Золим ва хизматкор чўпон
1-вазият
Ой кетидан ой ўтарди, йил кетидан йўл ўтарди, бир чўпон жамоати оқсоқолларининг йиғилишига келиб, Худодан олган режаси билан ўртоқлашарди, жамоат нима қилиши кераклигини эълон қиларди, жамоат оқсоқоллари эса уни сўзсиз қўллашарди. Аммо бир куни оқсоқоллардан бири шундай деди:“Биз ҳаммамиз йиллар давомида Худога эргашиб келмоқдамиз, гуноҳларимиздан тавба қилганмиз, Худодан жамоатимиз учун бўлган режасини сўрамоқдамиз, бироқ бугун айтган таклифингиз Худодан эмаслигини сезиб турибмиз, биз унга розилик бермаймиз. Жавобимиз “Йўқ”.”
Чўпонга маслаҳат: Муқаддас Руҳни сиз сотиб олмагансиз, У фақат сизга гапирмайди.
2–вазият
Бир чўпонга шундай савол беришган эди: “Жамоатингизда етакчилар учрашувини ташкил қилиб турасизми?” Унинг жавоби шундай эди: “Етакчиларни йиғиб нима қиламан? Уларга нима десам шуни қилишади.”
Чўпонга маслаҳат: Сиз “ишчилар” ва “команда” орасидаги фарқни умуман билмас экансиз. “Ишчилар” буйруқларни бажаради. (Бироқ ишчи билан ҳам тўғри муомала қилишни унутманг. Инсон ишдан кўра муҳимроқ эканини, ҳар бир инсонга ҳурмат ва севги кўрсатиш кераклигини эсдан чиқарманг. Оддий ишчи ҳам сизга жуда яхши маслаҳат бериши ёки ғоя айтиши мумкин. Шу сабабдан сиз ишчининг фикирини ҳам қадрлашингизни улар билишлари зарур. Сиз уларни ўзингиздай кўришингиз лозим. Улар сизга қандай муносабатда бўлишларини истасангиз, уларга ҳам худди шундай муносабатда бўлинг. Шундай етакчи бўлингки, одамлар баҳоли қудрат сизга ёрдам беришсин, уларга асло зулм қилманг.) Команда бирор қарор чиқаришдан олдин, ҳамма нарсани олдиндан ҳисоблаб чиқади, маслаҳатлашади, сўнг бир тўхтамга келади. Жамоатингизнинг аъзолари қўғирчоқ эмас, уларни ўзингиз хоҳлаганингиздек бошқара олмайсиз. Уларнинг фикрига эътиборли бўлинг.
3–вазият
Ўнта катта жамоатнинг чўпонлари баҳслашаётган эдилар. Улардан тўққизтаси, етакчилар командасидаги муаммоларни қандай бартараф этаётгани билан ўртоқлашдилар. Ўнинчи чўпон эса шундай деди: “Нима ҳақида гапираётганингизни асло тушунмаяпман. Жамоатимдаги етакчилар менинг айтганимни сўзсиз бажарадилар. Айтганимни қилмаганларни мен шу заҳоти ишдан ҳайдайман.”
Чўпонга маслаҳат: Жамоатингизга ҳамдардлигимизни билдирамиз.
Бу чўпонлар тўғри қарор чиқаришни Муқаддас Китобдан ўрганиб олмабдилар.
Ҳаворийлар 1–бобда баён қилинган воқеада ҳаворийлар хоин Яҳудо Ишқариётнинг ўрнига бошқа бир одамни танлашлари керак эди.
20 “Зеро — деди Бутрус, — Забур китобида шундай ёзилган:
Унинг макони ташландиқ бўлиб қолсин,
У ерда яшайдиган бирон жон қолмасин.
Унинг ўрнини бошқаси олсин.”
23 Шундай қилиб, улар икки кишини олдинга чиқардилар….24 Улар ибодат қилиб……. 26 Ҳаворийлар учун қуръа ташладилар. Қуръа Маттиёнинг чекига тушди. Маттиё ўн бир ҳаворийга қўшилди.
Ҳаворийлар Муқаддас Руҳ бошчилигида бир қарорга келган эдилар. Юқоридаги парчада ҳаворийлар қуръадан фойдалангани ҳақида ҳам ёзилган. Одатда Эски Аҳд даврида одамлар Худонинг иродасини билиш учун қуръа ташлашарди. Бироқ ҳаворийлар қуръа ташлашдан олдин ибодат қилганини кўришимиз мумкин.
Ҳаворийлар 6:1–5
Шу вақт давомида шогирдларнинг сони ортиб бораверди. Аммо шу пайтда юнонзабон яҳудийлар: “Кундалик озиқ–овқат тақсимланганда, юнонзабон бевалар эътибордан четда қоляптилар”, деб эътироз билдирдилар. 2 Ўн икки ҳаворий жамики шогирдларни йиғиб, уларга шундай дедилар:
— Биз Худонинг каломини ваъз қилишни бир четда қолдириб, озуқа тарқатиш билан овора бўлишимиз нотўғри. 3 Биродарлар, орангиздан етти кишини танланглар. Улар обрў–эътиборга эга, Муқаддас Руҳга ва доноликка тўлиб–тошган бўлсин. Уларни бу хизматга тайин этайлик. 4 Биз эса ўзимизни ибодатга ва Худо каломининг хизматига бағишлайлик.
5 Уларнинг гапи бутун жамоага маъқул бўлди.
Демак, жамоат Муқаддас Руҳ бошчилигида бир қарорга келган эди.
Ҳаворийлар 13:1–3 Антиохиядаги имонлилар жамоатида………………Улар Эгамизга сажда қилиб, рўза тутар эканлар, Муқаддас Руҳ уларга шундай деди: “Барнабо билан Шоуни Менга бағишланглар, токи улар Мен тайинлаган ишни бажарсинлар.” 3 Улар рўза тутиб, ибодат қилдилар, сўнг қўлларини Барнабо билан Шоулга қўйиб, икковини сафарга жўнатдилар.
Жамоат Муқаддас Руҳ бошчилигида бир қарорга келган эди.
Ҳаворийлар 15:6–22
Ҳаворийлар ва оқсоқоллар бу масалани муҳокама қилиш учун йиғилдилар. 7 Узоқ давом этган мунозарадан кейин Бутрус ўрнида туриб, уларга деди:
— Биродарларим! Ўзларингиз биласизларки, Хушхабарни ғайрияҳудийларга ваъз қилишим учун Худо мени анча вақт олдин орангиздан танлаб олди. Ғайрияҳудийлар ҳам Хушхабарни эшитиб, имонга келиши Унинг мақсади эди. 8 Худо инсон зотининг юрагини билади, У бизга берган Муқаддас Руҳни ғайрияҳудийларга ҳам берди. Шу орқали уларни қабул қилганини тасдиқлади. 9 Худо имон орқали ғайрияҳудийларнинг юракларини поклади. Шундай қилиб, биз билан ғайрияҳудийлар орасидаги фарқни Ҳудо йўқ қилди. 10 Шундай экан, нима учун шогирдларнинг екласига оғир юк ортиб, Худони синаяпсизлар?! Ахир, бу юкни биз ҳам, ота–боболаримиз ҳам кўтара олмаган эди–ку! 11 Йўқ! Ишонамизки, биз ҳам улар сингари, Раббимиз Исонинг инояти туфайли нажот топамиз.
12 Ҳамма ҳаворийлар ва оқсоқоллар сукутда қолдилар. Барнабо билан Павлус Худонинг улар орқали ғайрияҳудийлар орасида кўрсатган аломатлари ва ажойиботлари тўғрисида ҳикоя қилиб бердилар. 13 Улар гапини тугатгач, Ёқуб сўз олди:
— Биродарларим! Мени эшитинглар. 14 Ҳозир Бутрус бизга Худонинг илк бор ғайрияҳудийларга илтифот назарини солганини ва улар орасидан Ўзига бир халқ танлаб олганини тушунтириб берди.15 Бу сўзлар пайғамбарларнинг айтганлари билан мос келади. Ёзилганидай:
16–17 “Эгамиз шундай демоқда:
“Бундан кейин Мен қайтиб келиб,
Довуднинг йиқилган шоҳлигини қайта тиклайман,
Унинг харобаларини янгидан барпо қилиб,
Уни қайта қураман.
Шунда бошқа халқларнинг ҳаммаси Менга интиладилар,
Ўзим даъват қилган ўша ғайрияҳудийлар Мени излайдилар.”
18 Эгамиз буларни бизга азалдан маълум қилган.”
19 Ёқуб гапида давом этди:
— Шунинг учун Худога юз бураётган ғайрияҳудийларни қийин аҳволга солиб қўймаслигимиз керак. 20 Бунинг ўрнига, уларга хат ёзиб, шундай деб айтайлик: “Бутларга келтирилган қурбонликнинг гўштини тановул қилишдан, фаҳш–зинодан ва қони чиқарилмаган ҳайвоннинг гўштини ейишдан ўзларингизни тийинглар.” 21 Ахир, Мусонинг қонуни азал–азалдан ҳар бир шаҳарда ваъз қилинмоқда, ҳар Шаббат куни синагогаларда ўқилмоқда.
22 Шундан кейин ҳаворийлар ва оқсоқоллар бутун имонлилар жамоати билан шундай қарорга келдилар: “Гуруҳимиздан бир неча одамни танлаб олиб, уларни Павлус ва Барнабо билан бирга Антиохияга юборамиз.” Улар иккита одамни — Барсабо деган Яҳудони ва Силасни танлаб олдилар. Яҳудо ва Силас жамоатнинг йўлбошчилари эдилар.
Жамоат Муқаддас Руҳ бошчилигида бир қарорга келган эди.
Юқоридаги оятларнинг ўхшаш томонини кўрдингизми?
Бутурс сўз олиб: “Худо менга шундай ва шундай, деб айтди, энди ҳаммангиз айтганимни қилишга мажбурсизлар” дедими? У ўзиникини талаб қилдими? Столга мушт уриб, бақирдими?
Неча марта Бутрус жамоатдагиларга буйруқ берган?
Бутруснинг гапига қўшилмаганларга у: “Сен нафс бандасисан”, деб айтганми? Уларни жамоатдан ҳайдаганми?
Йўқ, у бундай қилмаган.
Биз оятларда нимани кўрямиз? Имонлилар бир–бирига қулоқ солганини, бир–бирининг ҳурматини жойига қўйиб, муомала қилганини, шошилмай бир тўхтамга келганини кўряпмиз. Уларнинг бир тўхтамга келишлари табиий ҳол. Бундан ҳайрон қолишимиз керак эмас, чунки уларнинг ҳаммасига битта Муқаддас Руҳ гапиради. Муқаддас Руҳ ўзига ўзи қарши чиқмайди.
Ажабланарлиси шуки, айрим чўпонлар ўзларини “бошлиқ” қилиб кўрсатишдан асло уялмайдилар, улар буни ҳатто яширмайдилар ҳам.
Бу масалага ойдинлик киритиш учун, келинглар, қуйидаги оятларни кўриб чиқайлик:
Матто 16:18 Мен Ўзимнинг жамоатимни қураман. Бу оятга кўра, жамоат кимга тегишли? Йўқ, чўпонга эмас. Жамоат фақат Исога тегишлидир.
Юҳанно 21:15 Исо Бутрусга шундай деган эди: “Қўзиларимни ўтлат.”
Юҳанно 21:16 У Бутрусга иккинчи марта деди:…………“Қўйларимни боқ.”
Юҳанно 21:17 У Бутруса учинчи марта деди: ……………“Қўйларимни ўтлат.”
Демак, имонлилар кимга тегишли? Раббимиз Исога. Чўпонларга эмас. Етакчиларга ҳам эмас. Ишончингиз комил бўлсин: агар қўзилар Исога тегишли бўлса, У қўзиларига яхши ғамҳўрлик қилади. У сиздан ҳисобот сўрайди. Қўзиларга яхши қараган бўлсангиз сизни мукофотлайди, ёмон қараган бўлсангиз сизни жазолайди.
Марк 10:42–45
Исо эса уларни ёнига чақириб, деди:
— Бутпарастларга қаранглар, улар ҳукмдорларига иззат кўрсатадилар, ҳукмдорлари эса уларга ўз ҳукмини ўтказадилар, катта амалдорлари элга зўравонлик қиладилар. 43 Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Аксинча, орангизда ким катта бўлишни истаса, сизларга хизмат қилсин. 44 Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, ҳаммангизга қул бўлсин. 45 Ахир, Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи бошқаларга хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни озод қилиш учун келган.
Ёқуб ва Юҳанно Осмон шоҳлигида махсус ўринга эга бўлмоқчи эдилар. Эй йигитлар, дунёвий одамларга тақлид қилманглар. Бундай нарса дунёвийлар орасида кенг тарқалган. Афсуски, бугунги кунда кўплаб имонлилар мансабга интиладилар, ўзларига ҳурмат талаб қиладилар, шуҳрат ва эътирофга ташнадирлар, ҳаётни муваффақият билан ўлчайдилар, омад томон интиладилар. Исо эса фақат Худога улуғворлик келтириш ҳақида ўйлар эди. Исога тақлид қилганлар нақадар бахтиёрдирлар.
Матто 23:6-8
6 Шунингдек, зиёфатларда тўрга чиқишни ва синагогаларда яхши жойларда ўтиришни ёқтирадилар. 7 Бозорларда одамлар уларга салом беришларини, “устоз” деб мурожаат этишларини яхши кўрадилар. 8 Аммо сизларни ҳеч ким “устоз” деб чақирмасин, чунки ҳаммангизнинг битта Устозингиз бор. Сизлар эса бир тенг биродару опа–сингилсизлар.
Ҳеч ким Исо сингари худбин диндорликнинг бадбашаралигини тушунмайди. Бу оятда Исонинг оғзидан чиққан энг даҳшатли сўзларни кўришимиз мумкин. 6–оятда Исо диндор фарзийларни таърифлаяпти. Улар ўта манман, ўзларига бино қўйган, худбин ва иккиюзламачи эдилар. Ўзларини бошқалардан устун, деб билардилар. Ўзларини юқори тутардилар, одамлар уларга ҳурмат билан мурожаат қилишларини кутардилар, бошқалардан ажралиб туриш учун махсус либослар киярдилар ва ҳоказо. Улар ҳамманинг эътиборини қозонишга ҳаракат қилардилар. Исо эса Ўз шогирдларига бундай қилишни, ҳатто унвонлардан ҳам фойдаланишни асло ман этганди. Имонлилар ўзларини бошқалардан устун тутишлари керак эмасди, ҳамма учун биродар бўлишлари керак эди. Барча улуғворлик Исога ва Самовий Отага тегишли эканини билиб, улуғворликка даъвогар бўлишлари мумкин эмасди.
Филиппиликлар 2:3-7
Ҳеч бир ишни худбин ниятда қилманг, шуҳратпараст бўлманг, аксинча, камтарлик билан бошқаларни ўзингиздан юқори деб билинг. 4 Фақат ўзингизнинг эмас, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланг. 5 Фикр–зикрингиз Исо Масиҳникидай бўлсин. 6 Исо Масиҳ Худонинг табиатига эга эди, шунда ҳам У Худо билан тенглигини маҳкам тутмади. 7 Аксинча, У бу улуғворликдан воз кечиб, қул табиатига кирди, инсон бўлиб туғилди. У инсон қиёфасида яшади.
Эй етакчилар! Бу оят сиз ҳақингизда эмас. Ўзингизга бино қўйишни бас қилинг. Манманлигингизнинг бадбўй хиди атрофни тутди. Бир мўйсафид хизматчи шундай ёзди: “Имонлиларга қарасам бир нарсага ҳайрон қоламан, улар камтарликдан воз кечганлар. Аслида эса Масиҳнинг шогирдлари ўз камтарлиги билан ажралиб туришлари даркор. Жамоатга назар ташланг, у ерда камтарликдан асар ҳам қолмаган.”
Жамоат тарихига назар солар эканмиз, жамоат ўз Асосчисининг изидан юрмаганига гувоҳ бўламиз. Жамоат хизматкор каби сочиқ тутмай, ҳукмдордай ҳашаматли либосларга ўраниб олганини кўрамиз.
Юҳанно 13:5
Кейин Исо тоғорага сув қуйиб, шогирдларининг оёқларини ювишга тушди. Белига боғлаган сочиқ билан уларнинг оёқларини артиб қуритди.
Исо ҳеч қачон: “Оёқларимни ювинглар!” деб буйруқ бермаган. Аслида, У шундай буйруқ беришга ҳақли эди. Аммо У бундай қилмай, Ўзи шогирдларининг оёқларини ювди.
1Бутрус 5:1–3
Эй жамоат оқсоқоллари, энди сизларга бир насиҳатим бор. Мен ҳам сизларга ўхшаган оқсоқолман. Масиҳ чеккан азоблари ҳақида шаҳодат берувчи ва Унинг зоҳир бўладиган улуғворлигининг иштирокчиси сифатида мен сизлардан ўтинаман: 2 Назоратингиздаги Худонинг сурувини яхши боқинглар. Бу хизматни мажбурият юзасидан эмас, балки чин кўнгилдан, Худога манзур тарзда бажаринглар. Шунчаки пулпарастлик мақсадида эмас, самимият билан ижро этинглар. 3 Қўлингиз остидаги сурувга ўз ҳукмингизни ўтказмай, уларга ўрнак бўлинглар.
Ҳаворий Бутрус бу оятларда чўпонларга жуда яхши маслаҳатлар бермоқда: одамларга ҳукмингизни ўтказманглар, уларга ўрнак бўлинглар. Биз юқоридаги иккита муҳим сўзга эътибор беришимиз керак “ҳукм ўтказманглар” ва “ўрнак бўлинглар”.
“Ҳукм ўтказмоқ” – ўзи истагандай бошқаришни, қўл остидагиларга зулм қилишни, бошқаларни қўрқувга солишни, қаттиққўл ва шафқатсиз бўлишни билдиради. Ҳукм ўтказадиган чўпонлар бошқаларнинг гапини эшитмайдилар, уларнинг фикрига қизиқмайдилар, фақат ўз ҳукмини ўтказишга ҳаракат қиладилар, буйруқ беришга одатланганлар. Худонинг сурувини боқадиган чўпоннинг бундай қилиши ярамайди.
Самимий хизмат қиладиган чўпоннинг ҳокимияти Худонинг Каломига бориб тақалади. Чўпон ваъз айтганда ёки насиҳат қилганда , унинг сўзи ҳокимиятини акс этади. Қолган пайти унинг ҳеч қандай ҳокимияти йўқ, у хизматкор вазифасини бажариши керак. Ҳақиқий ҳокимият Худонинг каломидан келиб чиқади, қолган пайтда эса чўпонлар қўйларини боқади. Қўйларга зулм қилиш ярамайди. Уларга ғамҳўрлик қилиш, уларни боқиш керак.
Мисоллар: Етакчининг асл қудрати унинг бошқаларга намуна бўлишидадир. Ҳаётингизнинг қудратли намунаси сизни етакчи қилади. Агар мен чўпон ва хизматчи вазифасини бажарсам қўлим остидаги сурувга ҳар нарсада намуна бўлишим керак. Улар ҳаётимни яқиндан томоша қила олишлари шарт. Мен ўз ҳаётим, юриш–туришим, чиқарган қарорларим билан “сурувга ўрнак бўлишим зарур”.
2Коринфликлар 12:7-10–оятларда ёзилишича, Худо мағрурликдан шу қадар нафратланадики, Павлусга мағрурланиб кетмаслиги учун ниқталайдиган ниш берган. Токи Павлус ўзига эмас, Эгамизга умид боғласин. Балки сиз ҳам Худодан ўзингиз учун ниш сўрашингиз керакдир? “Мағрурлик воизхонларнинг касб касаллигидир.” Буни тан олишимиз керак.
Матто 11:29
Менинг бўйинтуруғимни тақиб олинглар, Мендан ўрганинглар. Чунки Мен юмшоқ кўнгил ва камтаринман. Шунда сизларнинг жонларингиз ором топади.
Хизматкор етакчи қўли остидаги одамларни чин кўнгилдан яхши кўради, уларга нисбатан меҳрибон ва юмшоқ кўнгил бўлади.
Mарк 9:33-35
Исо шогирдлари билан Кафарнаҳум шаҳрига келди. Уйда бўлганда, шогирдларидан сўради:
— Йўлда кетаётиб нималар ҳақида баҳслашдингиз?
34 Улар индамадилар, чунки улар: “Орамизда энг катта ким?” деб ўзаро баҳслашган эдилар. 35 Исо ўтириб, ўн икки шогирдини ёнига чақирди:
— Ким биринчи бўлишни истаса, ҳамманинг охирида турсин ва ҳаммага хизматкор бўлсин, — деди.
Ҳақиқий юксаклик мансабга, лавозимга ёхуд қудратга эмас, балки фидокорликка боғлиқдир. Ўз ҳукмини ўтказадиган бошлиқ бошқаларни назорат қилиш орқали ўзини юксалтиради. Бироқ минбарда туриб, бошқаларнинг оёқларини ювиш осон эмас. Шуҳрат ва кудрат васвасаси имонда мустаҳкам турган имонлини ҳам тўғри йўлдан оздириши мумкин.
Энди Павлуснинг гапларига эътибор берайлик:
2Коринфликлар 1:23-24
Худо шоҳид, ўз жоним ҳақи айтяпман, сизларни аяганим учун ҳануз Коринфга бормадим. 24 Биз сизларнинг имонингиз устидан ҳукмдормиз, демоқчи эмасман, чунки сизлар имонда маҳкам турибсизлар. Хизмат қилишимиздан мақсад қувончингизни кўпайтиришдир.
Павлус имондаги фарзандларини ранжитгандан кўра азоб чекишни афзал кўрарди.
1Коринфликлар 4:21
Хўп, нима хоҳлайсизлар? Олдингизга калтак билан борайми ёки меҳр–муҳаббат ва мулойимлик руҳи билан борайми?
Павлус буйруқ беришдан кўра, ўтиниб сўрашни афзал биларди. Калтак ўрнига меҳр–муҳаббат ва мулойим сўзларни ишлатарди.
1Коринфликлар 10:33
33 Мен ҳам ўз манфаатимни эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзлаяпман, улар нажот топсин деб, турли йўллар билан ҳамманинг кўнглини топишга ҳаракат қиляпман.
У ўз манфаатидан воз кечган эди, ҳар ишда фақат бошқаларнинг манфаатини кўзлар эди.
2Коринфликлар 4:5
Биз ўзимиз ҳақимизда эмас, Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида ваъз қиламиз. Исонинг йўлида сизларнинг хизматкорларингизмиз.
Эҳтиёт бўлинг, ваъз айтганингизда ўзингизни юксалтирманг. Агар ваъзхон фақат ўзини мисол қилиб келтираверса, бундай ваъзхондан ўзингизни олиб қочинг. Хизматкор етакчилар бошқаларга зулм қилмайдилар. Бошқаларга буйруқ бермайдилар, аксинча, Каломга амал қилинглар, деб ўтиниб сўрайдилар.
Павлуснинг хизматкор етакчи экани Филимўнга ёзган мактубидан яққол кўришимиз мумкин. Бу ҳақда мулоҳаза қилинг. Агар Павлус ҳукмини ўтказадиган бошлиқ бўлганда эди, Филимўнга 25–оятдан ташкил топган мактубни ёзиб ўтирмай, бир дона гап билан кифояланиб қолган бўларди. У балки шундай деб ёзган бўларди: “Мен, буюк ҳаворий Павлус, Муқаддас Китоб муаллифи, жамоат асосчиси ва таниқли нотиқ сенга буюраман Филимўн: Ўнисимусни кечиргин.”
Бироқ Павлус Филимўнга мактуб ёзар экан, унга асло буйруқ бермади:
Филимўн, сен ҳам, мен ҳам Масиҳга ишонамиз. Шунинг учун мен сенга, ўз бурчингни бажаргин, деб буюришга ҳаддим сиғади. 9 Аммо сен мени яхши кўрганинг учун илтимос қилишни афзал кўрдим. Исо Масиҳ туфайли қамоқда бўлган, ёши ўтиб қолган, мен, Павлус 10 маҳбуслигимда имон орқали менга ўғил бўлиб қолган Ўнисимус учун сендан илтимос қиляпман.
Павлус Филимўнга ўз ҳукмини ўтказмади, аксинча, ундан илтимос қилгани учун, мазкур мактуб хизматкор етакчи қандай бўлиши кераклигини яққол намоён қилади. Павлус донолик билан Филимўнни тўғри қарор чиқаришга йўналтирди. Дарҳақиқат, Павлус муомалага ниҳоятда устамон одам эди.
Сизга ХХI асрнинг хизматкор етакчиси мисолини келтирайми? Осиёдаги бир катта жамоатнинг бош чўпони ҳар ҳафта душанба куни эрталаб барча чўпонларни ва етакчиларни мажлисга йиғади. Бу мажлиснинг номи “Саволлар ва қўшиладиган ҳисса”. Мажлисдаги ҳар бир одам бош чўпонга хоҳлаган саволини бериши, жамоат равнақи учун ўз ҳиссасини қўшиши ва янги ғоя билан ўртоқлашиши мумкин. Бош чўпон бошқаларнинг доно фикрларига муҳтожлигини ҳеч кимдан яширмайди. Чўпонлар ҳам оддий бандалардир, уларнинг ҳам ўзларига яраша камчиликлари бор. Бундай мажлислардаги баҳсларда ўша камчиликлар фош бўлиши мумкин. Шунинг учун чўпон етакчиларга: “Сизларнинг фикрингиз мен учун ниҳоятда муҳим”, деб очиқдан очиқ айтади. Уларнинг саволларига жавоб беради. Шу сабабдан Худо ўша жамоатни беҳад баракалаб келмоқда, етакчилар орасидаги аҳлоқ даражаси ниҳоятда юқори.
——————————————————————————————————–
Сизга доно қарор чиқарган жамоатни мисол қилиб келтирайми? Қуйидагини ўқинг:
Бир жамоатнинг етакчилари муҳим бир қарор чиқаришлари керак эди. Улар чўпоннинг таклифини диққат билан ўқиб чиқдилар, ҳаммаси таклифга рози бўлди, фақатгина бир етакчи сокин овозда норозилигини билдирди. У таклиф борасидаги баъзи мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Шунда чўпон: “Келинглар, икки ҳафта давомида бу таклиф учун ибодат қилайлик. Икки ҳафтадан кейин учрашганимизда қарор чиқарамиз”, деди.
Икки ҳафта ўтгач, ҳамма яна йиғилди. Шунда ҳар бир киши таклифнинг айрим камчиликлари ҳақида гапирди. Улар бир–бирини диққат билан эшитдилар. Кўп ўтмай ҳамма бир овозда бу таклифни рад этди. Чўпон ҳам бу қарорга қўшилди. Бу хизматкор етакчиликнинг амалдаги мисолидир. Ўша жамоат ниҳоятда самарали жамоатдир. Зеро “ҳар бир етакчи камтарин бўлиши, бошқаларда яхшиликни кўра олиши керак, ўз нафсига эса ниҳоятда талабчан ва қаттиққўл бўлиши даркор.
————————————————————————————————————–
Хизматкор етакчи бўлиб шаклланмоқчимисиз? У ҳолда қуйидагиларни ўз ҳаётингизга татбиқ қилинг:
1Коринфликлар 13:4-7
Мен сабр–тоқатлиман,
Меҳрибонман,
Ҳасад қилмайман,
Мақтанмайман,
Кеккаймайман,
Одобсизлик қилмайман.
Худбинлик қилмайман.
Аччиқланмайман,
Кек сақламайман,
Ноҳақликдан севинмайман,
Ҳақиқат қарор топганда шодланаман.
Ҳар нарсани кўтараман,
Ишончни йўқотмайман,
Ҳар қандай шароитда умид сақлайман,
Ҳар нарсага тоқат қиламан.
Бу рўйхатни ўқиб чиқаётганингизда, ўзингиздаги камчиликлар учун тавба қилган бўлсангиз керак?
Агар сиз юқоридаги хислатларга эга бўлсангиз, атрофингиздаги ҳамма одамларга баракат улашасиз!
Ушбу мақоладаги келтирилган оятларни ҳисобга олганда ва Муқаддас Китобдаги яна бошқа кўплаб оятларни ҳисобга олганда, шунга амин бўламизки, агар сиз хизматкор етакчи бўлишдан бош тортсангиз, демак Муқаддас Китобга амал қилмаган бўласиз.
Биз хизматкор чўпонлар томонидамиз! Ўз ҳукмини ўтказадиган золим чўпонларга қаршимиз!