Шайтон ва у бизни синаши
Ёрқин, жасур,
Диққат–эътиборли, қўрқмас,
Ўзига ишонган, ўз ишига бағишланган,
Мард, чекинмайдиган,
Эҳтиросли ва қатъиятли.
Мен ким ҳақида гапиряпман?
Иблис ҳақида.
Иблис бу қобилиятларининг ҳаммасини –
Бузуқлик, ярамаслик, разиллик ва ёвузлик йўлида ишлатади.
Хўш, иблиснинг режаси нима? У нималарга эришмоқчи?
Ёвуз режаларини амалга ошириш учун у қаердан куч олади?
У нимани нишонга олган?
Буни айтиш қийин эмас: Худо қадрлаган ҳамма нарсани иблис йўқ қилмоқчи бўлади. Худо нимани ардоқласа, иблис ўшанга ёпишади.
Агар Худо бирон нарса барпо қилмоқчи бўлса, иблис ўшани вайрон қилишга киришади.
Келинг, бу ҳақда озгина мулоҳаза қилайлик.
Матто 4–бобдаги ҳикоядан бошлаймиз.
Бу ҳикояни ҳаммамиз эшитганмиз. Шайтон Исони 3 марта васвасага солади, Исо эса Муқаддас Китобдаги оятлардан фойдаланган ҳолда, 3 марта унга жавоб қайтаради.
Ушбу ҳикоя бизга оятларни ёд олиш қанчалик муҳим эканлигини эслатади, чунки Муқаддас Китоб оятлари бизнинг шайтонга, васвасага ва гуноҳга қарши ишлатадиган асосий қуролимиздир.
Келинг, эътиборимизни ҳикояга қаратайлик.
Матто баён этган Хушабар 4–боб, 1–11–оятларда шундай ёзилган:
“Иблиснинг синовидан ўтиши учун Муқаддас Руҳ Исони саҳрога бошлаб кетди. Исо қирқ кун ва қирқ кеча рўза тутди, охири оч қолди. Шунда иблис келиб, Исони васвасага солмоқчи бўлиб деди:
— Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, бу тошларга буюр, нонга айлансин!
Исо унга жавобан деди:
— Ёзилганки: “Инсон фақат нон билан эмас, балки Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди.”
Кейин иблис Исони муқаддас шаҳар Қуддусга олиб борди. Уни Маъбаднинг энг юқори жойига чиқариб, шундай деди:
— Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни пастга ташла. Ахир, ёзилган–ку:
“У Сен тўғрингда фаришталарига амр беради,
Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин, дея
Фаришталар қўлларида Сени кўтариб боради.”
Иблисга Исо деди:
— “Эганг Худони синама”, деб ҳам ёзилган.
Сўнг Исони иблис баланд бир тоққа олиб чиқди. Унга оламнинг барча шоҳликларини ҳамда уларнинг ҳашаматини кўрсатиб, деди:
— Агар тиз чўкиб менга сажда қилсанг, буларнинг ҳаммасини Сенга бераман. Шунда Исо деди:
— Йўқол кўзимдан, шайтон! Ахир: “Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил”, деб ёзилган–ку!
Шундан кейин Исони иблис тарк этди. Фаришталар келиб, Исога хизмат қилдилар.”
Кўриб турганимиздай, иблис Исони васвасага солди.
Бу сўзлар бизга иблиснинг феъл–атворини жуда яхши очиб беради.
Иблис Исонинг кимлигини билганмиди? Ёки Исонинг Худо Ўғли эканидан бехабармиди?
Иблис албатта буни биларди.
Ахир, улар олдин ҳам кўришган эдилар.
Аюб китобидан биламизки, иблис Худонинг тахт турган хонасига кира оларди.
Бу ҳақда Аюб китоби, 1–бобда ёзилган.
Иблис Исони ўша ерда кўргани аниқ.
Иблис ўзининг яратилган мавжудот эканини биладими?
Албатта билади.
Иблис уни ким яратганини биладими?
Албатта билади.
Матто Хушхабарининг 4–бобида эса иблис ўзини Исонинг ўрнига қўйишга уринди. Исони ўзига хизмат қилдирмоқчи бўлди.
Во ажабо. Бу ҳақда бир ўйлаб кўринг–а!
Иблис Худонинг буюклиги ва салобатини кўрган, самодаги улуғвор даргоҳига қадам босган. Худонинг кимлигини, Унинг қудрати, буюклиги ва донолигини жуда яхши билади.
Бироқ буларнинг ҳаммасини била туриб, иблис Исони синамоқчи бўлди. Илоҳий Учбирликка мансуб бўлган Зотни оёқ ости қилмоқчи бўлди.
Наҳотки иблис шу қадар аҳмоқ бўлса?
Йўқ, у аҳмоқ эмас.
У ҳолда, нега иблис имконсиз ишга бел боғлади?
Исо иблисга асло таслим бўлмаслигини, наҳотки иблис билмаган бўлса?
Нимага иблис Исони синамоқчи бўлди?
Иблиснинг бу қилиғи мағрурликдан бошқа нарса эмас. Иблиснинг кўзини ёғ босган, у шунчаки кўрки, фақат ўзини кўради, фақат ўзига мафтун, фақат ўзини улуғлайди, фақат ўзининг режаларини амалга оширмоқчи бўлади. У шу қадар кўр бўлганидан Исони синашга журъат этди. Мантиқ деган нарсани асло унутди.
Иблис Исони васвасага солиши қанчалар беҳуда экани ҳақида бироз фикр юритинг.
Уринишлари беҳудалигини иблис тушунмайди, шунинг учун Исони синашга тушади.
Ҳикоя ниҳоясида иблис нима қилди?
4–боб, 11–оятда ёзилишича: “Шундан кейин Исони иблис тарк этди. Фаришталар келиб, Исога хизмат қилдилар”
Бу фаришталар яхши фаришталар эди. Шайтон Худога қарши бош кўтарганда самовий лашкарнинг, яъни фаришталарнинг 3 дан 1 қисмини ўз кетидан эргаштирди. Бу ҳикоядаги фаришталар эса Худога содиқ қолган фаришталардир.
Биз шайтоннинг рўйхатидаги, у эришган 7 та нарсага эътиборимизни қаратамиз. Шайтон қайсидир даражада ўшаларнинг ҳаммасига эришган.
Рўйхатдаги фақат битта нарсада иблис тўлиқ мағлубият чеккан, бу — Исони васвасага солиши.
Шунда ҳам иблис қўлидан келганча ҳаракат қилганди.
Унинг бу борадаги кўрсатган “қатъияти” ақлимни шоштиради.
Кўзингиз олдига шайтонни келтириб кўринг, уни мағрур, қўрқмас, жангга шай ҳолда турганини тасаввур қилинг. У ўзича энг катта балиқни овламоқчи.
Бироқ унинг барча уринишлар зое кетди. Шайтон қайси томонлардан муваффақият қозонган? Келинг, унинг муваффақиятлари рўйхатини кўриб чиқайлик.
Ибтидо 1–боб, 1–оятда шундай ёзилган: “Худо азалда осмон билан ерни яратди”.
Табиат қўйнида дам олиш ҳаммага ёқса керак, ботаётган қуёш манзарасидан ким баҳра олмайди дейсиз?! Қушларнинг сайраши, қалбга сокинлик бахш этадиган шаршаранинг товуши кимга ёқмайди дейсиз?!
Буларни кўрганда Худони улуғламасликнинг иложи йўқ, беихтиёр Худога ҳамду сано айта бошлайди одам.
Биз ҳар сафар кўзгуга қараганимизда, Худонинг мукаммал ижодини кўрамиз, Худо ҳар бир инсонни Ўзининг комил иродасига биноан яратган.
Нақадар буюк шараф, зеро Худонинг қўллари бизни яратди. Ҳеч бир инсон тасодиф эмас, биз кўзгуда кўрган ҳар бир нарсада Худонинг қўли излари бор… дарҳақиқат, биз ниҳоятда гўзал ижодмиз.
Шайтон эса бундай деб ўйламайди.
Асрлар давомида у бизни алдаб келишга уринмоқда, бизни Худо яратганини инкор қилиб, сизлар маймунлардан келиб чиққансизлар, эволюцион ривожланишнинг натижасисизлар. Ҳар бир инсон шунчаки тасодиф. Худо эса мавжуд эмас.
Эволюция инсонни у коинотда тутган юксак ўрнидан пастга туширади, инсон кўзгуда кўрган ўз акси шунчаки тасодиф, гўзал табиат ҳам тасодиф, бир портлашнинг натижаси, деб ўргатади.
Бундан ташқари эволюция Муқаддас Китобни ишончсиз манба деб билади.
Агар Ибтидо 1–боб, 1–оят ёлғон бўлса, демак Китобдаги қолган ҳамма нарса ҳам бўҳтондан бошқа нарса эмас. Шундайми? Шайтон эволюция таълимоти орқали асрлар давомида инсонни алдашга уриниб келди.
Демак, шайтон биринчидан, яратилишни инкор этади.
Иккинчидан, Муқаддас Китобни инкор этади.
Шайтон рўйхатидаги учинчи нарса бу Ибтидо 1–боб, 27–оятдаги ҳақиқат:
“Шундай қилиб, Худо Ўз суратидай қилиб яратди инсон зотини. Эркагу аёл қилиб яратди уларни.”
Шайтон бу масалада ҳам инсонни йўлдан урмоқчи, унинг миясини ачитиб юбормоқчи.
Эътибор беринг, Худо фақат икки жинсдаги одамларни яратди: эркакни ва аёлни.
Ҳомилада ХХ хромосомалари бўлса, қиз бола туғилади, ХY хромосомалари бўлса, ўғил бола туғилади. Буни ўзгартириб бўлмайди.
Шундай экан, трансгендерлик бало қаердан келди экан? Шайтон шу ёлғон орқали ҳам Худога ҳужум қилишга тиришади.
Худо ҳар бир одамни яратганда нима қилаётганини жуда яхши тушунади.
Худо ҳар бир инсон учун, унинг ҳаёти учун ажойиб режа тузди.
Шундай экан, нега баъзи одамлар жинсини ўзгартиришга тиришади.
Ахир, инсон бу масалани ҳал қилмайди.
Бироқ одамлар жинсини ўзгартириш мақсадида жарроҳлик амалиётига ҳам рози бўлмоқдалар.
Улар бошқа жинсдаги одамдай ўзларини тутадилар, шунга яраша кийинадилар.
Бироқ дунёдаги ҳеч қандай жарроҳлик амалиёти сиз туғилган ХХ ёки XY хромосомаларни ўзгартира олмайди.
Сиз қайси жинсда туғилишингизни Худо танлаган.
Жинсингизни ўзгартириб бўлмайди.
Худо хатога йўл қўймайди.
Сизнинг жинсингиз, Худо сиз учун тузган режанинг ажралмас бир қисмидир, тамом васалом. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Бироқ, шайтоннинг инсонга ҳужумлари шу билан чекланиб қолмайди. Худо эркакни оила боши, ғамхўр етакчи қилиб яратган. Бироқ шайтоннинг кўплаб уринишлари оқибатида баъзи эркаклар зўравон, бошқалари ўзларини латтадай тутадилар. Эркаклар Худо белгилаган йўлдан озганлари боис, бундай эркакларни аташ учун тилимизга янги атама кириб келди – заҳарли эркаклик.
Одамлар бундай золимона эркакликдан ҳазар қиладиган бўлишди.
Шайтон шу йўсинда эркакларга ўз ҳужумини бошлади.
Аёллар эса ўз навбатида ўтакетган фиминистлар оқимига қўшилиб кетдилар. Улар ўз иши ва карьерасини оиладан устун қўядиган бўлдилар, уларнинг шиори “эркаклар чўчқалар – улар кимга керак?”
Шайтон шу йўсинда асрлар давомида аёлларга ҳужум қилиб келмоқда.
Шайтон ҳужум қиладиган 4–нишон – оила.
Худо эркак ва аёлни бирга бўлиш учун яратди, икки кишининг уйғунлигини Худо никоҳ деб атади.
Худонинг режасига кўра эркак ва аёл оила қуришлари керак. Шайтон эса эркак ва аёл орасидаги муносабатни барбод қилиб, оилага бир жинсга мансуб икки одамни жойлаштирмоқчи бўлади.
Фейсбукдаги бир дўстим шундай бир гапни ёзди: “Исо Масиҳ гомосексуализм ҳақида ҳеч нарса айтмаган”
Матто Хушхабарининг 19–боб, 5–оятида Исо шундай деган:
“Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.”
Бу ерда эркак ва аёл орасидаги муносабат аниқ сўзлар билан ифодаланган.
Ибронийлар 13–боб, 4–оятда эса шундай дейилган:
“Никоҳни ҳаммангиз эъзозланглар. Эр–хотинлик муносабатини беғубор сақланглар. Фаҳшу зинога берилганларни Худо ҳукм қилади.”
Ушбу оятда жинсий муносабатнинг чегараси аниқ қилиб белгиланган.
Жинсий муносабат эр–хотин орасида бўлиши керак, оиладан ташқарида бундай муносабат фаҳш ва зино деб аталади. Бунинг учун жазо ҳам муқаррардир.
Шайтон эса бу борада бизни алдамоқчи бўлади, Худо никоҳ учун яратган бу инъомни шайтон кўчадаги арзон эҳтиросга алмаштиради.
Шайтон ҳужум қиладиган 5–нишон – болалар.
Ибтидо 4–боб, 1–оятда шундай ёзилган:
Одам Ато хотини Момо Ҳавога яқинлашгандан кейин, Момо Ҳаво ҳомиладор бўлди. Момо Ҳаво ўғил кўрди ва: “Худонинг қудрати билан ўғилли бўлдим”, деб исмини Қобил қўйди.
Туғилмаган чақалоқлар.
Шайтон туғилмаган болаларга қай йўл билан ҳужум қилиши ҳаммамизга аён.
Бу – аборт.
Аборт қилинган болаларни биз уларнинг асосий ҳақ–ҳуқуқидан, яъни яшаш ҳуқуқидан маҳрум қиламиз.
Дунёда бир куннинг ўзида тахминан 126 000 бола аборт йўли билан ўлдирилади.
Худо учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳар қандай нарса шайтон учун ҳам муҳимдир.
Ер юзидаги ҳаётнинг барча асосий омиллари Ибтидо китобининг дастлабки бобларида тилга олинган:
Дунёнинг яратилиши
Муқаддас Китобнинг аҳамияти
Илк одамлар – эркак ва аёл
Никоҳ
Болалар
Буларнинг ҳаммаси шайтоннинг аёвсиз ҳужуми остида қолган.
Бироқ булардан ташқари шайтон яна икки нарсани нишонга олган.
Ибтидо 12–боб, 1–3–оятларда шундай ёзилган:
Шундан кейин Эгамиз Ибромга деди: “Ўз юртингдан, қариндош–уруғларинг олдидан — отанг хонадонидан чиқиб кет. Мен сенга бир юртни кўрсатаман, ўша ерга борасан.
Буюк халқнинг отаси қиламан сени,
Барака бераман сенга,
Улуғ қиламан сенинг номингни,
Барака манбаи бўласан сен.
Мен барака берарман сени дуо қилганларга,
Сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман.
Сен орқали барака топарлар
Ер юзидаги жамики халқлар.”
Бу оятларда нималар ҳақида ёзилган?
Ибтидо китобининг 12–бобигача ер юзида ибронийлар йўқ эди. Ибтидо китобининг 12–бобида Худо Иброҳим ҳақида сўз очади.
Худо Иброҳимга шундай сўзларни айтади: “Эй Иброҳим, Мен сендан буюк бир халқ яратаман”.
Агар сиз: “Яҳудийлар кимдан келиб чиққанлар?” – деган саволга ҳеч қизиққан бўлсангиз, мана, шу оятларда саволингизга жавоб топдингиз. Яҳудийларнинг тарихи Ибтидо китобининг 12–бобидан бошланган.
Худонинг режаси бўйича яҳудийлар халқларга барака улашадиган одамлар бўлишлари керак эди. Худо Муқаддас Китобни айнан яҳудийларга нозил қилган.
Барча пайғамбарлар яҳудийлардан чиққан.
Нажоткор Масиҳ ҳам яҳудийлардан эди.
Умид яҳудийлардан келди.
Шу сабабдан бўлса керакки, асрлар давомида яҳудийлар аёвсиз таъқиб қилинган.
Худо яҳудийларни Ўз халқи қилиб танлаб олгани учун ҳам шайтон уларни нишонга олди. Инсоният тарихида яҳудийлар энг кўп қувғинларга учраган халқдир.
Мен яҳудийларнинг қувғинлари ҳақида билмоқчи бўлиб Google га саволимни киритганимда бир зумда 200 дан ошиқ қувғин ҳодисалари келиб чиқди. Бу қувғинларнинг айримлари милоддан олдинги 250 йилда бошланган.
Булар орасида қуйидагилар бор эди:
Яҳудийларни тириклайин ёндиришди,
Холокост (2–жаҳон уруши даврида фашистлар миллионлаб яҳудийларни концларгерларда газ камераларида заҳарлаб ўлдириб, жасадларини ўчоқларда куйдиришган.)
Синагогаларни куйдириб кул қилишди,
Яҳудий халқини қувғин ва таъқиб қилишди,
Куч билан бошқа динга киритишди,
Қул қилиб сотишди,
Мол–мулкини мусодара қилишди,
Китобларини ёндиришди,
Хунрезлик қилишди,
Турли жиноятларда айблаб, ўлимга маҳкум қилишди,
Тошбўрон қилишди ва ҳоказо…
Бугунги кунгача Яқин Шарқ мамлакатларида уруш тўхтамаяпти.
Худо Исроил халқини яхши кўргани учун шайтон ғазабга миниб уларга ҳужум қилишдан тўхтамаяпти.
У яҳудийларни тинч қўймаяпти.
Мана, энди шайтоннинг рўйхатидаги энг муҳим нишонга етиб келдик.
7–нишон ҳақида Матто Хушхабарининг 16–боб, 8–оятида ёзилган:
“Мен Ўзимнинг жамоатимни қураман”
Эски Аҳд даврида Худо Исроил халқи орқали бошқа халқларни қутқармоқчи эди.
Яҳудийлар Исони рад этганлари учун, Матто 16:18да ёзилгандай, Худо халқларни энди халқаро ташкилот бўлмиш жамоат орқали қутқармоқчи.
Эски Аҳд ва Янги Аҳд орасидаги фарқ ана шундадир.
Эски Аҳд даврида Худо танланган бир давлат орқали иш юритарди.
Янги Аҳд даврида эса Худо жамоат орқали ишламоқда.
Эски Аҳд даврида шайтон Исроил халқини таъқиб қилгани каби, эндиликда у жамоатни таъқиб қилишга тушди.
Шайтон жамоатни қай усуллар билан таъқиб қилмоқда?
Келинглар, эътиборимизни Коринфдаги жамоатга қаратайлик.
Коринфдаги жамоатда муаммолар жуда кўп эди, чунки шайтон жамоатни ичидан емиришга ҳаракат қиларди.
Галатия жамоатида эса сеҳр–жоду ўрин олганди. Шу боис Павлус уларга: “Ким сизларни сеҳрлаб қўйди?” деб ёзади.
Ваҳий китобида тилга олинган 7та жамоатдан 5таси Худо олдида тавба қилиши ва Худога қайтиши керак эди.
Ўтган 2000 йил давомида, ҳозирги кунгача жамоат тарихида кўплаб нохуш ҳодисалар рўй берган эди.
Биз бир нарсага амин бўлишимиз керак:
Имонда қанча кўп бўлган бўлсангиз, шайтон жамоатни таъқиб қилган воқеаларга шунча кўп гувоҳ бўласиз.
Жамоат қувғинларининг мисоллари керагидан ортиқ.
Худога сидқидилдан бағишланиб яшаётган ҳар бир одамни шайтон жуда яхши билади, улар ҳақида маълумот унда етарли.
Худо сизнинг жамоатингизни ҳам таъқиб қилишни режалаштириб қўйган, бунга ишончингиз комил бўлсин.
Шайтон Исони мағлуб қилишга ҳаракат қилди, аммо муваффақиятга эришмади. Ўзи мағлуб бўлди.
Бироқ қолган кўп ҳужумларида муваффақиятга эришди:
У муваффақиятли тарзда “Муқаддас Китоб сохталаштирилган”, деб одамларни алдади:
Эркак ва аёлнинг онгини заҳарлади,
Кўп оилаларни бузди,
Миллионлаб туғилмаган чақалоқларни ўлдирди,
Исроил халқини аёвсиз таъқиб қилди,
Жамоатни муттасил қувғин қилиб келмоқда.
Кўрдингизми, шайтон вайрон қилиш, ўлдириш ва таъқиб қилиш устасидир.
Агар сиз бинони йиқитмоқчи бўлсангиз, кўп портлатгич керак эмас.
Бинони ушлаб турган асосий устунларни портлатсангиз бўлди, бино қулаб тушади.
Мана, шайтон нишонга олган нарсаларга эътибор қаратайлик.
Йўқ, шайтон Исони мағлуб қила олмади.
Шу боис жамият учун устун бўлиб хизмат қилиб келаётган бошқа жиҳатларини барбод қилишга киришган.
Ушбу устунлар жамиятдаги тартибни, барқарорликни ва гўзалликни сақлаб туради.
Бу устунларнинг ҳаммаси шайтон рўйхатига киритилган:
Табиат,
Муқаддас Китоб,
Эркак ва аёл
Оила,
Болалар,
Исроил халқи
Жамоат.
Жамиятнинг бу барча устунлари борлиқдаги тартибни сақлаб туриб, баракат бўлиб хизмат қилади.
Шайтон эса буларнинг ҳаммасини барбод қилиб, дунёга тартибсизлик киритмоқчи.
Охирги бир неча йил давомида шайтоннинг бу устунларга қилган ҳужумлари тобора кучайиб бормоқда.
Демак, бундай вазиятда масиҳийлар ўзларини қандай тутишлари керак?
Бизда иккита йўл бор.
1–йўл: Биз Аюб пайғамбарнинг хотини айтган гапларга риоя қилишимиз мумкин.
Барча мол–мулкидан ва ҳамма болаларидан айрилган аёл, эрининг бошдан–оёқ чиққан жирканч яраларини кўриб, жаҳл устида Аюбга шундай деганди:
Хотини унга:
— Ҳамон солиҳлигингизда маҳкам тураверасизми?! Худони лаънатланг–да, ўлиб қўя қолинг, — деди. (Аюб китоби 2–боб, 9–оят).
Бошқача қилиб айтганда, Худога эргашиш шунчалик қийин бўлса, Худога умуман эргашмай қўяверинг. Вақтингизни зое кетказиб нима қиласиз?! Ишончим комилки, охирзамон вақти яқинлашар экан, жамоатни янада кўпроқ қувғин қилишади, шунда кўп имонлилар Худодан юз ўгириб кетади.
Бу 1–йўл эди.
Шахсан ўзимга 2–йўл ёқади
Эстер китоби 4–боб, 16–оятда шундай ёзилган:
Эстер амакиси Мардохайга шундай хабар жўнатди:
“Боринг, Шушандаги ҳамма яҳудийларни тўплаб, мен учун рўза тутинглар. Уч кечаю уч кундуз ҳеч нарса еманглар ҳам, ичманглар ҳам. Мен ҳам канизакларим билан рўза тутаман, сўнгра қонунга хилоф бўлса ҳам, шоҳ ҳузурига бораман. Майли, ўлсам, ўлай.”
Эстер нима айтмоқчи?
Худо малика Эстер зиммасига қийин вазифани юклаганини Эстер билади. У яшаган вақт ниҳоятда мураккаб эканини тушунади.
Худо уни шу вазиятга қўйган экан, унга қийин вазифани топширган экан, Эстер охиригача Худога эргашишга тайёр, Худонинг йўлида ўз жонини фидо қилишга ҳам тайёр.
Биз–чи?
Агар келажакда имонлилар Муқаддас Китоб ақидаларидан узоқлашадиган бўлишса, жамоат қувғинларга учраса, дунё Худодан юз ўгирса, Худо билан чуқур муносабатга эга бўлмаган имонлилар дарров Худога орқа ўгирадилар.
Бироқ –
Ҳақиқий имонлилар жамоатни тайёргарлик мактаби деб биладилар,
Улар шогирдларни ўстирадилар.
Улар имонда ўсиб, руҳий мушакларини машқ қилдирадилар.
Бу каби жамоат Худо ҳақидаги ҳақиқатни эълон қилиб, Хушхабар айтишга ўзини бағишлайди.
Агар жамоатлар ҳақиқатдан ҳам бағишланган масиҳийларни тарбияласа, улар Худо учун жонини фидо қилишга ҳам тайёр бўладилар, Худо зиммасига юклаган вазифани севги билан, сидқидилдан бажарадилар.
Шунда биз иноятнинг мислсиз қудратини ўз кўзимиз билан кўрамиз.
Шунда ибодатларимиз ижобат бўлади,
Биз одамларни гуноҳ чангалидан қутқариб оламиз,
Уларни Масиҳнинг ҳузурига олиб кирамиз.
Шунда Худо биз орқали улуғланади.
Бугун Худо шайтонга “бизни синашга ижозат берган”
Шайтон бизни синамоқда, турли кулфатларга гирифтор қилмоқда. Бироқ шу орқали бизнинг асл кимлигимиз ошкор бўлади, ҳақиқий юзимиз кўринади.
Демак, қаршимизда икки йўл бор
Бири – Худони лаънатлаб ўлиш.
Иккинчиси – Худони севиб, унга тўлиқ бағишланиш.
Сиз–чи? Қайси йўлни танлайсиз?