Тупроқ
Ўзгариш учун вақт келди, Матто баён қилган Хушхабарда Исонинг гапига кўра, катта ўзгаришларнинг вақти келган эди.
Исонинг хизматидаги катта ўзгариш.
Муқаддас Китобдаги катта ўзгариш.
Бу ўзгариш дунё тарихини ўзгартириб юборди ва XXI асрдан кейин сизга ҳам, менга ҳам ўз таъсирини ўтказиб келмоқда.
Эътиборимизни бу оламшумул воқеага қаратишимиздан олдин, келинг, Худога ибодат қилиб, Унинг бошқарувини сўрайлик!
Осмондаги Отажон,
Каломингни ўқиш шарафига бизни муяссар қилганинг учун Сендан миннатдормиз.
Илтимос, Ўзинг бизга сабоқ бергин.
Кўзларимизни очгин.
Ўрганган нарсаларимизни амалда қўллашимизга ёрдам бер.
Исо Масиҳ номи билан ибодат қиламиз,
Омин.
Матто 13:1-3
Ўша куни Исо уйдан чиқиб, кўл бўйига бориб ўтирди.
2 Унинг атрофида шу қадар кўп оломон тўпландики, У қайиққа тушиб, ўтиришга мажбур бўлди. Оломон эса кўл қирғоғида турарди.
3 Исо МАСАЛ орқали халққа кўп нарсаларни ўргатди…
Сизни билмадим–у, аммо мен масалларнинг маъносини тушунишга қийналаман.
Менинг назаримда яхши муаллим ўргатаётган мавзусини ўқувчиларга содда ва тушунарли қилиб етказиши керак.
Аммо масаллар бунинг аксидир, муаллим масалнинг маъносини тингловчиларига тушунтирмагунича, улар маънони тушунмайдилар.
Исо инсоният тарихининг энг таниқли ва донишманд муаллими бўлишига қарамай, хизматининг муайян бир даврида одамларга атайин масаллар орқали гапирадиган бўлди.
Масаллар билан сабоқ беришни яхши таълим деб бўладими?
Вазиятни яхшироқ тушуна олишимиз учун, келинг, каттароқ манзарани кўришга ҳаракат қилайлик.
Эски Аҳд даврида Худо Ўз пайғамбарлари орқали ер юзига Масиҳни юборишини ва Ўз халқига нажот беришини қайта–қайта айтганди.
Худо ваъда қилган Масиҳнинг ёки Христоснинг туғилиши ҳақида Матто китобининг бош қисмида ёзилган эди.
(Масиҳ ибронийча сўз, Христос эса ўша сўзнинг юнонча таржимасидир).
Масиҳнинг исми Исо эди.
Матто Хушхабарининг 5–7–бобларда ёзилишича, Исо тоққа чиқиб, ҳақиқий бахтиёрлик ҳақида ваъз айтади.
Бу Исонинг энг узун ваъзи эди, бу нутқида Исо Осмон Шоҳлигининг қоидалари ҳақида сўз юритади.
Исо одамларнинг бахтли бўлишини, ҳақиқий шодлик ва хурсандчиликка эга бўлишларини ва Худодан илоҳий мукофот олишларини истайди.
Исо Ўз ваъзида буларга қайси йўл билан эришиш мумкинлигини айтади.
8–10–бобларда Исо бизга Ўзининг илоҳий хусусиятларини намоён қилади. У хасталик, жинлар ва табиат устидан ҳукмрон эканини кўрсатади.
Худодан бошқа бундай қудрат кимда бўлиши мумкин?
Бироқ шуларга қарамай, Исо одамлар орасида шуҳрат қозонмайди.
Диндорлар Ундан ҳазар қилишади.
Матто Хушхабарининг 11–бобида Исо халқнинг руҳий кўрлигини ва Худога садоқатсизлигини фош қилади. Бироқ бобнинг охирида ҳаммасини тавбага чақиради.
Матто 12:14–оятга келиб, вазият жиддий тус олади:
Фарзийлар эса ташқарига чиқиб, Исони ҳалок қилиш учун тил бириктиришди.
Исонинг қисмати тайин эди.
Соат миллари югурарди, Исонинг саноқли куни қолган эди.
Эътибор беринг!
Исо – инсон қиёфасидаги Худо эди.
У одамларга Осмон Шоҳлиги қандай бўлишини тушунтирарди.
Унинг қудрати ва илоҳий хусусиятлари ҳаммага аён эди.
Бироқ одамлар уни РАД ҚИЛДИЛАР.
Диндорлар Исони ўлдиришга қарор қилган эдилар.
Биласизми, шу онда вазият бошқача тус олди.
Исонинг тоқати тоқ бўлди.
Исо шу пайтгача яҳудийларга севги кўрсатиб келган эди.
У сабр қилган эди.
Ҳаммасини очиқ–ойдин, содда тилда тушунтирганди.
Рад қилиб бўлмайдиган далилларни келтирарди.
Бироқ У доим кучли қаршиликларга дуч келарди.
Айнан ўшандай пайтлардан бирида, Матто 13–бобнинг бошланишида вазият ўзгарди. Исонинг хизматида катта ўзгаришлар юз берди.
Исроил халқи Исони Шоҳ сифатида қабул қилмади. Шу сабабдан улар шоҳликни қўлдан бой беришди.
Асрлар давомида Худо Исроил халқи орқали ишлашни хоҳлаган эди. Исроил халқи жаҳонга Худонинг хабарини олиб бориши керак эди. Бироқ бу режа четга суриб қўйлди. Ўзгариш вақти келган эди.
Матто 13–бобни ўқир эканмиз, кўзимиз олдидаги парда кўтарилиб, нотаниш бир манзарани намоён қилади.
Тарих саҳнасига жамоат чиқади.
Эски Аҳдда жамоат ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган.
Ер юзига келган илоҳий Шоҳни Исроил халқи рад этди, Унинг таълимотини одамлар қабул қилмади, бироқ Шоҳнинг Ўз жамоати учун бўлган мақсади буюк эди. Сиз ва мен ўша жамоат замонида яшамоқдамиз.
Матто 13–бобда Исо бизни фундаментал қоидалар билан таништиради, ушбу қоидалар навбатдаги 2000 йил давомида муҳим ўрин тутади.
Бу ҳақда бир ўйлаб кўринг.
Дониёр китоби Эски Аҳд таркибидаги буюк кароматлар китоби бўлиб, унда милоддан олдинги 605 йилдан тортиб, то охирзамонгача юз берадиган воқеаларнинг тафсилоти баён қилинган.
Аммо руҳий забардаст бўлган Дониёр пайғамбар ҳам ҳозирги кундаги жамоат ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган.
Ваҳоланки, Дониёрга маълум бўлмаган ҳақиқатни Исо Масиҳ Матто 13–бобда бир тўда балиқчиларга ва исмлари ёзилмаган бир гуруҳ одамларга аён қилади.
Матто 16–бобда Исо Ўзининг янги ижодига “жамоат” дея ном беради.
Ҳаворийлар китобининг 2–бобида жамоатга илк бор асос солинди.
Янги Аҳдда бизга жамоат қандай бўлиши ва унинг вазифаси нимадан иборат экани тушунтирилади.
Жамоат таълимоти айнан мана шу ердан бошланди.
Янги Аҳдни Эски Аҳддан ажратиб турадиган нарса ҳам шудир.
Эски Аҳд даврида Худо Исроил халқи устида ишларди.
Исроил давлати бутун жаҳон учун нур вазифасини бажариши шарт эди.
Эй Исроил халқи, сизлар ҳозирча запасдаги ўйинчисизлар, четда кутиб турган, пенальтидаги спортчи кабисизлар.
Ҳозирча Худо “жамоат” деб ном олган умумжаҳон ташкилот орқали иш юритмоқда.
Ҳозирги кунда Исонинг издошлари яҳудийларнинг синагогасига эмас, балки жамоатларга боришмоқда.
Иноят ажойиб, қудратли ва оромбахшдир, биз доим унга интилишимиз керак.
Бироқ иноят абадий давом этмайди.
Матто 13 да Худонинг сабри тугади.
Исроил халқига жуда кўп иноят берилган эди.
Деярли ҳар сафар Исроил халқи иноятни рад этди.
Шу сабабдан иноятнинг вақти тугади.
Биз бундан сабоқ олишимиз керак.
Агар биз ҳа деб Худонинг хабарини рад этаверсак, Худо бизни ҳам бир четга суриб қўйиши ва иноятдан маҳрум қилиши мумкин.
Имконият бор экан, Худога “Ҳа” деб жавоб беринг.
Нима сабабдан Исо одамларга масаллар орқали сўзлай бошлаганини энди тушунсак бўлади.
Исо одамларга ҳақиқатни етарли даражада кўп марта айтганди.
Бироқ улар ҳақиқатни рад этдилар.
Бу ҳақда ўйлаш ҳам қўрқинчлидир.
Аммо бу ҳақиқатдир.
Исо халққа масаллар орқали гапирарди, масалларнинг маъносини эса фақат шогирдларига тушунтирарди.
Имонсизларга эмас.
Демак, Матто 13–бобдан биз нимани ўрганиб олишимиз мумкин?
Ҳозирча биз фақат тўрт тоифадаги одам ҳақида сўз юритамиз. Бироқ сиз ўзингиз учун бутун бобни ўқиб чиқинг, шунда янада кўп нарсаларни ўрганиб оласиз.
Келинглар, тўрт тоифадаги одамлар ҳақида гаплашайлик.
- Биринчи тоифадаги одам ҳақида Матто 13:3–4– оятларда ёзилган:
Қулоқ солинглар! Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди. 4 У уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди.
Мен чўпон бўлган пайтларимда, кўпинча олдимга одамлар келиб, турмуш ўртоғимга, дўстимга ёки қўшнимга Хушхабар айтинг, деб мендан илтимос қилишарди.
Иложи борича, мен уларга: “Буни ўзингиз қилинг, сиз шогирдлик ҳақида дарсда бўлдингиз, кўп нарсани ўргандингиз, имон ҳақида бошқаларга айтишни машқ қилдингиз. Мана энди, чуқур сувга сакраш вақти, гувоҳлик айтиш имконияти келди”, деб айтардим.
Мен улар билан шундай келишардим: “Мен ибодат қиламан, сиз эса шаҳодат берасиз, шундан кейин биргаликда ҳисобот қиламиз.”
Лирик чекиниш қилайлик – имонга янги келган пайтларимда мен жамоатга бормай қўйган эдим, бунга сабаб чўпонимиз доимо бизга шундай деб айтарди: “Жамоатга дўстларингизни олиб келинглар, мен уларга Хушхабар айтаман.”
Жамоатдаги одамлар ожиз бўлишлари учун бу жуда яхши усулдир, чунки имонлилар ўзлари Хушхабар айтмай, чўпоннинг Хушхабар айтишини томоша қиладилар, холос.
Ўша жамоатдан чиқиб кетишим масиҳийча ҳаётим учун яхши туртки бўлди.
Мен бошқа жамоатга аъзо бўлдим, янги жамоатнинг чўпони бизга Хушхабар айтишни ўргатарди. Шу сабабдан ҳам жамоат тез ва жадал тарзда ўсиб борарди.
Энди асосий мавзуга қайтайлик.
Мен чўпонлик қилган жамоатда имонлилар Хушхабар айтишганда қандай натижага эришарди?
Одатда натижа икки хил эди:
1–натижа:
Хушхабар айтаётган одамлар хурсанд бўлиб, нажот ҳақида гапирар эдилар. Ҳаяжондан пешонасини тер босарди. Тили айланмай қоларди, аммо улар барча ҳаяжонни енгиб, Хушхабарни охиригача айтишарди. Суҳбатдошлари уларга саволлар беришарди. Жамоатимдаги бу имонлиларнинг илк бор Хушхабар айтиши эди!
Ҳа, улар олдин қилмаган ишнинг уддасидан чиққан эдилар.
Бу имкониятдан бошлари осмонга етган эди.
Натижада эса ўзларини тўлиқ Хушхабар айтишга бағишладилар.
Қайта–қайта Хушхабар айтавердилар.
Хушхабар айтишга доим тайёр эдилар.
Ажойиб! Шундай эмасми?!
2–натижа қандай эди?
Бу гуруҳдаги одамлар Хушхабар айтишдан сувга тушган мушук каби қайтиб келган эдилар.
Юзларида табассум йўқ эди.
Ичларидан гапини тортиб чиқаргудек бўлдим.
Улар Хушхабар айтишдан олдин ибодат қилганмидилар? Ҳа.
Гуноҳларидан тавба қилганмидилар? Албатта.
Нажот хабарини билганмидилар? Ҳа.
Айтган Хушхабардан қониққанмидилар? Ҳа, қониққан эдилар.
У ҳолда нега тушкун кайфиятда эдилар?
Бунга сабаб оддий эди: имонсизларнинг Хушхабарга асло қизиқиши йўқ эди,
улар суҳбатга чек қўйган эдилар,
Исо Масиҳ, Муқаддас Китоб ва нажот ҳақида ҳеч нарса эшитишни хоҳламаган эдилар.
Шу сабабдан жамоатимдаги бу имонлилар тушкун кайфиятда эдилар.
Шулар рўй бергани учун ҳам, улар ўзларини мағлуб бўлгандай ҳис қилган эдилар.
Улар ичларида шундай ўйлар эдилар: “Қандайдир ноўрин гапим ёки қилиғим сабабли суҳбатдошим Хушхабарни эшитишни истамади.”
Бироқ суҳбатдоши айнан нимадан хафа бўлганини ҳеч тушуна олмасдилар.
Бундай муваффақиятсизликдан кейин уларнинг ҳафсаласи пир бўлди ва улар умуман Хушхабар айтмайдиган бўлдилар.
Бундай имонлилар Матто 13 да ёзилган масалнинг маъносини асло тушунмаганга ўхшайдилар. Диққат қилинг, масалда шундай деб ёзилган:
Қулоқ солинглар! Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди. 4 У уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди.
Демак, бу парчада деҳқон ҳақида ёзилган.
Деҳқон уруғни сепяпти.
Уруғ эса ерга тушяпти.
37–оятга кўра, мазкур парчадаги деҳқон бу — Исо.
19–оятга кўра, уруғ бу — Худонинг Каломи.
19–оятга кўра, ер бу – инсоннинг юраги.
Сўқмоқ йўл устига тушган уруғлар илдиз отмади, ўсмади. Ҳммммммммм.
Деҳқон қандай нотўғри ҳаракат қилди?
Агар сўқмоқ йўлда уруғ униб чиқмаса, деҳқоннинг айби нима?
Ўша парчани яна бир бор ўқиб чиқинг.
Қулоқ солинглар! Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди. 4 У уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди.
Йўқ, деҳқон ҳеч қандай хато қилмади.
Салбий жавоб олган жамоатимиздаги имонлилар ҳам ҳеч қандай хатога йўл қўймаган эдилар.
Сўқмоқ йўлнинг қаттиқлиги деҳқоннинг хатоси эмас.
Баъзи одамларнинг юраги тош бўлгани масиҳийларнинг хатоси эмас.
Одамларнинг қалби ёпиқлиги, уларнинг нажотга бефарқлиги, Худога нисбатан тошюраклиги инсонни ҳайратга солади, қайғу келтиради, ёқасини ушлатади.
Баъзи одамлар ўз гуноҳларини ва айбларини тан олишни асло истамайдилар, тавба қилмайдилар, гуноҳга нисбатан бефарқдирлар, бундан ҳаммамизни беихтиёр титроқ босади.
Бу билан шуни айтмоқчиманки, одамлар Хушхабарни эшитишни истамаса, бу бизнинг хатоимиз эмас.
Жамоат бор экан, асрлар давомида бу каби тошбағир одамлар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади.
Шу сабабдан ҳеч ҳайрон бўлманглар.
Баъзан сиз айтган Хушхабарни одамлар рад этадилар.
Аммо бу сизнинг айбингиз эмас.
Эсимда бор, бир куни мен биттасига Хушхабар айтганимдан кейин, уйимдаги ванна хонага кириб: “Ўша одам дўзаҳга тушади”, деган фикрдан тўхтамай ҳўнграб йиғлаган эдим.
Тўғри, биз йиғлашимиз керак.
Бироқ биз ўз мажбуриятимизни билишимиз керак ва нима учун жавобгар эмаслигимизни ҳам тушуниб олишимиз керак.
Исо Масиҳ ҳақида Хушхабар айтиш бизнинг мажбуриятимиздир.
Суҳбатдошимизнинг бунга муносабати ва Хушхабарни рад этиши эса бизнинг жавобгарлигимиз эмас.
Суҳбатдошингизнинг тошбағирлиги сизнинг айбингиз эмас.
Биз мажбуриятимизни бажармоғимиз даркор.
Ундан бош тортишимиз мумкин эмас.
Умид қиламизки, ҳамманинг қалби ҳам қаттиқ бўлавермайди.
#2 Матто 13:5–6
Бу парчада уруғлар ҳақида нима ёзилган?
Баъзи уруғлар тупроғи кам тошлоққа тушибди. Тупроқ кам бўлгани учун уруғлар тез кўкариб чиқибди.
6 Бироқ қуёш чиққач, қовжираб, илдизи бўлмагани учун сўлиб қолибди.
Бу тоифадаги одамлар Хушхабарни эшитишлари биланоқ, уни хурсанд бўлиб қабул қиладилар.
Улар таъсирчан бўлганлари сабабли, Хушхабарга ҳис–туйғуларига таяниб ёндашадилар.
Бундай ёндашув менга мушакбозлик ёлқинларини эслатади.
Ранг–баранг салютлар ракета сингари отилади, бир муддат ёниб, атрофни ёритади, 60 сониядан кейин эса ғойиб бўлади.
Ундан асар ҳам қолмайди…
2–мисолдаги ер ҳам худди шундайдир.
Қалби тупроғи кам тошлоққа ўхшаган одамлар сидқидилдан тавба қилмайдилар.
Улар ҳаммасини кўзбўямачилик учун қиладилар, ичлари эса бўм–бўшдир.
Улар уйини тупроқ устига қурган бинокорга ўхшайдилар.
Бундай уй узоқ турмайди.
Юқоридаги парчани ўқир эканмиз, хурсандчилик билан “имонга келган” одамлар ёдимизга тушади.
Улар отилган салют ва мушакбозлик ёлқинлари каби, дабдаба билан Исони юрагига қабул қилганлар, ҳамманинг олдида Исони Раббим деб тан олганлар.
Бугунги кунга келиб эса Исодан қайтиб кетганлар, чунки улар кутган осон ҳаётни Худо уларга бермади.
Улар ўзларини масиҳий қилиб кўрсатганлар, аммо томирлари имонда чуқур ўсмаган.
Улар Худо йўлида қурбонлик келтиришни истамадилар.
Илдизи йўқ кўкат каби бўлдилар.
Шу сабаб нажотдан бебаҳра қолдилар.
Биз ўз мажбуриятларимизни билишимиз ва нима учун жавобгар эмаслигимизни англашимиз керак.
Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни айтиш бизнинг мажбуриятимиздир.
Суҳбатдошингиз мушакбозлик ёлқинларига ўхшаган бўлса, бу сизнинг жавобгарлигингиз эмас.
Суҳбатдошингизнинг қалб муаммолари учун сиз айбдор эмассиз.
Сиз фақат ўз вазифангизни бажаринг.
Мажбуриятингиздан бош тортманг.
Тарих давомида бундай одамлар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади.
Тошбағир одамлар доим бўлади.
Бундан ҳайрон қолманг. Бундай бўлишини билинг.
Бу каби одамларга дуч келишингиз турган гап.
Ўшандай одамларнинг бағритошлиги сизнинг айбингиз эмас.
Ортдагини унутиб олға қадам босинг.
Навбатдаги учинчи тоифадаги одамларга эътибор берайлик.
#3
Матто 13:7
Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Тиканлар ўсиб, уруғларни бўғиб қўйибди.
Эвоҳ!
Бу тоифадаги одамлар нажотнинг асл мағзини тушунмайдилар, нажот ўзгариш демакдир, шунчаки қўшимча нарса эмас.
Уйдаги шкафимда менга берилган совғалар бор.
Ўша совғалар ҳаётимнинг бир қисмими?
Ҳа!
Аммо ўшалар шкафимда чанг босиб ётибди.
Айрим одамлар ҳам Исога буюмдай ёндашадилар, улар Исони юрагига қабул қиладилар–у, аммо сўнг Уни кераксиз буюмдай бир четга суриб қўядилар.
Улар шусиз ҳам банд ҳаётларига Исони қўшиб қўйгандай бўладилар.
Аслида нажот бу ўзгариш демакдир.
Ҳақиқий нажот — Худони марказ қилади, Уни ҳамма нарсанинг Эгаси деб тан олади. Нажот топган одам учун мансаб, уй, оила, касб, обрў–эътибор иккинчи даражага кўчади.
1Юҳанно 2:15–16 да шундай ёзилган:
Дунёга ва ундаги нарсаларга кўнгил боғламанглар. Дунёни севган одамда Отамиз Худонинг севгиси бўлмайди. 16 Зеро, дунёдаги бор нарса — инсон табиатининг хоҳишлари, нафс ва бойлик билан мағрурланиш Отадан эмас, балки дунёдандир.
Бу парчада учинчи тоифадаги одам тасвирланган.
Агар бойлик ва нафс Исога бўлган имонни бўғиб қўйса, имонингиз узоққа бормайди.
Бунда деҳқоннинг айби борми? ЙЎҚ.
Деҳқон бирон хатога йўл қўйганми? ЙЎҚ.
Ёки деҳқон эккан уруғ ёмон бўлиб чиққанми? ЙЎҚ.
Фақат шуни таъкидламоқчиманки, жамоат тарихи давомида дунёга ружу қўйган одамлар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади.
Бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ.
Сиз ҳам бундай одамларга дуч келасиз.
Бу сизнинг хатоингиз эмас.
Биз ўз мажбуриятларимизни билишимиз ва нима учун жавобгар эмаслигимизни англашимиз керак.
Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни айтиш бизнинг мажбуриятимиздир.
Суҳбатдошимиз дунёга ружу қўйгани ва Исога бўлган имонини бўғиб қўйгани бизнинг жавобгарлигимиз эмас.
Унинг қалбини тош қилган сиз эмассиз.
Сиз ўз вазифангизни бажаринг.
Мажбуриятингиздан бош тортманг.
Энди яхши янгилик учун тайёрмисиз?
Майли….
Биз нимани кутган эдик?
#4 Биз яхши, ҳосилдор тупроқни кутган эдик.
Яна бошқа уруғлар эса яхши тупроққа тушибди. Баъзилари юз, баъзилари олтмиш, баъзилари эса ўттиз баробар кўп ҳосил берибди.
Нажотнинг далили ҳосилдир.
“Ҳар бир яхши дарахт яхши мева беради”.
Яхши тупроқ мўл ҳосил беради.
Ҳосилнинг мўллиги ҳаммани ҳайратга солади.
Хирмонлар тўлиб–тошади.
Яхши тупроқ самимий қалбни билдиради, бундай қалб эгаси гуноҳларидан сидқидилдан тавба қилади.
У гуноҳдан юз ўгиради.
Бундай одам бутун эътиборини Масиҳга қаратиб, Унга ўхшаб ўзгариб боради.
Биз учун яхши хабар шуки, дунёда самимий қалб эгалари бор.
Уларга Хушхабар айтишимиз керак.
Ҳақиқат шундан иборатки, биз ҳаммамиз бир хил даражада ҳосил бермаймиз.
Тўрт хил тупроқ ҳақидаги масалнинг мазмуни ана шулардан иборатдир.
Тўрт тоифадаги одамлар ҳақидаги бу масални ўқир эканмиз, Худодан кўп нарса учун миннатдор бўлишимиз керак.
Нималар учун?
- Худо Ўз жамоатини ўстираётгани учун.
Юқоридаги бир нечта оятдан биз шуни билиб олдикки, бугунги кунда Исо мисли кўрилмаган янгиликни яратмоқда: У Ўз жамоатини барпо қилмоқда.
Йигирма бир асрдан кейин ҳам Исо жамоати орқали фаолият кўрсатмоқда.
Биз ҳам Исо барпо қилган жамоатнинг аъзоларимиз.
Тўғрисини айтсам, кўпинча бу оятлар менда қувонч ва барқарорлик ҳиссини уйғотади.
Биз ҳамма ёқдан салбий хабарлар эшитамиз. Қўрқинчли воқеалар қулоғимизга чалинади. Шундай пайтларда ўзимга ўзим: “Наҳотки Худонинг бундан хабари бўлмаса? У нима қилиб ўтирибди?” деган савол бераман.
Бунга жавоб қуйидагича:
Худо Матто 13–бобда бошлаган ишини давом этмоқда. У Ўз жамоатини барпо қилмоқда.
Исо шундай деган эди: “Мен жамоатимни барпо қиламан.” Бугунги кунда ҳам Исо ўша иши билан банд.
Бу йили Исо жамоатини қандай йўл билан барпо қилди?
Исо бизга ҳисобот бермайди, аммо имонимиз комил бўлсин: Исо Ўз ишини сидқидилдан бажармоқда. У ҳаётимиздаги ҳамма вазиятлардан, ҳаттоки табиий офатлар ва сиёсий нотинчликлардан самарали фойдаланмоқда.
- Худога шукурлар айтинг, чунки Унинг йўлида қилган меҳнатингиз бесамара қолмайди.
Имонлилар Хушхабар айтиш учун қанчадан–қанча тер тўкканларини, ҳаракат қилганларини, маблағ кеткизганларини кўз олдингизга бир келтириб кўринг!
Агар сиз бугунги кунда бор кучингизни Худонинг жамоатини барпо қилишга бағишлаётган бўлсангиз, билинг бугунги кун учун Худонинг иродаси ҳам шудир.
Балки сиз кўришни истаган натижага эришмагандирсиз, аммо билингки, бу барча уринишларингиз зое кетмаган.
Ахир, сиз Худога хизмат қиляпсиз, шу сабабдан таржимаи ҳолингизни “Зое кетган вақтлар Солномаси” деб ҳеч ҳам атаб бўлмайди.
1Коринфликлар 15:58 да шундай ёзилган:
Шунинг учун, эй азиз биродарларим, ҳеч иккиланмай, имонингизда маҳкам туринглар. Ҳамиша Раббимиз Исога хизмат қилишга бағишланиб, янада ғайратли бўлинглар. Ахир, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз самарасиз қолмаслигини биласизлар–ку!
Бу оятни ёддан биласизми?
Агар билмасангиз, уни ёд олишингиз шарт!
Худо йўлида меҳнат қилиш осон эмас.
“Меҳнат” сўзи машаққатларга чидаб ишлаш маъносини беради.
Бу оятда оғир меҳнат ҳақида сўз юритилган.
Раббимиз йўлида қилган меҳнатингизнинг албатта самараси бўлади.
Чунки ғалаба Худо томонида. Сиз айтган ҳеч бир гувоҳлигингиз беҳуда бўлмайди, имонсизларга Муқаддас Китобни ўргатганингиз асло зое кетмайди, шунинг учун Худога шукурлар айтинг. Жамоат учун қилган хизматингиз самарасиз қолмайди.
Худо Ўз жамоатини барпо қилар экан, сиз Унга бу ишда ёрдам берсангиз 100% ишончингиз комил бўлсинки, хизматингизни У муносиб даражада қадрлайди. Сиз қилган меҳнатингиздан асло пушаймон бўлмайсиз.
Сиз вақтингизни беҳудага кеткизмадингиз.
Доно қарор қилдингиз.
Балки биз тўхтаб, вақтимизни нималарга сарф қилаётганимиз ҳақида мулоҳаза қилишимиз керакдир.
Бугунги кун учун долзарб масала – жамоатни барпо қилишдир. Худо айнан шу билан банддир. У Матто 13–бобда бошлаган ишидан чекинмади.
Шундай экан, сиёсатга ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларга вақтимизни сарфлаб нима қиламиз?
Ундан кўра Худонинг эътибори марказида бўлган – жамоатга вақтимизни сарф қилайлик!
- Худога шукурки, тошбағир, муваффақият кетидан қувган, дунёга берилиб кетган одамларнинг Хушхабарга бефарқлиги учун биз айбдор эмасмиз. Улар Масиҳни рад этаётгани бизнинг хатоимиз эмас.
Мен имонга янги келган пайтларимда, Каломни ўрганиш гуруҳига қатнашардим. Устозимиз шундай деган эди: “Хушхабарни Муқаддас Руҳнинг қудрати билан айтинг, шунда ижобий натижага эришасиз, ана ўшандай гувоҳликни муваффақиятли деб аташ мумкин.” Бу яхши таълимот.
Мен Хушхабар айтганимда, авваламбор суҳбатдошимга Худонинг нажот режасини тушунтираман.
Мен қўлимдан келганини қиламан.
Қолганини эса Худога топшираман.
Ёшлигимда ҳар ҳафта Каломни ўрганиш гуруҳига борганимда биз Хушхабар эшитган одамлар учун ибодат қилардик ва Хушхабар уларнинг қалбларига сингиб боришини умид қилардик.
Мен қатнашиб юрган ўша жамоатда биродарлар имонсизларнинг тошюраклиги учун фақат ўзларини айблар эдилар.
Энди тасаввур қилиб кўринг: агар сиз бошқалар Масиҳни қабул қилмагани учун фақат ўзингизни айблайверсангиз, жаннатда ўзингизни қандай сезасиз? Сизда ҳеч қандай хурсандчилик бўлмайди.
“Дўзаҳга тушган одамларга Хушхабарни етарли даражада меҳр билан, содда қилиб айтмадим, улар учун ибодат қилмадим. Ҳаммасига ўзим айбдорман. Нималар қилиб қўйдим!”, деб сиз ич–ичингизни еб, жаннатда қийналиб юрасиз–ку! Бундай жаннат абадий дўзаҳга айланмайдими?!
Бизнинг донолигимиз, ақл–заковатимиз, Хушхабарни содда қилиб тушунтиришимиз имонсизларни нажотга олиб келмайди.
Эфесликлар 2:8–9 да бу борада шундай ёзилган:
8 Ахир, сизлар Худодан иноят топиб, имон орқали нажот топгансиз. Бу Худонинг инъомидир, сизнинг ютуғингиз эмас. 9 Яна ҳеч ким: “Мен савоб ишларим туфайли қутулганман”, деб мақтанмасин.
Сиз бу оятни ёддан билсангиз керак.
Уни яна бир бор диққат билан ўқиб чиқинг.
Сиз имон орқали нажот топгансиз.
Фақат имон орқали.
Имон қаердан келади?
Ҳатто имонингиз ҳам Худодандир.
Нажот Худодан.
Нажот топганим учун мақтовга лойиқманми?
Асло!
Бироқ ҳар бир одам Масиҳга бўлган муносабати учун жавобгардир.
Тўғри, имонсизлар нотўғри қарорлар чиқарганларида биз ич–ичимиздан эзиламиз, бироқ улар Хушхабарни рад қилганлари учун ўзлари жавоб берадилар. Биз эмас.
Ўз мажбуриятларингизни тўғри англашингиз ниҳоятда муҳимдир.
Бироқ сиз жавобгар бўлмаган нарсаларни ҳам билиб олинг.
Гуноҳни Муқаддас Руҳ фош этади. Муқаддас Руҳ одамларни тавбага олиб келади ва уларга нажот тақдим этади.
Шундай экан, биз Хушхабар айтганимиздан кейин суҳбатдошимизни Худонинг қўлларига топширишимиз керак, ва ибодат қилиб, қолган ишни Худонинг Ўзи ниҳоясига етказишига ишонишимиз керак.
Шу жойда хизматимиз тугайди.
Бу ишимиз самарали бўлган ҳисобланади.
Уруғ сепувчи ҳақида масалда Исо бизга уч хил тупроқ ҳақида гапирган эди. Қалби тошлоқ, қаттиқ тупроққа ўхшаган одамлар олдин ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Бундай одамларни учратишга тайёр туринглар. Уларга Хушхабар айтинглар. Улар учун ибодат қилинглар.
Балки келажакда Худо уларнинг қалбларини юмшатар. Хозирча эса, уларнинг нотўғри қарорлари сизнинг шижоатингизни сўндирмасин.
- Сиз Хушхабар айтган баъзи одамлар ҳосилдор тупроқ каби бўладилар, шунинг учун Худога шукурлар айтинг.
Масалда ёзилишича, бундай тупроққа тушган уруғлар ўртача 7 баробар кўпроқ ҳосил келтиради. Бу дегани ҳосил ниҳоятда мўл бўлади.
Мўл ҳосилга бир қаранг!
Сиз имонга олиб келган баъзи шогирдларингиз сиздан–да кўпроқ ҳосил келтиришлари мумкин.
Бундай улуғвор жараёнда қатнашишнинг ўзи қандай шараф, бунинг учун Худога миннатдорчиликлар билдирсак арзийди.
Исо бизга шундай айтмоқда: УРУҒЛАР УЧУН ЯХШИ ТУПРОҚ ҲАМ БОР.
ЎША ТУПРОҚНИ ТОПИНГ!
Тарихимиз давомида юмшоқ қалб эгалари доимо бўлган ва бундан кейин ҳам бўладилар. Улар Хушхабар эшитиш илинжида юрибдилар.
Ўша одамларни топинг.
Балки биз учратган тўртта одамнинг биттасида қалби яхши тупроқдай бўлар? Ким билади? Буни ҳеч ким аниқ айта олмайди. Бироқ шуни билишимиз керакки, бу дунёда Хушхабарга чанқоқ бўлган одамлар, Калом уруғи яхши ўсадиган қалблар соҳиблари бор.
Келинглар, уларни топайлик!
Бугунги кунда Худо Ўз жамоатини бунёд этмоқда.
Матто 13–бобда ёзилишича, Исо жамоатни бунёд қилишни бошлаган, бизнинг Хушхабар улашишимиз эса жамоатнинг ўсиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Азиз биродар ва опа–сингилларим, Хушхабар айтиш масиҳийча ҳаётимизнинг маркази бўлсин!