб қабул қилиб, шу билан Уни эсингиздан чиқариб юборасизми? Шунинг ўзи сизни Исонинг шогирди қиладими?
Ёки Исонинг шогирди бўлиш – бир умр давом этадиган муносабатни билдирадими?
Наҳотки Исо хочда шунчаки гуноҳларимизни ювиш учун ўлган бўлса? Наҳотки биз нажот олганимиздан кейин, жаннатга боргунимизча Исога эътибор бермай, билганимизча яшашимиз тўғри бўлса?
Бу бемаънилик.
Галатияликлар 2:20да шундай ёзилган:
20 Энди яшаётган мен эмас, балки Масиҳдир. У менинг ҳаётимни бошқаряпти. Ҳали тирик эканман, Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшайман. Ахир, У мени севиб, Ўзини мен учун фидо қилган.
Масиҳийнинг ҳаёти шундан иборатки, Исо Масиҳ бизнинг ичимизда яшайди, биз ҳаётимизнинг ҳар бир дақиқасини Унга бағишлаб, яшашимиз керак.
Юҳанно 15:5
Мен — ток, сизлар эса новдасизлар. Агар Менда бўлсангизлар ва Мен сизларда бўлсам, кўп ҳосил берасизлар. Менсиз ҳеч нарса қилолмайсизлар.
Таги чизилган охирги гапга эътибор беринг. Биз кечаю кундуз тиним билай ишлашимиз мумкин. Бироқ, агар биз Худога боғланмаган бўлсак, Унинг назарида ҳеч нарса қилмагандай бўламиз. Агар ҳаётимизни Худога бағишламасак, умримиз беҳуда ўтган бўлади. Буни ким ҳам хоҳлаган бўларди?
2 Коринфликлар 5:10
10 Чунки ҳар биримиз Масиҳнинг ҳукм курсиси олдида ҳозир бўлишимиз керак. Шунда ҳар биримиз қилган яхши ёки ёмон ишларимизга яраша мукофот оламиз.
Ҳар бир масиҳий Раббимизнинг ҳукм курсиси олдида ҳозир бўлади. Масиҳга ишонган ҳар бир одамнинг ишларини Худо баҳолайди. Маълум бир имонли киши жаннатга кириш–кирмаслигини эмас, бу ҳақда савол ҳам бўлиши мумкин эмас, балки ўша имонли одам қандай ҳаёт кечирганини Худо ҳукм қилиб, қилган ишларига яраша мукофот беради. Агар биз Худога эътибор бермай, хоҳлаган ишимизни қилиб яшаган бўлсак, мукофот олишга умид қилмасак ҳам бўлади. Эвоҳ! Ўз жонини гуноҳларимизни ювиш учун фидо қилган Зот ҳузурида туриб, қурбонлиги учун бирор миннатдорчилик аломатини кўрсатмаслик қандай даҳшат бўлса керак?
Масиҳийлик бу — ҳаётнинг ҳар бир дақиқасини Худо билан ўтказиш дегани, бундай муносабат ҳамма нарсани ўзгартиради. Сиз севимли рафиқангиз, яқин дўстларингиз, яхши кўрган фарзандларингиз билан вақт ўтказганингиз сингари, самовий Отангиз билан ҳам худди шундай вақт ўтказишингиз керак.
Агар масиҳийлик шунчаки бир қатор қоидалардан ташкил топганда эди ва сиз Муқаддас Китобни шунчаки янги қоидалар рўйхати билан танишиш учун ўқиганингизда эди, ўша китобдан ҳазар қилган бўлардингиз. Исо Масиҳни севиб, У билан яқин муносабат қилиш ва шунчаки бир қатор қоидага риоя қилиш бир–биридан тубдан фарқ қилади. Тўғри, масиҳийча ҳаёт кечирган одам ҳам баъзи қоидаларга риоя қилиши шарт. Бироқ бу қоидаларга риоя қилишимиз Нажоткоримиз билан бўлган тирик муносабат ўрнини боса олмайди.
Агар масиҳийлик бир қатор қоидаларга риоя қилиш билан чекланган бўлганда эди, сиз Муқаддас Китоб ўқишни ва Худо билан мулоқот қилишни истамаган бўлардингиз.
Масиҳнинг шогирди бўлиш – муносабатни билдиради. Сиз ҳар куни Худо билан ибодат орқали гаплашасиз ва Муқаддас Китобни ўқиш орқали Унинг сизга айтмоқчи бўлган гапларини тинглайсиз.
Хуллас, масиҳийча ҳаёт Худо билан кундалик муносабатни билдиргани учун, Худо билан гаплашиш ва Уни тинглаш, яъни ҳар куни ибодат қилиш ва Муқаддас Китобни ўқиш ниҳоятда муҳимдир.
Ҳар куни Муқаддас Китобни ўқинг. Бу одатни яхшилашингиз учун нима қилишингиз керак?
- Ҳар сафар Муқаддас Китобни қўлингизга олиб, уни очганингизда ўзингизга: “Худонинг менга айтадиган гапи бор”, деб эслатинг. Худо. ХУДО! ХУДО! Бутун коинотни яратган Зот, сизнинг Яратгувчингиз сиз билан ҳар куни гаплашмоқчи. Бу нарса Муқаддас Китобни дунёдаги барча китоблардан ажратиб туради. Бу ҳақиқат!
- Гуноҳларингиздан тавба қилинг. Эътироф этилмаган гуноҳ сиз билан Худо орасида девор кўтаради. Бу кимга керак?
- Ўқиганларингизга итоат қилинг. “Итоаткорлик бу масиҳийча ҳаётнинг калити, у сизга ҳамма эшикларни очиб беради”. Қанча кўп итоат қилсангиз, шунча кўп тушунчага эга бўласиз, натижада эса Худога яқинлашасиз. Каллангизни шунчаки билим билан тўлдириш жуда хавфли. Итоат қилишни ўрганинг. Ўқинг ва итоат қилинг.
- Қуйида берилган оятлар Муқаддас Китобга қизиқишингизни уйғотади:
Еремиё 33: 3
Менга илтижо қил, сенга жавоб бераман. Сен ҳали билмайдиган буюк сирларни сенга айтаман.
Худо бизга зўр нарсаларни ўргатмоқчи! Келинглар, Унга имкон берайлик.
1Юҳанно 3:1
Қаранглар, Отамиз Худо бизни фарзандларим, деб қандай буюк бир севгини кўрсатди! Ҳақиқатан ҳам, биз Унинг фарзандларимиз.
Муқаддас Китобни ўқимоқ – Отамизнинг сўзларини тингламоқ дегани. Қандай яхши!
Ҳикматлар 30:5
Худонинг ҳар бир сўзи ҳақиқатдир.
Сиз ўқиган ҳар қандай китобдан кўра, дўстларингиз сизга айтган ҳар қандай гапдан кўра, интернетда ёки телевизорда эшитган янгиликлардан кўра Муқаддас Китобдаги ҳар бир сўз сизга фақат ҳақиқатни сўзлайди. Бунга ишонинг. Ҳаётингизни Муқаддас Китоб пойдевори устига қуринг.
Ишаё 28:29
Бу донолик келар Сарвари Оламдан,
Унинг маслаҳатлари ажойиб, донолиги буюкдир.
Мен бу оятни ЯХШИ КЎРАМАН. Унда нақадар ажойиб ваъда берилган! Агар ҳаётингизда афсусу надомат чекишни истамасангиз, у ҳолда Худога имкон беринг, Худо ҳаётингизни бошқарсин. Сизга тўғри йўл кўрсатсин. ЎША ЙЎЛДАН ЮРИНГ!
Қуйидагиларни амалда бажаришга аҳд қилинг:
- Муқаддас Китобни очганингизда компьютерингизни, телефон, телевизор, радиони ўчириб қўйинг, бутун диққат–эътиборингизни Худога қаратинг. Наҳотки У бунга лойиқ бўлмаса?
- Бутун Муқаддас Китобни ўқишни режа қилинг. Тўғри, ҳар биримизнинг яхши кўрган китобларимиз бор, лекин Муқаддас Китобнинг ҲАММАСИ илоҳий илҳом билан ёзилган, шу боис Муқаддас Китоб таркибидаги ҳамма китобларни ўқинг, Худо уларнинг ҳаммаси орқали гапиради.
- Муқаддас Китобни ақлингиз равшан бўлган пайтда ўқинг. Ахир, Худога кунимизнинг энг яхши вақтини бағишлашимиз керак эмасми?
- Муқаддас Китобни ўқир экансиз, Худо сизга гапиришига ишонинг. Баъзи кунлари ўқиган парчаларингиз сизга кўтаринки руҳ бахшида этади. Бошқа кунлари эса, Худо айрим нарсаларни секингина таъкидлаб ўтади. Бир хил куннинг ўзи йўқ.
- Худодан эшитган гапларга риоя қилишни ўзингизга эслатиб туринг, акс ҳолда ўз бошингизга муаммолар келтирасиз. Худосиз бу ҳаётда арзигулик ҳеч нарса қила олмайсиз. Бу эса кимга керак?
- Муқаддас Китобни ўқишга қанча вақт сарфлашингиз керак? Ўқиганингизда соатга қараманг. Китобни ҳар куни ўқишга одатланинг.
- Ўзингизни бошқалар билан солиштирманг. Баъзи одамлар Муқаддас Китобни сиздан тезроқ ўқишлари мумкин ёки ўқиган парчалардан кўпроқ ажойиб очиқликлар олишлари мумкин. Улар учун Худога шукрлар айтинг. Худонинг сиз учун Ўз мақсади ва режалари бор. Бутун эътиборингизни фақат Худога қаратинг!
Эҳа, Муқаддас Китобни ўқиш учун шунча кўрсатмалар–а!
Келинглар, энди ибодат ҳақида гаплашайлик.
Ибодат қилишимизга бизга нима халал беради?
Хаёлимга қуйидаги бешта тўсиқ келди:
- Эътироф этилмаган гуноҳ. Кейинроқ бу ҳақда кўпроқ тўхталиб ўтамиз.
Тушкунлик. Балки сиз жуда кўп ибодат қилгандирсиз, аммо ибодатингизга жавоб олмагандирсиз. Эсингизда тутинг, Худонинг йўли, бизнинг йўлимиз эмас. Баъзи пайтларда биз ўз режаларимиз, орзуларимиз, мақсадларимиздан воз кечишимизга тўғри келади. Баъзида эса кутишимиз керак бўлади.
- Ялқовлик. Ибодат оғир меҳнатдир. Ибодат диққат–эътиборни, вақтни ва шижоатни талаб қилади. Агар биз ибодатга куч сарфлашни истамасак, Худо ибодатимизга жавоб беради, деб хом хаёл қилманг.
- Худбинлик. Балки биз шунчаки мақсадларимизга, истаклагу хоҳишларимизга эришиш учун Худодан восита сифатида фойдаланмоқчидирмиз. Худо Ўзини хафа қилиб қўймайди. Худодан фойдаланаман, деб ўзингизни алдаманг.
- Солиштириш. Войбу! Анави одам ибодат қилган эди, Худо ибодатини зўр қилиб ижобат қилди. Мен эса шунча ибодат қилсам ҳам ҳеч нарса олмадим. Ўзингизни бошқаларга солишитириб вақтингизни беҳудага сарфламанг. Ҳар биримизни Худо ажойиб ва ўзига хос қилиб яратган ва ҳар биримиз орқали ўзига хос услубда ишлайди.
Самарали тарзда ибодат қилишимиз учун Муқаддас Китоб бизга қандай кўрсатмалар беради?
Забур 66:18
Юрагимда гуноҳим бўлса эди,
Мени асло эштимас эди Раббий.
Агар биз гуноҳдан юз ўгирмасак, Худо ибодатларимизни эшитмайди. Эрталаб туришимиз биланоқ, Худодан: “Билмай қилиб қўйган гуноҳларим бўлса менга кўрсат”, деб ибодат қилсак, кунимизни яхши бошлаган бўламиз. Ишончингиз комил бўлсин, Худо бу ибодатингизга албатта жавоб беради.
Юҳанно 16:24
Шу пайтгача Менинг номим билан Отамдан ҳеч нарса сўрамадингизлар. Сўранглар, оласизлар ва қалбингиз шодликка тўлади.
“Қандай яхши. Эй Худойим, қўшнимнинг уйини ёндириб кул қилгин. Исо Масиҳ номи билан ибодат қиламан. Омин.” Йўқ. Йўқ. Йўқ. Бу оятда, Исонинг номи билан худбин истакларингиз амалга ошишини сўранг, деб айтмоқчи эмас. Биз “Исонинг номи билан”, деб ибодат қилганимизда ва ибодатимиз Исонинг иродасига мувофиқ бўлса, Исо ибодатимиз остига гўёки имзо қўйгандай бўлади. Сизнинг айтган ибодатингиз Худонинг иродасига мувофиқми? Агар мувофиқ бўлмаса, бошқа бундай деб ибодат қилманг.
Юҳанно 15:7
Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, сизга берилади.
Агар биз Исо Масиҳ билан алоқада бўлсак ва Муқаддас Китобдаги сўзларни қалбимизга жо қилсак, Худо ибодатларимизга жавоб беради. Нега? Бу ҳақда бир ўйлаб кўринг. Агар биз Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ҳаётимизга сингдирсак, ўша ҳақиқат ўй–хаёлларимизни ва хоҳиш–истакларимизни бошқаришига йўл қўйсак, у ҳолда ҳаётимиз Худонинг иродасига мувофиқ бўлади.
1 Юҳанно 5:14 4
Биз абадий ҳаётга эга бўлганимиз учун Худонинг ҳузурида дадил бўламиз, чунки Худонинг иродасига кўра, нимани сўрасак, У бизга қулоқ тутишини биламиз.
Бу оятни диққат билан ўқинг. Агар сиз Худонинг иродасига кўра ибодат қилсангиз, У ибодатингизга жавоб беради…шу сабабдан Худонинг иродасига кўра ибодат қилишни — ўқланган пистолетга ўхшатишади. Эҳтиёт бўлинг! Ибодатингизга жавоб йўлда!
Қайси оятлар ибодатингизга қуч бағишлайди?
1 Юҳанно 3:1
Қаранглар, Отамиз Худо бизни фарзандларим деб, қандай буюк бир севгини кўрсатди! Ҳақиқатан ҳам, биз Унинг фарзандларимиз.
Агар сиз Исони Нажоткорингиз, деб қабул қилган бўлсангиз, ибодат қилганингизда осмондаги баркамол Худо сизнинг ибодатларингизни эшитади,чунки У сизга Ўзининг фарзандига қарагандай қарайди, сизга сахийлик билан меҳрини улашади, Ўз режаларини сизга аён қилади.
Ёқуб 5:16
Шунинг учун қилган гуноҳларингизни бир–бирингиз олдида тан олинглар, бир–бирингиз учун ибодат қилинглар, шифо топасизлар. Солиҳ одамнинг илтижоси кучли таъсирга эгадир!
Одамлар гуноҳларимизни кечириши учун биз уларнинг олдида тавба қилишимиз керакми? Ёки дўстларимиз гуноҳларимизни кечириши учун улар олдида тавба қиламизми? Йўқ. Фақат Худо гуноҳларимизни кечира олади. Биз яқин дўстларимиз олдида гуноҳларимизни тан оламиз (бу дўстлар сир сақлай оладиган, синалган дўстлар бўлиши шарт), токи гуноҳимизни енга олишимиз учун улар ибодат қилишсин. Менда 30 йилдан бери шундай садоқатли дўстларим бор. Улар мен учун туғишган ака–укаларимдай бўлиб қолган, биз доим шахсий муаммоларимиз учун бирга ибодат қиламиз, оғиримизни енгил қиламиз. Оғир юкни ўзингиз кўтаришингиз керак эмас, бунинг учун дўстларингиз бор. Ҳаётдаги қийинчиликларни ечишга ёрдам берадиган биродарлар борлигини билиш нақадар қувончли.
Ишаё 62:6-7
Эй Қуддус, деворларингга соқчилар қўйдим,
Улар кечаю кундуз ибодатни бас қилмайди.
Эй Эгамизга ибодат қиладиганлар!
Сизлар ҳам ҳеч жим турманг.
7 Қуддусни барқарор қилгунга қадар,
Уни ер юзининг фахри қилмагунга қадар
Эгамизга ҳеч тинчлик берманглар.
Юқоридаги оятда ёзилишича, шаҳар деворидаги соқчи Қуддус учун Худога тинмай ибодат қилиши керак. Қанийди, сиз жаннатга борганингизда Исо сизни “тинмай ибодат қиладиган инсон”, деб таърифласа, зўр бўларди! Бу оятдаги сўзлар мамлакатимиз, жамоатимиз, оиламиз, Хушхабарнинг ёйилиши, руҳий ўсишимизга ибодат қилишимиз учун яхши туртки бўлиб хизмат қилади. Худо муттасил ибодатни юксак даражада мукофотайди.
Mатто 17:20
Сизларга чинини айтайин: агар зиғирдай имонингиз бўлиб, шу тоққа: “Бу ердан у ерга кўч”, — деб айтсангиз, тоғ кўчади. Сизлар учун имконсиз нарса бўлмайди.
Ҳаётингиздаги қайси муаммолар сиз учун тоққа айланган? Қайсилари учун ибодат қилишингиз керак? Муаммоларингиз рўйхатини тузиб, Матто 17:20–оятдаги сўзлар билан ибодат қилишни бошланг, муаммоларингизни йўқ қилинг.
Ёқуб 4:2
Сизларда хоҳлаган нарсангиз йўқ, чунки уни Худодан сўрамайсизлар.
Хммммммммммммммммммммммм. Сиз Худодан йўқ бўлган қайси нарсани сўрамадингиз?
Сиз ҳар кунги ибодатингизда Муқаддас Китоб оятларидан фойдаланасизми? Мен вазиятингизга мос келадиган оятларни назарда тутяпман. Сиз улардан ҳар куни фойдаланасизми ва уларга риоя қилишга Худодан куч сўрайсизми? Сизга айрим мисолларни келтиришим мумкин. Қуйидаги оят ҳақида нима дейсиз?
Ишаё 26:3
Эй Эгамиз, Сенга ишониб,
Фикри–зикри Сендан узилмайдиганга
Ўзинг комил тинчлик ато қиласан.
Ҳар куни Худонинг комил тинчлиги қалбингизда ҳукмрон бўлишини Худодан сўрайсизми?
Mатто 22:37-38
Исо унга деди:
— “Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан севинг.” 38Бу биринчи ва энг буюк амр.
Агар бу энг буюк амр бўлса, нега бу амрга жиддийроқ ёндашмаймиз, нега Худодан: “Сени кўпроқ севишимга ёрдам бер”, деб ҳар куни сўрамаймиз?
Mатто 10:16
Сизлар илондай зийрак, каптардай оқ кўнгил бўлинглар.
Гуноҳга ботиб кетган бу дунёда яшар эканмиз, нега Худодан: “Муаммоларни ҳал қилишимга донолик бер”, деб сўрамаймиз?
Еремиё 10:23
Эй Эгам, биламан,
Одам зоти ўз тақдирини ўзи белгилай олмайди,
Ўз қадами ўзининг ихтиёрида эмас.
Биз вақтимиздан унумли фойдаланишни билмаймиз. Худо эса билади. Ҳар кунги вақтимизни донолик билан ишлатишимиз учун Унинг овозига сезгир бўлишни сўрашимиз мумкин–ку!
Ва ниҳоят, агар сиз бошқа биродарларга имонда ўсишларига ёрдам бермоқчи бўлсангиз, Павлуснинг имонлилар учун шижоат билан қилган қуйидаги ибодатларини ўқиб чиқинг. Келтирилган оятлар анчагина. Улардаги маъно эса қалбга қувват бағишлайди.
Римликлар 1:9
Худонинг Ўғли ҳақидаги Хушхабарни ёяр эканман, чин қалбимдан Худога хизмат қиламан. Худо шоҳид, мен доим сизлар учун ибодат қиламан.
Эфесликлар 1:15,16
Раббимиз Исога бўлган имонингиз ва Худонинг азиз халқига бўлган меҳр–муҳаббатингиз ҳақида эшитганимдан бери, 16 сизлар учун ибодат қилганимда, тинмай Худога шукурлар айтаман.
Эфесликлар 3:14-16
Юқорида айтиб ўтганларим ҳақида ўйлаганимда, самовий Отамиз олдида тиз чўкиб, ибодат қиламан. 15 Ер юзидаги ва осмону фалакдаги ҳар бир жонзотнинг ҳаёт манбаи самовий Отадир. 16 Менинг тоат–ибодатларим қуйидагичадир: Худо Ўзининг улуғвор бойлиги билан сизларга куч–қудрат бериб, Ўз Руҳи билан ички борлиғингизни бақувват қилсин.
Филиппиликлар 1:3,4
Ҳар сафар сизлар ҳақингизда ўйлаганимда Худойимга шукурлар айтаман. 4 Ҳаммангиз учун ибодат қилганимда, ҳар доим шодлик билан ибодат қиламан.
Колосаликлар 1:9
Шу сабабдан сизлар ҳақингизда эшитган кунимиздан бери сизлар учун ибодат қилишни канда қилмаяпмиз. Худонинг Руҳи берадиган донолик ва ақл–идрок орқали Унинг иродасини тўлиқ англаб етинг, деб ибодат қиляпмиз.
1Салоникаликлар 1:2,3
Биз доим сизлар учун ибодат қилиб, ҳаммангиз учун Худога шукурлар айтамиз, 3 Имон ва севги билан қилган ишларингиз учун, Раббимиз Исо Масиҳга боғлаган собит умидингиз учун доимо Отамиз Худога миннатдорчилигимизни билдирамиз.
1Салоникаликлар 3:9
Сизлар туфайли биз Худо олдида қувончга тўлиб юрибмиз. Шундай экан, қандай қилиб Худога ўз миннатдорчилигимизни билдирмай тура оламиз?
2 Салоникаликлар 1:3
Имон ва севги билан қилган ишларингиз учун, Раббимиз Исо Масиҳга боғлаган собит умидингиз учун доимо Отамиз Худога миннатдорчилигимизни билдирамиз.
2 Timothy 1:3
Мен ота–боболарим каби, Худога виждонан хизмат қилиб, кечаю кундуз сен учун ибодат қиламан.
Устозлар доимо шогирдларининг ҳаётлари учун ибодат қилишлари керак. “Хушхабар ёйишдаги, шогирд орттиришдаги ва жамоат ўсишидаги ҳар бир қадам —қилинган ибодатларга бевосита боғлиқ бўлади.”
Ибодат учун яхши маслаҳатлар керакми?
- Ибодатларингизни қуйидаги гуруҳларга бўлинг: шахсий, оила, дўстлар, хизмат. Ҳар бир гуруҳ учун алоҳида–алоҳида рўйхатлар тузинг. Шундай қилсангиз, ибодатларингиз анча тартибли бўлади.
- Ибодатларингиз учун алоҳида кундалик тутинг, унга ижобат бўлган ибодатларингизни ёзинг. Бошқалар уни кўрмаслиги учун, уни компьютерингизда сақлашингиз мумкин.
- Бирортаси сиздан муҳтожлиги ёки муаммоси учун ибодат қилишингизни сўраганда, уни дарҳол ёзиб қўйинг. Акс ҳолда, ўша одам учун ибодат қилишни унутиб, унга панд бериб қўйишингиз мумкин.
Хулоса:
Сиз ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиш ва ибодат қилиш орқали Худонинг овозини эшитсангиз ва Унга итоат қилсангиз, Худо қўлингиздан тутиб, бутун умрингиз давомида ҳаёт сўқмоқларидан сизни бошлаб боради. Кўплаб одамларнинг бизга ажратадиган вақти йўқ. Худонинг эса биз учун доимо вақти бор. Ҳаётимиздаги кўп одамлар бизни тарк этади. Худо эса доим ёнимизда бўлади. Баъзи одамлар иши билан ёки дам олиши билан банд бўлади, уларга хоҳлаган пайтингизда мурожаат қила олмайсиз. Худога эса ҳар қачон мурожаат этишингиз мумкин. Масиҳийлик бу – Яратган Худо билан узлуксиз, абадий муносабатдир, сиз буни тушундингизми? У бизни яратган, қутқарган, коинотни бошқариб турибди. Нақадар ажойиб, шундай эмасми?