Тўхтатиб бўлмайдиган Хушхабар
Довуд Платт
(Ваҳий 5:1-14)
Муҳим ҳақиқат
Худонинг чексиз ҳокимиятига чин дилдан ишонган одам жонини хавф остига қўйиб бўлса–да, умумжаҳон хизматга бел боғлайди.
Худонинг чексиз ҳокимиятига ишонган чўпонлар жамоатларидаги одамларни инсоният учун жонини қурбон қилишга чақиради.
Учта фундаментал ҳақиқат
Бу ҳақиқатлар бизнинг йўналишимизни белгилайди, қалбингизда ва онгингизда пайдо бўлаётган эътирозларнинг олдини олади.
(1) Маҳаллий хизмат албатта керак.
Биз жамоатларимизда ва шаҳар–қишлоқларимизда маҳаллий хизматни четга суриб қўйишимиз керак, деб асло айтмоқчи эмасман.
(2) Умумжаҳон хизмат эътибордан четда қолган бўлиб, аянчли аҳволдадир.
Емен давлатининг шимолий қисмида саккиз миллион аҳоли истиқомат қилади.
Бу саккиз миллион одам орасида нечта имонли киши борлигини биласизми? 20 та ёки 30 та.
Бугунги кунда дунёдаги икки миллиард одам Хушхабарни асло эшитмаган. Уларни шунчаки “нажот топмаган” деб айтиб бўлмайди, чунки уларда Хушхабар эшитишга ҳаттоки имкони ҳам йўқ.
(3) Чўпонлар умумжаҳон хизматини олиб бориш жавобгарлигига ҳамда имтиёзига эгадирлар.
Дунёдаги 6 000 та халқ ва ўша халқлар таркибидаги 2 миллиард одам Хушхабарни эшитмаган. Бу муаммони ҳал қилиш вазифаси нафақат Хушхабарчилар ва уларни тайёрлайдиган муассасалар зиммасида, балки ҳар бир чўпон ва ҳар бир маҳаллий жамоат зиммасидадир.
Чўпонлар, биз жамоатларимиздаги одамларни яхши кўрамиз (жамоат ичидаги хизмат), маҳаллаларимиздаги одамларни эъзозлаймиз (маҳаллий хизмат, яъни Хушхабарни маҳалла миқёсида етказиш), бироқ ишонамизки, бир кун келиб, жаҳондаги барча халқлар Худонинг Хушхабарини қабул қилишади ва улуғвор Худога сажда қилишади (умумжаҳон хизмат, яъни Хушхабарни бутун жаҳон миқёсида етказиш).
Чўпонларнинг ва жамоатдагиларнинг бундай ишончига нима асос бўлиб хизмат қилади? Бунга асос — Худонинг чексиз ҳокимиятига бўлган қатъий эътиқодимиздир.
Мен тахтда ўтирган Зотнинг ўнг қўлида бир ўрама қоғозни кўрдим. Ўрамнинг олди ва орқа томонларида ёзувлари бор бўлиб, у еттита муҳр билан муҳрланган эди. Сўнг мен кучли бир фариштани кўрдим. У баланд овозда: “Муҳрларни ечишга, ўрамни очишга ким лойиқ?” деб сўради. Бироқ на осмонда, на ер юзида, на ер остидаги оламда ўрамни оча оладиган ёки ичига назар сола оладиган бирон кимса бор эди. Мен аччиқ–аччиқ йиғлай бошладим, чунки ўрамни очишга, ҳатто унинг ичига назар солишга лойиқ бирон кимса топилмаганди. Шунда оқсоқоллардан бири менга деди:
“Йиғлама! Ана қара, Яҳудо қабиласидан бўлган Шер — Довуд уруғидан чиққан Зот ғалаба қозонди. У ўрамнинг еттита муҳрини ечишга ва ўрамни очишга қодирдир.”
Шунда мен тахт олдида, тўртта жонли мавжудот ва оқсоқоллар қуршовида турган бир Қўзини кўрдим. У гўё бўғизлангандай эди. Қўзининг етти шохи ва етти кўзи бор эди. Булар Худо бутун ер юзига юборган еттита руҳдир. Қўзи келиб, тахтда ўтирган Зотнинг ўнг қўлидан ўрамни олди. У ўрамни олганда, тўртта мавжудот ва йигирма тўрт оқсоқол Қўзининг олдида мук тушишди. Ҳар бирининг қўлида бир арфа ва хушбўй тутатқиларга тўла олтин косалар бор эди. Хушбўй тутатқилар — Худо азизларининг дуою ибодатлари демакдир. Улар қуйидагича янги қўшиқ айтишар эди:
“Сен ўрамни олишга,
Унинг муҳрини ечишга лойиқсан!
Чунки Сен бўғизланган эдинг,
Ўз қонинг эвазига ҳар бир қабила, миллат, эллату халқдан
Худо учун одамларни қутқариб олдинг.
Улардан Шоҳлик яратдинг,
Уларни Худойимизга хизмат қиладиган
Руҳонийлар қилиб тайинладинг.
Улар ер юзида ҳукм сурадилар.”
Кейин мен тахтнинг, мавжудотлар ва оқсоқолларнинг атрофида кўп фаришталарни кўрдим, уларнинг овозларини эшитдим. Уларнинг саноғига етиб бўлмас, минг–минглаб, ўн минглаб эдилар. Улар баланд овозда шундай дердилар:
“Бўғизланган Қўзи ҳамдларга лойиқдир!
Кучу давлат, донолигу қудрат Соҳибига
Шон–шарафлар бўлсин!”
Шунда мен еру осмондаги, ер остидаги, денгиздаги жамики жонзотларнинг овозларини эшитдим. Уларнинг ҳаммаси шундай деб куйлаётган эдилар:
“Тахтда ўтирган Зотга ва Қўзига
Абадулабад ҳамдлар бўлсин!
Бу қудрат Соҳибларига
Абадулабад шон–шарафлар бўлсин!”
Тўртта мавжудот: “Омин!” — деди. Оқсоқоллар эса мук тушиб, сажда қилдилар.
Юқоридаги матнда илоҳиётшуносликка оид тўртта ҳақиқат мавжуд.
(1) Бутун жаҳон тақдири қудратли Худойимизнинг қўлидадир.
Ваҳий 5:1, “Мен тахтда ўтирган Зотнинг ўнг қўлида бир ўрама қоғозни кўрдим.”
Ваҳий 4:11, “Ё Эгамиз, ё Худойимиз!
Сен қудратлисан!
Улуғворлигу иззатга Сен лойиқсан!
Зеро, бутун борлиқни Сен яратгансан,
Ҳамма нарса Сенинг ироданг ила вужудга келди, яратилди.”
“Қодир Худо қудратли бўлгани учун Унга ҳеч кимнинг ёрдами керак эмас.”
Инсоннинг илтифотини қозонишга ҳаракат қилган, асаблари таранг, хушомад қилувчи худо ҳеч кимда ижобий туйғу уйғотмайди. Бироқ, афсуски, кўп одамлар Худони айнан шундай тасаввур қилишади.
XXI-асрнинг кўп масиҳийлари учун Худо жимияти хариядан ҳеч фарқ қилмайдиган бўлиб қолган. Биз ўзимизни шу қадар муҳим деб ўйлаймизки, гўёки бизсиз Худонинг иши тўхтаб қоладигандай бўлади…
Худбин қалбларимиз: “Худо ёрдамимизга муҳтож эмас”, деган ғояни қабул қилишга қийналади. Биз Худони доим банд бўлган, шошилган, ҳафсаласи пир бўлган Ота сифатида тасаввур қиламиз, хаёлимизда У дунёга нажот ва тинчлик келтирадиган илоҳий режасини амалга оширишга шошилиб, ёрдам берадиган мададкорларни қидиргандай бўлади. Биз Худони ўзимиз шундай тасаввур қилганимиз боис, бошқаларга ҳам Уни шундай таништирамиз…
Кўплаб хушхабарчилар жамоатдагиларга Қодир Худонинг ҳафсаласи пир бўлганини таъсирчан сўзлаб берадилар. Нотиқлик санъатини уддалаганлар тингловчиларнинг қалбларида Худога нисбатан ачиниш ҳиссини уйғотадилар, улар Худонинг одамларга нажот бериш мақсадида қилган саъй ҳаракатлари ҳақида гапириб, юмушчиларнинг йўқлигидан ҳаммаси беҳуда кетгани ҳақида таъсирчан айтадилар.
Қўрқаманки, ҳозирги кунда кўп ёш хизматчилармиз Худога ёрдам бериш, Уни уятли вазиятдан қутқариш мақсадида Хушхабар айтиш хизматига бел боғлаганлар.
Агар бунга маълум даражадаги идеализм ва муҳтожларга раҳм–шафқат туйғусини қўшсангиз, бугунги масиҳийларнинг хатти–ҳаракатлари учун асос бўлган омилни топасиз.
(2) Худонинг олдида Масиҳсиз инсоннинг аҳволи абгордир.
Ваҳий 5:2–4, “Сўнг мен кучли бир фариштани кўрдим. У баланд овозда: “Муҳрларни ечишга, ўрамни очишга ким лойиқ?” деб сўради. Бироқ на осмонда, на ер юзида, на ер остидаги оламда ўрамни оча оладиган ёки ичига назар сола оладиган бирон кимса бор эди. Мен аччиқ–аччиқ йиғлай бошладим, чунки ўрамни очишга, ҳатто унинг ичига назар солишга лойиқ бирон кимса топилмаганди.”
Ўрамда Худонинг инсоният учун бўлган режаси ёзилган эди. Самодаги сукунат инсониятнинг ўта гуноҳкорлигини тасдиқлаб турарди. Одамзод орасида лойиқ инсон йўқ эди, Юҳанно бундан аччиқ–аччиқ йиғлади. Барча умид фақат Масиҳдан эди.
“Жаҳаннамдагиларнинг аҳволи шундайдир: улар улишни истайдилар, аммо ўлмайдилар. Фосиқлар ўлим чангалида азобланадилар, аммо ўлмайдилар. Жаҳаннам тутуни то абад бурқираб чиқади, ҳеч қачон тугамайди. Эвоҳ! Бундай абадий жазога ким дош бера олади? “Абадий” деган сўз юракни тилка–пора қилади.”
Бир воизхон доим кўзига ёш олиб, жаҳаннам тўғрисида шундай деб айтарди: “Дўзаҳдагилар ёнган чўғ устида ўтиргандай азоб чекадилар. Бу азоблар бир кун эмас, миллион кунлар ҳаттоки миллион асрлар ҳам эмас, то абад давом этади. Азобларнинг охири бўлмайди, ўша даҳшатли жойдан уларни ҳеч ким қутқармайди.”
Биз даҳшат сўзини кўп ишлатамиз, аслида ўша сўзнинг туб маъносини тушунмаслигимизни кўрсатамиз. Биз кўпинча: даҳшатли ўйин, даҳшатли кун, деб айтамиз, чунки даҳшат нималигини биз хаёлимизга ҳам келтира олмаймиз.
Хушхабарни эшитмаган дунё қўрқинчли вазиятдадир. Улар Худонинг Хушхабарини эшитмаганлар, бироқ Худонинг борлигини биладилар.
Римликлар1:18-23 да шундай ёзилган:
“Барча фосиқлигу адолатсизлик устига самодан Худонинг қаҳри ёғилади, чунки инсонлар ўз адолатсизликлари билан ҳақиқатга тўсқинлик қиляптилар. Худо ҳақида нимаики билиш мумкин бўлса, уларга равшандир, Худонинг Ўзи уларга зоҳир этган. Борлиқ яратилгандан бери Худонинг кўринмас хусусиятлари, яъни абадий қудрати ва илоҳиёти очиқ кўриниб турибди. Худонинг ижодига қараб, Унинг хусусиятларини тушуниб олса бўлади. Шундай экан, улар: “Худони билмаймиз”, деб баҳона қилолмайдилар. Улар Худони билсалар–да, Уни улуғламадилар, Унга шукур қилмадилар. Аксинча, бемаъни ўй–хаёлларга берилиб кетдилар, уларнинг нодон онглари зулматга чўкди. Улар ўзларини ақлли деб ҳисоблайдилар, аслида эса нодондирлар. Улар мангу, улуғвор Худога эмас, балки ўткинчи инсон, қуш, чорва, судралувчи жониворлар суратидаги бутларга сажда қилдилар.”
Айбсиз африкалик одам жаннатга боради, аммо муаммо шундаки, айбсиз одамнинг ўзи йўқ. Ҳа, дунёда Худони билмаган айбсиз одам мавжуд эмас. Ҳар бир инсон Худо олдида айбдордир, шу сабабдан ҳар бир тирик жонга Хушхабар керак!
Дунёдаги икки миллиард одам Худонинг борлигини билади, бироқ уларнинг билими фақат уларни дўзаҳга маҳкум қилиш учун етарли, холос. Аммо умид бор!
(3) Дунёдаги энг эзгу хабар қуйидагичадир: Худонинг қурбонлик Қўзиси бутун жаҳон устидан мутлақ ҳокимиятга эга.
Шунда оқсоқоллардан бири менга деди: “Йиғлама! Ана қара, Яҳудо қабиласидан бўлган Шер — Довуд уруғидан чиққан Зот ғалаба қозонди. У ўрамнинг еттита муҳрини ечишга ва ўрамни очишга қодирдир.” (Ваҳий 5:5).
Худо қадимги замондаёқ Нажоткор ҳақида ваъда берган эди: “Яҳудонинг қўлидан кетмас салтанат ҳассаси…халқлар унга таъзим қиларлар.” (Ибтидо 49:10).
Нажот берадиган Зот шоҳ Довуднинг хонадонидан келиб чиқиши ҳақида каромат қилинган эди: “Эссайнинг томиридан новда ўсиб чиқади, ҳа, унинг илдизидан кўчат ёйилади. Унинг устида бўлади Эгамизнинг Руҳи…у халқлар учун баланд кўтарилган байроқ каби бўлади.” (Ишаё 11:1-2, 10).
Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, Мен Довуд наслидан солиҳ бир новдани етиштираман. Бу Шоҳ донолик билан ҳукмронлик қилади…” (Еремиё 23:5).
“Эй ўлим, сенинг зафаринг қаерда?! Эй ўлим, сенинг нишинг қаерда?!” Ўлимнинг ниши гуноҳдир. Гуноҳнинг қуввати эса қонундан келиб чиқди. Худога шукурлар бўлсин! У Раббимиз Исо Масиҳ орқали бизга ғалаба ато қилган. (1 Коринфликлар 15:55-57).
“Ана, Худонинг Қўзиси! У дунёни гуноҳдан поклайди!” (Юҳанно 1:29).
Дунё яратилгандан бери, бутун тарих давомида инсонлар дунёга келиб, дунёдан кўз юмган, олижаноблари ҳам, меҳрибонлари ҳам, кучлилари ҳам, таниқлилари ҳам – ҳаммаси гуноҳга асир бўлган.
Уларнинг ҳаммаси – ҳар бир эркак ва ҳар бир аёл – шайтонга қулдир.
Уларнинг ҳаммаси – авлодлар оша, асрлар оша, ҳар бир эркак ва ҳар бир аёл – ўлимга маҳкумдир.
Бироқ кейин бошқа бир Инсон келди, У шу пайтгача яшаган бирон эркак ёки аёлга ўхшамасди.
Бу Инсон гуноҳга асир бўлмади, аксинча У гуноҳни мағлуб қиладиган қудратга эга эди.
Бу Инсон шайтонга қул бўлмади, У солиҳлик қули эди.
Бу Инсон ўлимга маҳкум бўлмади, У ўлимни мағлуб қилди.
Қандай қилиб? У қурбонлик Қўзиси бўлиб, жонини қурбон қилди.
Уни мазах қилишди, рад этишди, уришди, Ундан нафратланишди, Унга азоб беришди, яралашди, бизнинг ўрнимизга Уни жазолашди, токи Ундан паноҳ топган ҳар бир инсон, Унинг тўкилган қони эвазига нажот топсин.
Худонинг Қўзиси бизнинг ўрнимизга қурбон бўлди. У Ўз қудрати билан ўлимни мағлуб қилди. Ўлим Унинг баданида чандиқларини қолдирди, аммо У ўлим устидан мутлақ ҳокимиятини ўрнатди.
Севги Раббийсига тож кийдиринг, Унинг қўллари ва биқинига назар солинг,
Яраларининг изи кўриниб турар, бироқ гўзал улуғворлиги кўз қамаштирар.
Самодаги фаришталар Унинг салобатидан юзин беркитар,
Ул Зот эса севги назарини ерга қаратар.
Ҳаёт Раббийсига тож кийдиринг! У ўлимни мағлуб қилди!
Асирларни озод қилай дея, ўлимдан тирилди, зафар қучди.
Унинг шаънига мадҳлар айтинг! Масиҳ ўлди, сўнг тирилди.
Абадий ҳаёт бизга тақдим қилиб, ўлимни йўқ қилди.
Ваҳий 5:7, “Қўзи келиб, тахтда ўтирган Зотнинг ўнг қўлидан ўрамни олди.”
Инсонни ҳайратга соладиган жасорат.
Қурбонлик орқали келтирилган нажот.
Абадий шоҳлик Худо Ўғлининг хочга михланиши орқали қўлга киритилди.
Исо Ўзини паст тутди. Итоаткор бўлиб, ҳатто ўлимга, хочдаги ўлимга ҳам рози бўлди. Шунинг учун Худо Уни энг юқорига юксалтирди ва Унга ҳар қандай исмдан юқори исмни ато этди. Токи Исонинг олдида еру осмондаги ва ер остидаги борлиқ жон тиз чўксин, ҳар бир тил Исо Масиҳни Раббий деб тан олиб, Отамиз Худога шараф келтирсин.” (Филиппиликлар 2:8-11).
(4) Масиҳ берган нажотнинг меҳр–шафқати, миқёси ва улуғворлиги беқиёсдир.
“У ўрамни олганда, тўртта мавжудот ва йигирма тўрт оқсоқол Қўзининг олдида мук тушишди. Ҳар бирининг қўлида бир арфа ва хушбўй тутатқиларга тўла олтин косалар бор эди. Хушбўй тутатқилар — Худо азизларининг дуою ибодатлари демакдир. Улар қуйидагича янги қўшиқ айтишар эди:
“Сен ўрамни олишга,
Унинг муҳрини ечишга лойиқсан!
Чунки Сен бўғизланган эдинг,
Ўз қонинг эвазига ҳар бир қабила, миллат, эллату халқдан
Худо учун одамларни қутқариб олдинг.
Улардан Шоҳлик яратдинг,
Уларни Худойимизга хизмат қиладиган
Руҳонийлар қилиб тайинладинг.
Улар ер юзида ҳукм сурадилар.” (Ваҳий 5:8-10).
Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худо “Масиҳга тегишли бўлишимиз учун бизни дунё яратилишидан олдин танлади. Энди биз Худонинг олдида муқаддас ва бенуқсон, бир–биримизга меҳр боғлаган инсонлар бўла оламиз. Худо бизни Исо Масиҳ орқали Ўзига фарзанд қилиб олишни азалданоқ қарор қилган эди. Худонинг хоҳиш–иродаси шу бўлиб, бундан У ҳузур–ҳаловат топди. Худо Ўзининг суюкли Ўғли орқали бизга буюк иноят кўрсатгани учун Унга ҳамду санолар бўлсин.
Масиҳнинг тўкилган қони орқали Худо бизни кечириб, гуноҳларимиздан озод қилди. Шундай қилиб, Худо бизнинг ҳаётимизни тўлдирган инояти қанчалик бой эканлигини кўрсатди. У бизга донолигу ақл–идроқ ато этди. Ўз иродасининг сирини маълум қилди…Бу Худонинг азалдан белгилаган режаси бўйича амалга ошди. Ахир, Худо ҳар бир нарсани Ўз хоҳиш–иродаси бўйича амалга оширади.” (Эфесликлар 1:4-11).
Азиз биродарлар ва опа–сингиллар, дунёда Хушхабарни эшитмаган 6000 та халқ бор. Бу дегани, биз нажотни тўлиқ англамадик.
Биз Исо Масиҳнинг буюк амрига итоат қилишимиз учун шогирдлар орттиришимиз шарт. Бизнинг вазифамиз барча халқ ва барча миллатлардан шогирд орттиришдир.
Исо Масиҳ бизга нажот бергани сабабли, биз бошқа халқларга ҳам бу нажот хабарини етказмоғимиз лозим. Агар биз Ваҳий 5:9 да ёзилган сўзларга ишонсак, Исо ҳар бир қабила, халқ ва миллатдан одамларни қутқариш учун ўлганига ишонсак, у ҳолда ҳамма қабила, халқ ва миллатларга Хушхабарни эълон қилишимиз керак.
Нима сабабдан? Биз ўзимиз Хушхабарни эшитиб, бошқалар эса уни эшитмаганидан ўзимизни айбдор ҳисоблаганимиз учун бошқа халқларга Хушхабар еткзамизми? Биз имонлиларда “айбдорлик ҳисси” ни уйғотиб, уларни Хушхабар айтишга мажбур қиламизми?
Асло!
Биз Хушхабарни айбдорлик ҳисси учун эмас, Шоҳимизга улуғворлик келтириш учун айтамиз.
Дунёдаги халқлардан фақат 10 000 таси эмас, балки ҳамма 16 000 таси Худони улуғласин деймиз, шунинг учун Хушхабарни етказамиз. Зеро Худо барча халқларнинг саждасига лойиқдир. Жаҳондаги ҳар бир миллат Худони танимагунча ва Масиҳни улуғламагунча, биз тўхтамаймиз.
БИЗ АМАЛДА БАЖАРИШИМИЗ ШАРТ бўлган тўртта вазифа.
(1) Жамоатларимиз илтижо қилиб: “Эй Худо, Хушхабар барча халқлар орасида ёйилсин”, деб сўрашимиз керак.
Имонлиларга Матто 24:14 ни эслатиб туринг. Уларга айтинг: “Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади, ҳамма халқлар уни эшитади. Шундагина охирзамон келади.” Бу оятни уларга айтганингиздан кейин, бирга ибодат қилиб, охирзамон келишини сўранглар. Ладд исмли воизхон бу оят ҳақида шундай деган: “Бугунги кун масиҳийлари учун Муқаддас Китобдаги бу оят энг муҳим оятлардан биридир.” Бу оятдаги ҳар бир сўзнинг тўлиқ маъноси Худонинг Ўзига аён. Мисол учун, мен “ҳамма халқлар” деганда, айнан қайси халқлар назарда тутилганини билмайман ва буни билишим ҳам шарт эмас. Мен фақат бир нарсани тушунаман: Масиҳ ҳали қайтиб келмаган, демак, Хушхабар ҳамма халқларга етиб бормаган. Вазифа бажарилганда Исо қайтиб келади. Бизнинг жавобгарлигимиз вазифани охиригача бажаришдир. Масиҳ қайтмагунча, биз ишимизни бажаришимиз шарт. Қани, ишга бел боғлайлик!
(2) Жамоатдагиларни сахийликка ўргатайлик.
Жамоатлардаги ушрларнинг кичкинагина қисми Хушхабар айтишга сарфланади.
Забур 66–санони ўқинг, санода халқлар Худони улуғлашга чорланмоқдалар. Сахийлигимиз туфайли бу амалга ошади.
Худо бизга дунёвий бойликларни Хушхабарнинг ёйилиши учун берган. Худонинг бизга берган баракати — барча халқлар Худони таниб билиши ва Уни улуғлаши учун хизмат қилиши керак.
(3) Имонли биродар ва опа–сингилларимизни бошқа халқларга Хушхабар айтишга чорлайлик.
Биз одамларни қисқа, ўрта ва узоқ муддатга Хушхабар сафарларига жўнатишимиз керак.
Янги Аҳдда Тимўтий ва Павлус каби одамлар ҳақида ёзилган, биз улардан ўрнак олишимиз даркор.
Тимўтийга ўхшаган одамлар жамоатларда, имонлилар орасида хизмат қилишлари, Масиҳнинг қўзиларига чўпонлик қилишлари керак.
Павлусга ўхшаган одамларни эса Худо имонсизлар орасида Хушхабар айтишга чақиради.
Ҳар бир жамоатда Павлусга ўхшаган биродарларимиз ва опа–сингилларимиз бор. Худо уларни сафарга чорламоқда, улар чамадонларини йиғиб, ўзга мамлакатларга, ажнабий юртларга, Хушхабар эшитмаган одамлар орасига боришлари ва нажот хабарини етказишлари керак.
Азиз чўпон, сиз:
- ўша биродарларингизга далда беряпсизми?
- Уларни хизматга чорлаяпсизми?
- Уларга кўмаклашяпсизми?
- Улар учун вақт ажратяпсизми? Ўзга халқларга Хушхабар айтиш мавзусида воизликлар айтяпсизми?
- Жамоатдагиларни рўза тутишга ва Хушхабар сафарлари учун ибодат қилишга ундаяпсизми? Ҳаворийлар 13да ёзилгандай, Антиохиядаги биродарлардан ўрнак оляпсизми: улар каби Худодан: “Эй Худо, бу гал Хушхабар сафарига кимни юборайлик?” деб ибодат қиляпсизми? Худодан жавоб кутяпсизми?
Сиз Худонинг гапини тинглаяпсизми? Балки Худо хизматга айнан сизни чақиргандир?
Нега биз фақат пул жўнатиш билан кифояланиб қоламиз? Хушхабар айтишни эса маҳаллий имонлиларга тўлиқ топшириб қўйганмиз? Маҳаллий масиҳийлар ёки маҳаллий жамоат деган тушунча нотўғри. Биз пул жўнатиб, Хушхабар айтиш вазифасини ўз гарданимиздан соқит қила олмаймиз. Бошқа одам бизнинг ўрнимизга Хушхабар айта олмайди.
(4) Жамоатларимиздаги биродарлар жонини фидо қилишга тайёр бўлишлари керак.
Худонинг чексиз ҳокимиятига чин дилдан ишонган одам жонини хавф остига қўйиб бўлса–да, умумжаҳон хизматга бел боғлайди. Худонинг чексиз ҳокимиятига ишонган чўпонлар жамоатларидаги одамларни инсоният учун жонини қурбон қилишга чақиради.
Руминиялик чўпон Юсуф Тсон олтита одам томонидан сўроқ қилинган пайти ҳақида ёзган эди. У сўроқ қилган одамга шундай дебди:
“Ҳозирги вазиятни мен шунчаки орамиздаги тўқнашув деб билмайман. Ҳозирги вазият орқали Худо ичимда ишлаяпти…Худо сизлар орқали менга сабоқ бермоқчи. Мен буни ҳали тўлиқ англаганим йўқ. Балки У менга бир нечта нарсани ўргатмоқчидир, билмадим. Фақат шуни биламанки, У нимага изн берса, сизлар менга фақат ўшани қила оласизлар, ундан ортиғи қўлингиздан келмайди, чунки сизлар бор–йўғи Худонинг қўлидаги қуролсизлар.” Ҳар куни мен ўша олтита одамга қараганимда, уларни Худоиймнинг қўлидаги қўғирчоқлар, деб тасаввур қилардим.
Тсон яна шундай ёзди:
Сўроқ пайтларида бир офицер доим менга: “Сени ўлдираман”, деб дўқ қиларди. Ўша кунларнинг бирида мен унга дедим: “Жаноб, сизнинг энг кучли қуролингиз мени ўлдиришдир. Менинг энг кучли қуролим эса қурбон бўлишдир. Бунинг натижасини сизга тушунтирай: Ўзингиз биласиз, воизликларим ёзилган касеталар мамлакат бўйлаб тарқалиб кетган. Агар сиз мени ўлдирсангиз, ўша воизликлар қоним билан тасдиқланади. Шунда ҳар бир одам, мен айтган воизликларим учун ўлганимни билади. Кимда воизлигим ёзилган касета бўлса, ўша касетани олиб дейди: “Бу воизликни диққат билан эшитишим керак. Агар воизхон айтган воизлиги учун жонини берган бўлса, демак, воизликдаги ҳар бир сўз ҳақиқат, чунки у қон билан муҳрланган.” Шунда, воизликларим жаранглаб янграйдиган бўлади. Жаноб, мен сизнинг қўлингиздан ўлимни жон–жон деб қабул қиламан, чунки ўлимим орқали зафар қучаман.” Бу сўзларимдан кейин офицер мени уйимга жўнатиб юборди.
Мени сўроқ қилган бошқа бир офицер чўпон дўстимга шундай деган эди: “Биз биламиз жаноб Тсон шаҳид бўлмоқчи, бироқ унинг бу хоҳишини амалга оширадиган аҳмоқ йўқ!” Мен офицернинг бу сўзлари ҳақида чуқур мулоҳаза қилдим. Кўп йиллар давомида мен ўлимдан қўрқиб яшардим. Жим юришга, ўзимни фош қилмасликка тиришардим. Яшашни жуда хоҳлаганим боис, сокин, яширинча ҳаёт кечирардим. Энди эса мен ҳаётимни Худога бердим, Хушхабар учун ўлишга ҳам тайёрман. Аммо офицерлар: “Сени ўлдирмаймиз”, деб айтишди, энди мен мамлакатнинг хоҳлаган ерига бориб, истаган инсонга Хушхабар айтишим мумкин эди. Ҳа, мен бехатарман. Ўз ҳаётимни асраб қолишга тиришганимда, хавф остида эдим, уни йўқотишга тайёр турганимда эса ҳаётимни топдим.”
Азиз биродарим:
Келинг, жамоатимиздаги хизматлар борасида саёз таълимотларга берилмайлик, пуч натижалар билан кифояланмайлик.
Коинотни яратган, жаҳон келажагини ва бизнинг ҳаётимизни Ўз қўлида тутиб турган Қодир Худога сидқидилдан ишонайлик.
Исо Масиҳдан йироқ бўлган инсоннинг аҳволи аянчлидир. Шу боис жамоатларимиз билан ибодат қилайлик, сахий бўлайлик, Хушхабар эшитмаган инсонларга нажот хабарини етказайлик. Бу — дунёдаги энг эзгу хабардир.
Биз Масиҳнинг шафқатли, кенг миқёсли, улуғвор қурбонлиги орқали нажот топганмиз. Шу боис, Худонинг Шоҳлигини кенгайтириш учун ва Исо Масиҳнинг буюк амрини бажариш учун жонимизни ҳам аямайлик, жамоатлардаги чақирилган одамларни хизматга юборайлик.
Худонинг Қўзиси ва Қодир Раббимиз чеккан барча азоблари учун тўлиқ мукофотини олмагунча Хушхабар атишдан тўхтамайлик.