Ko’prik
Кўприк сурати
Хушхабар айтишда “Кўприк” суратидан фойдаланиш усули
“Кўприқ” сурати Хушхабарни айтишда қўл келадиган самарали усуллардан биридир. Бу усул кўп йиллик тажрибага эга бўлиб, турли вазиятларда қўлланилади, гуруҳларда ва яккама–якка одамларга Хушхабарни етказишда муваффақиятли натижаларга олиб келади. “Кўприк” усули Хушхабар айтишингизда сизга ҳам қўл келади деган умиддамиз.
“Кўприк” суратининг турли вариантлари мавжуд. Мазкур дарсликда ишлатилган сурат кенг қўлланиладиган вариантлардан бири ҳисобланади. Устозингиз суратга ўзгартиришлар киритиши мумкин. “Кўприк” усулидан қандай фойдаланиш кераклигини устозингиздан ўрганиб олинг. Имонсизларга “Кўприк” орқали Хушхабарни тушунтиришни ўрганиб олганингиздан кейин, суратни ўзингизнинг дидингизга мослаштириб олишингиз мумкин. Агар бу усулни ўз тажрибангизга мувофиқ тарзда ўзингизга мослаштирсангиз, Хушхабар айтишда бу усул гўёки қўлингиздаги ўткир қуролдай бўлади.
Вазиятга қараб иш тутинг
Одатда “Кўприк” сурати орқали Хушхабар айтиш учун 15–20 дақиқа вақт талаб қилинади. Лекин сиз уни қисқача қилиб 15 дақиқа давомида айтишингиз ёки бир соат давомида батафсил тушунтиришингиз мумкин. Турли шароитга мослашиши бу усулнинг энг катта ютуғидир. Уни вазиятга қараб қўллаш мумкин.
Сезгир бўлинг
Турли вазиятларда Муқаддас Руҳ сизни турлича бошқаради. Шунинг учун суҳбат давомида суҳбатдошингизга эътиборли ва Муқаддас Руҳга сезгир бўлинг. Ичидингиздан ибодат қилинг, Хушхабарни тушунарли қилиб етказа олишингиз учун Худодан донолик сўранг, Унинг Ўзи сизни бошқариб турсин.
Йўналтиринг
Тажрибамга суянган ҳолда айтишим мумкинки, Хушхабарни тарғиб қилишдан олдин тингловчини тайёрлаш керак. Кўпинча, Хушхабарни шахсий гувоҳлигингиздан кейин айтишингиз мақсадга мувоффиқ бўлади. Гувоҳликни айтгандан кейин суҳбатдошингизнинг фикрини билиб олинг. Бунинг учун шундай савол беришингиз мумкин:
“Ҳаётимни ўзгартирган нарса шу бўлди. Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?”
Борди–ю, суҳбатдошингизни тўғридан тўғри мавзуга йўналтирмоқчи бўлсангиз, унга шундай савол беришингиз мумкин: “Зокиржон, ҳеч нажот ҳақида ўйлаганмисиз?”
Агар суҳбатдошингиз қизиб қолган бўлса, сиз гапингизни шундай давом эттиришингиз мумкин: “Мен сизга бир расм орқали Худонинг нажот йўлини тушунтириб бераман. Нажот олган одам абадий ҳаётга эга бўлади.” Сиз бу сўзлар билан мақсадга кўчиб “Кўприк” мисолида Хушхабарни айтишингиз мумкин.
Борди–ю, суҳбатдошингиз ўзига етарли даражада ахборот олган бўлиб, қўшимча информацияни онгига сингдира олмайдиган бўлса, суҳбатни шундай сўзлар билан тўхтатишингиз мумкин: “Зокиржон, кейинги сафар мен сизга Худонинг нажот йўлини оддий мисол билан тушунтириб беришим мумкин. Агар 15–20 дақиқа вақтингизни аямасангиз, келгуси сафар учрашганимизда абадий ҳаётга эришиш йўлини сизга айтаман.” Кейинги сафар уни кўрганингизда, у хоҳласагина, “Кўприк” мисолида унга Хушхабарни тушунтиринг.
Шундай вазиятлар бўладики, сиз Хушхабарни тўғридан тўғри “Кўприк” мисолидан бошлаб тушунтиришингиз мумкин. Бундай ҳолларда суҳбатни қуйидагича гаплар билан бошлайсиз:
“Марямхон, борди–ю кимдир сиздан абадий ҳаёт ҳақида сўраб қолса, нима деб жавоб берасиз?”
“Ҳақиқатдан ҳам имонли, эътиқодли инсон қандай бўлиши керак, сиз нима деб ўйлайсиз?”
“Гуноҳсиз инсон дунёда борми?”
Мазмунни етказиш
Хушхабар айтишда “Кўприк” суратидан қандай фойдаланиш кераклигига яхшилаб эътироб беринг. Суратда ёзилган сўзлар шунчаки кўзланган мазмунни ифодалайди. Шунинг учун сиз маънога мос бўлган ўз сўзларингиздан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Сиз “Кўприк”ни чизганингизда, тўртта нарсани тушунтиришингиз керак бўлади:
- Худонинг севгиси
- Инсоннинг муаммоси
- Худонинг нажот йўли
- Инсоннинг бунга жавоби
Сиз суҳбатдошингизга мазмунни тушунтириб, расмни чизиб борасиз.
ХУДОНИНГ СЕВГИСИ
Муқаддас Китоб бизга Худо севги эканлигини ўргатади. Дарҳақиқат, Худо бизни севади, фаровон ҳаёт кечиришимизни хоҳлайди. Фаровон ҳаёт деганда биз севги, тинчлик, осойишталик, мақсадли ҳаёт ва қониқиш каби ҳис–туйғуларни кўз олдимизга келтирамиз.
Исо ерга келишининг мақсади ҳақида Унинг Ўзи шундай деган: “Мен эса уларга ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман.” (Юҳанно 10:10).
Азалда Худо инсонни яратганда, Худо билан инсон орасида муносабат мавжуд бўлган. Бу муносабат фаровон ҳаёт манбаи эди.
ИНСОННИНГ МУАММОСИ
Худо инсонни робот қилиб яратиши мумкин эди, шунда инсон Худони автоматик равишда яхши кўриб, Унга итоат қилган бўларди. Лекин Худо бундай қилмади. У инсонга ирода ва танлаш ҳуқуқини берди.
Инсон олдида танлов бор эди: Худонинг амрларига бўйсуниш ёки Худодан юз ўгириш. Минг афсуски, инсон Худога бўйсунгандан кўра ўз йўлидан кетишни афзал кўрди. Бундай қарор инсон ва Худо орасида ўтиб бўлмайдиган жарликни пайдо қилди. Зеро, Худо муқаддас ва мукаммалдир, инсон эса гуноҳкор, иллату нуқсонларга эга. Ишаё пайғамбар бу ҳақда шундай ёзган: “Ҳаммамиз қўйлардай йўлдан адашдик, ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик.” (Ишаё 53:6). Бугун ҳам инсонлар ўз йўлидан юришибди. Бу бутун инсониятга тегишли гап. Ҳар биримиз гуноҳкормиз, чунки ҳар биримиз Худога маъқул бўлмайдиган ўй–хаёлларга берилганмиз, номаъқул ишлар қилганмиз, ўз билганимиздан қолмаганмиз. Ҳаммамиз адашиб қолган қўйлардай ҳақ йўлдан озганмиз.
Худога маъқул бўлмайдиган ишлар қилишнинг ва ҳақ йўлдан озишнинг жазоси — руҳий ўлим, яъни абадий ўлимдир. Муқаддас Китобда бу борада шундай ёзилган: “Гуноҳнинг эвази – ўлим, Худонинг инъоми эса Раббимиз Исо Масиҳ орқали бериладиган абадий ҳаётдир.” (Римликлар 6:23). Ҳозирча биз бу оятнинг фақат биринчи қисмини кўриб чиқамиз. Павлуснинг айтишича, биз қилган гуноҳларимиз учун абадий ўлимга маҳкуммиз. Оятнинг иккинчи қисмида эса Худонинг инояти ҳақида сўз юритилади. Бунга кейинроқ тўхталиб ўтамиз. Келинг, ўлим ҳақидаги мавзуни кенгроқ ёритиб ўтайлик.
(Ибронийларга 9:27ни ўқиб беринг) Оятда ёзилишича, ҳаммамиз бир куни жисман ўламиз, сўнг эса Худо томонидан ҳукм қилинамиз. Муқаддас Китобда қиёмат куни ҳақида ҳам ёзилган. Ўша куни ҳар бир инсон, аёл ёки эркак бўлишидан қатъий назар, қилган ҳар бир иши, ҳар бир ўй–фикри учун Худога ҳисобот беради.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, биз гуноҳ қилганмиз ва гуноҳимиз учун абадий ўлимга маҳкум этилганмиз. Худо ҳаммамизни ҳукм қилади. Биз мушкул аҳволда қолганмиз ва расмдаги каби жарликнинг гуноҳ, ўлим ва ҳукм томонида турибмиз.
ХУДОНИНГ НАЖОТ ЙЎЛИ
Биз Худодан юз ўгириб, Унга итоатсизлик қилганимизга қарамай, Худо барибир бизни яхши кўради. У биз билан мулоқотда бўлиб, бизга барака бермоқчи.
Бироқ инсон билан Худо орасида катта жарлик мавжуд ва бу жарлик устида фақат бир “Кўприк” бор. Бу “Кўприк” Исо Масиҳнинг хочдаги фидокорона ўлимидир.
Муқаддас Китобда шундай ёзилган: “Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Шу йўсинда Худо бизга бўлган Ўз меҳр–муҳаббатини намоён қилди.” (Римликларга 5:8).
Демак, Масиҳнинг хочдаги ўлими бизнинг гуноҳимиз учун тўлов эди. У бизнинг ўрнимизга ўлди. Биз Худонинг олидида оқланишимиз ва гуноҳларимизнинг ювилиши учун, У бизнинг ўрнимизга жазо тортиб, қурбон бўлди. Масиҳ туфайли биз гуноҳларимиздан покландик.
ИНСОННИНГ БУНГА ЖАВОБИ
Масиҳ туфайли биз жарликдан ўтиб, Худонинг ҳузурига кира оламиз. Худо истаган фаровон ҳаётга эга бўла оламиз. Лекин бунинг учун биз Худодан кечирим сўраб, тавба қилишимиз керак. Исо Масиҳга қалбимиз тўридан жой беришимиз даркор.
Муқаддас Китобда шундай ёзилган: “Уни(Исо Масиҳни)қабул қилганларнинг ҳаммасига эса,Унга имон келтирганларга,У Худонинг фарзанди бўлиш ҳуқуқини берди.” (Юҳанно 1:12). Биз Худога ибодат орқали мурожаат қилиб, абадий ҳаёт инъомини қабул қилиб оламиз.
Энди бу ерга биз Ваҳий китобидан бир оят қўшиб қўйишимиз мумкин (Ваҳий 3:20). Бу оятнинг маъноси Юҳанно 1:12га мос келади. (Ваҳий 3:20ни ўқиб беринг, сўнг мавзуни тушунтиришни давом эттиринг). Демак, Исо эшик олдида туриб тақиллатяпти. Бу эшик — қалбимизнинг, дилимизнинг пинҳон эшиги. У қалбимизга киришга изн сўраяпти. Биз Уни ҳаётимизга таклиф қилишимизни хоҳлаяпти.
ХУЛОСА
Келинг, Юҳанно 5:24–оятни ўқийлик. Бу оятни ўтилган мавзуга хулоса деб атасак ҳам бўлади. “Сизларга чинини айтай: Менинг сўзларимни тинглаган ва Мени Юборганга ишонган киши абадий ҳаётга эгадир. У ҳукм қилинмайди. Зотан, у ўлимдан ҳаётга ўтган.”
Йўналтирувчи саволлар
Сиз суҳбатдошингизга “Кўприк” мисоли орқали Хушхабар айтганингиздан сўнг қуйидагича саволлардан фойдаланишингиз мумкин:
- Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?
- Бу борада саволларингиз борми?
- Сизнингча, сиз ўзингиз расмдаги жарликнинг қайси томонида турибсиз? “Ўлим” томонидами ёки “Ҳаёт” томонидами? (Агар суҳбатдошингиз: “Ҳаёт томонида”, деб жавоб берса, сиз ундан қачон Исо Масиҳни қабул қилганини сўрашингиз мумкин).
- Борди–ю суҳбатдошингиз: “Ўлим томонида”, деб жавоб берса, унга “Масиҳнинг нажотини қабул қилинг, “Ҳаёт” томонга ўтиб, абадий ҳаётга эга бўлинг”, деб таклиф қилинг.
- Агар суҳбатдошингиз Масиҳни қабул қимоқчи бўлса, у билан бирга ибодат қилинг. Унинг ўзи ибодат қилишга тортинса, сиз ибодат қилинг, у эса гапларингизни қайтариб турсин.
Тавба ибодатининг мисоли қуйидача: “Ё Раббим, мен Сенга қарши гуноҳ қилганимни биламан. Мен амрларингга итоат қилмай яшадим. Лекин Сен менинг гуноҳларим учун хочда ўлдинг. Илтимос, гуноҳларимни кечиргин. Ваъда берганингдай қалбимга киргин. Менинг Нажоткорим, ҳаётимнинг Эгаси бўлгин.”
Амалий қўлланма
- “Кўприк” суратига берилган мавзуни ёд олманг. Унинг асосини ўрганинг, қўлланилган оятларни ва тушунтириш усулини яхшилаб билиб олинг. Ўз сўзларингиз билан мавзуни тушунтиринг.
- Ўзингиз учун қисқача конспект ёзиб олиб, “Кўприк” мавзусини имонли кишига айтиб, машқ қилинг.
- Мавзуни тушунтирар экансиз, расмни чизиб боринг. Бу суҳбатдошингизнинг эътиборини тортишга ёрдам беради.
- Оятларни ёддан айтгандан кўра, уларни Муқаддас Китобдан ўқиб беринг. Ёки суҳбатдошингиз уларни ўқисин.
- Тушунтириш жараёнида суҳбатдошингизга саволлар бериб, уни қизиқтиринг.
- “Мукаммал инсонни кўрганмисиз?” (гуноҳ мавзусига оид).
- “Масиҳнинг хочдаги ўлими ҳақида ҳеч эшитганмисиз?”
- “Абадий ҳаёт деганда нимани тушунасиз?”
- Борди–ю суҳбатдошингиз мавзу давомида норозилигини билдириб, савол берса, сиз унга шундай деб айтишингиз мумкин: “Жуда яхши савол. Фикримни охиргача етказишимга имконият беринг. Сўнг саволингизга жавоб бераман.” Бундай ҳолда, Муқаддас Руҳга сезгир бўлинг, суҳбатдошингизнинг саволига қандай жавоб бериш кераклигини Руҳнинг Ўзи сизга айтади.
- Сизнинг олий мақсадингиз — суҳбатдошингизни нажотга эриштириш бўлсин. Муқаддас Руҳ сизни бошқарсин. Суҳбатдошингиз Масиҳни қабул қилишни истаса, у билан бирга ибодат қилинг.