Дарбадар ўғил
Дарбадар ўғил ҳақидаги масал – Муқаддас Китоб таркибидаги энг машҳур масаллардан
биридир.
Таниқли ёзувчи ва шарҳловчи Чарльз Дикенс бу масални – ёзилган энг чиройли ҳикоя,
деб атайди.
Келинглар, уни ўрганиб, ўзимизга сабоқ олайлик.
Ушбу масал Луқо Хушхабарининг 15–боби, 10–32–оятларда ёзилган:
Исо яна деди: “Бир одамнинг икки ўғли бор экан. Уларнинг кичиги отасига:
— Ота, мол–мулкингиздан менга тегишли қисмини беринг, — дебди.
Отаси мол–мулкини икки ўғлига бўлиб берибди.
Орадан кўп ўтмай, кичик ўғил бор нарсасини йиғиштириб, узоқ бир мамлакатга кетибди.
У ерда шалоқ яшаб, мол–дунёсини кўкка совурибди. Борини исроф қилгандан кейин, ўша
мамлакатда оғир қаҳатчилик бошланибди. Йигит ҳам муҳтожликда қолибди. У бориб,
ўша мамлакат фуқароларидан бирига ёлланибди. У одам эса йигитни ўз даласидаги
чўчқаларни боқишга юборибди. Йигит чўчқалар ейдиган қўзоқлар билан қорнини
тўйдиришга ҳам зор бўлибди, лекин унга шуни ҳам раво кўришмас экан.
Ниҳоят йигит ақлини йиғиб олиб, ўзига ўзи дебди:
— Отамнинг қанчадан–қанча ёлланма ишчиларининг нони ошиб–тошиб ётибди, мен эса
бу ерда очликдан ўляпман. Энди отамнинг олдига бориб, унга шундай деб айтаман: “Ота,
мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ
эмасман. Мени ёлланма ишчиларингиз қаторига қабул қилинг.”
Йигит отаси олдига равона бўлибди. Йигит ҳали узоқда келар экан, отаси уни кўриб,
ўғлига раҳми келибди. У югуриб бориб, ўғлини қучоқлаб, ўпибди.
Кейин ўғли отасига айтибди:
— Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга
лойиқ эмасман.
Отаси эса хизматкорларига буюрибди:
— Тез бўлинглар, энг нафис тўн келтириб елкасига ёпинглар, қўлига узук тақинглар,
оёқларига чориқ кийгизинглар. Бўрдоқи бузоқни олиб чиқиб, сўйинглар. Еб–ичайлик,
хурсандчилик қилайлик. Чунки бу ўғлим мен учун ўлган эди, энди тирилди, йўқолган
эди, энди топилди.
Шундай қилиб, хурсандчилик қила бошлабдилар. Катта ўғил шу пайтда далада экан.
Қайтаётиб уйга яқинлашганда, қулоғига мусиқа ва ўйин–кулги садолари эшитилибди.
Хизматкорлардан бирини чақириб:
— Нима гап? — деб сўрабди.
— Укангиз қайтиб келдилар. Отангиз уни соғ–саломат кўргани учун бўрдоқи бузоқни
сўйдилар, — деб жавоб берибди хизматкор.
2
Шунда катта ўғилнинг жаҳли чиқибди, ичкарига киришдан бош тортибди. Отаси эса
ташқарига чиқиб, ўғлига ўтиниб гапирибди. Аммо у отасига шундай жавоб берибди:
— Менга қаранг! Шунча йилдан бери сизга қулдай ишлаб келаман. Бирорта гапингизни
ерда қолдирмадим. Лекин дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун сиз менга битта
улоқча ҳам бермадингиз. Аммо мол–мулкингизни фоҳишалар билан еб, йўқ қилган анави
ўғлингиз қайтиб келганда, сиз бўрдоқи бузоқни сўйдирдингиз!
Отаси унга шундай жавоб берибди:
— Ўғлим! Сен доимо мен билан биргасан. Менинг бор нарсам сеники. Бугун эса байрам
қилиб, хурсанд бўлишимиз керак. Ахир, бу уканг биз учун ўлган эди, энди тирилди,
йўқолган эди, энди топилди.”
Келинг, мулоҳазани кенжа ўғилдан бошлайлик.
У нимани нотўғри қилди?
Унинг нотўғри ишлари жуда кўп:
12–оятда шундай ёзилган:
Уларнинг кичиги отасига:
— Ота, мол–мулкингиздан менга тегишли қисмини беринг, — дебди.
Бошқача қилиб айтганда бола, отасига ўлим тилади, у тирик отадан меросни олмоқчи
бўлди. Қандай даҳшатли нарса!
13–оятга кўра: орадан кўп ўтмай, кичик ўғил нарсаларини йиғиб кетмоқчи бўлди.
У қаерга отланди?
Узоқ бир мамлакатга –
Бошқача қилиб айтганда, ғайрияҳудийларнинг мамлакатига.
Бундан кўриниб турибдики, кенжа ўғил ўз оиласидан, мамлакати ва динидан воз кечган
эди.
Буларнинг ҳаммасидан у ўйламай воз кечди.
Бегона юртга бориб, у ерда шалоқ яшаб, мол–дунёсини кўкка совурибди.
30–оятда ёзилишича, у бор–йўғини фоҳишалар билан еб, йўқ қилганди.
Унинг бундай шалоқ ҳаёт тарзи қандай оқибатларга олиб келди?
14–оятга кўра, у борини исроф қилиб, муҳтожликда қолибди.
3
Сўнг вазият янада ёмонлашади, 15–оятга кўра, йигит бориб, ўша мамлакат
фуқароларидан бирига ёлланибди. У одам эса йигитни ўз даласидаги
чўчқаларни боқишга юборибди.
Чўчқаларни?
Яҳудийлар учун чўчқалар энг жирканчли, ҳаром ҳайвонлар эди.
Ҳа, инсон Худодан қочганда тубан кетади, таназзулга юз тутатди.
Бу йигит ҳам тубан кетган эди.
Бироқ бу ҳикояда бир нарса етишмагандай бўляпти. Нималигига эътибор бердингизми?
Матто Хушхабарининг 15–бобида, жами 3 та масал ҳикоя қилинган.
Биринчиси “Йўқолган қўй” ҳақидаги масал.
Бобнинг 4–оятида ёзилишича: қўй йўқолди, эгаси эса уни қидириб кетди.
Иккинчи масал “Йўқолган танга” ҳақидаги масал.
8–оятда ёзилишича, танга йўқолди, аёл эса уни топмагунча қидираверди.
Учинчи масал “Дарбадар ўғил” ҳақидаги масал.
13–оятда ёзилишича, акаси кетмоқчи бўлган укасини тўхтатиб, “Йўқ укам, бундай қилма,
шаштингдан қайт!” деб ўтинди.
Афсус, аммо 13–оятда бундай деб ёзилмаган.
Дарбадар боланинг акаси, укасининг орқасидан бормади, уни тўхтатишга ҳам уринмади,
унга бир оғиз гап ҳам айтмади.
Наҳотки, акаси унинг кетмоқчи бўлганидан бехабар бўлган бўлса?
Асло!
Ота кенжа ўғлининг улушини бера олиши учун ернинг бир қисмини ва кўплаб
мол–қўйларини сотишига тўғри келгандир. Буни чол ўз оила аъзоларидан ёки
қўни–қўшнисидан яшира олармиди?
Акаси ҳаммасидан хабардор эди.
Бироқ, акаси укасини ахмоқона қароридан қайтармади.
4
Буни тушунишим жуда қийин.
Чунки мен ўзим ҳам, ёшлигимда кенжа ўғил каби нотўғри қадам ташламоқчи
бўлганимда, мени қандай оқибатлар кутишини жуда яхши билардим.
Бундай вазиятларда катта опам мени бурчакка турғизиб, ғазабга тўла нигоҳини менга
қадаб: “Ҳой бола! Бу йўлингдан қайтмасанг абжағингни чиқараман, деб ўшқирарди.”
Нега у мени уриб, қўрқитарди?
Чунки у мени яхши кўрарди.
У мени яхши кўришини ўзим ҳам яхши билардим.
Мана, бугунги кунда мен соғ–саломатман, ҳаммаси жойида, нимага?
Чунки опам мени ёмон йўлдан қайтариш учун қўрқитганда, мен қўрққанимдан инимга
кириб кетардим, ёмон йўлга қадам босмасдим. Шу боис бугунги кунда тинч–омон,
соғ–саломатман.
Ҳикоядаги тўнғич ўғил эса, укасини ёмон йўлдан қайтаришга уринмади.
Аксинча, бўлаётган нарсаларни жимгина кузатиб тураверди, балки шунинг учун ҳам
кенжа ўғил уйидан кетмоқчи бўлгандир? Акасидан меҳр кўрмагани уни шу йўлга
бошлагандир?
Хўш,
Кенжа ўғил нимани тўғри қилди?
17–оятга кўра, ниҳоят йигит ақлини йиғиб олди.
Бу ҳикояда 18–оят муҳим аҳамиятга эга, у ерда шундай деб ёзилган: “Энди отамнинг
олдига бориб, унга шундай деб айтаман: “Ота, мен Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим.”
19–оят: “Энди сизнинг ўғлингиз деб аталишга лойиқ эмасман.” Мана, буни ҳақиқий
тавба, деб айтса бўлади.
У қилган гуноҳини – гуноҳ, деб атамоқда. Қилган қилмиши учун жавобгарликни ўз
бўйнига олмоқда.
Отасининг ҳукмига ва жазо олишга у тайёр.
5
20–оят: “отаси уни кўриб, ўғлига раҳми келибди. У югуриб бориб, ўғлини қучоқлаб,
ўпибди.”
Демак, кенжа ўғлининг мисолидан биз ўзимизга қандай сабоқ олишимиз мумкин?
Биз ўрганадига 2 та сабоқ бор:
1–сабоқ
Агар сиз ўзингизни кенжа ўғилдай тутган бўлсангиз, билингки, Худо сизни қучоқ очиб
кутмоқда.
Ушбу бобда қанчалар хурсандчилик борлигини кўряпсизми?
5–оят: топилган қўй
9–оят: топилган танга
20–оят: қайтган ўғил учун хурсанд бўлган ота – Самовий Худонинг рамзидир.
Балки сиз ёмон бир иш қилиб қўйгандирсиз ва: “Қилган гуноҳимни Худо асло
кечирмайди”, деб ўйлаётгандирсиз.
Бу ҳолда кенжа ўғилнинг қилган гуноҳларини яна бир бор кўриб чиқинг ва отаси уни
дарҳол, кўриши биланоқ кечирганига эътибор беринг.
Агар сиз ҳам кенжа ўғил сингари гуноҳларингиздан тавба қилсангиз ва Отанинг ҳузурига
қайтсангиз, Худо албатта сизни кечиради. У сизни кечиришга тайёр.
2–сабоқ
Мактабни битирган кўп ёшларимиз дунёга берилиб кетмоқда,
Мактабни битиргандан кейин 5 йил ўтгач, ёшларимизнинг 70% жамоатлардан
узоқлашади.
Уларнинг кўпчилиги умуман жамоатга қайтмайди.
Уларнинг ҳаммаси ҳам ҳикоядаги кенжа ўғилдай ахлоқсизликка муккасидан кетмайди,
бироқ ўз оиласидан узоқлашиб, Худони тарк этишади.
6
Бугунги куннинг муаммоси ана ўшандадир.
Биз имонлилар Худодан узоқлашган ёш укаларимиз учун Худога илтижо қилишларимиз
керак, улар учун руҳий жанг қилишимиз даркор.
Биз ҳар куни ёшларимиз ва ёш етакчиларимиз учун ибодат қиляпмизми?
Бу муҳим бир хизматдир.
Ниҳоятда керакли бўлган хизматдир.
Ахир, жамоат қошидаги болалар мактабининг ўқитувчилари, тарбиячилари ва масихийча
оромгоҳ мураббийлари малакали ва бағишланган масиҳийлар бўлишлари қанчалар
муҳимлигини ҳаммамиз жуда яхши биламиз.
Сизнинг ўз фарзандларингиз ёки набираларингиз бўлмаса ҳам, сиз меҳрингизни бошқа
болаларга беришингиз мумким. Улар учун Масиҳнинг тирик намунаси бўлишингиз
мумкин.
Зеро, тирик имонни келгуси авлодга мерос қилиб беришимиз ҳар биримиз учун ҳам қарз,
ҳам фарздир.
Сиз ҳар куни кимлар учун ибодат қилаётганингизни мен билмайман. Мисол учун, ўзим
ҳар куни 20 та бола учун ибодат қиламан. Улар имонда собит бўлмагани боис, Масиҳда
илдиз отишлари учун Худога илтижо қиламан.
Бу болалар дўстларимнинг болаларидир. Улар билан кўришганимда, асосий мақсадим
улар билан вақт ўтказиб, уларга меҳримни улашишдир.
Масиҳийлар!
Бизнинг чақириғимиз – бу яраланган дунёга меҳр–муҳаббат улашиш, адашган
фарзандларимизни меҳр ришталари билан Раббимизга қайтаришдир.
Ҳа, кенжа ўғилнинг ҳикоясидан шунча нарсани ўргандик.
7
Ҳикоядаги ота ҳақида нима айта оламиз?
Ота нимларни тўғри қилди?
Жуда кўп нарсани.
Отанинг кенжа ўғлига муносабати қандай эди?
1. Кенжа ўғил отасидан меросини сўраганда, биринчи аср давридаги яҳудий ота
бундай ярамас ўғилининг бетига шапалоқ тортиб, уни оқ қилиб юбориши мумкин
эди ва бунинг учун у ҳеч қандай жазо олмасди.
Ҳа, ҳеч қандай жазо олмасди.
Римликлар мактубининг 1–бобида ёзилишича, инсон гуноҳ йўлини танлаганда, Худо
унга тўсқинлик қилмайди. Инсон ўзи танлаган йўлидан кетишга Худо унга изн беради.
Бундай инсонни Худо гуноҳ измига топшириб қўяди.
Ушбу ҳикоядаги отанинг кенжа ўғлига бўлган муносабати ҳам худди шундайдир.
2. Ота мол–мулкининг ярмини сотиб, пулини кенжа ўғлига беради.
Ота бундай иш қилиши ақлга сиғмайдиган нарса эди. У буларни қўни–қўшнисидан
сир тута олмасди. Бутун шаҳар бундан воқиф бўлгандир. Ота учун қандай
шармандалик!
3. 20–оятда ёзилишича: ота келаётган ўғлини узоқдан кўриб қолди.
Бу дегани ота ҳар куни ўғлини кутиб, йўлга кўз тикарди: “Ўғлим, қайтиб
келармикан?”, дея уни интиқиб кутарди.
.
4. Ота уни кўриши биланоқ, олдига югуриб борди.
Яқин Шарқ маданиятида ёши ўтиб қолган эркаклар югурмайди.
Югуриш катта ёшли эркакка тўғри келмайди, унинг обрўини тўкади.
Бундан ташқари, югурганда эркак киши узун ридосини кўтариб югуриши керак эди,
бунда эса унинг оёқлари кўриниб қоларди, очиқ оёқлар эса шармандалик
ҳисобланарди.
8
Ҳикоядаги ота эса, ҳеч нарсага эътибор бермай, чопонини кўтариб ўғлининг олдига
югуриб кетди.
У ўз обрўйи ҳақида ўйламади, чунки у учун фарзанди муҳимроқ эди.
5. Нега у шу қадар фарзанди олдига шошилди? Нега ҳаммадан олдин фарзандини
кўришга ошиқди?
Чунки бутун шаҳар бу дарбадар ўғилнинг қилмишидан хабардор эди.
Қишлоқдошлар уни мазах қилишлари ва устидан кулишларига ота йўл қўйишни
истамади.
6. 20–оятга кўра, ота ўғлини қучоқлаб ўпди. Уни бағрига босиб, кечирди.
Бу яна бир кутилмаган ҳаракат.
Яқин Шарқ маданиятига кўра, ноўрин, шармандали иш қилиб қўйган бола бир
муддат рад этилади, қилган ишига иқрор бўлиши ва қийналиши учун.
Бироқ ота бунга йўл қўймади.
Ва ниҳоят,
7. Ота ўғлининг қайтганига катта бир зиёфат уюштирди.
Катта ўғил–чи?
Катта ўғлига нисбатан ота ўзини қандай тутди?
28–оятда ёзилишича, “катта ўғилнинг жаҳли чиқибди, ичкарига киришдан бош тортибди.
Отаси эса ташқарига чиқиб, ўғлига ўтиниб гапирибди.”
Зиёфатни уюштирган инсон бу ҳикояда ота. Уй тўла меҳмон, бироқ ота меҳмонларини
ташлаб, катта ўғли билан гаплашгани ташқарига чиқди.
1–аср яҳудийларнинг маданияти учун ота ўзини бундай тутгани кутилмаган бир ҳолат
эди. Аслида ота катта ўғлини жазолашга ҳақли эди.
Бироқ ота катта ўғлига меҳрини кўрсатди.
29 –оятда шундай ёзилган: “Аммо катта ўғил отасига шундай жавоб берибди:
9
— Менга қаранг! Шунча йилдан бери сизга қулдай ишлаб келаман…
Отага “Менга қаранг!” деб гапиришнинг ўзи ўтакетган адабсизликдир! Отага бўлган
ҳурмат қани?!
31–оятда, тўнғич ўғлининг адабсизлигига қарамай ота унга “Ўғлим!” деб меҳрибон
сўзларни айтади.
Ҳикоядаги иккала ўғил ҳам отасига ҳурмат кўрсатмайди. Ҳеч бири отасини яхши
кўрмайди.
Ота бу ўғилларига нима ёмонлик қилди?
Қандай ноҳақлик қилди?
Ҳеч қандай.
Бу ҳикоя “дарбадар ўғил” деб номланган, аслида эса иккала ўғил ҳам дарбарад, аммо
ўзига хос – икки хил тарзда.
Демак, отанинг ҳаёти бизга қандай сабоқ беради?
Биз икки сабоқ олишимиз мумкин:
1–сабоқ
Кўпинча биз шундай бир гапни эшитамиз: “Бу болаларнинг ота–онаси тузуккина одам,
бу болалари эса кимга ўхшабди? Ота–онаси тарбияда қандай хатога йўл қўйишди?”
Агар бу саволни менга берсангиз, мен сизга нима деб жавоб беришни билмаган
бўлардим.
Баъзи художўй ота–оналар кўп йиллар давомида Худо билан яшаб юрадилар, кейин эса
ёмон фарзанлари туфайли тушкунликка тушиб қоладилар.
Баъзан бундай ҳолатларга дуч келганингизда Ҳикматлар 22–боб, 6–оятни иқтибос
қилгингиз келади. У ерда шундай деб ёзилган:
Болани тўғри йўлга солиб тарбияла,
шунда қариганда ҳам йўлидан адашмайди.
10
Бу оятга асосланиб, ота–она боласига вақтида яхши тарбия бермаган, шунинг учун
болалари катта бўлгач, ёмон йўлга кириб кетган, деб айтишимиз мумкинми?
Қайдам… Ҳикоядаги отага нисбатан мен бундай сўзларни айтмаган бўлардим, баъзи
танишларимга ҳам бу сўзлар асло тўғри келмайди.
Бунга икки сабаб бор.
1–сабаб: бу оят қайси китобдан олинган?
Ҳикматлар китобидан
Агар “Ҳикматлар” сўзини луғатдан қидириб топсангиз, унга шундай изоҳ берилган:
Ҳикмат – ўта, донолик, донишмандлик, заковат. Тагини англаш қийин бўлган бир маъно,
яширин бир сабаб, сир.
Ҳикматга риоя қилган одам юз фоиз ижобий натижага эришади, деб ҳеч ким кафолат
бера олмайди. Тўғри, ҳикматларга амал қилиш доноликдандир, нур зулматдан, қанчалар
афзал бўлса, ҳикмат нодонликдан шунчалар афзалдир. Бироқ ҳар бир фарзандда шахсий
қарор чиқариш ҳуқуқи ҳам бор, буни унутмаслигимиз керак.
2–сабаб. Ҳикматлар китобидаги оятга яна бир бор қаранг.
Оятда: “Болани тўғри йўлга солиб тарбияла,
шунда қариганда ҳам йўлидан адашмайди.” – деб ёзилган.
Демак, яхши тарбия олган бола, адашса ҳам, нотўғри ишлар қилиб қўйса ҳам, тўғри йўлга
қайтади. Қариган чоғида ақли расолик билан кун кечиради.
Шу боис ота–онанинг вазифаси болага тўғри тарбия бериш. Бола улғайгандан кейин
нотўғри қарорлар чиқарса, ота–она бунинг учун ўзини айблаши, ич–этини ейиши керак
эмас. Ундан кўра, болангиз учун Худога ибодат қилинг. Сиқилгандан кўра, ибодатнинг
самараси анча яхшидир.
Бугун фарзандингиз нотўғри қарорлар бўйича яшаса, ким билсин балки эртага ақлини
йиғиб олар, тўғри йўлга қайтар?!
Яна бир нарсага эътибор берсак,
“Дарбадар ўғил” ҳикоясидаги ота образи аслида Худони тасвирлайди. Худонинг йўлидан
озган қанчадан қанча бандалар учун Худонинг қалби эзилмоқда. Бундай вазиятларга
Худо ҳар куни дуч келади.
Ота–оналар, мен сизга далда бермоқчиман.
11
Сиз фарзандингиз учун Худога ёлворганингизда, Худо сизни жуда яхши тушунади,
Худонинг Ўзи бундай вазиятлардан кўп ўтади.
Шу боис, Худо ҳар бир қадамингизда сизга тасалли беради, сизни бошқаради, сизга
далда беради. Сиз ўз фарзандингизга қанчалар куйинсангиз, Худо ҳам унга куйинади.
2–сабоқ
Ким билсин, балки сиз Худо ҳақидаги тушунчангизни ўзгартиришингиз керакдир? Ахир,
бу дунё бизга Худони умуман нотўғри тасвирлайди.
Масалда ота образи қай тарзда тасвирланганига эътибор беринг. Ҳикоядаги ота Худонинг
табиатини бизга очиб беради.
Худо ҳикоядаги ота сингари бизга шартсиз севгисини намоён қилади.
Кечирадиган,
Сахий,
Доно,
Иноятли,
Қувноқ,
У сиз билан яқин муносабат ўрнатмоқчи.
“Бироқ сиз Худонинг Кимлигини ва қандайлигини тўғри тушунишингиз керак.”
Худо бизни узоқдан назорат қилиб турмайди.
Худо самодан туриб, қўлидаги болға билан бизни жазолаш учун шай тургани йўқ.
Ушбу ҳикоя ёрдамида биз Худонинг ҳақиқий табиатини тушунишга ҳаракат қилайлик.
Ҳикоядаги меҳрга бой ота, бизнинг Самовий Отамизни жуда яхши тасвирлаган.
Келинг, энди ҳикоядаги тўнғич ўғилга эътиборимизни қаратайлик.
Биз у ҳақда нималарни билиб олдик?
Кенжа ўғил уйдан кетаётганда акаси унга индамагани ҳақида, уни йўлдан қайтаришга
ҳатто уринмагани ҳақида айтгандик.
Мана энди, укаси уйга эсон–омон қайтганда, ака хурсанд эмас.
12
Тўнғич ўғил ҳам отасига нисбатан меҳрсиз.
“Менга қаранг!” – деб отасига мурожаат қилишга қайси ўғилнинг ҳадди сиғади?!
29–оятда шундай ёзилган: Аммо у (катта ўғил) отасига шундай жавоб берибди:
— Менга қаранг! Шунча йилдан бери сизга қулдай ишлаб келаман. Бирорта гапингизни
ерда қолдирмадим. Лекин дўстларим билан хурсандчилик қилишим учун сиз менга битта
улоқча ҳам бермадингиз”.
Бошқача қилиб айтганда, тўнғич ўғил отасига: “СИЗ МЕНДАН ҚАРЗДОРСИЗ, ОТА.
КЎП ҚАРЗДОРСИЗ. Мана, кўрдингизми, ота?! Мен ҳақман, сиз эса менга нисбатан
ноҳақсиз”, деб айтмоқчи.
Нима сабабдан ота, катта ўғли билан маслаҳатлашмай зиёфат қилди? Чунки ота катта
ўғлининг укасига бўлган муносабатини яхши биларди. Укаси нотўғри йўлга қадам
ташлаганда, акаси унга бир оғиз сўз ҳам айтмади. Укаси уйдан чиқиб кетганда, уни
қайтариш учун орқасидан бормаган ака, зиёфатга рухсат берармиди?!
Тўнғич ўғил ҳақидаги ҳикояга нима етишмаганига эътибор бердингизми?
Унинг ҳикояси ниҳоясига етмаган.
У зиёфатга кирдими ёки йўқми, ёзилмаган.
Нимага Исо ҳикояни охиригача айтиб бермади?
Исо бу масални кимларга айтганига эътибор беринг.
Луқо 15–боб, 1–2–оятларга кўра, Исо бу масални фарзийлар ва Таврот тафсирчиларига
айтган эди. Шу орқали уларнинг асл ҳолатини фош этиб, уларни тавбага чақираётган эди.
Фарзийлар ҳам масалдаги тўнғич ўғил сингари бутун эътиборини қилган ишларига
қаратардилар.
Улар ўзлари яратган қонун–қоидаларга бекаму–кўст риоя қилишлари ва савоб ишлари
туфайли жаннатга кирмоқчи бўлардилар.
Савоб ишлар жаннатга йўл очмаслигини улар тушунмайдилар.
Улар аслида ўзларининг гуноҳларини кўра олишлари керак.
Улар ҳам гуноҳларидан қайтиб, тавба қилишлари керак.
13
Бу масални энди фарзийларнинг ўзлари тугатишлари керак.
Ушбу масал улар учун ва биз учун тавба қилишга таклифдир.
Биз ҳаммамиз гуноҳкормиз, гуноҳларимиздан тавба қилиб, Масиҳга эргашишимиз керак.
Тарихдан биламизки, фақат баъзи фарзийлар Исонинг бу таклифини қабул қилганлар,
фарзийларнинг аксарият қисми эса Исодан юз ўгирган.
Сиз–чи Исога эргашасизми?
Тўнғич ўғил мисолидан биз нималарни ўрганиб олишимиз мумкин?
Иккита нарсани:
1–сабоқ
Баъзи имонлилар ўзларини масалдаги тўнғич ўғилдай тутадилар. Улар укаларига ўта
эътиборсиз.
Ўзларини укаларидан баланд тутадилар:
Сен нима қилдинг?
Наҳотки билмаган бўлсанг?
Тузукроқ кийинсанг бўлмасмиди?
Менга ўхшасанг бўлмасмиди?
“Катта акалар” укаларига нисбатан сабрсиз.
Улар ўзларининг назарида ўта тақводор, гуноҳи билан курашиб қийналиб қолган имони
ожиз “укаларига” умуман тоқат қила олмайдилар.
Шунинг учун ҳам “кенжа укалар” жамоатга қайтиб келгиси келмайди, чунки “акалари“
уларга фақат ақл ўргатади.
Жамоат қийналган, тўғри йўлдан озган одамлар учун хавфсиз қўрғон бўлиши керак
эмасми?! Имонда сустлар жамоатда ўсишлари керак эмасми?
14
Жамоат гуноҳкорлар учун касалхона вазифасини ўташи керак.
У ерда ҳар бир одам Масиҳга ўхшаб бориши керак.
Исо гуноҳкорларнинг дўсти деган ном билан машҳур эди.
У бундай номдан асло уялмасди. Сиз–чи? Одамлар сизни қандай ном билан аташади?
Сизни ким деб билишади?
Жамоат ҳамма учун иноят уйи бўлиши керак.
2–сабоқ
Балки бу гаплардан кейин, ўзингизни ноқулай ҳис қилаётгандирсиз?!
Солих ҳаёт кечиришга ҳаракат қилган ҳар бир имонли одамнинг қалбида “Худо мендан
қарздор” деган нарса илдиз отиши мумкин. У ўзига шундай деб айтиши мумкин:
Ахир, мен Раббимга сиғинаман,
Ҳар куни Муқаддас Китобни ўқийман,
Гуноҳларимдан тавба қилганман,
Ибодат қиламан, хизмат қиламан,
Ва ҳоказо.
Кутилмаганда эса бошимизга кулфат тушса…
Биз Худога нолий бошлиймиз: “Худо нега бунга йўл қўйдинг? Шуни менга раво
кўрдингми? Ахир, доим Сенга итоат қилиб келдим, баракатларингга лойиқ эмасманми?!”
Менинг бир дўстим бор.
Унинг оиласи билан менинг оилам – эр–хотинлар биргаликда дам олгани чиқамиз.
Ҳаммамиз анча йилдан бери Худога хизмат қиламиз.
Хушхабар айтишни яхши кўрамиз.
Жамоатларимизда мураббийлик қиламиз.
10 йилча олдин ўша дўстим инсульт бўлиб қолди.
Инсультдан тўлиқ шифо ололмади. Мана 10 йилдирки, ногиронлар аравачасида юради.
15
Менга “10 йил” деб айтиш жуда осон, бу гап оғзимдан осонликча чиқиб кетади, бироқ
дўстимнинг бундай ҳолатини онгим билан қабул қилишим осон эмас. Ҳар сафар
дўстимни аравачада кўрганимда кўзларимга ишонгим келмайди. 10 йил давомида
ногиронлар аравачасида юришни мен ҳатто тасаввур ҳам қилолмайман.
Наҳотки бу дўстим шу қисматга лойиқ бўлса? Наҳотки Худо шунга йўл қўйган бўлса,
дегим келади.
Тўғрисини айтинг –
Сизда ҳам “Нимага?” деган саволларингиз жуда кўпдир.
Сиз Худо билан бўлган муносабатингизга жиддий ёндашасиз. Жамоатингизда кўп хизмат
қиласиз. Шундай экан:
Нимага оилам нотинч? – деган савол берарсиз.
Нимага ҳар доим ёмон раҳбарга учрайман?
Нимага касалликдан бошим чиқмайди?
Нимага пулга қийналиб юраман?
Нимага, нимага, нимага?
Наҳотки, Худо сиз учун бундан яхшироқ қисмат тайёрламаган бўлса?
Балки имонли бўлиш, сиз ўйлагандай осон эмасдир?
Балки, “нимага?” нотўғри саволдир?
“Нимага?”нинг ўрнига “Ким?” деб савол бериб кўрингчи.
Дўстим 10 йил ногиронлар аравачасида ўтирганига ким сабабчи?
Оиламдаги нотинчликка ким сабабчи?
Охири йўқ касалликларимга ким сабабчи?
Аслида, ҳаётимиздаги кўп нарсаларга ўзимиз сабабчи бўламиз. Лекин ўзимизни оқлаб,
доим айбдорни топишга ҳаракат қиламиз.
16
Худо эса мукаммал ва севгига бой Худодир.
Юҳанно 17–боб, 23–оятда Исо самовий Отага шундай деб ёлворади:
“Мен улардаман, Сен эса Мендасан. Шундай экан, улар мукаммал бирликда бўлсинлар.
Токи, Мени Сен юборганингни дунё билсин. Мени қандай севсанг, Меникиларни ҳам
шундай севганингни дунё кўрсин.”
Ушбу оятнинг охирги гапига эътибор қаратинг.
“Мени қандай севсанг, Меникиларни ҳам шундай севганингни дунё кўрсин.”
Отамиз Худо Исони қанчалар севса, бизни ҳам шунчалар севади.
Инсонни эсанкиратиб қўядиган гап. Наҳотки бу ҳақиқат бўлса?!
Бу гап мени лол қолдирди. Ақлимни шоштирди.
Худо Исо Масиҳни қанчалар севса, мени ҳам шунчалик севади.
Агар сиз Исо Масиҳга сидқидилдан ишонсангиз, у ҳолда,
Худо Исо Масиҳни қанчалар севса, сизни ҳам шунчалик севади.
Масиҳийнинг ҳаёти Худонинг мислсиз севгисига асосланиши керак. Худонинг бизга
бўлган севгиси беқиёсдир.
Шу боис мен ўша оятни катта қилиб ёзиб, иш столим устига қўйиб қўйдим.
Бу оят мен учун доимий эслатмадир.
“Имонлининг ҳаётида юз берган ҳар бир ҳодиса Худонинг севгисига асосланган”.
Ҳа, ҳар бир ҳодиса.
Шуни билганимизда, ҳар қандай тушкун кайфият кўтарилади,
Биз Худода дам оламиз,
Унга таянамиз,
Хурсанд бўламиз,
17
Қалбимизда тинчлик ҳукм сура бошлайди.
Шунда биз ўзимизни тўнғич ўғилдай тутмаганимиз учун хурсанд бўламиз.
Худо ҳеч қачон бизга ёмонликни раво кўрмайди.
Муаммоларга дуч келганимизда, Худо бизни ташлаб қўймайди, доим ёнимизда бўлади.
Худонинг севгиси биз учун керагидан етарлидир, унинг меҳри бизни қора
кунларимиздан олиб чиқади.
Масалнинг якунига ҳам келдик: ўзимиз учун нималарни ўрганиб олдик?
Ушбу масалда ижобий қаҳрамон ким?
Албатта ота!
Унинг севгиси шартсиздир.
Итоатсиз ўғилга нисбатан сабр–тоқатли, кечиришга доим тайёр.
Ўғлини интизорлик билан кутган, муносабатни тиклашга шошилган ота.
Худо ҳам худди шундай, У биз билан муносабатни тиклаш учун ҳар бир фурсатдан
унумли фойдаланади.
Бизни Ўзига жалб қилади.
Сиз–чи? Севгига бой самовий Отани яқиндан таниб биласизми?
Яқинларингизга нисбатан, катталарга ҳам, кичикларга ҳам масалдаги отадай муносабатда
бўла оласизми?