Iso bizning advokatimiz
Юҳаннонинг биринчи мактуби 2–боб, 1–оят борасида мулоҳазалар
Бир адвокат бетоб бўлиб қолибди. У узоқ давом этган жарроҳлик амалиётидан кейин ўзига келиб: “Нега дераза пардалари ёпилган?” – деб сўради.
Ҳамшира унга шундай жавоб берди: “Кўчанинг нарги томонида ёнғин бўляпти, сиз дўзаҳдаман, деб қўрқиб кетмаслигингиз учун, ойналарни ёпиб қўйган эдик.”
Адвокатлар,
Адвокатлар.
Биз улардан чўчиб турамиз,
Улар хизмати учун катта пул талаб қилишади.
Шу боис, одамлар улар ҳақида кўплаб аскиялар тўқиб айтишади.
Бир куни мен бир масала бўйича адвокатга қўнғироқ қилдим.
Унга берган саволим оддийгина бир савол эди. У ҳам менга оддийгина жавоб берди–да, $60 (олтмиш долларлик) хизмат ҳақини банк ҳисобимдан ечиб олди.
Илойим, ҳеч ким адвокатга зор бўлмасин.
Бироқ Юҳанно биринчи мактубда: агар биз Масиҳнинг издошлари бўлсак, бизда ғамхўр Ҳомийимиз, яъни адвокатимиз борлиги ҳақида ёзган. У энг тажрибали Ҳомий ва ҳеч қачон биздан хизмат ҳаққини талаб қилмайди.
Юҳаннонинг биринчи мактубини ўқир экансиз, илк саҳифаларидан муаллиф бизга энг эзгу нарсаларни раво кўрганини биласиз.
Муаллиф мактубининг бошиданоқ Исо Масиҳ ҳақида шаҳодат беради. Юҳанно ёзган биринчи мактубининг 1–боб, 2–оятида Исони шундай сўзлар билан таърифлайди:
“Отамиз Худонинг ҳузурида бўлган Ҳаёт бизга ошкор бўлди! Биз бу абадий Ҳаётни кўриб, энди У ҳақда сизларга шоҳидлик қиляпмиз.” Бу сўзлардан кейин Исога нисбатан бефарқ қола олмаймиз.
Сўнг муаллиф 3–оятда Исога амалда эргашишимиз кераклиги ҳақида ёзади: “Кўрган–эшитганларимизни маълум қилиш орқали сизлар билан биродар бўлиб яшамоқчимиз. Зеро, ўзимиз ҳам Отамиз Худо ва Унинг Ўғли Исо Масиҳ билан яшаяпмиз.” Демак биз ҳам Отамиз Худо ва Исо Масиҳ ҳақида кўрган–эшитганларимизни бошқаларга айтишимиз керак.
Шунда, 4–оятга кўра қалбимиз шодликка тўлади.
Гапириш доимо осон.
Масиҳийча сўзларни ёдлаб олиш ҳам қийин эмас.
Энг муҳими, самимий тавба қилмоқ, гуноҳлардан юз ўгириб, сидқидилдан Масиҳга эргашмоқдир.
Биринчи бобда ҳаётимиз учун тўрт хил талаб ҳақида сўз юритилади:
1–талаб ҳақида 6–бобда ёзилган: “Агар биз Худо билан яшаяпмиз деб туриб, олдингидай зулматда яшасак, ёлғон гапириб, ҳақиқатга хилоф иш қилган бўламиз.” Демак, бу талаб – иккиюзламачи бўлмаслик. Бизнинг ҳаёт тарзимиз айтган гапларимизга мос келиши керак.
2–талаб ҳақида 7–бобда ёзилган: “Борди–ю, Худо сингари нурда яшасак, биз биродарларимиз билан уйғунликда яшаймиз ва Худо Ўз Ўғли Исонинг қони орқали бизни ҳар қандай гуноҳдан поклайди.” Демак, биз нурда яшашимиз ва биродарларимиз билан уйғунликда бўлишимиз керак.
3–талаб ҳақида 8 ва 10–оятларда ёзилган: “Агар гуноҳимиз йўқ десак, ўзимизни ўзимиз алдаган бўламиз ва бизда ҳақиқат бўлмайди.” Демак, биз ўзимизни ўзимиз алдамаслигимиз керак.
4–талаб ҳақида 9–оятда шундай ёзилган: “Борди–ю, гуноҳларимизни эътироф этсак, содиқ ва адолатли бўлган Худо гуноҳларимизни кечириб, бизни ҳар қандай ёмонликдан фориғ қилади.” Демак, биз доим гуноҳларимизни эътироф этиб, руҳан покланишимиз даркор.
Умид қиламанки, биз бу оятларни ўқиб, ўзимизни тафтиш қиламиз.
Самимий масиҳийлар бу талабларга жавоб берадилар, сохта масиҳийлар эса бу талабларни бажара олмайдилар.
Юҳанно сўзида давом этиб, 2–боб, 1–оятдаги гапини шундай сўзлар билан бошлайди:
“Азиз болаларим”
“Азиз болажонларим”
Юҳанно бу мактубини ёзганда улуғ ёшга бориб қолган мўйсафид одам эди.
“Азиз болаларим, гуноҳ қилманглар деб, мен сизларга шуларни ёзяпман. Борди–ю, бирортамиз гуноҳ қилиб қўйсак, Отамиз Худонинг олдида ҳомийимиз — Исо Масиҳ бор, У Солиҳ Зотдир.”
Юҳаннонинг бу сўзларида биродарларига бўлган меҳри сезилиб турибди.
Қутлуғ кечада Исо Масиҳ Ўзининг 12 шогирдига шундай деганди: “Агар бир–бирингизни севсангиз, сизлар Менинг шогирдларим эканингизни ҳамма шундан билиб олади.”
Юҳанно Исонинг бу сўзларига қатъий риоя қиларди.
Сиз–чи, бошқа масиҳийларга нисбатан меҳрибонмисиз?
Юҳанно бизга намаларни айтмоқчи? У бизга қандай сабоқ бермоқчи?
Демак, Юҳанно мактубининг 2–боб, 1–оятида бизга шундай насиҳат беради:
“Азиз болаларим, гуноҳ қилманглар деб, мен сизларга шуларни ёзяпман. Борди–ю, бирортамиз гуноҳ қилиб қўйсак, Отамиз Худонинг олдида ҳомийимиз — Исо Масиҳ бор, У Солиҳ Зотдир.”
Юҳанно, бизни гуноҳ қилмасликка чақирмоқда.
Бироқ гуноҳ қилиб қўйсак…
Юҳаннонинг бу гаплари жумбоқли гапларга ўхшайди.
Аслида эса, Юҳанно бизга доноликдан сабоқ бермоқда.
Биз ҳаммамиз инсон бўлганимиз сабабли, кўпинча гуноҳ билан ўйнашамиз, гуноҳга бўлган қарашларимиз бир–биридан кескин фарқ қилади.
Баъзи одамлар гуноҳга кўз юмади, гуноҳ билан ўйнашиб юради.
Бошқалар эса гуноҳга нисбатан ўта қаттиқ қўл бўлади. Улар гуноҳкорлардан хазар қилади, уларни ўз ёнига йўлатмайди.
Биз иккала ёндашувдан ҳам қочишимиз керак.
Юҳанно бу ерда бизга гуноҳга донолик билан ёндашишни ўргатади.
Агар биз гуноҳга беэътибор бўлсак, унда 9–оятни ўқишимиз керак: “Мен нурда яшаяпман деб туриб, ўз биродаридан нафратланган одам ҳали ҳам зулматдадир.”
Биз айтишимиз мумкин: ҳа майли. Гуноҳ қилсам, Худо бари бир мени кечиради. Шунинг учун нима қилаётганим аслида муҳим эмас, чунки бугун гуноҳ қилиб, ундан тавба қилсам – олам гулистон. Эртага ҳам гуноҳ қилиб қўйсам шундай йўл тутаман – ахир, Масиҳни билсак, хоҳлаганимизча яшашимиз мумкин.
Бироқ Юҳанно: “Гуноҳ қилманглар”, деб бизни қатъий огоҳлантиради.
Шундай экан, биз иложи борича гуноҳдан қочишимиз керак.
Тўғри, Худо бизни кечиришга доим тайёр. Бироқ бунга урғу бериб, гуноҳга нисбатан беэътибор бўлишимиз нотўғридир.
Нажот топган инсон гуноҳда яшашда давом этса, бу қилиғи билан у Исони ва Унинг хочдаги ўлимини писанд қилмаган бўлади.
Шундай экан, гуноҳ қилманг. Ундан қочинг.
Бошқа томондан эса, гуноҳ туфайли ўзимизга нисбатан ўта қаттиқ қўл бўлишимиз ҳам яхши эмас.
Мисол учун, бугун жаҳлингиз чиққан бўлса, ўзингизга ўзингиз: “Қандай масиҳий бўлдим–а? Йўқ, мен масиҳий бўла олмайман. Нега жаҳл қилдим? Шу қадар сабрсиз бўламанми?” деб ич–этингизни ейишингиз ва ўзингизни ҳа деб ҳукм қилишингиз ҳам тўғри эмас.
Гуноҳга нисбатан бундай муносабатни Худо асло истамайди, чунки инсон қилган гуноҳи учун тавба қилгандан кейин ҳам, ўзини айблайверса, бу қилмиши билан “Худо гуноҳларни кечирмайдиган Худо”, деб кўрсатгандай бўлади. Гўёки ёмон одатларимизни енга олмаганимиздан Худонинг ҳафсаласи пир бўлган, У биздан умидини узгандай ўзимизни тутамиз. Худо ҳақида шу каби нотўғри фикрга борганимизда гуноҳ билан кураша олмай қоламиз. Тавба қилишнинг фойдаси йўқ, деб ўйлаймиз.
Гуноҳга нисбатан бу иккала ёндашув ҳам – гуноҳга беэътибор бўлишимиз ва ўта қаттиқ қўл бўлишимиз тўғри эмас.
Икковидан ҳам қочинг.
Агар одам “нажот топганман” деб айтса, лекин гуноҳ қилишда давом этиб, тавба қилмаса, у ёлғончидир.
Борди–ю инсон билмаган ҳолда гуноҳ қилиб қўйса, ёки ёмон одатлар билан курашса, у ҳолда билингки, ҳар бир инсон умри давомида етукликка интилади ва сиз шулар қаторидасиз.
Юҳаннонинг биринчи мактуби 1–боб, 7–оятда шундай ёзилган: “Борди–ю, Худо сингари нурда яшасак, биз биродарларимиз билан уйғунликда яшаймиз ва Худо Ўз Ўғли Исонинг қони орқали бизни ҳар қандай гуноҳдан поклайди.”
Ҳар бир масиҳий нурда яшаши лозим.
Нурда яшар эканмиз, нур гуноҳларимизни фош этади, шу заҳотиёқ биз ўша гуноҳлардан тавба қилишимиз керак.
Буз гуноҳга беэътибор бўлишимиз керак эмас, шу билан бирга қилган гуноҳимиз учун ўзимизни ҳа деб койишимиз, “Худо мени ҳеч қачон кечирмайди” деб айтишимиз ҳам керак эмас.
Агар қилган нотўғри ишимиз билан бировнинг дилини оғритиб қўйган бўлсак, кечирим сўрашимиз шарт.
Юҳаннонинг биринчи мактуби 2–боб, 1–оятда ёзилишича, борди–ю, бирортамиз гуноҳ қилиб қўйсак, Отамиз Худонинг олдида ҳомийимиз — Исо Масиҳ бор.
Муаллиф бу сўзларни имонли биродарларга ёзган. Агар у мактубини имонсиз одамларга ёзганда эди: “Масиҳга имон келтиринглар, гуноҳларингиздан фориғ бўлинглар” деб айтган бўларди.
Имонсиз одам биринчи ўринда Исодан нажотни инъом, деб қабул қилиши керак, барча гуноҳларидан фориғ бўлиши, покланиши керак.
Нажот топгандан кейин гуноҳ қилиб қўйса, унга – Худо ҳузурида уни оқлайдиган ҳомий, яъни адвокат керак бўлади.
Юҳанно биринчи мактубида Исо Масиҳни айнан Ҳомий сифатида тасвирлайди.
Бугун Исо нималар билан банд эканини биласизми?
У Отамиз Худонинг ҳузурида сизга ҳомийлик қилмоқда.
Исо имонлиларни ҳукм қилмайди.
Исо бизни ҳимоя қилади, бизга ҳомийлик қилади, шахсий адвокатимиз вазифасини бажаради.
Ваҳий китоби Муқаддас Китобнинг энг сўнгги китобидир.
Агар сиз шайтоннинг нима қилаётганини билмоқчи бўлсангиз Ваҳий китобининг 12–боб, 10–оятини ўқинг, у ерда шундай ёзилган: “Шунда мен самодан баланд овозда айтилган бу сўзларни эшитдим:
“Худойимиз нажоту қудратини аён қилди,
Мана, Унинг Шоҳлиги келди.
Худонинг Масиҳи ҳокимияти ўрнатилди.
Ахир, биродарларимизнинг туҳматчиси ерга улоқтирилди,
Ҳа, Худойимиз ҳузурида кеча–кундуз
Уларга туҳмат қилаётган иблис пастга отилди.”
“иблис пастга отилди” деган сўзлар шайтон ҳақидаги башорат, у келажакда рўй беради, шайтон самодан ерга улоқтирилади.
Бироқ шайтон ҳануз осмонда экан, у ҳозир нималар билан банд?
Шайтон кеча–кундуз Худонинг ҳузурида имонлиларга туҳмат қилмоқда.
Шайтон Аюб пайғамбарга туҳмат қилгандай бизга ҳам туҳмат қиляпти.
Агар сиз Исо Масиҳни Нажоткор деб қабул қилган бўлсангиз,
Шайтон албатта сизга ҳужум қилади, у сизга туҳмат қилади.
Қилган гуноҳларингизни сизга эслатади, сизни таъқиб қилади. У Отамиз Худонинг ҳузурида кеча–кундуз туҳмат қилиб, шундай айтади: “Бу одамнинг қилган гуноҳини кўрдингми? Мана, у ўзини масиҳийман, деб атайди, қилган ишлари эса бунинг аксини кўрсатади. Қилган гуноҳи учун, эй Худо уни жазоламайсанми? Бу одамни менинг қўлимга топшир, ўзим адабини бераман.”
Нима учун Худо шайтонга Ўз ҳузурига киришга изн бериб қўйган?
Мен буни билмайман.
Нима сабабдан Худо шайтонга кеча–кундуз Ўз олдида туришига рухсат берган? Исони Нажоткор деб қабул қилган одамларни туҳмат қилишга нега шайтонга изн берган?
Жуда қизиқ, муқаддас Худо шайтонга ҳузурига киришга рухсат бергани мен учун ажиб бир ҳолат. Шайтон асрлар давомида Худонинг олдига кираверади, Худонинг фарзандларига туҳмат қилаверади. Нега Худо буларга изн берганига асло ақлим етмайди.
Шу билан бирга, нимага одамлар шайтон ёки жинларга ўхшаб кийинганини ҳам мен асло тушунмайман.
Нега улар шундай қиладилар?
Ахир, биз шайтон ёки жинлардан ўрнак олишимиз уларга тақлид қилишимиз керак эмас–ку!
Иблис кеча–кундуз Худо олдида бизни ёмонлайди.
Бизга туҳмат қилади.
Бизга ёмонлик қила олиши учун Худодан изн сўрайди.
Ўзингизни Худонинг ҳукм ўқиладиган залида бир тасаввур қилиб кўринг:
Худо бош прокурор вазифасида,
Иблис эса қўлини бигиз қилиб, бизга ўқтайди ва шундай деб айтади: “эй Худо, мана бу одамга бир қара. Бу одам ўзини сенинг банданг каби эмас, менинг малайим каби тутмоқда. Уни менинг измимга топшир.”
Биз эса маҳкумлар курсисида ўтирибмиз, пешанамизни тер босган. Иблиснинг гапига ҳеч бир эътироз билдира олмаймиз, чунки ҳақиқатан ҳам, кеча у айтган гуноҳни қилдик, бугун эса бошқа гуноҳга қўл урганмиз.
Биз курсининг ичига кириб кетгандай бўламиз.
Биз учун умид борми?
Бизни ҳимоя қиладиган адвокат борми?
Шунда бизни ҳимоя қилгани Исо Масиҳ келади.
У туриб шундай сўзларни айтади:
“Ҳақиқатдан ҳам, Отажон, бу айбланувчи айтилган гуноҳ ишларга қўл урган. Аммо у Мени Ўзининг Нажоткори деб қабул қилган, шу боис уни шайтон қўлига топширманг. Отажон, мен бу одамнинг гуноҳлари учун тўлиқ бадалини тўлаб бўлганман.”
Унинг қилган гуноҳлари учун мен жазо олдим.
Шу боис, ўтинаман, Менга умид боғлаган бу одамни маҳкум қилманг.
У Менинг ҳимоям остида бўлсин.”
Исонинг бу талабини Отамиз Худо ўша заҳотиёқ бажаради.
Биз эса қилган гуноҳимиз учун Худонинг қаҳрига дучор бўлмаймиз.
Зеро, Исо Масиҳ гуноҳларимиз учун қурбон бўлди, Худонинг ғазаби Унинг устига тўкилди. У жуда оғир, қўрқинчли жазо олди.
Худо бизни гуноҳларимиз учун жазолаши керак эди, бироқ Исо бизнинг ўрнимизга жазо тортди. Шундай экан, Исога эргашишнинг афзалликлари жуда кўп.
Биз Худонинг ҳукм ўқиладиган залидан чиқар эканмиз, ўзимизга шундай савол беришимиз мумкин: “Нимага Самовий Ота Исонинг сўзларига асло эътироз билдирмади?
Қандай қилиб Исо шу қадар осонлик билан бизни оқлай олди?
Қайси сабабларга кўра Исо бизнинг адвокатимиз ва ҳомийимиз бўла олади?
Бизга ҳомийлик қила олиши учун Исо қандай тўлов тўлаши керак бўлди?
Юҳаннонинг биринчи мактуби 2–боб, 2–оятда шундай деб ёзилган:
“У бизни гуноҳларимиздан поклаш учун қурбон бўлди. Нафақат бизнинг, балки бутун дунёнинг гуноҳлари учун қурбон бўлди.”
Муқаддас Китобда ишлатилган баъзи иборалар кундалик ҳаётимизда асло ишлатилмайди.
Бироқ масиҳийлик ҳаёти қанчалар бой ва бетакрор эканлигини тушуниш учун бу иборалар муҳим ўрин тутади.
Ўша иборалардан бири: “…гуноҳларимизни поклаш учун қурбонлик бўлди…” деб таржима қилинган. Кўпинча бу ибора сўзма–сўз таржимада “гуноҳни ювадиган қурбонлик” ёҳуд “бадал қурбонлиги” деб айтилади.
Бу қурбонликнинг маъносини тушуниш учун Эски Аҳдга мурожаат этишимизга тўғри келади.
Маъбадда Аҳд Сандиғи турарди.
Аҳд Сандиғининг ичида Ўнта Амр ёзилган иккита тош лавҳа бор эди.
Аҳд Сандиғининг қопқоғи устида эса карубларнинг тасвирлари жойлашган эди. Ўша самовий мавжудотлар Худонинг ҳузурини билдирарди.
Худонинг муқаддаслигини билдирувчи бу самовий мавжудотлар пастга қараганда, нималарни кўришарди?
Ўнта амрни ва инсониятнинг гуноҳкорлигини.
Йилига бир марта олий руҳоний қурбонлик келтириб, қурбонлик қонини Аҳд Сандиғининг қопқоғи устига сепарди.
Токи Худонинг муқаддаслигини билдирувчи самовий мавжудотлар пастга қараганда, қурбонликнинг қонини кўрсин, чунки қурбонлик қони 10та амр тимсолидаги инсоният гуноҳкорлигини тўсиб турарди.
Бундан ташқари қурбонлик қони гуноҳлар учун бадал тўланганини билдирарди.
Худо қурбонлик қонини кўрганда ғазабдан тушарди, гуноҳлар учун бадал – қурбонликнинг тўкилган қони эди.
Нега бугунги кунда жамоатларда 10та амр солинган Аҳд Сандиғи йўқ?
Чунки Исонинг қурбонлиги бизнинг гуноҳларимиз ва айбларимизни то абадга ювди.
Худонинг иқтисодида қурбонликнинг тўкилган қонисиз гуноҳлар кечирилмайди.
Эски Аҳд даврида одамлар доимий тарзда ҳайвонларни қурбонлик қилишарди.
Бироқ Масиҳнинг қурбонлиги мукаммалдир, уни такрор–такрор келтириш керак эмас.
Менга кимдир биринчи марта Исо хочда гуноҳларим учун жон берганини айтганда, мен: “Нима бўпти?” – дегандим.
“2000 йил олдин юз берган воқеа менинг ҳозирги ҳаётимга қандай таъсир қила олади?” – деб савол бердим мен.
Аслида ўша воқеа бизнинг ҳаётимизга бевосита таъсир кўрсатади.
2–оятнинг охирида: “Исо нафақат бизнинг, балки бутун дунёнинг гуноҳлари учун қурбон бўлди”, деб ёзилган. Ўша “бутун дунёга” биз ҳам кирамиз.
Исо Масиҳ мукаммал қурбонликдир.
Худо гуноҳларимиз учун Исони жазолади.
Исо гуноҳларимизни ювадиган қурбонлик бўлди, Худонинг ғазаби Исога тўкилди.
Исо хочда жон бергани учун ҳар бир инсоннинг гуноҳлари автоматик тарзда кечириладими?
Йўқ. Биз Исонинг келтирган қурбонлигини қабул қилсаккина, Исони шахсий Нажоткоримиз, деб тан оласаккина гуноҳларимиз кечирилади.
Сиз–чи, Исони Нажоткорингиз сифатида қабул қилдингизми?
Агар бунга амин бўлмасангиз жамоатингиз етакчиси билан бу ҳақда гаплашинг. У сизга жон–жон деб ёрдам беради.
Келинг, суд мажлиси хонасига қайтайлик.
Баъзан мен Исони, таътилга чиққан бўлса керак, деб ўйлаб қоламан. Худо Исони осмонга кўтариб кетгандан кейин, то қайтиб келгунча, Исо дам олаётган бўлса керак, деган фикр менга келади.
Бироқ самовий суд мажлиси хонасини кўз олдимга келтиргудай бўлсам, Исо менга: “Ҳар куни сен учун шафоат қиламан, Худо олдида сени ҳимоя қилиб, сени оқлайман, — деб айтгандай бўлади. — Шундай экан, гуноҳ қилма! Борди–ю, гуноҳ қилиб қўйсанг, билгинки, мен сенга ҳомийлик қиляпман”
Суд хонасидан чиқиб кетишга шошилмайлик.
Хаёлимга шундай бир қўшиқнинг сўзлари келади:
Сени севамиз, Сени севамиз,
Ахир, Сен биз учун хочда жон бердинг.
Бироқ, шу билан кифояланмай,
Ҳар куни, ҳар дақиқа бизни оқламоқдасан,
Умримиз давомида бизга ҳомийлик қилмоқдасан.
Шундай экан, Сени севмай бўлармиди?!
Дарҳақиқат, Исо сизни севади.
У сизни шунчаки тилда эмас, амалда севади.
Сизни деб, ҳар куни иблис билан олишади. Сизга ҳомийлик қилади.
Кўпинча биз севгини суд мажлиси билан боғламаймиз.
Бироқ айнан суд хонада қандай Худойимиз борлиги бизга аён бўлади.
Исо шу кунларда сиз учун нималар қилган?
Вой–бу,
У кечаю кундуз Худонинг ҳузурида сизни ҳимоя қилмоқда.
Бунинг эвазига сиздан соатбай тўлов пулини кутмайди.
Энди эса бир нарсага аниқлик киритиб олишимиз керак.
Исо кимларга ҳомийлик қилади?
Исо Масиҳ менинг шахсий ҳомийим, У мени Худо олдида ҳимоя қилади, деб ким айта олади?
Исо сизга ҳомийлик қилиши учун, биз нима қилишимиз керак?
3–оятда шундай деб ёзилган:
“Худони таниб–билганимизни шундан билсак бўлади: Худони таниб–билган одам Унинг амрларига риоя қилади.”
Юҳанно бизга гўзал бир манзарани тасвирлаб берди, у Исони Отамиз Худонинг олдида бизни ҳимоя қиладиган ҳомий, Солиҳ Зот деб кўрсатди.
Бироқ муаллифни бир масала қийнамоқда: биз Исони шахсий Нажоткоримиз, деб биламизми ёки йўқми у билмоқчи.
Биз ҳақиқий масиҳиймизми ёки йўқми? Буни нимадан билса бўлади?
Мен 10 йилдан бери ибодат қилиб келяпман, деб айтишим мумкин.
Юҳанно эса менинг бундай жавобимдан қониқмайди.
Сизнинг масиҳий эканингизга амин бўлиш учун кеча қилган ишларингиз кор қилмайди.
Юҳанно бизга: “Сен масиҳий эканингни нимадан билсам бўлади?” деб савол бергандай бўлади.
Бу саволга жавоб 3–оятнинг ўзида ёзилган: “Худони таниб–билган одам Унинг амрларига риоя қилади.”
“риоя қилади” – давомий феъл
Бугун сиз Худонинг амрларига риоя қилдингизми?
Ёки риоя қилишга ҳаракат қиляпсизми?
Биз ўз имонимиз ва эътиқодимизни амалда қўллаяпмизми? Имонимиз бўйича яшаяпмизми?
Бир неча йил олдин устозим менга бир топшириқ бериб, шундай деди: “Вилоятимиздаги мафия бошлиғи қазо қилди. Илтимос, жанозаси маросимини ва унга бағишланган хотира кечасини ўтказиб бергин”.
Марҳум ўзи яшаган шаҳарда фоҳишахонани очган,
Унинг хотини йўқ эди, аммо бир нечта жазмани бўлган.
У бир неча марта қуролланган ҳужумлар уюштириб, банкни ўмармоқчи бўлганда, етиб келган полициячиларнинг ўқидан зарба еб ўлган эди.
Устозим марҳумнинг уйига борганда, бу гангстер марҳумнинг онаси устозимга шундай гап айтди: “Мен биламан, ўғлим жаннатда, чунки у 9 ёшида Худога ибодат қилган эди”.
Бечора она қалбидаги ўзининг истагини шу йўл билан изҳор қилган эди.
Афсуски, Муқаддас Китобда бундай ёзилмаган.
КЕЛИНГ, БУ ҲАҚДА БОШҚА ГАПИРМАЙЛИК.
Масиҳий киши нажотини йўқотиши мумкинми? Юҳанно бу ҳақда гапирмайди.
Муқаддас Китобнинг бошқа муаллифлари қатори, нажот абадий эканига Юҳанно ишонади.
Масиҳ билан бўлган муносабатимиз абадийдир.
Биз гуноҳ ёки нотўғри иш қилиб қўйганимизда Худо бизни Ўз оиласидан ҳайдаб чиқармайди.
Мен ота–онамни хурсанд қилган пайтларим бўлган.
Баъзан эса ёмон қилиқларим билан уларнинг жаҳлини чиқарганман.
Лекин улар бунинг учун мендан воз кечмадилар.
Агар сиз бугун гуноҳ қилиб қўйган бўлсангиз, Худо сизга: “Бор, йўқол!” деб сизни ҳайдаб чиқармайди.
АММО
Эътибор беринг бу жуда муҳим:
ИНСОН ХУДОНИНГ ҲУЗУРИДА АБАДИЙ ХАВФСИЗ БЎЛИШИ УЧУН, У АВВАЛАМБОР САМИМИЯТ БИЛАН ТАВБА ҚИЛИШИ ШАРТ!
АКС ҲОЛДА БИЗ ХУДОНИНГ ТАЪЛИМОТИНИ НОТЎҒРИ ЕТКАЗГАН БЎЛАМИЗ ВА ОДАМЛАРНИ КЕЛАЖАКДАН МАҲРУМ ҚИЛАМИЗ.
Тавба қилмаган инсон Худо билан абадий яшай олмайди.
Гуноҳда яшаб юрган ўша гангстернинг онаси ҳам “ўғлим жаннатда” деб ўзини беҳуда овунтирар эди.
Коринфликлар 6–боб, 9–10–оятларда шундай ёзилган:
“Наҳотки билмасангизлар?! Ноҳақлик қилувчилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар–ку! Адашманглар, жинсий томондан ахлоқсиз бўлганлар, бутпарастлар, зинокорлар, баччабозлару баччалар, ўғрилар, тамагирлар, майхўрлар, ғийбатчилар ва товламачилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар.”
Бу ерга аниқлик киритишимиз керак:
Агар сиз ўтмишда бундай гуноҳларга қўл урган бўлсангиз, бу – энди имонли бўла олмайсиз дегани эмас.
Юқоридаги оятларда ўзини имонли деган, аммо гуноҳга ботиб юрган одам “мен Худонинг шоҳлигидан баҳраманд бўламан, яъни жаннатга бораман” деб ўзини алдамаслиги керак, дейилган.
ШУНИНГДЕК,
Гуноҳга муккасидан кетган одамларни биз “Худонинг шоҳлигидан баҳраманд бўласан” деб алдамаслигимиз керак.
Гуноҳда яшаб юрган одамга “абадий нажотга эгасан”, деб ҳеч ким айта олмайди.
Демак, ким нажот топа олади?
Ким Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлади?
Коринфликларга биринчи мактуб 6–боб, 11–оят жуда гўзал оятдир. У ерда шундай ёзилган:
“Баъзиларингиз олдин шундай эдингиз. Энди эса сизлар Раббимиз Исо Масиҳнинг номи билан ва Худонинг Руҳи орқали покландингиз, Худога бағишландингиз, оқландингиз.”
Гуноҳларидан юз ўгирган, тавба қилган инсоннинг қалбига абадият уруғлари экилади. Бундай инсоннинг тавбаси уни Осмон Шоҳлиги томон йўналтиради.
Келинг Юҳаннонинг биринчи мактуби 2–боб 3–оятга қайтайлик.
У ерда ёзилишича, Худони таниб–билган одам Унинг амрларига риоя қилади. Худони билган инсон ўз хоҳиши билан, жону дили билан Худога итоат этади.
Юҳанно бизни Осмон Шоҳлигида кўришни истайди.
Бизнинг келажагимиз, ўтмишда қилган ибодатимизга эмас, Худога бўлган бугунги итоаткорлигимизга боғлиқдир.
Юҳаннонинг биринчи мактуби 2–боб, 4–оятда шундай ёзилган:
“Худони биламан деб туриб, Унинг амрларига риоя қилмаган эса ёлғончидир, унда ҳақиқат йўқ.”
Бу оятда гуноҳсиз, мукаммал хатти–ҳаракатимиз эмас, ҳаётимизнинг умумий йўналиши назарда тутилмоқда.
Инсонинг ҳар бир сўзи қилган ҳаракатида аён бўлади, шунинг учун агар бизнинг айтган сўзимиз ва турмуш тарзимиз бошқа–бошқа бўлса, демак биз ёлғончимиз.
Худонинг ҳақиқий севгиси — ширин сўзлар ёки қандайдир руҳий ҳиссиётлар билан эмас, балки амалдаги итоаткорлик билан изҳор этилади.
Худога бўлган севги художўй феъл–атвор билан исбот этилади.
Агар сиз Масиҳнинг издоши каби яшамасангиз, ўзингизни асло масиҳий деб атаманг ва Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўламан, деб ўзингизни ўзингиз алдаманг.
5–оятда шундай деб ёзилган:
“Худонинг каломига итоат қилган одамда эса Худонинг севгиси ўз мукаммал ифодасини топган. Биз Худо билан бирга эканимизни ана шундан билсак бўлади.”
Ушбу оятда:
Худонинг каломига итоат қилган одамда,
ҳа, Худонинг каломига итоат қилган одамда, деб ёзилган.
Биз билмаган нарсага итоат қила олмаймиз.
Худонинг каломи – сизнинг шахсий дастурингиз бўлиши шарт.
Ахир, сиз билмаган нарсангизга итоат қила олмайсиз.
Худонинг каломига беэътибор бўлсангиз халок бўласиз.
Унга итоат этсангиз, барака топасиз
Худонинг каломига итоат қилган одам:
Биринчидан – Худонинг севгисида етук ва мукаммал бўлади,
Иккинчидан эса Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлади.
Биз ушбу парчадан ўзимиз учун 5та нарсани эслаб қоламиз деган умиддаман.
6–оятда шундай ёзилган: “Мен Худо билан биргаман деган одам Исо Масиҳ яшагандай яшаши керак.”
Ҳа, “Масиҳ яшагандай яшашимиз керак”.
Агар сиз одамларни мамнун қилиш учун яшасангиз, бошингиз балодан чиқмайди.
Агар сиз Худони мамнун қилиб яшасангиз: “Нурда юрасиз”, Худо учун яшаган инсоннинг мақсадлари ҳам содда ва лўнда бўлади, бу ҳаётимизга бирлик, тинчлик ва осойишталик олиб келади.
Агар биз Худога бағишланиб яшасак, атрофимиздаги одамларга Худонинг хушбўй ҳидини таратамиз.
Бир хизматчи шундай сўзларни айтган эди:
Мен Осиёдаги бир қабила бошининг уйига борган эдим. Унинг шинам уйига кирганимда деворга фақат бир дона расм осилганини кўрдим. Бу расм Осиёлик эмас Европалик бир одамнинг сурати эди.
Бу ким бўлди экан, деб расмга диққат билан тикилиб турганимни кўрган мезбон, менга шундай ҳикояни сўзлаб берди:
Бу одам юртимизга Хушхабар олиб келган хизматчи эди.
У халқим орасида яшади, отамнинг дилкаш, содиқ дўстига айланди.
Бу европалик меҳмон диёнатли, меҳрибон, қалби юмшоқ инсон эди.
У бизнинг тилимизни, маданиятимизни ўрганди, халқимизга меҳр қўйди.
Ўз ҳаёти, юриш–туриши билан Исонинг Хушхабарини бизга амалда кўрсатди.
Отам ҳам, мен ҳам ўша одам туфайли имонга келдик.
Бир неча йил олдин отам оламдан ўтди, европалик дўсти ҳам бу дунёдан кўз юмди.
Мен бу европалик хизматчининг расмини деворга осиб қўйдим, чунки у менга Исони эслатиб туради.
Мен Исо ҳақида ўйлаганимда шу меҳрибон одамни кўзим олдига келтираман.
У мен учун Масиҳни акс этиб туради.
Ҳа, ўша хизматчи феъл–атвори билан Масиҳнинг хушбўй ҳидини таратди.
Масиҳ яшагандай яшади.
Ўз ҳаёти билан масиҳий эканини исботлади.
Шу тариқа Юҳанно ёзган талабни бажарди.
Биз ҳам Масиҳ яшагандай яшашимиз керак.
Бироқ, бунинг уддасидан чиқа олмай қолганимизда, бизда ҳомийимиз Исо Масиҳ борлигини унутмаслигимиз даркор. У бизга ёрдам қўлини чўзади.
Шундай экан, Худони қанча улуғласак кам! У бизга чексиз иноятини кўрсатди, Масиҳ қиёфасидаги Солиҳ бир Зотни бизга Ҳомий қилиб берди! Унга умид боғлаган инсонлар нақадар бахтиёрдир.
Агар сиз масиҳий бўлмасангиз, қаранг, қанчадан– қанча баракалардан ўзингизни маҳрум қилмоқдасиз.
Балки Исо Масиҳга умид боғлайдиган, унга инонадиган вақтингиз келгандир?!