Ўликдан тирилиш
Тирилиш – масиҳийча эътиқоднинг асосларидан бири ҳисобланади.
Биз бу мавзуни диққат–эътибор билан ўрганиб чиқишимиз керак.
Тирилишнинг моҳияти ва муҳимлигини тушунишимиз даркор.
Бу тушунча инсон ҳаётини буткул ўзгартиради.
Мавзуимизни нимадан бошлаймиз? Тирилиш ҳақиқатдан ҳам содир бўлганми ёки йўқми?
Исо тирилганига далиллар борми?
1–далил:
Исонинг бўм–бўш қабри У ҳақиқатдан ҳам тирилганига далил бўлиб хизмат қилади.
Луқо 24:2–3
Қабр оғзидаги тош ағдарилиб ётганини кўрдилар. 3 Ичкарига кирдилар, аммо Раббимиз Исонинг жасадини топмадилар.
Исо Масиҳнинг жасади қўйилган қабр бўм–бўш эди. Исонинг жасади қаерга йўқ бўлди?
Шайтон тирилишнинг аҳамиятини жуда яхши билади. Шу сабабдан Исонинг жасади йўқ бўлиб қолганига бир нечта назарияни тўқиб чиқарган.
Балки Исо хочда ўлмаган эди, шунчаки ҳушидан кетиб қолган эди?
Юҳанно 19:32–33
Шунда аскарлар бориб, Исо билан бирга хочга михланган биринчи, сўнгра иккинчи одамнинг болдирларини синдириб ташладилар. 33 Исонинг олдига келиб, Унинг ўлиб бўлганини кўрдилар. Шунинг учун болдирларини синдирмадилар.
Рим аскарлари Исонинг болдирларини синдирмадилар, чунки Унинг ўлиб бўлганини кўрдилар.
Демак, Исонинг ҳушидан кетгани ҳақидаги назарияни ўчириб ташласангиз бўлади.
Исонинг шогирдлари Устозининг жасадини ўғирлаб кетишди, деган назарияга келсак–чи? Сизнингча, шогирдлар Рим аскарларини алдаб, қабр оғзидаги улкан тошни ўз кучлари билан ағдариб ташлаганлар–у, жасадни ўғирлаб кетишганми? Улар моҳир Рим акарларига бас кела олармидилар?
Бу назарияни ҳам ўчириб ташланг.
Келинг, Исонинг жасадини яҳудий дин пешволари ўғирлашни буюрган, деб фараз қилайлик. Агар жасадни улар ўғирлашган бўлганда эди, улар шубҳасиз жасадни ҳаммага кўз–кўз қилган бўлардилар, шу тариқа масиҳийлик динини йўққа чиқарган бўлардилар.
Матто 28:11-15
Аёллар келганларидан кейин, соқчилар бўлмасидан бир нечтаси шаҳарга кириб, юз берган воқеа тўғрисида бош руҳонийларга айтиб бердилар. 12 Бош руҳонийлар билан йўлбошчилар учрашиб, режа туздилар. Улар соқчиларга катта миқдорда пул бериб, 13 шундай дедилар:
— Сизлар ҳаммага:“Исонинг шогирдлари кечаси келиб, биз ухлаб ётганимизда жасадни ўғирлаб кетишди”, деб айтасизлар. 14 Борди–ю, бу хабар ҳокимнинг қулоғига етиб боргудек бўлса, уни ўзимиз ишонтирамиз, сизларни ҳар қандай кўнгилсизликдан халос этамиз.
15 Шундай қилиб, соқчилар пулни олиб, айтгандай қилдилар. Воқеанинг шу таърифи бугунги кунгача яҳудийлар орасида кенг тарқалган.
Яҳудий йўлбошчилар жасаднинг йўқлигини билиб, соқчиларга катта миқдорда пулни пора қилиб бердилар, чунки жасаднинг йўқлиги катта муаммо туғдириши мумкин эди.
Исонинг жасади ғойиб бўлганини шайтон шу назария орқали тушунтирмоқчи бўлганди, аммо Муқаддас Китобни диққат билан ўқисангиз бу назария ҳам чиппакка чиқади.
Исо тирилганига 2–далил:
Исонинг тириганига кўплаб одамлар гувоҳ эдилар.
Уларнинг қанчалигига эътибор беринг!
1 Коринфликлар 15:5нинг биринчи қисми:
Аввал У (яъни Исо) Кифага…кўринди.
Кифа Бутруснинг орамийча исми эди. Янги Аҳд даврида кўп яҳудийлар орамий тилида сўзлашарди.
Бутрус ўн икки шогирд орасида етакчи бўлгани боис, у биринчи бўлиб тилга олинган.
5–оятнинг иккинчи қисмида шундай ёзилган:
…сўнг ўн икки шогирдига кўринди.
Иккинчи бўлиб Исонинг ўн икки шогирди тилга олингани ажабланарли эмас, чунки Исо бутун ҳаётини уларга бағишлаган эди.
6–оят:
Ундан кейин бир вақтнинг ўзида беш юздан кўпроқ биродарларга кўринди. Уларнинг аксарияти ҳозирга қадар тирик, баъзилари эса дунёдан кўз юмиб кетганлар.
Беш юзтадан кўпроқ одамга–я!
Павлус ушбу сатрларни ёзган пайтда ўша беш юзта одамнинг аксарият қисми ҳали тирик эди. Фақат айримлари вафот этгандилар, матнда ёзилишича, дунёдан кўз юмган эдилар.
Тасаввур қилинг, суд мажлисида сиз 500 та одамнинг гувоҳлигига қулоқ солишингиз керак бўлса.
Биринчи гувоҳ, сиз тирилган Исони кўрдингизми?
Ҳа…………………
Ўттиз учинчи гувоҳ, сиз тирилган Исони кўрдингизми?
Ҳа…………………
Тўрт юз ўттиз еттинчи гувоҳ, сиз тирилган Исони кўрдингизми?
Ҳа……………….
500 та одамнинг гувоҳлигини тинглаб ўтириш осон иш эмас. Шундай эмасми?!
Бироқ Эден боғидаги фожиадан сўнг, инсон зотига самога йўл очиб берадиган воқеа бундан мустаснодир, у ҳақда қанчадан–қанча гувоҳликларни эшитсангиз ҳам чарчамайсиз.
Гувоҳларнинг кўплиги воқеанинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди. Бир олим шундай ёзган эди: “Инсоният тарихидаги энг ишончли далил бу Исонинг ўликлардан тирилганидир”.
7–оятнинг биринчи қисми:
Ундан сўнг Масиҳ Ёқубга…кўринди.
Бу оятда Исонинг туғишган укаси Ёқуб ҳақида ёзилган.
7–оятнинг иккинчи қисми:
…ва қолган барча ҳаворийларга кўринди.
Ҳаворийлар илк жамоатга асос солган эдилар.
8–оят
Мен ривожланмай қолган бир ҳомиладай бўлсам–да, ниҳоят менга ҳам кўринди.
Павлус ўзи ҳақида шундай ёзади:
Мен ривожланмай қолган ёки вақтидан олдин туғилган ҳомиладайман.
Матннинг асл нусхасида бу оятда аборт қилинган ёки ўлик туғилган ҳомила ҳақида ёзилган.
Кўчма маънода бу сўз нуқсонли, бадбашара нарсани билдиради.
Коринф жамоати Павлусни айнан шундай кўрган бўлса керак, чунки улар Парлусни руҳий етакчи бўлишга номуносиб, деб билардилар.
Қайсидир даржада Павлус уларнинг бу фикрига қўшиларди.
Павлус ҳам тирилган Исони кўрган кўплаб гувоҳларнинг қаторига кирган эди.
1Коринфликлар15:11
Сизлар Хушхабарни мендан эшитдингизми ёки бошқаларданми, фарқи йўқ, чунки биз Хушхабарни ваъз қиламиз, сизлар эса ўша Хушхабарга ишонгансиз.
Павлус ва бошқа ҳаворийлар битта Хушхабарни ваъз қилардилар.
Хушхабар қуйдагилардан иборат эди: Исо ўлди, дафн қилинди ва ўликлардан тирилди.
Тирилган Исо арвоҳ ёки шаклсиз бир руҳ эмасди, У жисмоний танада эди.
Бўш қабр Исонинг жисмоний тирилишини билдиради.
У тирилганидан кейин, Унинг баданига қўл теккизса бўларди, Уни таниса бўларди, У ёпиқ эшикдан ҳам кира оларди, У балиқ еди, сув ичди.
Павлус Исони аниқ кўрганди, бу ваҳий эмасди.
Тирилган Исони кўрган одамларнинг сони шу қадар кўп эдики, бунга ҳеч ким эътироз билдира олмасди.
Исонинг тирилганини исботлаш учун биз иккита далилни кўриб чиқдик:
1–далил — бўш қабр.
2–далил — тирилган Исони кўрган кўплаб гувоҳлар.
Ваниҳоят,
Исо ўликдан тирилганини исботловчи 3–далил:
Исога ўхшаб ўзгарган инсонлар.
Ёқуб
Биз Ёқуб ҳақида биринчи марта ўқиганимизда, унинг Исони писанд қилмаганини кўрамиз.
Юҳанно 7:3-5
Укалари Исога шундай дейишди:
— Бу ердан чиқиб Яҳудияга боринг. Қилаётган ишларингизни шогирдларингиз ҳам кўришсин. 4 Эл назарига тушаман деган биронта одам яширинча иш қилмайди–ку! Бундай ишларни қилар экансиз, Ўзингизни дунёга танитинг!
5 Ҳатто укалари ҳам унга ишонмас эдилар.
Бироқ Исо тирилганидан кейин, Ёқуб Унга ишонди ва биз Ёқуб ҳақида Ҳаворийлар 1–бобда ўқиймиз. Ёқуб Қуддус жамоатининг чўпони бўлганини билиб оламиз.
Ёқуб ўзгариб, Масиҳга ўхшаш бўлди!
Павлус
1Коринфликлар 15:9
Ахир, мен ҳаворийларнинг энг арзимасиман, ҳаворий деб аталишга ҳам лойиқ эмасман, чунки мен Худонинг жамоатини қувғин қилардим.
Павлус Исодан нафратланарди.
Унинг ўзи буни очиқ тан оларди.
Ўтмишини ҳеч кимдан яширмасди.
1 Коринфликлар 15:10–оятнинг биринчи қисмида шундай ёзилган:
Аммо Худонинг инояти туфайли энди ҳаворийман. Унинг менга кўрсатган инояти зое кетмади…
Худо Павлуснинг ҳаётида амал қилгани боис, Павлус ҳаворий бўлди.
Тамом вассалом.
Иноят Худонинг қудратидир, иноят номуносиб одамнинг ҳаётида амал қилади.
Павлус номуносиб инсон эди.
У буни билган ҳолда Худога ўз миннатдорчилигини билдириб шундай ёзади:
1Коринфликлар 15:10–оятнинг иккинчи қисми:
…зеро, мен ҳаворийларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ меҳнат қилдим. Лекин аслида меҳнат қилган мен эмас, балки Худонинг иноятидир.
Дарҳақиқат, Павлус қаттиқ меҳнат қилди,
у кўп тер тўкиб ишлади.
Павлус бошқа ҳаворийларга қараганда энг мудҳиш ўтмишга эга эди, бироқ Масиҳни таниб билганидан сўнг, Худо йўлида ҳаммадан кўп меҳнат қилди.
У Масиҳ туфайли кўп азоб чекди.
Аммо унинг чеккан барча азоб–уқубатлари Исонинг нажот учун тўлаган баҳосига тенг келмасди.
Павлуснинг қилган барча меҳнатлари Худога бўлган миннатдорчилиги ифодаси эди.
Юқорида келтирилган 10–оятда иноят сўзи уч марта ишлатилган. Нима учун?
Чунки энди Павлус имонли бўлгани учун, унинг бутун ҳаёти, Хушхабар ёйиш сафарлари ва меҳнати тўлиқ Худонинг иноятига боғлиқ эди.
Павлус беқиёс натижаларга эришганди – буларнинг ҳаммаси Худонинг у орқали етиштирган маҳсуллари эди.
Павлуснинг ҳаёти буткул ўзгарган эди, у Масиҳни акс этарди!
Агар сиз ўтмишингизни ёмон, деб ўйласангиз, Павлус каби йўл тутинг:
Гуноҳкорлигингизни тан олинг, Исо Масиҳни гуноҳларингизни ювадиган Нажоткор, деб қабул қилинг, Ундан миннатдор бўлиб – Унинг йўлида меҳнат қилинг.
Исонинг тирилгани ҳақидаги хабар Коринф жамоатини қай даражада ўзгартирганига эътибор қаратайлик.
Коринфдаги имонлилар ўзларини тўлиқ Масиҳга бағишлашдан олдин қандай эдилар?
1Коринфликлар 6:9–10
Наҳотки билмасангизлар?! Ноҳақлик қилувчилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар–ку! Адашманглар, жинсий томондан ахлоқсиз бўлганлар, бутпарастлар, зинокорлар, баччабозлару баччалар, 10 ўғрилар, тамагирлар, майхўрлар, ғийбатчилар ва товламачилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар.
Аммо улар гуноҳларидан тавба қилиб, Масиҳга эргашганларидан кейин нима юз берди?
1Коринфликлар 6:11
Баъзиларингиз олдин шундай эдингиз. Энди эса сизлар Раббимиз Исо Масиҳнинг номи билан ва Худонинг Руҳи орқали покландингиз, Худога бағишландингиз, оқландингиз.
Улар Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарга ишондилар.
Хушхабар ҳақиқатига содиқ қолдилар.
Хушхабар орқали нажот топдилар.
Ўлик нажоткор ҳеч кимга ёрдам бера олмайди.
Инсонлар ҳаётидаги ўзгариш Исонинг тириклигидан далолат беради.
Қуйидагилар ҳақида ўйлаб кўринг:
Нега Исо хочда жон берди?
Исо Ўз ўлими орқали гуноҳларимизнинг баҳосини тўлади. Шу тариқа У бизни гуноҳларимиздан озод қилиб, бизга янги ҳаёт тақдим этди.
Коринф жамоатининг имонлилари олдин зинокор, баччабоз, ўғри, ғийбатчи, майхўр, товламачи эдилар.
Энди эса улар муқаддас, азиз биродарлар бўлдилар. Павлус мактубининг бошида уларга айнан ўша сўзлар билан мурожаат этмоқда.
Уларнинг ҳаётлари буткул ўзгарган эди.
Улар тўғри йўлга қадам босдилар.
Улар янги оиланинг, Худо оиласининг аъзолари бўлдилар.
Жамоат деб аталмиш ташкилотнинг фаол аъзоларига айландилар.
Кўплаб ажойиб ҳақиқатларни билиб олдилар.
Сажда, итоаткорлик, ибодат, сахийлик ва хизматнинг қадрини тушундилар.
Хоч ва тирилишнинг таъсири беқиёсдир.
Ишонч ва имон бор жойда хоч ва тирилиш доим яхши самара беради.
Ҳар бир масиҳий Исо хочининг ва тирилишининг юриб турган рекламасидир.
1Коринфликлар 15:1–оятнинг биринчи қисмида шундай ёзилган:
Биродарларим, мен ўзим сизларга етказган Хушхабарнинг моҳиятини яна бир бор эслаб ўтмоқчиман.
Павлус нима деб айтмоқчи?
Павлус Коринфликларга олдин келган пайтда айтган Хушхабарни яна эслатмоқчи.
Бу оятда ҳеч қандай янги нарса ёзилмаган.
Улар олдинги сафар юзма–юз кўришганларидан бери, Хушхабарнинг моҳияти асло ўзгармаган.
Ҳақиқатга чирой бериш шарт эмас.
Уни янгилаб туриш ҳам шарт эмас.
Хушхабар илгарилари инсонларнинг ҳаётини қандай ўзгартирган бўлса, ҳозир ҳам худди шундай ўзгартирмоқда.
Хушхабар келажакда ҳам инсонларнинг ҳаётини ўзгартиради.
Ҳақақатни ўзгартиришга ҳаракат қилманг.
Келтирилган далилларга қаранг.
Уларни ўрганиб чиқинг, синаб кўринг.
Ҳақиқат барқарордир.
У сизни уялтириб қўймайди.
Биз Ғолиб томондамиз.
Дўстларимизга метандан ҳам мустаҳкам бўлган ҳақиқатни тақдим қила оламиз.
Павлус бу Хушхабарни етказиш учун Қуддусдан Коринфга борган эди, ўша даврда машина ва самолётлар бўлмаган.
Сиз–чи, ёнингиздаги қўшнингизга Хушхабарни айтишга тайёрмисиз?
Мана, биз Исонинг тирилганини далиллар билан исботлаб бердик.
Бироқ…
Тирилишнинг аҳамиятни нима?
- Тирилиш Исо ҳокимиятининг негизини ташкил қилади.
Римликлар 1:1-4
Мен — Исо Масиҳнинг қули бўлган Павлусдан Римдаги биродарларимга салом! Мен ҳаворийликка даъват этилганман, Худонинг Хушхабарини ёйиш учун танланганман. 2 Муқаддас битикларда ёзилгандай, Худо бу Хушхабарни бераман деб, Ўз пайғамбарлари орқали ваъда берган эди. 3 Бу Хушхабар Худонинг Ўғли ҳақидадир. У жисман Довуд зурриётидан келиб чиққан эди. 4 Худонинг Ўзи Раббимиз Исо Масиҳни ўликдан тирилтирди. Шу орқали Муқаддас Руҳнинг кучига тўла бўлган Исо Масиҳ Худонинг Ўғли эканлиги исботланди.
Агар Исо тирилмаганда эди,
Сиз ва мен У ҳақида ҳеч нарса эшитмаган бўлардик.
Юқоридаги оятда эса бунинг акси ёзилган.
Ўша оятни яна бир бор диққат билан ўқиб чиқинг.
Оятда Исо Масиҳ ўликдан тирилгани учун Худонинг Ўғли бўлди, деб ёзилмаган.
Исо доим Худонинг Ўғли эди.
Ўликдан тирилиш буни ўзгартирмади.
Оятда ёзилишича, Исонинг ўликдан тирилиши У Худонинг Ўғли эканини исботлади. Тирилиш Исони бошқа бор мавжудотдан ажратиб қўйди. “Уфқ осмон билан ерни ажратиб тургани каби, тирилиш ҳам Исони ер юзида яшаб ўтган барча инсонлардан, дин пешволаридан, мураббию устозлардан ажратиб қўйди”. Тирилиш Исони барча жонзот узра юксалтирди.
Исо ер юзида 33 йил яшаган бўлса, вужудидаги нур манбасини ўчириб қўйди. У Исроилнинг чанг кўчаларидан юрганда Унинг танаси нур сочмади, порламади. Унинг боши узра нур чамбари ёниб турмади, одамлар Исога: “Билдик, Сен Худонинг Ўғлисан”, деб айтиб келмади.
Ўша 33 йил давомида У Худонинг Ўғли бўлиб қолаверди, У камтарин эди, Ўзини паст тутди.
Кундуз кунлари У дурадгорлик устахонасида меҳнат қиларди.
Одамлар Уни мазах қилганларида, Уни ерга урганларида У нолимади, индамай ҳаммасига чидади.
Аммо Исо ўликдан тирилди, эй дунё, бошингни кўтариб Исога боққин! У нур сочмоқда. Исо ҳақиқий улуғворлигида зоҳир бўлди, тирилган Раббий эканини ҳаммага исботлади.
Гўёки карнайлар садолари самоларни ёргудек, шундай наъра тортди:
“Сохта худолар, қочинглар!”
“Бутлар, овозингизни ўчиринглар!”
“Эй инсон зоти, Худога қаршилик қилишни бас қилгин!”
“Худойингга қара! Унга таъзим этгин!”
Ўликдан тирилган Исо олдимизда туриб, Худонинг Ўғли деб эълон этилганда, биз фақат тиз чўкиб, Унга таъзим қилишдан бошқа иложимиз бўлмайди. Ҳаммамиз сукут сақлаб, Унга иззат–эҳтиром кўрсатишимиз, қўрқув ила сажда қилишимиз керак бўлади.
Тирилиш — Исонинг аслида кимлигини кўрсатди.
Унга сажда қилишимиз ҳам Унинг тирилишига асосланган.
- Исонинг тирилиши Муқаддас Китобнинг негизи ҳисобланади.
Агар Исонинг тирилганини Муқаддас Китобдан олиб ташласангиз, Муқаддас Китоб мазмунсиз бўлиб қолади. Бу ҳақда 1Коринфликлар 15:13–19 да ёзилган.
Муқаддас Китобдан тирилишни олиб ташласа олтита фожиа юз беради:
1–фожиали оқибат ҳақида 14–оятнинг бошида ёзилган:
Масиҳ тирилмаган бўлса, Хушхабарни ваъз қилишимиз бекор…
Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, одамларга Хушхабар айтишнинг ҳам кераги йўқ.
Ўлимни енга олмаган нажоткорга одамлар ишониб нима қилади?
2–фожиали оқибат:
1Коринфликлар15:14
Масиҳ тирилмаган бўлса… сизларнинг имонингиз ҳам бекор.
Ғалаба қозона олмаган одамга ишонаман, деб вақтингизни беҳудага кеткизманг.
3–фожиали оқибат: агар Масиҳ тирилмаган бўлса, демак барча хушхабарчилар ва воизлар алдоқчилардир.
1Коринфликлар 15:15
Агар ростдан ҳам ўликлар тирилмаса ва Масиҳни Худо тирилтирмаган бўлса, бундай ҳолда, биз Худо ҳақида ёлғон шоҳидлик берган бўламиз, чунки биз: “Худо Масиҳни тирилтирди”, деб шаҳодат бериб юрибмиз.
4–фожиали оқибат:
1Коринфликлар15:17
Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, сизларнинг имонингиз беҳуда, сизлар ҳали ҳам гуноҳга ботганингизча юрибсизлар.
Демак, гуноҳдан қочиб бўлмайди.
Сиз ҳам, мен ҳам то абад гуноҳга қул бўлар эканмиз.
5–фожиали оқибат: агар Масиҳ тирилмаган бўлса…
1Коринфликлар15:18
…Масиҳга ишонган ҳолда ҳаётдан кўз юмганлар бутунлай ҳалок бўлиб кетибдилар–да!
Исо Масиҳга ишониб, вафот этган одамлар жаннатга бормас экан–да.
6–фожиали оқибат:
1Коринфликлар15:19
Агар биз ёлғиз бу ҳаёт учун Масиҳга умид боғлаган бўлсак, энг бахтсиз инсонлар эканмиз.
Масиҳийларер юзидаги энг аҳмоқ, энг аянчли одамлар бўлган бўларди.
Бу ҳолда Исо ваъдаси устидан чиқа олмаган сафсатабоз бўларди, Унга ишонган одамларни У ғирт аҳмоқларга чиқарган бўларди.
Бундай оқибатлардан одамлар Муқаддас Китобга умуман ишонмаган бўлардилар.
Тирилиш Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни асослаб берувчи муҳим омилдир.
Дунёдаги фақат битта китобда — Муқаддас Китобда Исонинг тирилиши батафсил маълумотлар ва эътирозга ўрин қолдирмайдиган далиллар билан келтирилган. Шу сабабдан ҳам биз Муқаддас Китобни диққат билан ўқишимиз керак.
Модомики Исонинг тирилиши ҳақиқат экан, биз Муқаддас Китобга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз керак:
Муқаддас Китобга ишонишимиз керак,
Муқаддас Китобни ҳурмат қилишимиз керак,
Муқаддас Китобни ўқишга кўпроқ вақт ажратишимиз керак,
Муқаддас Китоб ҳақида бошқаларга айтишимиз керак.
Худо барпо қилиш билан шуғулланмоқда.
У одамларнинг ҳаётларини ўзгартириб, барпо қилмоқда.
Муқаддас Китоб Худонинг асосий қуролидир.
Агар биз ҳаётимизни Муқаддас Китобдаги ҳақиқат асосида қурсак, ҳеч нарса бизни тебрата олмас.
Ҳамма нарса Худонинг Китобидан бошланади.
Зеро, Муқаддас Китоб ҳақиқатдир.
Ҳаётингизни ҳақиқат устига қуринг.
Бунинг натижаси эзгудир, у сизни ҳайратга солади, аммо бундан ҳарон қолишингиз керак эмас.
Келинглар, юқорида кўриб чиққанларимизни такрорлайлик:
- Тирилиш Исо Масиҳ ҳокимиятининг асоси ҳисобланади.
- Исонинг тирилгани Муқаддас Китобнинг ҳаққонийлигини тасдиқлайди.
Ва ниҳоят,
- Исонинг тирилиши ҳаётингиздаги кучнинг асосидир.
Сиз Исо Масиҳга ишонганингиздан кейин, У гуноҳларингизни ювиш билан чекланиб қолмади. У сизга иноят қилиб, кўплаб баракатлар берди, ҳаётингизда акс этувчи Унинг эзгулиги ҳар кимни ҳайратга солади.
Худонинг бизга кўрсатган беқиёс қудрати ва эзгулиги ҳақида қуйдаги оятларда ёзилган:
Эфесликлар 1:19–20
Худонинг биз — имонлиларга кўрсатган тенги йўқ қудрати нақадар буюклигини ҳам билиб олинг. Мана шу буюк қудрати билан 20 Худо Масиҳни ўликдан тирилирди ва самода Уни Ўзининг ўнг томонига ўтирғизди.
Бу оятларнинг тагига чизинг.
Уларни ўзингиз учун белгилаб олинг.
Ёнига юлдузча чизинг.
Китоб варағини букиб қўйинг.
Оятларни белгилар экансиз, ҳайратдан оғзингиз очилиб қолмасин.
Оятда ёзилганларнинг ҳаммаси ҳақиқатдир:
Исо Масиҳни ўликдан тирилтирган қудрат бизнинг ичимиздадир. Бу қудрат Исо Масиҳга ишонган ҳар бир одамга берилган.
Бу қудратни тасвирлаш учун ишлатилган сўзларга эътибор бердингизми?
Қудрат – юнон тилидаги “динамит” сўзининг таржимаси бўлиб, “буюк куч”ни билдиради.
Наҳотки имонли киши бу қудратдан кунига 24 соат давомида, ҳафтанинг 7 кунида, йилига 52 ҳафта давомида фойдаланиши мумкин?
Ҳар биримиз ўзимизга шундай савол беришимиз керак:
“Агар бизга Исо Масиҳни ўликдан тирилтирган қудрат берилган бўлса, биз уни қандай ишлатишимиз керак?”
Ҳар ойда менга электртармоқдан квитанция келади, мен бир ой давомида қанча миқдорда электр энергиясини сарф қилганим тўғрисида.
Агар Худо ҳам бизга ҳар ойи Унинг қудратини қай даражада ишлатганимиз ҳақида квитанциялар жўнатиб турганида эди, сизнинг кўрсаткичларингиз қандай бўларди?
Биз тилимизни тийиш учун Худонинг қудратидан фойдаланамизми?
Биздан нафратланган одамларни севиш учун Худонинг қудратидан фойдаланамизми?
Ёмон ўй–хаёллардан воз кечиш учун Унинг қудратидан фойдаланамизми?
Агар қўшнингиз пулдор бўла туриб, электр энергиясини тежаш мақсадида кечқурун чироқ ёқмай ўтирса ёки телевизор кўрмаса, ёхуд музлаткичини ўчириб қўйса, сиз у ҳақда, ғалатироқ одам экан, деб ўйлайсиз, шундай эмасми?
Биз–чи, Худонинг қудратига эга бўла туриб, уни ишлатмасак, ўшандай ғалати одам бўлмаймизми?
Бу илоҳий қудрат нималарга қодир эканини сизга бир эслатиб қўяйми?
Эфесликлар 3:20
Худо ҳаётимизда амал қилаётган қудрати билан биз сўраган ёки тасаввур қилганларимизни ва ҳатто хаёлимизга келмаганларни ҳам бажаришга қодирдир.
Бу оятни биз амалда синаб кўришимиз керак.
Тирилиш туфайли Исо бу дунёда янги баданда зоҳир бўлган эди.
Исонинг тирилиши туфайли биз ҳам бу дунёда янги ижод бўлиб яшаймиз, зеро, Раббимиз ва Нажоткоримизга умид боғлаганмиз.
Биз Худодан куч сўраб ибодат қилишимиз керак эмас.
Биз ичимиздаги қудратдан фойдаланишимиз даркор.
Бунинг учун нима қилишимиз керак? Қудратни ишга солишимиз керак!
Ҳар куни Худога таянар экансиз, сизга куч бераётган ичингиздаги Муқаддас Руҳнинг қудратини ҳис қилинг.
Ҳеч қачон: Эй Худо, иродангни бажаришимга менга куч бер, деб ибодат қилманг. Худо сизга Ўз қудратини бериб бўлган.
Ёмон одатларингиздан озод бўлишингиз учун Худодан куч сўраб ибодат қилманг. Сизга ўша куч аллақачон берилган.
Бошқаларга Исо ҳақида гувоҳлик бериш учун Худодан куч сўраманг. Сизда ўша куч аллақачон бор.
Ҳаётингиздаги қўрқувларни енгиш учун Худодан куч сўраманг. Сизда ўша куч аллақачон бор.
Тушкунлик ва аламзадаликни йўқ қилиш учун Худодан куч сўраманг. Сизда ўша куч аллақачон бор, чунки сиз Исо Масиҳга ишондингиз, ёлғиз Ундан умидворсиз.
Сиз шунчаки ўша кучни ишга солишингиз керак.
Худодан: “Боримни ишлатишимга ёрдам бер”, деб сўранг.
Кучингиз манбаи бўлмиш ичингиздаги Худонинг қудратидан фойдаланинг.
Агар биз имонга келганимизга анча вақт бўлган бўлса–ю, аммо имонда заиф бўлсак, бу кимнинг айби?
Ичингиздаги қудратни ишга солинг, тўсқинлик қилманг. Бундай қилишга сизни қандай кўндирсам бўлади?
Ижозат беринг, сизга бир гувоҳлик айтиб берайин:
Катта бир шаҳарда иккита ҳайкал бор экан.
Ўша шаҳарда бир масиҳий яшар экан, у доим бошқа масиҳийларга далда берар, самарали ҳаёт кечиришга уларни доим ундар экан.
У далда беришнинг осон бир йўлини топибди.
У масиҳий дўстларини бизнесс марказида жойлашган катта бир бинонинг олдига олиб борар экан.
Ўша бинонинг киравериш жойида афсонавий Атласга ҳайкал ўрнатилган. Атлас забардаст, мушаклари бўртиб чиққан Арнольд Шварцнеггерга ўхшаб кетади.
Мушакдор Атлас елкаларида Ер шарини кўтариб кетмоқда. Ер шари улкан ва ниҳоятда оғир бўлгани учун бечора Атлас зўрға оёқда турибди. Пешонасидан тер оқиб тушмоқда, унга қараб, раҳмингиз келади. Худди йиқилиб тушадиганга ўхшайди. Борди–ю, Атлас ғайритабиий тарзда тилга кириб қолганда эди, чеккан азобидан оҳ–воҳ қилган бўларди.
Ўша ҳайкални кўргандан кейин масиҳий ўз дўстларини кўчанинг нариги бетидаги катта жамоат биносига олиб борарди. Жамоат олдида Исонинг ҳайкали бор. Исо бутун оламни бир қўлида кўтариб кетаётган қилиб тасвирланган. Исо қаддини тик тутган, оламни қийинчиликсиз кўтариб кетаётган эди. У асло тер тўкмасди.
Демак, биз нима қиламиз?
Ўз муаммоларимизни ўз елкамизда кўтариб, ҳаётимизни барбод қиламизми?
Кўплаб масиҳийлар айнан шундай йўл тутадилар, ҳолдан тойиб, қийналадилар.
Ёки сиз ҳаётингизни Раббимизнинг қўлига топширасизми?
Чекланишларингизни йўқ қилишга Раббийга изн берасизми? Ҳатто хаёлингизга келмаган буюк нарсаларга эришишни истайсизми?
Эй масиҳий биродарим, Масиҳ сизга шундай деб айтмоқда: “Мени ўликдан тирилтирган қудрат сенинг ичингда. Ўша қудратни ишлатишга сенга нима халақит беряпти?”
Тирилишсиз Исо барбод бўлар.
Тирилишсиз Муқаддас Китоб барбод бўлар.
Тирилишсиз сиз барбод бўласиз.
Исо тирилгани туфайли ҳокимиятга эга, У Раббийдир, барча сажда ва улуғворликка муносибдир.
Исо тирилгани туфайли Муқаддас Китоб ҳаққонийдир, у бизга тўғри йўл кўрсатади.
Исо тирилгани туфайли масиҳийлар мислсиз қудратга эгадирлар.
Барча имкониятларимиз аниқ ва равшандир.