Сажда ҳақида
Тенги йўқ, Улуғвор Шоҳга сажда қилинг,
Шукрона айтиб, Унинг севгисини куйланг.
Азалий Нуронийдир бизнинг Қоямиз, Ҳимоячимиз,
Салобатга бурканган, Унга ҳамду сано айтамиз.
Унинг қудратини, иноятини куйланг,
Эгнидаги ридоси нурдир, макони коинотдир.
Ёғилган ғазабидан қора булутлар пайдо бўлар,
Бўрон қанотларида Ўзига У йўл очар.
О тенгсиз Қудратли Худо, собит севги манбаи,
Фаришталар Сенга сажда қилишдан завқ олар!
Борлиққа Сен нажот бердинг, улуғворликда юксалдинг,
Сени улуйғлаймиз, шаънингга ҳамду санолар айтамиз!
Сажда – масиҳийча атама.
Биз бу сўздан жуда кўп фойдаланамиз.
Бироқ унинг маъноси нима?
Болалигимда биз жамоат йиғилишларини ҳеч канда қилмасдик, доимо
жамоатга ўз вақтида борардик.
Чўпон ваъзни бошлаши биланоқ, онам қоғоз билан ручка олиб ёзишни
бошларди.
Онам ваъзни ёзган деб ўйлайсизми?
Адашасиз, онам ваъз давомида магазиндан сотиб олишимиз керак бўлган бир
ҳафталик озиқ–овқатлар рўйхатини тузардилар.
Буни Худога сажда деб атаб бўладими?
Тўғрисини айсам, ўша жамоат чўпони ҳеч қачон “Нажот фақат Исо Масиҳга
бўлган имон орқали келади”, деб ўргатмаган.
Шунинг учун онам бир томондан тўғри иш қиларди. Фойда келтирмайдиган
ваъзга вақтини беҳуда сарфлагандан кўра, нарсалар рўйхатини ёзгани ҳам
яхши эди.
Орадан йиллар ўтди, оилам ўша жамоатга бормайдиган бўлди.
Биз бошқа бир жамоат топдик. Биз ҳаммамиз Исо Масиҳга имон келтириб,
нажот топдик. Янги жамоатда гуноҳлардан тавба қилиш кераклиги
ўргатиларди. Гуноҳнинг асл башараси фош этиларди. Одамларга имон билан
яшаш, Масиҳга таяниб кун кечириш ҳақида таълим бериларди.
Муқаддас Китоб ҳақидаги ваъзларни эшитиш менга жуда ёқарди.
Лекин ўзим ҳам, отам ҳам, нима сабабдан жамоат йиғилиши бошида узоқ
вақт ашула айтилишини ҳеч тушунмасдик.
Шунинг учун биз жамоатга атайин 25 дақиқа кеч қолиб борардик. Ашула
қисми тугагандан кейин, жамоат йиғилишига кирардик.
Ваъзни эшитсак кифоя, деб ўйлардик. Йиғилишнинг фақат ўша қисми биз
учун муҳим эди.
Йиғилиш бошида чалинадига мусиқа ва айтиладиган қўшиқлар, аслида
шунчаки куй эмас, балки Худони улуғлаш, Унга ҳамду сано айтиш, Унга
сажда қилиш эканини тушунишимизга анча вақт кетди.
Раббимизни куй орқали улуғлаш қанчалар муҳим эканлигини
тушунганимиздан кейингина ҳамду сано вақтига келадиган бўлдик.
Ҳамду санонинг аҳамиятини тушунишимга анча вақт кетди. Буни англаш мен
учун осон бўлмади.
Бироқ ҳозир биламан, сажда масиҳийча ҳаётнинг маркази ҳисобланади,
шунинг учун эътиборингизни саждага қаратмоқчиман.
Муқаддас Китобда сажда ҳақида жуда кўп гапирилган, бу мавзуни тадқиқ
қилиш учун кўп вақт керак. Аммо келинг, бугун биз ушбу мавзунинг кичик
бир қисмини кўриб чиқамиз.
Юҳанно баён қилган Хушхабар 4–боб, 19–21–оятлардаги ҳикоядан
бошлаймиз.
Исо Самарияда, қудуқ олдида Самариялик бир аёл билан суҳбат қурган эди.
Аёл Исога:
— Ҳазрат, Сиз пайғамбар эканингизни кўриб турибман, — деди аёл. —
Ота–боболаримиз Худога бу тоғда сажда қилар эдилар. Аммо сизлар —
яҳудийлар эса Худога сажда қилинадиган жой Қуддусда, дейсизлар.
Исо унга деди:
— Эй аёл, Менга ишонгин, шундай вақт келадики, ўшанда осмондаги Отага
на бу тоғда, на Қуддусда сажда қиласизлар.
Нега Исо шундай жавоб берди?
Чунки 40 йил ичида Римликлар Маъбадни вайрон қилишини ва Қуддусни ер
билан яксон қилишини Исо биларди.
Ҳикоянинг давомида шундай ёзилган:
Сизлар — Самарияликлар кимга сажда қилаётганингизни билмайсизлар, биз
эса кимга сажда қилаётганимизни биламиз. Чунки нажот яҳудийлардан
келади. Аммо шундай вақтлар келадики, ҳақиқий сажда қилувчилар Отага
Руҳда ва ҳақиқатда сажда қиладилар. Бундай вақт келди ҳам! Ота шу йўсинда
Ўзига сажда қилувчиларни излайди. Худо Руҳдир, Унга сажда қилувчилар
ҳам Муқаддас Руҳ бошчилигида, ҳақиқатни билган ҳолда сажда қилишлари
лозим.
Ушбу оятдан кўп нарсани ўрганиб олсак бўлади.
1–сабоқ
Сажда ихтиёрий эмас. Худога ишонган ҳар бир инсон Унга Руҳ ва ҳақиқатда
сажда қилиши лозим.
23–оятда ёзилишича, Ота шу йўсинда Ўзига сажда қилувчиларни излайди.
Бошқача қилиб айтганда, Худога самимият билан сажда қилувчиларни У
қидиради. Бу дегани Масиҳга эргашган ҳар бир инсон – сажда қилувчи
бўлиши даркор.
Юҳанно “Ота гуноҳ қилишдан тўхтаган инсонларни излайди.” – деб ёзиши
мумкин эди. Бу ҳам тўғри бўларди. Одамлар гуноҳ қилишдан тўхташни Худо
хоҳлайди.
Бироқ Худо бундан–да юксакроқ нарсани биздан талаб қилмоқда.
Юҳанно “Ота Ўзига содиқ бўлган, Унга сидқидилган эргашадиган
инсонларни излайди.” – деб ёзиши ҳам мумкин эди.
Бу ҳам тўғри бўларди.
Бироқ Юҳанно бундан–да чуқурроқ нарсани айтмоқчи.
Юҳанно “Худо Каломни ўқийдиган инсонларни излайди.” – деб ёзиши
мумкин эди.
Бу ҳам тўғри бўларди.
Аммо бу оятнинг моҳияти ундан–да кенгроқ.
Юҳанно “Ота доимо тоат–ибодатда бўладиган, бошқаларга Хушхабар
етказадиган инсонларни излайди.” – деб ёзиши мумкин эди.
Бу иккала нарсанинг муҳимлигини ҳеч ким инкор қила олмайди.
Бироқ Юҳанно ундай ёзмади, “Ота шу йўсинда Ўзига сажда қилувчиларни
излайди.” – деб ёзди. Зеро, Худога сажда қилган инсонда, юқорида айтиб
ўтилган ҳамма хислатлар мужассамдир.
Исо бизни гуноҳдан озод қилди, токи биз Ягона, Ҳақ Худога сажда қила
олайлик.
Шу боис, Худо Ўзига сажда қиладиган инсонларни қидирмоқда.
Сажда қилиш қанчалар муҳим?
Худо саждани қай даражада қадрлайди?
Сажда қилиш ўта муҳимдир, у қиладиган барча ишларимиз рўйхатининг
бошида туриши керак.
Нима деб ўйлайсиз: Исо бизга, саждани биринчи ўринга қўйинг, деб айтган
бўлармиди?
Қалбингизда доим Худога сажда қилинг, деб айтган бўлармиди?
2–сабоқ
Юҳанно 4–боб, 22–оятда шундай ёзилган:
Сизлар — Самарияликлар кимга сажда қилаётганингизни билмайсизлар.
Исонинг бу сўзларига ҳеч эътибор берганмисиз?
Эски Аҳд қонунига биноан Худога сажда қилувчилар Қуддусдаги Маъбадга
бориб, у ерда сажда қилишлари керак эди.
Бироқ Самарияликлар, Қуддусга бормасдилар, улар Мусонинг қонунларига
риоя қилмай, ўзлари учун янги дин яратгандилар.
Шунинг учун Исо Самариялик аёлга, қуйидаги фикрни етказмоқчи эди:
Тўғри, сажда қилиш жуда муҳим, лекин Кимга сажда қилганингизни
билишингиз ундан–да муҳимроқ. Сиз ҳамду санони Кимга бағишлаб
айтяпсиз? Шуни билишингиз керак.
Самарияликларнинг сажда маросимлари, шунчаки диний маросимлар эмасди.
Улар беҳуда удумлар, урф–одатлар мажмуаси, кераксиз, пуч сўзлар, ижобат
бўлмайдиган ибодатлардан ташкил топганди, чунки улар Ҳақ Худога
сиғинмас эдилар.
Худо ҳамма ҳам динларни қабул қилавермайди, бу дегани ҳамма сажда ҳам
Худога маъқул келавермайди.
Бу ҳақда ўйласам, қалбимда оғриқ туради.
Оилам билан мен бир жамоатга 12 йил давомида қатнадик.
Ўша жамоатга ушр бердик, ўша жамоатда 12 йил хизмат қилдик.
Бироқ у жамоат ҳеч қачон бизга Исо Масиҳ ҳақида, У ягона, тўғри йўл
эканини ўргатмади.
Бирон марта ҳам мен буни у ерда эшитмадим.
Умримнинг 12 йили зое кетди.
Бугунги кунда мен ўша жамоат олдидан ўтгудек бўлсам, ичимда оғриқ
туради, томоғимга нафасим тиқилгудек бўлади. Ўша жамоат оиламнинг 12
йиллик ҳаётини хазон қилганди.
Ўша Самариялик аёл ҳам худди шундай вазиятга тушган.
Самариялик аёлга ва унинг халқига Исо айтмоқчи: ўзингизча янги дин ўйлаб
топманг, Худо ҳар қандай саждани ҳам қабул қилавермайди.
Эътибор беринг: Исо, гапларим билан аёлни хафа қилиб қўяман, деб
ўйламади, У бор ҳақиқатни айтди. Сохта таълимотга биз ҳам бефарқ
бўлишимиз керак эмас.
Ҳамма дин ҳам бир хил эмас.
Ҳамма сажда ҳам қабул бўлавермайди.
22–оятда “Сизлар — Самарияликлар кимга сажда қилаётганингизни
билмайсизлар, биз эса кимга сажда қилаётганимизни биламиз. Чунки нажот
яҳудийлардан келади.
Бундан келиб чиқадики, Самарияликлар Худони билмаган. Шу сабабдан,
уларнинг саждаси сохта пойдевор устига қурилган. Яҳудийлар эса кимга
сажда қилаётганини билишган, чунки уларнинг эътиқоди Эски Аҳд
ақидаларига ва қонун–қоидларига асосланган эди. Эски Аҳд китобларида
қурбонликлар орқали гуноҳларни ювиш йўли ҳам берилган эди.
Ёдингизда тутинг, Муқаддас Китобнинг 77% Эски Аҳд китобларидан ташкил
топган. Бу китоблар Янги Аҳд учун асос, яъни пойдевор вазифасини
бажаради.
24–оятда шундай деб ёзилган:
Худо Руҳдир, Унга сажда қилувчилар ҳам Муқаддас Руҳ бошчилигида,
ҳақиқатни билган ҳолда сажда қилишлари лозим.
Ҳақиқатни билган ҳолда сажда қилиш дегани нима?
Бу дегани саждада биз Муқаддас Китобга, у ерда ёзилган ҳақиқатга
асосланишимиз керак.
Зеро, биз Муқаддас Китобда тасвирланган Худога сажда қиламиз, шу боис
бизнинг саждамиз Худога мақбул бўлади.
Самарияликларга тақлид қилишни, беҳуда саждага вақт кеткизишни ким
хоҳлайди?
Муқаддас Китоб Худосини таниб билинг.
Буни ўзингиз учун мақсад қилиб қўйинг.
Худони билган инсон Унга сажда қилмай қўймайди. Зотан, Ҳақ Худони
таниган инсон Унга бағишланиб яшайди.
3–сабоқ
Юҳанно 4–боб 24–оятга кўра, биз Муқаддас Руҳ бошчилигида сажда
қилишимиз даркор.
Муқаддас Руҳ Ким?
Муқаддас Руҳ илоҳий Шахсдир. Исо Масиҳни — Нажоткорим, деб қабул
қилган ҳар бир инсоннинг қалбида Муқаддас Руҳ макон қилади.
Муқаддас Руҳ Худонинг қалбини билади, шу боис биз Худога Муқаддас Руҳ
бошчилигида сажда қилишимиз даркор.
Ҳақиқий сажда инсоннинг қалбида, руҳда бошланади.
Руҳ нима?
Сажда, бу шунчаки айтилган ҳамду сано қўшиқлари эмас.
Саждани диний маросимга айлантириб юбориш жуда осон. Баъзан саждани
биз беихтиёрий равишда, ўйламай қиламиз, ёддан билган қўшиқларни
айтамиз, маъносига эса кўп эътибор бермаймиз.
Асл сажда эса қалбдан бошланади, биз қалбимиз билан Худони улуғлашимиз
керак.
Мен ўзим кўп маротаба жамоатда ёддан билган қўшиқларни айтиб, нима
айтаётганимга асло эътибор бермасдим.
Кўп маротаба чўпоннинг ваъзини эшитиб, тасдиқ тариқасида бошимни
қимирлатардиму, хаёлларим эса умуман бошқа масала ва муаммолар билан
банд бўларди.
Аммо Худо менинг тўлиқ эътиборимни хоҳлайди, бутун диққатим Унда
бўлишини истайди.
Худога маъқул бўлган ҳақиқий сажда инсон қалбидан бошланади.
Мен эса Унга шу тарзда сажда қиляпманми?
Сизчи?
Мана энди биз асосий саволга келдик – сажда ўзи нима?
4–сабоқ: Сажда дегани нима?
Мен телевизор қаршисида ўтирибман, қўлимда пульт, ҳар 10 сонияда
канални алмаштираман. 10 сонияда мен кутган нарсани кўрмоқчи бўламан.
Агар истаган нарсамни кўрмасам, дарҳол бошқа каналга оламан. Гўёки,
Истакларимни қондир!
Мени бахтли қил!
Қизиқроқ нарса кўрсатиб, мени хурсанд қил! – деб айтаётгандай бўламан.
Бу каби фикр қилиш – зараркунанда одамларга хос.
Шу сингари биз ҳам жамоатга кириб: Хўш, жамоат, бугун мен учун
нималарни тайёрлаб қўйди экан–а? Менга нима бермоқчи? – деган муносабат
умуман нотўғри.
Сажда бунинг тескарисидир.
Сажда қилиш дегани – Худони улуғлаш, Унга ҳамду сано айтиш, Унга
иззат–икром кўрсатиш учун тиз чўкиш деганидир.
Худога таъзим қилиш,
Уни шарафлаш,
Улуғворлиги олдида мук тушиш,
Унинг ҳайбати ва салобати олдида ҳайратга тушиш деганидир.
Ҳар бир мамлакатнинг ўз шиори бор, баъзи мамлакатлар “Биз ҳеч кимга тобе
эмасми”, “Ҳеч кимнинг олдида тиз чўкмаймиз” ёки “Бизнинг шоҳимиз йўқ”
деб ўз мустақиллигини тараннум этади. Бундай мамлакатларда яшайдиган
масиҳийлар учун сажданинг асл моҳиятини тушуниш жуда қийин.
Мен бир кинони кўрган эдим, ўша кинода шоҳ кийимини ўзгартирган ҳолда
халқ ичига кирган эди. Ҳеч ким уни танимади. Аммо у ўзининг кимлигини
одамларга фош қилганда, унинг ҳузуридаги оломон ва ҳарбийлар шоҳга
иззатини кўрсатиш учун, тиз чўка бошладилар. Шунда ҳайрат, иззат–ҳурмат,
бўйсуниш, камтарлик каби туйғу ҳамма ёқни қамраб олди. Одамлар буюк
зотнинг ҳузурида мук тушиб, унга таъзим қилдилар. Мен телевизорда кўрган
бу саҳна назаримда саждани жуда чиройли қилиб тасвирлаб берган эди.
Жамоатга, бирон нарса олиш илинжида бориш жуда осон ва кўп одамлар
айнан шундай йўл тутадилар. Улар чиройли ҳамду санодан баҳра
олишмоқчи, вақтини қизиқарли ўтказмоқчи, яхши ваъз эшитмоқчи бўлиб
жамоатга борадилар.
Саждани олиб борадиган ҳамду саночилар гуруҳи эса, бизнинг руҳимизни
Худога қаратишга ҳаракат қилади. Зотан, биз жамоатга Худо учун борамиз –
Худонинг улуғворлигини кўриш, Унга яқинлашиш учун борамиз. Шундай
экан, Худога лойиқ иззат–ҳурматни кўрсатайлик, Уни улуғлайлик, Унга
сажда қилайлик. Ахир, биз шу тарзда сажда қилишимиз керак эмасми?!
Бу осон вазифа эмас.
Кўп жамоатларда ҳамду сано гуруҳи Худони улуғлашга эмас,
жамоатдагиларни мамнун қилишга ҳаракат қилади.
Сажда бизга қаратилган эмас,
Сажда Худога қаратилган бўлиши керак.
Шундай экан, Худодан завқ олинг, Уни улуғланг, Унга хизмат қилинг. Ахир,
У бунга лойиқдир.
Мен сажданинг моҳиятини Варрен Вирсби китобидан тушуниб олдим. У
ўзининг “Асл сажда” китобида шундай ёзади:
“Мен ушбу китобимни ёзиш жараёнида бир нарсани кашф этидим:
Масиҳийлар жамоати ишонган, амал қилган ва бажармоқчи бўлган ҳамма
нарсанинг марказида – Худога сажда туради.
Худонинг улуғворлиги менга янада ёрқинроқ аён бўлди. Энди Муқаддас
Китобни ўқиганимда ҳар бир нарсанинг ўзгача, мафтункор қирраларини кўра
бошладим. Худо мен учун янада реал бўлди. Унинг иродасини хурсандчилик
билан бажарадиган бўлдим, чунки У доим менинг ёнимда эканини ҳис
этаман.
Тўғри, бу кашфиётим мени мукаммал инсонга айлантириб қўймади. Мен
ҳозир ҳам хатоларга йўл қўяман. Бироқ масиҳийча ҳаётдан ҳузур–ҳаловат
оладиган бўлдим, ўзимни хотиржам сезаман, қалбим тинчлик ва қувончга
тўлди.
Худони шу қадар яқин сезадиган бўлдимки, баъзан қилаётан ишимдан
тўхтаб, Уни улуғлаб кетаман. Худонинг ҳузуридан завқ оламан.
Келинг, сажда ҳақидаги навбатдаги сабоққа ўтамиз.
5–сабоқ: борлиққа тўғри назар.
Кўп асрлар олдин, буюк бир одам кечалари юлдузли осмонни томоша
қилишни яхши кўрарди. У осмодаги юлдузларга қараб, коинотнинг
гўзаллигидан завқ оларди, баъзи юлдузлар яқин, бошқалари жуда
олисдагидек туюларди.
Ўшанда у ичида шундай деб айтарди: ҳа, ҳаётимда кўп муваффақият
қозондим, тарих саҳнасига қадам босдим, бироқ мана шу бепоён коинот
олдида ҳеч нарса эмасман, кичик бир нуқтага ҳам тенг келмасман.
Юлдузли осмон, бу инсонга камтарликни ўргатди, уни ҳайратга солди,
коинотда унинг тутган асл ўрнини кўрсатди.
Сажда бизга шундай сабоқ беради: ўз ҳаётимизга тўғри назар билан қарашни
ўргатади.
Азалда Худо ер билан осмонни яратди.
Бироқ ўша оятдан олдин нималар мавжуд эди?
Худо вақт билан чегараланмаган.
Ҳеч нарса содир бўлмасидан олдин, Худо ҳамма нарсани мукаммал тарзда
билган.
Худо доим мавжуд бўлган, ҳеч нарса мавжуд бўлмаганда яшаш қандай
бўларкан?
Ибтидо 1–боб, 1–оятдан олдин вақт мавжуд бўлмаган.
Вақтни Худо яратган.
Бизнинг ҳаётимиз вақтга боғлиқ бўлса–да, Худо вақтдан ташқарида яшайди.
Вақтга тобе бўлмай яшаш қандай бўларкан?
Буни асло тасаввур ҳам қила олмайман.
Вақтдан ташқарида яшаган Худо қандай экан?
1Солномалар 29–боб 11–13–оятларда шундай ёзилган:
Эй Эгамиз! Сен буюк, қудратли, шуҳратли, салобатли ва улуғдирсан. Зотан,
еру осмондаги барча нарса Сеникидир. Эй Эгамиз! Сен Шоҳсан. Сен ҳар
нарсадан юксаксан.
Бойлик ва шон–шарафнинг манбаи Сенсан. Ҳа, Сен ҳамма нарса устидан
ҳукмронсан. Куч–қудрат эгаси Ўзингсан. Одамларни юксалтирадиган, уларга
куч берадиган Сенсан.
Энди, эй Худойимиз, биз Сенга шукурлар айтамиз, Сенинг улуғ номингни
мадҳ қиламиз.
Нақадар гўзал таъриф!
Биз Худони улуғлаганимизда Унинг улуғворлигига шўмғиб кетгандай
бўламиз, Унинг салобатига кириб кетгандай бўламиз.
Биз кўп нарсани билмаймиз, кўп саволларга жавоб қидиришимизга тўғри
келади. Худо эса ундай эмас, У ҳамма нарсани олдиндан билади.
Биз эсдан чиқарамиз;
Худо эса ҳеч нарсани унутмайди.
Биз қариймиз,
Худо эса ўша–ўша, У азалда қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундайдир.
Биз касал бўламиз,
Худо эса ҳеч қачон касал бўлмайди.
Биз гуноҳ қилиб қўйсак, сиқилиб, ич–этимизни еймиз,
Худо эса ҳеч қачон гуноҳ қилмайди.
Биз вақтимизни беҳудага сарф қиламиз,
Худо эса ҳеч қачон вақтни беҳудага сарф қилмаган.
Биз ожизмиз, Худо қудратли.
Келинг, Забур 8–боб, 4–5–оятларни ўқийлик:
Қўлларинг ижоди бўлган осмонингга қарадим,
Ўзинг жойлаштирган юлдузлару ойга боқдим.
Инсон зоти недирки, у ҳақда ўйлагайсан?!
Бандалар недирки, Сен уларни ардоқлагайсан?!
Эй Худо, Сен яратган бепоён осмонга қараганимизда, инсон зоти унинг
олдида ҳеч нарса эмас–ку!
Коинот эса Худо олдида ҳеч нарса эмас.
Шунга қарамай Худо инсонга ғамхўрлик қилади. Уни севади.
Шундай экан, асл сажда бу – Худонинг эзгулиги олдида:
ҳайратга тушиш,
лол қолиш,
ҳайрон бўлиш,
таажжубда қолиш деганларни ўз ичига олади.
“Ҳайратда қолиш дегани шунчаки тез ўтиб кетадиган ҳис–туйғу эмас. Ҳайрат
инсоннинг ички дунёсини забт этади, қалбнинг тубига ўрнашиб олади.”
Ҳақиқий ҳайрат туйғуси юрагимизни асир қилади, онгимизни ўзига мафтун
этади, ҳаётимизни тубдан ўзгартиради.
Ҳайрат бу – арзон томоша эмас, юзимизга табассум югуртирадиган ҳазил ҳам
эмас.
Худони учратганингизда, Унинг маҳобати ва улуғворлиги сизни ҳайратга
туширади, қалбингизни ларзага солади.
Бундай ҳолатда сиз саволларингизга жавоб қидирмайсиз, аксинча Худонинг
улуғворлигидан лол қолиб, ҳайратга тушасиз.
Масиҳийча сажда бошқа саждалардан буткул фарқ қилади;
Зеро сажда пайтида биз ботиний, кўринмас Худонинг ҳузурига кирамиз;
Англаб бўлмас, буюк Худони англай бошлаймиз;
Абадият билан тўқнаш келамиз.
Шунда заминий ҳаётимиз мазмунга тўлади, шодлик қалбимизни тўлдиради.
Шу боис, фарзандларимизга ёшликданоқ Худони улуғлашни ўргатишимиз
керак, асл саждани уларга кўрсатишимиз керак. Шунда уларнинг ҳаёти
ажойиб мазмунга тўлади, зеро Худонинг Ўзи уларнинг йўлбошчиси бўлади.
Олим Муди шундай деб ёзган эди:
Имон йўлида Худони шахсан танимаган, аммо ўзини масиҳий деб атаган
инсон бошқалар учун Худо йўлида тўғоноқ бўлади.
Чунки бундай одам якшанба кунлари жамоатга боради, Худога сажда
қилгандай ўзини кўрсатади, бироқ ҳафта давомида Худога умуман
беэътибордир, ўзи билгандай яшаб юраверади. Келинг, биз бундай одамлар
бўлмайлик.
Ҳа, бугун сажда ҳақида кўп нарсаларни ўргандик.
Аммо 6–сабоққа ўрин бермай, бу дарсимизга якун ясай олмаймиз.
6–сабоқ
Савол берадиган вақтимиз келди
Агар сиз ҳафта давомида кўп қийинчиликларга дуч келган бўлсангиз, у ҳолда
қандай қилиб Худога сажда қиласиз?
Оилангиз жар ёқасида турганда, ўз ишингиздан нафратланганингизда, пулдан
қийналаётганингизда, яқин одамингиз касал бўлганда, қандай қилиб Худони
улуғлай оласиз?
Гапимни эшитяпсиз деган умиддаман.
Чунки ҳозир биз саждага оид жуда муҳим бир оятни кўриб чиқамиз.
Шоҳлар иккинчи китоб, 12–боб, 15–16–оятларда шундай ёзилган:
Натан шу гапларни айтиб, уйига кетди.
Уриёнинг хотини Довуддан фарзанд кўрган эди. Эгамиз эса ўша болани оғир
хасталикка мубтало қилди. Довуд ўғли учун Худога илтижо қилиб, рўза
тутди, уйига бориб кечалари кўкрагини захга бериб ётаверди.
Довуд шоҳ эди.
У катта гуноҳга қўл урди: бировнинг хотини билан зино қилди, у аёл
Довуддан ҳомиладор бўлди.
Бола туғилди, аммо Худо уни оғир хасталикка мубтало қилди.
Довуд эса Худога илтижо қилиб, боласига шифо беришини сўради.
Афсус, унинг бу илтижолари ижобат бўлмади.
19–20–оятларда шундай ёзилган:
Довуд аъёнларининг ўзаро шивир–шивир қилаётганларини эшитиб,
боласининг нобуд бўлганини билди.
— Болам нобуд бўлдими? — деб сўради улардан.
— Ҳа, нобуд бўлди, — дейишди аъёнлар.
Шундан кейин Довуд ердан турди. Ювиниб, хушбўй мой суртди ва
кийимларини алмаштирди. Эгамизнинг уйига бориб, сажда қилди.
Охирги жумла сизни ҳайрон қолдиргандир?
Уни эслаб қолинг, онгингизга муҳрлаб олинг, ёдлаб олинг.
Токи бошингизга кулфат тушганда, бу оят биринчи бўлиб эсингизга
келадиган бўлсин.
Худо Довудга сўраган нарсасини бермади.
Бола ўлди.
Нимага Довуд Худога сажда қилди?
Нимага Худодан юз ўгириб кетмади?
Бундай оғир вазиятда қандай қилиб Худога сажда қилиш мумкин эди?
Аслида, сажда қилмасликнинг иложи йўқ эди.
Бошимизга кулфат тушганда,
Худога шукурлар айтишимиз керак, чунки Худо барча нарсани назорат қилиб
турибди.
Довуд гуноҳ қилган бўлса ҳам, Худо Довудни яхши кўришда давом этди.
Довуд буни биларди.
Шунинг учун ҳам Довуд Худога сажда қилди.
Худонинг донишмандлиги,
Биз тушунмаган мукаммал режаси учун, доимо Унга сажда қилишимиз керак.
Худо Довуднинг фарзандига шифо бермаган бўлсада, уни ташлаб қўймади.
Шу боис, Довуд бундай қийин дамларда ҳам Худога таяниб иш тутди,
Худога қараб, яшашда давом этди.
Биз ҳам Худога қанча сажда қилсак аризийди.
Айниқса қалбимиз вайрон бўлган пайтда, сажда қилишимиз ниҳоятда муҳим.
Кулфат чоғида сажда қилганимизда, бизнинг мустаҳкам пойдеворимиз
борлигини ўзимизга ўзимиз эслатамиз.
Бу эса бизни тушкунликка тушишдан асрайди.
Сажда бизнинг қутқарув нимчамиздир.
Сажда қилганимизда муаммоларимиз йўқ бўладими? Албатта йўқ.
Довуд Худога сажда қилганда, ўғлини қора ер бағрига қўйиши керак бўлди.
Албатта бу – қилган гуноҳининг аччиқ оқибати эди.
Бироқ Довуд бундай мусибатли дамларда ҳам Худога қараб талпинди, Унинг
қўлини қўйиб юбормади. Худо Довуд учун мустаҳкам таянч бўлди.
Қийин дамларда Худога сажда қилганимизда Мададкоримиз Кимлигини
ўзимизга эслатамиз. Самовий Отамиз қандайлигини кўра оламиз.
“Қийин дамларда одатда биз турли чораларни қўллаб кўрамиз, келинг, бу
сафар энди саждани ҳам қўллаб кўрайлик”
Довуд мусибатли дамларда Худога сажда қилди.
Биз ҳам Довуддан ўрнак олайлик.
Масиҳийларнинг зўр имкони бор, қайғули дамларда улар Худога ҳамду сано
айтиб, Унга сажда қила оладилар. Бу каби юксак шарафга фақат масиҳийлар
эгадирлар.
Масиҳга ишонаман деган, аммо Худога сажда қилмаган инсон ва жамоат
илдизсиз дарахт кабидир. Бундай дарахт ҳосил бермайди. Унинг умри узоққа
чўзилмайди.
Сиз–чи Худога қай тарзда сажда қиласиз?