Масиҳийликнинг бетакрорлиги:
Масиҳийча эътиқод бошқа динлардан нимаси билан фарқ қилади? Дунёдаги энг катта динларни бир бирига қиёслаш мумкинми?
Авваламбор, биз бу масалага холисона ёндашоғимиз даркор. Бир диннинг аъло мисолини бошқа диннинг қусури билан солишитириб бўлмайди. Шу боис, биз ҳар бир диннинг билимдон вакили билан суҳбат қуришимиз даркор. Динларни холисона қиёслай олишимиз учун, авваламбор, ҳар бир диннинг асоси нима эканини ўрганиб чиқишимиз керак бўлади. Дин пешволари нималарни тарғиб қилишлари ва ёзувларида нималарга урғу беришларини билишимиз керак бўлади. Демак, ҳар бир диннинг асосини ўрганишимиз мақсадимизга мувофиқдир, шу йўл билан биз диннинг туб моҳиятини тушуниб оламиз.
Эътиқод асоси: Ҳар бир дин нимани ҳақиқат деб тан олади? Имон ва эътиқодининг асосини нима ташкил қилади? Дин талаблари ва ақидаларини художўй одамлар қай тарзда бажаришади? Ҳар бир дин ўзининг садоқатли издошларига нимани мукофот тарзда ваъда қилади? Дин қонун–қоидларни бажарганлар бундан қандай манфаат кўришади? Дин–диёнат одамларга қандай фойда келтиради? Художўй инсон ҳақида дин қандай фикр билдиради?
Бир динни бошқасидан нима ажратиб туради? Қайси бир дин бошқасидан ўзининг бетакрорлиги билан кескин ажралиб туради? Дарҳақиқат, кўп динларни бирлаштириб турадиган маълум жиҳатлар мавжуд, булар ичига қуйидагилар киради: диннинг асосчиси борлиги, Муқаддас Китоб ёки Муқаддас Ёзувлар мавжудлиги, диний ва ахлоқий қонун–қоидалар ва ақидалар, ўлимдан кейин ҳам ҳаёт борлигига ишонч, илоҳий зотлар борлигига эътиқод ва ҳоказолар. Ҳозирги кунда мавжуд бўлган деярли барча динларда булар бор.
Масиҳийлик динининг бетакрорлиги:
- Исо Худодир. Масиҳийлик динида Исо Масиҳ юз фоиз Худо ва юз фоиз инсон деб таъкидланади. Юҳанно баён этган Хушхабарнинг 1–боб, 1–3–оятларда шундай ёзилган: “Азалда Калом бор эди. Калом Худо билан бирга эди, Калом Худо эди. Азалда У Худо билан бирга эди. Бутун борлиқ Калом орқали яратилган, Усиз яратилган бирон нарса мавжуд эмас.” Юҳанно 1:14: “Калом инсон бўлди, орамизда яшади. У иноят ва ҳақиқатга тўлганди. Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик. Бу улуғворлик Отадан келган ягона Ўғилга мансуб эди.” Ишаё 9:6: “Мана биз учун бола туғилди, ўғил бизга берилди. Ҳукмронлик Унинг зиммасидадир, номи Ажойиб Маслаҳатчи, қудратли Худо, Абадий Ота, Тинчлик Шаҳзодасидир.” Юҳанно 20:28–оятда Тўма Исони кўриб, Унга: “Ё Раббим, Худойим!” – деб мурожаат этади. Ибронийларга мактубнинг 1–бобини ўрганиб чиқинг, у ерда Исо Масиҳнинг илоҳий табиати борасида кўп нарсалар ёзилган. Ушбу битикларга асосланган ҳолда, биз масиҳийлар, Исо Масиҳ юз фоиз инсоний ва юз фоиз илоҳий табиатга эга, деб эътироф этамиз. Бизнинг буюк Яратгувчимиз Худо инсониятни гуноҳ чангалидан озод этмоқ учун, Ўзи инсон бўлиб туғилди, мана шу ақл бовар этмас ажойиб бир мўъжизадир! Ҳа, Худо инсон бўлди! Мавлуд байрамининг асл мазмуни ва моҳияти ана шундан иборатдир. Ҳеч бир дин бундай мўъжизага ишонмайди.
- Исо гуноҳсиздир. Ибронийлар 4:15–оятда шундай ёзилган: “У ожизликларимизга ҳамдард бўла олади. Ахир, У биз каби ҳар томонлама синалган, лекин бизга ўхшаб гуноҳ қилмаган.” Исо ҳеч қачон ношуд бир гап айтмаган, бу борада Ишаё 53:9 да шундай ёзилган: “…Оғзидан ёлғон сўз чиқмаган…” Ҳеч қайси диннинг асосчисини гуноҳсиз деб айта олмаймиз. Тарихдан кўришимиз мумкинки, айрим динларнинг асосчилари оғир гуноҳларга қўл урганлар. Борди–ю, Масиҳ бирон бир гуноҳ қилган бўлганда эди, ҳеч қачон инсоният гуноҳини юва олмаган бўларди, бундай қурбонлик Худонинг ғазабини қондирмаган бўларди. Зеро, гуноҳкор инсон, авваламбор, ўз гуноҳлари учун тўлов тўлаши даркордир.
- Масиҳ барҳаёт. Масиҳ 2000 йил муқаддам таваллуд топган, бугун ҳам У тирикдир. У ўликлардан тирилган! Исо улуғвор танада Отаси Худонинг ўнг томонида ўтирибди. Ҳаворийлар 2:23–24 да шундай ёзилган: “Худо Ўзининг режаси бўйича Исони сизларнинг қўлингизга топширишни азалдан қарор қилган эди. Сизлар эса ғайрияҳудийларнинг қўллари билан Уни хочга михлатиб ўлдирдингизлар. Аммо Худо Уни тирилтириб, ўлим азобларидан озод қилди. Ўлим ўз кучи билан Исони ушлаб туришга қодир эмасди.” Ҳаворийлар 2:22–37 ва 1Коринфликлар 15–бобларни диққат билан ўқиб чиқинг, ушбу бобларда Масиҳнинг тирилиши батафсил ёритиб берилган. Масиҳнинг тирилиши масиҳийликнинг устунидир, усиз масиҳийлик барбод бўлади. Ҳеч қайси диннинг асосчиси ҳозирда барҳаёт эмас.
- Худо инсонни қидиради. Барча динлар, инсон Худони қидириши керак, деб таълим беради. Масиҳийликда эса аксинча, инсон эмас, Худо ташаббусни Ўз қўлларига олиб, инсон томон қадам босади, деб ўргатилади. Бу борада Римликлар 5:8да шундай деб ёзилган: “Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Шу йўсинда Худо бизга бўлган Ўз меҳр–муҳаббатини намоён қилди.” Ҳаворийлар китобининг 8 ва 10–бобларда Худо “Дунёнинг Нури” бўлмиш Исони Ҳабашистонлик амалдорга ва Рим лашкарининг юзбошиси Корнилийга танитгани ҳақида ёзилган. Бу иккала одам Хушхабарни хурсанд бўлиб қабул қилди. Худо Масиҳнинг улуғворлигини уларга намоён этди. Аммо дунёда мавжуд бўлган бошқа барча динлар, инсон Худони қидириб топиши керак, деб ўргатади.
- Масиҳийликда — нажот ва Худо билан муносабат Эгамиз томонидан берилган буюк бир неъмат, деб ўргатилади. Бошқа динларга кўра эса одам нажот топиши учун кўп ҳаракат қилиши керак. Масиҳийлик эътиқодида нажот мавзуси Эфесликлар мактубининг 2:8–9–оятларида очиқ–ойдин баён қилинган: “Ахир, сизлар Худодан иноят топиб, имон орқали нажот топгансиз. Бу Худонинг инъомидир, сизнинг ютуғингиз эмас. Яна ҳеч ким: “Мен савоб ишларим туфайли қутулганман”, деб мақтанмасин.” Титус 3:5 да ушбу мавзу янада чуқурроқ ёритилган: “Савоб ишларимиз туфайли эмас, балки Ўзининг раҳм–шафқати туфайли Худо бизни қутқарди”. Демак, нажот бу инъомдир. Зеро бизнинг солиҳлигимиз ва савоб ишларимиз бизни қутқара олмайди. Худо бизга нажотни инъом қилиб бўлди. Бошқа барча динларда эса “инсон нажотга ўз солиҳлиги ва савоб ишлари орқали эришади” деб ўргатилади.
- Худонинг Руҳи бизнинг ичимизда маскан қилган ва Руҳнинг мадади билан биз Худонинг амрларини бажариб, Уни мамнун эта оламиз. Филиппиликлар 2:12-13 да шундай деб ёзилган: “Худонинг олдида қўрқув ва титроқ билан шундай яшангларки, нажот топганингиз ёрқин кўриниб турсин. Зотан, Худо Ўзини хушнуд қиладиган ишларни қилишингиз учун сизларга куч ва хоҳиш беради.” Филиппиликла 4:13 бизга қуйидаги сўзлар билан далда беради: “Менга куч–қувват берадиган Исо Масиҳнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан”. Галатияликларга 5:22–23 ажойиб ҳақиқатни аён қилади: “Руҳнинг самараси эса қуйидагилардир: муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр–тоқат, меҳрибонлик, эзгулик, ишонч, мулойимлик ва ўзини тута билиш. Бу хислатларга қарши бирон қонун йўқ.” 2Коринфликлар 3:18 бизга шундай ўгит беради: “Биз ҳаммамиз очиқ юз билан Эгамизнинг улуғворлигини кўриб турибмиз. Биз ўзгариб борар эканмиз, янада улуғвор бўлиб, Эгамизга ўхшаган бўламиз. Буларнинг ҳаммаси Эгамизнинг Руҳи орқали содир бўлмоқда.” Муқаддас Руҳ бизни шакллантириб Масиҳга ўхшатиб ўзгартиради. Масиҳ эса дунёда яшаган энг мукаммал инсондир. Муқаддас Руҳ бизга қудрат ва куч беради, бизни руҳлантиради. Кучсиз бир йигитни кўз олдингизга келтиринг. Тасаввур қилайлик, бу йигит футбол командасига ёзилмоқчи, аммо заифлигидан ҳатто турникда ҳам тортила олмайди. Энди, унинг дўсти йигитга куч берадиган дорини берди, деб фараз қилинг, энди бу йигит хоҳлаганича турникда тортила олади. Муқаддас Руҳ ҳам бизга куч берадиган дори ва малҳамдир. Барча динларнинг одоб ва ахлоққа оид қонун–қоидлари мавжуд, лекин фақат масиҳийликда Худо қонун–қоидаларни беками–кўст бажара олишимиз учун бизга ички куч ва қудратни беради.
- Душманларингизни севинглар, деб ўргатади бизга Исо. Ҳеч қайси дин буни ўргатмайди. Матто 5:44 да Исо шундай амр беради: “Душманларингизни яхши кўринглар. Сизларни қувғин қилганлар учун ибодат қилинглар.” Луқо 23:34 га кўра, хочга михланган Исо шундай деди: “Эй Ота! Уларни кечиргин, улар нима қилаётганини билмайдилар.” Бу сингари ўз қотилини кечириш осон эмас. Биз доим эсимизда тутишимиз керак: асл душманимиз бизга зулм қилган ёки таҳдид солган одам эмас. Асл душманимиз шайтон, у фойдаланган одамлар эса шунчаки, шайтоннинг қурбонларидир. Шу боис, биз бундай одамлар учун ибодат қилишимиз, Масиҳнинг севгиси воситасида уларни шайтоннинг кишанларидан халош этишимиз керак. Ҳеч қайси дин бу каби шартсиз севгини издошларига ўргатмайди.
- Учбирлик: ҳеч қайси дин Ягона Худонинг учбирлиги, яъни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ ҳақида таълим бермайди. Матто 28:18–20 да Худонинг учбирлиги ҳақида шундай деб ёзилган: “…Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдиринглар.” Учбирлик ягона Худодир, оилавий ва биродарлик севги–муҳаббат абадул–абад Ўзида мужассамдир. Биз Исо Масиҳга имон боғлаганимизда ушбу илоҳий оиланинг бир қисмига айланамиз. Юҳанно 13:34–35 да шундай ёзилган: “Сизларга янги амр беряпман: бир–бирингизни севинглар.” Бу ҳар бир масиҳий учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлгани боис, ҳар бир масиҳий биродарларига меҳр боғлайди.
Қуйидагилар масиҳийликнинг муҳим устунларидир, аммо бу каби устунлар бошқа динларда ҳам мавжуд:
- Масиҳийларнинг Муқаддас Китоби бор.
- Масиҳийликнинг буюк қонун–қоидалари, дин ва ахлоққа оид ақидалари мавжуд.
- Масиҳийлар Худонинг борлигига ишонишади.
Саволлар:
Агар сиз динингизга содиқ қолиб, дин йўлида муваффақиятга эришсангиз, ҳаётингиз қандай бўлади? Сиз бундан қандай наф кўрасиз?
Динингиз йўлида муваффақият қозониш учун нимага ишонишингиз ёки нима қилишингиз керак? Дин–диёнатли, чиндан имонли одам сизнинг назарингизда қандай бўлиши керак?
Ўз Худойингиз ҳақида менга айтиб беринг. Сизнинг Худойингиз қандай? Ўзингиз ишонган ва сажда қилган Худони севасизми?
Динингизнинг ҳокимияти манбаи нимада? Қайси китобни Муқаддас Китоб деб биласиз?
Динингиз тарихга қандай ёндашади? Уни шунчаки воқеалар изчиллиги деб биладими ёки тарихда гўё тақдир чархпалаги сингари воқеалар такрор келишига ишонадими?