Тимўтийлар
Биз “Тимўтийлар” деганимизда кимларни назарда тутамиз?
Биз “Тимўтийлар” деганимизда қуйидагиларни назарда тутамиз: биз битта ёки бир нечта ёш, иқтидорли имонлиларни шогирд қилиб танлаб оламиз. Сўнг уларни етук, жавобгар, художўй етакчилар қилиб ўстириш мақсадида уларни ўқитамиз, уларга устозлик қилишни, далда беришни ўргатамиз, руҳан вояга етказамиз. Қанот остига олинган бундай ёшларни биз Тимўтийлар деб атаймиз. Бу эзгу ишда биз ҳаворий Павлусдан ўрнак оламиз, у шогирди Тимўтийга иккита мактуб ёзган эди. Бу мактублар Янги Аҳд таркибига кирган. Павлуснинг қиладиган ишлари шу қадар кўп эдики, унга яхши таълим олган, малакали ҳамкор керак эди. Бу ҳамкор Павлуснинг ҳаётлигида унга ёрдам бера оладиган, вафотидан кейин эса унинг йўқлигини билдирмайдиган бўлиши керак эди. Тимўтий айнан ўшандай одам эди.
Янги Аҳд даврида Тимўтий қандай ютуқларга эришган?
“Тимўтий Павлуснинг котиби бўлиб, бир қатор мактубларининг, чунончи, 2 Коринфликлар, Филиппиликлар, Колоссаликлар, 1 ва 2 Салоникаликлар, Филимўн мактубларининг ҳаммуаллифи эди. Хушхабар ёйиш саёҳатларида Тимўтий доим Павлусга ҳамроҳлик қиларди. Павлус қамоқда бўлганда эса Тимўтий Павлуснинг ўрнига Коринф ва Филиппи жамоатларида хизмат қиларди. Бир муддат давомида Тимўтий ҳам имони туфайли қамалган эди. Қамоқдаги пайтида унинг шаҳодати туфайли бир нечта одам масиҳий эътиқодини қабул қилди. Айрим маълумотларга кўра, Павлуснинг вафотидан сўнг, Тимўтий Эфес жамоатининг бош чўпони бўлиб хизмат қилган эди.
“Тимўтийлар” муҳимми?
Ҳа, улар ниҳоятда муҳимдирлар! Уларнинг саъй–ҳаракатлари туфайли жамоатдаги етакчиларнинг сони кўпаяди, улар толиққан хизматчиларга далда билан таскин беришади. Жамоат кейинги авлодда ҳам давом этиши учун замин яратишади.
Нима сабабдан айрим масиҳий етакчилар Тимўтийларни ўстиришни истамайдилар?
Бунга сабаб худбинлик, қўрқув ва мағрурликдир. Ўшандай етакчилар эътибор марказида доим ўзлари бўлишни истайдилар, улар ўз жойини ҳеч кимга беришни хоҳламайдилар, жамоатдаги одамлар билан масофани сақлайдилар, “Тимўтий” ўзларидан ўзиб кетишидан, уларда йўқ қобилиятларни намоён қилиб қолишидан улар қўрқадилар. Яккахонликни раво кўрган бундай етакчиларнинг характерида катта нуқсонлар бўлиб, улар ўзларидан кейин ўта ожиз бўлган жамоатни қолдирадилар.
Агар сиз Тимўтийни тайёрламасангиз нима юз беради?
Афсуски, бу саволга жавобни мен ўзимнинг тажрибамдан келиб чиққан ҳолда бераман. Ёнимиздаги бир жамоатнинг чўпони ўн бир йил давомида чўпонлик қилиб келган. Жамоатга келган одамлар чўпон олиб борган хизмат орқали имонга келишарди, аммо жамоатнинг ўзида шогирд ўстириш, етакчиларни тайёрлаш, ҳатто жамоат аъзоларининг мажлиси ҳам ўтказилмасди. Чўпон вазифасидан бўшатилгандан кейин, жамоатдаги одамлар худди етим болаларга ўхшаб қолишди, улар нима қилишни, ўзларини қаерга уришни билишмасди. Янги чўпон ишини бошлаганида, унга ёрдам берадиган биронта тажрибали одам йўқ эди. Бир муддат давомида жамоат жуда қийналди. Худога шукурки, янги чўпон бир нечта Тимўтийни ўзига ёрдамчи қилиб тайёрлади. Вақт ўтиб, ҳамма нарса ўз изига тушиб кетди. Агар олдинги чўпон ҳам муносиб ёрдамчиларни тайёрлаганида эди, бу қийинчиликларнинг олдини олса бўларди.
Павлус Тимўтийни нималар асосида танлаганди?
Ҳаворийлар 16:1–2 Павлус билан Силас Дарба ва Листра шаҳарларига борди. Листрада Исонинг Тимўтий исмли шогирди яшарди. Унинг онаси имонга келган яҳудий бўлиб, отаси юнон эди. 2 Листра ва Икониядаги имонлилар Тимўтий тўғрисида яхши гаплар айтишарди.
Тимўтий Худони севар эди, у янги нарсаларни ўрганишга очиқ эди. Павлус биринчи дуч келган одамни ўзига шогирд қилиб олмади. У бошқаларнинг ҳурматини қозонган, Худога чанқоқ бўлган инсонни танлади.
(Бу бизга Луқо 6:12–16 оятлардаги вазиятни эслатади: Исо шогирдлари билан анча вақт бирга бўлганидан кейин, уларни обдан кузатганидан кейин, бир куни кечаси билан ибодат қилиб чиқди. Эртаси кунига эса Ўзига 12 та шогирд танлади.)
Биз Янги Аҳддан Тимўтий ҳақида нималарни билиб оламиз?
Римликлар 16:21 да Павлус Тимўтий ҳақида шундай ёзади:
Менинг ҳамкорим Тимўтий…
Тимўтий Павлуснинг қаноти остидаги одам, имондаги ўғли, энг яқин шогирди ва азиз дўсти эди.
1Коринфликлар 4:17 да Павлус шундай ёзади: Ана шу мақсадда мен Раббимиз Исога содиқ бўлган севимли ўғлим Тимўтийни сизларнинг олдингизга юборяпман. Ҳар ерда ва ҳар бир имонлилар жамоатида таълим берар эканман, Исо Масиҳга тегишли бўлиб, қандай ҳаёт кечираётганимни у сизларга айтиб беради.
Павлус Коринф шаҳрига ўзининг ўрнига тўлиқ ишонч билан Тимўтийни юборган эди. Тимўтий ўша даражага етиши учун қанча тайёргарликдан ўтиши кераклигини бир кўзингиз олдига келтириб кўринг.
1 Коринфликлар 16:10 Тимўтий олдингизга борганда унга ғамхўрлик қилинглар, у орангизда хотиржам юрсин, чунки у ҳам менга ўхшаб Раббимиз Исо хизмати билан машғул.
Бунда–да яхшироқ мақтов бўлиши мумкинми? Павлус Тимўтийни ўзининг даражасига кўтарди. Ажойиб! Бироқ бу каби шогидлар кўп бўлмайди. Сиз ўзингизга ўхшаган шогирдни ўстиришингиз учун кўп таълим беришингиз, ибодат ва ҳамкорлик қилишингиз керак бўлади. Ҳар бирмизнинг вақтимиз эса чекланган. Павлус шогирд ўстиришда сонга эмас, сифатга эътиборини қаратгани кундай равшандир. Бугунги кунда бутун дунё одам сонига эътибор қаратган бир даврда, сифатга эътибор бериш ноанъанавий бир ҳолатдир.
2 Коринфликлар 1:19 Силас, Тимўтий ва мен сизларга Худонинг Ўғли — Исо Масиҳ ҳақида айтганмиз. Исо Масиҳ ўзгарувчан эмас. У доим садоқатлидир.
Тимўтий, Павлус ва Силас одамларга Худонинг Ўғли Исо Масиҳ ҳақида таълим берар эдилар. Улар Муқаддас Китоб ҳақиқатини ўзгартирмасдан ўргатишарди.
Филимўн 2:19-22 Раббимиз Исонинг иродаси билан яқинда Тимўтийни сизларнинг олдингизга юбораман, деб умид қиламан. Шунда аҳволингиздан хабардор бўлиб, кўнглим таскин топади. 20 Тимўтийни юборишимнинг сабаби шуки, сизлар учун худди мендай чин кўнгилдан жой куйдирадиган бошқа ҳеч ким йўқ. 22 Ўзларингиз биласизлар, биз Хушхабарни ёйишда Тимўтий билан бирга ота–ўғилдай хизмат қилдик. У ўзининг ҳурматга лойиқ эканини кўрсатди.
Балки Павлус Тимўтийдан бошқа шогирдларини ҳам юбориши мумкин бўлгандир. Аммо етказиладиган хабар шу қадар нозик эдики, уни Тимўтийдан бошқа одам етказа олмасди. Бошқа шогирдлар Павлусни уялтириб қўйишлари мумкин эди.
1 Салоникаликлар 3:2 Охири чидай олмай, укамиз Тимўтийни олдингизга юборишга қарор қилдик…Азоб–уқубатлар туфайли йўлдан тоймаслигингиз учун Тимўтий сизларни имонда мустаҳкамлаб, далда берсин, дедик.
Тимўтий бу вазифани бажара олиши учун кўплаб тайёргарликлардан ўтиши керак бўлган. Шудан ҳам кўришимиз мумкинки, жамоатимиздаги ҳамма шогирдлар ҳам Тимўтийдай бўла олмайди. Шу сабабдан ҳам, ҳар қандай шогирдни “Тимўтий” деб атаб бўлмайди, Тимўтий даражасига ҳар ким ҳам етиша олмайди.
Ибронийлар 13:23 Айтмоқчи, биродаримиз Тимўтий қамоқдан чиқди. Агар бу ерга у вақтида етиб келса, сизларни кўргани борганимда, уни ҳам олиб бораман.
Павлус қамоқда ўтириб чиққан эди. Тимўтий ҳам қамоқда ўтирган эди. Аммо иккови ҳам қамалганини рўкач қилмади ва хизматини тўхтатмади. Улар иккови ҳам тинмай хизмат қилишарди.
Павлус Тимўтийни ўстиргани борасида баъзи хулосавий фикрлар:
Павлус Тимўтийни кучли бўлишга ундарди:
“Тимўтий ёш бўлишига қарамай, кўп ёши катта имонлиларнинг ҳурматини қозонган эди. Павлуснинг таълимоти туфайли, Тимўтий Хушхабарни усталик билан етказадиган ишончли хизматчи бўлиб етишганди.”
Бироқ Павлус Тимўтий билан кўп вақт бирга ўтказгани учун, унинг ожиз томонларини ҳам биларди. Шу сабабдан унга олдиндан доно насиҳатлар бергади.
“Тимўтий ёш бўлгани сабабли хизматда ўзини ноқулай сезарди.” Шунинг учун Павлус унга шундай деб ёзди:
1 Тимўтий 4:12: Ёшсан деб, ҳеч ким сени камситмасин. Аксинча ҳамманинг ҳурматини қозониш учун сен сўзда, юриш–туришда, меҳр–оқибатда, имонда ва ахлоқда имонлиларга ўрнак бўлгин.
“Тимўтий қўрқувни енгишга қийналарди, у жуда тортинчоқ эди. Шунинг учун Павлус унга қуйидагича кўрсатмалар беради:
2 Тимўтий 1:6-7: Шу сабабдан, ёдингда бўлсин: мен устингга қўлларимни қўйиб дуо қилганимда, сен Худодан Муқаддас Руҳни инъом қилиб олгансан. Ичингдаги ўша Муқаддас Руҳ инъомини алангалатиб тур. Зеро, Худо берган Руҳ қалбимизга қўрқув солмайди, аксинча, бизга куч, муҳаббат ва ақли расоликни ато қилади.
Энг қизиқарли нарса шуки, Павлус Тимўтийга ёзган иккинчи мактубида умуман таълимот ҳақида сўз очмайди. Бунинг ўрнига у 25 та кўрсатма ва амрни ёзади. Шу билан Павлус Тимўтийга: “Сен ҳақиқатни биласан, энди билганларингни амалда қўллагин”, деб айтгандай бўлади. АМАЛ! ҲАР КУНИ ХУДОНИНГ ҲАҚИҚАТИНИ АМАЛДА ҚЎЛЛАГИН!
Сиз эркак киши бўла туриб, аёл кишига мураббийлик қилиб, уни Тимўтий даражасига кўтара оласизми? Ёки аёл киши бўлсангиз эркак кишига мураббийлик қила оласизми?
Бу доно фикр эмас. Ҳар қандай васвасадан қочишга ҳаракат қилинг. Ортиқча гап–сўз кўпаймасин.
Tитус 2:3-5 Ёши катта аёлларга ҳам тайинла, улар шарафли ҳаёт кечирсинлар. Ғийбат қилмасинлар, майхўрликка ружу қўймасинлар. Ҳар қандай хайрли ишда ибрат кўрсатиб, 4 келинларга панд–насиҳат қилсинлар, уларга ўз эрлари ва фарзандларини севишни, 5 вазмин, иффатли, рўзғорга жонкуяр, меҳрибон, эрларига бўйсунадиган бўлишни ўргатсинлар. Шунда ҳеч ким Худонинг каломини ёмонламайди.
Ёши катта аёлларнинг асосий вазифаси келинларга ўрнак бўлиш, уларни ҳар томонлама етук инсон қилиб ўстириш. Эркакларни ўстириш учун эркаклар, аёлларни ўстириш учун эса аёллар мураббийлик қилишлари керак.
Қуйида “Тимўтийлар”ни ўстириш учун батафсил кўрсатмалар берилган:
- Қобилияти бор Тимўтийларни таналаш мезонлари:
- a. Танланадиган одам Худонинг қалбини акс этмоғи лозим – у Муқаддас Калом орқали Худонинг иродасини биладиган ва уни амалда қўллайдиган бўлиши керак.
б. Меҳр–оқибатли,
в. Ташаббусли – ғайратли – таваккал қилишга қўрқмайдиган – имон билан иш тутадиган инсон бўлиши шарт.
г. У ижодкор – кўп ғояларга эга бўлган,
д. Садоқатли – барча жавобгарликларини ва вазифаларини беками–кўст бажарадиган
е. Билимга чанқоқ – ўрганиш учун барча имкониятлардан фойдаланадиган бўлсин.
ж. Ўқишга ва ишга доим тайёр турсин. Зеро, етакчилик хусусиятларига эга бўлган одамлар вақтини беҳудага сарф қилмайдилар. Улар доим тўғри деб билган иш билан машғул бўладилар, самарадорлигини ошириш йўлларини қидирадилар, шу сабабдан ўрганишга доим тайёрдирлар.
з. Янги нарсаларни ўрганишга очиқ,
и. Соғлом даражада мустақил бўлсин.
- Тимўтийларга нима ҳақида таълим бериш керак ва уларни қайси томондан ўстириш керак?
- a. Худо ҳақида тушунча: Худо Ким? Худонинг феъл–атвори қандай?
б. Абадий қадриятлар ҳақида тушунча.
в. Шогирдларни ўстириб, 2:7 дастури билан танишитириш ва ҳар томонлама тарбиялаш
г. Муқаддас Китобдаги оятларни ёд олиш: ҳафтасига камида иккита оятни ёдлатиш ва уларни доим такрорлатиш.
д. Имон илдизларига эътибор бериш, яъни ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиш, сажда қилиш, ибодат қилиш, сахийлик, хизмат, Хушхабар айтиш, итоаткорлик ва ҳоказолар амалда бажарилаётганига ишонч ҳосил қилиш даркор. Тимўтий шогирдингиз буларга ҳар куни амал қиладиган бўлсин.
е. Руҳий ўсиш: шогирдингиз Масиҳда кимлигини чуқур тушунадиган бўлсин, Худо унинг ички борлиғини қанчалар ўзгартиришга қодир эканини англасин.
ж. Характер ва феъл–атворнинг шаклланиши ҳамда таълим.
з. Гуруҳда ишлаш – шогирдингизга командада яхши ишлашни ўргатинг.
и. Шогирдингиз бошқлар билан чиқиша оладиган, хушмоамала, хизматда бошқаларни ўстира оладиган бўлсин. Бунда ўзингиз унга ўрнак бўлинг.
- Тимўтийларга қандай йўл билан таълим берасиз ва уларни қандай ўстирасиз?
- Ибодат. Ибодат. Ибодат. Агар бу ишда сизга Худонинг Ўзи ёрдам бермаса, сизнинг қўлингиздан ҳеч нарса келмайди.
б. Шогирдингизни кўпроқ фикр юритишга унданг – иложи борича, унга кўпроқ саволлар беринг. Шогирдингиз Муқаддас Китобга мувофиқ фикр юритяптими ёки йўқми? Бунга ишонч ҳосил қилинг.
в. Бирга кўпроқ вақт ўтказинг. Негаки, кўп муҳим нарсаларни шогирдлар эшитиб эмас, кузатиб ўрганадилар. Улар сизни кузатиб, сиздан намуна олишларига кўпроқ имконият яратинг. Уларга кўпроқ саволлар беринг: Нима кўрдинг? Сенга нима ёқди? Нимани яхшироқ қилса бўлар эди? Нима ўрганиб олсак бўлади?
г. Кўпроқ бирга Муқаддас Китобни ўқиб, ибодат қилинг.
д. Турли мавзуларга: илдизларга, феъл–атворни шакллантиришга, оилага, муносабатларга ва хизматга оид вазифаларни беринг.
е. Биргаликда режа тузинг. Бирга ибодат қилинг.
ж. Биргаликда баҳолашни ўтказинг.
з. Шогирдингиз иш қилаётганини кузатинг, унга саволлар беринг: Мақсадинг нима? Нимага айнан шуни қилмоқчисан?
и. Унга бирор хизматни мустақил тарзда бажаришни буюринг.
к. Жамоатлар қуйидаги иккита йўналишда ўз хизматларини кенгайтиришлари шарт:
1) Имонлилар кўпроқ Масиҳга ўхшаб боришлари учун имкониятлар яратиш.
2) Имонсизларга Хушхабарни тушунарли тилда, улар қабул қила оладиган шаклда етказиш.
Буларни амалга ошириш учун кўп изланишлар ва янги ғоялар керак бўлади.
- Кичик гуруҳ етакчиларини тайёрлаш учун мисоллар
- Кичик гуруҳларни қандай бошқариш кераклигини шогирдларингизга ўргатинг: улар савол бериш санъатини ўзлаштириб олсинлар, яъни маълумот олиш учун бериладиган савол, тингловчилар мавзуни қанчалик тушунганини кўриш учун бериладиган савол ва амалда қўллаш саволини қандай тузиш кераклигини билсинлар.
Улар муносабат устида ишласинлар, яъни гуруҳдаги одамлар билан яқин муносабат ўрната олсинлар.
Етакчилик хусусиятларини ривожлантирсинлар, гуруҳни яхши бошқаришни ўргансин.
б. Агар етакчи бу гуруҳда олдиндан бўлган бўлса:
Ўша гуруҳнинг ва етакчининг кучли ва ожиз томонларини аниқланг.
в. Агар шогирдингиз 2:7 дастури ўргатиладиган гуруҳга олдин қатнашмаган бўлса:
Сиз олиб борадиган ёки бошқа тажрибали бир етакчи олиб борадиган 2:7 гуруҳ йиғилишига уни қатнаштиринг. Йиғилишдан кейин унга саволлар беринг.
г. 2:7 гуруҳининг асосий мақсадларини кўриб чиқинг.
Руҳан ўсиш, Масиҳга ўхшаб ўзгариб бориш, руҳий илдизларни ривожлантириш, руҳий фарзандларни бунёд этиб, уларни ўстириш мавзуларини биргаликда ўрганинг. д. Гуруҳга қатнашиб туринг.
Натижаларни биргаликда баҳоланг.