Ҳикматлар китобида дўстлик мавзуси
“Сен менинг дўстимсан, қалбим зийнатисан.
Шодон суҳбатдошим, ўзинг сирдошимсан.
Ягонам, бетакрорим,
Сен дилкаш дўстимсан.
Доим менга таянч бўлган
беғубор тоғимсан.
Кундузи ҳам, кечаси ҳам
Ёнингда бўлсам дейман.
Сендай дўст дунёда йўқ!
Қалбим зийнатисан!”
Ушбу шеърни ёзган муаллиф болажонларга дўстлик қадриятини ўргатмоқчи бўлган, дўстликни юксак зийнатга ва беғуборликка қиёслаган.
Беғубор, самимий, соддадил ва тўлиқ ишончга асосланган дўстликни ким истамайди, дейсиз?!
Афсуски, сиз ҳам, мен ҳам мукаммал дунёда яшамаймиз.
Бу дунёга гуноҳ путур етказган, бутун борлик таназзулга юз тутган.
Шу боис, юқоридаги беғубор дўстликка эришиш бу дунёда осон эмас. Баъзан шундай дўстлар бўладики, муносабатларимизни ҳам, жисмимизни ҳам заҳарлайди.
Бироқ бу масалада бизга Ҳикматлар китоби ёрдам беради. Эски Аҳд таркибига кирган бу китоб, ёшларимиз учун аълo бир қўлланма вазифасини бажариб, уларга етук инсон бўлиб етишишларига ёрдам беради. Бу китобда дўстлик мавзусига кўп эътибор қаратилган, бу ҳам бежиз эмас, зеро бу мавзу ҳар бир инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади.
Ҳикматлар китоби дўслик мавзусига холисона ёндашади, ушбу китобнинг доно таълимоти кўплаб асрлар синовларига дош бериб, асло панд емади. Бу китобдаги дўстлик ҳақидаги маслаҳатлар юқорида келтирилган шеърдан ўлароқ, дўст танлашда доно насиҳатлар ва огоҳлардан иборатдир.
Келинг, Ҳикматлар китобининг таркиби ҳақида сизга айтиб берайин:
Китоб 1–бобдан бошланиб, 1–6–оятлар китобнинг мақсади ва моҳияти ҳақида сўз юритади. Китобга жиддий ёндашган инсонга бу китоб:
Донолик, насиҳатни ўргатади, ҳикматли сўзларни тушунтиради,
Ақлли кўрсатмаларни, тўғрилик, адолат ва одилликни ато қилади.
Ушбу насиҳату доноликни бизга ким ва қаерда ўргатиши лозим?
8–9–оятларга кўра буларни бизга ота–онамиз ўргатади.
Зотан, ҳар бир фарзанднинг руҳий устози – ота ва онадир, жамоат чўпони эмас, жамоатдаги болалар гуруҳининг ўқитувчиси, ёшлар чўпони, мураббий ҳам эмас.
Ҳикматлар китоби насиҳату кўрсатмалар ва огоҳлантиришлардан иборат.
Бу кўрсатмаларнинг барчаси ҳаётда муваффақият қозонишимиз учун ниҳоятда зарур.
Китобдаги дастлабки насиҳат 1–боб, 10–оятда ёзилган бўлиб, гуноҳкорларга бўйин бермаслик, уларга ҳамтовоқ бўлмаслик ҳақида айтилади.
Бир нарсани тушуниб олишингизни истаган бўлардим:
Ҳикматлар китобининг 1–6–оятларда ёзилганидай, сиз энг яхши насиҳату кўрсатмаларни эшитишингиз мумкин,
8–9–оятларда ёзилгандай, дунёдаги энг яхши, диёнатли ота–онага эга бўлишингиз мумкин,
Бироқ дўст танлашда адашсангиз, сизни йўлдан урмоқчи бўлган гуноҳкорларга бўйин берсангиз,
Ўз ҳаётингизни хазон қилган бўласиз, Худо сиз учун тузган эзгу режаларидан воз кечиб, руҳий таназзулга юз тутасиз.
Ҳикматлар китобидаги 1–огоҳлантириш бу – ёмон дўст ҳаётингизни хазон қилади.
Ота–оналар, фарзандларингиз кимлар билан дўст бўлганини билмасангиз, демак, ўз ота–оналик вазифангизни бажармаган бўласиз.
Буниси эса барчамизга тааллуқлидир:
Агар жамоатдаги биродаримиз ёки опа–синглимиз шубҳали бир одам билан доимо вақт ўтказаётганини кўрсагу бунга асло эътибор бермасак, унинг ёмон йўлга кираётганини кўриб туриб, ўзимизни кўрмаганга олсак, демак, биз биродаримизга нисбатан ўз вазифамизни бажармаган бўламиз.
Ахир, балчиққа ботган ўртоғини кўрган ҳақиқий дўст, унга ёрдам қўлини чўзмайдими?!
Бироқ Ҳикматлар китоби дўстлик ҳақида сўз юритар экан, шу билан чекланиб қолмайди.
Ҳикматлар китобидаги қуйидагича кўрсатма мени лол қолдирди, сизни ҳам лол қолдириши ажаб эмас. Ушбу китобга кўра, 5 турдаги инсондан қочиш керак, улар билан асло дўстлик ришталарини боғлаб бўлмайди.
Демак, биз 5 хил инсондан ўзимизни олиб қочишимиз керак.
Бундай одамларни ўзингизга йўлатманг,
Улар билан ҳар қандай алоқани узиб ташланг.
Тўғрисини айтсам, бу мавзуни ўрганишни бошлаганимда ўзимни жуда ноқулай сездим.
Бу каби оятлар Муқаддас Китоб таркибига кирганидан жуда ҳайрон бўлиб, лол қолган эдим.
Келинглар, шу оятларни кўриб чиқайлик. Худонинг Сўзини ўрганишга бағишлаган вақтингиз мароқли ўтади, деб ўйлайман.
Демак, биз қочишимиз керак бўлган бу 5 турдаги одамлар ким?
Сизга дўст бўлмайдиган 1–турдаги одам қуйидагичадир:
Ҳикматлар 5–боб, 8–оятда шундай ёзилган: “У аёлдан узоқроқ юр,
унинг эшигига яқинлашма.”
Хўш, бу оятга кўра биз айтилган аёлдан узоқроқ юришимиз керак экан. У аёл ким?
5–боб 3–оятда ўша аёл ҳақида шундай ёзилган:
“Бузуқ аёлнинг тилидан бол томади,
сўзлари — малҳамдай юмшоқ”
Демак, бу – бузуқ аёл, яъни сизни зино қилишга ундамоқчи бўлган аёл.
Доимо эсингизда тутинг, бузуқ одам аёл ёки эркак бўлиши мумкин.
Агар биз бузуқ одамлардан ўзимизни олиб қочмасак хонавайрон бўламиз.
9–оятга кўра, “…ўз обрўймизни бегоналарга, ҳаётимизни ёвузларга берган бўламиз.”
Шунда 10–оятга кўра: “Бойлигимиздан бегоналар баҳраманд бўлади,
меҳнат билан топган мол–мулкимиз ўзгаларга насиб қилади.”
Демак, бизни зинога ва ахлоқсизликка ундаган одамлардан ўзимизни олиб қочишимиз керак. 11–оятда ёзилган – жинсий йўл билан ўтадиган касалликларни ҳам эсда тутишимиз керак, зеро бунинг оқибати жуда ёмондир.
Фаҳшбозлик ва зино гуноҳи ҳалокатли кучга эгадир, у инсон қалбини вайрон қилади. Бу гуноҳнинг аянчли оқибатини кўриш учун 5–бобни ўқишда давом эттиринг.
Наҳотки бир кечали лаззат буларнинг барчасига арзиса?
Шу боис, бизга кўплаб огоҳлантиришлар ва намуналар берилган:
Ибтидо китобининг 39–боб, 12–оятида Юсуф зинодан қочгани шундай тасвирланган:
“Аёл Юсуфнинг кийимидан ушлаб: “Мен билан бўл!” деди. Лекин Юсуф ташқарига қочиб чиқиб кетди. Юсуфнинг кийими эса аёлнинг қўлида қолди.”
1Коринфликларга 6–боб, 18–оятда: “Жинсий ахлоқсизликдан ўзингизни олиб қочинглар!” деб ёзилган.
Тимўтийга иккинчи мактуб 2–боб, 22–оятда эса: “Ўғлим, ёшлик эҳтиросларидан қоч.” – деб айтилган.
Павлус Тимўтийга бу мактубни ёзганда Тимўтий чамаси 40 ёшларда эди.
Эътибор берган бўлсангиз, юқорида келтирилган бу барча оятларда бир хил феъл – “ҚОЧМОҚ” феъли ишлатилган.
Бир дақиқа, биз ҳаммамиз катта одамлар бўлсак, қочиб нима қилдик?!
Ахлоқсиз одамдан қочиб, ўзимизни ожиздек кўрсатиб қўймаймизми?
Думини қисиб қочган итга ўхшаб қолмаймизми?
Асло! Ахлоқсизлик ва зинонинг тўланадиган баҳоси қанчалар баланд эканига бир қаранг. Ақлингизни йиғиб олинг! Аҳмоқлик қилманг!
Тонг соат 6да телефоним жиринглаб қолди.
Дўстим менга қўнғироқ қилиб, дарҳол унинг уйига етиб боришимни ўтиниб сўради. Бориб билсам, хотини бошқа бир эркакдан ҳомиладор бўлибди.
Уйда бақир–чақир, тўс–тўполон, кўз ёшлар дарё бўлиб оқарди, эшиклар қарсиллаб ёпилган, лаънату сўкишлар ёғиларди, ишонч поймол бўлганди, орзу умидлар чилпарчин эди. Бу ҳолат кунлар, ҳафталар, ойлар ва йиларга чўзилди………
Шундай экан,
Наҳотки бир кечалик лаззат бир умрлик ғурбатга арзиса?
Жинсий алоқа Худодан инъомдир.
Бироқ олов ўчоқда сақлангани каби, жинсий алоқа ҳам оилада, эр–хотин тўшагида сақланиши даркор.
Афсуски, ҳозирги дунё васвасага тўлиб тошган, шу боис зиною ахлоқсизликдан ўнг–сўлимизга қарамай қочишимиз керак.
Шундай экан, қочишни усталик билан ўрганиб олайлик.
Ахлоқсиз одамлардан қочайлик.
Порнографиядан қочайлик.
Ёмон кинолардан қочайлик.
Васвасага солувчи ашулалардан қочайлик.
Балки Фейсбук ёки инстаграмдаги баъзи одамларга ҳам эргашмаслигимиз керакдир.
Мен ўзим яқинда танишларим рўйхатини тозалаб чиқдим.
Ахлоқсиз одам ижтимоий тармоқлар орқали ҳам сизга пичинг гаплар ташлайди, қўйилган чегараларни писанд этмай ўтади. Бу каби одам билан тармоқда ҳам асло дўст тутинманг. Уни дўстларингиз рўйхатидан ўчириб ташланг.
Сизга дўст бўлмайдиган 2–турдаги одамлар ҳақида Ҳикматлар китоби 22–боб, 24–25–оятларда ёзилган:
Уришқоқ билан дўстлашма,
баджаҳл билан юрма.
Бўлмаса сен ҳам уларнинг йўлига тушиб қоласан,
жонингни тузоққа илинтирасан.
Келинг, Муқаддас Китобда тилга олинган баджаҳл одамларни кўриб чиқайлик, жаҳл устида қилган ёмон ишлари билан танишайлик:
Қобил жаҳл устида укасини ўлдирди.
Шоҳ Шоул Довудга ҳасад қилиб, уни ўлдириш учун кўп таъқиб қилди.
Шоҳ Осо Худога итоатсизлик қилгани учун пайғамбар унга танбеҳ берди, шоҳ Осо пайғамбардан қаттиқ ғазабланиб, уни зиндонга ташлади.
Бобил шоҳи Навухадназар жаҳл устида Шадрах, Мешах ва Абеднахуни оловли чуқурга ташлаттирди.
Шоҳ Ҳирод Байтилдаги барча ўғил бола чақалоқларни қириб ташлади.
Жаҳлнинг оқибати аччиқ ва аянчлидир – сиз ҳам жаҳлингизни тиймасангиз бу золимларнинг ёнидан жой олишингиз ҳеч гап эмас.
Сиз ичингизда шундай ўйлашингиз мумкин:
Ҳа, ўша одамлар жаҳл устида ақлсизлик қилиб қўйишибди, лекин мен бунчага асло бормайман.
Бироқ, Ҳикматлар китоби 27–боб, 4–оятида шундай ёзилган:
“Жаҳл — золим, ғазаб бир тошқиндир”.
Тошқин сув тез оқади.
Тез оқимга кириб қолсангиз, сизни узоқларга олиб кетганини ҳатто пайқамай ҳам қоласиз.
Унинг тезлигидан қаерга бориб қолганингизни англамай ҳам қоласиз.
Жаҳл ҳам худди шундай, ғазабга миниб олсангиз, унинг шиддати сизга ўзингиз истамаган нарсаларни қилдиради.
Ғазаб устида аҳмоқлик қилиб қўйма, ўзингни тут, деган гапни эшитгандирсиз.
Ушбу оят айнан шу ҳақда сўз юритади.
Ғазаб тошқин сувдай сизни истамаган томонга олиб кетмасин. Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади, дейди ота–бобларимиз. Жаҳли тез одам билан дўст бўлсанг, ўзинг ҳам жаҳлдор бўласан, ғазаб қулига айланасан. Шундай экан, жаҳли тез одам билан дўст бўлманг. Бундай одамни улфатларингиз доирасига киритманг.
Келинг, бир дақиқа тўхтаб, қилган аҳмоқ ишларимизни эслайлик. Сиз нима қилганингиздан жуда афсусдасиз? Ҳаётингизда қилган қайси аҳмоқликни, қўлингиздан келса, ўзгартирган бўлардингиз?
Неча марта жаҳлингиз сизга панд берган?
Агар ўзингизнинг жаҳлингиз тез бўлса, жаҳли тез одамларга шерик бўлманг, ўзингизга босиқ, мулоҳазали дўст топинг.
Ҳикматлар китоби 29–боб, 22–оятда шундай ёзилган:
“Сержаҳл одам жанжал чиқаради,
серзарда кўп гуноҳ қилади.”
Сержаҳл одам олдида юриш осон эмас, чунки бундай одам тутаб турган вулқон кабидир.
Унинг қачон портилаб кетишини билмайсиз, атрофидагиларга зарда сочиб қанчалар зарар етказишини олдиндан айта олмайсиз.
Бу каби одамдан қанча узоқда бўлсангиз, ўзингизга шунча яхши!
Ахир, ер юзида жаҳл ва ғазаб шусиз ҳам ошиб–тошиб ётибди.
Коринфликларга биринчи мактуб, 15–боб, 33–оятда шундай дейилган:
“Лекин адашманглар, ахир, “ёмон улфатлар яхши ахлоқни бузади”, дейишади–ку!”
Ҳа, қозонга яқин юрсак, қораси юқиши аниқ!
Агар, бу насиҳатларга қулоқ солмасак, ўзимизни аҳмоқлардай тутган бўламиз.
Жаҳлдор одамлардан узоқда юринг, улар билан дўст бўлманг.
Ўзингизга ҳавас қилса арзигулик дўст топинг. У сиз учун намуна бўлсин.
Сизга дўст бўлмайдиган 3–турдаги одамлар:
Ҳикматлар 22–боб, 10–оятда шундай ёзилган:
“Мазах қилувчини орадан қув!
Шунда ғавғо кетади,
жанжалу ҳақорат ҳам барҳам топади.”
Мазахчи ким?
Иброний тилида мазахчи деган сўз қаттиқ ҳақорат ҳисобланиб, фосиқ одамларга нисбатан ишлатиларди.
Мазахчининг онги бузилган, у покдил одамлар устидан кулади, тўғри иш қилганларни ўзига нишон қилиб олади.
Бу каби одамлардан қочинг, мазахчилар билан асло дўст бўлмайман, деб қатъий қарор қилинг.
Мазахчилар уят деган нарсани билмайди.
Уларнинг ёлғон–яшиқ гапларига, ширин сўзларига алданиб қолманг.
Вабодан қочгандай улардан қочиш керак, саратон шишини кесиб ташлагандай, уларни орангиздан ҳайдашингиз керак.
Мазахчилар одамлар орасига жанжал ва иғво уруғини сепади. Бошқаларни ёмонлайди.
Одамлар устидан кулади, уларни ерга уради, мазах қилади, ҳар қандай оқилона қарорга қаршилик кўрсатади.
Мен одамлар орасида баъзан бўлиб турадиган тушунмовчиликларни назарда тутмаяпман. Ҳаммамиз вақти–вақти билан келишолмай қоламиз, бу табиий ҳолдир. Бундай вазиятларда ибодат қилганимиздан кейин ва бир–биримиз билан сидқидилдан гаплашганимиздан кейин, бундай тушунмовчиликлар барҳам топади. Муносабатлар тикланади.
Мен мазахчилар деганда – гап ташийдиган, одамлар устидан куладиган, ғавғо ва жанжал кўпайтирадиган, одамларни қасддан уруштириб қўядиган бетамизларни назарда тутяпман.
Мазахчиларга дуч келганимизда ўзимизни қандай тутишимиз керак?
Луқо Хушхабарининг 23–боби, 8–9–оятларида шундай ёзилган:
“Ҳирод Исони кўриб, жуда хурсанд бўлиб кетди. У анчадан буён Исони кўрмоқчи бўлиб юрган эди. Чунки Ҳирод Исо ҳақида эшитган, Унинг бирон мўъжизасини кўрсам деган ниятда эди. Ҳирод Исога кўп саволлар берди, аммо Исо ҳеч бирига жавоб қайтармади.”
Ҳирод – Янги Аҳд давридаги энг нуфузли оилаларидан келиб чиққан бўлса–да, Худони танимайдиган, ўта бетавфиқ, золим одам эди. Унинг буйруғи билан Байтлаҳмдаги барча ўғил бола чақалоқлар ўлдирилганди. У Яҳё Чўмдирувчининг бошини чоптириб ташлаганди. Унинг қилган буюк ишлари шулардан иборат эди.
9–оятда ёзилгандан кўришимиз мумкинки, Исо Ҳироднинг саволларига жавоб бермади.
Нима сабабдан?
Чунки Ҳироднинг саволларида самимият йўқ эди, у буларнинг барчасини шунчаки ўзини кўрсатиш учун қилганди.
10 ва 11–оятларни ўқишда давом этайлик. У ерда шундай ёзилган:
“Шу ерда турган бош руҳонийлар билан Таврот тафсирчилари эса Уни (яъни Исони) шиддат билан қораладилар. Шундан кейин Ҳироднинг ўзи ҳам аскарлари билан бирга Исони камситиб масхаралади. Унга шоҳона чопон кийдириб, Пилатнинг олдига қайтариб юборди.
Мазахчилар Исодан жавоб олишга лойиқ эмаслар.
Биз ҳам Исодан ўрнак олишимиз керак.
Кўплаб масиҳийлар менга ўз дардини айтади. Улар мазахчилар билан суҳбатлашиб тортишадилар, кейин кулгига қоладилар, сўнг яна суҳбатлашадилар, яна кулгига қоладилар, ундан кейин яна шу хатога йўл қўядилар.
Агар мазахчиларни ҳаётингиздан чиқариб ташлашни истамасангиз, пиширган ошингизни ўзингиз еяверинг. Уларнинг кулги ва мазахларига чидаб юраверинг, улар оёқларини устингизга артиб кетаверишсин, лекин бунда Худони айбламанг.
Сизнинг ҳаётингиздаги чақириқ нима эканини мен билмайман. Лекин шуни биламанки, сиз оёқ остидаги латта эмассиз.
Бўлди! Мазахчилар билан дўстлигингизни бас қилинг!
Мен ўзим шу маслаҳатимга риоя қиламан.
Мана, иш столим устидаги бир хат ётибди, ўша хатни мен эртаси кунига ҳам очмайман, бир ҳафта, икки ҳафтадан кейин ҳам ўша хат очилмай ётаверади.
Бу хат бир қариндошимдан келган. Ўша қариндошим илгарилари отамга, сўнг онамга, опамга, энди эса менга хатлар ёзадиган бўлди. Қачон қараманг, у доим бизни ёмонлагани ёмонлаган, ҳеч яхши гап айтмайди. Шунинг учун мен ҳам унинг ёзган хатига асло қизиқишим йўқ, уни ўқимайман.
Уни қачон очиб ўқишимни, ўзим ҳам билмайман.
Ўша қариндошим ўзининг бўлмағур гаплари билан оиламизга кўп маротаба азият келтирганди, хурсандчилигимизни заққумга айлантирганди. Орадан вақт ўтди, фақатгина Ҳудонинг инояти туфайли мен ўша хатни ўқий олдим.
Мазахчилар – уларни ҳаётингиздан чиқариб ташланг.
——————————————————————–
Сизга дўст бўлмайдиган 4–турдаги одамлар:
Ҳикматлар 13–боб, 20–оятда шундай ёзилган:
“Донога ҳамроҳ бўлган доно бўлади,
аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади.”
Бу ерда “аҳмоқ” одамга изоҳ бериб кетишимиз ўринли бўлади, деб ўйлайман.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “аҳмоқ” сўзи шундай изоҳланади: ақлий жиҳатдан чекланган, тентак.
Аммо Муқаддас Китобда “аҳмоқ ва нодон одам”га бошқачароқ изоҳ берилган.
Ҳикматлар 1–боб, 7–оятда шунда ёзилган:
“Донолик ва насиҳатдан нафратланган эса нодондир”
Ҳикматлар 1–боб, 22–оятда эса:
“Ақлсизлар, қачонгача илм–маърифатдан нафратланасиз?!” деб ёзилган
Ҳикматлар 10–боб, 23–оятда:
“Аҳмоқ ёмонлик қилишдан завқланади”
13:19 да “нодон одам ёмонликдан айрилишни рад этади.” – дейилган.
14:9 да “Аҳмоқ одам айб қурбонлиги устидан кулади”
15:5 да “Отасининг насиҳатини аҳмоқ рад этади”
15:20 да “ақлсиз онасини хор қилади.” – деб ёзилган.
Ҳикматлар 19–боб, 13–оятда
“Нодон фарзанд отасига ташвиш келтиради“ – дейилган
26–боб, 11–оятда:
“Ўз қусуғига қайтиб келадиган ит каби,
нодон ҳам ўз ақлсизлигини такрорлайди.” – деб айтилган.
Муқаддас Китобга кўра аҳмоқ одам, ақли заиф одам эмас, у фосиқ одамдир. Худога қаршилик қиладиган, Унинг кўрсатмалари устидан куладиган одамдир.
Аҳмоқ одамларга нисбатан қандай муносабатда бўлишимиз тўғрисида Исо бизга қуйидагича кўрсатма беради.
Матто 7–боб, 6–оятда Исо шундай деб айтади:
“Муқаддас бўлган нарсани кўппакларга берманг, марваридларингизни чўчқалар олдига ташламанг. Акс ҳолда, улар муқаддас нарсаларингизни оёқ ости қилиб, ўзингизни ҳам тилка–пора қиладилар!”
Ҳикматлар 14–боб, 7–оятда бу борада шундай насиҳат берилган:
“Ақлсиздан узоқлаш, чунки ундан маъноли сўз чиқмайди.”
Келинг, Ҳикматлар 13–боб, 20–оятга қайтайлик.
“Донога ҳамроҳ бўлган доно бўлади,
аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади.”
Сиз ҳалок бўлишни истайсизми?
Мен ҳам истамайман.
Шундай экан, аҳмоқ одам билан дўст бўлманг!
————————————————————————————
Ниҳоят,
Сизга дўст бўлмайдиган 5–турдаги одамлар ҳақида
Ҳикматлар 24–боб, 21–оятда шундай ёзилган:
“Эй ўғлим, Эгамиздан ҳам, шоҳдан ҳам қўрқ,
уларга қарши бош кўтарадиган қўзғолончиларга дўст бўлма.” (Синодальныйдан таржима)
Бошқача қилиб айтганда, бошлиқларга қарши бош кўтарадиган исёнчиларга шерик бўлма.
NIV таржимасида охирги сатр шундай таржима қилинган:
“Бўйсунишни истамайдиган аъёнларга шерик бўлма.”
Биз қочишимиз керак бўлган бешинчи турдаги одамлар – бош кўтарадиган, бўйсунишни истамайдиган инқилобчилар, фитначилардир.
Бутрус ёзган биринчи мактубининг 2–боб, 11–13–оятларда ушбу масала борасида шундай ёзади:
“Эй азизларим, сизлардан ўтиниб сўрайман, жонга қарши курашадиган нафс эҳтиросларидан сақланинглар. Ахир, сизлар бу дунёда ғарибу мусофирсизлар. Имонсизлар орасида Худога муносиб ҳаёт кечиринглар. Улар сизларни ёмонликда айбласалар–да, эзгу ишларингизни кўриб, ким билсин, балки тавба қилишар ва қиёмат куни Худони улуғлашар.
Инсонлар томонидан ўрнатилган ҳар қандай ҳокимиятга, Эгамиз ҳақи–ҳурмати, бўйсунинглар.”
Ҳаётингиз учун бўлган Худонинг иродасини билмоқчимисиз?
Юқоридаги кўрсатмаларга риоя қилинг. Ўрнатилган ҳокимиятга бўйсунинг.
Ҳукуматга қарши бош кўтарманг.
Бу оятларнинг маъносини тўлиқроқ тушунишимиз учун, мактуб ёзилган даврни тушунишимиз керак.
Сизлар Нейрон ҳақида эшитган бўлсангиз керак.
У милодий биринчи асрда Рим императори бўлган.
У бино ва чиройли иншоотларни барпо қилишни жуда яхши кўрарди.
Бироқ бир кун келиб, у қурмоқчи бўлган ҳамма нарсани қуриб бўлган эди ва кўплаб тарихчиларнинг фикрига кўра Рим шаҳрини атайин ёндириб юборганди.
Рим шаҳри ўша пайтларда зич жойлашган эски уйлардан, кўп қаватли ёғоч бинолардан, тор кўчалардан ташкил топган бўлиб, аҳолиси жуда катта эди.
Олов Рим шаҳрини бир зумда ямламай ютиб юборди.
Ўт ўчирувчилар алангада қолган биноларга яқинлаша олмадилар, баъзи жойларда олов ўчиришга муваффақ бўлишса–да, шаҳарнинг бошқа томонида оловлар ёқилди.
Турли бутларга аталган маъбадлар ва саждагоҳлар оловда ёниб, кул бўлди. Дин туфайли турли можаролар ва тартибсизликлар бошланди.
Одамлар уйсиз қолди,
Диний тузумга путур етди,
Халқ азобу изтиробда қолди.
Нейрон одамларнинг ғазабини босиш учун, бутун айбни масиҳийларга тўнкади.
Бутун империя ҳудудида масиҳийлар аёвсиз таъқиб ва қувғинларга дучор бўлишди. Бутрус ёзган мактубини қаттиқ қувғинларга учраган масиҳийларга йўллаган эди.
Бутрус ёзган биринчи мактубининг 1–бобида шундай дейди:
6–оят: Сизлар турли синовлар туфайли вақтинча қийналяпсизлар, шундай бўлса ҳам қувонинглар.
7–оят: синовлар имонингизнинг самимий эканлигини исботлаш учун керакдир.
4–боб, 12–оятда: бошингизга тушган оғир синовлардан ҳайрон бўлманглар.
5–боб, 8–оятда: Ҳушёр ва бедор бўлинглар! Душманингиз бўлган иблис шердай бўкириб, бировни ютиб юбориш учун изғиб юрибди.
Бутруснинг бу гапларидан масиҳийлар қанчалар қувғин бўлганини кўз олдимизга келтиришимиз мумкин.
Келинглар, энди Бутруснинг биринчи мактуби 2–боб, 11–13–оятларни ўқиймиз:
Шундай аёвсиз қувғинларга учраган экансиз,
Ҳақ–ҳуқуқингизни талаб қилинг.
Иш қилишдан бош тортинг,
Золим ҳукуматга қарши бирлашинг,
Бош кўтаринг,
Намойишларга чиқинг.
Қаршиликлар кўрсатинг.
Йўқ, Бутрус бундай деб ёзмаган!
Биласизми, дўстларим?!
Қучли қувғинларга дучор бўлишимиз, бош кўтаришимизга асос бўла олмайди.
Римдаги ёнғиндан олдин ҳам, ундан кейин ҳам дунёдаги асосий муаммо – инсон юрагидаги гуноҳга бориб тақалади. Биз ҳаммамиз гуноҳкор ва ёвузмиз, бизга Нажоткор керак.
Бу оламда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.
Биз бўйсунишимиз керак
Нимага?
Зеро, биз юксак мақсад томон интиламиз.
Биз Нажоткоримиз ҳақида гапирганимизда одамлар бизга қулоқ солишлари керак.
Сиёсий қарашларимиз бунга тўғоноқ бўлиши керак эмас.
Масиҳийлар ўз давлатининг энг яхши фуқаролари бўлишлари даркор.
Шу боис, биз ўрнатилган ҳокимиятга бўйсунишимиз ва улар учун ибодат қилишимиз шарт.
Атрофингиздаги одамлар биринчи ўринда сизни Масиҳнинг издоши деб билишлари керак, сиёсий қарашларингиз эса ва қайси партияни қўллашингиз иккинчи даражали бўлиши керак.
Сизнинг сиёсий қарашларингиз хизматингиз доирасини чекламасин, чунки Исо Масиҳ бутун дунё учун Ўз жонини фидо қилди, шу боис сиёсий қарашларингиз билан таъсир доирангизни чекламанг.
Тўғри, жамият ўзгариши керак.
Бироқ асл ўзгариш юракдан бошланади, юракни эса фақат Иса Масиҳ ўзгартира олади.
Ўз мамлакатингиз учун намунали фуқаро бўлинг!
Ҳикматлар 24–боб, 21–оятга қайтадиган бўлсак, у ерда шундай ёзилган:
“Эй ўғлим, Эгамиздан ҳам, шоҳдан ҳам қўрқ, уларга қарши бош кўтарма.”
Демак, биз ҳукуматга қарши асло бош кўтаришимиз керак эмас, исёнкорларга ҳам шерик бўлишимиз мумкин эмас.
Исён билан жамиятни ўзгартириб бўлмайди, бу Худо танлаган йўл эмас.
Бу сўзларни эшитиб, Исонинг 12 шогирдидан биттасини эслагандирсиз: унинг исми ватанпарвар Шимўн эди.
У Зилотлар, деб ном олган исёнчилар гуруҳига тегишли эди.
Зилотлар ўша даврнинг террористлари эдилар.
Агар Зилотлар ҳақида тарихий манбаларни ўқисангиз, у ерда Зилотлар Рим империясига қарши шиддатли жанглар олиб боргани ҳақида ёзилган.
Бироқ, Хушхабарларни ўқиганингизда ватанпарвар, яъни Зилотчи бўлган Шимўн бирон ножўя иш қилгани ҳақида топмайсиз.
Дарҳақиқат, Шимўн бирон марта ҳам ножўя ҳаракат қилмади.
Кўриниб турибдики, Шимўн Исога эргашишни бошлагандан кейин, ўзининг инқилобий фикрларидан воз кечиб, Зилотчилар ташкилотидан чиқиб кетган.
Акс ҳолда, Исо уни Ўзига шогирд қилиб олмаган ва яқинига йўлатмаган бўларди.
Демак, беш турдаги одамлар сизга дўст бўла олмайди, улардан қочинг:
- сизни жинсий ахлоқсизликка ундаган одамлар
- жаҳли тез, жизғанак одамлар
- аҳмоқ, нодон одамлар
- мазахчилар
- исёнкорлар, буйсунишни истамайдиган одамлар
Саволлар:
1–савол: одамларни турларга ажратиб, уларни ҳукм қилиб қўймадикми?
Жавобимиз – ҳа. Албатта, биз бундай одамлар билан дўст бўлмасликни қарор қилдик.
Муаммо нимада?
Ахир, биз ҳар куни бирон масала борасида қарор қиламиз.
Аслида, ҳар куни қарор қилишимизга тўғри келади.
Сиз кўриш учун бирон ТВ программасини танлаганингизда қарор қиласиз.
Қўпол хазилларни эшитиб, хонадан чиқиб кетганингизда ҳам, қарор қилган бўласиз..
Жамоат оқсоқолларини танлаганингизда, қарор қилиб, ҳукм чиқарасиз.
Буларнинг бирон ёмон томони йўқ.
Зотан, биз ҳар куни ҳукм қилиб, қарор чиқарамиз.
Бу борада Муқаддас Китоб бизни қўллаб–қувватлайди.
Ҳукм қилишнинг бошқа бир тури бу – ўзини бошқалардан устун қўйиб, уларни ёмонлашдир. Бу каби ҳукм қилиш Муқаддас Китобда аёвсиз қораланади.
Биз бировнинг хатосини фош қилганимизда, шуни эсимизда тутишимиз керакки бу одам ҳам эртага бизнинг хатоимизни фош қилиши мумкин.
Муқаддас Китоб бизга бошқаларнинг хатоларини фош қилишимиз ҳақида кўрсатма берганда, буни қўполлик билан эмас, аксинча, меҳр–муҳаббат ва камтарлик билан қилишимиз кераклигини ўргатади.
2–савол – Худо ёмон одамларни, шулар жумласидан, жинсий ахлоқсиз одамларни, нодонларни, мазахчиларни дўзаҳга ташламоқчими?
Ҳизқиёл 33–боб, 11–оятда қуйидагича ёзилган: “Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, фосиқнинг ҳалокатидан севинмайман.”
Бироқ ҳақиқат шундан иборатки, бу ёвуз одамларнинг қилиқлари шу қадар ёмонки, Худонинг йўлига буткул тескари, гуноҳ ва разиллик уларнинг қалбларини тош қилиб бўлган, шунинг учун тавба қилиш эҳтимоли жуда паст даражада бўлади.
Улар атайин, мақсадли равишда Худонинг фарзандларига душманлик қилишади, Худонинг иноятидан воз кечганлар.
Бундай одамлар билан мулоқот қилиш ўта хавфли.
Бироқ эсингизда тутинг –
Улардан қочишингиз балки уларни тавбага олиб келар.
3–савол: Масиҳга умид боғлаган одамлар бу рўйхатдан ўзларига қандай сабоқ олишлари керак?
Бизга дўст бўлмайдиган одамларнинг бу рўйхатини кўрганимизда биз самовий Отамизнинг бизга бўлган севгиси, ғамхўрлиги ва ҳимоясини кўра олишимиз керак.
Ўнг сўлига қарамай катта кўчани кесиб ўтмоқчи бўлган болани кўрганимизда, унга бақириб тўхтатамиз,
Қўлини оловга суқмоқчи бўлган гўдакни қўлидан ушлаб қоламиз, ёки қўлига урамиз. Уларни ҳимоя қилиш учун шундай йўл тутамиз.
Улар узоқ умр кўришини хоҳлаймиз, жабр кўришини истамаймиз.
Шу орқали уларга меҳримизни намоён қиламиз.
Худо ҳам бизга бўлган меҳри ва ғамхўрлигини шу оятлар орқали намоён қилади. У бизни ёмон одамлардан асрамоқчи, шу орқали
Ўз меҳрини,
Ғамхўрлигини кўрсатмоқчи;
Ҳаётинмизни бошқармоқчи;
Умримизга барака бермоқчи;
Бизни ҳимоя қилмоқчи.
Атрофимизда нимага назар солмайлик, барча нарсада Худонинг мукаммал ишини кўрамиз. Худо бизга нисбатан ниҳоятда ғамхўрдир, У бизни ярамас одамлардан ҳимоя қилмоқчи, яхшиликка олиб келмайдиган, кераксиз муносабатлардан асрамоқчи.