Нахимиё
“Биз муваффақиятсизликни режа қилмадик. Биз, шунчаки, умуман режа тузмадик.”
“Етакчи кўтарилса хизмат кўтарилади, етакчи йиқилса хизмати ҳам барбод бўлади.”
“ЕТАКЧИЛАР ЕТАКЛАШИ ШАРТ!
Шундагина Масиҳ танасида ривожланиш бўлади, шундагина ҳаракат бошланади.
Юқорида мен сизларга самарали етакчилик йўқлиги ҳақида учта доно гапни ҳавола қилдим.
Ҳозирги дунё яхши етакчиларга муҳтож, бу ҳақиқатни тан олайлик.
Оилаларимизга яхши етакчилар керак.
Жамоатларимизга яхши етакчилар керак.
Эътиборсиз, золим етакчилар бизга кўп азоб келтиради.
Художўй, доно етакчилар эса ҳаётимизга беҳад баракат олиб киради.
Агар биз етакчилик қобилятимизни ривожлантирмоқчи бўлсак қайси манбага мурожаат этишимиз керак?
Нахимиё китобига!
Нахимиё китибини “Етакчилар учун амалий қўлланма”, деб аташади.
Нахимиё китоби ҳақида озгина маълумот:
Эски Аҳд даврида Исроил халқи Худодан юз ўгирганда, Худо халқни итоатсизлиги учун жазолайди. У жазо қуроли сифатида Оссурия ва Бобил лашкарларидан фойдаланади. Милоддан олдинги 722 йилда Оссурия шоҳлиги Шимолий Исроил шоҳлигини йўқ қилади. Милоддан олдинги 586 йилда Бобил шоҳлиги Жанубий Яҳудо шоҳлигини мағлуб қилиб, аҳолисини Бобилга сургун қилади. Яҳудийлар 70 йил давомида Бобилда сургунда яшайдилар. Сургунлик даврининг 70 йили ўз ниҳоясига етган пайтда Худо яҳудий Нахимиёни Бобил шоҳи қошида хизмат қиладиган соқий мартабасига кўтаради. Милоддан олдинги 446 йилда Нахимиё китобида баён қилинган воқеалар бошланади. Ўшанда биз тарих саҳнасига буюк бир етакчи чиққанини кўрамиз.
Етакчиликнинг биринчи қоидаси: Ташаббусни ўз қўлингизга олинг!
Нахимиё 1:1,2
Шоҳ Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йилида, Хислав ойида мен Шушандаги қалъада эдим. 2 Шунда укам Хонин бошқа баъзи одамлар билан Яҳудо юртидан келди. Мен улардан асирликка олиб кетилмаган ва сургундан қайтиб борган яҳудийларнинг ҳолини, шунингдек, Қуддус шаҳрининг аҳволини сўрадим.
Нахимиё бу ерда Мусо пайғамбарга тақлид қилмоқда. Уларнинг иккови ҳам шоҳ саройида яшар эдилар, дабдаба ҳаётнинг бойлигу ҳашаматидан завқ олиб, азобда қолган қардошларининг муҳтожликларига эътибор бермасалар бўларди. Юқори мартаба ва бойлик уларнинг қалбларини муз қилмади, улар мол–дунёдан воз кеча олдилар.
Кўпинча ташаббус – савол беришдан бошланади. Исо камида 135 та савол берган. Павлус ҳам савол беришни яхши кўрган.
Хушхабарлар китобларини варақлар экансиз, Исонинг фаолияти ва ташаббусини яққол кўрасиз, ўшалар туфайлигина тўртта Хушхабар китоби вужудга келди.
Фарзанд ота–онасига: “Илтимос менга ғамҳўрлик қилинг”, деб айтиши шарт эмас.
Жамоат аъзоси жамоат етакчисига: “Илтимос, мен билан ишланг”, деб айтиши шарт эмас.
Нахимиё китобининг 13 та боби Нахимиёнинг ташаббуси туфайлигина юзага келган.
Сиз ҳам ташаббусни қўлга олишингиз керакдир?
Етакчиликнинг иккинчи қоидаси: Раҳмдил бўлинг!
Нахимиё 1:3–4a
Улар шундай жавоб бердилар: “Вилоятдаги асирликка олиб кетилмаган ва сургундан қайтиб борган яҳудийлар оғир қайғу, шармандали аҳволда қолганлар: Қуддуснинг девори вайрон бўлиб кетган, дарвозалари ёндирилган.”
4 Бу сўзларни эшитганимда, ўтириб йиғладим. Бир неча кун қайғуриб юрдим.
Бундай хабарни эшитган тошбағир одам: “Вой бечоралар, омадлари чопмабди. Ўз муаммоларини ўзлари ҳал этишсин. Бундан менга нима?” деб айтган бўларди. Агар Нахимиё эшитган хабарга шундай муносабатда бўлганда эди, бу китоб ёзилмасди ва биз бу одам ҳақида ҳеч қачон эшитмаган бўлардик. Биз қайта–қайта Нахимиёнинг раҳмдиллигига гувоҳ бўламиз. Бошқаларнинг қийинчиликларига у бефарқ бўла олмасди.
Исонинг ҳам кўзларидан дув–дув ёш оққан. Юҳанно 11:35 ни ўқинг.
Павлус Эфесни тарк этганда кўп кўз ёш тўккан. Ҳаворийлар 20:19 ни ўқинг.
Юҳанно аччиқ–аччиқ йиғлаган. Ваҳий 5:4 ни ўқинг.
Сиз–чи, раҳмдилмисиз?
Етакчиликнинг учинчи қоидаси: Ибодат қилинг! Рўза тутинг!
Нахимиё 1:4–оятнинг иккинчи қисми:
Рўза тутдим, Самовий Худога илтижо қилиб юрдим.
Муқаддас Китоб талабларига мувофиқ бўлган етакчи доим ибодат қилади. Зеро, Худо шоҳлигининг кенгайишидаги ҳар бир қадам бевосита ибодатга боғлиқдир. Нахимиё бундан бохабар эди. Ана шундан биз Нахимиёнинг руҳий ҳаётига назар сола оламиз. Нохуш хабарни эшитгач Нахимиёнинг жаҳли чиқиши мумкин эди ёки у ўзи режа тузиб, уни амалга ошириш учун бел боғлаши мумкин эди, ёхуд бошқача йўл тутиши мумкин эди. Буларнинг ўрнига у тўппа–тўғри Худо ҳузурига чопади, рўза тутади. Рўза ҳақида Муқаддас Китобда қарийб 50 марта сўз юритилган. Биз рўза тутиш орқали Худони бирон нарса қилишга ундамаймиз. Асло. “Рўза тутиш орқали биз жисмоний борлиғимиз ва ошқозонимиз орқали Худога қанчалар оч ва ташна эканимизни айтамиз. Чин юракдан, бутун вужуддан чиққан бу нола гўёки Худога: Эй Худо, сени севаман. Сен мени бошқаргин, деб айтгандай бўламиз.” Исроил юртида қолган яҳудийларнинг аҳволи ниҳоятда танг эди. Рўза тутиш орқали Нахимиё ўзини уларнинг ўрнига қўйиб кўрди. Сўнгра бутун вужуди, бутун онги ва юраги билан Худонинг бошқарувини сўради.
Рўза тутиш руҳий ҳаётингизнинг ажралмас бир қисмими ёки йўқми? (Албатта соғлиғингиз бунга монелик қилмаса.)
Етакчиликнинг тўртинчи қоидаси: Худони билинг!
Нахимиё 1:5
Унга шундай деб ёлвордим: “Эй Самовий Худо — Эгам! Сен буюк ва ҳайбатли Худосан. Сени севиб, амрларингга риоя қилган бандаларингга аҳдингни содиқ сақлайсан.
Биз бу оят орқали Худо Нахимиёнинг назарида қандай эканлигини кўрамиз. Нахимиё шунчаки имонли эмасди. У Худони шахсан биларди, Унга вақт ажратарди. Биз Худонинг буюклиги, қудрати, улуғворлиги, садоқати ва севгисини тўлиқ англашимиз нақадар муҳимдир. Юқоридаги оятлардан Нахимиё Худо билан вақт ўтказгани ва Уни билганини кўрамиз. Бу яқин, дилкаш муносабат Нахимиёни олдиндаги кўп машаққатлардан эсон–омон олиб ўтади.
Худонинг қудрати Нахимиёнинг ҳаётида яққол намоён бўлганини кўрамиз.
Дониёр 11:32
Худога содиқ қолганлар эса бор кучлари билан унга қаршилик кўрсатадилар.
Нахимиё кучли характер соҳиби эканини китоб саҳифаларидан кўрамиз, унинг мардонавор ҳаракатлари замирида Худо билан бўлган яқин муносабат ётади. Нахимиё доим Худо билан маслаҳатлашарди, ўзи билганча иш тутмасди. У Муқаддас Руҳга тўлган эди, Муқаддас Руҳ уни бошқарарди, унга шижоат ато этарди.
Агар сиз Масиҳнинг издоши бўлсангиз, Уни яқинроқ билиш учун Унга вақт ажратяпсизми? Унинг феъл–атворини ўрганяпсизми? Хислатлари ҳақида хабарингиз борми?
Етакчиликнинг 5–қоидаси: Гуноҳга жиддий ёндашинг!
Нахимиё1:6–7
Мен халқим қилган ҳамма гуноҳларни эътироф этаман. Мен ўзим ҳам, хонадоним ҳам гуноҳ қилдик. 7 Қулинг Мусо орқали берган амрларингга, фармонларингга, қонун–қоидаларингга биз риоя қилмадик, Сени қаттиқ хафа қилдик.
Исроил халқи Бобил шоҳлигининг мустамлакаси бўлгани сабабли уларнинг хоҳиши ўз қўлида эмаслигини, Нахимиё жуда яхши биларди. Бобил шоҳлиги Исроилга қараганда анча кучли ва ривожланган мамлакат эди. Исроил халқи эса қилган гуноҳлари учун Бобилга сургун бўлиб, жазо муддатини ўтаётган эди. Тамом вассалом. Бунга бошқа сабаб йўқ эди. Ажаб бўлибди. Исроил халқи ўз бошига ўзи бало орттирган эди, Худонинг қаҳрига учради, Худо уларни бу ҳақда олдиндан огоҳлантирганди. Муаммони бартараф этмоқ учун биринчи навбатда гуноҳдан тавба қилиш керак эди. Нахимиё қардошларининг гуноҳлари учун ўзи тавба қилди, уларни эътироф этди.
Муаммони ечиш учун муаммонинг илдизини аниқлаш ва уни аёвсиз йўқ қилиш керак. Нахимиё айнан шундай йўл тутди.
Сиз гуноҳни аниқлаш, ундан қочиш ва ундан нафратланишда ўсмоқдамисиз?
Етакчиликнинг 6–қоидаси: Худонинг ваъдаларига қаттиқ ёпишиб олинг!
Нахимиё 1:8-11
Ёлвораман, қулинг Мусога берган ваъдангни ёдингда тут. Ахир, Сен шундай дегансан: “Агар сизлар Менга содиқ бўлмасангизлар, Мен сизларни халқлар орасига тарқатиб юбораман. 9 Лекин Менга юз бурсангизлар, амрларимга риоя қилиб, уларни бажарсангизлар, Мен сизларни йиғиб оламан. Ернинг энг четига сургун қилинган бўлсангиз ҳам, сизларни ўша жойлардан йиғиб келаман, Мен улуғланишим учун танланган жойга сизларни қайтариб олиб келаман.” 10 Биз Сенинг қулларингмиз, буюк қудратинг ва ажойиботларинг билан Ўзинг қутқарган халқингмиз. 11 Ё Раббий! Бу қулингнинг илтижоларини эшит. Сени иззат–ҳурмат қилишни хуш кўрадиган ҳамма қулларингнинг илтижоларига қулоқ тут. Мен, қулингга бугун муваффақият бер, шоҳ Артахшасда менга нисбатан шафқат уйғотгин.”
Юқоридаги оятларда нима ҳақда ёзилган? Нахимиё Муқаддас битикларни ўқир эди, уларда ёзилганларга ишонарди, Худонинг ваъдалари амалга ошишини кутарди, ўша ваъдалар учун ибодат қиларди.
Сиз–чи, Худонинг ваъдалари амалга ошиши учун ибодат қиляпсизми?
Етакчиликнинг 7–қоидаси: ҲАРАКАТ ҚИЛИНГ!
Нахимиё 2:1-8
Шоҳ Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йили, Нисон ойи эди. Бир куни шоҳга шароб келтирилди. Мен шаробни олиб кириб, унга узатдим. Шоҳ қаршисида мен ҳеч қачон ғамгин аҳволда бўлмагандим. 2 Шунинг учун шоҳ мендан сўради:
- Нега ғамгин кўринасан? Касалга ўхшамайсан–ку! Юрагингда бирор дардинг бўлса керак–а?
Мен қаттиқ қўрқиб кетдим, 3 шунга қарамай шоҳга дедим:
- Шоҳ ҳазратларининг умрлари узоқ бўлсин. Ота–боболаримнинг қабрлари жойлашган шаҳар ташландиқ бўлиб, ўша шаҳарнинг дарвозалари ёндириб юборилса–ю, нега ғамгин бўлмайин?! — 4 Шоҳ мендан:
- Тилагинг нима? — деб сўради. Шунда мен Самовий Худога ибодат қилиб, 5 шоҳга шундай жавоб бердим:
- Агар шоҳ ҳазратлари маъқул топсалар, бу қулингиз шоҳ ҳазратларидан марҳамат топган бўлса, мени Яҳудо юртига — ота–боболаримнинг қабрлари жойлашган шаҳарга юборсалар, деб илтимос қилмоқчи эдим, токи мен у шаҳарни қайтадан қурайин.
6 Малика ҳам шоҳнинг ёнида ўтирган эди. Шоҳ мендан:
- Қанча вақт йўл юрасан? Қачон қайтиб келасан? — деб сўради. Мен унга қачон қайтиб келишимни айтдим. Шоҳ менга марҳамат қилиб, ижозат берди.7 Сўнгра мен шоҳга яна дедим:
- Агар шоҳ ҳазратлари маъқул топсалар, Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокимларига мактублар ёзиб берилса, токи Яҳудога кириб боришим учун улар менга ижозат беришсин. 8 Яна шоҳ ҳазратлари ўрмон қоровули Осифга ҳам мактуб ёзиб, унга кўрсатмалар берсалар, у менга дарахтлар кесиб берсин. Маъбад ёнидаги қалъа дарвозалари учун, шаҳар девори ва ўзим яшайдиган уй учун керак бўладиган ёғоч билан у мени таъминласин.
Мен нима сўраган бўлсам, шоҳ ҳаммасига ижозат берди, чунки Худойимнинг марҳамати менга ёр эди.
Бу ерда биз нималарни кўряпмиз?
- Нахимиё халқнинг мусибатлари ҳақида эшитса ҳам, шоҳни юксак даражада ҳурмат–эҳтиром қилишда давом этди. У ўз бошимчалик қилмади, она юртига қочиб кетмади. Аксинча, шоҳнинг марҳаматини қозонишга ҳаракат қилди, зеро, унинг марҳамати келгуси қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам беришини Нахимиё биларди.
- У Худодан мадад сўраб, ибодат қилди. Шундан биз Нахимиё ҳар масала бўйича Худога мурожаат этганини биламиз.
- Нахимиё пухта режа тузганди.
Балки парчадаги айрим нарсаларни сиз ўз ҳаётингизга ҳам тадбиқ қилишингиз мумкиндир?
Етакчиликнинг 8–қоидаси: Муаммони аниқ тушуниб олинг.
Нахимиё 2:12-16
…тунда ўрнимдан турдим, ёнимга бир нечта шерикларимни олиб, ташқарига чиқдим. Лекин Қуддус ҳақидаги Худо кўнглимга солган режамни ҳеч кимга айтмадим. Мен минган эшакдан бўлак бошқа бирорта ҳайвонни ўзимиз билан олмадик. 13 Мен тунда Сойлик дарвозаси орқали шаҳардан чиқиб, Аждар булоғига, у ердан Гўнг дарвозасига бордим. Вайрон бўлиб ётган Қуддус деворини, ёниб кетган дарвозаларини кўздан кечирдим. 14 Сўнгра Булоқ дарвозасига ва Шоҳ ҳовузига бордим. Лекин миниб бораётган эшагим вайроналар орасидан йўл топа олмади.15 Шу сабабдан мен Қидрон сойлигига тушдим. Сойлик бўйлаб чииқиб бориб, ўша ердан деворни кўздан кечиришда давом этдим. Сўнг ортимга қайтиб, Сойлик дарвозаси орқали шаҳарга кирдим.
16 Қаерга борганимни, нима қилаётганимни шаҳар амалдорлари билмасдилар. Мен яҳудийларга, руҳонийларга, йўлбошчиларга, амалдорларга ва ишда қатнашадиган бошқа одамларга ҳали ҳеч гап айтмагандим.
Юқоридаги оятлар доноликка тўлиб–тошган. Узоқ масофали сафардан кейин Нахимиё шахсан Қуддус деворини кўздан кечиради. У муаммони батафсил тушунмоқчи бўлади. Ҳеч ким унга халақит бермаслиги, уни ниятидан қайтармаслиги учун бу ишни Нахимиё кечаси қилади. У муаммо ҳақидаги маълумотни бошқа одамлардан эшитишни истамади, чунки одамлар муаммони ёпиши ёки уни ҳаддан ташқари бўрттириб кўрсатишлари мумкин эди. У шахсан ўзи шаҳар деворини кўздан кечириб, муаммони батафсил тушунмоқчи эди.
Сиз–чи, қарорларни шунчаки эшитган хабарга таяниб чиқарасизми?
Етакчиликнинг 9–қоидаси: Одамларга чақириқ беринг!
Нахимиё 2:17-18
Ниҳоят, энди уларга шундай дедим: “Қанчалар кулфатда қолганимизни ўзларингиз кўриб турибсизлар! Қуддус вайрон бўлиб ётибди, шаҳарнинг дарвозлари ёниб кетган. Келинглар, шаҳар деворини қайтадан қурайлик, шармандали аҳволимиздан қутулайлик.” 18 Худойимнинг марҳамати менга ёр бўлганини ва шоҳнинг менга айтган гапларини уларга айтиб бердим. Улар: “Қурилишни бошлайлик”, дейишди. Шундай қилиб, улар ишни бошлашга тайёр бўлдилар.
Етмиш йил давомида шармандалик ва вайроналар ичра яшаган одамлар ниҳоят: “Қурилишни бошлайлик!” деб айтган гапи қанчалар таъсирчан бўлгандир–а! Худонинг марҳамати Нахимиёга ёр бўлгани ва шоҳнинг илтифот кўрсатгани узоқ йиллар давомида орзиқиб кутилган хушхабар эди. Халқ айнан шунга муҳтож эди. Худонинг халқига чақириқ керак эди ва Нахимиё уларга ўша чақириқни олиб келди.
Сиз одамларга далда ва янги чақириқлар берасизми?
Етакчиликнинг 10–қоидаси: Қаршиликларга тайёр туринг.
Нахимиё 2:19- 20
Байт–Хўронлик Санбаллат, Оммонлик малай Тўвиё ва Арабистонлик Гашим буни эшитиб, бизнинг устимиздан кулдилар, нафрат билан шундай дедилар:
- Бу қилаётганларингиз нимаси?! Сизлар шоҳга қарши исён кўтаряпсизларми?!
20 Мен уларга шундай жавоб бердим:
— Самовий Худо ишимизнинг барорини беради. Биз, Унинг қуллари, деворни қайта қуришни бошлаймиз. Аммо сизлар бизга гапларингни ўтказа олмайсизлар, қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Сизлар бизнинг диний маросимларимизда ҳам қатнаша олмайсиз.
Келинглар, вазиятни тушуниб олайлик. Нахимиё ибодат қилди, рўза тутди, шоҳдан ижозат олди, узоқ йўл босиб Қуддусга келди, муаммони батафсил ўрганиб чиқди, халқни ишга чорлади. ШУ ЗАҲОТИЁҚ у қаршиликларга дуч келди. Бу вазиятда Нахимиё нима қилди? У чекиндими? Қўрқдими? Худонинг иродасидан шубҳа қилдими? Асло! Нахимиё бу қаршиликлар ҳайрон ҳам бўлмади, ҳеч нарса бўлмагандай ишини давом этаверди.
Хаёлимга 1Коринфликлар 16:9–оят келди. Павлус шундай ёзади:
Чунки бу ерда мега қарши чиққанлар кўп бўлишига қарамай, таъсирчан фаолият кўрсатишим учун йўл очилди.
Павлус ҳам, Нахимиё ҳам қаршиликларга қарамай, катта имкониятдан фойдаландилар. Иккови ҳам қаршилик олдида чекинмади.
Биз–чи? Қаршиликларга дош беришга тайёрмизми?
Етакчиликнинг 11–қоидаси: Ҳаммани ишга жалб қилинг.
Нахимиё 3:1-15
Олий руҳоний Элиашаб қўли остидаги руҳонийлар билан ишга киришиб, Қўй дарвозасини қайтадан қурдилар. Сўнгра дарвозани Худога бағишлаб, дарвозанинг қанотларини ўрнатдилар. Миё минорасидан Ханонил минорасигача бўлган деворни ҳам Худога бағишладилар. 2 Ерихо шаҳридан бўлган эркаклар деворнинг кейинги қисмини қурдилар. Улардан кейинги қисмини эса Имри ўғли Заккур қурди.
3 Хассано ўруғи Балиқ дарвозасини қурди. Улар дарвозанинг ёндорларини тиклаб, дарвоза қанотларини, зулфинларини, тамбаларини ўрнатдилар. 4 Деворнинг ундан кейинги қисмида Хаккўзнинг набираси, Уриёнинг ўғли Миромўт таъмирлаш ишларини олиб борди.
Кейинги қисмида Машазавилнинг набираси, Бархиёнинг ўғли Машуллом, ундан кейинги қисмида Бано ўғли Зодўх таъмирлаш ишларини олиб бордилар.
5 Кейинги қисмида Тахува шаҳридан бўлган эркаклар таъмирлаш ишларини олиб бордилар. Лекин шаҳар зодагонлари қурилиш назоратчилари буюрган ишлардан бош тортдилар.
6 Посиёх ўғли Йўхадах ва Бесодаях ўғли Машуллом Яшоно дарвозасини таъмирладилар. Улар дарвозанинг ёндорларини тиклаб, дарвоза қанотларини, зулфинларини, тамбаларини ўрнатдилар.
7 Деворнинг навбатдаги қисмида Гивонлик Малтиё, Миронўтлик Ёдўн, шунингдек, Гивон ва Миспах аҳолисининг эркаклари таъмирлаш ишларини олиб бордилар. Миспах шаҳри Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоятнинг маъмурий маркази эди.
8 Деворнинг кейинги қисмида заргарлардан бири Зарҳиё ўғли Узиёл таъмирлаш ишларини олиб борди. Унинг ёнида атторлардан бири Ханониё таъмирлаш ишларини олиб борди. Улар Қуддус деворининг Кенг деворгача бўлган қисмини таъмирладилар.
9 Деворнинг кейинги қисмида Хур ўғли Рафиё таъмирлаш ишларини олиб борди. Рафиё Қуддус ҳудудининг ярмини бошқарувчи ҳоким эди.
10 Ундан кейин Харумаф ўғли Ёдиё ўз уйининг рўпарасидаги деворни таъмирлади. Деворнинг кейинги қисмида Хашавниё ўғли Хаттуш таъмирлаш ишларини олиб борди.
11 Харим ўғли Малкиё ва Пахатмўаб ўғли Хашшуб деворнинг кейинги қисмини ва Тандир минорасини таъмирладилар.
12 Деворнинг кейинги қисмида Халлохеш ўғли Шаллум ўз қизлари билан таъмирлаш ишларини олиб борди. Шаллум Қуддус ҳудудининг иккинчи ярмини бошқарувчи ҳоким эди.
13 Ханун бошчилигида Зонўвах аҳолиси Сойлик дарвозасини таъмирлади. Улар дарвозани қуриб, дарвозанинг қанотларини, зулфинларини тамбаларини ўрнатишди, деворнинг минг тирсак узунлигидаги Гўнг дарвозасигача бўлган қисмини ҳам таъмирлашди.
14 Байт–Хакерем ҳудудининг ҳокими Рахав ўғли Малкиё Гўнг дарвозасини таъмирлади. У дарвозани қуриб, дарвозанинг қанотларини, зулфинларини, тамбаларини ўрнатди.
15 Миспах ҳудудининг ҳокими Холхози ўғли Шаллум Булоқ дарвозасини таъмирлади.
Юқоридаги оятлар маъмурчилик қобилиятининг амалдаги яққол намоёндасидир. Ҳар бир одамга шаҳар деворининг муайян бир қисми таъмирлаш учун тақсимлаб берилган эди. Ҳамма ишга бел боғлаган эди. Ҳар бир одам нима қилиши ва деворнинг қайси қисмини таъмирлаши кераклигини биларди. Катта ишни бажариш учун ҳар бир одамнинг ҳиссаси керак. Битта одам ёки бир гуруҳ бундай ишнинг уддасидан чиқа олмайди. Бутун аҳоли бирликда ишлагани учун катта ишни бажаришди.
Комада яратишнинг муҳимлигини кўряпсизми? Сизда командангиз борми?
Етакчиликнинг 12–қоидаси: Қаршиликларни бартараф этинг!
Нахимиё 4:7-9
Деъворни таъмирлаш ишлари яхши кетиб, деворнинг ўпирилган жойлари тиклана бошлаган эди. Санбаллат, Тўвиё, Арабистонликлар, Оммонликлар ва Ашдодликлар бу ҳақда эшитиб, қаттиқ ғазабландилар. 8 Ҳаммалари биргаликда тил бириктириб, Қуддусга ҳужум қилишга ва шаҳарни саросимага солишга қасд қилдилар. 9 Лекин биз Худойимизга илтижо қилдик, шаҳарни ва ўзимизни кечаю кундуз улардан ҳимоя қилиш учун қўриқчилар тайинладик.
Нахимиёнинг командаси душманларнинг таҳдидларидан қўрқмади. Улар таҳдидларга донолик билан ёндашдилар: 1. ибодат қилдилар, 2. ўзларини ҳимоя қилдилар.
Сўнгра
Нахимиё 4:14
Кейин аҳволни кўриб, йўлбошчиларга, амалдорларга ва қолган халққа айтдим: “Душманлардан қўрқманглар. Раббийни ёдингизда тутинглар. У қудратли ва ҳайбатли Худодир. Қариндош–уруғларингизни, ўғил–қизларингизни, хотинларингизни, уй–жойларингизни ҳимоя қилиш учун жанг қилинглар!”
Бу ерда нимага урғу берилганига эътибор бердингизми? Командадаги одамлар таҳдидлардан қўрқишлари мумкин эмасди. Шунинг учун Нахимиё командасига далда бермоқда.
Сиз ҳам таҳдидлардан қўрқмай, диққат–эътиборингизни бир жойга жамлай оласизми?
Етакчиликнинг 13–қоидаси: Команда аъзолари орасидаги можароларни ҳал қилинг.
Нахимиё 5:1-5
Орадан бир оз вақт ўтгач, баъзи эркагу аёллар ўз яҳудий биродарларидан қаттиқ нолий бошлашди. 2 Улардан баъзилари шундай деб айтишарди: “Биз кўпчиликмиз, бола–чақамиз кўп. Бизга буғдой керак, бўлмаса очликдан ўлиб қоламиз” 3 Бошқа баъзи бирлари эса шундай деб айтишарди: “Очарчилик пайтида донимиз бўлсин деб, далаларимизни, узумзорларимизни, уйларимизни гаровга беряпмиз.” 4 Яна бировлари шундай деб нолишарди: “Далаларимиз ва узумзорларимиз солиғини шоҳга тўлаш учун пулни қарзга оляпмиз. 5 Яҳудий биродарларимиздан бизнинг кам жойимиз йўқ! Уларнинг болалари бизнинг болаларимиздан ортиқ эмас. Лекин ўғил–қизларимизни қул, чўри қилиб сотишга мажбур бўляпмиз. Ҳа, қизларимиздан баъзилари чўри қилиб сотилди ҳам. Бу хусусда бирор нарса қилишга ожизмиз. Ахир, далаларимиз, узумзорларимиз энди бошқаларнинг қўлида.”
Кризис даврида очкўзлик ва хасислик каби иллатлар инсонлар орасига адоват уруғини сепади. Бундай аянчли ҳолатлар инсоният тарихида кўп бўлган.
Бахтимизга, Нахимиё ноҳақлик қилганларга нисбатан чоралар кўради:
Халқ бир ёқадан бош чиқариб, шаҳар деворини қайта қуришга жон–жаҳди билан ҳаракат қилган қийин бир даврда, айрим хасис одамлар ўз қондошларидан фойдаланиб қолмоқчи бўлганлари, ачинарли ҳолдир. Ҳа, гуноҳ босар–тусарини билмайди. Ноҳақлик қилган одамларга Нахимиё қаттиқ танбеҳ бериб, тортиб олган нарсаларни эгаларига қайтариб беришларини улардан талаб қилади:
Нахимиё 5:11
Сизлар улардан тортиб олган далаларни, узумзорларни, зайтунзорларни, уйларни, фоиз олган пулларни, донни, шаробни, зайтун мойини ҳозироқ ўзларига қайтариб беринглар.
Кўп бошлиқлар порахўрлик ва ноҳақликларга эътибор бермасликка ҳаракат қиладилар. Бироқ Нахимиё бундайлардан эмасди.
Сиз–чи? Командангизда келишмовчиликлар пайдо бўлганда сиз қандай йўл тутасиз?
Етакчиликнинг 14–қоидаси: Кераксиз чекинишлардан қочинг!
Нахимиё 6:1-3
Санбаллат, Тўвиё, Арабистонлик Гашим ва бошқа душманларимиз деворни қуриб бўлганимни кўриб, деворда боронта ҳам ўпирилган жой қолмаганини эшитишди. Лекин дарвозаларнинг қанотларини ҳали ўрнаштириб бўлмаган эдим. 2 Шунда Санбаллат ва Гашим мега: “Кел, Онў текислигидаги қишлоқлардан бирида учрашайлик”, деб хабар жўнатишди. Лекин улар менга шикаст етказишга қасд қилаётган эдилар. 3 Шунинг учун уларга хабарчилар орқали шундай жавоб бердим: “Мен муҳим бир иш билан бандман, бора олмайман. Сизларнинг олдингизга кетсам, иш тўхтаб қолади!”.
Нахимиёга қаршилик қилиб келган душманлари уни учрашувга чақирдилар. Бу нима учун керак эди? Бу тузоқ эканини Нахимиё пайқади ва ундан узоқроқ юришга, ишдан эътиборини чалғитмасликка қарор қилди.
Нахимиёнинг диққат–эътибори нимада эди? У ўз мақсадини аниқ биларди, шу боис бор кучи ва қатъияти билан ўша мақсадга эришмоқчи эди.
Унинг мақсади аниқ эди. Бошқа ҳеч нарса уни қизиқтирмасди. Сизнинг мақсадингиз аниқми? Мақсадингизни аниқ тушуниб олдингизми? Мақсадингизни амалга ошириш учун бутун диққат–эътиборингизни унга қаратганмисиз? Диққат–эътиборнинг фойдаси юксакдир!
Бу қоида сиз учун фойдали бўлдими?
Етакчиликнинг 15–қоидаси: Худодан баракат кутинг!
Нахимиё 6:15 \
Шундай қилиб, девор Элул ойининг йигирма бешинчи куни — эллик икки кунда битказилди.
Буюк етакчилар доим яхши натижаларга эришадилар. Бу кутилмаган ҳолатми? Асло! Зеро, ҳаракатда баракат, деб халқимиз бежиз айтмаган. Худо меҳнатни қадрлайди. Бирликда қилинган ишга баракат беради. Худога кўз тиккан етакчиларнинг ибодатларини У ижобат этади.
Етакчилар! Билиб қўйинг, машаққатли хизматингиз беҳудага кетмайди. Сиз Ғолиб томондасиз. Худо сизга топширган вазифани итоаткорлик билан бажаринг, зотан, У доимо сиз билан биргадир!
Етакчилар, бу сўзлар сизга далда берди деган умиддаман.
Дарсимизни шу жойда якунлаймизми?
Нахимиё ўз ишини шу ерда тўгатдими? Йўқ.
Китобнинг яна бир нечта боби бор. Нимага?
Зеро, навбатдаги бобларда биз ўзимиз учун энг муҳим сабоқни оламиз:
Етакчиликнинг 16–қоидаси: биринчи навбатда сизни руҳий масалалар қизиқтирсин!
Ер юзидаги Худонинг бирламчи мақсади биноларни ёки деворларни қуриш эмас, яъни унинг мақсади жисм билангина боғлиқ эмас. Худонинг мақсади биринчи ўринда Уни севадиган, Унга сажда қиладиган одамларни кўтаришдир.
Қуддус шаҳрининг деворларини таъмирлаш Худонинг бирламчи мақсади эмасди. Деворнинг вазифаси шаҳарни душманлардан ҳимоя қилиш, токи шаҳар аҳолиси бамайлихотирлик билан Худога сажда қила олиши учун керак эди. Демак, Худонинг мақсади – халқ Унга сажда қила олиши эди.
Девор қайта қурилгандан кейин, китобнинг қолган қисми биринчи ўринда халқнинг руҳий ҳаётини тиклашга бағишланган.
Шу мақсадни кўзлаган ҳолда Нахимиё:
китобнинг 8:1-12–оятларида Исоил халқига Мусонинг қонунини ўқиб беради. Итоатсизлик натижасида халқ сургун қилинганини уларга эслатади. Сургундан қайтиб келган одамлар энди Худонинг Каломига итоат қилиб яшашлари, истиқболли келажак қуришлари кераклигини ўргатади.
Нахимиё китобининг 9:1-37–оятларда халқ гуноҳларидан тавба қилгани ёзилган. Бутун халқ гуноҳдан юз ўгириши шарт эди.
Нахимиё китобининг 10:1-39–оятларда ёзилишича, халқ Худонинг Мусо орқали берган қонунига итоат қилишни аҳд қилади.
Нахимиёнинг замондошлари руҳий ҳақиқатдан юз ўгирганлари учун бошларига кўп балоларни орттириб олган эдилар.
Шаҳар деворини қуриш – халққа чалғимасдан Худога сажда қилиш имкониятини берарди, холос.
Қурилиш ишлари ниҳоятда муҳим.
Бироқ қурилишдан асосий мақсад одамларнинг юракларини Худога қаратиш, Унга сажда қилиш, хизмат қилиш, Уни севишдир.
Сиз одамларни Худонинг севгиси ва Унинг йўли билан таништиряпсизми, уларга итоаткорликни ўргатяпсизми? Бутун диққат–эътиборингизни бу ишга қаратганмисиз?