Иноят
Масиҳий бўла туриб, иноят ҳақида эшитмаслик мумкинми?
Масиҳийлар бу сўзни жуда кўп ишлатишади, уларнинг деярли ҳар бир суҳбатида бу сўзни эшитиш мумкин.
Бундан ташқари баъзи ота–оналар қиз фарзандига ”Иноят” деб исм қўяди, айрим ҳолларда бу исм ўғил болаларга ҳам берилади.
Жамоатлар ”Иноят” деб номланади. Хатто ўрта таълим мактабларига ҳам ”Иноят” деган ном берилади.
Одатда бу сўзни айтганда кўз олдимизга одобли, ахлоқли одам келади.
Ҳақиқатан ҳам, иноят масиҳийча ҳаётнинг ажралмас бир қисмидир.
Бироқ унинг асл маъноси нима?
Биз Худонинг йўлидан тўғри юра олишимиз учун Иноят бизга Худо томонидан берилган инъомдир.
Иноят туфайли биз Худонинг оиласига кирдик.
Ҳа, энди иноят туфайли биз Худонинг фарзандлари бўлиб яшай оламиз.
Биз буларни ўз инсоний кучимиз билан уддалай олмаймиз.
Келинг, ушбу мавзу билан яқиндан танишайлик.
Авваламбор, энг бошидан бошлайлик, ўзимиз дунёга келган ҳолатимизга эътибор қаратайлик.
Муқаддас Китобда Худони билмаган инсон қай тарзда таърифланган?
Эфесликларга мактубнинг 2–боб, 1–оятида шундай ёзилган:
Сизлар бир вақтлар гуноҳлару айбларингиз туфайли руҳан ўлик эдингизлар.
Нажот топмаган инсон руҳан ўлик бўлади. Бундай одам жисмонан кучли, доимо иш билан банд бўлиши мумкин. Бироқ руҳан у ўликдир, у Худони эшитмайди.
Луқо 19–боб, 10–оятда шундай ёзилган:
Инсон Ўғли йўқолганни излаб топиш ва уни қутқариш учун келган.
Ушбу оятга кўра, нажот топмаган инсон йўқолган, деб тасвирланган. У қаерда эканини ва қаерга кетаётганини асло билмайди, йўл кўрсатадиган руҳий харита ҳам унда йўқ.
Коринфликларга иккинчи мактуб 4–боб, 4–оятда шундай ёзилган:
Бу дунёнинг худоси имонсизларнинг онгини кўр қилиб қўйган. Шунинг учун улар Хушхабарнинг нурини кўра олмайдилар. Бу Хушхабар Худонинг аниқ тасвири бўлган Масиҳнинг улуғворлигини кўрсатади.
Нажот топмаган инсоннинг онги кўр, у қоронғуликда туртиниб юради, Худонинг нурини кўрмайди.
Нақадар қўрқинчли сўзлар!
Худони билмаган инсон Муқаддас Китобда турлича тасвирланган, юқоридаги оятлар ўшаларнинг кичик бир қисми, холос.
Бу оятлар кўзим олдига шундай бир манзарани келтиради:чексиз уммон бағридаги бир одам ёлғиз, у чўкиб кетяпти, аммо унинг назарида у вазиятни назорат қиляпти, борадиган манзилини билади, ҳамма нарсани тўғри бажаряпти. У чўкаётганини асло тушунмаяпти.
Шунда Худо уни қутқармоқчи бўлади.
Эфесликларга мактубнинг 2–боб, 8–9–оятларида шундай ёзилган: “Ахир, сизлар Худодан иноят топиб, имон орқали нажот топгансиз.”
Қутқарувчи чўкаётган одамни сувдан олиб чиққандай, Исо ҳам, Унга имон боғлагани инсонни гуноҳ уммонидан олиб чиқади.
Ўзи чўкаётганини билмаган одам қутқарувчига қаршилик кўрсатади, шу сингари баъзан биз ҳам ҳаётда бизга тўғри йўлни ўргатаётган одамларга қаршилик кўрсатамиз, улардан норози бўламиз.
Менинг ота–онам илк бор менга Исо ҳақида гапириб, Унга имон боғлашим кераклиги ҳақида айтганларида, мен улардан қаттиқ ранжиб, ўзимча: “Ота–онам қандайдир бир сектага қўшилиб қолишган”, деб ўйлагандим.
Университет ётоқхонасидаги бир дўстим мени жамоат йиғилишига таклиф қилганда, мен ўзимни ундан олиб қочадиган бўлдим, уни бошқаларга ёмонлаб юрдим.
Охир–оқибат эса Исо мени гуноҳ қуллигидан озод қилди, шунда мен ҳаётимда биринчи марта тоза ҳаво олгандай бўлдим, руҳан янгиландим.
Худо мени мустаҳкам пойдевор устига турғизди, мен тебранмас қояга таяндим.
Шунда мен Худога тан бердим, зеро ўзим эришган барча нарса пуч, шамол орқасидан қувишдек беҳуда эди. Ўз кучим, шижоатим ва ҳаракатим билан ҳеч нарсага эришолмадим.
Биз гуноҳларимиздан тавба қилганимиздан кейин Исонинг асл табиатини кўра бошлаймиз. Исо бизни қийнамоқчи эмас, аксинча, У бизни гуноҳ ботқоқлигидан чиқариб олди, елкамиздаги зил–замбилдай бўлган айбнинг оғир юкини олиб ташлади. У қалбимизни чексиз ва шартсиз севги билан забт этди. Ўз меҳрини биздан аямади.
Нима сабабдан Исо бизни гуноҳдан қутқаришга жазм қилди? Нима учун бизни деб, Ўз жонини фидо қилди?
Қайси бир буюк ишимиз ёки кароматимиз туфайли Худо бизга нажот беришга қарор қилди? Ҳеч қайси.
Биз яхши одам бўлганимиз учун Худо бизни қутқармоқчи бўлдими?
Асло! Биз нажот топганимизда яхши одам эмас эдик!
Худо биздан қарздормидики, бизни қутқарса? Йўқ. У биздан қарздор эмас, Эфесликлар 2–боб, 8–оятда “Сизлар иноят топдингиз”, деб ёзилган.
Иноят шуни билдирадики, Худо Ўзи истагани учун, бизга иноят қилгани учун бизни қутқарди. Тамом вассалом.
Иноят орқали Худо биз учун ўзимиз қилишга ожиз бўлган ишни қилди, Унинг оиласига қўшила олишимиз учун Унинг Ўзи бадал тўлади.
Чўқаётган одам ёрдамга муҳтож, уни кимдир қутқариши керак.
Биз ҳам гуноҳга ботиб қолган эдик, Исо Масиҳ бизни гуноҳ ботқоқлигидан чиқариб олди.
Балки сиз Джон Буньяннинг “Зиёратчининг саёҳати” деган китобини ўқигадирсиз, бу китоб охирги 2000 йил давомида энг кўп нашр қилинган масиҳийча китобдир. Мазкур китобда бош қаҳрамоннинг гуноҳ ҳукмронлигидан Худо ҳузурига бўлган саргузашти аллегория тарзида баён қилинади. Китоб замирида барча даврлар учун долзарб ҳисобланган масиҳийча ҳамда руҳий ҳаётнинг асослари ётади.
Бош қаҳрамон саёҳати давомида шайтон билан тўқнашади, у диндорлик, тушкунлик, гуноҳ ва ҳаётимизда кўп учрайдиган бошқа иллатлар билан курашади.
Савол: Бу бош қаҳрамон Раббимиз Исони таниб билишидан олдин, унинг исми нима эди? Масиҳга эргашмаган инсонни қандай ном билан атаса бўлади?
Унинг исми ”Иноятсиз” эди. Қандай ёмон исм!
Иноятсиз дегани, Худонинг севгисидан йироқ бўлган,
Худонинг қудрати,
Унинг раҳм–шафқатини татимаган,
Муқаддас Руҳни танимаган,
Муқаддас Китобни тушунмаган,
Самимий дўстларга эга бўлмаган,
Абадий ҳаётдан маҳрум бўлган,
Умидсиз қолган,
Самовий маскандан қуруқ қолган инсон деганидир.
Иноятсиз инсон гуноҳ гирдобига ботиб борса ҳам, у буни асло сезмайди.
Нақадар аянчли аҳвол, жуда қўрқинчли ҳолат.
Бу каби инсон ўз кучи билан Худога яқинлаша олмайди, у дўзаҳга маҳкум этилган.
Умидсиз ҳолатга тушиб қолган ҳар қандай одамга ёрдам керак.
Ўшандай ёрдамни бизга Худо берди. У Исо Масиҳни юборди. Исо бизнинг гуноҳларимиз учун хочда жон берди, сўнг Муқаддас Руҳ орқали бизга янги ҳаёт ато этди.
Иноят: биз лойиқ бўлмасак–да Худо бизга иноят қилди, биз ўз кучимиз билан бу иноятга эриша олмасдик.
Худо ҳеч қачон мен учун уйимни тозалаб бермаган ёки бозорга бориб келмаган, чунки буларни мен ўзим қила оламан. Менинг қўлимдан келмаган нарсани кимдир мен учун қилса бу иноятдир. Нажотни Худо бизга иноят қилиб берди.
Агар сиз Исонинг таклифини қабул қилмаган бўлсангиз, Унинг нажот инъомини олмаган бўлсангиз, демак ҳозирги ҳолатда сиз Худонинг кўзи олдида Иноятсиз одамсиз.
Ўтинаман, тўхтанг…
- Гуноҳкор эканингизни тан олинг,
- Исо сизнинг гуноҳларингиз учун хочда қурбон бўлганини эътироф этинг.
- Исо Масиҳни Ўз Раббингиз ва Нажоткорингиз деб қабул қилинг.
Бу ибодатни кечиктириб бўлмайди. Ахир, ҳеч биримиз қачон ўлишимизни билмаймиз. Илтимос, юқоридаги ибодатни чин юракдан айтиб, ибодат қилинг.
Борди–ю, сиз Исога имон боғлаган бўлсангиз, У сизни гуноҳ ботқоқлигидан олиб чиққан бўлса, энди нима қилишингиз керак?
Исо мени гуноҳ гирдобидан чиқариб олиб, мени қаттиқ ерга турғизгандан кейин, мен ўз билганимча яшашим керакми?
“Худо Ўз инояти туфайли бизни гуноҳдан қутқариб, солиҳ, деб эълон қилди, аммо иноят шу билан чекланмайди. Худо бизни оқлайди.”
“Биз гуноҳларимиздан тавба қилганимиздан кейин, Худо бизни поклайди ва буни Ўз инояти орқали амалга оширади.”
Иноят масиҳийча ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмидир. Иноят туфайли биз ҳар бир кунимизни тўла–тўкис тарзда яшаб ўтамиз.
Иноят масиҳийча ҳаётнинг шу қадар ажралмас бир қисми экан, демак биз иноят ҳақида нималарни билишимиз керак? Муқаддас Китоб бизга иноят ҳақида кўп сабоқ беради, улар борасида мулоҳаза қилишимиз мақсадга мувофиқдир.
1–сабоқ: Иноят бизни муаммолардан холи қилмайди.
Коринфликларга 2–мактуб 12–боб, 7–8–оятларда бу борада шундай ёзилган: “Шунинг учун мени кибрланиб кетмасин деб, баданимга бир ниш, мени ниқталайдиган шайтоннинг элчиси берилди. Буни мендан олиб ташлагин, деб уч марта Раббимиз Исога ёлвордим.”
Биз ҳаёт дарёсининг оқимидан осонгина сузишимиз учун Исо бизга қутқарув нимчасини бермади. Аслида, биз имонга келганимиздан кейин бизнинг муаммоларимиз янада кўпаяди. Юқоридаги оятда Павлус бизга жиддий бир муаммоси ҳақида ёзди, шайтоннинг элчиси Павлусни ҳоли–жонига қўймасди, Масиҳга имон келтиришдан олдин унда бундай муаммо йўқ эди.
Тимўтийга иккинчи мактубининг 3–боб, 12–оятида Павлус шундай деб ёзади:
Дарҳақиқат, Исо Масиҳ йўлида тақводор ҳаёт кечирган ҳар бир одам қувғинга учрайди.
Ушбу оятга кўра, шуни айтишимиз мумкинки, агар бизни қувғин қилишмаган бўлса, демак биз тақводор ҳаёт кечирмабмиз (эсингизда тутинг, қувғиннинг турлари ва кўринишлари ҳар хил бўлади).
Юҳаннонинг Хушхабари 15–боб, 18–оятда шундай ёзилган:
“Агар дунё сизлардан нафратланаётган бўлса, билингки, сизлардан илгари Мендан нафратланган.” Бу сўзлари билан Исо дунё Ундан нафратлангани ҳақида ёзган.
Исонинг ҳаёти заҳмат ва қийинчиликларга тўла бўлган бўлса, нега биз Худо учун яшасак қийинчиликлар кўрмаймиз деб ўйлаймиз?
Худо барча қийинчиликларимизни бир зумда йўқ қилиши мумкин, аммо У бундай қилмайди.
Биз Худога: “Дарду заҳмат учун вақтим йўқ”, деб айтишимиз мумкин. Бироқ Худо “Вақт бор” деб айтади.
Ҳаворий Павлус барча масиҳийлар учун аъло намуна бўлиб хизмат қилади. Агар Павлус кўп қийинчилик ва заҳматлар чеккан бўлса, биз ҳам булардан қочиб қутулмаймиз.
Биз Худога: “Нега айнан мен?” деган савол беришимиз мумкин. “Нега мен булардан ўтишим керак? Нега ҳаётим шу қадар қийин?”
Бироқ Павлуснинг айтишича, иноят топган инсон енгил ҳаётга умид қилмаса ҳам бўлади. Агар мен “Нега мен?” деган савол бераётган бўлсам (мен ҳаётимда бундай саволни кўп берганман), демак Худога ношукурчилик қилган бўламиз, Худо биздан ҳеч нарсада қарздор эмас.
Бир мўйсафид масиҳий шундай сўзларни ёзган: “Дунёда бирон зот йўқки, иноятни осон йўл билан ўрганган. Зеро иноятни фақат оғриқ орқали ўрганамиз. Одатда Худо айнан оғриқ орқали бизга сабоқ беради.” Бу сўзларни хазм қилишим осон кечмади, бунга кўп вақт кетди. Лекин шуни аниқ билиб олдим, сиз ҳам, мен ҳам иноятни оғир дамларда ўрганамиз.
Менга қаранг, кайфиятингиз тушмасин, зеро…..
2–сабоқ: Иноят барча муаммолар учун етарлидир.
Павлус Коринфликларга 2–мактуб, 12–боб,9–10–оятларда шундай ёзади:
Лекин Раббим Исо менга шундай деди: “Менинг иноятим доим сенга етарли бўлади, чунки Менинг қудратим сенинг ожизлигингда тўлиқ намоён бўлади.” Шундай қилиб, Масиҳнинг қудрати мен орқали аён бўлиши учун ожизлигим билан мақтанишни афзал кўраман. Шу сабабдан Масиҳ ҳақи ожизликни, хўрликларни, муҳтожликларни, қувғин ва қийинчиликларни шодлик билан қабул қиламан. Айниқса, ожиз бўлган пайтимда Масиҳнинг қудрати билан кучли бўламан.
Павлус ҳаётида ва хизматида дуч келган бу барча қийинчиликларга қандай дош беради?
Худонинг инояти унга доимо етарли эди.
Муҳим томонлар:
Биз Исо Масиҳга самимий имон боғлаганимиздан кейин иноят доимо биз билан бирга бўлади. Павлус имонга келгандан кейин кўп заҳмат чекди. У ўзининг қийинчиликлари ҳақида қисқача Коринфликларга 2–мактуб, 11–боб, 23–27–оятларда шундай деб ёзди:
“Улар Масиҳнинг хизматкорларими? Мен бефаросатлик қилиб айтяпманки, уларнинг ҳаммасидан устунман. Заҳмат десангиз, мен улардан кўпроқ заҳмат чекдим. Зиндон десангиз, улардан кўпроқ зиндонда ётдим. Зарба десангиз, мен ҳаддан ташқари кўп зарба едим, ҳатто кўп марта ўлимга рўбарў бўлдим. Яҳудийлардан беш марта бир кам қирқтадан калтак едим. Рим амалдорлари мени уч марта калтаклатдилар. Бир марта тошбўрон бўлдим, уч марта кемада ҳалокатга учрадим, бир кечаю кундузни денгиз бағрида ўтказдим. Кўп марта узоқ сафарларда бўлдим. Дарёларда таҳликада қолдим. Қароқчилар ҳужумидан ҳаётим таҳликада қолди. Ўз қондошлариму ғайрияҳудийлар туфайли таҳлика остида қолдим. Шаҳарда таҳлика, саҳрода таҳлика, денгизда таҳлика, сохта биродарлар орасида таҳлика! Мен анча меҳнат ва машаққат остида, кўп марта уйқусизликда, очлик ва ташналикда қолдим. Баъзан ейишга ноним, совуқда кийишга кийимим бўлмади.”
Йўқ, масиҳийнинг ҳаёти ва вазияти қисқа вақтда ўзгармаслиги ёки умуман яхшиланмаслиги мумкин. Бироқ Худонинг инояти бу қийинчиликларни енгиб ўтишингизга сизга етарли бўлади.
Эслатма: Худо бизни гуноҳдан қутқариш учун бизга иноят беради. Биз масиҳийлар ҳаётимиздаги қийинчиликларга дош бера олишимиз учун бизга иноят зарурдир.
“Худонинг инояти доим Павлус билан бирга эди. Иноят Павлуснинг баданидаги ҳар қандай нишдан, шайтоннинг ҳар қандай элчисидан қудратлироқ эди.
Ҳар қандай заҳматда иноят Павлусга мададкор эди, синов қанча оғир бўлса, иноят шу қадар мусаффо, чорағон ва ёрқин эди.”
Худонинг инояти туфайли инсон масиҳий бўлиб шаклланади.
Павлус баданидаги ниш ҳақида гапирганда, ўзининг қандайдир оғир хасталигини назарда тутган бўлса керак. Хаста одам қийинчиликларга бардош бериши осонми?
Қандай қилиб Павлус касал бўла туриб, шижоат билан Худога хизмат қилган?
Бу саволларга жавоб Худонинг қуйидаги гапида берилган: Менинг иноятим доим сенга етарли бўлади.
Биз дунё уммонида чўкиб кетмаслигимиз учун, Худо бизга етарли даражада иноят беради.
Худонинг инояти доим етарли бўлади:
Бизнинг ҳаётимиз учун,
Ишимиз учун,
Барча қийинчиликларимиз учун,
Павлуснинг баданидаги ниш учун – барча касалликлар ва хасталикларимиз учун Худонинг инояти бизга етарлидир.
Инсон ҳаётида дуч келган энг оғир синов бу – яқин одамдан жудо бўлишдир. Бундай жудоликка дучор бўлган инсон марҳумнинг севгиси, хурсандчилиги ва иноятини қўмсаб яшайди, бироқ буларни у тўғридан–тўғри Худодан олиши мумкин.
“Бизда ҳамма нарса бўлса, яъни турмуш ўртоғимиз, оиламиз, дўстларимиз, соғлиғимиз, уйимиз ва хавфсизлигимиз бўлса биз ибодатга ва Худо билан чуқур муносабатга киришиб кетавермаймиз. Бироқ иноятга бой воқеалар ҳаммамизнинг ҳаётимизда жуда кўп. Ҳа, Ҳудонинг инояти умримизнинг охиригача биз учун етарли бўлади, иноят бизни донороқ, ақллироқ, миннатдор ва хушчақчақ инсонга айлатиради.”
Худонинг инояти доимо етарлидир.
Хуф Фразер деган бир одам 20 ёшида Хитойга хизматчи бўлиб борди. У Хитойда кўп йил яшаб, ниҳоятда самарали тарзда ишлади. «У ёлғиз бўла туриб қандай қилиб буни уддалади?», деган савол туғилади.
Худонинг инояти унга мададкор эди.
Биз янгиликларни томоша қилиб, дунёда рўй бераётган мудҳиш воқеалар ҳақида эшитганимизда ва келажакка қўрқув билан қарашни бошлаганимизда, доимо эсимизда тутишимиз керакки, Худонинг инояти биз учун етарлидир. Хурсандчилигимиз манбаи Худодир, шу боис қўрқмай Унга хизмат қилишимиз, олға қадам ташлашимиз даркор.
Ҳаётимиздаги қийинчиликларга дош бера олишимиз учун Худонинг инояти бизга ёрдам беради.
Эслатма: ҳаётингизда бирор бир нохуш воқеа содир бўлса, доимо эсингизда тутинг, Худонинг инояти сизга мадад беради. Худо иноятни олдиндан бериб қўймайди, ўз вақтида беради. Исо Ўз шогирдларига ўргатган ибодатда шундай айтилган: “Бугунги ризқимизни бергин”. Худо бизга ҳар кунги ризқимизни ўша куни бергани сингари, ҳар кунги синовлардан ўтишимиз учун етарли иноятни ҳам зарур вақтда беради. Биз бу ҳаётни қадамма қадам қарши оламиз.
3–сабоқ Иноят амал қилиши учун камтарлик даркор.
Ёқуб 4–боб, 6–оятда шундай ёзилган:
Ёқуб 4:6
“Худо мағрурларга қарши чиқади,
Камтарларга эса иноят кўрсатади.”
Бутруснинг биринчи мактуби 5–боб, 3–оятда шундай ёзилган:
Зеро, “Худо мағрурларга қарши чиқади, камтарларга эса иноят кўрсатади.”
Мен Худога қарши бўлишни истайманми? Ўзимни Худонинг инояти ва мададидан маҳрум қилмоқчиманми? Худо асрасин, ўша томон қадам ташлашни асло истамайман.
Мағрурлик бизни иноятдам маҳрум қилади, бунга асло шубҳа йўқ.
Мағрур масиҳийга иноят керак эмас, у ўзини ўзи иноятдам маҳрум қилади, ундан бебахра қолади. Манман одамлар ўзига бино қўяди, Худо уларни ишлата олмайди. Зеро, Худо юракларида ишлашига улар йўл қўймайди. Бироқ камтар масиҳий Худо учун бўш идиш кабидир, Худо уни тўлдиради.
Биродарим, кўзингизни очинг. Бугунги вазият сизга оғир, умидсиз, маъносиз ва мушкул туюлса, Худога назар қаратинг. Пайғамбарларимизни эсланг, уларнинг ҳаёти ҳам осон кечмаган: Худо Иброҳимга ”Ўғлингни Менга қурбонлик қил” деганди, Юсуф зиндонда ўтирганди, Аюб боридан маҳрум бўлганди, Бутрус сув устида юра олмай чўка бошлаганди, Павлуснинг кўзи ёрқин нурдан кўр бўлиб қолганди.
Булардан ташқари заҳмат ҳақидаги бошқа кўп ҳикоялар бор. Ҳаётимиздаги қийинчиликлар орқали Худо бизни поклайди, қалбимизни юмшатади, бизни келажак учун, Раббимиз йўлида бажаришимиз керак бўлган буюк ишлар учун тайёрлайди.
“Худо Ўзи ёқтирмаган қийинчиликлар орқали Ўзи ардоқлаган буюк ишларни бажаради”
Левис деган одам бу ҳақда шундай сўзларни ёзган: “Худо доим инъом улашади, инъомни қабул қилмоқчи бўлиб қўл узатган одамгина уни қабул қилиб олади. Қўли банд одам инъом қабул қила олмайди.”
Агар сиз бугун азоб чекаётган бўлсангиз, “агар Худо ҳаётингизни дунёвий нарсалардан тозалаётган бўлса, демак сизда иноятнинг асл маъносини англаб олиш учун жуда яхши имконият бор. Масиҳий одамнинг ҳаётидаги бундай онлар ниҳоятда қадрлидир, зеро бу каби қийинчиликлар туфайли биз том маънода Масиҳнинг издошларига айланамиз, бу – улуғвор ўзгаришларнинг бошланишидир.”
Биз ҳаётимизни тўлиқ Худога топширишимиз керак, худбин истакларимиздан воз кечишимиз, бу дунё учун ўлишимиз, ҳаётимиз бошқарувини Масиҳга беришимиз керак.
4–сабоқ Иноят мустаҳкам шахсиятнинг пойдеворидир
Коринфликларга биринчи мактуб 15–боб, 4–10–оятларда шундай ёзилган:
Кейин Исо дафн қилинди, учинчи куни эса тирилди. Буларнинг ҳаммаси Муқаддас битикларга мувофиқ содир бўлди. Аввал У Бутрусга, сўнгра ўн икки шогирдига кўринди. Ундан кейин бир вақтнинг ўзида беш юздан кўпроқ биродарларга кўринди. Уларнинг аксарияти ҳозирга қадар тирик, баъзилари эса дунёдан кўз юмиб кетганлар. Ундан сўнг Масиҳ Ёқубга ва қолган барча ҳаворийларга кўринди. Мен ривожланмай қолган бир ҳомиладай бўлсам–да, ниҳоят менга ҳам кўринди.
Ахир, мен ҳаворийларнинг энг арзимасиман, ҳаворий деб аталишга ҳам лойиқ эмасман, чунки мен Худонинг жамоатини қувғин қилардим. Аммо Худонинг инояти туфайли энди ҳаворийман. Унинг менга кўрсатган инояти зое кетмади, зеро, мен ҳаворийларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ меҳнат қилдим. Лекин аслида меҳнат қилган мен эмас, балки Худонинг иноятидир.
Биз одатда ўзимизнинг руҳий ҳаётимизни ва ўз хизматимизни бошқа биродарларники билан солиштирамиз.
Анави биродар нечта одамни имонга олиб келди? Нечта шогирд орттирди? Неча марта ваъз қилди? Муқаддас Китобни нечта гуруҳга ўргатади? Жамоатида нечта одам бор? Қачон қараманг, ўзимизни бошқалар билан солиштирганимиз солиштирган.
Ўзимизни бошқаларга солиштиришдан чарчамаймиз. Шу орқали ўзимизни ўзимиз хурсандчиликдан ва мамнуниятдан маҳрум қиламиз.
Келинг, Павлуснинг гапларига қайтайлик: Павлус Худонинг инояти туфайли ҳаворий бўлди. Иноят туфайли у Худонинг чақириғини жасорат билан бажарди. Павлус аслида ҳеч нарсага арзимас эканини жуда яхши тушунарди ва Худонинг вазифасини ўзи учун юксак шараф деб биларди. Иноят туфайли у ўтмишидан озод бўлиб, Худо берган вазифани аъло даражада бажарди. Павлус ўзини нолойиқ деб билса–да, иноят унинг доимий ҳамроҳига, шеригига, кўринмас ҳимоячисига айланди.
“Шуни таъкидлаб ўтишим керакки, Павлус ўзини бошқа шогирдларга қиёсламади. Иноят туфайли биз ҳам ўзимизни бошқаларга солиштирмаймиз.”
Зеро Худо ҳар биримизни ўзгача қилиб яратган.
Сиз ҳам Худонинг илоҳий лойиҳаси ва режаси бўйича, ўзингизга ҳос равишда яратилгансиз.
Худо инояти туфайли ҳар биримизга ота–она ва қириндош–уруғларни берган. Бизнинг ташқи кўринишимиз, ҳаётимиздаги имкониятлар, инъому қобилиятларимиз, биз яшаган муҳит, ҳаммаси Худонинг иродаси бўйича бизга берилган, ўша нарсалар орқали ҳар биримиз Исо Масиҳга ўхшаб ўзгариб борамиз ва ягона Худога улуғворлик келтирамиз.
Худо ҳар биримизнинг зиммамизга юклаган вазифани инсоният тарихида биздан бошқа ҳеч ким бажара олмайди. У менга берган имкониятни фақат мен бажара оламан. Бу сизга ҳам таалуқлидир. Келинг, бизга берилган имкониятдан тўлиқ фойдаланайлик!
Худо сизга ўзингиз бўлиш имкониятини берганидан Унга шукурлар айтинг.
Улуғворлик Худога мансуб,
Бизга эса миннатдорчилигу хурсандчилик мансубдир.
5–сабоқ Иноят барқарорлик манбаидир
Бир дақиқага қайиқни кўзингиз олдига келтиринг. Кучли бўронлар, шиддатли шамоллар, тез оқимлар, ҳаётга ҳавф солувчи вазиятлар уни чўктира олмайди.
Мен кучли бўронга дош берган қайиқни кўриб, ҳар доим ҳайратга тушамиз.
Нега қайиқ чўкмайди?
Бунга сабабчи баласт.
Баласт – “оғир вазнли модда, яъни шағал, қум, темир ёки қурғошин бўлиб, одатда кайиқнинг барқарорлигини таъминлаш учун, унинг қуйи қисмига жойлаштирилади.”
Хўш, масиҳий одамнинг қайиқ билан қандай ўхшаш томони бор?
Бўрон қайиқни парчалашга ҳаракат қилгандай, шайтон ҳам бизни чилпарчин қилишга ҳаракат қилади.
Бутруснинг биринчи мактуби 5–боб, 8–оятда шундай ёзилган:
Ҳушёр ва бедор бўлинглар! Душманингиз бўлган иблис шердай бўкириб, бировни ютиб юбориш учун изғиб юрибди.
Бутруснинг иккинчи мактуби 2–боб, 1–оятда ёзилганки:
Исроил халқи орасида сохта пайғамбарлар бўлгани каби, сизларнинг орангизда ҳам сохта устозлар бўлади. Улар найранг ишлатиб, орангизда ҳалокатли бидъатлар тарқатадилар. Ҳатто уларнинг жонларини сотиб олган Хўжайинини ҳам рад этиб, бу билан ўзларини муқаррар кулфатга йўлиқтирадилар.
Тимўтийга иккинчи мактуб 4–боб, 3–оят:
Чунки шундай вақт келадики, одамлар соғлом таълимотга тоқат қилмайдиган бўладилар, улар атрофига ўзларига мос, қулоқларига ёқимли сўзлар айтадиган муаллимлар тўплайдилар.
Коринфликларга иккинчи мактуб 11–боб, 26–оятда Павлус сохта биродарлар орасида таҳликага тушгани ҳақида ёзади.
Эфесликлар 4–боб, 14–оятда шундай ёзилган:
Шунда биз норасида гўдакларга ўхшамаймиз, шамол эсган томонга эгиладиган новдадай бўлмаймиз. Ҳар хил таълимотлар ва қув одамларнинг ҳийлаю айёрликларига лаққа тушавермаймиз.
Павлус бизни огоҳлантиряпти! Шайтон бизга ҳужум қилади, бунга тайёр бўлайлик. Унинг аёвсиз ҳужумларидан ҳайрон қолмайлик.
Бироқ масиҳийларга барқарорлик берадиган нарса нима?
Ибронийларга мактуб 13–боб, 9–отда шундай ёзилган:
Шундай экан, турли хил ғалати таълимотларга берилиб, тўғри йўлдан оғиб кетманглар. Қурбонлик маросимларига доир егулик–ичгулик қоидаларига риоя қилавермай, яхшиси, Худонинг инояти билан юрагингизни бақувват қилинглар. Ахир, инсонлар яратган бу қоидалар уларга риоя қилувчиларга ҳеч қандай фойда келтирмайди.
“Шайтон иложи борича масиҳийни соғлом таълимотдан узоқлаштирмоқчи бўлади. Уни ғалати таълимот билан чалғитади. Шу талимот орқали уни тўғри йўлдан оздиради. Бироқ Масиҳ ўзгармаган. Шу боис сиз ҳам ўзгарманг. Ушбу дунёдаги энг ачинарли холат қуйидагичадир: инсон Масиҳга имон келтириб, сидқидилдан Унга ишонади, сўнг соҳта таълимотга мафтун бўлиб, тўғри йўлдан озади, кейин вабо каби ҳавфли бўлган бу таълимотни бошқаларга тарқатишга ҳаракат қилади, оқибатда эса ўзи хурсандчиликдан маҳрум бўлади, ўз мукофоти ва самарадорлигини йўқотади.”
Бу каби ачинарли воқеа Гатия жамоатида ҳам юз берган. Павлус бу ҳақда шундай ёзади:
“Сизлар Худодан шунчалик тез юз ўгириб, бошқа бир хушхабарга юз бураётганингиздан жуда ҳайронман. Ахир, Масиҳнинг инояти орқали Худо сизларни Ўз Хушхабарига даъват қилган эди. Ўша Хушхабардан бошқа ҳеч қандай хушхабар йўқ–ку! Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни бузиб кўрсатмоқчи бўладилар.” (Галатияликларга 1:6)
Галатиялик имонлилар Худонинг инояти туфайли сидқидилдан Масиҳга имон боғлаган эдилар, бироқ қонунчиликка берилиб кетдилар. Руҳ билан бошлаб, моддиятга юз бурдилар. Бу каби воқеа ҳар биримиз билан юз бериши мумкин. Павлус уларга шундай деб ёзди: “Сизлар шунчалик бефаҳммисизлар? Руҳ қудрати билан янги ҳаёт бошлаган экансиз, энди уни ўз инсоний кучингиз билан камолга етказмоқчимисиз?”
Ҳаворийлар 20–боб, 29–оятда шундай ёзилган:
Биламан, мен кетганимдан кейин сизларнинг орангизга йиртқич бўрилар келади, улар сурувга шафқат қилмайди.
Павлус шу сўзларни ёзганда Эфесдан кетишга тайёргарлик кўраётган эди. У Эфес жамоатида уч йил давомида тинмай хизмат қилиб, имонлиларга ҳақиқатни ўргатди.
У кетишдан олдин бир нарса хақида хавотир олаётган эди, бу ҳақда у шундай ёзди:
Ҳаворийлар 20–боб, 30–оят
Ҳатто ўз ораларингиздан баъзи одамлар чиқиб, имонлиларни ортидан эргаштириб, ҳақиқатни бузиб гапирадилар.
Бундай нарса содир бўлишига Павлусда асло шубҳа йўқ эди.
Жамоат нима қилиши керак эди?
Ҳаворийлар 20–боб, 31–оятда шундай ёзилган:
Ҳушёр бўлинглар! Мана шу уч йил давомида кечаю кундуз кўз ёш тўкиб, ҳар бирингизга қилган панд–насиҳатларимни ёдингизда тутинглар.
Жамоат қўйидагича йўл тутиши керак эди:
Ҳаворийлар 20–боб, 32–оят
Энди мен сизларни Худога ва Унинг марҳамати ҳақидаги хабар паноҳига топширдим. Бу хабар сизларга куч–қудрат ато қилиб, жамики муқаддас қилинганлар орасида мерос беришга қодирдир.
”Демак, фақат Худонинг хабари, яъни Муқаддас Китоб имонлиларни соҳта таълимотдан асраб қолиши мумкин”. Биз Муқаддас Китобни билишимиз, унга амал қилишимиз керак. Ундан паноҳ топишимиз шарт!
Биз навбатдаги руҳий инқирозга гирифтор бўлишимиз керак эмас. Ундан ўзимизни омон сақлашимиз мумкин. Бунинг учун Муқаддас Китобдан руҳий озуқа олишимиз керак, ҳаётимизни илоҳий ҳақиқат пойдевори устига қурсаккина ҳаёт бўронларида ҳам барқарор бўламиз. Соғлом ва соҳта таълимот фарқига борадиган бўламиз.
Шу боис, Павлус Титусга мактубининг 1–боб, 9–оятида жамоат етакчисига қуйидагича таъриф беради:
У ҳақиқатга ўргатилган, Хушхабар ақидаларига қатъий риоя қиладиган инсон бўлсин. Шунда у бошқаларга ҳам соғлом таълимот билан насиҳат қила олади, қаршилик қилувчиларни эса фош эта олади.
Эй етакчилар, зиммангиздаги вазифани бажаринг! Соғлом таълимот билан насиҳат қилинг. Хушёр бўлинг. Одамларни огоҳлантиринг, фош этинг! Ишингиз самарали бўлсин!
6–сабоқ: Сўзларингиз иноятга бой бўлсин
Колоссаликларга 4–боб, 6–оятда шундай ёзилган:
Улар билан қандай гаплашишни сизларга ўргатай: улар билан гаплашганингизда сўзингиз ҳамиша ёқимли ва мазмунли бўлсин.
Сўзма–сўз таржимада: “сўзингиз ҳамиша иноятли ва тузланган бўлсин” деб ёзилган.
“Туз сақлаш хусусиятига эга бўлиб, ачиш ва чиришнинг олдини олади. Масиҳийларнинг иноятли сўзлари атрофимиздаги дунёни маънавий ва руҳий бузилишдан сақлаб туради. Шунингдек қийналган одамларга тасалли ва куч беради.”
Сўзлар яхшилик ёки ёмонлик келтирадиган қудратга эга. Сўзларимиз жуда муҳим.
Инсоннинг жисмоний жароҳат қалб жароҳатидан тезроқ тузалади. Дарҳақиқат, нафратли сўзлар қалбга келтирган жароҳат жуда секин тузалади.
Биз ўз оғзимизни Раббимизга бағишлаганимизда, Худо уни тозалаб, поклайди, ундан фақат яхши сўзлар чиқадиган бўлади.
Эфесликларга 4–боб, 29–оятда шундай ёзилган:
Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин тингловчиларнинг эҳтиёжига кўра, керакли гапларни айтиб, уларга далда беринг, шунда сўзларингиз уларга фойда келтиради.
Ҳикматлар 12–боб, 18–оят дононинг гаплари эса шифо беради.
Ҳикматлар 15–боб, 4–оят Ширин сўз — ҳаёт дарахти,
Ҳикматлар 10–боб, 31–оят Солиҳнинг тили донолик келтиради,
Ҳикматлар 16–боб, 24–оят
Ёқимли сўз асал кабидир,
жонга роҳат, суякларга малҳамдир.
Ҳа, бу ҳақиқий чақириқ! Биз ўз тилимиз билан одамларга оғриқ ва зарар келтиришимиз эмас, балки Худонинг инояти ва севгисини улашишимиз даркор. Имонимиз ҳақида ўртоқлашар эканмиз одамларга далда беришимиз, уларни руҳлантиришимиз керак!
Агар тилингиздан заҳар эмас, асал оқса кўплаб одамларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатасиз!
7–дарс. Иноят инсонни сахийликка ундайди.
Ҳаворийлар 4–боб, 32–34–оятларда шундай ёзилган:
Имонга келганлар якдил ва ҳамжиҳат эдилар. Улардан биронтаси ўзига қарашли бирон нарсани “Бу меники”, деб айтмас, бор мол–мулкларини умумий деб билишарди. Ҳаворийлар буюк қудрат билан Раббимиз Исонинг тирилганига гувоҳлик берардилар. Худо уларнинг ҳаммаларига мўл–кўл мурувват кўрсатарди. Имонлиларнинг орасида биронта муҳтож одам йўқ эди.
Бу ерда нима юз берди? Шунчаки Худо Ўз жамоатига иноят берди, жамоат аъзолари ҳам ўз навбатда муҳтожликда қолган биродарларга иноят қилдилар. Масиҳийлар Худодан иноят туфайли олган барча мол–мулкни бошқалар билан баҳам кўришди. Уларни ҳеч ким бунга мажбур қилмади.
Инсон сахий бўлиши учун унга катта бойлик керак эмас. Коринфликларга 2 мактуб 8–боб,1–4–оятларда бу борада шундай ёзилган:
Энди биродарлар, Худонинг Македониядаги жамоатларга кўрсатган инояти ҳақида сизларга айтмоқчимиз. Улар оғир кулфатларга йўлиқиб, синалган бўлсалар–да, жўшқин бир севинчга тўлиб–тошдилар, ўта камбағал бўлсалар–да, юраклари сахийликка бой эканлигини кўрсатдилар. Улар ўз хоҳишлари билан, қўлларидан келганча, ҳатто имконларидан ортиқ хайр–эҳсон берганларига мен шоҳидман. Улар, Худонинг Қуддусдаги азизларига ёрдам беришда иштирок этайлик, деб биздан ўтиниб сўрадилар.
Бу парчада нималар ҳақида ёзилган? Бу ерда иккита муҳим нарса тилга олинган:
- Македониядаги жамоат оғир кулфатга йўлиқиб, синовларга дош бераётган эди. Улар ўта камбағал эдилар.
- Худонинг Македония жамоатига кўрсатган инояти уларга кучли таъсир қилди, улар Қуддусдаги биродарларининг муҳтожликлари ҳақида эшитиб, қўлларидан келганча, ҳатто имконларидан ортиқ даражада хайр–эҳсон бердилар.
Нима сабабдан Македониядаги жамоат шундай йўл тутди?
Чунки сахий бўлиш учун инсон кўп пулга эга бўлиши шарт эмас.
Македониядаги масиҳийлар Худонинг уларга бўлган иноятидан таъсирланиб, ўзидаги баракатларни Қуддусдаги биродарлар билан баҳам кўришган эдилар. Худо берган иноят уларни сахий бўлишга ундади.
“Сахийлик юқоридан туғилган қалбнинг амалдаги мевасидир.”
Биз Хушхабар китобларини ўқир эканмиз, Исо Масиҳнинг сахийлигига лол қоламиз. Жамоатнинг 2000лик тарихига кўз ташласак: қурилган касалхоналар, етимхоналар, мактаблар ва кўплаб хайрия ташкилотларини кўришимиз мумкин, уларнинг ҳаммаси инсониятга беғараз, сахий ёрдам бериб келмоқдалар. “Биз – масиҳийлар бошқаларга ёрдам берамиз, чунки бизнинг ичимизда Масиҳ яшайди. Бу жуда оддий бир ҳақиқатдир. Биз бошқаларга ёрдам берганимизда, бизнинг бор нарсамиз Худога тегишли эканини намоён қиламиз.”
Худо иноят туфайли бизни Масиҳга ўхшатиб ўзгартиради, бунинг таъсири эса атрофимиздаги барчага, бутун дунёда аёндир.
Масиҳийлар учун амалий қадам:
Балки сиз бирон бир яхши иш қилмоқчи бўлгандирсиз, бироқ иккиланганингиз учун уни қилмагандирсиз? Ёки буни қилиш учун етарли маблағим йўқ, деб ўйлагандирсиз? Ёки Худо бунинг учун сизга етарли иноят беришига балки ишонмагандирсиз?
Сиз: “Буни қила олмайман”, деганингизда, аслида “Буни қилмайман”, деб айтмоқчимисиз?
Сиз бу дунёни Масиҳ учун ўзгартирмоқчимисиз? У ҳолда Худонинг инояти сиз орқали ишлашига тўсқинлик қилманг.
Иноят одамларнинг ҳаётини ўзгартиради.
Иноят ғайриоддий баракатдир, шу боис қўлимиздан келмаган ишларни, биз иноят туфайли амалга ошира оламиз.
Иноят – масиҳий кишининг ҳаёти учун ёқилғидир.
Нақадар ажойиб! Шундай эмасми?!