Buyuk rahbarning yuragi
62–САНО борасида ўй фикрлар
Бундай вазиятлар камдан кам юз беради. Бироқ улар юз берганда сиз ҳайратга тушиб, сукут сақлаб жим ўтирасиз.
Бир дўстим менга ҳозиргина қалбини очди –
У юрагини тўкиб солди, ичидаги курашлари, орзу–ниятлари, қўрқувлари, эҳтирослари ҳақида очиқчасига гапирди.
Биринчи марта мен дўстимнинг юрагини ичидан кўргандай бўлдим.
Мен ҳайратда ўтиргандим,
Дўстим менга очилгани мен учун катта шараф эди.
Бу суҳбатдан кейин биз янада яқинлашдик.
Бу каби лаҳзалар ҳаётда кам бўлади. Бироқ ўша лаҳзалар ҳаётнинг ширин лаҳзаларидир.
Улар ҳеч қачон эсдан чиқмайди, одамларни бир–бирига боғлайди.
Биласизми нима?
Бугунги мақолада биз Муқаддас Китобдаги буюк бир одамнинг қалбига назар соламиз, бу ҳаммамиз учун қизиқ бир гувоҳлик бўлади.
Бу одам инсоният тарихида из қолдирган забардаст қаҳрамон – Довуддир.
Биз 62–санони кўриб чиқамиз. Санолар қўшиқлар эди.
62–сано ер юзида яшаган буюк шоҳнинг қалбини бизга очиб беради.
Илк жамоат чўпонларидан бири Жон Кристотом ўз жамоатида шундай қоида жорий қилди: ҳар куни жамоатда 62–сано халқ олдида куй қилиб ўқиларди.
Тушундингизми?
Биринчи жамоатлар бу санони ҳар куни куй қилиб айтишарди, чунки улар 62–санода бутун Забур китобининг моҳияти жамулжам бўлганини тушунган эдилар.
Қанийди, биз ҳозир ҳам ўша қўшиқ куйини эшита олсак эди.
Бу сано менинг қалбимни ҳам 100 фоиз акс этишини жуда истаган бўлардим.
Агар Забур китобининг Эверест чўққиси бўлганда эди, бу сано ўша чўққи бўларди.
62–санони севги қўшиғи деб атаса ҳам бўлади, уни мазмунан уч қисмга бўлиш мумкин.
1–6–оятлар ҳозирги вазият тасвири
7–9–оятлар ўтмиш тасвири
10–12–оятлар келажакка назар
Ҳозирги вазиятдан бошлайлик
1–6–оятларда шундай ёзилган:
Довуд Яҳудо чўлида бўлгандан кейин, унинг айтган саноси.
Эй Худо, менинг Худойимсан, интиламан Сенга,
Қуруқ, толиққан сувсиз тупроқдай
Жоним ташнадир Сенга,
Вужудим орзуманддир Сенга.
Муқаддас масканингда Сенга нигоҳ ташладим,
Қудратингни, шуҳратингни кўрдим.
Ҳаётдан афзал Сенинг севгинг,
Тилимдан тушмас Сенга мадҳия.
Бир умр Сени олқишлайман,
Қўлларимни кўтариб, Сенга сажда қиламан.
Илик билан ёғ егандай жоним мамнун бўлади,
Шодиёна қўшиқлар ила Сени мадҳ қиламан.
Довуд ушбу сатрларни ёзганда Худо билан муносабати қандай эди?
2–оятда Довуд уч марта Худога мурожаат этади:
Худо, Худойимсан, интиламан Сенга
Довуд Худога севгисини изҳор қилмоқда.
У Худони севади.
Келинг, оятга яна бир бор эътиборимизни қаратайлик.
Довуд Худодан катта уй,
Пул,
Илтифот,
Совғалар
Осойишта ҳаёт,
Қулайликлар сўрагани йўқ.
Аслида, Довуд Худодан умуман ҳеч нарса сўрамаяпти.
У Худони қидиряпти.
Худодан совғалар олиш Довуднинг мақсади эмас.
У Ризқ берувчининг Ўзига яқинлашмоқчи.
Худога интилиш Довуднинг ҳаёт мақсадидир.
Яқинда бир одам менга шундай хат ёзган эди:
“Фарзандларимга мендан бирон нарса керак бўлсагина, улар менга қўнғироқ қилишади ёки мени кўргани келишади. Улар ҳеч қачон шунчаки ўзимдан хабар олиш учун, мен билан вақт ўтказиш учун олдимга келишмаган. Бу ҳақда ўйласам қалбим қон йиғлайди.”
Самовий Ота ҳам худди шундай, биз Ота билан вақт ўтказишни истамай, фақат Ундан нарса сўрасак, ўзимизни энг буюк бахтдан маҳрум қилган бўламиз, чунки иккинчи даражали нарсалар билан кифояланамиз.
Менинг ибодат кундалигим бор,
У ерга мен фақат Худо ибодатларимга қандай жавоб берганини ёзаман.
Берилган жавоблар, ижобат бўлган ибодатларим, йиллар давомида Худодан олган жавобларнинг рўйхатини ёзганман, холос.
Ўзимни ёмон ҳис қилганимда мен ўша кундалигимни очиб, бетларини бирма–бир ўқиб чиқаман.
Шундай қилиб, мен ўзимга Худонинг содиқлигини эслатаман.
Шунда тушкун ҳолатимдан чиқиб кетаман,
Кўп далда оламан.
Довуд бундай ибодат кундаликларни қораламаган, аммо улар билан кифояланмаган ҳам.
Зеро Худо билан яшаган инсон, ижобат бўлган ибодатлари билан кифояланиб қолиши керак эмас.
Инсон учун энг муҳим нарса Худо билан шахсий муносабатда бўлиш,
Худони таниб–билиш.
Худо билан вақт ўтказиш,
Худога яқинлашиш.
Эй масиҳий юксал, совғалардан эмас совға Берувчидан бахра ол.
“Сиз нима мақсадда яратилгансиз?
Худони билиш учун.
Ҳаётингизнинг мақсади нима бўлиши керак?
Худони билиш.
Исо Масиҳ бизга берган абадий ҳаёт нимадан иборат?
Худони таниб–билишдан.
Зотан,
Юҳанно 17–боб, 3–оятда шундай деб ёзилган:
“Абадий ҳаёт эса Сени — ягона ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб–билишдан иборатдир.”
Демак, абадий ҳаёт ижобат бўлган ибодатлардан иборатми?
Осойишта ҳаётданми?
Ёки жаннатга тушишданми?
Асло!
Юҳанно 17–боб, 3–оятда ёзилишича абадий ҳаёт ягона – ҳақ Худони ҳамда Худо юборган Исо Масиҳни таниб–билишдан иборат.
Абадий ҳаёт Худо билан шахсий, яқин муносабатни англатади.
Ҳаётдаги энг завқли, энг кўп хурсандчилик келтирадиган нарса нима?
Худони таниб–билиш.
Еремиё 9–боб, 23–оятда шундай ёзилган:
Эгамиз шундай деб айтмоқда: “Донолар донолиги билан мақтанмасин. Кучлилар кучи билан мақтанмасин. Бойлар бойлиги билан мақтанмасин.
Қизиқ, агар одам донолиги, кучи ёки бойлиги билан мақтана олмаса, унда нима билан мақтана олади?
24–оятда шундай ёзилган:
“Ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизни биламан, деб мақтансин, Эгамизни тушунаман, деб мақтансин.”
Бугунги кунда Худони биламан, деб мақтанган масиҳийларни кўп учратамизми?
Бироқ айнан шу нарса бизнинг мақсадимиз бўлиши керак.
Биз билмайдиган қайсидир сабабга кўра, Худо биз билан дўст тутинмоқчи. Аслида биз бундан ҳайратга тушишимиз керак.
Наҳотки, Худо менга ўхшаган ожиз, гуноҳкор банда билан муносабат қурмоқчи бўлса?
Сиз бунга нима дейсиз?
Худо бизга яқинлашиш мақсадида Исо Масиҳни бу дунёга қурбонлик бўлиш учун юборди. Биз Исога имон келтирганимиздан кейин Худо билан ярашамиз.
Ер юзидаги энг аъло ҳаёт нима?
Ҳозиргина бу ҳақда гаплашган эдик.
Худо билан яқин муносабат ўрнатиш.
Мақоламизни шу жойда тўхтатсак ҳам бўлади, шу гапнинг ўзи қалбимизни қувончга тўлиб–тоштиради.
Аммо биз 62–санонинг фақат 2–оятини кўриб чиқдик, холос.
Довуднинг Худога муносабати қандай?
Довуд Худога интилади,
Жони Худога ташна,
Вужуди орзуманд Унга.
Бу қўшиқдир.
Нима деб ўйлайсиз, 2–оят қандай оҳангда куйланарди?
Хофиз қўшиқнинг ҳар бир сўзни аниқ ва лўнда талаффуз қилгани аниқ.
Бу сўзларни у баланд овозда, Худога илтижо қилгандай, эҳтирос билан, чуқур ҳиссиёт билан айтган бўлса керак.
Довуд бу санони қачон ёзган?
1–оятга кўра, Довуд бу санони Яҳудо чўлида бўлгандан кейин ёзган.
Шоҳ Довуд қачон чўлга борган? Ўғли Абсалом Довудни тахтдан ағдармоқчи бўлганда, Довуд Қуддусдан қочиб чиқиб, чўлда жон сақлашга мажбур эди.
Довуд нафақат жисмонан чўлда бўлган, унинг руҳий ҳаёти ҳам саҳро каби эди. Довуд жуда хафа, чунки у Маъбадга бориб Худога сажда қила олмасди.
Ҳаёти хавф остида қолганда, келажакка умиди сўнгганда Довуд Худонинг ҳузурига югурарди.
Буларнинг ҳаммаси мана шу битта оятдан аён!
Сиз–чи, хавф остида қолганингизда, умидсиз бўлганингизда, кимнинг олдига югурасиз?
Довуд таъқиб қилувчилардан қочиб юрган пайтда, кўпроқ кимни ёки нимани соғинган?
Саройининг ҳашаматини соғинганми?
Плазма телевизориними?
Шоҳона ошхонада тайёрланган тансиқ таомларними?
Футбол ўйинлариними?
Ўзининг қулай тўшагиними?
3–оятда шундай ёзилган:
“Муқаддас масканингда Сенга нигоҳ ташладим,
Қудратингни, шуҳратингни кўрдим.”
Довуд Худонинг Муқаддас масканида Худога нигоҳ ташлаган.
У Худони кўришга интизор эди, Унинг қудрати ва шуҳратини кўришга интиларди.
Эски Аҳд даврида Худога сажда қилиш ва қурбонликлар келтириш фақат Қуддусдаги Маъбадда ижозат этиларди.
Худога сажда қилиш – инсоннинг ҳаётида Худонинг улуғворлигини намоён этарди.
Шунининг учун Эски Аҳд даврида ҳар бир диёнатли одам учун Қуддусдаги Маъбадда сажда қилиш катта шараф эди.
Янги Аҳд давридаги одамлар учун–чи?
Сиз ҳам саждага шундай нуқтаи назар билан ёндашасизми?
Саждани ўзингиз учун шараф деб биласизми?
Сажда сиз учун ҳамма нарсадан устунми?
Келинг, Довудга қайтайлик.
Довуд шоҳ эди, унинг ўз ўғли отасига қарши халқни қўзғатди, Абсалом отасининг шаънига доғ туширди, уни беобрў қилди.
Довуд жонини сақлаш учун қочишга мажбур бўлди,
Бундай вазиятда у кимнинг олдига югурди?
4–оятда шундай ёзилган:
Ҳаётдан афзал Сенинг севгинг,
Тилимдан тушмас Сенга мадҳия.
Довуд ўғлидан қочиб юраркан, ўзини севилган деб ҳис қилганми?
Асло.
Ўлим билан тўқнаш келган бундай пайтда у меҳрга муҳтож эди.
Ўғлининг қилмишлари туфайли қалби вайрон эди.
Шунинг учун Довуд бундай машаққатли дамларда Худонинг севгисини ёдга олади.
У тўхтаб, Худони улуғлайди,
Худонинг севгисидан баҳраманд бўлади.
Унинг меҳридан тасалли олади.
Демак, Худони таниб–билиш ниҳоятда амалий эканда!
5–оятда шундай деб ёзилган:
“Бир умр Сени олқишлайман,
Қўлларимни кўтариб, Сенга сажда қиламан.”
Эски Аҳд даврида одамлар қўлларини кўтариб Худога сажда қилганларида: “Мен сенга таслим бўлдим, менга нимани раво кўрсанг, шуни қил, деб айтгандай бўлишарди” Бошқача қилиб айтганда, улар тўлиқ Худога инонишарди.
Довуд жуда қийин аҳволда эди, у таназзулга юз тутган бундай қийин дамда, Худога тўлиқ таслим бўлди, ўз ҳаётини Унинг қўлларига топширди.
6–оятда шундай ёзилган:
Илик билан ёғ егандай жоним мамнун бўлади,
Шодиёна қўшиқлар ила Сени мадҳ қиламан.
Довуд Худога ташна бўлиб, Уни орзуқиб излаганидан қандай фойда олди?
Ушбу оятда санонинг энг кучли сўзлари ёзилган – жоним мамнун бўлади.
Довуд буни шундай таърифлайди: илик билан ёғ егандай жоним мамнун бўлади. Бошқача қилиб айтганда – тўкин зиёфат.
Инсон зиёфатдаги тансиқ таомлардан мамнун бўлгандай, худди шу сингари Худо Довуднинг жонини мамнун қилади.
Довуд саҳрода бўла туриб, наҳотки Худодан мамнун бўлган бўлса???
Сиз таниган нечта имонли бугунги кунда ўз ҳаётидан мамнун?
Яна нимага хизматимиз таъсирли эмас, деб ҳайрон қоламиз.
Биз юриш–туришимиз билан одамларга шундай хабар бергандай бўламиз:
Салом! Мен Худога ишонаман.
Лекин доимо Худодан норозиман, аҳволимдан минғирлаб юраман.
Сиз–чи мендай Масиҳга ишонмоқчимисиз? Шунда сиз ҳам менинг аҳволимга тушиб қоласиз.
Довуд эса чўлда,
У Худога ташна, Худодан мамнун бўлмоқда.
Довуднинг ҳаёти хавф остида,
У қувғин қилинмоқда,
Аммо у қасдини олмоқчи эмас.
У гуноҳга қўл урмоқчи ҳам эмас.
Аксинча, у Худога қараб талпинади. Худодан мамнун бўлади.
Халқ қўзғолон кўтарганда,
Ўз ўғли унга қарши бош кўтарганда, Довуд Худодан мамнуният топади.
У Худодан ҳеч нарса сўрамайди,
Қалби билан Яратганга талпинади,
Унга ташна, орзуманд,
Қалбидаги бўшлиқни Худо тўлдиради.
Бир дўстим кўп йиллар давомида ахлоқсиз ҳаёт кечириб, охири Исонинг олдига келди,
Исо билан бирга яшаш қанчалик завқли эканини билганидан кейин, унинг қалбини тинчлик тўлдирди, шунда: “Ниҳоят уйга келдим”, деди у.
Бу сўзлар билан у: “Шунча йиллар давомида дарбадар бўлиб, излаган севгини, ҳаётдаги маънони ва бехатарликни Масиҳда топдим” деб айтарди.
”Ниҳоят мен уйдаман”.
Довуднинг бошига тушган беҳисоб қийинчиликлар, таъқиблар, жудоликларга қарамай, Довуд Худо билан эди, у асл уйида эди.
Мен–чи, Исонинг мамнун шогирдиманми?
Сиз–чи, Исонинг мамнун шогирдимисиз?
Довуднинг бу оятларидан нималарни ўрганиб олдингиз?
Балки биз, етарли даражада Худони қўмсамаётгандирмиз?
Ҳозирги вазиятингизда қандай қадамлар ташлашингиз кераклигини кўраётгандирсиз?
Кўряпсиз, деб умид қиламан.
Худони қидиринг, Унга ташна бўлинг, Довуд сингари жонингиз Ундан мамнун бўлсин.
Худони қидирганимизда, Унга талпинганимизда, кетидан югурганимизда ҳаётимиздан баракат топамиз.
Агар сиз Худога ҳафта давомида фақатгина 1 соат вақтингизни бағишласангиз,
Агар: “Муқаддас Китобни ўқишга менда умуман вақтим йўқ”, деган бўлмағур баҳонани келтирсангиз, сиз ҳеч қачон Довуд каби бой руҳий тажрибага эга бўлмайсиз.
Бугун ўқиган ўша 5–оят туфайли мен ҳар куни тиз чўкиб, Худодан: “Ўтинаман, Сени яхшироқ таниб–билай”, деб сўрайман. Сизга ҳам шундай қилишни тавсия қилган бўлардим.
Келинглар, Довуддан ўрнак олайлик,
Худони қидиришда Довудга тақлид қилайлик.
Дарҳақиқат, Довуд Раббимизни севарди.
Келинг, энди Довуднинг ўтмишига назар солайлик.
Санонинг 7–9–оятларида шундай ёзилган:
Ўрнимда ётиб ҳам, Сени эслайман,
Сени ўйлаб, тунни қарши оламан.
Ўзинг Менинг мададкорим бўлдинг,
Қанотларинг соясида севинч ила куйлайман.
Сенинг ортингдан қолмай эргашаман,
Ўнг қўлинг мени маҳкам тутади.
Ушбу оятларда Довуднинг асл шахсияти жуда яхши тасвирланган.
Чунки бу оятларда Довуд ёлғиз ўзи бўлганда, ҳеч ким уни кўрмаганда у ўзини қандай тутгани ҳақида ёзилган.
Одамлар бизни кўрмаганда биз нима қилишимиз, бизнинг асл кимлигимизни намоён қилади.
Довуд нима қилган?
7–оятда ёзилишича, Довуд ўрнида ётиб, Худони эсларди.
Бошқа таржималарда эсламоқ феъли ўрнига “мулоҳаза қилмоқ” ишлатилган. Мулоҳаза қилмоқ Муқаддас Китобдаги бирор тушунча ёки ғоя ҳақида ибодат қилмоқ, фикр юритмоқ, саволлар бериб, мағзини чақмоқ, сўнг уни амалий тарзда ҳаётга татбиқ қилмоқ деган маънони билдиради.
Бирорта оятни ўқиганингизда у ҳақида албатта мулоҳаза қилинг:
“Бу оятнинг маъноси нима? Булар менинг ҳаётимга қандай таъсир қилади? Мен бу оятдан ўзим учун қандай сабоқ олишим мумкин? Бу оятдаги кимга тақлид қилишим керак?
Буларни амалда қўллашимга нималар тўсқинлик қиляпти?
Агар бу оятда ёзилганларга риоя қилсам, ҳаётим қай тарзда ўзгаради?
Буларни қандай қилиб амалда қўллай оламан? Ўзингизга бу саволларни берар экансиз, Худога ибодат қилиб, ёрдам сўранг, У сизга донолик ва ақл–идрок берсин.
Шшшшшш. Довуднинг тундаги вақти.
Унинг олдида ҳеч ким йўқ, уни назорат қиладиган борон кимса топилмайди.
Шундай вазиятда ўзимиз бўлсак, кўпинча интернетни ёқамиз.
Энг янги порнография саҳифаларини қидириб, топамиз.
Ахир, ким ҳам бизни кўрарди?!
Ҳеч ким бу ҳақда хабар топмайди.
Қани битта кириб кўр–чи, деб шайтон бизни васвасага солаверади.
Унинг овозини ўчириб бўлмайди.
Аммо, ҳеч ким бизни кўрмаганда нима қилаётганимиз жуда муҳим!
Ухлагани ётган пайтимиз жуда муҳим.
Шундай пайтда Довуд Худони эсларди, У ҳақда мулоҳаза қиларди,
Чунки Худо Довуд учун ниҳоятда муҳим эди.
Худони эслаш учун Довудга яна нима туртки бўларди?
8–оятга кўра — Довуднинг Худодан бўлган миннатдорчилиги.
8–оятда шундай деб ёзилган:
Ўзинг Менинг мададкорим бўлдинг,
Қанотларинг соясида севинч ила куйлайман.
Довуд ўтмишга қараб, Худонинг эзгуликларини эсларди, унга ёрдам берганини хотирларди.
Биз ҳам Худонинг ҳаётимизда қилган эзгуликлари учун миннатдор бўлишимиз керак эмасми?!
Довуд 62–санони ўғлидан қочиб юрган пайтда, Яҳудо чўлида ёзганди.
Буюк шоҳ Довуд, жонини сақлаш учун чўлга равона бўлганди.
Агар шоҳ Довуднинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўқисангиз, унинг кўп ибодатлари ижобат бўлганини кўрасиз.
Бироқ Довуд ибодатларининг ижобат бўлишига интилмасди, у Худодан нарсаларни сўрамасди, Худонинг ўзини қидирарди.
Худонинг қилган барча эзгуликлари ва чексиз инояти эвазига Довуд миннатдорчилик тариқасида Худони янада яқин таниб билишга интиларди.
9–оятда шундай ёзилган:
Сенинг ортингдан қолмай эргашаман,
Ўнг қўлинг мени маҳкам тутади.
Бошқача қилиб айтганда, Довуд Худога ўтмишда қилган барча эзгуликлари учун садоқатини билдирмоқда.
У Худога: “Сенинг ортингдан қолмай эргашаман”, деяпти.
Довуд Худонинг ихлосманди эди.
Биз–чи? Худодан узоқда юрганимиздан мамнунмизми?
Бизнинг Худога бўлган муносабатимиз қандай?
Бир одам шундай сўзларни ёзган:
“Худо менга озгина ёрдам берса бас,
Ҳаётимни ўзгартириши эса шарт эмас,
Мени озгина хурсанд қилса бас,
Ҳаётимдаги мақсадларим ва истакларимга тегмаса бўлгани.”
Бу одамнинг кимлигини мен билмайман, лекин Довуд эмаслиги аниқ.
Довуд ҳеч қачон ўзини бошқалардан устун қўймасди. Мен ҳаммадан аъломан, деб айтмасди.
У бутун борлиғи билан Худога интиларди, “Худосиз мен ҳеч ким эмасман ва Усиз ҳеч нарса қила олмайман”, деб сидқидилдан ишонарди.
Демак, имонли одам учун энг ишонарли ва бехатар жой қаерда?
Худонинг ҳузурида. Худога қанча яқин бўлсак, шунча яхши.
Бу борада Довуд биз учун жуда яхши намуна бўлди.
Довуд бу саносида авваламбор, ўзининг ҳозирги ҳолати ҳақида – Худога интилиши, Унга орзуманд эканлиги ҳақида гапирди; сўнг Худо унга утмишда қилган эзгуликларини эслади.
Кейин эса Довуд эътиборини келажакка қаратади.
——————————————
10–12 оятларда келажак ҳақида шундай ёзилган:
Жонимнинг пайига тушганлар
Ернинг қаърига тушиб йўқ бўлиб кетади.
Улар қиличнинг дамига йўлиқади,
Чиябўриларга ем бўлади.
Шоҳ эса Худодан севинч топади,
Худо номи билан онт ичганлар Уни мадҳ қилади,
Ёлғончиларнинг оғзи эса ёпилади.
Биз келажагимизни билмаймиз, Довуд ҳам келажагини билмасди,
Бироқ Довуд 10 ва 11–оятларда келажаги ҳақида гапиради.
Душманлари йўқ бўлиб кетишига Довуднинг ишончи комил.
Довуднинг душманлари жуда кўп эди.
Унинг тан соқчилари мураккаб ва ниҳоятда хавфли ишни бажаришарди.
Бироқ бу вазият Довудни саросимага солмади. Душманлар Довуднинг қаддини бука олмади.
Довуд умидини Худога боғлагани учун кечалари ҳам яхши дам оларди, уйқусизликдан азоб чекмасди.
Тушуниб олинг.
Довуд эътиборини душманларига эмас, унинг жони пайига тушган ёвларга эмас, Худога қаратарди.
У душманларидан қасос олишни ўйламасди.
Ахир, Худонинг ихлосманди бўлган одам, бошқа, арзимас нарсаларга эътибор қаратармиди?
Мен ҳаётимда айрим айёр ва мунофиқ одамларга дуч келганман.
Улар менга қандай зарар етказа олишлари ҳақида ўйлаганимда уйқум қочарди.
Сиз ҳам бу борада менга ўхшаган бўлсангиз керак, деб тахмин қиляпман.
Агар шундай бўлса, мен ҳам, сиз ҳам Довуддан ўрнак олишимиз керак. Бутун вужудимиз билан Худога интилишимиз керак, иллатларимиз, хавотирларимиз ва қўрқувларимиз билан эса Худонинг Ўзи ишлайди.
Сизга қараганда Худо Ўз ишини маҳорат билан, пухта бажаради.
Унга халақит берманг.
Ва ниҳоят Довуд шундай сўзларни ёзади:
Шоҳ эса Худодан севинч топади,
Худо номи билан онт ичганлар Уни мадҳ қилади.
Ушбу оятларда Довуд ўзи ҳақида учинчи шахсда гапиради.
Ҳаёти яхшилик билан тугашини Довуд билади ва олдиндан буни нишонлаб, Худони улуғламоқда.
Ўз ўғлидан қочиб юрган ота Худодан чексиз қувонч топади.
Эски Аҳд даврида Худонинг номи билан онт ичган одамлар шу орқали Худога ўз садоқатини билдиришарди.
Довуд ҳам Худонинг номи билан Раббимизни мадҳ қилмоқда.
Бундай қийин вазиятда Довуд: “Худо мени ташлаб қўйди. Менга ёрдам бермаяпти” – деб барча муаммоларда Худони айблаши мумкин эди.
Бироқ у ундай қилмади.
У Худонинг номи билан онт ичиб, Унга ўзининг чексиз садоқатини билдирмоқда.
Ҳозирги вазият Довуд учун ўта оғир бўлишига қарамай, Худо уни қутқаришига ва у Худодан севинч топишига ишонади.
Дарҳақиқат, Довуд ҳақ бўлиб чиқди. Келажакда Худо унга кўп баракатлар берди.
Худога содиқман, деб содиқ бўлмаганлар–чи?
12–оятнинг охирги сатрида улар ҳақида шундай ёзилган:
“Ёлғончиларнинг оғзи эса ёпилади.“
Санонинг маъносини тушундингизми?
Аслида бу Худога изҳор этилган севги қўшиғидир.
Худо Довудга ўтмишда ёрдам бергани учун, Довуд бугун Уни жону дили билан қидирмоқда.
Келажакда эса Худо унга буюк қувонч биришига амин.
Агар сиз 62–санонинг мазмунини бир–икки гап билан ифодаламоқчи бўлсангиз, Матто 22–боб, 37–38–оятларни ўқишингиз мумкин. У ерда шундай ёзилган:
“Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан севинг. Бу биринчи ва энг буюк амр.”
Мен ибодат қилишни жуда яхши кўраман.
Менда кўпдан–кўп ибодат кундаликларим бор.
Бироқ ўзимга доим шундай савол бераман: “Мен биринчи ўринда нима учун ибодат қилишим керак?”
Агар ҳақиқатан ҳам Худони бутун қалбимиз билан севиш – энг буюк амр бўлса, буни ибодатларимизнинг энг бошига қўйишимиз шарт.
Мен доим шунинг учун ибодат қиламан.
Ҳар куни: “Худойим, сени бутун қалбим билан севишни менга ўргат” деб илтижо қиламан.
Бу ниҳоятда буюк амрдир.
Нима сабабдан биз бу амр ҳақида кам гаплашамиз?
Бу амр ҳақида мен кўп воизликлар ҳам эшитмаганман.
Масиҳийлар бу амр ҳақида гаплашганини ҳеч кўрмаганман.
Аслида эса, бу оятни ҳар бир масиҳий ёд олиши шарт.
Довуд ушбу амр бўйича яшарди, буни биз 62–санодан кўрдик.
Биз–чи? Бу амрнинг қанчалар муҳимлигини биламизми?
Йиллар давомида мен кўп жанозаларга бордим.
Уларнинг ҳаммаси бир–бирига ўхшаб кетарди, лекин Матто деган йигитнинг жанозаси ҳеч эсимдан чиқмайди.
Матто 38 ёшида оламдан ўтди.
У масиҳий эди.
У жамоатимизда ҳамду сано гуруҳида хизмат қиларди.
Кўп одамлар у орқали Исо Масиҳни таниди.
У жамоатдаги хизматини сидқидилдан бажарарди.
Шунинг учун жанозасига жуда кўп одам келди.
Уларнинг ҳаммаси Маттони охирги сафарига кузатиб, унга ўз ҳурматини кўрсатишди.
Уларнинг ҳар бири Маттога айтган қисқа видолашув нутқига оддий тўртта сўзни қўшган эди: “Матто Исони яхши кўрарди”. Жанозага келган ҳар бир одам бу сўзларни айтгани мени ҳайратга солган эди, лол қолдирганди.
Тўғри, Матто ҳамду сано айтишни яхши кўрарди.
Аммо Исони унданда устун қўярди.
Матто ўз оиласини яхши кўрарди, у жуда яхши ва меҳрибон ота эди.
Бироқ Исони оиласидан ҳам устун қўярди.
Тўғри, Матто одамлардан хабар олишни, уларга Хушхабар айтишни яхши кўрарди,
Аммо Исони улардан устун қўярди.
Ҳамма буни биларди.
Мен эшитган энг кучли гувоҳлик шу эди.
Сизнинг жанозангизда одамлар сиз ҳақингизда нима деб айтишади?
Матто 62–сано бўйча яшади.
Сиз–чи?
Мақоламизни бошлаган сўзларимиз билан тугатамиз.
62–сано, 2–оятда шундай ёзилган:
Эй Худо, менинг Худойимсан, интиламан Сенга,
Қуруқ, толиққан сувсиз тупроқдай
Жоним ташнадир Сенга,
Вужудим орзуманддир Сенга.
Сиз Раббимизга умид боғлаган экансиз, Унга бу сўзларни айта оласизми?
Исо Масиҳга тўлиқ ишонч билдиришга сизга нима тўсқинлик қиляпти?
Бугуноқ Масиҳга бўлган севгингизни изҳор этинг.