Саволлар
Саволларнинг аҳамиятни жуда катта.
Худо оиламга қачон кириб келгани ҳақида ўйласам: ҳаммаси бир қўшнимиз онамга савол берганидан бошланганини кўраман.
Ўша куни онам уйга кирдилар–да, ошхонага бориб ўтирдилар, боши қотгандан ўзларига ўзлари баланд овозда: “Нега у менга шундай савол берди?” деб айтдилар. “У нимани назарда тутган экан? Жуда ғалати гап айтди–я!” дея, онам ҳеч ўзига келолмасдилар.
Қўшнимиз берган савол онамни буткул эсанкиратиб қўйганди. Оқибатда онам олдин ўзларига ҳеч қачон бермаган саволларни бера бошладилар:
- Наҳотки оилам ва мен ноҳақ йўлдан юраётган бўлсак?
Бу бўлиши мумкинми?
Бунга бирор сабаб борми?
Қўшнимизнинг биргина саволи, ҳа, оддийгина бир савол онамни чуқур мулоҳаза қилишга ундаганди. Натижада оиламиз Масиҳга ишониб, нажот топди.
Масиҳ ҳақида сўз юритадиган бўлсак, шуни айтишим жоизки, инсоният тарихидаги энг буюк Муаллим – Исо Масиҳ жуда кўп саволлар берган. Мен Инжилдан Исонинг 135 та савол берганини топдим.
Балки сиз булардан ҳам кўпроғини топарсиз.
Агар инсоният тарихининг буюк Муаллими саволлар берган бўлса, биз шундай бир ҳақиқатни англашимиз керак: буюк устозлар ҳа деб ўзлари гапиравермайди.
Буюк устозлар бошқаларнинг фикри билан қизиқадилар.
Буюк устозлар диққат билан тинглашнинг қадрини тушунадилар.
Буюк устозлар саволлардан қурол сифатида фойдаланиб, одамларни қизиқтирадилар.
Саволлар орқали одамларнинг қалбларини очадилар,
Мулоҳаза қилишга ундайдилар,
Чуқур мазмунни кашф этадилар,
Гуноҳни фош қиладилар,
Одамларни имонга бошлайдилар,
Солиҳликка чорлайдилар,
Самарали хизмат қилишга ундайдилар.
Энди навбат Ишаё пайғамбарга. Унинг бизга берадиган учта саволи бор. Бу саволлар ниҳоятда кучли саволлардир, улар қалбга оғир ботади, тингловчини ҳатто сескaнтиради.
Бу саволларга жавоб беришимизни Ишаё хоҳлайди.
Энди бутун эътиборингизни Ишаёга қаратинг, у саволлари орқали руҳий ҳаётингизни тўғрилаб, измига солади.
Контекстни тушунишимиз учун мен Ишаё давридаги вазиятни сизга қисқача тушунтириб берайин:
Милоддан олдинги 1400 йилда Исроил халқи Мисрдан чиқиб, Худо ваъда қилган Канъон юртига келган эди. Ёшуа даврида улар жанг қилиб, аста–секин бутун юртни эгаллаб олган эдилар. Шу боис, биз Ёшуа даври ҳақида ўйлаганимизда биринчи бўлиб хаёлимизга ғалаба сўзи келади.
Ҳакамлар даври ҳақида ўйлаганимизда эса мағлубият сўзи келади, чунки ўша даврда бутун халқ Худодан юз ўгириб, ўзи билгандай яшаб юрарди. Бунинг оқибати эса аянчли эди.
Шоул, Довуд ва Сулаймон ҳукмронлик қилган даврларда монархия тузуми мустаҳкам ўрнатилганди. Исроил халқи шоҳ Довуд ва шоҳ Сулаймон ҳукмронлик қилган даврлар ҳақида ўйлаганда кўзлари қувонч билан порлайди – ўша даврларда Исроил қудратли шоҳлик эди. Халқ фаровон ҳаёт кечирарди, бирлик халқни қудратли қиларди, доно ҳукмдорлар халқни бошқарарди, Исроилнинг обрўси ниҳоятда баланд эди.
Ўша давр мобайнида Забур, Сулаймоннинг Ҳикматлари, Воиз, Сулаймоннинг гўзал қўшиғи китоблари ёзилган эди. Бу китоблардаги донишманд насиҳатлар келгуси авлод учун чексиз баракат эди.
Афсуски, фаровонлик ва мўлчилик йиллари узоққа чўзилмади.
Баракатга бой бу даврдан кейин, халқ таназзулга юз тута бошлади.
Қабилалар орасидаги бирлик йўқолди, давлат икки қисмга бўлинди, халқ пароканда бўлди.
Вужудга келган икала давлатнинг иқтисодиёти, маданияти ва ҳарбий салоҳияти инқирозга учраган эди, бунга сабаб – халқнинг Худодан юз ўгириши ва руҳий қашшоқлик эди.
Худо берган баракатни халқ кўтара олмаган эди, улар давлат фаравонлиги учун Худога шукур айтишнинг ўрнига Худодан юз ўгирдилар, ўз манфаатини кўзлайдиган бўлиб, гуноҳга ботиб кетдилар.
Худонинг халқи гуноҳга ружу қилди, Худо уларни ўз ҳолига ташлаб қўйди, оқибатда руҳий чиркинлик иккала давлат аҳолисига ҳам ёйилди.
Бироқ Худо Ўз халқининг олдига бирин–кетин пайғамбарларни юборди. Пайғамбарлар халқни келаётган ҳукм ҳақида огоҳлантирар эдилар. Ўша пайғамбарлардан бири Ишаё эди.
Ишаё 1:2-4
Эшитинг, эй самолар, тингла, эй замин,
Шудир Эгамизнинг каломи:
“Бино қилдим болаларни , улғайтирдим уларни,
Аммо улар исён қилдилар Менга.
3 Ҳўкиз билади ўз эгасини,
Ҳатто эшак билар ким уни боқишини,
Аммо халқим Исроил билмайди,
Улар тушунмайди Мен, ўз Эгасини.”
4 Эҳ, гуноҳкор элат, айби муқаррар халқ,
Эҳ, қабиҳ насллар!
Номуссизларча иш қилар бу болалар,
Эҳ, Эгамизни тарк этган улар,
Исроил халқининг Муқаддас Худосига
Шаккоклик қилган,
Эгамизга орқа ўгирган улар!
Эй Худонинг халқи, сизлар нотўғри нарсаларга ишонасизлар.
Худо Ўз халқига буюк севгисини кўрсатмоқчи эди, чексиз иноятини, поёнсиз баракатни бермоқчи эди.
Бироқ уларнинг қалблари Худодан йироқлашди, улар Худога эмас, ўзга халқларнинг ҳукмдорларига умид боғлашди: “Бизни ўшалар қутқаради”, деб уларга ишонишди. Бегона халқларнинг худоларига сажда қила бошлашди, бутун халқ бутпарастликка берилиб кетди.
Улар Худога эмас, кўпроқ ўзларига ишонишарди – саъй-ҳаракатларига, тузган режаларига, бетавфиқ йўлбошчиларига таянишарди.
Ўша даврдаги Исроил халқи билан бизнинг орамизда бирор ўхшашлик борми?
Ҳа. Биз уларга ҳар томонлама ўхшаймиз.
Дарҳақиқат, XXI–аср одамлари Ишаё пайғамбар давридаги бевафо Исроил халқига ўхшаб кетади.
Ҳозирги дунё, қадимги Исроил давлати каби, таназзулга юз тутган.
Бизнинг ҳам улуғвор йилларимиз ўтмишда қолган.
Биз ҳам Худога эмас, турли нарсаларга умид боғлаганмиз.
Ҳозирги кунда турли кўринишдаги бутпарастликнинг таъсири кундан–кунга кенгайиб бормоқда.
Биз ўзимизга кўп ишонамиз, айниқса ҳарбий қуролларимизга таянамиз.
Биз ҳам ўша даврдаги Исроил халқи каби бетавфиқ йўлбошчиларимизга умид боғлаганмиз.
Шу сабабдан бугунги кунда кўп имонлилар Ишаё китобини ва Эски Аҳд таркибидаги кўплаб бошқа китобларни ўқиб, долзарб муаммоларга жавоб топишга тиришадилар. Ишаё пайғамбар ўз замондошларига ва бугунги кун имонлиларига учта савол билан мурожаат қилмоқда: эҳтиёт бўлинг, Ишаё пайғамбар қалбингизни нишонга олган.
Учта савол.
Тайёрланинг!
1-савол Ишаё 40:25
“Мени кимга қиёслайсиз?
Ким Менга тенг кела олар?”
— деб айтади Муқаддас Худо.
Эй имонли биродарлару опа–сингиллар, сизлар Худонинг қанчалар буюк эканини тушунасизми?
Худони буюмга ёки бирор мавжудотга солишраман деб, Уни ҳақорат қилманг.
Худони тасвирлашга тил ожиз, Унга ўхшаши йўқ, У ягонадир, инсон зотидан беҳад улуғ, биз Унинг улуғворлигини тасаввур ҳам қила олмаймиз.
Мен болалар билан Худо ҳақида суҳбат қилиб ўтирганимда, ҳар сафар бирорта бола мендан: “Худони ким яратган?” деб сўрайди.
Мен болаларга Худонинг абадий эканини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Аммо болаларнинг ҳайратга тўла нигоҳидан шунга амин бўламанки, кейинги сафар улар албатта менга яна худди шундай савол беришади, чунки абадий тушунчани англаш бола учун осон эмас.
Бироқ биз эҳтиёт бўлишимиз керак, Худони ўз даражамизга тушириб қўйишимиз керак эмас.
Мартин Лютер шундай деб айтган эди: “Бизнинг Худо ҳақидаги ўйларимиз ўта инсонийдир”.
Дарҳақиқат, ўйларимиз етарли даражада юксак эмас.
Кимга ожиз Худо керак?
Ожиз Худонинг нима фойдаси бор?
Ҳафта давомида сиз қўл изидан тушган доғларни ҳамма нарсанинг устидан: деворлардан, ойналардан, музлаткичдан, компьютердан, расмлардан артишга ҳаракат қилсангиз керак. Доғлар одамнинг ғашини келтиради.
Бироқ Худонинг қўли изларини биз атрофимиздаги табиатда, борлиқ мавжудотда кўришимизни У хоҳлайди.
Уфқ ортига яшириниб бораётган гўзал қуёш манзарасида Худо қўлининг изи бор.
Кўркам дарахтлару гуллаб яшнаган майсаларда Худо қўлининг изи бор.
Кўзгудан сизга термулиб қараб турган инсон қиёфасида Худо қўлининг изи бор.
Бир тасаввур қилиб кўринг–а, бир пайтлар мунис онахон коинотни яратган илоҳий гўдак Исонинг таглигини ўзгартирган эди. Қандай ажойиб–а?!
Йиллар ўтиб, Худо ўсмир қиёфасида Маъбадда ўтириб, ўша даврнинг буюк диндорлари билан суҳбат қурган эди. Нақадар ҳайратланарли!
Баъзи одамлар Худо билан бир дастурхонда ўтириб, овқатланганини ҳеч тасаввур қилиб кўрганмисиз?
Инсон қиёфасидаги Худо ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Исо 100% инсон эди.
Исо 100% Худо эди.
У самодаги салтанатида ҳукмронлик қилганди, сўнг эса инсон бўлиб туғилганди. Инсоний барча чекланишларга У банди бўлди.
Буни тасаввур қилиш ҳам қийин, шундай эмасми?!
Сиз Исо Масиҳга ишонганингиздан кейин Худо сизнинг Хўжайинингиз бўлди.
Наҳотки Худо менга устозлик қилишни хоҳласа?
Менга–я?
Наҳотки Худо мен билан қизиқса?
Бунга ишонишим жуда қийин.
Ёмон фикрлар хаёлимни банд қилишни бошлаган заҳоти, мен ўзимга Худога тегишли эканимни эслатаман, бу менга катта ёрдам беради.
Хўжайиним ўй–фикрларимдан, сўзларимдан ва қилган ишларимдан мамнунми ёки йўқми?
Мен хатти–ҳаракатларимни ва ўй–хаёлларимни шу савол ёрдамида баҳолаб, нотўғри ишларимдан тавба қиламан.
Бу қалбимни қувончга тўлдиради.
Худо менинг ва сизнинг Хўжайинингиз бўлиши учун қандай тўлов тўлаган?
Тўловининг баҳоси қандай эди?
Исо Масиҳ бизнинг ўрнимизга хочда жон берди.
Худо бизни гуноҳ қуллигидан озод қилиш учун, ниҳоятда юқори баҳо тўлаган, шундай экан, Унга тегишли эканимизга жиддийроқ ёндашмоғимиз даркор.
Биз ҳар куни ва ҳар якшанба йиғилишларимизда Худони чин юракдан улуғлшимиз керак, ахир У ажойиб Худодир.
Бироқ биз шундай қиламизми?
Афсуски, биз кўпинча Худонинг улуғворлигини назаримиздан қочирамиз.
Мен чўпон бўлиб ишлаган илк йилларимда жамоатимиз оқсоқоллари гуруҳига шундай савол билан мурожаат этдим:
— Нима деб ўйлайсизлар: балки якшанба куни ўтказиладиган эрталабки ҳамду сано йиғилишимизни тўхтатишимиз керакдир? — Сўнг гапимда давом этиб дедим — Ҳамду сано айтишимиз жамоатимизни ўстиришга халақит бераётгандир? Нега ҳамду сано пайтида баъзи етакчиларимиз ташқарида туриб, хизмат ишлари билан банд бўладилар? Хизмат учун ва муаммоларни ҳал қилиш учун уларда 6 кун ва 23 соат вақти бор, нега улар муаммоларни ҳал қилишни айнан ҳамду сано пайтига қолдирадилар? Наҳотки, ҳамду сано улар учун ҳеч қандай аҳамият касб этмаса? Уларнинг бундай қилиғи жамоатдагиларга қандай таъсир кўрсатади?
Якшанба кунлари ҳамду сано пайтида жамоатимизнинг баъзи аъзолари кўчада гаплашиб туришарди. Бошқалари эса ичкарида, ёнидаги одам билан бамайлихотир суҳбат қуриб ўтиришарди. Улар учун ҳамду санонинг аҳамияти қандай эди?
Якшанба куни эрталабки ҳамду сано пайтида баъзи одамлар жамоат офисида ёки ошхонасида ғимир–ғимир қилиб юришарди. Наҳотки ўша ишлар саждадан муҳим бўлса?
Жамоат аъзоларининг аксарият қисми жамоатга кеч қолиб, сажда бошлангандан кейин киришарди. Ўша одамлар ишхоналарига вақтида боришарди, фарзандларини ҳам мактабга вақтида элтиб қўйишарди. Мабодо, кино ёки театрга боришадиган бўлишса ҳам, асло кечга колишмасди. Футбол ўйинини томоша қилиш учун ҳам, ўйин бошланмасдан олдин, стадионда ҳозир бўлардилар.
Бироқ саждага улар доим кеч қолишарди. Наҳотки улар учун сажда пайти шу қадар аҳамиятсиз бўлса?
Инсоннинг қадриятлари унинг қилган ишларидан намоён бўлади.
Биз доим топган баҳоналаримизга ишонамиз.
Кунларнинг бирида жамоатимизнинг бир ашаддий футбол ишқибози олдимга келиб: “Вой–бу, ҳамду сано чўзилиб кетди–ку!”, деб шикоят қилди. Мен ўзимни тутолмай, кесатиб дедим: “Агар футбол матчи ўз вақтидан ортиқ давом этса, сиз телевизорни ўчириб қўймассиз, ахир!”
Айтинг–чи, агар Худога бўлган муносабатимиз шу бўлса, наҳотки кимдир бундай Худога интилишни хоҳласа?
Биз қўшиқларга етарлича эътибор қаратмаганимизни тушунишимизга анча вақт керак бўлди. Ўша қўшиқлар аслида буюк ва мўъжизакор Худога сажда қилиш деб аталади.
(Тўғри, сажданинг мазмунини англаб олишимизга анчагина вақт кетди.) Аммо энди ҳаммамиз сажда бошланмасдан олдин жамоатда ҳозиру нозирмиз.
Айтишим керакки, жамоатимнинг оқсоқоллари айтган гапларимни дилларига тугиб олган эдилар, энди ҳамма сажда пайтида Худога муносиб иззату эҳтиром кўрсатади.
Худонинг улуғворлигини тасаввур қила олишимиз учун 1Солномлар 29:11–13 ни ўқиб чиқайлик.
1 Солномалар 29:11-13
Эй Эгамиз! Сен буюк, қудратли, шуҳратли, салобатли ва улуғдирсан. Зотан, еру осмондаги барча нарса Сеникидир. Эй Эгамиз! Сен Шоҳсан. Сен ҳар нарсадан юксаксан. 12 Бойлик ва шон–шарафнинг манбаи Сенсан. Ҳа, Сен ҳамма нарса устидан ҳукмронсан. Куч–қудрат эгаси Ўзингсан. Одамларни юксалтирадиган, уларга куч берадиган Сенсан. 13 Энди, эй Худойимиз, биз Сенга шукурлар айтамиз, Сенинг улуғ номингни мадҳ қиламиз.
Мен Худонинг улуғворлигини ўзимга қайта–қайта эслатиб туришим учун Солномалардаги бу оятларни ёд олганман.
Балки сиз ҳам шундай қилишингиз керакдир.
Бу оятларда Худонинг улуғворлиги гўзал тарзда тасвирланган.
Сиз улуғвор Худога сажда қиласизми?
Муқаддас Китобда бутпарастлик ҳақида ҳам ёзилган.
Забур 113:16
Бутларни барпо қилганлар, бутларга ишонганлар
Худди уларга ўхшаган бўлиб қолар.
Юқоридаги оятда бутларни ясаган одамлар ҳақида сўз юритилади. Бундай одамлар ҳақида нима ёзилган?
Диққат қилинг, бу оятнинг маъноси қуйидагича: сиз кимга сажда қилсангиз ўшанга ўхшаб бораверасиз.
Агар сиз бирон спортчига сажда қилсангиз, сизни фақат спорт янгиликлари ва ким ғолиб бўлгани қизиқтиради.
Агар кино юлдузларига сажда қилсангиз, уларга тақлид қиласиз ва уларнинг қадриятларини ўзлаштириб оласиз.
Агар пулга сажда қилсангиз, бойлик кетидан қувасиз.
Борди–ю, ҳақ Худога сажда қилсангиз, Унга ўхшаб бораверасиз.
“Бизнинг кимлигимиз ва нима қилишимиз кимга ёки нимага сажда қилаётганимизга бевосита боғлиқдир.”
Демак, биз Исо Масиҳга ўхшамоқчи бўлсак, сажда пайтида диққат–эътиборимизни офисдаги ёки ошхонадаги ишларга эмас, балки ҳамду санога қаратишимиз керак.
Кимга ёки нимага сажда қилаётганимизга эътиборли бўлайлик.
Худога яхшилаб эътибор беринг.
Шунда хаёлга биргина сўз келади: “Ҳайрат”.
Худонинг Кимлигидан ҳайратда қоламиз. У биз билан муносабат қилмоқчи эканидан ҳайратда қоламиз.
Биз Ер шарини хароб аҳволга солганимизни У кечиради.
Наҳотки улуғвор ва меҳрга бой бўлган Худо менинг Эгам, менинг Ҳомийим ва маҳбубим бўлса?
ХУДОЙИНГИЗГА ҚАРАНГ!
Унинг улуғворигини кўринг. Ҳайратга тушинг.
Жамоатимиз билан ҳафта давомида Худони улуғлаш ҳаммамизнинг ҳам қарзимиз, ҳам фарзимиздир.
Агар Худо ҳақиқатдан ҳам буюк ва улуғвор бўлса, Унга муносиб тарзда ибодат қилайлик. Минғирлашу шикоятларни бир четга суриб, тўла жасорат ва довюраклик билан Унинг ҳузурига кирайлик. Худодан: “Тоғлар суришимизга ёрдам бер”, деб сўрайлик. Сиз сажда қиладиган буюк Худо ҳаётингизни ларзага солсин.
Биз ҳам, Ишаё пайғамбарнинг тингловчилари каби, танлов ҳуқуқига эгамиз. Биз тушкун хаёлларга берилиб, зулмат оғушида қолишимиз мумкин ёки ақл бовар қилмас улуғвор Худонинг қўлидан тутиб, ҳар кунги қийинчиликларни енгиб ўтишимиз ва Худонинг биз орқали қилган буюк ишларга гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Ишаё пайғамбарнинг биринчи саволи Ишаё китобининг 40:25–оятда ёзилган.
2–савол: Ишаё 40:27
Эй Ёқуб насли, нима учун сен:
“Бошимга тушганни Эгамиз кўрмайди”, дейсан?
Эй Исроил халқи, нима учун сен:
“Машаққатларимни Худойим унутган”, деб айтасан?
Биз ҳам кўпинча Худога худди шундай савол берамиз. Ишаёнинг тингловчилари учун ҳам бу савол яхши таниш эди.
Биз кўпинча айтамиз: “Эй Худо, бу дунё бузилиб кетаётганини наҳотки кўрмасанг? Сен ўтмишда кўп улуғвор ишлар қилгансан, ҳозир эса қаердасан? Наҳотки нима бўлаётгани билан ишинг бўлмаса? Наҳотки Сенга умуман қизиғи бўлмаса? Наҳотки биздан юз ўгирган бўлсанг? Нима ишлар билан бандсан?”
Баъзан ибодат қилганингизда худди Худони уйғотаётгандай ўзингизни сезасизми?
— Эй Худо, БОРМИСАН?! Мени унутиб юбормадингми? Нолаларимни эшитяпсанми? Мендан воз кечмадингми? — деб айтгандай бўласизми?
Забур 87:6 да ёзилишича, қилган гуноҳимиз туфайли ибодатларимиз ижобатсиз қолиши мумкин экан.
Лекин бу ягона сабаб эмас.
Ҳаворийлар 24–бобга эътиборимизни қаратайлик. Мен ҳар сафар ўша парча ҳақида фикр қилганимда даҳшатга тушаман.
Ҳаворийлар 24:24
Бир неча кундан кейин Феликс хотини Друсилла билан келди. Друсилла яҳудий эди. Феликс Павлусни чақиртириб келди ва Исо Масиҳга ишониш тўғрисидаги гапларини тинглади.
Павлус маҳбус эди.
Феликс эса ҳоким эди. У баъзи пайтларда Павлусни чақиртириб турарди ва Павлус унга нималар ҳақида гапирганини биласизми?
25–оятда шундай ёзилган:
Павлус солиҳлик, нафсни тийиш, қиёмат кунининг келиши тўғрисида гапирар экан, Феликс қўрқиб, деди: “Сен энди боравер. Имкон топилган заҳоти, сени чақираман.”
Павлус ҳақиқат ва Худо олдидаги жавобгарлигимиз ҳақида гапирар экан, ҳоким Феликс ўзини ноқулай сезишни бошлаган эди. Афсуски, Феликс тавба қилгани тўғрисида ҳеч нарса ёзилмаган.
Тасаввур қилиб кўринг–а: Масиҳийларнинг энг таниқли устозларидан бири ҳоким Феликсга бевосита насиҳатлару ўгитлар беряпти.
Минг афсус, Феликс Масиҳга ишонмади, у Павлуснинг гапларидан ранжиганди.
26–оятда шундай ёзилган:
Феликс: “Павлус менга пора беради”, деб умид қиларди, шунинг учун Павлусни тез–тез чақириб, у билан суҳбатлашарди.
Аслида ҳоким Феликс Павлусдан пора олиб, уни озод қилмоқчи эди. Аммо унинг бу нияти рўёбга чиқмади.
Мана энди, биз учун муҳим бўлган 27–оятга етиб келдик:
Орадан икки йил ўтгач, Феликснинг ўрнига Пўркиюс Фестус ҳоким бўлди. Феликс яҳудийларнинг кўнглини олмоқчи бўлиб, Павлусни қамоқда қолдирди.
Павлус икки йил қамоқда ўтирдими?
Ўша икки йил давомида Павлус нима билан банд эди? Билишимизча, у фақат Феликс билан суҳбатлашиб, унга Хушхабар айтарди.
Суҳбатдан кейин эса уни яна қамаб қўйишарди.
Бу ҳол икки йил давом этди.
Нега Худо бунга йўл қўйган эди?
Масиҳийлар учун қиёссиз намуна бўлган инсон, буюк мутафаккир, Муқаддас Китоб таркибидаги кўплаб макатубларнинг муаллифи, юксак Хушхабарчи, жамоатнинг таниқли асосчиси нега икки йил гулдай умрини қамоқда хазон қилди–я?
Келинглар, ҳақиқатга тик боқайлик:
Агар Павлуснинг ҳаётини сиз бошқарганингизда эди, уни қамоқда ушлаб ўтирмай, ҳар бир катта шаҳарга жўнатган бўлардингиз, эрталаб, кундузи ва кечқурун саҳнага чиқариб, катта оломон олдида гапиртирган бўлардингиз. Шундай эмасми? Худо эса бундай йўл тутмади, Павлуснинг икки йил давомида қамоқда ўтиришига У йўл қўйиб берган эди.
Бундай ҳолатни биз “Худонинг кутиш хонаси” деб атаймиз, одатда биз бу дарсни ўзлаштиришни асло истамаймиз.
Ўша икки йил давомида Павлус бирон марта бўлса ҳам Худонинг борлигидан шубҳа қилганми?
Юсуф пайғамбар зиндонда ўтирганда ёки Мусо пайғамбар қирқ йил саҳрода юрганда Худонинг меҳрибонлигидан шубҳа қилганми?
Асло.
Худо ҳеч қачон бизни ташлаб қўймайди, У бизни Ўзининг назаридан қочирмайди, доим бизга ғамҳўрлик қилади.
Бироқ – руҳан улғаяр эканмиз, умримиз давомида ўзимиз истамаган ҳолда “Худонинг кутиш хонасига” тушиб қоламиз.
Сизга айтишим мумкинки, “Худонинг кутиш хонаси”дан бевақт, Худо руxсат бермасидан олдин чиқиб кетганимда масиҳийча ҳаётимда қилган энг катта хатоларга йўл қўйганман. Ўша пайтда, Худо мени унутиб юборганига амин эдим, шу сабабдан барча муаммоларни ўзим ҳал қиламан, деб кўп хатолар қилганман.
Ишаё пайғамбарнинг замондошлари ҳам, мен сингари Худодан узоқлашиб, Худо бизни унутиб юборган, деб ўйлаган бўлишлари мумкин. Ҳаммамиз баъзан шундай деб ўйлаймиз.
ХУДО ҲАҚИДА НОТЎҒРИ ФИКР ҚИЛИШ ГУНОҲДИР.
Худонинг ҳаётингиз учун бўлган режаси, сизнинг ўз режангиздан фарқ қилади.
Аммо, эсингизда бўлсин, агар сиз Исо Масиҳни, Нажоткорим, деб қабул қилган бўлсангиз, самовий Ота сизнинг мукаммал Отангиздир. Унинг Ўзи сизни мукаммал тарзда бошқариб, сизга тўғри йўл кўрсатади.
“Худонинг кутиш хонаси”ни Худонинг бефарқлиги ёки лаънат билан адаштирманг.
2–савол. Ишаё 40:27
Эй Ёқуб насли, нима учун сен:
“Бошимга тушганни Эгамиз кўрмайди”, дейсан?
Эй Исроил халқи, нима учун сен:
“Машаққатларимни Худойим унутган”, деб айтасан?
Худо ҳеч қачон сизни унутмайди.
Худо Ўз фарзандлари учун масъулдир. Бир кун келиб, ҳаммасини тушуниб оласиз, У донолик билан йўл тутганига амин бўласиз.
3–савол. Ишаё 40:28
Наҳотки билмайсан? Наҳотки эшитмагансан?
Эгамизнинг Ўзи абадий Худо–ку!
Бутун оламни У яратган–ку!
У чарчамайди, ҳолдан тоймайди,
Унинг донолигини билиб бўлмайди.
Худо чарчайдими?
У ҳолдан тоядими?
Унинг шижоати сўнадими?
У кексаядими?
Худонинг хотираси заифлашадими? У бирон нарсани унутадими?
Бу ҳақда мулоҳаза қилиб кўринг.
Кийим эскиради.
Дори–дармоннинг ҳам сақлаш муддати бор.
Девордаги бўёқлар оқариб кетади.
Машинангиз ҳам юравериб, ишдан чиқади. Янгисини олишингизга тўғри келади.
Биз билган ҳамма нарса эскиради, бузилади, чирийди, ишсиз ҳолатга келади, занглайди, пих боғлайди ва ҳоказо.
Юқори мансабга ўтирган бирор кишига қаранг: у мансабга ўтиришдан олдин қандай эди ва ишдан бўшаганидан кейин қандай бўлганига эътибор беринг. Унинг кексайиб қолганини дарров пайқайсиз.
Худочи?
Ибронийлар 13:8–оятда шундай ёзилган:
Исо Масиҳ кеча, бугун ва то абад Ўшадир, У ўзгармайди.
Биз учун буни тушуниш анчагина мушкул.
Кўзгуга қаранг.
Неча ёш бўлишингиздан қатъий назар, сиз кексайгансиз.
Худо эса ҳаётингиз давомида умуман кексаймаган.
Ибтидо давридан ҳозиргача У заррача бўлса ҳам ўзгармаган.
Куч–қувватингиз ҳақида бир ўйлаб кўринг.
Айрим ҳолларда сиз ўзингизни кучли, бошқа вақтларда эса заиф сезасиз.
Худода эса бундай ўзгаришлар бўлмайди. Унинг қудрат даражаси асло ўзгармайди.
Сизнинг яхши кунларингиз ва ёмон кунларингиз бор.
Худонинг эса ҳамма кунлари яхшидир.
Ишаё пайғамбарнинг тингловчиларини эсланг.
Уларнинг ўйлашларича, Исроил давлати равнақ топган йилларда Худо қудратли эди, давлат таназзулга юз тутганда эса Худо кучдан қолган эди. Уларнинг бу тушунчаси тўғримиди?
Асло, Исроил тарихи давомида Худо ўзгармаган. У ўша–ўшадир.
ХУДО ҲАҚИДА НОТЎҒРИ ФИКР ҚИЛИШ ГУНОҲДИР.
Худо ҳақида тўғри фикр қилинг!
Ишаёнинг берган учта саволи қуйидагича эди:
- Худони кимга ёки нимага қиёсласа бўлади?
- Худо унутганми?
- Худо ўзгарганми?
Бу саволлар таназзулга юз тутган давлатдаги имонлиларга берилган эди.
Бу саволлар бизга ҳам тааллуқли.
Демак, биз нима қилишимиз керак?
Сабр қилинг.
Биз муҳим бир жойга келдик.
Саволларга тўғри жавоб беринг.
Шунда Ишаё 40:31–оятнинг маъносини чуқурроқ тушунамиз:
Эгамизга умид қилганлар эса
Янгидан куч олади,
Бургут сингари парвоз қилади.
Улар югуриб, чарчамайди,
Юриб ҳам ҳеч толиқмайди.
Сиз Ишаё китобидаги бу оятни ёддан билсангиз керак.
Бу оятда Худо бизга ваъда беради.
Бу ваъда эзгу ваъдадир.
Бу оят ёзилган пайтда Исроил давлати инқирозга учраган эди. Ҳозирги дунёнинг аянчли аҳволи ҳам ўша даврдаги Исроилнинг аҳволига ўхшайди.
Ўша оятга эътибор берайлик:
“Эгамизга умид қилганлар”.
Кимга умид қилганлар?
Эгамиз энг юксак, энг улуғвор Зотдир. Уни ҳеч кимга қиёслаб бўлмайди. У барча ҳамду сано ва мадҳларга лойиқдир. Унга иззат–эҳтиром кўрсатишимиз, Унинг шайдолари бўлишимиз, Унга итоат қилишимиз даркор. Бутун ҳаётимизни Унга бағишлашимиз керак.
Худо сизни унутмаган. Унинг қора кунлари бўлмайди.
Бироқ баъзан У бизни “кутиш хонаси”га ўтирғизиб қўяди. Нима мақсадда бундай қилганини У Ўзи яхши билади.
Худо ҳеч қачон ўзгармайди. Шу сабабдан ҳам Унга таянишимиз мумкин. У ишончли паноҳдир.
Инқирозга юз тутган бу дунёда биз ишончли Эгамизга умид боғлаймиз. Эгамизга умид қилганлар қандай натижага эришадилар?
Эгамизга умид қилганлар эса
Янгидан куч олади,
Бургут сингари парвоз қилади.
Улар югуриб, чарчамайди,
Юриб ҳам ҳеч толиқмайди.
Бундай қилиш ожиз худонинг қўлидан келмайди.
Хотираси панд берган худо буни қила олмайди.
Кучдан қоладиган худо бундай ваъда бермайди.
Фақатгина Муқаддас Китобнинг ҳақ Худоси бу ваъдани бажара олади.
Демак, сиз Ишаё китобнинг 40–оятидан буюк Худонинг қандайлигини ўрганиб олдингиз.
Бу бобдан ўзингиз учун нималарни олдингиз?
Мен ўрганган нарсам:___________________________________
Эсимда тутишим керак бўлган нарса:______________________
Мен учун катта аҳамиятга эга бўлган нарса:__________________
Инқирозга юз тутган бу дунёда биз — имонлилар кучимизни янгилашимиз мумкин.
Парча–парча бўлаётган бу оламда биз, бургутлар каби, парвоз қилишимиз мумкин.
Тушкунлик гирдобида халок бўлаётган бу дунёда биз югуриб чарчамаймиз, юриб толиқмаймиз.
Биз барча қийинчиликларимизни енга оламиз, атрофимиздаги муҳтож одамларга самарали тарзда хизмат қила оламиз.
Ахир, биз УЛУҒВОР ХУДОГА таянамиз.
Ожиз бутлар бизга ёрдам бера олмайди.
Бефарқ маъбудалар бизга ёрдам бера олмайди.
Разиллашиб бораётган санамлар бизга ёрдам бера олмайди.
Фақатгина улуғвор ХУДО бизга ёрдам беради.
Агар сиз Ишаё пайғамбарнинг учта саволига тўғри жавоб берсангиз 31–оятдаги натижаларга эришасиз.
Ушбу оятлардаги ҳақиқатни ўз ҳаётингизга татбиқ қилинг. Уларни маҳкам тутинг!
Келгуси йиллар сиз учун энг ҳосилдор йиллар бўлсин.
Худодан чексиз баракатлар қабул қилиб олинг.
Муқаддас Китобнинг ҳақ Худосига таянар экансиз, умрингизнинг ҳар бир куни самарали ўтсин, сизга муштоқ бўлган бу дунёдаги одамларга беминнат хизмат қилинг.
Худони улуғлайдиган, Унга иззат–ҳурмат кўрсатадиган вақтингиз келди. Наҳотки У буларга лойиқ бўлмаса?!
Худо ҳақидаги нотўғри, инсоний фикрларингизни бир четга суриб қўйинг. Муқаддас Китоб Худосининг мислсиз улуғворлигидан баҳра олинг.