Ирим–сирим
САВОЛ: ИРИМ–СИРИМ НИМА?
“Ирим–сирим бирор бир нарса ёки ҳаракат омад ёки омадсизлик, лаънат ёки баракат келтиришига ишонишдир. Ирим–сирим ортида мантиқ эмас, балки жодугарлик, сеҳргарлик ва бошқа ғайритабиий нопок кучлар туради.”
САВОЛ: КЕНГ ТАРҚАЛГАН ИРИМ–СИРИМЛАР ҚАНДАЙ?
Мисол учун, сиз биров ҳақида ёмон бир хабар эшитсангиз, “Бало ёғочга урсин”, деб тахтали буюмга уч марта уриб қўясиз.
Йўлингизни қора мушук кесиб ўтса ёки ҳовлингиз устида бойўғли учиб ўтса, омадсизлик юз беради, деб ишониш.
Супургини турғизиб қўйб бўлмайди, оёққа супурги тегиб кетса яхши бўлмайди.
Нонни ерга ташласанг кўзинг кўр бўлади.
Жанозадан қайтаётган одамларга “Бизникига келинглар”, деб айтсангиз, ўз хонадонингизга ўлимни таклиф қилаётган бўласиз.
Бировнинг боласига кўз тегмаслиги учун, уни мақташ керак эмас, уч марта туфлаб қўйиш керак.
Боланинг қўлига кўзмунчоқ тақиш керак.
Пешонасига қора куя суртиб қўйиш керак ва ҳоказолар.
Астрология – (остро юнонча юлдуз, логос –фан). Айрим кишилар ва халқлар тақдирини осмон ёритқичларининг вазияти ва жойлашувига қараб, айтиш билан шуғулланадиган таълимот, тақвим. Буни яна илми нужум, ёки мунажжимлик, деб айтишади. Булардан ташқари сонлар илми ҳам мавжуд, одамлар сонларга қараб, одамнинг руҳияти ва характерини таъбир қилишади.
САВОЛ: МУҚАДДАС КИТОБДА ИРИМ–СИРИМ ҲАҚИДА БИРОН НАРСА ЁЗИЛГАНМИ?
Шоҳлар биринчи китоб 4–боб, 3–оятда шундай ёзилган:
Лашкар қароргоҳга қайтгач, Исроил оқсоқоллари шундай дедилар:
— Нима учун бугун Эгамиз бизни Филистларга мағлуб қилиб берди? Эгамизнинг Аҳд сандиғини Шилўдан бу ерга олиб келайлик. Аҳд сандиғи бизнинг орамизда борсин, токи бизни ғанимларимизнинг қўлидан қутқарсин.
Халқ гуноҳларидан тавба қилишнинг ўрнига ирим қилиб, Аҳд сандиғини ўзлари билан жангга олиб бордилар, шу орқали улар Худонинг раҳмини уйғотиб, ғалаба қозонмоқчи бўлдилар.
Еремиё 44–боб, 17–19–оятларда шундай ёзилган:
Биз само қироличасига қурбонликлар қиламиз, шароб назрини келтирамиз, деб онт ичганмиз, бу онтимиздан қайтмаймиз. Биз ўзларимиз, ота–боболаримиз, шоҳларимиз, аъёнларимиз Яҳудо шаҳарларида, Қуддус кўчаларида нима қилган бўлсак, шуни қилаверамиз. Нега десангиз, ўша замонларда биз истаганимизча нон ер эдик, турмушимиз фаровон эди, ғам чекмас эдик. Аммо само қироличасига қурбонликлар қилишни ва шароб назрини келтиришни тўхтатганимиздан бери етишмовчиликдан бошимиз чиқмайди. Қанча одамларимиз очарчиликдан ўлиб, урушда қирилиб кетди.” Хотинлар ҳам шундай деб айтдилар: “Биз само қироличасига қурбонликлар қилаверамиз, шароб назрларини келтираверамиз! Само қироличасига шароб назр қилишимизни, унинг шаклида нонлар ёпишимизни эрларимиз билади–ку!”
Само қироличаси аслида мавжуд эмас, бироқ халқнинг бутпарастлиги туфайли ва ирим–сиримга ишонишлари оқибатида, улар аслида жинларга қурбонликлар келтираётган эдилар.
Шоҳлар биринчи китоб 5–боб, 5–оятда шундай ёзилган:
Шунинг учун Дўғон руҳонийлари ва Дўғон уйига келиб сажда қилувчиларнинг бирортаси бугунгача Ашдоддаги бу жойнинг остонасини босмайди, улар остонани ҳатлаб, ичкарига киришади.
Бут Дўғоннинг ҳайкали йиқилиб, боши ва иккала қўли синиб, остонада ётгани учун, одамлар “остонага босган одам лаънатга гирифтор бўлади”, деб ишонишарди. Шунинг учун ҳамма остонони ҳатлаб, ичкарига киришарди.
Шоҳлар учинчи китоб 18–боб, 28–оятда шундай ёзилган:
Хуллас, улар баланд овоз билан бақиравердилар. Кейин, одатларига кўра, ўзларига пичоқ ва найза санчиб, қон оқиздилар.
Одамлар ўзларига жароҳат етказиш орқали Худонинг раҳмини ва меҳр–шафқатини уйғотмоқчи бўлишарди.
——————
Муқаддас Китоб воқеаларини ўқисангиз, ирим–сиримнинг бошқа мисолларини ҳам топасиз. Мен уларни ўқиганимда қаттиқ хафа бўламан, йиғлагим келади. Ирим–сиримнинг кучи инсонни қул қилади, инсон ёлғонга ишонгани учун ўз муаммосини ҳал қила олмайди ёки қийин вазиятни яхшилашга ожиз бўлади.
Эътибор беринг, Муқаддас Китобдан келтирилган барча мисолларда ирим–сиримга ишонган одамлар масиҳий бўлмаганлар, улар бутпарастлар ёки Худога итоат қилмаган Исроил халқи эди. Ягона Худога ишонган ва У билан яқин муносабатда бўлган инсон ирим–сиримга ишонмайди.
САВОЛ: МАСИҲИЙ ИРИМ–СИРИМЛАРГА ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА БЎЛИШИ КЕРАК?
У ирим–сиримга ишониши керак эмас!
Нимага? Бу жуда осон савол.
Муқаддас Китобга кўра, Худо бутун коинотни назорат қилиб туради, бутун борлиқ Унинг назорати остида. Худо ҳамма нарсани назорат қилар экан, ирим–сирим асоссиз ва бемаъманидир.
Эфесликларга мактуб 1–боб, 11–оятда шундай ёзилган:
Худо ҳар бир нарсани Ўз хоҳиш–иродаси бўйича амалга оширади.
Худо ҳамма нарсани бошқариб туради.
Ҳикматлар 16–боб, 33–оятда шундай ёзилган:
Қуръа ташланади, аммо барча қарор Эгамиздандир.
Одам қарор чиқарганда қуръа ташлайдими ёки чўп тортадими, фарқи йўқ, зеро барча қарор Эгамиздандир. Унинг хоҳиш–иродаси амалга ошади, ҳар бир қарор Раббимиздандир.
Еремие 10–боб, 23–оятда шундай ёзилган:
Эй Эгам, биламан,
Одам зоти ўз тақдирини ўзи белгилай олмайди,
Ўз қадами ўзининг ихтиёрида эмас.
Одам ўз ҳаётини ўзи бошқаради деб ўйлайди, аслида эса ундай эмас.
Амос 3–боб, 6–оятда шундай ёзилган:
Хўш, шаҳарда бурғу чалинса, ким саросимага тушмайди?!
Эгамизнинг иродасисиз ҳеч бир кулфат шаҳарга келмайди.
Шаҳримизда юз берган ҳар бир воқеага Худо изн берган бўлади.
Ёқуб 4–боб, 13–15–оятларда шундай ёзилган:
Ҳой, қилмоқчи бўлган ишлари билан мақтанадиганлар, менга қулоқ солинглар! Сизлар: “Бугун ёки эртага фалон шаҳарга бориб, у ерда бир йил яшаймиз. Савдо–сотиқ қилиб, пул ишлаб келамиз”, дейсизлар. Эртага нима бўлишини сизлар қаердан биласизлар?! Умрингиз бир лаҳза кўзга кўриниб, кейин ғойиб бўладиган тутунга ўхшайди–ку! Бунинг ўрнига сизлар: “Эгамиз хоҳласа, соғ–саломат бўлсак, уни ёки буни қиламиз”, деб айтишингиз керак.
Бу билан нима айтмоқчиман? Нимаики қилмасангиз, ўша ишни Раббимизнинг қўли остида қилинг, бошлиқ мен эмас, Раббим, деб ўша ишни сидқидилдан бажаринг. Ўз ўрнингизни билинг. Сиз бу дунёда ғариб ва мусофир эканингизни унутиб қўйманг.
Ҳаворийлар 4–боб, 27–28–оятларда шундай ёзилган:
Ҳақиқатан, Ҳирод билан Пўнтий Пилат ғайрияҳудийлар ва Исроил халқи билан бирга бу шаҳарда Сенинг муқаддас Қулинг, Ўзинг Масиҳ қилиб танлаган Исога қарши тўпландилар. Қудратинг ва хоҳиш–ироданг билан Ўзинг илгаридан қарор қилган ҳамма нарсани улар ижро этдилар.
Бу дунёда ҳеч нарса Худонинг ижозатисиз содир бўлмайди. Ҳеч нарса. Тўғри, Худо ёмонлик қилмайди, бироқ шайтон қилган ёмонликдан Худо моҳирона фойдаланади, уни ўз режаси йўлида ишлатиб, илоҳий мақсадини амалга оширади. Хоч бунинг яққол намоёндасидир. Ҳа, Худонинг илоҳий режаси амалга ошади.
Ирим–сирим эса аслида буюм ёки ҳаракат билан боғлиқ бўлган асоссиз ишончдир, ҳеч қандай буюм ўзидан–ўзи сизга на яхшилик, на ёмонлик келтира олади. Ҳеч нарса ўзидан–ўзи содир бўлмайди, ҳамма нарса Худонинг иродаси бўйича бўлади.
“Агар сиз бирон бир ҳодиса юз беришига йўл қўйсангиз, сиз қимоқчи бўлган иш, қандай натижа беришини била туриб, ўша ишга қўл урсангиз, демак буни донолик билан қилишингиз керак. Худо ҳам шундай у барча ҳодисотни Ўз режаси йўлида донолик билан ишлатади.”
Бу билан нима айтмоқчиман: ирим–сиримга ишонган одам аслида Худонинг илоҳий режасини, доно, меҳр–шафқат ва севгига бой, мутлақ ҳокимиятини рад этган бўлади.
Беқарор, асоссиз, зиён келтирувчи ва аҳмоқона ирим–сиримларга ишонгандан кўра, одам мустаҳкам, ишончли, асосли ва далилларга асосланган Муқаддас Китобга ишонгани маъқул. Муқаддас Китобдаги ҳақиқат уни бошқаради.
Муқаддас Китоб ҳаётимизни бошқаради
Тимўтийга иккинчи мактуб 3–боб, 16–оятда шундай ёзилган:
Муқаддас битикларнинг ҳаммаси илоҳий илҳом билан ёзилган бўлиб, таълим ва танбеҳ бериш, хатоларни тузатиш ва солиҳлик йўлида тарбия бериш учун фойдалидир.
Муқаддас Китобдаги ҳар бир сўз Худонинг оғзидан чиққан Муқаддас Каломдир, шу боис биз ўз ҳаётимизни Муқаддас Китоб ақидалари асосида қуришимиз керак.
Муқаддас Китоб биз учун керакли қуролдир. Тимўтийга иккинчи мактуб 3–боб, 17–оятда шундай ёзилган:
Битиклардаги ўгитлар бўйича яшаган Худонинг қули ҳар қандай яхши иш қилишга қобил бўлиб, тайёр туради.
Биз нажот топишимиз ва масиҳий бўлиб яшай олишимиз учун Муқаддас Китобда бизга зарур бўлган барча нарса бор. Худо биз учун ва замонамиз учун айтмоқчи бўлган ҳамма гаплар Муқаддас Китоб саҳифаларида ёзилган. Худо инсониятга аён қилмоқчи бўлган тўлиқ ҳақиқат у ерда аниқ ва равшан баён қилинган.
Ўз ҳаётини Муқаддас Китоб пойдевори устига қурган инсон доим Худони улуғлайди ва ўз ҳаётидан афсус чекмайди. Ҳақиқий бахт ва саодат Худода пинхондир. Худо уни бизга Муқаддас Китоб орқали очиб берди. Ҳақиқатни биз фақат Муқаддас Китобдан топамиз.
Биз Муқаддас Китобнинг илоҳийлигини қабул қилишимиз керак, акс ҳолда доимо янги таълимот ва янгиликлар орқасидан қувиб юраверамиз, бироқ улардан ҳеч қайси бизда доимий хурсандчилик ва қониқиш ҳиссини олиб келмайди.
Қонунлар 4–боб, 2–оятда шундай ёзилган:
Мен сизларга айтаётган амрларга ҳеч нарса қўшманглар, ҳеч нарса олиб ҳам ташламанглар. Мен сизларга бераётган Эгангиз Худонинг амрларига риоя қилинглар.
Ваҳий 22–боб, 18–19–оятларда шундай дейилган:
Бу китобнинг башорат сўзларини эшитувчи ҳар бир кишини огоҳлантираман: кимда–ким бу сўзларга бирор нарса қўшса, Худо ҳам ўша кишининг жазосига бу китобда ёзилган балоларни қўшади. Кимда–ким бу китобдаги башорат сўзларидан бирортасини чиқариб ташласа, Худо ҳам ўша кишини бу китобда ёзилган ҳаёт дарахтидан ва муқаддас шаҳардан бенасиб қилади.
Эҳтиёт бўлинглар, бу огоҳлантирувчи сўзларга риоя қилинглар. Дунёда мавжуд бўлган ҳар бир янги оқим, секта ёки сохта таълимот одатда ўша таълимот асосчисининг бирон бир ваҳийи ёки очиқлигига таянади, У Муқаддас Китобдан баъзи нарсаларни олиб, янгича нарсалар киритади.
Келинглар, биз донишманд инсонлар бўлайлик, ҳаётимизни Муқаддас Китоб пойдевори устига қурайлик.
Бутун эътиборимизни Муқаддас Китобга қаратайлик!
Муқаддас Китобни ўқийлик!
Оятлар ҳақида мулоҳаза қилайлик!
Унинг амрлари ва ўгитларига риоя қилайлик!
Агар сиз Исо Масиҳни ўз Раббингиз деб қабул қилган бўлсангиз, Муқаддас Руҳ қалбингизни маскан қилиб олади. У сизга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни тушунтириб беради, кўплаб асрлар олдин берилган бу ноёб Китобнинг ёрқин гавҳарлари ҳаётингизни бойитиб, безатади!
Ирим–сирим? ВАҚТИНГИЗ, ҲАРАКАТИНГИЗ ВА ПУЛИНГИЗНИ БУ БЎЛМАҒУР НАРСАЛАРГА АСЛО САРФ ҚИЛМАНГ!
Муқаддас Китобчи? “Муқаддас Китобда ёзилганлар тилингдан тушмасин, уларни битта қолдирмай бажаришинг учун кечаю кундуз улар ҳақида фикр юритгин. Шунда ишларинг юришиб, ўнгидан келади.” (Ёшуа 1:8)