Исо – Яхши Чўпон
Соғлиқни сақлаш тизимини жорий қилиш осон кечмади.
Аёвсиз сиёсий курашлар, машаққатли келишувлар, узоқ давом этган
мунозаралар натижасида давлатимиз ҳукумати илк бор соғлиқни сақлаш
сиёсатини тасдиқлади.
Соғлиқни сақлаш тизимига оид юзлаб ҳужжатлар, минглаб қонун–қоидaлар
битилган маълумотномалар ва уларни батафсил шарҳловчи кўплаб изоҳлар
яратилди. Улар шу даражда батафсил ёритилганки, уларнинг мазмунига
ҳатто ҳуқуқшунос ҳам ойдинлик кирита олмаса керак.
Бу қонун–қоидалар ва кўрсатмалар тафсилотини ҳеч ким тўлиқ
билмайдиганга ўхшайди, шу боис, уларга чексиз тушунтиришлар,
ўзгартиришлар, янги қарорлар ва апелляциялар талаб қилинади.
Ушбу қонун–қоидалар таркибига инсоннинг асосий ҳуқуқидан бошлаб,
азоб–қийноқларнинг энг охирги тафсилотлари кирган.
Соғлиқни сақлаш сизга қай тарзда таъсир кўрсатади?
Мен билмайман.
Келинг, бу ҳақда сўз очмайлик ҳам.
Ундан кўра, ғамхўрлик ҳақида гаплашсак, маъносини тушуниб олишимиз
анча осон бўлади.
Чўпоннинг ғамхўрлиги:
Бу каби ғамхўрлик 2 000 йил олдин жорий этилган.
Унинг жорий қилиниши ҳеч қандай сиёсий тортишувларга сабаб бўлмади,
чўпонликка оид қоида ва кўрсатмаларнинг ҳаммасини бир бетга сиғдирса
бўлади.
Ушбу қоидаларга ҳеч қандай қўшимчалар керак эмас.
Бу қоида доимо ишлаб келган, унга ҳеч қандай ўзгартиришлар ёки
қўшимчалар киритилмаган.
Ғамхўрлик тизими шу қадар мукаммалки, ундан мукаммалроқ тизим ҳали
ўйлаб топилмаган. Бу ғамхўрлик тизими – чўпонлик деб аталади.
Ушбу тизим Худо томонидан кашф этилган, Худо томонидан бошқарилади
ва Худо томонидан қўллаб–қувватланади.
Бироқ оммавий ахборот воситалари бу тизимни четлаб ўтади.
Чўпон бўлиш ҳақида Юҳанно 10–боб, 1–18–оятларда батафсил айтиб
ўтилган. Келинг, сизга ўша парчани ўқиб бераман:
Исо — яхши чўпон
Исо деди: “Сизларга чинини айтайин: ким қўй қўрасига эшикдан кирмай,
бошқа йўлдан ошиб тушса, у ўғри ва босқинчидир. Эшикдан кирган одам эса
қўйларнинг чўпонидир. Қоровул унга эшикни очиб беради. Қўйлар унинг
овозига қулоқ солади. У эса ўз қўйларини номма–ном чақириб ташқарига
олиб чиқади. У ўз қўйларини қўрадан олиб чиққанда, уларнинг олдида
бораверади. Қўйлар эса унга эргашади, чунки улар чўпоннинг овозини
биладилар. Бегона кишига эса эргашмайдилар. Аксинча, бегонанинг овозини
танимай, ундан қочадилар.”
Исо бу матални айтиб берганда, тингловчилар У нима демоқчи эканлигини
тушунмадилар. Шу сабабдан Исо яна деди: “Сизларга чинини айтай: Мен
қўйлар учун эшикман. Мендан олдин келганларнинг ҳаммаси ўғри ва
босқинчи эдилар. Лекин қўйлар уларга қулоқ солмадилар. Мен эшикман. Ким
Мен орқали кирса, нажот топади. У кириб чиқиб, яйлов ҳам топади. Ўғри
фақат ўғирлаш, бўғизлаш, барбод қилиш учун келади. Мен эса уларга ҳаёт,
фаровон ҳаёт бериш учун келганман.
Мен яхши чўпонман. Яхши чўпон қўйлари учун жонини фидо қилади.
Ёлланган одам эса қўйларнинг на чўпони, на эгасидир. У бўрининг келганини
кўргач, қўйларни ташлаб қочади. Бўри эса қўйларни талаб, тумтарақай
қилади. Ёлланган одам шунчаки ёлланган бўлгани учун ва қўйлар ҳақида
қайғурмагани учун қочади.
Мен яхши чўпонман. Осмондаги Отам Мени ва Мен Отамни билганимдай,
Мен қўйларимни биламан, улар ҳам Мени биладилар. Мен қўйларим учун
жонимни фидо қиламан. Бу қўрада бўлмаган бошқа қўйларим ҳам бор.
Уларни ҳам олиб келишим керак. Улар ҳам Менинг овозимга қулоқ солади,
шунда бир сурув, бир чўпон бўлади. Мен жонимни қайтиб олиш учун уни
фидо қиламан, шу боис Отам Мени яхши кўради. Ҳеч ким жонимни Мендан
тортиб ололмайди. Мен Ўз ихтиёрим билан уни фидо қиламан. Жонимни
беришга ва уни қайтариб олишга ҳокимиятим бор. Буни Менга Отам
буюрган.”
Чўпоннинг вазифаси ҳақида менда 3та савол бор.
1–савол:
Чўпоннинг вазифасига нималар киради?
2–савол:
Чўпон кимларга ғамхўрлик қилиши керак?
3–савол:
Нима сабабдан чўпоннинг ғамхўрлиги муҳим ҳисобланади?
Демак, 1–саволимиз: Чўпоннинг вазифасига нималар киради?
Чўпоннинг вазифаси ҳақида юқоридаги 18–та оятда сўз юритилган. Ҳикоя шу
қадар содда ва тушунарли тилда ёзилганки, уни ёш бола ҳам тушуниши
мумкин.
Саволимизга жавобни нимадан бошлаймиз?
Бу саволга жавобни 11–оятдан топамиз. Демак, яхши чўпон қўйларига
ғамхўрлик қилиш учун ўз жонини ҳам фидо қилишга тайёр туради.
Аслида ҳар бир халқнинг бошқарувчиси чўпонга қиёсланади. Биз ўзимизнинг
раҳбарларимиз ҳақида ўйлаганимизда, биринчи навбатда уларнинг
феъл–атворидаги қусурларни кўра бошлаймиз. Бу кичкина корхона ёки
ташкилот раҳбарларига, ҳамда халқ йўлбошчиларига ҳам таалуқлидир.
Бутун дунёда шу муаммо мавжуд, чунки мукаммал инсоннинг ўзи йўқ.
Бироқ Исо Масиҳнинг чўпонлик вазифасига келсак, ундан на бир камчилик,
на бир хато топамиз. Зотан, Масиҳ мукаммал Зотдир.
Унинг феъл–атвори бенуқсондир.
Исо яхши Чўпондир.
Яхши сўзи бу ерда юксак маънавиятни билдиради.
Яхши сўзи ҳар томондан мукаммалликни билдиради, Исо қилган ҳар бир иш
яхши ва мукаммал эди, У сувни шаробга айлантирганда, шаробнинг сифати
ҳам аъло даражада эди.
Мукаммал. Аъло. Тенги йўқ. 100 балл!
Бу дегани, бундан яхшироғи йўқ.
Аъло Зот бизга чўпонлик қилмоқда.
Илоҳиёт мактабининг профессори бир йили ёзда Исроилда чўпонлик қилди.
Бундай яхши имкониятдан у қандай тажриба орттирди?
Биринчидан – чўпон билимли ва тажрибали бўлиши кераклигини у
ўрганиб олди. Чўпон ўз қўйларини ўтлатадиган яйловларни яхши
билиши шарт, чунки Исроилдаги қир–адирларда жарлик ва сойликлар
кўп. Баъзи жойларда эса қўйларни суғориш учун сув йўқ. Тажрибали
чўпон қўйларини қайси қирга олиб чиқиши кераклигини, уларни қайси
сўқмоқдан бошлаб бориши кераклигини ва қаерда яхши яйлов
борлигини билади. Чўпондан бундай билимга эга бўлиш талаб этилади.
Иккинчидан – чўпон сурувида нечта қўйи борлигини билиши керак. Ҳар бир
қўйнинг феъл–атворини ва қайси бирига қандай ғамхўрлик қилиш
кераклигини билиши шарт. Агар чўпон қўйларнинг имкониятини ҳисобга
олмай, уларни узоқ вақт дам олдирмай ҳайдаса, сурувидан ажралиб қолиши
ҳеч гап эмас. Демак, чўпон қўйларига эътиборли бўлиш лозим.
Учинчидан – чўпондан жисмоний куч талаб этилади. Баъзан қўй
жароҳатланиши мумкин. Бундай ҳолда қўйни елкага кўтариб кетиш ҳам
керак бўлади. Мен бу ерда кўз–кўз қилинадиган мушаклар ҳақида эмас,
балки амалий куч ҳақида гапиряпман. Чўпон чайир, ҳеч нарсадан
жирканмайдиган бўлиши керак. Кўп ҳолларда жароҳатланган ҳайвон ифлос,
сасиб кетган, пашша ёпишган, яраси йиринг боғлаган бўлиши мумкин ва
чўпон шундай жониворни қучоқлаб кўтариб кетишига тўғри келади.
Тўртинчидан – яхши чўпон кунига 24 соат бедор бўлади. Кечаси ҳам,
саҳарда ҳам қўйларидан хабар олади, уларга кўз–қулоқ бўлиб туради.
Бешинчидан – яхши чўпон қўйларини боқади, уларга керакли озуқани
етказиб беради. Вақтида уларни дам олдиради.
Олтинчидан – яхши чўпон қўйларини ҳимоя қилади. Исроил юртида
бўрилар, шеър, айиқлар каби йиртқич ҳайвонлар кўп. Уларнинг ҳеч бири
боқилган қўзичоқни ейишдан бош тортмаган бўларди. Чўпон эса сурувини
сақлаб қолиш учун, ўз жонини хавф остига қўйиб бўлса ҳам, қўйларига
тажоввуз қилган йиртқичлар билан олишади. Бундай олишувда унинг
кийими йиртилиши, ўзи эса яраланиши ҳам мумкин.
Еттинчидан – яхши чўпон қўйларини бошлаб боради. Қийин жойларда ҳам
қўйларга йўл кўрсатиб, ўзи сурувнинг бошида боради, сурувни уриб
ҳайдамайди.
Демак, чўпоннинг вазифаси нима?
Сизнинг Чўпонингиз Исо Масиҳ – яхши Чўпондир.
Юқорида тилга олинган ҳамма нарсани Исо сиз учун қилади.
Зеро, ҳақиқий чўпон ўз вазифасини тўлиқ бажариши шарт.
Бироқ, бу ҳали ҳаммаси эмас.
11–оятда шундай деб ёзилган: Яхши Чўпон қўйлари учун Ўз жонини фидо
қилади.
Исо шаҳид бўлиш учун жонини фидо қилмади.
Биз учун юксак маънавий намуна бўлиш учун ҳам хочда ўлмади.
Мен бу ерда оддий бир чўпонни назарда тутмаяпман.
Негаки, яйловдаги оддий бир чўпон ўлиб қолса, унинг бутун суруви
бўғизланиб, пароканда бўлади.
Мен бу ерда Исо Масиҳни назарда тутяпман, чунки Исо Ўз жонини қўйлари
учун фидо қилганда, ҳамма қўйлар бундан катта манфаат кўрди. Исо Ўз
жонини хочда фидо қилди.
Исо Ўз ўлими орқали сурувига ҳаёт ато этди.
Биз Чўпонимиз Масиҳга ишонар эканмиз, Унга таянар эканми, У туфайли
яшаймиз.
Чўпоннинг яна бир хусусияти 3–оятда тилга олинган:
“У эса ўз қўйларини номма–ном чақириб ташқарига олиб чиқади.”
Демак, чўпон ҳар бир қўйини билади, унинг номини айтиб чақиради.
Қуйлар чўпон учун шунчаки сурув, бир тўда ҳайвон эмас, у ҳар бир қўйини
билади.
Мен илоҳиёт мактабини тугатганимдан кейин, кураторимнинг кабинетига
кириб, айрим ҳужжатларга қўл қўйдиришим керак бўлди.
Унга ҳужжатларимни узатар эканман, у мендан: “Отинг нима?” – деб сўради.
Мен ўша кураторнинг қўли остида 3 йил давомида ўқидим, у эса ҳаттоки
менинг исмимни ҳам билмасди.
Мен ўзимни қандай ҳис қилганимни бир тасаввур қилиб кўринг.
Исо эса бизнинг исмимизни билади.
Биз У учун шунчаки сон эмасмиз.
У ҳар биримизнинг шахсиятимизни, қандайлигимизни жуда яхши билади.
Зеро, Исо учун бизнинг шахсиятимиз ўта муҳим.
4–оятда шундай ёзилган: “У ўз қўйларини қўрадан олиб чиққанда, уларнинг
олдида бораверади. Қўйлар эса унга эргашади, чунки улар чўпоннинг
овозини биладилар.”
Ушбу оят ҳақида бироз мулоҳаза қилинг, унинг маъноси қалбингизга сингиб
кирсин.
Исо бизни бошлаб боради,
Коинотни яратган Худо, бутун дунёнинг Нажоткори ҳар биримизга шахсан
ғамхўрлик қилади, ҳар биримизни бошлаб боради.
Сиз–чи, Унга эргашяпсизми? Унинг овозини биласизми?
7–оятга кўра, Исо қўйлари учун эшикдир.
Одатда қўйлар ёзги тунларни қўрада ўтказарди. Қўранинг атрофи тош ёки
пахсали девор билан ўралган, фақат бир томонида эшик бўларди.
Исонинг айтишича, У қўйлари учун эшикдир.
Исо орқали қўрага кирган киши нажот топади, у кириб чиқиб яйлов ҳам
топади. Исодан бошқа қўрага кириш жойи йўқ.
Қўйлар Исо орқали қўрага киришлари ва яйловга чиқишлари мумкин.
Чўпонимиз Исо қўйларининг қўрадаги ва яйловдаги хавфсизлиги учун жавоб
беради.
Сўнг 10–оятда шундай деб ёзилган:
“Ўғри фақат ўғирлаш, бўғизлаш, барбод қилиш учун келади. Мен эса уларга
ҳаёт, фаровон ҳаёт бериш учун келганман.”
Бу ҳақда бир ўйлаб кўринг.
Чўпонимиз Исо бизга ҳаёт бериш учун келган. Биз Исога таяниб
яшаганимизда руҳимиз жўшиб яшнайди, қалбимиздаги зулмат ўрнини нур
эгаллайди.
Гуноҳда туғилган, руҳи ўлик бўлган инсонга фақат Исо ҳаёт бера олади,
инсонни гуноҳ чангалидан фақат У қутқара олади.
Бироқ Исо шулар билан кифояланиб қолмайди, У бизга фаровон ҳаёт беради.
Хурсандчилик, иноят, тинчлик–осойишталикни мўл–кўл қилиб беради.
Биз чин ҳаётдан баҳра оламиз.
Ҳеч нарсадан афсус–надомат чекмаймиз.
Бизнинг Худойимиз зиқна Худо эмас, У бизга мўлчилик ва фаровонликни
раво кўради.
Ушбу дунё турли хил динлар, оқимлар ва бутларга тўлиб кетган.
Бироқ фақат Исо бизга фаровон ҳаёт беришга қодир. У бизга ғамхўрлик
қилади.
Аммо булар ҳам ҳаммаси эмас.
14–оятда шундай деб ёзилган: “Мен яхши чўпонман … Мен қўйларимни
биламан, улар ҳам Мени биладилар.”
Исо бизни яқиндан билади.
Бизчи, одамларни яқиндан билиш учун қанча вақт сарф қиламиз? Бошқалар
билан муносабатимизни яхшилаш, уларни янада яқинроқ таниб билиш учун
нималар қиляпмиз?
Ёнимизда қалбимизни, юрагимизнинг тубини билган бир Зот турибди. Биз
Уни юзимиздаги ниқоб билан алдай олмаймиз, қилган ишларимиз билан
Унинг кўзига чанг сепиб, хатоларимизни хаспўшлаб кетолмаймиз.
У бизнинг ўй–хаёлларимизни билади.
Биз ҳам Уни яқиндан таниб билишимизни У хоҳлайди.
У биз билан дилкаш, яқин муносабатда бўлмоқчи.
Келинг 14–оятга яна эътиборимизни қаратайлик. У ерда шундай ёзилган:
“Мен қўйларимни биламан…”
Демак, биз Унга тегишлимиз.
Унинг қўйларимиз.
Ҳар бир инсон ҳаётининг қайсидир даврида ўзини ёлғиз ҳис қилган.
Дарҳақиқат, баъзан биз ўзимизни ташландиқ, ҳеч кимга тегишли эмасдай
сезамиз.
Чўпонимизнинг меҳрга тўла ғамхўрлиги туфайли, Унга қарашли ҳеч бир
инсон ўзини ташландиқ ҳис қилмайди.
Агар сиз Исо Масиҳни Нажоткорингиз, деб қабул қилган бўлсангиз, демак
ёлғиз эмассиз. Сиз то абад Худонинг оиласига тегишлисиз.
Бир ҳафта давомида Юҳанно 10–боб, 1–18–оятларни ўқиб, улар борасида
мулоҳаза юритинг.
Шунда Чўпонимиз Исонинг тенгсизлигини,
Меҳрибонлигини, мулойимлигини, ғамхўрлигини,
Яқинлигини
Бизни ҳимоя қилаётганини, бизга эътибор қаратганини,
Собитлигини, тинчликпарварлигини,
Чўпон сифатида жонкуярлигини кўрамиз.
Зеро Худо ҳар биримизни Ўзи учун танлаб олди.
Худо бизни бошқаради,
У бизга хомийлик қилади.
Буларнинг барчаси 1–саволимизга жавоб эди. Мана шуларнинг ҳаммаси
чўпоннинг вазифасига киради. Бундай ғамхўр чўпонни ким хоҳламайди,
дейсиз?!
2–саволимиз: Чўпон кимларга ғамхўрлик қилиши керак?
Бу саволга жавоб содда: Чўпон қўйларга ғамхўрлик қилиши керак.
Аммо инсон учун қўй бўлиш осон вазифа эмас.
Қўйларга озгина ақл ва тозалик етишмайди.
Ишаё пайғамбар 53–боб, 6–оятда шундай деб ёзган эди:
“Ҳаммамиз қўйлардай йўлдан адашдик”
Қўйлар осонликча йўлдан адашади, шу боис Ишаё бизни қўйларга қиёслаган.
Қўйлар кўк ўт еб, кетаверади. Қаерда кўк ўт бўлса шу томон йўл олади. Агар
уларни тўхтатмасангиз улар бошқа шаҳарга ҳам кетиб қолиши ҳеч гап эмас.
Забур китобининг 22–саносида шундай ёзилган:
“Эгам Менинг чўпонимдир, мен муҳтожлик кўрмасман асло.
Ям–яшил яйловларда У менга ором беради…” (сўзма–сўз таржимада “мени
ётқизади).
Қўй ақлсиз ҳайвондир, шунинг учун жазирама қуёшда ҳам, ҳушини йўқотиб,
йиқилиб қолмагунча миқ этмай тураверади. Чўпон қўйларни ётқизиб қўяди.
Баъзан биз ҳам қўйлардай, қачон дам олишимиз кераклигини билмаймиз.
Ҳушимиздан кетиб, йиқилиб қолмагунимизча зўр бериб ишлайверамиз.
Шунинг учун баъзан Худонинг Ўзи бизни тўшакка ётқизиб қўяди.
Забур муаллифи сўзида давом этиб, шундай ёзади:
“Сокин ирмоқлар бўйида У мени етаклайди.”
Асосий эҳтиёжларимиз қай тарзда ва қаерда қондирилиши кераклигини Худо
жуда яхши билади. У бизни керакли жойга етаклайди.
Ўзини қўй деб билган инсон, ҳеч қачон ҳеч кимнинг олдида керилмайди ва
мақтанмайди.
Шунинг учун бугунги сизга бермоқчи бўлган саволим қуйидагича:
Сиз Исонинг қўйимисиз?
Бу саволга жавоб беришда шошилманг.
Чунки Исонинг қўйларини аниқлаш учун 4та кўрсатгич мавжуд.
Ушбу кўрсатгичлар Исо томонидан белгиланган.
3–оятда ёзилишича: “Қўйлар унинг овозига қулоқ солади”
Кенг яйловда иккита чўпон суҳбат қураётган эди. Шу пайт иккита катта
сурув бирлашиб, катта бир тўдани ҳосил қилди.
Энди бу чўпонлар қандай қилиб қўйларини ажратиб олишади?
Бу жуда осон.
Чўпоннинг биттаси овоз чиқаради, шунда унинг барча қўйлари атрофига
йиғилади, чунки қўйлар чўпонининг овозига қулоқ солади.
Шу боис, сиз ҳам вақт ажратиб Чўпонингизнинг овозига қулоқ солганингиз,
Муқаддас Китобни ўқиганингиз жуда яхши. Чунки шу орқали сиз Худонинг
овозига қулоқ тутасиз.
Худонинг овозини яна қандай йўл билан эшитиш мумкин?
Сиз ҳар сафар Муқаддас Китобни очганингизда, дунёнини яратган Илоҳий
Зот, сизнинг Нажоткорингиз, Чўпонингиз қалбингизга гапиради.
Бу ажойиб эмасми?!
Шундай экан, Муқаддас Китобни ҳар куни ўқиш биз учун ўта муҳим вазифа
бўлиши керак.
Икки йил олдин бир дўстимнинг эшитиш қобилияти анча ёмонлашганди.
У шифокор олдига боргандан кейин, қулоғи кирга тўлиб, битиб қолганини
билиб, жуда уялиб кетди.
Қулоғи тозалангандан кейин, у яна яхши эшитадиган бўлди.
Сизнинг қулоғингиз очиқми? Тавба қилинмаган гуноҳ туфайли Чўпоннинг
овозига нисбатан ёпилиб қолмадимикан?
Қўйлар қулоқ солади. Сиз–чи, қулоқ соласизми?
4–оятда “Қўйлар эса унга эргашади, чунки улар чўпоннинг овозини
биладилар.” – деб ёзилган.
Янги Аҳд таълимотига кўра, эргашмоқ шогирдларга ҳос хислатдир. Исонинг
шогирдлари ҳамма нарсани ташлаб Устозига эргашган эдилар.
Эргашмоқ – нафақат инсоннинг ҳатти–ҳаракатини билдиради, балки ичидан,
қалбдан эргашишни англатади.
Демак, биз Исога ҳам оёғимиз билан, ҳам қалбимиз билан эргашишимиз
керак.
4–оятда, биз Исога фақат якшанба кунлари, жамоат йиғилиши бўлган пайтда
эргашишимиз керак деб ёзилмаган.
Исога эргашиш ҳаёт тарзимиз бўлиши даркор. Биз Масиҳга сидқидилдан
итоат қилишимиз, Уни севишимиз, бошқаларни кечиришимиз,
меҳр–оқибатли бўлишимиз, Худога вақтимизни, қобилиятларимиз ва
бор–йўғимизни бағишлашимиз кераклигини билдиради. Шу ўтган ҳафта
давомида сиз буларнинг қайси бирини қилдингиз? Исога эргашганингиз
сизнинг ҳаётингиздан маълумми?
Хуллас, қўйлар чўпоннинг овозига қулоқ солиб, Унга эргашадилар.
5 ва 8–оятларга кўра эса, қўйлар ўғри ва босқинчиларга қулоқ солмайдилар.
Яқинда бир дўстим менга қўнғироқ қилиб: “Биз жамоатимиздан кетяпмиз”
деб айтди.
Бунга қуйидаги нарса сабаб бўлди:
Чўпон Муқаддас Китобга зид бўлган нарсаларни ўргатарди. У Худо ман
этган нарсаларни қилишга одамларни чақирарди. Чўпоннинг бундай
таълимоти дўстимда шубҳа уйғотди, у чўпондан эшитган ҳамма нарсани
Муқаддас Китобга қиёслай бошлади ва унинг сохта устоз эканини аниқлади.
Шунинг учун, жамоатдан кетишга қарор қилди.
Бошқа бир дўстим эса руҳшуносликка оид бир масиҳийча китобни топди. У
китобнинг 71та бетини ўқигандан кейин менга қўнғироқ қилди.
У шунга эътибор бердики, ўша 71–бет давомида муаллиф бирон марта ҳам
Муқаддас Китобни тилга олмаган.
Муқаддас Китобга асосланмаган руҳшуносликни масиҳийча, деб асло атаб
бўлмайди.
Биз кўраётган кўплаб кинолар бизга нималарни ўргатмоқда? Агар биз
кинонинг мавзуси ва моҳиятига эътибор бериб, қалбимизга қулоқ тутсак,
қалбимиз “Бу бўлмағур кинони кўришни бас қил!” деб ўтинганини эшитамиз.
Нимага мен қалбимга қулоқ тутишим керак? – деб ўйлашимиз мумкин.
Менга доим Чўпоннинг ёрдами керак бўлади ва Исо кўп маротаба бизга
қалбимиз ва виждонимизнинг сокин овози орқали гапиради.
Биз бир муддат сохта устозларга қулоқ тутишимиз мумкин, аммо Муқаддас
Китобни доимий тарзда ўқиган одам устознинг сохталигини англаб олади.
Исонинг ҳақиқий шогирди шундай йўл тутади.
Қўй чўпоннинг овозига қулоқ солади, фақат унга эргашади, бегоналарга
эргашмайди.
9–оятда шундай ёзилган: “Мен эшикман. Ким Мен орқали кирса, нажот
топади. У кириб чиқиб, яйлов ҳам топади.”
У топган яйлов мўл, озуқага бой, осойишталик ва қувонч келтиради.
Чўпонига эргашган қўйлар хотиржам ва бехатар бўлади, чўпони уларга
ғамхўрлик қилади, шунинг учун улар асло муҳтож бўлмайди.
Шу гаплардан кейин эсга Забур, 22–сано, 1–оят келади:
“Худованд — Чўпоним менинг, мен муҳтожлик кўрмайман асло.”
Худонинг ҳар биримиз учун тузган маҳсус режаси бор, ўша илоҳий режани
амалга оширишимиз учун Худо бизга керакли ҳамма нарсани етказиб беради.
Бундан кўпини ҳам эмас, камини ҳам эмас.
Забур 22–санонинг 1–ояти энг машҳур оят десак муболаға бўлмайди, бироқ
камдан–кам одам унга тўлиқ ишонади.
Ҳар куни хавотирга тушаётган одамларнинг сонига бир қаранг.
Ҳатто масиҳийлар ҳам ташвиш тортади.
Кўзгуга қараганингизда балки ўшандай инсонни кўзгуда ҳам кўрарсиз.
Аслида эса Худонинг қўйлари ҳаётдан завқ олишлари керак.
Агар имонлилар ҳақиқатан ҳам, ўз Чўпони уларга ғамхўрлик қилишига
ишонганларида эди, атрофимизда ҳаётдан кўнгли тўқ одамларни кўпроқ
кўрган бўлармидик?!
Атрофингиздаги одамларга бир назар солинг, уларнинг кўпчилиги аҳлоқсиз
аёллардан, наъша чекишдан, қимор ўйнашдан ва бошқа кўплаб нарсалардан
завқ олишга, ором топишга ҳаракат қилади.
Бироқ буларнинг ҳаммаси ёлғондир, бу нарсалар инсон қалбини
қониқтирмайди.
Инсон фақат Худодан завқ топа олади, фақат Унда ором олади.
Сиз бугун Исонинг ҳузуридан завқ олдингизми?
Худонинг суруви Исонинг овозига қулоқ солади, Унга эргашади, ҳаётдан
завқ олади, бегоналардан эса қочади.
Сизчи – Худонинг сурувидаги қўймисиз?
Биз бу ерда гуноҳлардан тавба қилиш ҳақида сўз очмадик.
Нимага? Чунки бугунги мавзуимизда: гуноҳларингдан тавба қилган бўлсанг
Худонинг сурувига тегишлисан, деб айтилмаган. Тавба ибодатини қачон
қилганингиз, бир ҳафта олдинми, бир ой олдинми ёки бир йил олдинми
муҳим эмас.
Тавбанинг ўзи муҳим.
Бироқ нажот топганимиз – ўтмишда айтган ибодатимизга эмас, кундалик
ҳаётимизга бевосита боғлиқ. Сиз кундалик юриш–туришингизда Масиҳга
тегишли эканингизни кўрсатишингиз керак.
Агар сиз ҳақиқатан ҳам гуноҳларингиздан тавба қилган бўлсангиз,
Чўпоннинг овозига қулоқ тутасиз, Унга эргашасиз, бегоналардан қочасиз ва
Худодан завқ оласиз.
Агар художўйлигингиз аломатлари кундалик ҳаётингизда намоён бўлмаса,
демак қилган тавбангиз ҳам сохтадир.
Демак, “Чўпон кимларга ғамхўрлик қилиши керак?” ёки “Қўйлар ким?” деган
саволимизга жавоб қуйидагича: “Агар сиз Худонинг овозига қулоқ тутсангиз,
Унга эргашсангиз, бегоналардан қочсангиз ва Худодан завқ олсангиз, демак
сиз Худонинг сурувидаги қўйсиз”.
Энди охирги саволимизга ўтамиз.
3–савол: “Нима сабабдан чўпоннинг ғамхўрлиги муҳим ҳисобланади?”
Биз шундай саволлар беришимиз мумкин:
Мен ўзимга ўзим чўпон танлашга ҳақли эмасманми?
Мен Худонинг суривидаги қўйманми ёки йўқми, нима фарқи бор?
Биз шу пайтгача айтган ҳамма гапларимизнинг аҳамияти нима?
Буларга жавобни Юҳанно 10–боб, 1,10,12 ва 13 оятлардан топамиз.
Дунё ёвузликка тўлган, ёвузлик эса тажовузкор бўлади. У жим турмайди,
кутилмаганда ҳужум қилиб қолади.
1–оятга кўра, қўйлар кечаси бехатар бўлишлари учун қўрада ётибди.
Юқорида айтганимиздай қўра бу – уч томондан тош ёки пахса девор билан
ўралган бир жой. Қўранинг томи бўлмайди, лекин кириб чиқиш учун эшиги
бўлади.
Бу оятда қўрага тушган ўғри ва босқинчилар – сохта чўпонлардир.
Бундай чўпонлар Исони тан олмайди, Исо орқали қўрага кирмайди, улар
қандай бўлса–да қўйларга эга бўлишни исташади.
Шу боис улар қўрага эшик орқали эмас, девордан ошиб тушади ва қўйларни
ўғирламоқчи бўлишади.
Исо бу ҳикояни сўзлаб бераётганда, тингловчилари орасида Фарзий ва
Саддуққийлар бўлган бўлиши мумкин.
Фарзий ва Саддуққийлар ўша ўғриларга қиёсланган.
Улар ўзларини устоз ва муаллим деб аташарди.
Улар одамлардан мақтов ва олқишларни эшитмоқчи бўлардилар, Худо билан
эса асло иши бўлмасди, улар фақат оғизда Худони улуғларди.
Бугунги кунда орамизда Фарзийлар ва Саддуқийлар йўқ.
Аммо турли хил диний оқимлар, мафиялар, жиноятчилар тўдалари ва
гиёҳвандлар бор. Қўшиқчиларни, кино юлдузларини, спорт юлдузларини ҳам
эсдан чиқармайлик. Улар ҳам одамларнинг олқишларига интизор.
Юлдузларимизга бир назар солайлик, улар шу қадар юксак даражада
улуғланишлари учун қандай каромат кўрсатдилар?
Бу каби сохта устозлар, мураббийлар ва кетидан халқни эргаштирган
юлдузлар ўғри ва босқинчидирлар, улар Масиҳ ҳақида ҳеч нарса билишни
истамайдилар, бироқ халқни кетидан эргаштиришга ҳаракат қиладилар.
Одамларни бошқаришга уринадилар.
10–оятда ўғриларнинг асл нияти ҳақида ёзилган: “Ўғри фақат ўғирлаш,
бўғизлаш, барбод қилиш учун келади…”
12 ва 13–оятларда эса шундай ёзилган: “Ёлланган одам эса қўйларнинг на
чўпони, на эгасидир. У бўрининг келганини кўргач, қўйларни ташлаб қочади.
Бўри эса қўйларни талаб, тумтарақай қилади. Ёлланган одам шунчаки
ёлланган бўлгани учун ва қўйлар ҳақида қайғурмагани учун қочади.”
Фақат чўпон қўйларига ҳақиқатан ғамхўрлик қилади.
Инсоннинг шахсияти ва феъл–атвори бир–бирига чамбарчас боғлиқдир.
Инсоннинг қалби қандай бўлса, ўзини шундай тутади.
Ичи чиркин бўлган инсон ўғриликка қўл уради.
Қалби пок одам эса самимий бўлади, у ҳақиқатни гапиради.
Ёлланган одамнинг қўйлар билан иши йўқ, у фақат пул ишлаш наздида бу
ишга қўл урган.
Шу сабабдан бундай одамлар ёлланган одам деб аталади.
Хавф соя солганда улар тумтарақай бўлиб қочади, чунки уларнинг қўйларга
юраги ачимайди.
Улар ўзларини қутқариш билан банд.
Бундай одамлар пулпараст ва очкўз бўлади.
Ёлланган одам қўйларга ғамхўрлик қиладими?
Фақат муайян бир даражади. Чунки ёлланган одам бировнинг нарсасига жон
куйдирмайди, меҳр бермайди.
Бундай таъриф қўйлардан ўз манфаати учун фойдаланган барча сохта
чўпонларга мос келади.
Кўплаб одамлар сизга чўпонлик қилишни истайди.
Улар сизга чўпонлик қилиш учун тиш–тирноғи билан ёпишади.
Бироқ уларнинг феъл–атвори қандай? Шунга албатта эътибор беринг.
Чўпоннинг ғамхўрлигидан бош тортган одамларнинг қисмати қандай
бўлади?
Исо ушбу оятларда бу ҳақда нима айтмоқчи?
Ҳар бир инсон ё Худонинг ғамхўрлиги остида ё шайтоннинг измида бўлади.
Шайтон инсоннинг ғамини емайди, аксинча уни хор қилади.
Демак, “Нима сабабдан чўпоннинг ғамхўрлиги муҳим?”
Чунки у бизни сохта устозлардан ва ёлғондан ҳимоя қилади.
Ҳаётимизни босқинчилардан, беҳудаликдан ва дўзаҳдан асрайди.
Қўйлар доно эмас, ожиз бўлади, уларга чўпоннинг ғамхўрлиги ва ҳимояси
керак.
Қўйларга яхши чўпон керак.
Худонинг бизга бўлган чўпонлик ғамхўрлиги – илоҳий меҳр–шафқат ва
ҳимояси рамзидир.
Сиз яхши Чўпоннинг ҳимоясидамисиз?
Барҳаёт экансиз, Чўпоннинг ҳимоясига кириш имконингиз бор, жонингиз
узилиши биланоқ бундай имкониятдан маҳрум бўласиз.
Умрингиз қачон тамом бўлишини эса билмайсиз.
Бу ҳаётда Худонинг паноҳида яшамаган инсон кўп нарсадан ўзини маҳрум
қилади.
Сиз Исони Нажоткор – Масиҳ деб қабул қилганингиз заҳоти У сизга
чўпонлик қила бошлайди. Раббимиз сизнинг абадий Чўпонингиз ва
Нажоткорингиз бўлади.
Буни ортга суришнинг нима ҳожати бор?
Яхши, савоб ишлар қилиш, рўза тутиш, закот ва ушр бериш ёмон нарса эмас.
Бироқ бу яхши ишларингиз сизни гуноҳдан фориғ қилмайди.
Фақат Исо Масиҳ гуноҳларингизни юва олади.
Ҳаётингизни бугуноқ Масиҳга бағишланг.
Шунда ҳақиқий, фаровон ҳаётга эга бўласиз.
Бундай аъло имкониятдан воз кечишнинг нима фойдаси бор.
Ўтган йил давомида мен баъзи қийин вазиятларга дуч келдим.
Шунда ўзимга ўзим: “Менинг Яхши Чўпоним бор, – деб эслатардим. –
“У Менга ғамхўрлик қилади. Доим мен учун қайғуради. У қалбимга таскин
беради, юрагимни тинчликка тўлдиради. Ҳаётда шижоат билан қадам
ташлашимга менга мадад беради. У ҳеч қачон мени тарк этмайди, мени уятга
қўймайди. ”
Тушунинг, Яхши Чўпон ҳеч қачон биздан юз ўгирмайди.