Исо Масиҳ ҳақида тушунча
Яқинда мен интернетда машҳур санъат музеи залининг бир расмини кўрдим.
Залнинг деворларига чиройли санъат асарлари осилган эди. Расмлардаги манзаралар ҳақиқийга ўхшарди. Уларнинг гўзаллиги одамни ўзига мафтун этарди. Бу расмлар дунёнинг энг таниқли рассомлар томонидан чизилган бўлиб, жаҳон классик хазинаси ҳисобланади.
Дарҳақиқат, кўплаб одамлар ўша санъат асарларидан баҳраманд бўлиш мақсадида узоқ йўл босиб, музейга ташриф буюрадилар.
Ўша музей ҳақидаги интернет мақоласида нафақат музейдаги расмларни, балки расмлар олдида ўтирган чамаси 30 тача одамни ҳам кўришингиз мумкин эди.
Дунёнинг энг машҳур санъат асарларини бевосита томоша қилиш қандай бахт–а!
Расмлар олдида ўтирган ўша 30 та одам нима қилаётган эди? Улар юксак санъат асарларини томоша қилган, деб ўйлайсизларми? Асло, улар телефонда СМС ёзиш билан овора эдилар!
Ўша ўттизта одамнинг ҳар бири СМС ёзаётган эди. Ҳа, уларнинг ҳар бири телефонларига тикилиб ўтирган эдилар. Борди–ю, ўша пайтда мамлакат президенти хонага кириб қолганда эди, уларнинг биронтаси ҳам бунга аҳамият бермаган бўларди.
Бунга ҳеч шубҳам йўқ.
СМС ёзиш гуноҳ, деб айта оламизми?
Асло.
Балки ўша одамларнинг баъзилари ота–онаси билан ёки болаларига қараб ўтирган энагачиси билан СМС ёзишаётган бўлишлари мумкин ёхуд муҳим режалар тузаётган бўлишлари мумкин.
Бироқ уларнинг ҳаммаси ўша куни ўзларини юксак гўзалликдан маҳрум қилаётган эдилар.
Мен интернетда кўрган бу расм ҳозирги масиҳийликнинг асл сурати, деб қўрқаман.
Муқаддас Китобда Нажоткоримиз Исо Масиҳнинг гўзал, ҳайратга соладиган, руҳлантирадиган тасвири берилган. Биз У ҳақида фикр қилганимизда қалбимиз қувончга тўлади, оғзимиздан ҳамду санолар ва мадҳлар ёғилади, шунда биз чин қалбдан тавба–тазарру қиламиз, итоаткор ва сахий бўлишга интиламиз, одамларга Хушхабар улашамиз.
Бироқ биз жуда бандмиз, қачон қараманг, ташвишланиб юрамиз, кундалик юмушлар билан оворамиз, ҳаттоки, хизматчилар ҳам масиҳий хизматларидан ҳеч бўшамайдилар, Масиҳ эса четда қолиб кетаверади.
Келинг, ҳақиқатга тик боқайлик.
Баъзан Исо Масиҳ шусиз ҳам тўла кун тартибимизга сиғмай қолади, муҳим ишларимиз ва учрашувларимизга гўёки халақит қилгандай бўлади.
Бутун коинотни яратган, еру осмонга шакл берган Парвардигор, гуноҳларимиз учун Ўз Ўғлини қурбон қилган Қодир Худо ҳар куни биз билан гаплашмоқчи, У Муқаддас Китоб саҳифаларидан бизга мурожаат этмоқчи.
Биз жуда банд одамлар эканимизни наҳотки У тушунмаса? Унга қулоқ солиб ўтиришимиздан бошқа ишимиз бошимиздан ошиб ётганини наҳотки У билмаса? У ўзи нима ҳақида ўйлаяпти?
БИЗ эса Худога шундай муносабатда бўлиб туриб, нима деб ўйлаймиз?
Мен бу ерда исмлар келтирмайман, бироқ шахсан ўзим шундай чўпонларни биламанки, улар ҳеч кимдан яширмай, шундай деб айтишади: “Хизматларим шу қадар кўпки, ҳатто Муқаддас Китобни ўқишга вақтим қолмайди”.
Улар каби фикр қиладиган масиҳийлар орамизда кўп топилади.
Орамизда бу каби лаёқатсизликлар содир бўлар экан, бугунги кунда масиҳийликнинг ожизлигига ҳеч ҳайрон қолмасак ҳам бўлади.
Келинг, ҳозироқ ҳаётимизнинг энг муҳим ишини қилайлик:
Исо Масиҳни улуғлайлик.
Исо Масиҳга ҳамду санолар айтайлик.
Мен ҳам сиз каби СМСлар ёзишни яхши кўраман, лекин келинг, биз телефонларимизни бир муддатга ўчириб, бутун диққат–эътиборимизни Худога қаратайлик.
Худо бизга ажойиб нарсаларни кўрсатмоқчи.
Ҳозирги вақтимизни мазмунли ўтказишимиз учун ва қалбларимизни тайёрлашимиз учун ибодат қилайлик.
Осмондаги Отамиз,
Сенга шукурлар айтамиз, Сен бизни Ўз санъат галереянгга таклиф қилганинг учун ва бизга Ўз Ўғлингнинг суратларини кўрсатмоқчи бўлганинг учун раҳмат!
Ўтинамиз, руҳий кўзларимизни очгин, токи Нажоткоримизнинг буюк севгисини тушуна олайлик, Уни қадрлай олайлик.
Биз Сенга муҳтожмиз, мададингга ташнамиз. Илтижо қиламиз, бизни Масиҳга ўхшатиб ўзгартиргин, онгларимизни очгин, бу жараённи тушунайлик…
Исо Масиҳ номи билан ибодат қиламиз.
Омин.
Ҳаворий Юҳанно баён этган Хушхабарнинг дастлабки бешта оятни кўриб чиқайлик. Бу оятларда Худонинг улуғворлиги тасвирланган.
Хушхабар китоблари Исо Масиҳнинг насл–насаби билан бошланган. Нега насл–насабга шу қадар кўп эътибор берилган?
Келинг, бунга ўзгача ёндашайлик: Агар сиз бугунги кунда кутубхонага борсангиз, у ерда кўплаб буюк одамларнинг таржимаи ҳолларини топасиз. Баъзи таржимаи ҳолларда ўша одам чиқарган муҳим қарорларга урғу берилган. Бошқаларида унинг феъл–атвори ёритилган. Демак, маълум қаҳрамоннинг айрим томонлари ҳақида ёзилган.
Муқаддас Китоб таркибидаги тўртта Хушхабарда ҳам Исо Масиҳ фаолиятининг ўзига ҳос томонлари ёритилган.
Мисол учун, Матто баён этган Хушхабар яҳудий китобхонларга қарата ёзилган бўлиб, у ерда Исо – Эски Аҳд даврида халққа Худо томонидан ваъда қилинган Масиҳ, деб тасвирланади. Мазкур китоб саҳифаларида яҳудийча урф–одатларга ва Эски Аҳд битикларига кўп урғу берилган.
Марк баён этган Хушхабарда Исо Масиҳ Отамиз Худонинг хизматкори сифатида тилга олинган, муаллиф Исони мукаммал хизматчи, деб тасвирлайди.
Хизматкор учун насл–насабнинг аҳамияти катта эмас, шу сабабдан Марк китобида Исонинг насаби берилмаган. Хизматкорлар ваъз айтишмайди, шу сабабдан Марк Исонинг сўзларини кўп иқтибос қилмаган. Хизматкорлар қилган иши билан танилгани боис, Марк бутун эътиборини Исонинг қилган ишларига қаратган.
Балки сиз Исо Масиҳ ҳақидаги тарихий далилларга қизиқарсиз? У ҳолда ҳаворий Луқо баён этган Хушхабар сизга мунтазир. Мазкур китобда Исонинг ҳаёти ҳақида батафсил маълумот берилган.
Юҳанно баён этган Хушхабарнинг марказий мавзуси – Исо Худонинг Ўғли. Китобнинг бошидан охиригача муаллиф Исонинг илоҳий табиати ҳақида сўз юритади.
Юҳанно 1:1–5–оятларга эътиборимизни қаратайлик. Мазкур оятларда Юҳанно Исони уч хил кўринишда тасвирлаб, бизга таништиради.
Азалда Калом бор эди.
Калом Худо билан бирга эди,
Калом Худо эди.
2 Азалда У Худо билан бирга эди.
3 Бутун борлиқ Калом орқали яратилган,
Усиз яратилган бирон нарса мавжуд эмас.
4 Калом ҳаёт манбаи эди,
Бу ҳаёт инсонларнинг Нури эди.
5 Нур зулматда порлайди,
Ахир, зулмат Нурни енголмади.
Бу бешта оятда Исо Масиҳ тасвирланган.
1–расм – Исонинг Отамиз Худо билан бўлган яқин муносабати.
2–расм – Исонинг коинотда ва тарихда тутган ўрни.
3–расм – Исонинг инсониятга нисбатан муносабати.
Келинглар, биринчи расм билан яқиндан танишиб олайлик, 1–расмнинг мавзуси: Исонинг Отамиз Худо билан бўлган яқин муносабати.
Биринчи кўзимизга таншланган сўз бу – “К а л о м”.
Бу сўз парчада қайта–қайта такрорланган.
Бу сўзнинг маъноси нима?
Биринчи асрда яшаган одамлар Юҳанно тилга олган бу сўзнинг маъносини тўлиқ тушунишарди. “Калом” Юнон тилидаги “logos” сўзидан олинган. Ўша даврда одамларнинг эътиқодига кўра коинотни қудратли бир куч бошқарарди. Ўша қудратли куч ҳаёт манбаи бўлиб, илоҳий табиатга эга эди.
Юнон тилидаги “logos” сўзи ўзбек тилига “К а л о м” деб таржима қилинди.
Демак, Юҳанно коинотни бошқариб турган қудрат ҳақида сўз юритиб, 1–боб 14–оятда ўша қудрат инсон бўлиб келгани ҳақида ёзади.
14 Калом инсон бўлди,
Орамизда яшади.
У иноят ва ҳақиқатга тўлганди.
Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик.
Бу улуғворлик Отадан келган ягона Ўғилга мансуб эди.
Ўша қудратнинг номи бор, бу ном Исодир. Исо Худонинг “Калом”и, У коинотни бошқариб туради.
Юҳанно 1:1 қуйидаги сўз билан бошланган:
Азалда…
“Азалда” деганда биз нимани тушунамиз?
Бу ерда Ибтидо 1:1 назарда тутилгани ҳаммамизга аён.
Абадиятнинг боши ҳам, охири ҳам йўқ.
Ибтидо 1:1 ва Юҳанно 1:1 бир хил сўз билан бошланган бўлиб, яратилишнинг илк даврини билдиради.
Ибтидо китоби ва Юҳанно баён этган Хушхабар бир хил сўз билан бошланган, аммо оятларнинг давоми бир–биридан буткул фарқ қилади.
Ибтидо китобида етти кун ичида Худо нималарни яратгани ҳақида ёзилган.
Юҳанно китобида эса, аксинча, яратилишдан олдин нималар мавжуд бўлгани ҳақида ёзилган, яъни Худо дунёни яратишдан олдин Калом бор бўлгани ва ўша Каломнинг коинотда тутган ўрни ҳақида баён қилинган.
Борлиқ ва вақт бошланмасдан олдин Исо Масиҳ бор эди. Ҳа, У бор эди.
Азалдан У мавжуд эди. Ҳа, У мавжуд эди.
Исо Масиҳ доим бор эди.
Исо доим мавжуд бўлганини янада чуқурроқ тушуна олишимиз учун, келинглар, бир машқ қилиб кўрамиз: биз бор нарсаларни бирма–бир ўчирамиз.
Ўчириш тугмачасини босиб, ўзингизни, оилангизни, мамлакатингизни, атрофингиздаги дунёни ўчиринг.
Ўчириш тугмачасини босиб, инсоният тарихининг минглаб йилларини ўчиринг.
Ўчириш тугмачасини босиб, яратилишнинг етти кунини ўчиринг:
6–кунни ўчиринг – инсоният йўқ бўлади.
5–кунни ўчиринг – тирик жонзод ғойиб бўлади.
4–кунни ўчиринг – қуёш ва ой, барча осмон жисмлари кўздан йўқолади.
3–кунни ўчиринг – қуруқ ер, ўт–ўланлар, ҳосил берувчи дарахтлар йўқ бўлади.
2–кунни ўчиринг – осмон гумбази ғойиб бўлади.
1–кунни ўчиринг – нур йўқолиб, ҳамма ёқ зулматга ғарқ бўлади, вақт тўхтаб қолади.
Шунда нима ёки ким қолади?
Шунда Ота Худо, Ўғил ва Муқаддас Руҳ қолади.
Ибтидо 1:1–оятда юз берган воқеадан олдин илоҳий Уч Бирлик мавжуд эди.
Дарҳақиқат, Ибтидо 1:1 дан олдин фақат Худо бор эди.
Ҳеч қандай моддият йўқ эди.
Агар сиз Муқаддас Китобдаги Ибтидо 1:1 дан олдинги бетга назар солсангиз, ўша бет бўм–бўш эканини кўрасиз.
Аслида эса у бўм–бўш эмас. Яратилишдан олдин Худо бор эди.
Ҳа, Худо ўша ерда эди – У барҳаёт ва фаол эди.
Азалда, Ибтидо 1:1 дан олдин, фақат Худо мавжуд эди.
Бу ҳақиқат мағрур қалбларимизни камтарликка тўлдиради ва шундай бўлиши ҳам керак.
Ачинарлиси шуки, биз баъзан кундалик ташвишларимиз билан шу қадар банд бўламизки, Худонинг ҳатто борлигини ҳам унутиб қўямиз.
Оғир вазиятга тушганимизда, кимдир биздан: “Ибодат қилдингми?” деб сўраса, “Вой, ибодат қилиш хаёлимга ҳам келмабди”, деб жавоб берамиз.
Биз ўз эътиборимизни Худога эмас, инсонга, вазиятга ёки бирон нарсага қаратамиз, ўша нарса эса биздан Худони тўсиб қўяди.
Биз муаммога шу қадар берилиб кетамизки, ҳаётимизни Худо назорат қилаётганини эсдан чиқариб қўямиз, Исо Масиҳ кеча ҳам, бугун ҳам, то абад ўзгармас эканини унутамиз.
Биз кўзгуга қараб, ёшимиз ўтганини кўрамиз, Худо эса асло қаримайди, сиз ҳомила бўлган пайтингизда Худо қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам У шундайдир. Яратилиш давридан бери, Исо заррача ҳам ўзгармаган. У ҳеч қачон ўзгармайди ҳам.
Баъзан биз ўзимизга қарашимиз ва ташқи кўринишимизни яхшилашимиз керак бўлади. Бир куни синглим хонамга кириб, шкафни очди–да, айрим кийимларимни ерга улоқтириб: “Манави эски туски нарсаларингизни йўқотинг, уларни кўчага кия кўрманг!” деб мени уришди.
Худо эса ундай эмас, У кийимларини янгилаб ўтирмайди.
Ўзига зеб ёки оро бермайди.
Унга бу керак ҳам эмас.
Биз мактабдан, спортзалдан ёки ишхонадан толиқиб, чарчаб, тилимизни осилтириб келамиз. Худога назар солганимизда эса, У ҳар домгидай фаол, У асло чарчамайди, куч–қувватдан қолмайди.
Биз ҳаётимизни тартибга солганимизда, биринчи бўлиб ўз дунёқарашимизни тартибга солишимиз керак. Шунда доим бор бўлган Худони кўра оладиган бўламиз.
Азалда Калом бор эди.
1–оятнинг давомида шундай деб ёзилган:
Калом Худо билан бирга эди.
Азалда – дунё яратилишидан олдин Исо, яъни илоҳий Калом Ота Худо билан бирга эди.
Ўша сўзларни яна бир бор, диққат билан ўқиб чиқинг.
XXI–аср учун бу сўзларнинг аҳамиятни ниҳоятда юксак.
Муқаддас Китоб Худоси Учбирликни ташкил қилади, яъни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳдан ташкил топган.
Бу ҳақда мулоҳаза қилиб кўринг.
Худо Одам Атони яратиб, унга меҳр кўрсатганда, севги кўрсатиш Худо учун янгилик эмасди. Чунки Худо Ўз Ўғлига ва Муқаддас Руҳга абадият давомида меҳр ва севги кўрсатиб келган.
Демак, Одам Атога меҳр кўрсатиш Худо учун оддий ҳолат эди.
Севгига асосланган яқин муносабат Муқаддас Китоб Худосининг муҳим хислатларидан биридир.
Биз Учбирлик ҳақида кўп нарсани тушунмаслигимиз мумкин. Бироқ юқоридаги мисоллар орқали Учбирлик бизга эътиборимиздан четда қолган кўп нарсани ўргатади.
Худо Ўз севгисини намоён қилиши учун ёки муносабат ўрнатиши учун одамзотни яратиши шарт эмасди.
Севги ва самимий муносабат Худонинг ички хислати бўлиб, Унга жозиба ва мафтункорлик бахш этади.
Ёлғизликни афзал кўрадиган, ўзини бошқалардан олиб қочадиган масиҳий киши Худонинг Учбирлик табиатини асло тушунмаслигини намоён қилади. Дарвоқе, севгисиз масиҳийча ҳаёт асло маъносиздир, чунки Учбирлик абадий севгининг намоёндасидир. Муносабатсиз масиҳийча ҳаёт асло маъносиздир, чунки муносабат Учбирликнинг негизидир.
Бизнинг Худойимиз мафтункор, меҳмондўст, Ўзига жалб қиладиган Худодир.
У ёлғизликни хуш кўрмайди, Ўзини четга тортмайди.
1– оятнинг давомида шундай ёзилган:
Калом Худо эди.
Эсингизда бўлса “Калом” сўзи Юнон тилидаги “logos” сўзининг таржимасидир.
Эски Аҳд даврида одамларнинг эътиқоди бўйча, коинотни илоҳий қудрат бошқарарди. Юҳаннонинг айтишича, бу “Логос”, яъни “Калом” Худонинг бир хислати эмас, Худодан чиққан қудрат ҳам эмас, балки Отанинг ҳузурида бўлган Зотдир.
Айрим диний оқимлар: “Исо Ўз итоаткорлиги ва эришган ютуқлари эвазига юксак мартабага эришди”, деб ўргатса, бошқалари:“Исо шунчаки яхши одам бўлган”, деган ғояни олға сурадилар. Унитарийларнинг (масиҳийликнинг бир оқими бўлиб, Худонинг Учбирлигини ва Исонинг илоҳий табиатини мутлақо рад этадиган оқим) таъкидлашича Исо асло Худо бўлмаган экан. Бироқ Юҳаннонинг айтган гапларидан кўришимиз мумкинки, Исо азалдан мавжуд бўлган Калом эди. У дунё яратилишидан олдин ҳам бор бўлган.
Юҳаннонинг гапига кўра, коинотни бошқариб турган куч аслида Шахсиятдир.
Калом бу — Исо.
Исо эса — Худо.
Бу дегани, биз Исога сажда қилишимиз, умидимизни Унга боғлашимиз керак.
2Коринфликлар 11:4–оятнинг биринчи қисмида шундай ёзилган:
Ахир, биров келиб, биз ваъз қилган Исодан бошқа бир Исо ҳақида ваъз қилса…
Наҳотки, биз билган Исодан бошқа Исо ҳам бўлса?
Бу гапни айтиш мен учун осон эмас, бироқ баъзи одамлар: “Мен Исога ишонаман”, деб айтадилар–у, аммо биз ўйлаган имонли эмаслар. Мен яхши бир жамоатдан чиққан, Инжил мактабида ўқиган, жамоат оқсоқоллари орасидан ўрин олган нуфузли бир хизматчи билан танишган эдим, аммо унинг гапларидан ҳали ҳам ўзимга кела олмаяпман. У менга: “Исонинг Худо эканлигига шубҳам бор”, деган эди.
Агар Исо Худо бўлмаса, қандай қилиб У бизга нажот бера олади?
Бундай “Исонинг” инсониятга нима фойдаси бор?
Шаҳарнинг нуфузли етакчилари учун ўтказилган нонушта давомида бир таниқли либерал етакчи ибодат қилиб, Исонинг номини тилга олган эди. Бундан лол қолган бир қатнашувчи ўша одамнинг олдига бориб: “Наҳотки сиз ҳам Исога ишонсангиз?” деб сўради. Таниқли етакчи шундай жавоб берди: “Адашманг, мен ишонган Исо, сиз ишонган Исодан буткул фарқ қилади.”
Одамлар: “Мен Исога ишонаман,” деганларида улар Юҳанно тасвирлаган Исога ишонишадими ёки йўқми аниқлаш керак.
Юҳанно баён этган Хушхабарда тасвирланган Исо, авваламбор, илоҳий Зотдир. У азалдан, дунё яратилишдан олдин Ота Худо ҳузурида бўлган.
Биз Юҳанно тасвирлаган биринчи расмни, яъни Исонинг Отамиз Худо билан бўлган яқин муносабатини кўриб чиқдик.
———————————————————————————————-
Исонинг коинотда тутган ўрни ҳақида ним айта оламиз?
Худо дунёни яратишни бошлаганда Ибтидо 1:1 да Исо нима қилаётган эди?
Исо дам олмаган эди.
Юҳанно 1:3–оятда шундай ёзилган:
Бутун борлиқ Калом орқали яратилган,
Усиз яратилган бирон нарса мавжуд эмас.
Афсуски, бу ҳақиқатни бизга мактабда ўргатишмайди.
Бор мавжудотни она табиат яратган эмас. Эволюция деган нарса ҳам йўқ. Ҳар бир нарсанинг яратилиши Исога бориб тақалади.
Колосаликлар 1:17 да шундай ёзилган:
Масиҳ бутун борлиқдан олдин мавжуд эди,
Бутун борлиқ У туфайли мустаҳкам турибди.
Оятга кўра, ҳозир ҳам, айни дамда ҳамма нарса Исо туфайли мустаҳкам турибди.
Олимлар атомни парчалаб ташлашлари мумкин, аммо атомларни нима бирлаштиришини улар ҳеч тушунмайдилар. Жавоб шуки, атомларни Исо бирлаштириб туради.
Биз Исо яратган ва назорат қилиб турган дунёда яшаб юрибмиз.
Забур 18:1 да ёзилишича,
Худонинг шуҳратини самолар намоён қилади,
Унинг ижодини фалак тоқи айтиб туради.
Тарих давомида шундай одамлар борки, улар: “Моддият ҳаром, кўринмас борлиқ ҳалол”, деб айтишади.
Забурдаги бу оят эса ўша гапнинг аксини кўрсатиб турибди.
Ибтидо китобида ёзилишича: яратилган борлиқ гуноҳ туфайли бузилган.
Сабр қилинг. Ваҳий китоби даврида Исо дунёни Ўз тасарруфига олади.
Исонинг иккинчи тасвиридан биз нимани ўрганамиз? Исо коинотда қандай ўрин тутади?
Жавоб жуда оддий – Исо коинотни мустаҳкам ушлаб турибди, У туфайлигина коинот мавжуд.
Юҳанно Хушхабарининг 1–боб 4–оятида Исонинг инсониятга бўлган муносабати тасвирланади:
Калом ҳаёт манбаи эди.
Исога ҳеч ким ҳаёт бермаган, Унинг Ўзи ҳаёт манбаи эди.
Бу ҳолда биз Юҳанно 3:16 нинг моҳиятини тушуниб олишимиз керак. Юҳанно 3:16 да Исо “Худонинг ягона Ўғли” деб тасвирланган. Ота фарзандни дунёга келтиргандай, наҳотки Худо ҳам Исони дунёга келтирган бўлса?
Асло.
“Ўзининг ягона” сўз бирикмаси юнон асл нусхасидаги “моногенес” сўзининг таржимасидир.
Моно – “бир/ягона” деган маънони билдиради
Генес – “тур/зот” маъносини беради,
Демак “моногенес” сўзининг маъноси “бир турдаги зот” ёки “ўзига ўхшаш зот”.
Зеро, Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди. Токи Унга ишонганлардан биронтаси…
Келинглар, Юҳанно 1:4 ни яна бир бор кўриб чиқайлик:
Бу оятда моддий дунё ҳақида сўз юритилган. Шу билан бирга руҳий дунё ҳам назарда тутилган. Борлиқ мавжудот Исо Масиҳнинг шарофати билан яралган. Юқоридан туғилган ҳар бир инсон Масиҳ берган ҳаёт туфайли тирикдир.
Келинг, “ҳаёт” сўзи ҳақида бироз мулоҳаза қилайлик.
Агар сиз мендан: “Ота–онангизга муносабатингиз қандай?” деб сўрасангиз. Мен жавоб тариқасида сизга туғилганим тўғрисидаги гувоҳномамни кўрсатсам.
Кейин сиз менга: “Ота–онангиз сизга қандай тарбия берган?” деган савол берсангиз. Мен эса сизга яна гувоҳномамни кўрсатсам.
Сиз мен ҳақимда нима деб уйлайсиз? Мени асло доно, деб атамайсиз. Сиз ҳатто:
— Бу нодон одам ота–онаси билан бўлган муносабатини бир парча қоғозга тенглаштиради”, — деб устимдан кулишингиз ҳам мумкин. — Наҳотки у ота–онаси билан ҳеч суҳбат қурмаган бўлса, улардан доно насиҳатлар эшитмаган бўлса, далда олмаган бўлса, тарбия кўрмаган бўлса, биргаликда мириқиб кулмаган бўлса, бирга меҳнат қилмаган бўлса. Ота–она ва фарзанд орасидаги муносабатни бир парча қоғозга алмаштириш мумкинми? — деб ҳайронлар қоларсиз.
Балки сиз мендан Масиҳ билан бўлган муносабатим ҳақида сўрарсиз. Мен эса сизга Масиҳни Нажоткорим сифатида қайси куни қабул қилганимни айтаман.
Кейин сиз менга: “Масиҳ ҳаётингда нималар қилди?” деб сўрайсиз. Мен эса яна сизга қачон имонга келганимни айтаман.
Бундай жавобни ҳам доно жавоб, деб бўлмайди.
Мен Худо билан бўлган муносабатимни шунчаки ўтмишдаги бир ибодатимга боғласам, нодон бўлмайманми?! Қандай ачинарли ҳолат!
Худо менга ҲАЁТ тақдим этмоқда:
Бахтли ҲАЁТ
Кечиримга бой ҲАЁТ
Осуда ҲАЁТ
Самарали ҲАЁТ
Қизиқарли ҲАЁТ
Кутилмаган совғаларга бой ҲАЁТ
Яқин муносабатга асосланган ҲАЁТ.
Агар: “Исо биздан фақат имон ибодатини талаб қилади, У бизга нажот бериш билан кифояланиб қолади”, деб ўйласак катта хато қилган бўламиз.
Тўғри, Исони имон билан юрагимизга қабул қилишимиз ниҳоятда муҳим қадам, буни ҳеч ким инкор қилмайди. Бироқ биз шу билан кифояланиб қолишимиз керак эмас. Бу ибодат Худо билан қиладиган бир умрлик сафаримизнинг илк қадамидир.
Колосаликлар 1:28 ни диққат билан ўқиб чиқайлик. Мазкур оятда ҳаворий Павлус ўз хизматидаги мақсадини баён қилади.
Ҳар бирингиз Масиҳ танасининг етук аъзоси сифатида Худонинг олдида туришингизни истаймиз. Шунинг учун биз ҳаммани огоҳлантириб, донолик билан таълим бериб, Масиҳ ҳақида ўргатяпмиз.
Ачинарлиси шуки, кўп масиҳийлар бу оятни қуйидагича тушунишади:
“Ҳар бирингиз Масиҳ танасининг нажот топган аъзоси сифатида…”
“Етук” ва “нажот топган” тушунчаларнинг орасида катта фарқ бор.
Нажот топган деганда Исо Масиҳга имон келтирган, Унга умид боғлаган инсон тушунилади. Тамом вассалом.
Етук деганда эса Исо Масиҳга ишонган, ҳаёти давомида У билан биргаликда йўл босиб ўтган, Унинг ёрдамида етукликка эришган, Унга ўхшаб ўзгарган ва умрининг охиригача Унга содиқ қолган одам тушунилади.
Албатта, одамлар имонга келишларини Павлус жуда хоҳлар эди, бироқ у шуниси билан кифояланиб қолмасди.
Павлус оқланиш ҳақида ваъз қиларди – биз гуноҳларимиздан тавба қилганимизда ва Исони Нажоткоримиз сифатида қабул қилганимизда Худо бизни оқлайди ва солиҳ деб эълон қилади.
Бироқ Павлус муқаддаслик мавзусида ҳам кўп ёзади – муқаддаслик Исо Масиҳда етук инсон бўлиш билан бевосита боғлиқдир.
Биз Исо Масиҳга ўхшаб бораверамиз, етук, мукаммал инсонга айланиб, Масиҳнинг шахсиятини ўзимизда намоён этамиз, Исо Масиҳнинг қудратли гувоҳлари бўламиз.
Агар биз одамларга нажот йўлини кўрсатиш билан кифояланиб қолсак, масиҳийликни шунчаки жаҳаннамдан қочиш йўлига қиёслаб қўямиз. Агар бизнинг мақсадимиз фақат одамларни имонга келтириш бўлса, демак биз Янги Аҳд амрларига асло амал қилмаган бўламиз. Оқибатда эса Хушхабарни келгуси авлодларга етказа олмайдиган нотавон, ожиз, имонда ўсмай қолган масиҳийларни етиштирамиз. Худо асрасин, Муқаддас Китобга бундай мунофиқлик қилмайлик.
Агар Павлуснинг маслаҳатига амал қиладиган бўлсак, биз шогирдларимизни Исо Масиҳ томон йўналтиришимиз керак, Масиҳ улар учун тайёрлаб қўйган ҳақиқий ҲАЁТда яшашларига уларни ундашимиз керак.
Юҳанно 1:5 да Исонинг инсониятга бўлган муносабати мавзуси давом этган, у ерда шундай ёзилган:
Нур зулматда порлайди.
Муқаддас Китобнинг энг гўзал оятларидан бири бу Матто 4:16 дир:
Зулматда юрган халқ ёрқин зиёни кўрди,
Ўлим соя солган юрт аҳолиси устига нур сочилди.
Ўз гуноҳлари ва айблари туфайли чорасиз аҳволда қолган, умидсиз бўлган, қўрқувга тушган, тушкунликка ботган, ўз бошига етган одамлар устига Масиҳ нажот нурини сочди.
Зилот лақабли Шимўн бу нурни кўриб, Масиҳга эргашди, у ўн икки шогирддан бири бўлди. Тарихий манбаларга кўра Шимўн Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни кўп жойларга етказди. У самарали хизмат қилди.
Эслатма: I-асрда “Зилот” деб исёнчи ва террористларни аташарди. Бу одам имонга келгандан кейин буткул ўзгарган эди.
Солиқчи Закхей ҳам нурни кўриб, Масиҳга эргашди. Закхей алдаган ва фириб берган ҳамма одамларга пул тўлаб, қарзини узди.
Павлус нур кўриб, Масиҳга имон келтирди. У масиҳийларни таъқиб қилишдан тўхтади, қолган умрини жамоатлар барпо қилишга ва уларни ўстиришга бағишлади.
Нур бу одамларнинг гуноҳларини фош этди, улар гуноҳларидан юз ўгиришди.
Нур уларни Худонинг ҳузурига бошлади.
Нур уларнинг қалбларини илоҳий меҳр билан иситди.
Сизнинг исмингизни ҳам нур кўрган бу одамларнинг рўйхатига қўшса бўладими? Илоҳий нур ҳаётингизга кириб келганда, сиз нурга интилдингизми? Ўша нурга яқинлашиб, Исо Масиҳга ҳаётингизни бағишладингизми?
Ҳозирги ҳаётингиз Масиҳга эргашаётганингиздан далолат берадими? Гуноҳдан юз ўгирганмисиз?
Зулматда пайпасланиб, туртилиб юришдан нима наф? Наҳотки кимдир зулматни нурдан афзал кўрса?
ҲАЁТ юксак бир неъмат, уни беҳудага сарфламанг. Ҳаётингизни Масиҳга бағишланг, шунда ҳаётдан унумли фойдаланасиз.
——————————————————————————-
Юҳанно 1:5–оятнинг иккинчи қисмида шундай ёзилган:
Ахир, зулмат Нурни енголмади.
Бу оятни яна бир бор, диққат билан ўқиб чиқинг:
Ахир, зулмат Нурни енголмади.
Демак, доим мавжуд бўлган Калом, яъни Исо
Худо билан бирга эди,
У Ўзи Худо эди,
Нимаики бор бўлса У орқали яратилган,
У ҳаёт манбаи эди,
У зулмат устидан ғалаба қозонди.
Бу гапларни ўқиганда, дарҳол мияга шундай бир савол келади: Агар Худо қудратли бўлса, нимага дунёда ёвузлик мавжуд? Агар Худо яратган ҳамма нарса яхши бўлса ва Худо ҳамма нарсани назорат қилиб турган бўлса, ёвузлик қаердан келиб қолган?
Бу саволларга жавобни Қонунлар 29:29 дан топамиз. У ерда шундай ёзилган:
Сирлар Эгамиз Худога тегишлидир.
Биз билишимиз керак бўлган ҳамма нарса Муқаддас Китобда ёзилган.
Муқаддас Китоб бизга ёвузлик борасида кўп маълумот бермайди. Жаннатга борганимиздан кейин биз бу ҳақда Худодан сўрашимиз мумкин ва У бизга жавоб беради. Ўша пайтда биз ҳамма нарсани анча яхшироқ тушунадиган бўламиз. Ўша вақт келгунга қадар эса, биз Қонунлар 29:29 даги жавоб билан кифояланишимиз даркор.
Бизда яна шундай савол пайдо бўлиши мумкин: “Агар Исо ҳақиқатан ҳам юқорида ёзилгандай қудратли илоҳий Зот бўлса, қандай қилиб зулмат Исонинг нурига қарши чиқишга журъат этган?”
Бу саволга жавоб ҳеч кимга сир эмас.
Жавоб шундай: гуноҳ инсонни кўр қилади. Гуноҳ ҳақиқатни бузиб кўрсатади. Гуноҳ ҳамма ёқни барбод қилади. Гуноҳ аҳмоқликдир. Гуноҳ ақли расоликдан маҳрумдир.
Гуноҳ шу қадар жирканчлики туппа–тузук одамни телба қилиб қўяди.
Дарҳақиқат, гуноҳ одамларни кўр қилади: Исонинг аломатли мўъжизаларини кўрган, кўплаб хасталарнинг шифо топганига гувоҳ бўлган, доно ваъзларини эшитган Исроил халқининг етакчилари Исони совуққонлик билан ўлдиришди. Гуноҳ одамларни ақлдан маҳрум қилади, улар тилга олиб бўлмайдиган жирканчли ишларга қўл урадилар.
Муқаддас Китобнинг бош қисмида бағритош фиръавн ҳақида ҳикоя қилинади. Нима сабабдан бундай нодон, ҳар қадамида Худога қаршилик кўрсатган одам ҳақида шунчалик кўп ёзилган?
Токи ўқувчилар ўзига сабоқ олсинлар, гуноҳ инсонинг миясини қай даражада заҳарлаши мумкинлигини улар тушунсинлар.
Сиз: “Худо Мисрга юборган биринчи фалокатдан кейин ҳар қандай гуноҳкор одам Худога юз буради”, деб ўйлашингиз мумкин.
Лекин адашасиз.
Гуноҳ ниҳоятда кучли. Гуноҳ фиръавннинг қалбини шу қадар ўзига тобе қилган эдики, ҳар қадамида фиръавн Худога қаршилик қилиб келди.
Худо юборган ўнта фалокатдан кейин Миср қандай аҳволга тушиб қолганини, ҳеч тасаввур қилиб кўрганмисиз? Дастлаб, Нил дарёси қонга айланди, кейин ҳамма ёқни қурбақалар босди, бутун Мисрни бурга қоплади, уйлар сўнага тўлиб–тошди, чорва қирилиб кетди, одамларга чипқон чиқди, ҳосилларни дўл урди, далаларни чигиртга босди, ҳамма ёқни зулмат қоплади, тўнғич фарзандлар нобуд бўлди.
Лекин шунда ҳам фиръавннинг юраги юмшамади. Наҳотки у булардан сабоқ олмаган бўлса?
Унинг мамлакати хароб бўлган эди–ку!
Инсон шу қадар бағри тош бўлиши мумкинми?
Гуноҳга қул бўлган одам кўр бўлади, у ҳар қандай ёвузликка қўл уриши мумкин.
Ўз ҳаётингизга назар солинг.
Имонсиз одамларни ҳукм қилишдан олдин, илгарилари ўз қалбингизда ҳукм сурган зулмат ҳақида эсланг.
Сиз ҳам, мен ҳам Масиҳга келишимиздан олдин уятсиз, аҳмоқона ишларга қўл урганмиз. Нима сабабдан шундай қилганмиз? Ўша пайтда нималар ҳақида ўйлаганмиз?
Биз гуноҳга қул бўлиб яшар эдик. Нодон ва кўр эдик.
Дунёқарашимиз ва қадриятларимиз нотўғри эди.
Юриш–туришимиз гуноҳга тобе бўлганимиздан далолат берарди. Агар Масиҳни қабул қилмаганимизда, Унга имон келтирмаганимизда эди, ҳозир ҳам шайтонга хизмат қилиб, гуноҳга қул бўлиб юраверар эдик.
Бироқ биз Исога ишонган пайтимиздаёқ зулмат шоҳлигидан Нур Шоҳлигига ўтдик.
Руҳий кўзларимиз очилди.
Энди биз ўтмишдаги даҳшатли ҳолатимизни кўра оламиз, Масиҳ билан қурадиган истиқболимизга ҳам қувонч билан боқамиз.
Баъзан нохуш хабарлар кайфиятимизни тушуради.
Гуноҳ ғолиб бўлишга тиришади.
Тўғри, баъзан гуноҳ ғолиб бўлади. Бироқ биз ишонч билан айтишимиз мумкинки: Масиҳга сидқидилдан эргашган одамлар Ғолиб томонда. Шайтон, сен мағлуб бўлдинг! Исо устингдан ғалаба қозонди! Жинлар, сизлар ҳеч қачон зафар қучмайсизлар. Дунёнинг бузуқ тузуми таназзулга юз тутди.
Нур доим зулматни ҳайдайди.
Исонинг учинчи тасвири ҳақида қандай хулоса чиқаришимиз мумкин?
Исодаги ҲАЁТ жўшмоқда. Бу ҳаёт — мазмунли ҳаёт, оромбахш ҳаёт, баркамол ҳаёт.
Сиз Исо Масиҳга сидқидилдан ишонасизми?
Худо сизга берган ҲАЁТ билан яшанг. Тўғри йўлдан оғмай, шахдам қадам босинг.
Олға юринг!
Агар Масиҳ сизга керак бўлмаса, ўз хўжайинингиз – зулмат билан танишинг. Ҳолингизга вой, гуноҳга асир бўлиш сизнинг қисматингиздир. Сиз руҳий инқироздан қочиб қутула олмайсиз.
Агар бундай қўрқинчи қисмат сизни Нур Шоҳлигига юз буришга ундамаса, агар ҳақиқий ҲАЁТ берувчи Исога талпинмасангиз, сизга ҳеч нарса ёрдам бера олмайди.
Мағрурликни бир четга суриб қўйиш вақти келди. Гуноҳкор эканингизни тан олинг, Худонинг қўлидан нажот инъомини қабул қилинг.
Ҳаворий Юҳанно дастлабки бешта оятда Исони айнан шундай тасвирлаган.
Энди нима қиламиз?
Исонинг кимлигини ўрганиб чиққанимиздан кейин, Унга қандай муносабат билдирамиз?
Бир дўстимнинг бунга яхши жавоби бор:
Жамоатга бориб юрадиган бир йигит ёмон қилмиши учун қамаладиган бўлди. Ўша йигит қамалишдан бир кун олдин, уни кўргани борган дўстим унга шундай деди: “Эртага эрталаб қамоқда уйғонганингда, қамоқдаман, деб тушкунликка тушма. Бутун диққат–эътиборингни Исо Масиҳга қарат.”
Тўғри ўша йигит қийин аҳволга тушган эди. Пиширган ошини ейишига тўғри келди.
Бироқ қийин дамларда биз Исодан юз ўгиришимиз керак эмас, дўстимнинг маслаҳати жуда ўринли эди. Зеро, Исо ҳар қандай кўргуликдан устундир, У бутун ҳаётимизни назорат қилишга ҳақлидир.
Бу ҳаммамизга бирдай тааллуқли.
Биз эрталаб кўзимизни очганимизда:
қиладиган ишларимизни,
кун тартибимизни,
оиламизни,
муаммоларимизни,
жамоатимизни,
Худога қиладиган хизматимизни,
ёки шунга ўхшаш кўп нарсаларни ўйлаймиз.
Аммо биз буларни эмас, Масиҳни ўйлашимиз керак. Исо Масиҳ мафтункордир, У нур каби порлайди, У қудратли, ажойиб, қалбни ром этадиган мукаммал Зотдир. Унга иззат кўрсатишимиз, янги кунимизнинг илк дақиқаларини Унга бағишлашимиз даркор.
Ўй–хаёлларимизни Унга қаратишимиз керак, ахир, У бунга лойиқдир.
У ҳамду саноларимизга муносиб,
Шон–шараф ва меҳримизга сазовор,
Юксак иззат–ҳурматимизга лойиқдир.
Йўлимизда учраган ҳар қандай муаммодан У устундир.
Келинглар, юксак Зотга юксак эътибор қаратайлик.
Бу ҳафта СМСлар билан банд бўлиб, тағин Исодан бебаҳра қолмайлик.