тушунтириш
Бир куни эрталаб турганимда, радиодан об–ҳавонинг кескин ўзгаришини эълон қилишди. Эълонга кўра қаттиқ 100% момақалдироқли жала яқинлашаётган эди, бундан ташқари бўрон даражасидаги қаттиқ шамол кутилаётган эди.
Бундай об–ҳаво маълумоти онамни магазинга боришдан тўхтатди, деб ўйлайсизми? Онамни магазинга машинада ким олиб борганини энди бир топиб кўрингчи.
Тушлик пайти эди, онам яхши кўрадиган магазиндан икковимиз чиққанимизда ҳайратга тушдик. Осмон қоп–қора булутлар билан қопланган эди. Кучли шамол юришимизга монелик қиларди.
Момақалдироқ қулоқни тешгудек гумбирларди.
Бундан ташқари, биз шаҳар бўйлаб кетаётганимизда қулаган кўплаб дарахтлар, ағдарилиб ётган машиналар, бузилган уйлар, узилган электр симларни кўрдик. Буларнинг ҳаммаси йўлни беркитиб ташлаган эди.
Мен ҳеч қачон жанг майдонида бўлган эмасман, лекин биз кўрган манзара худди жанг вайроналарига ўхшаб кетарди. Шаҳардаги баъзи дарахтлар эски, олтмиш йиллик дарахтлар бўлишига қарамай, кучли шамол уларни бир зумда қулатган эди. Ҳаммаси ер билан яксон эди.
Биз йиқилган дарахтлар олдидан ўтар эканмиз, бир нарсани пайқадим: йиқилган дарахтларнинг илдизлари кўзимга саёз бўлиб кўринарди.
“Бу ҳодисанинг бизга нима алоқаси бор?” деб сўрашингиз мумкин. Бу ҳодиса бизга ҳар томонлама алоқадордир. Негаки, Муқаддас Китоб имонли кишини дарахтга ўхшатади. Кўзни қувонтирадиган, ғарқ пишган меваларга мўл дарахтни ким томоша қилмайди, десиз? Шу сингари севги, хурсандчилик, тинчлик ва Муқаддас Руҳнинг бошқа самараларига бой бўлган имонли одам кимнинг кўнглидан жой топмайди, дейсиз? Бундай одам доимо одамларни Худо билан яраштиради, уларга Нажоткорни таништиради. Масиҳий кишининг ҳаёти қуйидаги фазилатлар билан белгиланиши даркор: барқарорлик, ижобийлик, самарадорлик, обрў–эътибор, мўл–кўл баракатлар, жозибадорлик, салобат ва ёқимли ифор.
Агар сиз Исо Масиҳни ўз Нажоткорингиз, деб қабул қилган бўлсангиз, бу фазилатларнинг ҳаммаси сизнинг ҳаётингизда акс этиши лозим.
Лекин ҳеч қандай дарахт шамоллардан ва довуллардан беркина олмайди. Шу сабабдан илдизи йўқ дарахтларнинг қисмати ниҳоятда аянчли бўлади.

Аслида эса илдизсиз дарахт бўлмайди. Бу барча дарахтларга тааллуқлидир.
Йиқилган дарахтларнинг ҳаммаси чуқир илдизларга эга бўлмагани учун катта баҳо тўлаган эдилар. Бу сизга ҳам, менга ҳам тааллуқлидир. Агар сиз ва мен Худо биз учун белгилаган истиқболга эришмоқчи бўлсак, масиҳийча ҳаётимиз учун асос бўладиган чуқур ва мустаҳкам илдизларни ривожлантиришимиз керак. Бу илдизлар бизни озуқлантиради ва шайтон ҳаётимизга юборган бўронларда барқарорликни таъминлайди.
УҚИБ ОЛИНГ: мўл ҳосил бериш учун ягона йўл – бу кучли томирларни ривожлантиришдир. Юксалиш учун илдизларни чуқур отиш керак. Агар ҳосилга эътибор қаратсагу, илдизларни назардан четда қолдирсак инқирозга юз тутамиз. Бундай ҳолда порлоқ келажакни умид қилмасангиз ҳам бўлади. Чунки ҳамма куч ва қудрат илдиздадир.
Ҳаётимнинг энг қийин ва энг мураккаб дамларида илдизларим менга куч бахш этарди. Бу куч инсоний куч эмас эди.

Қандай масиҳий бўлишингиз сизнинг илдизларингизга бевосита боғлиқ. Демак, нимадан бошлаймиз?
Ҳар куни Каломни ўқиш илдизи:
Бу илдиз барча муваффақиятларнинг асосидир.
Йиллар давомида мен Муқаддас Китобни қуйидаги бешта сабабга кўра ўқидим:
- Ота–онам менга Муқаддас Китобни бериб, китобни ўқи, ўқи, ўқи деб чарчамас эдилар. Мен китобни ўқиганимда, улар тинчланиб, жаврашдан тўхтар эдилар.
- Мен Масиҳга ишонардим, ҳаётимдаги муаммоларни ечиш мақсадида Муқаддас Китобни ўқирдим. Бу жуда яхши сабаб эди.
- Одамлар менга руҳий саволларни берганларида уларга яхши жавоб бермоқчи бўлардим, шунинг учун китобни ўқийдиган бўлдим – бу ҳам яхши сабаб эди.
- Мағрурлик қалбимни тўлдирди. Мен бошқалардан кўра кўпроқ нарсани билмоқчи эдим. Муқаддас Китоб борасидаги муҳокамаларда ва тортишувларда доим ютишни истардим. Бу яхши сабаб эмас.
- Коинот Худоси, Яратгувчим, Нажоткорим, ҳар куни мен билан гаплашмоқчи эканини билиб, Китобни ўқирдим.
Нега Худо мен билан гаплашмоқчи бўлади? Ҳар сафар мен Муқаддас Китобни очганимда Худо Китоб сахифалари орқали менга гапиради, бу ажойиб эмасми?! Муқаддас Китобга мурожаат этишим учун бу энг кучли туртки бўлиб хизмат қилади.
Биз баъзан “Исо менинг Раббим” деб баралла айтамиз ёки бу сўзларни футболкамизга катта қилиб ёзиб оламиз. Бундай одамлардан: “Охирги пайтларда Исо сенга нималарни ўргатди?” деб сўраш керак.
Ачинарлиси шуки, кўп одамлар Муқаддас Китобни ўқишга вақт топа олмайдилар. Жуда қизиқ ҳол, шундай эмасми? Инсон Раббийга қулоқ солиши керак, Унинг ҳар бир сўзига мунтазир бўлиши керак, Унинг кўнглини олиши керак. Иложи борича, Унинг хоҳиш–истакларини билиб олиши ва сўнг ўшаларни бажариши керак. Агар Исо ҳақиқатан ҳам сизнинг Раббингиз бўлса, Унга ўз вақтингизни ажратинг, У сизга айтмоқчи бўлган гапларга қулоқ солинг.
Самимий бўлинг. Агар сиз Худо учун вақт ажратмасангиз, одамларга “Исо менинг Раббим”, деб айтманг. Бу ҳолда У сизнинг Раббингиз эмас.
Хизматим давомида мен эшитган энг дахшатли нарса бу чўпонларнинг: “Муқаддас Китобни ўқишга ҳеч вақт топа олмаяпман”, деб айтганлари. Улар буни яширмас эдилар ҳам. Бу сўзлари билан улар хизматини ўз инсоний кучи билан бажараётганига ишора қилишади. Бундай чўпоннинг жамоатига ким боришни истайди?
Жамоатнинг ҳамма етакчилари ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиб, Худонинг айтган сўзларини бажарганини бир тасаввур қилиб кўринг.
Биз 2Тимўтий 3:16 ни доим эсимизда тутишимиз керак.
Муқаддас битикларнинг ҳаммаси илоҳий илҳом билан ёзилган бўлиб, таълим ва танбеҳ бериш, хатоларни тузатиш ва солиҳлик йўлида тарбия бериш учун фойдалидир.
Муқаддас битикларнинг ҳаммаси Худонинг оғзидан чиққан илоҳий Каломдир, ҳаммаси сиз учун ниҳоятда фойдали. Уни ҳаётингиздаги бирон нарса билан қиёслаб бўлмайди, у ниҳоятда қадрли, бу Китоб ҳеч қачон ўзгармайди, у доимо долзарб бўлиб қолаверади, у эскирмайди ҳам, чиримайди ҳам. Бу Китоб ниҳоятда фойдали, керакли, ҳаётимизнинг ҳар соҳасига ёрдам беради, унинг манфаати юксакдир. Уни ҳаётингизда қўлланг ва Масиҳ каби ўзгариб боришингиздан хурсанд бўлинг.
Илдизларнинг кетма–кетлиги унчалик муҳим эмас. Агар кетма–кетликни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, бу ўзингизга ҳавола, уни ўзгартираверинг. Агар яна кўпроқ илдиз қўшмоқчи бўлсангиз, қўшаверинг. Лекин ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиш ўта муҳим масала бўлгани боис, у бошқа ҳамма илдизларга ўз таъсирини ўтказиб, шубҳасиз биринчи ўринни эгаллайди.
Муқаддас Китобни ўқиш илдизини сиз қанчалик кўп ривожлантирасиз, уни қанчалик чуқур ўстирасиз? Сиз ўз жамоатингиз учун баракат бўлиб хизмат қилмоқчимисиз? У ҳолда, Муқаддас Китобни ҳар куни ўқишга қатъий қарор қилинг.
Сажда қилиш илдизи:
Сиз ўйлашингиз мумкин: “Нега сажда қилиш ҳам илдизлар қаторига кирган?” Ҳаммамиз биламизки, сажда қилиш бу — Худо олдида тиз чўкиб, Унга ўз эҳтиромимизни билдиришимиз, Уни улуғлашимиз, ўз севгимиз ва бағишланишимизни изҳор қилишимиздир. Ҳа, У буларнинг ҳаммасига лойиқ.
Буларнинг ҳаммаси тўғри. Лекин сажда қилиш ҳам илдиз бўлса, демак, БИЗ ҳам сажда қилишдан манфаат кўрар эканмиз–да? Қанақасига? Биз Худога Унинг қудрати, улуғворлиги ва бошқа ҳамма фазилатларини бирма–бир айтиб, шукурлар айтар эканмиз, ҳаётга тўғри назар билан қарашни бошлаймиз. Биз ўзимизга Отажонимиз кимлигини эслатамиз. У билан бўлган муносабатимиз боис, бехатар эканимизни тушуниб оламиз. Қандай ресурслардан фойдаланишимиз мумкинлигини биламиз. Сажда орқали биз реал ҳаётга Худонинг назари билан боқа оламиз.
Булардан ташқари ва БУ ЭНГ МУҲИМИ, биз ўзимиз сажда қилаётган Худо сиймосига ўхшаб ўзгариб бораверами. Агар сиз спорт юлдузларига сиғинсангиз, сиз учун энг муҳими ғалаба бўлиб қолади. Бизнессга сиғинсангиз, биринчи ўринни пул эгаллайди. Исога сиғинсангиз, сиз ҳар томонлама Исога ўхшаб бораверасиз.
Мен йиллар давомида Исога ишониб келдим, бироқ сажда нималигини асло тушунмасдим. Шунинг учун якшанба кунлари жамоат йиғилишларига кеч қолганимда бундан ҳеч афсусланмасдим. Аммо сажданинг муҳимлигини тушунганимдан кейин, сажда Худога манзурлигини ва мен учун қандай манфаатга эгалигини билганимдан кейин, сажданинг бир дақиқасини ҳам ўтказиб юборишни хоҳламасдим.
Худо биз бера оладиган барча саждага лойиқ. Сажда сизни ҳам юксакларга кўтаради.
Оятларни ёд олиш илдизи:
Мен ҳаётимни Исо Масиҳга бағишлаганимдан бери кўп жамоатларга бордим. Бу жамоатларнинг ҳаммасида болаларга оятларни ёдлатишарди. Якшанба кунлари болалар йиғилишларида, ўсмирлар йиғилишларида, кичкинтойлар клубларида оятларни ёд олардик. Бу жамоатларнинг ҳаммасига мен бир савол бермоқчиман:
“Нега сизлар катталарга ҳам оятларни ёдлаттирмайсизлар?” Болалар ҳаётларида васвасаларга қарши тура олишлари учун оятларга муҳтож бўладилар, катталарчи? Наҳотки катталар васвасаларга дуч келмасалар? Бу нотўғри эканини ҳаммамиз биламиз–ку.
Оятларни ёд олишга етарлича урғу берилмаслик 21 аср жамоатининг энг заиф томонидир.
Тўққиз йил муқаддам бир дўстим ҳар куни 15 дақиқа вақтимни бир ҳафта давомида оятларни ёд олишга ва ёд олган оятларимни такрорлашга мени ундаган эди. Ўша дақиқалар руҳий мушакларим учун ҳақиқий машқ эди! Қанийди, дўстим бундай машқ қилишга мени эндигина имонга келган пайтларимда чорлаганда эди. Оятларни ёд олишим ҳаётимни осонлаштирмади. Бироқ бундай одат менга илоҳий куч ва донолик ато қилди.
Муқаддас Китобда оятларни ёд олиш учун кўплаб сабаблар келтирилган. Мен энг яхши кўрадиган оятларимдан бири бу Римликлар 12:2:
Бу дунёга мослашманглар, фикр–зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар.
Бу матндаги “ўзгаринглар” сўзи Юнон асл нусхадаги “метаморфозис” сўзидан олинган. “Метаморфозис” қуртнинг капалакка айланиш жараёнини билдириб, бир жисмнинг умуман бошқа жисмга айланишни англатади.
Сиз онгингизни Худонинг каломига тўлдириб, фирк–зикрингизни ўзгартира оласиз. Сизнинг исмингиз ўзгармайди, баданингиз ҳам ўзгармайди, бироқ ички дунёингиз бутунлай янгиланади, сиз умуман бошқа одамга айланасиз. Сиз Масиҳга ўхшаб борасиз.
Эшитиб олинг: кўплаб одамлар мендан кўра тезроқ оятларни ёдлай оладилар. Уларнинг бу иқтидори учун Худога тасаннолар бўлсин. Лекин мен ҳам, менга қанча қийин бўлмасин, оятларни ёд олишим шарт. Оятларни ёд олиш — мусобақа эмас. Шу боис, ўзингизни бошқалар билан солиштирманг. Оятларни ёд олаверинг.
Муқаддас Китобда оятларни ёд олиш учун кўп сабаблар келтирилган. Бир тасаввур қилиб кўринг–а: Худонинг сўзи сизнинг миянгизда! Бу қудрат ҳақида бир ўйлаб кўринг–а!
Имондаги ўсмирлар билан етук одамлар бир–бирларидан ёд олинган оятлар билан ажралиб турадилар, бунга ишончим комил. Агар оятларни ёд олмасангиз сиз ҳеч қачон ХУДО хоҳлаган инсон бўла олмайсиз, ЎЗИНГИЗ ҳам хоҳлаган марраларга етиб боролмайсиз.
Ибодат илдизи:
Кунларнинг бирида тадбиркор ўз мақсадлари ҳақида гапирди: “Мен ишлаётган компаниямнинг бош менеджери бўлмоқчиман, компаниям индустриянинг энг илғор компаниясига айланишни ва чет элдаги тармоқларимиз кучайишини хоҳлайман, ўзим эса бой–бадавлат бўлиб яшамоқчиман.”
Унинг бу гапини эшитиб турган бир одам шундай деди: “Бор–йўғи шуми? Нега фақат яқин келажакни ўйлаяпсиз? Абадиятда ҳам ҳосил олишни режа қилсангиз бўлмайдими?”
Бизчи? Биз ўткинчи нарсалар учун ибодат қиляпмизми ёки Худонинг ёрдамида тоғларни ағдармоқчимизми?
Матто 17:20:
Исо жавоб бериб деди: “Етарли имонингиз йўқлиги учун шундай бўлди. Сизларга чинини айтайин: агар зиғирдай имонингиз бўлиб, шу тоққа: “Бу ердан у ерга кўч”, – деб айтсангиз, тоғ кўчади. Сизлар учун имконсиз нарса бўлмайди.”
Бу оят ибодат қилишингизга сизга куч ато қиладими? Сиз катта нарсалар учун ибодат қиласизми? Абадий нарсаларни Худодан сўрайсизми? Масиҳни улуғлайдиган, жамоатни мустаҳкамлайдиган, ҳаётни ўзгартирадиган нарсалар учун ибодат қиласизми?
Келинглар, ибодат қилиб, ҳамшаҳарларимизнинг юракларидан бефарқлик тоғларини йўқ қилишни Худодан сўрайлик. Одамларнинг қалбларидаги гуноҳ қалъаларини барбод қилайлик, токи одамлар Масиҳ томон юз бурсинлар. Масиҳийларнинг ҳаётидаги ялқовлик, пулпарастлик, аҳлоқсизлик каби иллатларни ибодат билан енгайлик, токи улар Масиҳ учун ёниб яшасинлар.
Кўпинча мен Матто 17:20–оятга асосланган ҳолда ўзим учун бир рўйхат тузиб, уни ойнамга ёпиштириб қўяманда, рўйхатдаги нарсалар учун тинмай ибодат қиламан. Натижада ибодатларимга ажойиб жавобларни оламан.
Ишаё 62:6,7–оятлар шижоат билан ибодат қилишим учун мени руҳлантириб туради.
Эй Қуддус, деворларингга соқчилар қўйдим,
Улар кечаю–кундуз ибодатни бас қилмайди.
Эй Эгамизга ибодат қиладиганлар!
Сизлар ҳам ҳеч жим турманг.
7 Қуддусни барқарор қилгунга қадар,
Эгамизга ҳеч тинчлик берманг.
Оятда тилга олинган соқчиларнинг вазифаси Қуддус учун тинмай ибодат қилиш ва Қуддус манфаати учун тўхтовсиз Худога мурожаат этиш эди.
Тасаввур қилинг: сиз жаннатга кирганингизда Исо сизни кутиб олиб, сизга шундай сўзларни айтса: “Баракалла! Сен ибодатларинг билан Менга ҳеч тинчлик бермадинг. Тўхтовсиз, ШИЖОАТ билан оиланг, жамоатинг, жамиятинг, мамлакатинг учун ибодат қилдинг.”
Қандай яхши мақтов! Унга эришинг. Ибодат илдизини чуқур ўстиринг.
Ибодат билан бевосита боғлиқ бўлган кейинги илдиз бу…
Рўза тутиш илдизи:
Нима сабабдан рўза ҳам илдизлар қаторига кирган? Кўпларимиз рўзани эсдан чиқариб, олға қадам босмоқчи бўламиз. Бироқ Матто 9:14 бўйича иш тутсак, доно қарор чиқарган бўламиз:
Бир куни Яҳёнинг шогирдлари Исонинг олдига келиб, шундай савол бердилар: “Бизлар ва фарзийлар кўп рўза тутамиз, нега Сизнинг шогирдларингиз рўза тутмайдилар?”
Ана холос, Ҳазрат Исо, Сизда ҳам муаммо пайдо бўлибди–ку! Ҳамма рўза тутганда, нимага Сизнинг шогирдларингиз рўза тутмайди?
:15a Исо уларга деди: “Куёв даврада бўлганда меҳмонлар қайғурадими?…
Мен Ўзим шогирдларим билан бирга бўлганим учун, уларнинг шодлиги шу қадар кўпки, улар рўза тута олмайдилар.
Бироқ,
:15b
…улар куёвдан жудо бўладиган кунлар келади, ана ўшанда рўза тутадилар.”
“Улар” қаторига сиз ва мен кирамиз. Исо Масиҳ ер юзини тарк этганидан кейин, Унинг шогирдлари рўза тутишлари аниқ эди.
Ҳақиқий шогирд рўза тутади, агар бунга унинг соғлиғи монелик қилмаса, албатта. Муқаддас Китобни кўриб чиқсангиз, у ерда рўза сўзи 50 марта тилга олинган. Агар жамоат тарихига эътибор берсангиз, имонлилар асрлар давомида рўза тутганларини кўрасиз. Рўзага эътиборли бўлган имонлиларнинг ҳаётини кузатсангиз, уларнинг ҳаётида кўплаб баракатларни кўрасиз.
Бир неча йил олдин мен бир чўпоннинг қуйидагича гапини эшитдим: “Мен кўп имкониятларга эга бўлган жамоатимни кўрганимда ва у ердаги чексиз муаммоларга гувоҳ бўлганимда, ҳафтасига ҳеч бўлмаса бир марта жамоатдаги одамлар учун рўза тутаман. Шусиз бу муаммоларни қандай ечишни билмай қоламан.” Ўша вақтдан бери мен ўша чўпондан ўрнак олиб, ҳафтасига бир марта рўза тутаман.
Кўпинча имонлилардан шундай гапни эшитамиз: “Мен бу муаммони ечиш учун ҳамма нарса қилиб кўрдим.”
Бундай вазиятда мен: “Рўз тутдингми?” деб сўраган бўлардим. Одатда бу саволимга “Йўқ” жавобини оламан. Агар шундай бўлса “ҳамма нарса қилиб кўрдим”, деб айта кўрманг. Рўза тутиш тумор вазифасини бажармайди, у омад келтирмайди. Биз рўзадан қурол сифатида фойдаланишимиз керак, агар бунга соғлиғимиз монелик қилмаса албатта.
Рўза тутганимизда Худо бизга Каломининг сирларини очиб беради ва Ўз табиатининг ноёб қирраларини намоён этади, шулар қаторида бизга бошқа кўп баракатларни беради. Мабодо, сизнинг ҳам рўза тутиш вақтингиз келмадимикан?
Доим ўрганиш илдизи:
Мен баъзи масиҳийларни биламан, агар улардан: “Худо сенга нима ўргатди?” деб сўрасангиз, улар доим битта нарсани такрорлаб айтаверадилар, кунлар, ойлар, йиллар ўтса ҳам гапи ўзгармайди. Улар кечаги кун билан яшайдилар. Гуёки, улар Худодан ҳеч қандай янги нарсани ўрганмагандай туюлади.
Бошқа томондан, Сулаймоннинг маслаҳатига қулоқ тутган масиҳийлар билан гаплашиб тўймайсиз:
Ҳикматлар 2:1–5
Ўғлим, насиҳатларимни қабул қилиб,
амрларимни юрагингда сақласанг,
2 Доноликка қулоқ солиб,
қалбингни фаҳм–идрокка очсанг,
3 Фаросатга ташна,
идрокка чанқоқ бўлсанг,
4 Уни кумуш излагандай изласанг,
яширин хазина қидиргандай қидирсанг,
5 Эгамиздан қўрқиш нималигини тушунасан,
Худо кимлигини биласан.
Сулаймон бизни Муқаддас Китобни чуқур ўрганишга, яширин хазинани қидиргандай идрок қидиришга чорлайди. Чуқур кондаги қимматбаҳо хазинани қидиргандай, биз доноликни қидиришимиз даркор.
ҲАР БИРИМИЗ ўзимизга шундай савол беришимиз керак: “Агар Худо менга янги нарсани ўргатмоқчи бўлмаса, нега ҳали ҳам яшаб юрибман?” Билимга чанқоқ масиҳийлар билан дўст бўлиш кувонч келтиради. Улар билан қачон гаплашманг, Муқаддас Китобдан янги очиқликлар ҳақида айтишади.
Менга йилига уч марта хат юборадиган бир аёлни билардим. У ҳар бир хатида ўрганган қизиқ нарсалари билан ўртоқлашарди, чунончи, енгмоқчи бўлган гуноҳ ҳақида ёки Хушхабар айтган дугонаси ҳақида. Мен у аёлдан охирги хатини олганимда у 103 ёшда эди.
Ўша аёл қанча яшамасин доим ўрганишга чанқоқ эди. Доноликни хазина излагандай изларди. Бугуноқ Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошланг. Бу ишдан ҳеч қачон тўхтаманг.
Даровқе, баъзи дўстларим 104 ёшга тўлган ўша аёлни туғилган куни билан қутлагани боришди. Ўша аёл дўстларимдан: “Яқинда Муқаддас Китобдан қайси оятни ёд олдинг?” деб сўрамади, аксинча: “Яқинда Муқаддас Китобдан қайси бобни ёд олдинг?” деб сўради.
Сахийлик илдизи:
Нима сабабдан Филиппиликлар мактубининг 4:17–ояти эътибордан четда қолаётганини ҳеч тушунмайман. Шайтон бизга: “Худога ушр берсанг, ўзингга етмай қолади” деб бизни ишонтирмоқчи бўлади. Бугун эрталаб сиз эҳсон бердингизми? Нега бердингиз? Энди ўзингизга пул етамай қолади–ку. Чўнтагингиз бўшаб қолади–ку.
Қуйидаги оятни ўқинг:
Мен сизлардан бирор нарса ундириб олиш ниятида гапираётганим йўқ. Аксинча, сизларнинг фойдангиз кўпайишини кўзлаяпман.
Бошқача қилиб айтганда, бу оятда: “Берсангиз, фойда кўрасиз”, деб ёзилган. Агар сиз маблағларингизни Масиҳга ишониб топширсангиз, самода шахсий ҳисоб рақамига эга бўласиз. Сиз Раббимиз йўлига пул берганингизда, ўша пул самовий ҳисоб рақамингизга тушади. Сиз бу дунёдан ўзингиз билан ҳеч нарса олиб кета олмайсиз, бироқ олдиндан самовий рақамингизни тўлдириб қўйишингиз мумкин ва абадиятда ундан фойдалансангиз бўлади. Қандай ажойиб–а!
Хизмат илдизи:
Баъзи одамлар семириб кетиш натижасида ўз соғлиғига катта путур етказдилар.
Руҳий дунёда бундай ҳол юз берадими? Ҳа, руҳан семириб кетган масиҳийлар кўп яхши мавзу ва ваъзларни эшитиб, ичларига шимиб оладилар–у, уни амалда бажармайдилар. Бунинг натижасида семириб, чирк босиб, носоғлом масиҳийча ҳаёт кечирадилар. Руҳан семириб кетган масиҳийлар бир нарсани ҳеч тушунмайдилар: бошқага канча кўп берсанг, ўзинг шунча кўп ўсиб бораверасан. Сахий одам бошқаларга ёрдам беради, улар билан ҳақиқатни улашади, уйга чарчаб келади, лекин Муқаддас Китобни ўқиб, кучини тиклаб олади. Шундан кейин яна бошқаларга хизмат қилишда давом этади. Худо уларнинг ишларига баракат бераётганига ўзлари гувоҳ бўладилар. Улар руҳий мушакларини мустаҳкам қилишади ва руҳан яхши шаклда бўлишади. Бироқ хизматга берилиб кетишади.
Сиз умрингизни ошхонада ўтказишингиз ва кунига 24 соат давомида дастурхонда ўтириб, овқат ейишингиз керак эмас. Шу сингари руҳий озуқани ҳам кунига 24 соат давомида шимиб ўтиришингиз керак эмас.
Баҳор кунларининг бирида бизга жамоат ишларида қатнашиш учун тўлдириладиган шанбалик қоғозларини беришди. Қоғозда: агар бўяшга ёрдам берсанг, исмингни ёз. Полларни ювишга ёрдам берсанг, исмингни ёз, ва ҳоказолар ёзилган эди.
Жамоат етакчиларидан бири қоғозни кўздан кечирар экан, ёзилган баъзи одамларнинг исмларини устидан чизиб ўчирди. Мен ҳайрон қолиб, ундан нимага бундай қилганини сўрадим.
У шундай жавоб берди: “Бу одамлар доим ёзилади, лекин шанбаликка ҳеч қачон келмайди”.
Биласизми: ҳақиқатан ҳам ўша куни етакчи исмларини ўчирган биронта одам ҳам шанбаликка келмади. Улар лафзида турмайдиган одамлар эканини ҳамма биларди.
Бир одам шундай сўзларни ёзган эди:
“Ҳар ҳафта жамоатлар қийин аҳволдан чиқишга ҳаракат қиладилар, чунки кўнгилли хизматчилар жамоат йиғилишига тайёрланмай келадилар, ёки умуман келмайдилар, ҳатто “кела олмайман” деб олдиндан огоҳлантириб ҳам қўймайдилар.”
Хотинига 70% вафодор бўлган эрни вафодор деб бўладими? АЛБАТТА ЙЎҚ. 70% вақтда ўз сўзида турган одамни ҳақиқатгўй хизматкор деб бўладими?
Масиҳнинг содиқ издоши итоаткор буқа каби бўлиши керак – эҳтиёж туғилганда ер ҳайдашга, зарур бўлганда қурбон бўлишга тайёр бўлиши шарт. Хизмат учунми, қурбонлик учунми, Худо Ўз хизматкорини қандай лозим топса, шундай ишлата олиши керак. Сиз ўзингизни итоаткор буқага ўхшата оласизми? Сизнинг хизмат илдизингиз қай даражада ривожланган?
Итоаткорлик илдизи:
Ц. С. Левис шундай ёзади: “Мен Исони қалбимга таклиф қилганимда, у руҳий уйимнинг дарз кетган жойларини тузатади, деб ўйлаган эдим. Бунинг ўрнига Исо бутун уйни вайрон қилиб, уни бошқатдан қурди.” Бу билан Левис нима айтмоқчи? У айтмоқчики, Левис Исога имон келтиришдан олдин ўзини ёмон одам деб ҳисобламасди, у фақат айрим камчиликларим бор, ўша дарз кетган жойларни Исо тузатиши керак, деб биларди. Лекин Исо Левисдаги гуноҳкор табиатидан воқиф эди, шунинг учун У Левиснинг барча мақсадларини, хоҳиш–истакларини, эски одатларини таг–туги билан йўқ қилиб, ундан янги инсонни яратди.
Итоат қилиш ҳар доим ҳам осон бўлавермайди. Агар сиз ҳаётингизнинг мақасади қилиб динни танламоқчи бўлсангиз, масиҳийлик ёмон танловдир. Чунки ҳақиқий масиҳий Худога итоат қилиши керак, у янги ҳаётда яшаши ва ҳаётининг маркази қилиб Худонинг хоҳиш–иродасини, Унинг мақсадларини, Унинг режаларини қўйиши керак.
Исо барча хоҳишларингизни адо этадиган сеҳргар эмас. Сиз мойчироқни ишқалаб, Худога нима бажаришини буюра олмайсиз. Агар Худо сизнинг хоҳишингизни бажармасачи, сиз Ундан юз ўгирасизми? Сизни яратган ва сизга нажот берган Худога тўлиқ бўйсунадиган вақтингиз келмадимикин? Унга тўлиқ буйсунинг!
Хушхабар айтиш илдизи:
Балки бу илдиз ҳам сизни ўйлантириб қўяр. Нима сабабдан Хушхабар илдиз қаторига киритилган? Сиз бирор кишини имонга келтирсангиз, ўша одам, ҳеч шубҳасиз, баракат топади. Агар Хушхабар илдиз бўлса, бундан сиз ҳам манфаат кўришингиз керак. Лекин қандай қилиб?
Қуйидагилар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Хушхабар:
Сиздан Муқаддас Китобни яхши билишингизни ТАЛАБ ҚИЛАДИ, чунки сиз бошқаларга Хушхабар айтганингизда Муқаддас Китобдан оятлар келтиришингиз керак бўлади.
Сизни кўпроқ ибодат қилишга УНДАЙДИ, чунки сиз жасорат учун ва тингловчиларнинг юраклари очилиши учун ибодат қилишингиз керак бўлади.
Муқаддас Китобни ўрганишга МАЖБУР ҚИЛАДИ, чунки сиз суҳбатдошингизнинг чексиз саволларига жавоб бера олишингиз керак бўлади.
Сизни руҳий жанг майдонига ОЛИБ КИРАДИ, чунки бу дунёда сизнинг вазифангиз айнан шундан иборат.
Хушхабар айтганингиздан кейин, сиз уйга кўтаринки руҳда қайтиб келасиз, чунки бошқа одамларга зарур бўлган ҳақиқатни етказганингизни жуда яхши биласиз.
Агар сизга Хушхабар айтиш учун туртки керак бўлса, одам дўзахга тушганини бир тасаввур қилиб кўринг. У ерда Нажоткор йўқ, иноят йўқ, эзгулик йўқ, фақат чексизу поёнсиз афсусланишлару дод–войлар бор. Бунинг учун сиз ҳеч кимни айблай олмайсиз, ягона айбдор одам ўзингиз бўлиб қоласиз. То абад. Атрофимиздаги одамлар шундай қисматга дуч бўлаётган бир пайтда биз оғзимизни юмиб ўтира оламизми?
Ишончингиз комил бўлсин, Худо сизнинг ҳаракатларингизга баракат беради. Хушхабар айтганингизда ўзингизни қанчалар ноқулай сезманг, оғзингиздан чиққан Масиҳ ҳақидаги сўзларингиз кўплаб тингловчиларга марҳамат олиб келади.
Меҳр–оқибат (Жамоат) илдизи:
Мен ёши ўтган, ниҳоятда самарали хизматчи билан танишишга мушарраф бўлган эдим, мен ундан муваффақиятингизнинг сири нимада, деб сўрадим. У Худонинг йўлида доим шахдам қадам босиб юрарди, ҳеч ким билан уришмасди, жанжаллашмасди, ёшлигидан ниҳоятда содиқ бўлиб келган эди. Унинг сири нимада эди?
Сулаймоннинг ҳикматлари 28:13.
Бундан 40 йиллар муқаддам, бу киши эркакларнинг Муқаддас Китобни ўрганиш гуруҳига қатнашадиган бўлибди. У бир куни уйига келиб, хотинига: “Бўлди, мен энди у ерга бормайман”, дебди. “Йўқ, – деди хотини, – сиз бундай қила олмайсиз, чунки у ердан келганингизда доим чеҳрангиз очилиб келади”. У киши гуруҳ йиғилишларига қатнашаверибди.
Аста–секин гуруҳ йиғилишлари ўзгара бошлади. Гуруҳдаги эркаклар ўта эҳтиёткорлик билан ниқобларини еча бошладилар. Бир эркак порнографияга ружу қўйганини айтди. Бошқаси мағрурлиги билан курашаётганини ўртоқлашди. Бири тошбағрлиги ҳақида гапирди. Яна бошқаси ғазабини тия олмаслигини айтди. Бешинчи кишининг муаммоси нима бўлгани ҳозир эсимда йўқ.
Ўша гуруҳни бирлаштириб турган оят Ҳикматлар 28:13 эди:
Ўз гуноҳларини яширган ютуққа эришмайди, уларни тан олиб, воз кечган марҳамат топади.
Гуруҳдаги ҳар бир киши билардики, ниқоб тақиб юриш бефойда, бундай иккиюзламачилик вақтни зое кетқизади, холос. Бу эркаклар баъзан, 35 йил давомида, Скайп орқали ҳам учрашиб туришади. Улар кўришганларида бир–бирларидан тўғридан тўғри “Порнографиядан ўзингни тийиб юрибсанми? Мағрурлик ёки ғазаб муаммоси нима бўлди?” деб сўрайдилар.
Ўша хизматчи менга деди: “Худонинг йўлида юришимга менга груҳдагиларнинг далдаси ва ибодатлари, шунингдек, бир–биримизга берган ҳисобот ёрдам беради. Жамоатдаги меҳр–оқибат ана шуни билдиради. Масиҳий ёлғиз ўзи, дарвешларча яшаши керак эмас. Балки сиз ўзингизнинг Ҳикматлар 28:13 гуруҳини бошлашингиз керакдир?
Дам олиш илдизи:
Агар ҳамма илдизларингиз дам, дам, дам, дам ва фақат дамдан иборат бўлса, демак сизда муаммо бор. Доимо мувозанатни сақлаш керак.
Ибтидо китобининг 1–бобида Худо ҳаётимиз учун тўғри тартибни белгилаб берди: У олти кун ишлаб, еттинчи куни дам олди. Дам олмасдан, тинмай ишлаб юришдан биз қандай наф кўрамиз? Бу мағрурликни келтириб чиқаради, чунки Худо йўлида тинмай ишлашимиз билан, мақтанишдан бошқасига ярамайди. Агар вақтида дам олмасак, қилган ишимиз самарасиз бўлади, чарчаганимиздан гуноҳга қаршилик кўрсата олмаймиз.
Демак, Масиҳ йўлида мустаҳкам бўлишимиз учун бу илдизга ҳам эътибор қаратишимиз керак.
Расмда нима чизилмаган? Қуртлар. Қуртлар илдизларни емиради. Ҳар куни Муқаддас Китобни ўқишингизга нима халақит беради? Телевизорми? Ялқовликми? Вақтингизни нотўғри тақсимлаганингизми? Бу саволга ўзингиз жавоб беринг, бу саволга жавоб берсангиз қуртларингиздан бирини аниқлаган бўласиз.
Илдизингизнинг ҳар бирида қурти бор, ўша қурт илдизингизнинг ўсиши ва ривожланишига тўсқинлик қилади. Қуртларингизни аниқланг. Улар билан аёвсиз кураш олиб боринг, шу орқали илдизларингизни ўстириб, кучайтиринг.
Эсингизда тутинг, булар қуртлардир – қамчилар эмас. Шунинг учун, агар кеча Муқаддас Китобни ўқимаган бўлсангиз ўзингизни қамчиламанг. Худодан бугунги кунингиз самарали ўтишига ёрдам беришини сўранг. Мен ўзим ҳам бир вақтнинг ўзида ҳамма илдизларимнинг ривожланишига ҳеч юқори баҳо қўйганим йўқ. Чунки эътибордан четда қолган баъзи илдизларим ожиз бўлади.
Илдизлар доимий эътиборни ва парваришни талаб қилади.
Мен Исонинг шогирдини қандай таърифлайман? Шогирдни мен илова қилинган расм билан таърифлаган бўлардим.

Ҳаётим учун бўлган мақсадим нима? У ҳам расмда тасвирланган.
Жамоатим учун мақсадим нима? Уни ҳам расмдан топасиз.
Сиз эрталаб тўшагингиздан турар экансиз, тўппа–тўғри жанг майдонига қадам босасиз. Руҳий об–ҳаво маълумоти қўрқинчли бўлиб, ёмонлашиб бораверади. Шайтон юборган кучли шамолу бўронлар доим йўлингизни тўсади. Булар сизни йиқитадими? Ёки сиз кучли илдизлар тармоғига эга бўлганингиз учун қаддингизни тик тутасизми?
Илдизларнинг бирини танлаб олинг, кейинги ой давомида уни кучайтириб, ривожлантиринг. Бу ҳафта уни мустаҳкамлаш учун сиз қандай амалий ишларни қиласиз?
Агар сиз гуноҳкорлигингизни тан олмаган бўлсангиз ва Худонинг оиласига қўшилмаган бўлсангиз, балки ҳозир бунинг мавридидир? Исо Масиҳ сиз учун хочда ўлганини, гуноҳларингизни ювганини ва сизга нажотни туҳфа қилганини тан олишни хоҳлайсизми?