огоҳлантириш
Келинглар, Юҳанно 15:1–11 оятларни кўриб чиқайлик:
«1 Исо шогирдларига деди: “Мен ҳақиқий токман, осмондаги Отам эса боғбондир. 2 Ҳосил бермайдиган ҳар бир новдамни У кесиб ташлайди. Ҳосил берадиган ҳар бир новдани эса, яна кўпроқ ҳосил берсин деб, хомток қилиб тозалайди. 3 Мен сизга айтган сўзим орқали сизлар аллақачон тозаланиб бўлгансизлар. 4 Мен билан алоқада бўлинглар, шунда Мен сизлар билан алоқада бўламан. Токка уланмаган новда ўз–ўзидан ҳосил беролмайди. Шу сингари, сизлар ҳам Мен билан алоқада бўлмасангизлар, ҳосил беролмайсизлар.
5 Мен — ток, сизлар эса новдасизлар. Агар Менда бўлсангизлар ва Мен сизларда бўлсам, кўп ҳосил берасизлар. Менсиз ҳеч нарса қилолмайсизлар. 6 Ким Мен билан алоқани узса, новда каби, ташлаб юборилади ва қурийди. Бундай новдаларни эса йиғиб, ўтга ташлаб ёндиришади. 7 Агар сиз Мен билан алоқада бўлиб, сўзларимни қалбингизга жо қилсангизлар, истаганингизни сўранглар, сизга берилади. 8 Сизлар кўп ҳосил бериб, Менинг шогирдларим эканлигингизни исботлайсиз. Бу орқали Отам улуғланади.
9 Осмондаги Отам Мени қандай севган бўлса, Мен ҳам сизларни шундай севдим. Севгимга содиқ қолинглар. 10 Мен Отамнинг амрларига амал қилиб, Унинг севгисига содиқ қолганман. Худди шу сингари, сизлар ҳам, Менинг амрларимга амал қилсангизлар, севгимга содиқ қоласизлар.11 Менинг шодлигим қалбингизни тўлдирсин, деб сизларга бу сўзларни айтдим.»
Менинг бир дўстим университетнинг архитектура бўлимида ўқиётган эди. Дарсларнинг бири учун у бир бинонинг лойиҳасини чизиб, макетини ясаган эди. Шубҳасиз, у ясаган макет ниҳоятда чиройли эди! Ҳайратомуз даражада кўркам эди! Дўстларининг ҳаммасига макет роса ёқди. Улар дўстимни табриклаб: “Ишни боплабсан! Жуда чиройли чиқибди! Ниҳоятда иқтидорлисан–да!” — деб айтишди.
Дўстим ишини ўқитувчисига топширди. Бир ҳафталардан кейин дўстимдан сўрашди: “Макетинг учун неча баҳо олдинг?” У эса: “Макетим ўтмади”, деб жавоб берди.
Бир неча ҳафтадан кейин, дўстим бошқа бир макетни ясади. Бу сафар ҳам унинг макети кўзни қувонтирадиган даражада кўркам эди. Курсдошлари яна бир бор дўстимни ўраб олиб, унга тасаннолар айтишди. Қилган меҳнати ва чиройли дизайнини роса мақташди.
Дўстим бу макетини ҳам ўқитувчисига топширди. Бир ҳафталардан кейин, билса, бу сафар ҳам унинг иши ўқитувчисининг талабига жавоб бермабди.
Муаммо нимада бўлиши мумкин эди?
Макетнинг модели ва дизайни ўқитувчига ёққанига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ эди. Бироқ ўқитувчи макетнинг мустаҳкамлигини синаб кўрганда, кўрдики, бундай бино зилзила, бўрон ёки тўфонларга бас кела олмас экан.
Бундай бинонинг кимга кераги бор?
Руҳий ҳаётимизга келсакчи? Мен шахсан ўзим масиҳийча ҳаётимни қай тарзда барпо қилмоқдаман? Мен барпо қилаётган руҳий ҳаётим шайтоннинг аёвсиз зарбаларига бас кела оладими? Ёки биринчи эсган шамол уни йиқитиб, ер билан яксон қиладими?
Ёки мен барпо қилаётган масиҳийча ҳаётим ташидан чиройли, ичидан эса пўк, ожиз ва бўм–бўшми?
Биринчи расм
Фараз қилинг: расмдаги “А” тўртбурчаги мен хизматга сарф қилаётган вақтимни билдиради.
Хизмат туфайли мен доимо банд бўлиб, шошилиб юраман. Ўзимга бу ёқади. Одамлар қилган ишим учун мени мақтаганларида, мен руҳланиб, янада кўпроқ хизмат қиламан. Одамлар менга: “Шифохонага мени кўргани келганингиз учун раҳмат”, ёки “Муқаддас Китобдан берган дарсингиздан руҳланиб кетдим”, ёҳуд “далда сўзларингиз менга катта ёрдам берди”, деганларида ўзимдан мамнун бўламан.
Бироқ менинг хизматим нимага таянган? Энди расмдаги “В” тўртбурчаги — мен ўз устимдан ишлашга, яъни шахсиятимни ривожлантиришга сарфлаган вақтимни
билдиради, деб тасаввур қилинг. “С” тўртбурчаги эса мен руҳан ўсишимга сарфлаган вақтимни, яъни негизимни билдиради, дейлик. Бу тарздаги масиҳийча ҳаёт руҳий тўфонларга бас кела олади, деб ўйлайсизми?
Бу ҳақда ўйлаб кўринг. Агар мен кўпроқ вақтимни ўз шахсиятимни ривожлантиришга ёки негизимни, яъни руҳий ҳаётимни ўстиришга сарфласам, бунинг учун мақтовлар эшита олармиканман? Бундай ишларни инсон бошқаларга билдирмай қилади, мен буларга вақтимни бағишлаяпманми ёки йўқми, ҳеч ким билмайди. Тўғрисини айтсам, бу ишлар учун мени ҳеч ким ҳеч қачон мақтамаган ва мақтамайди ҳам.
Шундай бир ашула бор: “Мен бандман, бандман, ўлгидай бандман, шунинг учун сенга ҳеч вақтим йўқ.” Бундай сўзларни Худога айтишга бирортамиз журъат эта олармиканмиз?! Бироқ баъзиларимизнинг ҳаёт тарзимиз биринчи расмга ўхшаб кетади ва биз сўзларда бўлмаса–да, юриш–туришимизда Худога айнан шундай сўзларни очиқ–ойдин, баралла айтаётган бўламиз.
Мен масиҳий бўла туриб биринчи расмдагидай яшаб кўрдим. Ҳаёт тўфони келганда барбод бўлдим.
Осиёдаги бир чўпон менга шундай деб айтганди: “Мен хизмат билан шу қадар бандманки, ҳатто Муқаддас Китоб
ўқишга ҳам вақтим йўқ”. Аниқ айтишим мумкинки, бу чўпон нотўғри йўлда.
Бундай ҳолларда ҳаётим учун янги намуна керак. Юҳанно 15–бобда тўғри йўл кўрсатилган.
ҳанно 15:5 да Исо бизни қатъий огоҳлантиради: “Менсиз ҳеч нарса қилолмайсизлар”. Мен эрталабдан кечгача югуриб юришим мумкин, бироқ ҳар дақиқада ўй–ҳаёлларим Масиҳга қаратилмаган бўлса, Худонинг назарида ҳеч нарсага эриша олмайман. Югуриб елиб, қилган ишларингиздан ҳаётингиз сўнгида ҳеч қандай натижа олмаслик, ачинарли ҳол! Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи ҳам қўрқинчлидир!
Юҳанно 15:1–11ни яна бир бор ўқиб чиқинг. Борди–ю мен бу тарзда ёзилган парчани адабиёт устозимга топширганимда эди, устозимдан дакки эшитган бўлардим. Чунки бу парчада Исо битта сўзни қайта–қайта, ўн битта оятнинг ҳаммасида такрорлаган. Устозим шундай деб айтган бўларди: “Бошқа сўз қуриб қолгандай, ҳа деб битта сўзни такрорлайверасанми?! Бу сўз билан миямнинг қатиғини чиқариб юбординг–ку! Бор, парчани бошқатдан ёзиб кел!”
Бироқ, бу парчанинг муаллифи Исо бўлгани учун, биз парчанинг камчилигини қидириш ўрнига, Исо нимага урғу бермоқчи эканлигига эътиборимизни қаратишимиз зарур.
Агар Исо менга бир нарса айтса, мен диққат билан эшитишим керак. Борди–ю, У бир нарсани менга ўн бир марта қайта–қайта таъкидлаб айтаверса, демак, тушунишим керакки, бу ўта муҳим масала экан. Ҳа, ўта муҳим!
Исо тарихдаги энг муваффақиятли шогирдлик мактабининг битирувчиларига ўн бир маротаба “Мен билан алоқада бўлинглар” ёки “Менда бўлинглар” деб айтган. Агар бу сўзлар улар учун долзарб бўлган бўлса, биз учун ҳам, шубҳасиз, бу сўзлар ниҳоятда долзарбдир.
Таржимадаги “алоқада бўлинглар” ёки “Менда бўлинглар” деган сўз бирикмаларининг маъноси нима?
Юҳанно 1:38–оятда қуйидагича ёзилган:
Исо ўгирилиб, уларнинг эргашиб келаётганини кўрди–да, улардан:
— Сизларга бирон нарса керакми? — деб сўради.
— Раввий*, Сиз қаерда турасиз? — дейишди улар. (Раввий “устоз” демакдир.)
Баъзи одамлар Исо билан биринчи бор кўришганларида Ундан одатдагидай “Сиз қаерда турасиз?” деб сўрашарди. Бу дегани “Манзилгоҳингиз ёки уйингиз қаерда?” Юнон тилидаги асл нусхада бу парчада ишлатилган феъл Юҳанно 15:1–11–оятлардаги феъл билан бир хил бўлиб, сўзма–сўз таржимада “Мендан маскан топинглар” ёки “Қаерда маскан топдингиз”, яъни доимий тарзда қаерда яшайсиз деган маънони билдиради.
Сизга бир саволим бор: Исо Масиҳнинг издоши қаердан маскан топади?
Юҳанно 8:31 Агар Менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар.
(Юнон тилидан сўзма–сўз таржимаси: Агар Менинг сўзларимда бўлсангизлар ёки Менинг сўзларимдан маскан топсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар).
Биз Муқаддас Китобни ўзимизга руҳий маскан қилиб олганимизда, ҳаётимизнинг барча муаммоларига жавобни фақат Каломдан излаганимизда, Исонинг сўзидан маскан топган бўламиз.
Муқаддас Китоб сиз учун руҳий масканми ёки йўқми?
Бир куни қизиқ бир расмни кўриб қолдим. Ўша расмда Муқаддас Китоб тасвирланган бўлиб, Китоб саҳифаларидан гўёки одамлар ўсиб чиқаётган эди. Уларнинг илдизлари Муқаддас Китобга мустаҳкам ўрнатилган эди. Жуда чиройли расм! Юҳанно 8:31 да айнан шу ҳолат тасвирланган.
Иккинчи расм
Эътибор берган бўлсангиз, дарахтдаги ҳамма руҳий мевалар инсоннинг характерига оид бўлиб, Исонинг фазилатларини билдиради, шунингдек нажот топган инсонларни ҳам ўз ичига олади.
Аммо ҳар қандай дарахтнинг ҳосилдорлиги дарахтнинг соғлом илдизларига бевосита боғлиқ бўлгани каби, ҳосилдор масиҳийча ҳаётимиз ҳам Масиҳда мустаҳкам ўрнашганимизга бевосита боғлиқдир. Биз бунга фаол ҳаракатимиз билан – ҳар куни Муқаддас Китобни ўқишимиз, сажда қилишимиз, оятларни ёд олишимиз, рўза–ибодат ва бошқа руҳий фаолиятимиз орқали эришамиз.
Юҳанно 15 бобдаги сўзлар мени иккинчи расм бўйича яшашга ундайди. Имонда мустаҳкам, шайтон ҳужумларига қаршилик кўрсата оладиган масиҳий бўлишим учун, мен мустаҳкам руҳий илдизларга эга бўлишим керак.
Кучли илдизларга эга бўлишимиз учун, ҳар биримиз Худонинг спортзалида кундалик руҳий машқларни бажаришимиз зарур.
Баъзи пайтларда масиҳийларнинг: “Ҳосилинг қани?”, деган гапларини эшитиб қоламан. Улар ҳосил учун кўп кайғурадилар: “ҲОСИЛ ҚАНИ?” деб сўрайверадилар. Юҳанно 15 га яна бир бор эътибор беринглар. У ерда “ҳосил келтиринглар” деган амр йўқ. Аксинча, у ерда Исо “Менда бўлинглар” ёки “Мен билан алоқа қилинглар” деб амр берган. Биз Исо билан алоқада бўлсак, ҳосил ўз–ўзидан пайдо бўлади.
Савол: Нимага Исо “Менда бўлинглар” ва “Мен билан алоқада бўлинглар” деган сўзларни Юҳанно 15 да кўп ишлатади?
Менинг жавобим шу – агар хизматга берилиб кетсак, хизматимиз ич–ичидан емирилиб кетади.
Ҳар биримиз биринчи расмдаги тузоққа тушиб қолишимиз мумкин.
Шунда “А” хизматимиз одамлар томонидан эътиборга молик бўлиб, мақтов ва ижобий баҳо олади. Шу сабабдан биз бор кучимизни хизматимизга сарф қилиб, “В” (шахсиятимизнинг ривожланиши) ва “С” (руҳий негиз)га эътиборсизлик қиламиз. “В” ва “С” соҳалари эса хизматимизнинг ва муваффақиятимизнинг негизи ҳисобланади.
Биринчи расмдаги намуна узоққа бормайди. Охир–оқибат хизматимиз таназзулга юз тутади, чунки унинг ҳеч қандай асоси йўқ.
Агар мен чарчаган ва ҳолдан тойган бўлсам – дарҳол биринчи расмга эътиборимни қаратишим керак, мабодо, адашиб ўша йўлдан кетмадиммикин, ўша расмдаги намуна бўйича ҳаётимни қурмадиммикин. Руҳий негизга эътиборсизлик қимматга тушади, эртами–кечми бошимизга кулфат келтиради.
Баъзан мен, шогирдлик бу бор–йўғи жамоат дастурларидан бири, деган гапни эшитиб қоламан. Асло! Шогирдлик ҳаётимиз тарзи бўлиши даркор, Худо бизни самовий уйимизга чорлагунга қадар биз шогирд орттириб яшашимиз керак.
Балки уйдаги жавонингизда турли масиҳийча курсларни битирганлигингиз ҳақидаги гувоҳномаларингиз бордир. Сиз ўша курсларни муваффақиятли битириб, ўтган мавзуларни кейин очиб ҳам кўрмагандирсиз. Шогирдликка бундай муносабатда бўлиш керак эмас.
Исо бизни хизматкор етакчи бўлишимизни хоҳлайди, золим бошқарувчи эмас. Юҳанно 13–бобда “Исо ўз шогирдларининг оёқларини ювади” деган парчада буни очиқ–ойдин кўришимиз мумкин. Агар биз кенг тармоқли, мустаҳкам руҳий илдизларга эга бўлсаккина, Худо хоҳлаган етакчи бўла оламиз.
Мен Худонинг спортзалида ҳар куни шуғулланишим керак, бунинг учун ҳар куни Муқаддас Китобни ўрганишим, ибодат қилишим, оятларни ёд олишим даркор. Шундагина мен Худо йўлида шахдам қадам босаман, бошқаларга зулм ўтказмай, ҳақиқий хизматкор етакчи бўла оламан.
Ёзув столимнинг устида бир уюм карточкалар бор, уларга Муқаддас Китобдан оятлар ёзилган. Нимага? Чунки оятларни ёд олиш менинг энг заиф томонимдир. Шу сабабдан карточкаларни кўз тушадиган жойга мен атайин қўйб қўйганман. Мен онгли равишда, ўзимни мажбурлаб бўлса ҳам, ўша руҳий негизимни мустаҳкамлашга қарор қилганман.
Мен руҳий негизимга жиддий эътибор қаратганимда, Масиҳ билан доимий алоқада бўламан. Тўғри, бу билан мен мукаммал инсон бўлиб қолмайман, лекин илоҳий қудратга эга бўламан. Буларнинг фарқи эса жуда катта.
Агар мен Худо йўлида илдам қадам ташлашни хоҳласам, мустаҳкам илдизларга эга бўлишим зарур.
Мен йиллар давомида Осиёдан алангали хатлар оламан, хатларда дўстларим Муқаддас Китобни кундалик тарзда ўқишлари ҳақида, Муқаддас Китоб уларга барқарорлик ва тинчлик ҳиссини бериши ҳақида ёзадилар. Улар мутассил тарзда руҳий негизларни мустаҳкамлашни ўрганяптилар. Сизчи?
Иккинчи расм ўзимнинг шахсий ҳаётим учун намунадир.
Ўша расм жамоатим учун намунадир.
Агар бошқаларнинг ҳаётида айнан ўша намунани шакллантира олсам, уларга энг қадрли туҳфа берган бўламан.